Ҳамза Муҳаммад Буқрий. Сафо айвони (роман)

1

Шу пайтгача бирор инсон ўлаётганини кўрган эмасдим. Отам вафот этганида мен ҳеч нарсанинг фарқига бормайдиган ёш бола эдим. Ўша куни кекса бувимнинг уйида эдим. Эртасига уйга қайтгач, бор-йўқ билган нарсам – отам вафот этгани бўлди. Шу сабабдан ўгай отамнинг ўлими мен учун янги бир нарса эди. Йўқ, бу ўша куни мен сиқилганим учун эмас. Чунки менинг ёшимдаги болалар уйларида тўй бўляптими ёки азами фарқламайдилар. Ҳар иккала ҳолатда ҳам уларни қизиқтирадиган нарса уйдаги турмуш тарзининг ўзгариши, тўсатдан юз берган воқеалар туфайли уларга бериладиган эркинлик, меҳмонларнинг кўплиги, ҳамма ёқда чироқларнинг ёқилганлиги, овқатларнинг хилма-хиллиги ва ниҳоят, уй атрофида то ярим тунга қадар ухламаслик.
Ўша кезларда мен хусусий мактабнинг оддий ўқувчиларидан бири эдим. Мактаб ва уйимизни бир тор кўча ажратиб турарди. Танаффус пайтларида у биз учун театр саҳнаси бўлса, дарслар тугагач, асрдан кейин ўйин майдони вазифасини ўтар эди.
Ўша пайтларда менга ўгай отам (табиийки, вафотидан олдин) доимо шундай дер эди: – “Мен-ку, ҳеч бир корга ярамайман. Бундан кейин ҳам ҳаётда ишим юришмайди ва кимгадир дардисар бўламан”. Сўнг оппоқ соқолини силар экан, сўзида давом этиб, – “Агар омадинг юришса, мана шу соқолимни олиб ташла!” – дер эди. Баъзан эса бу гапини бошқача қилиб, – “Ишларинг юришиб, омадинг чопган куниёқ менинг қабрим устига “чоптириб” юбор”, – дер эди. Айнан шу гапи мени қаттиқ ҳайратлантирар ва кўпинча ноқулай аҳволга солар эди. Қабр ҳақида ҳеч қандай аниқ тасаввурга эга бўлмасам-да, қандай қилиб бир инсон бошқа бир инсон қабри устида бундай иш қилиши мумкин деб бошим қотар эди. Баъзан ўзимга ўзим дер эдим: – “Қабр устида “чоптирадиган”лар кўпмикан? Бунақалар қаерда экан?” Шубҳасиз, у узоқда. Чунки мен масжидга кетиш йўлимда ҳам, бувимнинг уйига боришда ҳам қабристон ёнидан ўтмас эдим.
Менинг кўпинча ноқулай аҳволга тушишимга сабаб бўладиган ана шу соқолига бирор нарса бўлишини – олдириб юборишини ёки ўзи тўкилиб кетишини хоҳлар эдим. Шунда мен ҳам қутулардим. У соқолсиз қандай кўринар экан?.. Баъзан болалар хафа қилишса, унга айтиб берардим. Кўпинча, унинг ўлимини хоҳлаб, қабри устида у айтган васиятни бажаргим келарди. Болалик меҳрим жўшиб, ана шу фикрларнинг юз беришидан қўрқиб, кўпинча йиғлаганча унинг бўйнига осилиб, соқолидан силаб қўяр эдим.

2

Уй ичидаги биз ухлайдиган каравотдан бироз баландроқ бўлган ёғоч супага ўгай отамнинг жасадини қўйдилар. Мурданинг қўллари кўксига қўйилган эди. Унинг қаршисига келиб турган бир кишини кўрганимда вужудим бир ғалати бўлиб кетди. У жуда узун бўйли бўлиб, белига ўнгиб кетган кўк белбоғ боғлаган, оёғига эса шу кунларда жуда кам учрайдиган панжали эски пойафзал кийиб олган эди. У қўлларида идишдан илиқ сув олиб жасад устига қуяр, нималарнидир ўқир, ғудурлаган сўзларини мен тушунмас эдим. Эшик орқасида онам, холаларим ва яна жуда кўп мен танимайдиган аёллар уввос солиб йиғлашар эди. Йиғи-сиғи шу қадар авжига чиқдики, ҳатто бир аёл кўп йиғлаганидан ҳушидан кетиб қолди. Ўртадаги киши уларга эътибор ҳам бермас, аҳён-аҳёнда ишини тўхтатиб, енгини шимарар ва “Аллоҳга тасбиҳ айтинглар! Эй одамлар, Аллоҳга тасбиҳ айтинглар”, – дер эди. Йиғи-сиғи янада авжига чиқар, ҳатто оналарининг кўкракларига боғланган гўдаклар ҳам йиғлай бошлардилар. Ўша лаҳза кўзларим жиққа ёшга тўлди. Қўлимдан келса-ю, бир нарса қилиб юборсам, лекин нима қилиш кераклигини ўзим ҳам билмас эдим. Бир муддат ўзимни йиғидан тийиб турдим, сўнг ич-ичимдан ўзимни тутиб туролмайдиган даражада ўкирик келиб, баланд овозда йиғлаб юбордим ва маййит ювишган узун даҳлиздан ўтиб, кўча томон отилиб чиқдим. У ерда менга ўзимдан каттароқ ёшдаги бола ташланиб қолди. У билан илгари ҳам уришган эдим. Биз аввал роса муштлашдик. Кейин у бошимга ва кўксимга мушти, тиззаси ва ҳатто боши билан ура бошлади. Мен эса ҳеч нарса қила олмай йиғлайвердим. Шу аснода дафн маросимига йиғилганлар ташқарига чиқиб, узун бир саф бўлиб турдилар, сўнг маййит қўйилган тобутни ташқарига олиб чиқдилар. Уни тўрт киши кўтариб чиқиб, уй олдидаги ерга қўйди. Фотиҳа сураси ўқилди ва бир киши баланд овозда: “Иншооллоҳ, яхшилар қаторида бўлсин!” – дер экан, яна бир бор йиғи-сиғи кўтарилди. Онамнинг ва қўшни аёлларнинг йиғиси… Жанозага йиғилганлар маййитни кўтариб юра бошладилар. Мен эса турган жойимда нима қилишим кераклигини билмай қотиб қолдим. Кишиларга эргашсаммикан ёки уйга қайтиб кирсаммикан? Сониялар ўтиб борар, одамлар эса борган сари узоқлашар эдилар. Йиғи овози ҳам пасайгандек бўлди. Бирдан мен тобут кетидан чопишга қарор қилдим.
Мен оёқяланг ва бошяланг эдим. Югурганча уларга етиб олдим. Одамлар борган сари кўпайиб борар эди. Улар орасида савдогарлар ҳам, бошқалар ҳам бор эди, улар аср намозига улгуриш учун масжидга шошилар эдилар. Кетаётганларнинг деярли ҳар бири маййитни кўтаришда иштирок этарди. Масжидга кирар эканмиз, бошқа эшикдан яна бир маййит кўтариб келаётган издиҳомга дуч келдик. Шундай қилиб, жаноза нафақат бир маййитга, балки олиб келинган бошқа маййитларга ҳам ўқилди.
Бу мен ҳаётимда биринчи бор иштирок этган жаноза намози эди, лекин охиргиси бўлмади. Эсимни таниган кезларимда масжидда жанозаси ўқилаётган ҳар бир маййитни, айниқса, уни дафн этишга йиғилган қариндош-уруғлари ва дўстлари кўп бўлмаганида охирги жойигача олиб боришга ният қилдим.
Маййитни тез суръатда масжиддан ташқарига қўлма-қўл қилиб олиб чиқишди, бунда масжид эшигидан чиқаётган ҳар бир киши иштирок этди. Улар маййитни кўтариб қабристон томон юришар ва орқада анча одамлар борар эди. Баъзи кишилар бошларига “жубба” кийиб олишган, бу эса уларнинг марҳум қариндошларидан эканлигини билдириб турар эди. Ваҳоланки, мен унинг энг яқин кишисиман, бироқ менга ҳеч ким парво ҳам қилмасди. Қариндошлар ичидан эса мен фақат бир кишини, ўгай отам “тоға” деб мурожаат қиладиган қарияни танир эдим.
Қабр атрофида маййитни ерга қўйишда иштирок этиш учун одамлар тўпландилар. Мен ҳам бирор нарсани ўтказиб юбормаслик мақсадида атрофимдагиларни туртиб-суртиб, қабр четига ўтириб олдим ва ўша кундан буён қалбимда яшаб келаётган манзаранинг шоҳиди бўлдим. Қабр зулматида унинг юзи очилиб, қабр оғзига катта тошлар қўйилишидан олдин сўнгги бор кўрган нарсам унинг кўксига қадар ёйилган оппоқ соқоли эди. Йиғилганлар унинг қабрига тупроқ ташлай бошладилар.
Ўша куни тунда мен одатим бўйича – ҳар доимгидек осонликча ухлай олмадим. Йўқ, асло ўгай отамга ачинганимдан эмас. Ростини айтсам, мен унга унчалик ачинмадим. Ўйлайманки, ўгай отам вафотига бирорта одам, ҳатто онам ҳам у даражада куюнмади.
Уч кунлик азадан кейин мактабга қайтдим ва мени ўраб турган муҳит ўзгарганини сездим. Ўқитувчи мени бир неча кунгача урмади, аксинча, унга тенгдошларимнинг бири устидан шикоят қилганимда, уни жазолаб, калтаклади. Ўртоқларим ҳам мени ҳар куни эрталаб ўраб олишар, жаноза, маййит, ғассол ва қабрлар ҳақида сўраб-суриштиришар эди. Мен эса уларга болаларча хаёлларим ёрдамида турли ҳикоялар ва шунингдек, бувимнинг ўгай отам ўлимидан уч кун олдин бир қора итнинг тинимсиз ҳуригани ҳақидаги гапларини сўзлаб берар эдим. Яна ҳар гал такрорлаганимда ўзимдан янгиликлар қўшиб гапириб берар эдим. Тенгдошларим эса эшитишдан зерикишмас эди.

3

Ўша пайт ёшим аниқ нечада бўлганини билмайман. Ҳақиқий ёшимдан кичикроқ кўринишимни билсам-да, ҳозирги лаҳзагача ёшим нечадалигини билмайман, чунки, етти ойлик туғилган эканман. Яна шуни биламанки, мен арафа куни туғилган эканман. Балки онам ҳажга кетаётганида миниб олган туя ҳаракати менинг дунёга келишимни тезлаштириб юборгандир. Яна шуни биламанки, мен бораётган мактаб ҳаётимдаги биринчи илм маскани эмас, ундан олдин икки мактабни кўрганман. Биринчиси “қизлар мактаби” бўлиб, мени у мактабга ҳарф ўрганишим учун беришган эди. Бироқ бир неча ойдан кейин ойимнинг: “Ҳозиргача нима ўргандинг?” – деган саволлари мени бошқа мактабга ўтишимга сабаб бўлди. Мен ойимнинг саволларига: “Ҳеч вақо сурасини ўргандим” – деганимда ҳайратланиб: “Наҳот, шу пайтгача “Алҳамду”ни ўрганмаган бўлсанг?” – деб кўкрагимга ургандилар. Кейин ўғил болалар ўқийдиган бошқа мактабга ўтганимда эса, мен “Алҳамду” ва бошқа сураларни ёдлашга ҳаракат қилдим. Лекин ўша “Ҳеч вақо” сураси ҳали ҳам ёдимдан чиқмаган. Олтмиш йилдан кўпроқ вақт ўтибдики, олдин қандай айтган бўлсам, ҳатто ҳозир ҳам шундай қайтариб бера оламан:

“Алиф устида ҳеч вақо
Бе остида бир нуқта
Те устида иккита…”

Фақат “Алҳамду” сурасидан кейингина, ундан олдин эмас, мен ҳарфларни таниб олдим, яъни, “б” ва “т” ҳарфларининг нуқталарини фарқлай олдим. Аммо, кийик сўзидаги биринчи ҳарфни эслаб қолиш узоқ вақт менда қийинчилик туғдирди. Мен бунинг сабабини бизнинг атрофдаги минтақада бирон кийикнинг йўқлигида ёки менга кийик нима эканлигини тасвирлаб бера оладиган бирор-бир инсоннинг ўзи йўқлигида деб билгандим. Шунинг учун ўша ҳарф йўлиққанда хато ўқиётганимни устоз пайқамайдиган усулни ўйлаб топдим. Ҳар сафар шу ҳарф бор сўз учраганда ўша ҳарфни чайналиб ўтиб кетардим. Шуниси қизиқки, мен лозим бўлган талаффузни эмас, балки ўзим ўйлаб топган усулни эслайверар эдим.
Биз “абжад”, “ҳавваз” дан тортиб қўзичоқ шерга сувни лойқалатгани, шунингдек, қарғанинг бойўғлига тақлид қилгани ҳақидаги ҳикояларни, ўқитувчимиз танлаган ва ҳарф билишимизни исбот этадиган бешта ҳикояни ўқиб тугатмагунимизга қадар шу ёз мактаб ёпилмаслиги ва ҳарфларга яна қайтилмасликни қасам ичиб айтгандан сўнг, ана шу ҳикояларни ўқишда биридан иккинчисига осонликча ўтар эдик.
Ўша йил ниҳоясида, яъни хусусий тайёрлов мактабига ўтмасдан аввал биз тантанали равишда алифбе байрамини ўтказдик. Ҳаммага бир бўлакдан ширинлик тарқатилди. У шакар ва ундан тайёрланган бўлиб, қизил рангга бўялган эди. Уни “батаса” ҳолваси деб аташарди.
Бошланғич мактабдаги ўқув йили менинг кейинги мактаб билан боғлиқ бўлган ҳаётимда ҳал қилувчи асос эканлигини исботлади. Бу ерда “Тўғри ўқиш” китобини ўқий бошладим. Мен уни биринчи бор “Ёғоч ўқиш” китоби деб ўқиган эдим. Икки сўз орасида қанчалар катта фарқ бўлишига қарамай, нега бундай ўқиганимни ҳалигача билмайман.
Хусусий тайёрлов мактабига ўтганимда, ўша йил ниҳоясида ўгай отам вафот этган эди, мен бошланғич ва ўқиётган мактабим ўртасидаги катта фарқни сездим. Биринчисида фақат битта хона бўлса, кейингиси учта хона ва ҳовлидан иборат бўлиб, ўқитувчилар сони олдингисига нисбатан юз фоиз кўп – битта эмас, балки иккита эди. Бу мактабда фақат иккита муаллим бўлиб, дарсни алмашиб-алмашиб ўтишар, шунинг учун учта синфнинг биттаси синф сардори томонидан бошқарилар, бунда ўрнатилган низом қуйидагича эди: биринчи дарс соатида икки мударрис иккинчи ва учинчи синфга дарс ўтишар, биринчи синф эса бўш қолар ва уни синф сардори бошқариб турар эди. Иккинчи дарс соатида ўқитувчиларнинг бири биринчи синфга кирар, бўш қолган синф яна сардори томонидан идора қилинар эди. Кутилмаган ҳолатларда баъзи бир бадавлат ҳожилар мактабга хайру эҳсон қилиш ниятида келиб қолишар эди.
Шайх Исҳоқ мактабимизнинг мудири ва унинг эгаси, ҳамда икки ўқитувчининг бири эди. У учинчи синф ҳузурида бўларди, чунки меҳмонлар ўша синфда кўпроқ туриб қолишар ва ўқувчиларга тажвиднинг баъзи қийин қоидаларидан саволлар беришар эди. Шайх Исҳоқ эса, ташриф муваффақиятсиз тугамаслиги учун бу саволларни ўзи яхши деб билган ўқувчиларга йўллашга интиларди.

4

Ўшанда бизнинг исмларимиз ичида ғаройиби учрамас, кўпи “ҳамд“* маъносида ва бошида “Абду” билан бошланган, баъзилари эса пайғамбарлар, фаришталар, солиҳ бандаларнинг номлари эди. Лекин мактаб ичкарисида биз, аниқроғи, баъзиларимиз ўз исмларимиз билан чақирилмас эдик. Қодир эгамнинг қудрати билан отларимиз бошқа лақаблар – масалан: “найнов“,“нодон“,“кўккўз“ кабиларга айланиб кетарди. Қаттиқ жаҳл чиққанда бу лақаблар олдига бошқа сифатлар қўшилар, масалан, “кўккўз – мусулмонлар душмани” деб аталар эди. Бир неча ойдан сўнг юқоридаги лақабни олган ўқувчи орамизда фақат “мусулмонлар душмани” дея таниларди. “Нодон“ лақабининг эгасига келадиган бўлсак, бошқа хусусий тайёрлов эмас, балки хусусий мактабга ўтгунимизга қадар шу исм билан юрди. Кейин унинг ўша ердаги исми “ад-Дуҳл“, яъни “Нодон” бўлиб қолди. Ўша пайтда Аҳмадни, яъни ўша “Нодон”ни бутун умр шу лақаб билан чақирилишини тасаввур қилмаган эдим. Яқинда вафоти пайтида Маккадаги кийим-кечак фабрикаси ишчилари рўйхати қаторида унинг исми қуйидагича ёзилганини топдим: “фаррош Аҳмад Нодон”. Қўйилган лақабларнинг кўпи – ҳаммаси ҳам деса бўлади – ўзимизнинг юриш-туришимиз, феъл-атворимизга қараб қўйилар, маънолари ҳам аниқ ёки деярли тушунарли бўларди. Фақат тенгдошимиз Суфёнга қўйилган бир лақаб бундан мустасно эди. Шайх Исҳоқ уни “ҳаром томчи” деб атаган эди. Болаларнинг бирортаси ҳам ўша кезларда “томчи”нинг маъносини тушунмас эди. Унинг лақабини секин-аста бошқа сўзга алмаштиргандилар ва оқибатда унинг исми шаръий томондан ёмон сўз бўлиб қолди. Ўша Суфён машҳур лақабни бежиз олмаган эди. Бу лақаб унга дарс соатлари давомида, танаффус пайтларида, дарсдан кейин уйга қайтгунга қадар бўлган вақтларда, балки уйининг ичида ва ҳаттоки тушида ҳам қилган қилмишлари эвазига берилган эди.
Суфён мактабга келар экан чўнтаги ўшанда “набақ” деб номланган ўсимликнинг кичик-кичик мевалари билан тўла бўларди. Биринчи дарс бошланди дегунча, мевасини еб, данагини пайт пойлаб бирин-кетин синфдагиларга, ҳатто ўқитувчимизга ҳам қарата отарди. Чақимчиликка эса ҳеч ким ботина олмасди. Баъзан уни деб синфнинг ҳамма ўқувчилари калтак ейишар, чунки ўқитувчи ҳақиқий безорини тополмас, унинг номини эса ҳеч ким сотмас эди. У яна дарс соатлари ўртасида биз ёзадиган тахтачаларнинг чидамлилигини синаш мақсадида бир-бирига урар ва ниҳоят, синдириб, синф ўртасига шундоғича ташлаб қўярди. Яна бошқалар билан жанжаллашишни қўмсаб қолса, бурчакка кўринмайдиган бўлиб туриб олар, олдидан бирор ўқувчи шошиб ўтгудай бўлса, уни чалиб йиқитарди. Қарабсизки, уриш бошланар ва у хурсанд бўларди. Ҳар куни жанжаллашишда янгидан-янги санъатларини намойиш этарди.
Шайх Исҳоқ мактабга оқ кўйлак, оқ “сутра” ва уларнинг устидан кулранг “жубба” кийиб, бошида салла билан келар эди. Жуббасини тахлаб, кичик сандиққа солиб қўяр, у ерда яна бир неча рангли бўрлар ва бошқа ўқув ва кўргазмали қуроллар ва шунингдек, шайхнинг калтаги ҳам сақланарди. Ҳеч ким Суфён қандай қилиб шу сандиқни очганини билмайди. У жубба устига гугурт чўпини ёндириб ташлабди, натижада бир мажидий риёллик тангадек тешик ҳосил бўлибди. Бу ишни у қилаётганини ҳеч ким кўрмаганлигига қарамай, ҳамма бу фақат Суфённинг иши деб ўйлади. Ўша куни у мактабдан ҳайдалди, сўнг яна қайтиб келди. Бундай ҳолатлар кўп қайтарилар ва дадаси Шайх Исҳоқнинг олдига келиб, унинг ўртасига тушиши натижасида у яна мактабга қайтиб келарди.
Суфённинг ўша шайх орқасида туриб олиб, унинг ўзига ҳеч нарсани сездирмай, салласининг учини катта тугун қилиб тукканининг ва болалар ўртасида кулги кўтарилганининг бир неча бор гувоҳи бўлганмиз. Бир куни у узун арқон олиб келди ва бир учига тош, иккинчи учига илмоқ боғлаб, шайхимиз кўйлагига илди-да, ўзи қочиб қолди. Шайх юрганда ҳалиги тош орқасидан судралиб ажиб бир товуш чиқарарди. Шу ва шунга ўхшаш воқеалар бўлишига қарамай, Суфён биз билан учинчи синфгача то қуйидаги “катта воқеа” содир бўлгунга қадар бирга ўқиди.
Одамлар тарихий сана ёки воқеаларни номлашганидек, масалан “фил йили” – ўша “машҳур шарафли фил йили” ёки “катта сел” йили, яна “раҳмат йили” (оммавий ўлим) каби, менинг ҳам ихтиёримда шу иш бўлганда, бу йилни “хум йили” деб номлаб, тарихга ёзган бўлардим. Бу хум ҳозирги кундаги галлонларнинг* йигирматасини сиғдира оладиган каттакон сопол хум эди. Унга тун бўйи совиб туриши учун сув тўлдириш одатга айланган эди, сўнгра ундан болалар сув ичар эдилар.
Сувни хумнинг тутқичига ингичка занжир билан боғланган финжонда ичишар ва ҳар эҳтимолга қарши унга кичик қулфча солинган эди. Бир неча бор қулф синган, натижада идиш йўқолган эди, шунга қарамай, бу ҳақда ҳеч қандай гап-сўз бўлмаган эди. Аммо бу галгиси умуман бошқача бўлди.
Бу қисса, маҳалла аҳлининг ишончли одамларидан (шу кунгача ҳаёт бўлганларини назарда тутяпман) эшитишимча, қуйидагича содир бўлган эди. Мактаб мудири ва эгаси бўлмиш шайх Исҳоқ кунлардан бир куни эрталаб одат бўйича мактабга келади. Ҳовлига киргач, тўсатдан хумнинг жойида йўқлигини кўради. Бу шайх учун кутилмаган, ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган воқеа эди. Шайх Исҳоқ хум йўқолган ва нам бўлиб қолган жойга бориб бир неча дақиқа ҳайратланиб тикилиб туради, миясига ҳеч қандай фикр келмагач, воқеани очиб бера оладиган бирор илинж топиш истагида синфхоналарга бирин-кетин киради. Бундан бир наф чиқмагач, янада безовталана бошлайди ва ҳеч қандай натижасиз у хонадан бу хонага кириб чиқишда давом этади. Бироздан сўнг кўчага чиқиб туради. Маҳалла аҳлидан биронтаси ўтиб қолса, қўлидан ушлаб ҳовлига олиб кирар, кейинроқ танилишни бошлаган жой, яъни хум турган ерни кўрсатарди. Уларнинг баъзилари бундан бехабарлигини, ҳовли ва ундаги бор нарсаларни олдин кўрмаганлигини айтиб, нима бўлганини сўраб-суриштирардилар. Шайх жавоб берар экан, ҳатто кеча ҳам хум жойида турганлигини таъкидлаб, сўнгги бор кўрганда қандай бўлганлигини тушунтирарди. Ўқувчилар мактабга кела бошлагач, у мактабга кираверишда туриб олиб, ҳар бир ўқувчидан алоҳида-алоҳида “Хумни кўрдингми?” – деб сўради. Агар рад жавоб берса, (ҳамма бола кўрмадим деб айтди) қўлини очиб туришни буюриб, икки марта қаттиқ ҳам эмас, секин ҳам эмас, ўртача зарба билан хивичлаб ўтказди. Бу ишни ниҳоясига етказгач, ўқувчилар тўпланган ҳовлига яна бир бор кириб ҳаммага қарата: “Хумни кўрдиларингми?” – деб сўради. Ҳеч ким индамагач, саволини яна қайтарди. Болалар ҳеч нарса қилмаганликларини айтишди. Шайх болаларга уйларига жўнашларини буюрди. Ўзи ва бошқа ўқитувчи мактаб ичкарисида қолишди, кейин икковлари мактабнинг ташқи эшигини беркитиб, бироз муддат жим қолишди. Кейин шайх-мудир шеригига ўгирилиб: “Бу ўша, фақат Суфён бўлиши мумкин, бошқаси эмас”, – дер экан, болалардан эшитган Суфёнга нисбатан ишлатиладиган ҳақоратли сўзларни “ҳа… бола” деб айтди. Ўқитувчи хумнинг Суфёндан катталигига ва Суфён уни ўрнидан кўтаролмаслигига шайхнинг эътиборини қаратган эди. Шайх:
– Шайтоннинг киши хаёлига келмайдиган услублари бор, – деб айтди ва, – мен бунга ишонаман, – деб таъкидлади.
Мактаб икки кун мобайнида ёпиқ турди. Бу икки кун ичида бир неча йиғилишлар бўлиб ўтди. Охиргиси Суфённинг отасининг уйида бўлди. Бўлиб ўтган воқеада ўғлининг жавобгар бўлиши мумкин эмаслигини айтиб, шу билан бирга йўқолган қадрли хумнинг ўрнига бошқасини сотиб олиш учун ҳамманинг имкониятига яраша пул беришини таклиф қилди ва ўзи биринчи бўлиб берди. Лекин шайх Исҳоқ ўйланиб туриб, бу таклифни фақат бир шарт – Суфённинг умуман мактабга қайтмаслиги шарти билан қабул қилишини айтди. Суфённинг отаси қарорнинг адолатли эмаслиги ҳақида очиқ-ойдин эътироз билдириб, агар шайх ўз фикрида туриб олса, берган пулини қайтариб олишини айтди. Ҳамма шайхни фикридан қайтаришга уринди, лекин у ўз гапида туриб олди. Йиғилганлар бирор қарорга келмагани ҳолда мажлис тарқади. Ўша куни маҳалла масжидида хуфтон намозидан кейин маҳалланинг обрўли одамлари йиғилдилар. Икки кундан буён болаларни кўчага ташлаб қўйиш оқибатида уларга етган зарарлар ва бўлиб ўтган иш юзасидан фикр алмашдилар ва Суфённи қурбон қилишга қарор қилдилар. Керакли маблағни тўплаб шайхга бердилар. Эртасига эрталаб шайх кулолчилик заводига йўл олди. Қайтиб келар экан, орқасида нубиялик ҳаммол олдингисидан кўра бироз каттароқ ва оппоқроқ бўлган янги хумни кўтариб олган, шайх эса ўзида йўқ хурсанд эди.
Масалани маҳалла ва унинг катталари ҳал қилишларига қарамай, баъзилар Суфённинг ёнига тушишда давом этишди. Уларнинг воситачиликлари доимо рад этиларди. Шунинг ўзигина эмас, балки шундай воситачиликларнинг бирида шайх, Суфённинг охир-оқибати Юсуф Сиддиқ пайғамбарнинг зиндондаги икки йўлдошидан бирининг хотимаси каби якунланишини башорат қилди ва бошқа ҳеч нарса демади, бу эса унинг нима демоқчи эканлиги ҳақида турли гап-сўзларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди.
Кейинчалик ҳақиқатнинг тагига етиш фикри мени тинч қўймади, бир неча йилдан сўнг ҳаёти фожиали тугаши ҳақида башорат қилинган ва айбдор деб топилган Суфён билан учрашганимда, бор ҳақиқатни билиш учун бўлиб ўтган ишда унинг қўли бор ёки йўқлигини сўрадим. У эса бу ишда қўли борлигини эътироф этиб, воқеани тушунтириб берди. Бир куни катта тошни мактабга олиб кириб, асргача ўша ерда қолдирибди. Кейин ўша тошни хумнинг ўртасига ташлабди. Хумда сув йўқ экан, у иккига бўлинибди, яна бир бор тошни ташлаган экан, тўрт бўлакка бўлинибди. Бўлакларни бирин-кетин девор устига қўйиб қуёш ботаётганда девор оша ташқарига чиқибди ва мактабга яқин ташландиқ жойга ўша бўлакларни олиб бориб ташлабди. Айтишича, ўша бўлаклар бир неча йил давомида ўша ерда ётибди. Кейин нима бўлганини у ҳам билмайди.

5

Суфён билан бўлиб ўтган ва келажакда бўладиган воқеаларга қарамай, унинг мактабдан ҳайдалаётганига бошқалар каби хурсанд бўлмадим ва уни ҳақорат қилганларга қўшилмадим. Чунки Суфён мени нимаси биландир ўзига тортарди. Ҳақиқатан ҳам мен уни ёқтирардим. Кўпчилик замонамиз ёшларининг ўртасидаги муносабатнинг яхши ёки ёмонлиги ҳақида айтиш мумкин бўлган ғаразли фикрларга қарамай, ҳақиқат ҳақиқатлигича қолади. Суфён эса, жўшқинлик манбаи ва ўзи амалга оширган йирик кашфиётларнинг сабабчиси бўлиб қолади. Бугун одамлар португалиялик Магелланнинг денгиздаги саргузаштларини эслаган бўлсалар, маккалик Суфён қуруқликдаги саргузаштлар бўйича одамларнинг биринчиси бўлади. Ахир менга: “Бу дунё сен ўйлаганчалик, мана бу йўлка Абу Қубайс ва Етти қиз тоғлари оралиғида бўлиниб, янада торайиб, ҳар бири ё ўнгга ё чапга – бора-бора у ёки бу тоққа тўғри келадиган торкўчадан иборат эмас”, – деб гапирган у эмасмиди?! Мени биринчи бор қоронғи “Сафо айвони” орқали “ўғрилар”, “Абу Лаҳаб” ва бошқа тепаликлар оша то “Жинлар ҳибсхонаси”гача бўлган бир неча соатлик йўллардан кенг дунёга олиб чиққан ўша эмасмиди?! Тўғри, мен жазирамада юравериб, охир-оқибат, оёқларимда жон қолмагани сабаб ўша кеча иситмалаб чиққан эдим. Бироқ кашфиётлар лаззати ва яна бир бор уйга қайтишдаги ёқимли ҳис чарчоқларни енгиб ўтар эди. Биринчи кашфиёт-саёҳатимизда, унга эътироз билдирган бўлсам ҳам бирга бордим. Макканинг юқори қисмидаги “Жинлар ҳибсхонаси”га етиб келган чоғимизда – қайси жинлар у ерда маҳбус эканликларини билмасдим – ўша ердаги кичик қаҳвахонада ўтиришни таклиф қилди. Лекин қаҳвахона эгаси ёшимиз кичиклиги учун бизни киритмади. Қаҳвахонани тарк этишдан бошқа чора қолмади ва мен унинг ортидан эргашдим. Бироздан сўнг қайтиб бориб, бу сафар қаҳвахона эгасининг ўғли билан учрашди ва унга онамиз қаҳвахона орқасидаги бир жойда ўтирганини, аёллиги туфайли бирга келолмаганлигини, унга бироз сув ёки чой кераклигини тушунтирди. Бола унинг айтганларига рози бўлгач, Суфён унга ҳақини бериб, чойни олди. Сўнг қаҳвахонадан узоқроқ жойда тақдирнинг менга ўхшаганларга берган имкониятидан мамнун бўлиб ўтирдик. Кетмоқчи бўлган эдик, у кичик идиш ва стаканларнинг барчасини чилпарчин қилиб синдириб ташлади-да, сўнг қўлимдан судраганча олиб кетди. Менинг назаримда бундай қилишга ҳеч қандай ҳожат йўқ эди. Лекин…
Орадан бир неча кунлар ўтди, бу орада уни кўрмадим. Балки, ҳар ҳолда, шуниси яхши бўлгандир. Сўнг яна янги саргузаштлар билан қайтди. Лекин улар унча аҳамиятли эмас, “Жинлар ҳибсхонаси”даги ўтказган ўша тунда ҳис қилган ҳайратчалик қалбимда из қолдирмаган эди. Жума куни эди, Суфённинг келгани ёдимдан чиқмайди. Эрталаб эшигимиз тақиллади. У менга ҳаётимда кўрмаган нарсамни кўрсатишини айтди. Рози бўлдим ва бир неча дақиқа бирга кетдик. Сўнг у чап томонга бурилиб, мени “Ҳамидия” номли катта бинонинг орқа эшигидан киритиб юборди. Ўша бинонинг олди ва орқа эшигида бошдан-оёқ қуролланган икки аскар турарди. Лекин ўшанда “қуролланган” сўзининг маъносини билмас эдим. Даҳлизда ойнали рамкаларда остига эгасининг исми ёзилиб осиб қўйилган суратларни кўрсатди. Бу нарсалар мени қизиқтирмади. У ерда маккаликларга исёнлари билан танилган бир неча одамларнинг исмлари ва суратларига ишора қилди. Уларни “XIV аср исёнчилари” деб атаса ҳам бўларди. Ҳали ҳаётимда учратмаган бирор нарса топмагандим, лекин у мени шошмаслигимни айтди ва мен билан юра бошлади. Сўнг юқори қаватга олиб чиқадиган зиналарга ўтирдик. Бирдан шовқин эшитилган томон – масжидга қараган пешайвон томон отилдим. Бинонинг олд эшигида ҳақиқатан ҳам илгари кўрмаган нарсамни кўрдим. Бир инсоннинг бошини қилич билан кесилаётганини кўрдим. Кўз ўнгимда… Агар қум устида турган бўлганимда, ривоятда айтганларидек, оёқларим ботиб кетган бўларди. Қаттиқ жойда турганим учун тўхтовсиз қалтирашдан у ёғига ўтмадим, ҳатто кучсизланиб, ярим ҳушдан кетган ҳолда йиқилдим. Ўша куни Суфён ҳақида айтилган гаплар мен учун ўз тасдиғини топгандай бўлди.
Онам бўлиб ўтган воқеадан бехабар эдилар. Қаёқдан ҳам билсинлар дейсиз. Уларга айтмаган эдим. Бошим айланаётганини ва кўнглим айниётганини айтиб қўя қолдим. Ҳақиқатан ҳам ўзи шундай бўлган эди. Секин-аста яхши бўлаётганимни ва хавотирга ўрин йўқлигини уқтирдим. Онам бошларини сарак-сарак қилиб қўйдилар. Ҳар доим бирор шароит ёки воқеа ҳақида нима дейишни билмаганларида шундай қиладилар. Агар муболаға билан гапирувчилар хилидан бўлганимда эди, ўша машҳур жума кунидан кейин кўраётган даҳшатли тушлар ҳақида гапириб берган бўлардим. Лекин булардан бирортаси содир бўлгани йўқ. Ўша туни фақат бир туш, у ҳам бўлса дўстим Суфённи кўрибман. Тушимда мен эмас, балки Суфён қайт қилаётган эди. Ўша туш мазкур жума кундан кейинги шанба куни руҳий ором олишимга сабаб бўлди. Орадан бир-икки кун ўтди, мен Суфёнга нисбатан бирор қарорга келмадим. Балки, кўпроқ ҳикматга эга бўлган бошқа қарорга келдим, у ҳам бўлса қаергалигини билмай туриб, сафарга чиқмаслик. Ҳозир унинг кашфиётлари-ю, таъсирли суҳбатларидан маҳрум бўлишимни сезсам-да, мени қайт қилишимга, балки кўнгил айнишдан ҳам баттар бўлишимга сабаб бўлиб, кўп ҳолатларга олиб келган “қаерга?” деган сўз албатта керак эди. Шунга қарамай, вақти-вақти билан уйимиз рўпарасидаги кенгликда учрашиб турардик. У бўш пайтида нималар қилаётгани ҳақида сўзлаб берарди. Мактабдан ҳайдалгандан сўнг ҳамма вақти бўш бўлиб қолганди. Бироқ, ўша пайтдаги фаолиятининг бир қисмига ҳар куни ўзим гувоҳ бўлардим. Уни ҳақорат қилган синфдош болалардан қасдини олиш мақсадида, табиийки, бирма-бир, калтаклашга қарор қилди. Ҳақиқатан ҳам Суфён ваъдасини бажарди ва ҳаммасини менинг кўз олдимда урди. Кунда битта ёки иккитасини тутиб олиб, муштлар, тепар ва шунга ўхшаш усулда калтаклар эди. Ўша кунлар мобайнида “мен ҳам улар каби насибамни олармиканман?” – деб қаттиқ ҳаяжонда эдим. “Ёки Суфён унга бўлган яхши муносабатимни сақлаб қолганимни эътиборга олиб мени улар қаторига қўшмасмикан?” деб ўйлардим. Лекин иш мен кутмаган йўл билан ҳал бўлди. Мен билмаган сабабга кўра Суфён Умар амакининг ўғлини калтаклаш навбатини энг охирига қолдирди. Унинг бу қарорни пухта ўйланган тарзда ва узоқни кўра билган ҳолда қабул қилганлиги исботланди. Чунки у Умар амакининг ўғлини урган кечаси тунни Сафодаги полиция марказида ўтказди. У ерда масъул офицер Мурод афанди унга туфлаб, тепкилаб, сўнг қилган иши учун жазо сифатида уни зим-зиё хонага қамаб қўйибди. Дарҳақиқат, бу таъсирли манзара эди: Суфённинг қўллари арқон билан боғланган, орқасида бир тўп болалар ва маҳалланинг икки тентаги худди тўйда тургандек бақиришарди. Иккинчи куни қоронғу Сафо айвони остидан қайтар экан, деразалар тагидан юриб борарди. Ўша куни уни кўрганингизда “Фалончининг шохини синдиришибди” деган иборанинг нимани англатишини билиб олардингиз. Шу пайтгача у даҳшатли нишга эга бўлган чаён эди. Кутилмаганда ниши синиб қолди. Фақат узоқ йиллардан сўнг ўз шавкатини қайтариб олди. У тош ортилган бир тўда жониворларни қўлидаги калтак билан ҳайдаб борар экан, гўё қурол-аслаҳа ва аскарлар билан тўлиб-тошган музаффар қўшин қўмондонига ўхшарди.

6

“Икки бор етим бўлдинг-а, болам”, – дерди Асмо хола қўлини кўксига урар экан, яна – “ҳамма одамлар бир марта етим бўларди, фақат сен… қайси бахтсиз юлдуз остида туғилган экансан-а, болам?”– деб қўшиб қўйди.
Унинг овози укки овозидай ўткир эди. Лекин мен етимликни фақат ўша кундан, чамаси, йигирма йил ўтгандан кейингина, яъни онам билан сўнгги бор видолашганимда ҳис этганман. Онамнинг ҳаётдан кўз юмиши ўша куни дод-фарёд ичида айтилган менинг ҳақиқатан ҳам бахтсиз эканлигимни ҳис эттирди.
Бир неча бор онам билан Асмо холаникида бўлганман. У онамнинг эски дўсти, маҳалла табиби ҳам эди. Безгак, қорин оғриқ каби касалларни доимо журъат билан қўрқмай даволарди. Оёқларга куйдирги чиқса, оёқларни куйдирарди, баъзида бирортасининг биқинига куйдирги чиққанда ҳам шундай даволарди. Ҳеч ким унинг ботирлиги-ю инсонларга бўлган муҳаббатига ва қайғуларини бартараф этишдаги ёрдамига шак-шубҳа қилмас эди. Онам ҳам юқоридаги сабабларга кўра унга мурожаат этиб турардилар, шунингдек, у фол ҳам очар эди. Онамнинг икки бор ғарқ бўлишларини, яъни икки марта турмушга чиқишлари, сўнг эрларини бирин-кетин йўқотишларини ҳам шу хотин башорат қилган эди. Бу онамнинг талоқ бўлганларидан кейин, яъни биринчи эрларидан ажрашганларидан кейин кўрилган фол бўлиб, сон жиҳатидан учинчи турмушни билдирарди. Ҳаётимизда, шахсан менинг ҳаётимда ҳам Асмо холанинг таъсири катта бўлди. Айниқса, ўгай отам вафотидан кейин биз учун расмий маслаҳатчи бўлиб қолган эди. Онам узлуксиз равишда унинг олдига борар эдилар. Ҳафтада энг камида бир маротаба бориб, бўлган воқеаларни сўзлаб, баъзида кўрган тушларининг таъбирини сўрар эдилар. Шунингдек, менинг мактабдаги ва келажакдаги ишларим, қилишим керак бўлган юмушларимни муҳокама қилишар эди.
Асмо хола ўша куни мени такрор етим бўлганимни қанчалар куюниб гапирмасин, ҳақиқатда эса ўгай отам вафотидан кейин менинг аҳволим анча яхшиланди. Бу яхшиланишнинг энг биринчи хушхабари уйимизнинг бир четидаги кичик хонадан ўша ердаги икки асосий хонага кўчиб ўтишим ва ўгай отамнинг ўрнини эгаллаб, онамнинг ёнларида ётишим, доимо жин ва девлар, ботирларнинг орзу қилган қизларини қутқариб, от устида булутлар узра учишлари ҳақидаги ширин эртакларини эшитишим бўлди. Онамнинг эртак айта туриб, майин қўллари билан қалин сочларимни мулойим силашлари, ва ниҳоят, ширин уйқуга кетишим, бугунги воқеалар кечки эртаклар билан мислсиз ажиб мослашган ҳолда аралашиб тушлар оғушида қолишим эди.
Бора-бора мен онамдан кўп нарсалар – ҳаёт ҳақида, шунингдек, ўзлари ҳақида ҳам билиб олдим. Биринчи эрлари Ирфонбек бўлиб, у от миниб юрар ва ўша пайтларда “даъватчи”, яъни маҳкамага олиб келувчи бўлиб ишлар экан. Онамнинг айтишларига қараганда у обрў-эътиборли киши бўлиб, онам унга ўрганиб қолганларига қарамай, охири талоқ қилибди, чунки у, онамнинг айтишларича, бепушт, яъни фарзанд кўришдан ожизлиги туфайли, айбни хотинига, яъни онамга ағдариш мақсадида шу ишни қилган экан. Нега сиз эмас, у сабабчилигини қандай билдингиз деганимда, маҳалладаги фолбин аёлларнинг иккитасидан маслаҳат сўраганларини таъкидлаб айтдилар, сўнг охири бахайр бўлсин деб тумор тақиб олибдилар. Бунинг ўзигина эмас, балки фолбин аёлларнинг бири онамни тушида кўриб, кўрган тушининг таъбири сифатида келажакда бир неча фарзандли бўлишларини айтибди. Кўринадики, онам ўша туш таъбири давомида мендан бошқа фарзандлари йўқлигини тушуниб етдилар.
Ўша оқшомлар мобайнида онамнинг иккинчи эрлари – отам илм аҳлидан эканлигини билиб олдим. Отам салла ва жубба кийиб юрар, онамнинг таъбирларича, уларни айблайдиган ҳеч нарса йўқ, фақат катта ёшли, оталари тенги ёки ундан ҳам каттароқ бўлган эканлар. Онам Ирфонбекдан сўнг отамга “аёл киши “эркак ҳиди”сиз яшай олмайди”, деган тушунчага асосан турмушга чиқишга мажбур бўлган эканлар. Лекин уларнинг турмушлари узоққа чўзилмабди. Тез орада отам вафот этиб, онамга мана шу ўтирган уйимиз ва ёлғиз ўғил – мени қолдириб кетган эканлар. Кўриниб турибдики, отам вафотидан кейин “эркак ҳиди” тушунчаси онамни ўгай отам билан турмуш қуришларига кўндирибди. Унинг ўша “ҳиди”дан бошқа бирор нарсаси борлиги кўринмасди. Шунингдек, отамнинг акси эди: жубба киймас, толиби илмлардан ҳам эмас, балки қассоб эди. Кўйлак кийиб олиб, илм аҳли қилмайдиган иш – белига белбоғ бойлаб оларди.

7

Шаръий идда тугар-тугамас онам бирор жойга чиқиш ёки сафар қилишни ман этадиган тўсиқларни ҳал этишга киришдилар, ва ниҳоят, мени Мадинага зиёрат учун олиб боришга азм қилдилар. Одатдагидай, Асмо холадан маслаҳат сўрадилар. У бизга мана шу зиёрат сафарида ҳамроҳ бўлишликка қарор қилди. Сафар қилишда қулай ва ягона йўл бу туялар эди. Маҳалладан зиёратга борадиган ва туямизни унинг карвонига қўшишимиз мумкин бўлган бирортасини қидириб топишни Асмо хола бўйнига олди. Дарҳақиқат, бешта туядан иборат карвон билан сафарга отланган катта оилани топди. Ўшанда менга маълум бўлмаган сабабга кўра Асмо холага карвоннинг жўнаш вақти ёқмади ва улар билан бошқа иши бўлмади. Яна бошқа карвон ахтаришга тушди, ва ниҳоят, вақти тўғри келадиган сафарга отланаётган карвонни топди. Бу икки аёл ўша кунлардаги кўп урф-одатларга ишонадиган хилидан эдилар. Жўнайдиган кунимиз Асмо хола уйимизга бир кишини олиб келдилар. Нега келганини дастлаб тушунмаган эдим. Қизиғи, у нарироқдаги ичкари хонада ёлғиз қолди. У ерда жойлашиб олгандан сўнг одатдагидай чой олиб кирилди. Ашулага ўхшаш овозини кўтара бошлади. Асмо хола эса кўчага қараган дераза ва ўша киши ўтирган хонага туташ даҳлиз ўртасида у ёқдан бу ёққа бориб келарди. Секин-секин унинг овозидан роҳатланиб тараннум этаётган сўзларини тушуна бошладим – барчаси зиёратга боғлиқ. “Вассалоту вассалому алайка…” Ва ниҳоят, бор журъатимни йиғиб, Асмо хола бораётган деразага, сўнг ўша киши ўтирган хонага қўлим билан ишора қилиб, биринчидан, иккаласи ўртасидаги алоқани, иккинчидан, ўша кишининг келиш сабабини билмоқчи бўлгандай сўрадим. Ўша кунларда яшаганлар ўша тонг уйимизга келган қўшиқчи “зоҳид” эканлигини билишади. Билмаганлар учун зоҳид – одамларни ёқимли овози билан дунёдан қайтариб, Мадина зиёратига ундовчи кишилардир. Асмо холанинг дераза ва йўлак ўртасидаги бориб-келишлари бидъатга қарши курашувчилардан бирортасининг зоҳиднинг овозини эшитиб қолмаганлигига ишонч ҳосил қилиш экан.
Ёшим улғайиб, эсимни таниганимда, онам ва Асмо хола қўл остиларида бажарган бидъатларнинг кўпидан тавба қилганман. Лекин худо кечирсин-у, ўша зоҳиднинг “Ас-салоту вас-салому” деб ҳайқиришидаги мулойим ва ёқимли овозини ҳали унутганим йўқ.
Ўша куни аср пайтида сарбонимиз бизга атаган туясини етаклаб келди. Унинг устида “шақдаф” номи билан танилган тахтиравон бор эди. Икки аёлни икки томонга, мени эса уларнинг ўрталарига жойлаштирди. Туя устидаги биринчи лаҳзалар қўрқинчли бўлиб “ла ҳавла ва ла қуввата”ни тинмай ўқирдик. Кишининг туя устидаги бундай баландликда ўзини ҳис этиши ҳар қандай лаҳзада йиқилиб тушиши мумкинлигини ҳис қилиши демакдир. Лекин дақиқалар ўтиши билан ўзимизни хотиржам ҳис эта бошладик. Туямиз равон юриб борди ва ўзимизни ерга қулаб тушаётгандай ҳис қиладиган ҳеч нарса бўлмади. Айниқса, Макка ташқарисида карвоннинг қолган қисмини кўрганда кўнглимиз янада хотиржамлашди. Уйимиздаги ўша зоҳидни Макка ташқарисида яна кўраман деб ўйламагандим. У эса атрофдаги кўзларга парво қилмай кетаётганларнинг зиёратлари қабул бўлишини тилаб, хушмуомалалик билан хайрлашарди.
Келаси кунлардаги кўп сайру-саёҳатлар бу текислик ёки у тоғ ўртасидаги эрта кетиб, кеч келишлар давомида туя исидан бошқасини ҳис этмадим. Макка ва Мадина ўртасида ўтказган ўн икки кун мобайнида карвон орқасида болалар – яъни болалар деганда мен ва Суҳайлни назарда тутяпман – ғира-шира пайтдан то тун кўрпасини ёйгунча яйраб ўйнар, тунда эса “тахтиравон”ларимизга қайтардик. Карвон ортидан эргашиб, қуриб қолган ўт-ўланлар ва ниначилар атрофида сакрашларимиз, янгиликлар, ёшлик саргузаштларидан ҳам мисли кўрилмаган лаззатли онларини бахш этарди. Туя устида уйқу пайтида у ёқ-бу ёқларимизнинг кўкариши кўзга кўринмас, ҳатто карвонсарой назоратчиларининг қилган дўқ-пўписаларидан ҳеч ким шикоят қилмасди. Қандай ҳам шикоят қилсинлар, ахир улар пайғамбаримиз равзаларини зиёрат қилгани кетишяпти-ку!
Ўша сафар мобайнида кашф қилганларимдан яна бири, Асмо холанинг билишича “тун ажинаси” эди. У кечки пайт карвон йўлига чиқиб, уни ўз йўлидан адаштиришга уринар экан. Карвон йўлини тўсиб сарбонлар юриши керак бўлган манзилга ўзини ишончли, насиҳатгўй қилиб кўрсатиб йўл кўрсатар, ҳақиқий мақсади эса уларни ҳалокатга бошлаш экан. Ҳатто очиқ осмон остида хаёлий қаҳвахоналар барпо этар, узоқдаги карвон чироқлар шуъласини кўриб, адашган баъдавий саробни сув деб ўйлаганидек, ўша чироқлар томон йўл олар экан. Карвонлар қанчалик узоқ юрмасин, ўша қаҳвахоналар ғойиб бўлар ва туялар юклари билан йўлдан адашишар экан.
Малъун тун ажинасининг тузоғига тушиб, ҳалокатга учраганлар ҳақида Асмо хола айтиб берган воқеаларнинг сон-саноғи йўқ эди. Шунинг учун у туя устида камдан-кам ҳолларда ухлар, балки сарбонларнинг адашиб қолишлари, натижада биз ва уларнинг ҳалокатга тушиб қолишимиздан хавфсираб уйғоқлигича кетар эди.
Ўша тунларнинг бирида “Сафро” ва “Нор” водийси оралиғида – ўйлашимча, тун яқинлашиб бораётган бир пайтда Асмо холанинг:
– Тун ажинаси, тун ажинаси, унга ишонманглар, у ғирт ёлғончи, – деган ўткир чўзиқ овози эшитилди. Унинг даҳшатли қичқириғидан уйқудан уйғониб, ерга сакраб юборишимга сал қолди. Онам ва сарбон Асмо холани тинчлантиришга ҳаракат қилишар, лекин фойдасиз эди. У “Тун ажинасидан эҳтиёт бўлинг”, – дея бақиришда давом этарди. Қандай даҳшат! Ва ниҳоят, сарбонлар карвонни тўхтатиб, туямизни чўктирдилар ва қалтираётган холамни пастга туширдилар. Бир пиёла тўла сувни бошидан қуйиб юборишгандан кейингина ўзига келган холам уларнинг гапларига қулоқ тутди. Тун ажинаси деб ўйлаётгани ўтган кечада биз тунаб қолган қаҳвахонанинг соҳиби эканлиги, биз жўнаб кетганимиздан сўнг қаҳвахона ўриндиқларининг бирида биз ишлатган ёпинчиқлардан бирининг қолиб кетганини кўриб ҳамда йўқотганимизни билганимиз замон уни ўғриликда айбламаслигимиз учун орқамиздан туяда йўлга чиққани ва ўзининг айтишича, омонатни эгасига топширмоқчи бўлганини айтишди.
Ўша тундан сўнг Асмо холам тун ажинаси ҳақида сўз очмай қўйди. Бироқ у кутилмаган воқеалар ва таъсирли маълумотларга бой ҳикоялар гапириб беришда давом этарди, бу ҳикоялари эса мен учун аввалгиларидан кўра қизиқроқ эди.

8

Саккизинчи кеча, саккизинчи карвонсарой, карвон Мадинага кетавериш йўлимиздаги “Бадр”га етиб келди. Ўша тунда ҳеч ким ғайриоддий воқеа бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Карвон шомдан бироз олдин етиб келди ва туяларимиз йўлдаги хароба кулбаларнинг бири яқинига чўктирилди. Одатдагидай ерга чойшаблар тўшалиб, егуликлар олиниб, овқат тайёрлашга ҳозирлик кўрила бошланди. Ўша кеча “сарид”нинг бир тури, яъни Маккадан ўзимиз билан олиб келган қуритилган нон ва бир оз қуритилган гўшт солиб тайёрланган шўрва тановул қилдик. Хуфтондан сўнг Асмо хола кийимлари солинган бир тугунни ечиб, баъзи нарсаларини олди-да, кулбанинг бир томонига ўтиб, ўзига зеб бера бошлади – сочларини тараб, хушбўй ўт-ўланлар қўшилган “наргил” ёғидан бироз сурди, кўриниши ўзига ёққач, икки тарафи ип билан тугайдиган ва бошининг орқа томонига ўралиб “шанбар” деб аталадиган учбурчак матони бошига қўйди. Кейин “маҳрама” деб аталадиган рўмол билан сочларини ўради. Сўнг чеккаларига кашта тикилган “мудаввара” деб аталадиган оқ рўмолни ўради. Буларнинг барчасидан кейин қошларига сурма тортди – у гўё тўйга кетаётган аёл эди. Одамлар ётоқларига кирар-кирмаслари биланоқ қўлимдан тутиб, саҳро томон бошлади. Ҳатто қишлоқдан узоқлашиб, кулба чироқлари биздан ортда қолиб кетди. Қум тепаликка етиб келганда ўзи ўтириб сўнг мени ёнига ўтқизар экан, атрофга қулоқ тутар эди. Тун кўрпасини ёпгач, қум тепалик устида оёқлари билан секин-аста ҳаракат қила бошлади. Бора-бора унинг ҳаракати аввало енгил рақсга айланди, кейин эса жазавага туша бошлади. Узоқдан келаётган ноғора ёки дўмбира овозининг куйига рақс тушаётгандай туюлар эди менга. Холам айланишда давом этар, мен эса “Хола жинни-пинни бўлиб қолдими ёки мен туш кўряпманми?” – дея ўз-ўзимга савол бериб, жойимда ҳадик ва қўрқувда ўтирардим. Тўхтовсиз айланишлар холамни ҳолдан тойдирганидан ёнимга ўтириб олдилар, сўнг қўлимдан ушлаганларича кулбамиз томон йўл олдик. Деярли тун ярмидан ўтган эди. Онам бизни бунчалар кеч қолганимиздан ҳам, холамнинг авзойини – пешонасидан оқаётган терни кўриб ҳам ҳайратга тушмадилар. Бундан ортиқ сабр қила олмадим. Гап нимада эканлигини билиш мақсадида қўлим билан ишора қилиб сўрадим. Онам Асмо хола ўрнига ётгунга қадар менинг шошмаслигимни айтдилар. Сўнг хаёлга келмаган нарсаларни менга тушунтирар эканлар, аввало “Дўмбира овозини эшитдингми?” деб сўраб-суриштира бошладилар. Мен:
– Қандайдир шовқин эшитдим, лекин нималигини билмайман, – деб жавоб бердим.
Худо раҳмат қилсин, онам:
– Ўша сен эшитган нарса Бадр аҳлининг дўмбира овози, – деб айтдилар. – Бадр жангида ҳалок бўлган шаҳидларнинг дўмбира овози. Йилнинг муайян ойлари давомида ой тўлган пайтда доимо эшитишинг мумкин бўлади. Бундай ой ва кунларни камчилик одамлар билишади, холанг ана ўшалардан бири. Биринчи карвон билан йўлга чиқишни рад этганлигининг сабаби ўша карвоннинг Бадрга етиб келиши холанг билган кунларга тўғри келмаслигида бўлган. Гапининг охирида бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмаслигим ва яширишимни уқтириб, “мудаййинлар”, яъни бидъат ва хурофотга қарши курашувчи дин пешволари дўмбира овозларига ишонмасликлари ва унинг куйига рақс тушишга рухсат бермасликларини айтдилар.
Йиллар мобайнида онамнинг айтганларини ўйлаб юришимга қарамай, ҳозир ўша пайтда ички ҳиссиётларим билан эшитганларимга ишонганманми ёки йўқми, эслай олмайман. Ёшим улғайгач, “Зу-р-Румма”* қасидасини ўқиб қолдим. Унда жинларнинг саҳрода куйлашлари ҳақида гап борарди:
“Саҳронинг четларида куйлар жинлар тун бўйи …”
Бечора Зу-р-Римма, бечора Асмо хола саҳродаги қумларнинг ҳаракати, бир-бирининг устига тушиши ва шамолнинг қум зарраларини бир жойдан иккинчи жойга олиб ўтиши натижасида ҳосил бўладиган овоз ҳақида ҳеч нарса билишмас эди-да.
Ўша жазавали рақсдан сўнг холам енгил тортиб, асаблари юмшади, юзларидан мамнунликлари сезилиб турарди. Кейинчалик Маккадаги уйимизда “жинлар базми”да қатнашган аёлларнинг юзида ҳам худди ўша ризо ва мамнунлик аломати кўринган эди. Келажакда эса тақдир имкониятидан фойдаланиб Оврўпа ёш йигит-қизларининг ҳафта охиридаги таътилларда, янги йилнинг киришида, тўй маросимларида дўмбира овозию сурнай куйига бошларини айлантириб рақсга тушишларининг шоҳиди бўлган ҳолда юқоридаги мамнуниятни юзларида туйган эдим. Булар ва уларнинг қалблари қабул қилмаса ҳам уларга шундай дейман. Кўплаб сафарларим мобайнида кашф қилганим – Африка ўрмонларида ҳам, Бадр аҳли ва лотин маҳалласи аҳлининг дўмбира куйларидан кўпам фарқ қилмайдиган садолар тараладиган шовқинли тундан сўнг ҳам улар худди ўша туйғуни ҳис этардилар.
Инсон гапирувчи ва фикрловчи махлуқ бўлгани каби, эҳтимол дўмбира ва сурнай чалувчи жонивордир, яна билмадим.
Холамнинг хотиржамлиги унинг гапиришдан ёки таъсирли ҳикоя ва эртакларни айтишдан тўхтагани мен учун кутилмаган, ўзи учун эса пишиқ-пухта ўйланган қарорларни қабул қилиши эмас эди. У “Фурайш аҳли” ҳикоясини айтиб беришни эсдан чиқармади. “Фурайш” бир қишлоқ бўлиб, у “Мусайжид” ва “Абяр Али” ўртасида жойлашган эди. Нега Макка аҳли ҳали ҳам қимматфурушларни “бу фурайшлик” деб аташади? Булар – агар билмасангиз – Мадинага ҳожиларнинг етиб келишида охирги йўлтўсарлар эдилар. Муставра ва Сафродаги йўлнинг кесишган жойидан нажот топсалар-да, улардан қутула олмас эдилар. Холам томонидан айтилганларни ёлғон деёлмасам-да, лекин кўп йиллар олдин чодир устунларининг пастки қисми билан бир баъдавийнинг бошига урганлиги ҳақидаги ҳикоясига асло ишонмадим. Ҳалиги баъдавий бир куни кечқурун Фурайшда холаникига ўғриликка тушибди. Ўшанда холамнинг қўли етган яқиндаги нарса билан ўғрининг бошига уришдан бошқа чораси қолмаган экан. Ким билади, балки ўша пайт унинг қўллари бақувват, мускуллари кучли бўлгандир? Бироқ ҳозирги кўриниши буларнинг бирортасидан ҳам далолат бермас эди.
Полиция текширувидан олдин “Бабу-л-Анбария”да тафтиш ишлари бўлиб ўтгач, Асмо хола туямизни карвондан ажратиб, бошқа йўналишда юришни сарбонга буюрди. Мадинага кириб боришимиздан олдинги сўнгги қарори мана шу эди. То пайғамбаримиз масжидларининг жанубий томонига яқин бўлган ҳудудга етиб келмагунимизча қарорнинг ҳикматига тушуниб етмадик. У сарбонга тўхташни буюрди. Кейин бўхчасидаги тугунни ечиб, бир неча марта букилганидан кичик бўлакка айланиб қолган хатни олди-да, туядан тушиб, ўша ердагилар билан бирга қасрнинг даҳлизига майда қадамлар ташлаб кириб кетди. Бироздан сўнг бизни ҳам ичкарига чақиргани қайтиб чиқди. Ўша қаср, тўғрироғи, унинг бир хонаси Мадинадалигимизда бизга қароргоҳ бўлди.
Тушунишга қийналган нарсаларимни одатдагидай қўлим билан ишора қилиб гап нимадалигини сўрадим. Шуни билдимки, холам олдиндан тузган режаларига кўра, маҳалламиздаги таниқли бой одамлардан бириникига Мадинадаги унга тегишли бўлган уйларнинг бирор хонасидан зиёратимиз давомида фойдаланиб туришимиз учун розилик сўрагани борган экан. Чунки бундай уйлар фақат ҳаж мавсумида ишлатилар экан, шу сабабдан йилнинг кўп ойларида бутунлай бўшаб қолар экан. Уй эгаси Асмо холанинг туришига розилик билдириб, қоровулга топшириш учун унга ўша хатни ёзиб берибди. Хатда эса бизни юқори қаватдаги хурмо боғига қараган хонага жойлаштириш ёзилган экан. Юқорида айтиб ўтилган нарсалар – яъни чархпалак ва ҳовуз – мен учун янгилик эканлиги сир эмас. Шу кунгача бирор бир ҳовуз кўрмаганман. Чархпалак ҳақида фақат “Тўғри ўқиш” ва “Тарих” китобларидаги “Чархпалак олдида тўхтаган товус” қиссасида ўқиганман. Айнан ўша ерда туришимиз мени Мадина шаҳрига бўлган муҳаббатимга ва ишларимга мустақил хўжайин бўлиб, қаерга ва қачон боришни ўзим ҳал қила оладиган пайтимда йилда бир бор бўлса ҳам бориб туришимга бевосита сабаб бўлганди.
Мадинадаги охирги кунимиз эди. Биз ва бошқа кўп зиёратчилар сўнгги видолашув амалини бажардик. Ўша жуманинг аср пайтида бошқалар қатори биз ҳам қайтишга қарор қилдик. Видолашув сўзларини қайтариб, барчамиз йиғи-сиғи қилиб турган бир пайтда холам ўзларидан кетиб – ўшанда менга шундай туюлган эди – бор бўй-бастлари билан ҳужраи муборак атрофини ўраб турган панжара олдида йиқилдилар. Натижада қабрни ҳимоя қилиб турган дераза ҳам зириллаб кетди. Қаттиқ шовқин кўтарилиш оқибатида одамлар тўпландилар. Масжид қўриқчилари ҳам етиб келдилар. Холам қўлларида панжарани маҳкам ушлаганча жойларида ётардилар. Одамлар эса атрофида уни кўтаришга уринардилар. Мен бўлса “ла ҳавла ва ла қуввата”ни ва “алҳамду”ни бир неча марта ичимда ўқиб, севимли холамни шу аҳволда уйидан ва тирик қолган қариндош-уруғларидан узоқ ҳолда қазо қилмасликларини Аллоҳдан сўрардим.
Ўрнидан туришга ҳаракат қилаётган холамни кўриб, Аллоҳга дуоларимни қабул қилгани ва бўлиши мумкин бўлган мусибатдан бизни сақлаганига шукрлар айтдим. Бўлиб ўтган воқеа холам томонидан кўрсатилган томошанинг ўзи бўлиб, муборак қабрни ўраб турган панжарага суйкалиш мақсадида қилинган эканлигини мен билмаган эдим. Буни мен бир неча кундан кейин Маккага етай-етай деганимиздагина англадим. Шунингдек, ойлар кетидан ойлар ўтиб, ўзи ҳақида сўзлаганида, у ердагилар холамни танишларини, ҳар сафар зиёрат қилганда шу ишни қайтаришини, ўша “яшил дераза”га қўлларини теккизмай, Маккага қайта олмаслиги ҳақида билиб олдим.

9

Онам қатъий қарор қилиб, Мусфирнинг хизматларидан воз кечдилар. У уйимизнинг сув ташувчиси бўлиб, бамбук ёғочини елкасига қўйиб икки тунука челакда сув ташиб келарди. Онам бева бўлиб қолганларидан сўнг: “Бу ёш йигитнинг бундан кейин эркаги йўқ уйда ишлаши яхши эмас”, – деган баҳоналари билан унинг ўрнига нубиялик қария – Башир амаки уйимизда хизмат қила бошлади. Башир амаки тунука челак эмас, мешда сув таширди. Шу қарорлари сабабли онам Мусфир бажарган сув ташишдан ташқари бошқа қўшимча ишлардан маҳрум бўлиб қолдилар. Мусфир эса, ойим нон ёпсалар, нон солинган саватни кўтарар, у ёки бу муносабат билан ойим биз учун ёғлироқ овқат пиширмоқчи бўлсалар, товуқми ёки хўроз сўяр, яна рамазоннинг охирги ўн кунлигида гилам ва ёпинчиғларни ювиб тозалар, фитр рўзани ўзи ёки бошқа ҳақдорлар учун оларди. Шунингдек, дон-дунни туяр, уйимиздаги оғир бўлган нарсаларни у ердан бу ерга олиб берарди. Маҳалла баққолию қассобига ишимиз тушса, яна шу Мусфир югурарди.
Ойимнинг бу қарорлари менга қимматга тушди. Бошқа одам қилиши керак бўлган у ёки бу ишларни мен бажарадиган бўлдим. Башир амаки эса – кўзи хира, кекса чол. Бирор юкни кўтарай деса қўлида қуввати йўқ. Белбоғида товуқ тугул ҳатто чумолини сўйиш учун пичоқ ҳам йўқ. У маҳалламиздаги “қуллар супаси”га ҳар куни аср пайтида бориб ўтирадиган сув ташувчи – соқийлар тоифасидан эди. Одатда, қул бўлиб, сўнг озод қилинганлар, табиийки, ҳеч бир корга ярамай қолганларидан сўнг, ўша супага келиб ўтирардилар.
Башир амаки бизнинг уйимизда хизмат қила бошлагандан буён мен ҳам ўша супага ошифта бўлиб, у билан боғлиқ воқеалар мен учун қизиқарли бўлиб қолди. Супанинг ҳам соқийлар сулоласидан бўлган ўз шайхи бўлиб, кимки ўша ерга ўтирса, соқийликни ўзига касб қилади ва мен тушунмайдиган африкаликлар тилида гаплашади. Ҳозирга алоқаси бўлмаган мозийни эслаб, қора қитъанинг у ёки бу қишлоғидан тортиб, фалончи хожалар қўлида ишлагани, сўнг маълум сабаблар бўйича сотилгани ҳақида гапирар, баъзилари ўғли ёки қизи борлигини эслаб, улар ҳам бир куни ё бир кечада қул бўлиб сотилганлари, сўнг улардан хабар бўлмагани ҳақида эслар, шунингдек, баъзида хазин, баъзида қизиқарли ҳикоялар сўзлаб берарди.
Шунингдек, ўша супага хос қонун-қоидалар борлиги, кимда-ким уларни бузса, муайян жазоси борлиги ҳақида ҳам билиб олдим. Кўпинча шундай келишмовчиликлар сув ташиладиган қудуқ атрофида бўлиб, бирортаси шеригидан ноҳақ олдинга ўтиб олса ёки ҳақоратли сўзларни айтса юзага келарди. Муҳокама эса доимо пешин намозидан кейин мазкур супада ҳал бўларди. Супа шайхи ва бир неча мажлис аъзолари ўтиришиб безори ерга ётқизилар, айби айтилиб, гувоҳлар ҳозир бўлардилар. Кейин қилган айбини бўйнига қўйишарди. Қонунбузар ҳар қандай ҳолатда ўзи қилган айбини бўйнига олар ва у калтаклашга ҳукм қилинарди. Шайх кўкрагига бойлаб юрадиган чарм белбоғнинг бир бўлаги билан айбдорни савалаш учун ерга ётқизиларди. Кўпинча савалаш учта енгил зарбадан ошмасди. Ҳақдорнинг кечириши ёки кутилмаган меҳмоннинг ўша майдонга яшил майса ёки бедадан бир боғ отиши оқибатида мажлис жазо ижросини тўхтатарди. Лекин, шайх бундан қаттиқ ғазабланар, бу ишни қилганлар эса кўпинча маҳалла безорилари бўлиб, биринчи қаторда Суфён, яъни “томчи” турарди.
Ўша яшил боғлам отилганда жазолар нима сабабдан амалга оширилмай қолганлиги ҳали ҳам менга қоронғу. Сўраганларимдан ҳеч ким бунинг ҳикматини билмади. Балки “Тўфон” қиссасидаги машҳур зайтун дарахти шохлари билан алоқадор жойи бордир.
Бўш вақт топдим дегунча ўша супага югурардим. У ерда қулларга эгалик қилиб сотиб юборган ёки озод қилган хожалар ҳақидаги ҳикоялар айтиларди. У ёки бу оиланинг обрўси ер билан яксон бўларди. Яна кўп хожаларнинг қўл остидаги жориялари ҳақидаги воқеалар айтиларди. Кўпчилик хожалар жория ҳомиладор бўлгач, уйидаги хизматкорларининг бирига никоҳлаб қўяр ва туғилажак бола хожанинг ўғли – “меросхўри” бўлиш ўрнига қул бўлиб, унинг мулкига айланарди. Башир амакининг бу борада кўпгина саргузашт қиссалари бўлиб, уларни номма-ном бири Маҳсун, иккинчиси Саид, яна бири… деб эслар эди. Уларнинг бари қуллар эмас, балки маҳалладаги у ёки бу бойнинг ҳақиқий фарзандлари. Башир амакининг хўжайинлари уйларида бўлиб ўтган бошқа жинс ҳақидаги қиссалари ҳам бор эди. Ҳаммаси хурсанд қилмайдиган ҳикоялар. Қани энди Башир амаки буларнинг барчасини ўйлаб топаётган бўлса, акс ҳолда ўша замонларда ҳам ахлоқ-одоб ҳозиргидай бўлган экан деган фикрга бориб қоламан.

10

Асмо хола эгилганча супа ёнидаги узун бир ариқчага эккан райҳонларини қўлидаги гулчелак билан суғорар экан, “Ҳа-а, балога йўлиққурлар! Ҳа-а, балога йўлиққурлар,” – дея койир эди. Унинг уйи Абу Қубайс тоғи тепалигига туташ бўлиб, кечқурун ҳовлисидаги ўша супада ухлар эди. Шом вақтидан олдин ойимнинг юмушлари билан ўзлари сотиб олган алвон рангли матолар ўралган бўхча олиб борган эдим. Рамазондан олдин шаъбон ойи кириши муносабати билан Асмо холага ички кийим – лозимлар тиктирмоқчи бўлган эканлар. Асмо хола “Ҳа-а, балога йўлиққурлар”, – дея яна қайтарган эди ҳамки, “Кимларни қарғаяпсиз”, – деб сўрашга мажбур бўлдим.
– Ит ўлдирадиганларни-да.
– Қайси итлар, улар билан сизнинг нима ишингиз бор?
– Кўча итларини ўлдирадилар қутурган деб… Бекорларни айтишибди, – дедилар ва яна – “Агар худо итларнинг ўлимини хоҳлаганида уларни яратмаган бўларди”, – деб қўшиб қўйдилар.
Бу гап менинг қалбимда ярим асрдан кўпроқ яшади. Сабаб бўлса-бўлмаса эслайверардим. Воқеа итлар билан боғлиқми-йўқми, барибир шу гапни ишлатар эдим. Одамлар бир-бирларидан ғазабланишганида, ғазаб ўтини ўчириш учун ва яна бундан бошқа вазиятларда: “Агар худо ҳалокатини хоҳлаганда яратмаган бўларди” деб огоҳлантирардим.
Ҳақиқатан холам узоқни кўра биладиган кўринади. Эллик йилдан кўпроқ вақт давомида қилинган ҳаракатларга қарамай, ҳозиргача итларни бирор кимса йўқ қилиб юбора олмаган. Бу эса холамнинг “Агар худо итларнинг ўлимини хоҳлаганда…” – деган даъволари ростлигини таъкидлайди. Бироқ ўтиришларда одамлар бир-бирларига айтишларига қараганда, Осиёдаги баъзи бир халқлар итларни истеъмол қилишар экан.
Арзимаган муаммо, итлар муаммосини назарда тутяпман, ўтган ва ҳозирги тарихда тутган ўрнини билганимдан сўнг албатта мени кўп йиллар мобайнида ўйлантириб келди. Мен ҳам Асмо холанинг фикрларини қўллаб-қувватлашга киришдим. Агар итлар қирилиб кетса, Аллоҳнинг каломи “итнинг устига юк ортсанг ҳам, ортмасанг ҳам барибир, тилини осилтириб ҳарсиллайверади”1 деган оятини ҳозирги авлод қандай тушунсин. Шунингдек, ёшларимиз итнинг жамиятдаги ўрнини қандай идрок этсинлар, машҳур шоиримиз байтидаги, агар уларнинг олдиларида байтнинг фақат “Така каби сузишган жангда, шижоатда”* деган мисраси қолган бўлса, қандай қилиб ундаги жонли ўхшатишни тушунсинлар. Агар байтнинг юқорида келтирилган мисраси ҳам, “така“ни назарда тутяпман, инқирозга учраса, узоқ вақт ўқувчининг ҳам, тингловчининг ҳам хаёлларини алангалатиб келаётган тўлиқ бир байт араб адабиётидан тушиб қолган бўлар эди.
Жамиятимизда итлар йўқолиб кетса, қандай қилиб маҳалладан ўтиб кетаётган шайтонни пайқай оламиз, агар итлар ҳуримаса, эшак ҳанграмаса?!
Агар итлар бўлмаса миллий ва миллий бўлмаган адабиётимиз ўзининг “Ит ҳурар, карвон ўтар” каби кўпгина қимматли ибораларини йўқотади. Одамларнинг ичида “Фалончи итнинг думидан ҳам ифлос” деган гап ёки ”ит теккан идишни етти бор қумлаб ювиш” масаласи бўлмаган бўлар эди. Шу каби яна бир бани Исроилнинг кавушда сув тўлдириб, итга сув ичиргани учун жаннатга киргани ҳақидаги ҳикоялар ҳам керакли даражада тушунарли бўлмай қолар эди.
Қисқа қилиб айтганда, холам одатдагидай ҳақ эдилар. Яшасин итлар! Оқил одам жамиятимизни итларсиз тасаввур қила олмайди.
Холамнинг итларга бўлган эътибори менга шак-шубҳасиз инсоннинг ёки мавжудотнинг барча ҳайвонларга бўлган ғамхўрлигидан бошқа нарса эмасдай кўринарди. Руҳшунос олимларнинг холам эшитмаган фикрларига кўра холамда бир неча руҳий туйғулар мажмуаси бўлиши керак, масалан ўзини катта тутишлик ёки камтарлик туйғуси. Мана шулар, яъни ўзини катта тутишлик туйғусими ёки ўша машҳур “Эдип” туйғуси Асмо холада ўзининг даражасидан пастроқ даражада деб фараз қилинувчи махлуқотларга нисбатан эътибор қилишга олиб келгандир. Менга холанинг бу билан қизиқаётганлари билинмас эди, бироқ у атрофидаги ҳайвонларга эътибор беришда давом этарди. Кунлардан бир кун кичик ҳовлида қўйиб юборилган ўн еттита мушук санадим. Ҳар бирининг ўзига яраша исми бор бўлиб, уларнинг бир-бирига қариндошчилигини хола ёддан айтиб берарди: бу “Варда”, “Дудҳи”нинг қизи, униси “Ваҳба”, ялқов, кун бўйи ётгани-ётган, “Тамиса”нинг тўртинчи бобокалони, ёши ўн тўртларда, шу узун умри давомида набираларидан еттитасини еб қўйган. Шу каби гапларни холамни кўргани келган ҳар бир эркагу аёл эшитмасдан кетмас, у эса айтишдан толмасди.

11

Ўқиётган мактабимизни тугатиб, “Фахрия” хусусий мактабига кенг маънода тантанали равишда ўтдик. Биринчи кун эди. Мен билан фақат уч синфдошим олдинги мактабдан бирга ўтган эдик. Бири Аҳмад “найнов”, у ўша куни Аҳмад “нодон”га айланди, иккинчиси Ҳасан “эшакбоқар”, учинчисининг исми ҳозир эсимда йўқ. Қолганлари турли тайёрлов мактабларидан, кўплари хусусий мактаблардан келишган. “Фахрия” мактаби ўша пайтларда жомеъ-маъҳадга ўхшарди. Ўқитиш уч босқичдан иборат бўлиб, биринчиси тайёрлов босқичи, бошқа мактабларга ўхшаб уч йил, тўлиқсиз ўрта таълим босқичи уч йил ва юқори синфлар – ўрта таълим босқичи ҳам уч йил эди. Охирги ўқув йили таълим чўққиси дейилар ва уни битирган талаба гўё ҳозирги даврдаги докторлик даражасини олгандай бўларди. Кўпчилик битирганлар мактабнинг ўзида ёки Масжид ул-ҳарамда мударрис бўлиб қолдилар, бошқалари эса ҳукумат муассасаларида котиб вазифасида ишладилар, масъул хизматчилар даражасигача кўтарилдилар.
Олдинги мактабимиз фақат тайёрлов мактаби бўлгани учун бу ерда тўлиқсиз ўрта таълим босқичининг 1-синфига қабул қилиндик. Синфимизда йигирмага яқин ўқувчи бўлиб, уларнинг ярми шу мактабнинг ўзидан чиққанлар, қолганлари бошқа мактаблардан келганлар эди. Ўша пайтда, қайси мактабда бўлмасин, 4-синф боласининг ёши тўққиз-ўнларда бўлса, бизнинг синфдошларнинг ёши ўн бир ёшдан йигирма ёшгача эди. Шунингдек, уларнинг кўринишлари ҳам ёшларига мос эди. Масалан, Ибн ал-Хажжор биринчи куниёқ қўлида калтак билан келди ва эшик орқасига тираб қўйди. Яна бири Ибн ал-Афандий бўлиб, у мактабга туркларнинг тарбушига ўхшаш дўппи кийиб келди. Аҳмад нодон эса миллий либос – иқолга* ўхшашини бошига ташлаб олган, аслида эса у қора ипни айлантириб олган эди. Қолганлари деярли бир хил, баъзи бирлари бошяланг, шунга қарамай, ўша кунларда бу ҳолат ҳеч кимнинг эътиборини тортмаган бўлса-да, мен либосдаги, ёшдаги, хислатлардаги, оилавий ва ижтимоий даражасидаги сиғдириб бўлмас турли-туманликни ҳозиргача ҳайратланиб эслайман.
Ҳар биримиз ёши катталарни ҳурмат қилардик. Аммо, биринчи кунданоқ Ҳасан эшакбоқар билан Ибн Мутраф орасида жанжал чиқди. Ибн Мутраф Ҳасаннинг отасини камситибди, бундай бўлишини олдиндан билган кўринади, Ҳасан Ибн Мутрафга шундай жавоб берибди: “Инсон фақат айб иш қилсагина айбланади. Ҳазрат Али ҳаммол бўлганлар, фалончи туябоқар бўлган, яна фалончи…” дея рақибини уялтирибди. У жим бўлиб, кетиш вақтигача тишини-тишига қўйиб сабр қилибди. Бошқа куни йўлини пойлаб, ўша эрталабки бошланган жанжалда қай бири ютганини исботлаш учун муштлашишга чақирибди.
Ўша куни биринчи дарс она тили дарси эди. Ўқитувчи синфга кирди ва ўқувчиларни саф қилиб, катта ёшли ва бўйи узунларини орқага, бўйи пастларини олдинги қаторга ўтқазди. Сўнгра барчадан тайёрлов босқичида грамматик қоидалардан нималар ўқитилганлиги ва ўтган йилги қоидаларнинг қайсилари эсда қолганини бирма-бир сўрай бошлади, бироқ жавоблар аксарият қониқарсиз бўлиб, яъни ҳеч ким ўзига берилган саволга жавоб қайтаролмади. Айниқса, ёзнинг узоқ таътилидан сўнг ўқувчиларнинг биринчи кунлардаги бундай ҳолатларидан тажриба орттирган ўқитувчи энди саволни умумий эмас, аниқ қилиб, сўзларнинг турланиши, феъл ва унинг турлари ҳақида сўрай бошлади. Биринчи савол Аҳмадга қаратилди:
– Қани Аҳмад, “Кўпайиш билан овора бўлдиларинг” жумласини таҳлил қилиб берчи? Аҳмад баланд овозда кулиб:
– Бундан осони борми, “овора бўлдиларинг” – эга, “кўпайиш” – кесим, – дея жавоб берган эди. Ўқитувчи:
– Ҳе, овозинг ўчмагур, ўтир, нодон! – деди.
Ўша кундан буён Аҳмад “Аҳмад нодон”га айланди. Ваҳоланки, ўша ерда ўтирганларнинг бирортаси ҳам бу гапни таҳлил қила олмасди. Бироқ, Аҳмаддан бошқа ҳеч ким янги лақаб олмади. Ўқитувчи эса ўтган йилги ўтилган грамматика қоидаларидан бирортасини эслай олмаганлигимизга ишонч ҳосил қилиб, ракета тезлигида бошидан бошлаб сўз туркумларини тушунтира кетди. Араб тилида сўз туркумлари учта – биринчиси исм, иккинчиси феъл, учинчиси ҳарф. Феълнинг ўтган замони, ҳозирги-келаси замони, буйруқ майллари бор. Исм – иллатли, тўғри ўзакли, ҳарф эса фалон-фалон ва ҳ.к. Гапнинг қуйилиб келаётганидан ҳеч ким унга етолмасди, ҳатто биринчи соат тугаб, дарс охирида: “Демак, бугун ўтган йил ўтилган дарс режасини қайтардик. Келаси дарсимизда бу йилги режада белгиланган мавзудан бошлаймиз”, деди-да, синфдан чиқиб кетди. Синф сукунатда қолди. Катта ёшдаги ўқувчилардан бири, кейинчалик биз уларни “гигантлар” деб атайдиган бўлдик, – “Бирортангиз бир нима тушундингизми? Бунга нима бўлган? Роботга ўхшаб гапиради-я?” деган гаплари жимликни бузди.
Ҳозирги авлоднинг бахти бор деса ҳам бўлади, чунки бизнинг даврда янги фанлар ёки ҳаром, ёки бидъат ҳисобланарди, ёки мактаб шундай фанлар борлиги ҳақида тасаввурга ҳам эга эмас эди. Шунинг учун мактаб дастурига ҳам киритилмасди, шу сабабли бизнинг билимимиз ота-боболаримиз қолдирган тўғри илмлардан бўлиб, ҳаром фанлар жумласига кирмаган. Ҳалол-ҳаром масалалари эса гоҳо ўқитилиб, баъзида турли воқеалар асосида дарслар мобайнида ўрганилиб бориларди. Бир куни қўлимизга турли мамлакатлар маълумотномаси тушиб қолди. Китоб муқовасида араб дунёсининг харитаси ҳам бор эди. Аҳмад нодон ажабланиб: “Устоз, бу нима? Ахир расм чизиш ҳаром эмасми,” – деб сўраганида, ўша фан ўқитувчиси шайх аш-Шанқатий – “Расм икки турга бўлинади: бири ҳаром, иккинчиси рухсат этилган. Хариталар чизиш иккинчи турга мансуб”, – дея жавоб қилди.
Ҳалол ва ҳаром ўртасидаги фарқни ажратиш мобайнида ёшларимизнинг балоғатга етган дастлабки йилларидаги баъзи хунук яширин одатларидан воқиф бўлдик.

12

Синф зўравонлари билан кичик ёшдагилар ўртасидаги алоқа тенг эмасди. Кичиклар калтакланар, уларнинг китоблари-ю қаламлари ўғирланар, ўзлари мазах қилинар, кўйлаклари эса тикишга ҳам, кийишга ҳам яроқсиз қилиб йиртиб ташланарди. Кичиклар тарафини олиб, кучлилар билан олишадиган Аҳмад нодондан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Унинг кўриниши паҳлавонлардек, билаклари кучга тўла йигит бўлиб, шу туфайли жазаваси тутса, кичик заифларга ёрдам бериб, зўравонларни уриб-тепиб ташларди.
Душманларнинг бурунларини ерга ишқашни ёқтирар, ўзи айтмоқчи “она сутларини оғзиларига келтириб” юборарди. Ҳатто нимжон мударрисларнинг ҳам ўша зўравонлардан қасдларини олиб берарди. Чунки, баъзи ўқитувчиларнинг ёшлари ўз талабаларининг ёшларига ҳам етиб бормасди. Хусусан, марҳум тарих ўқитувчимизга безори талабалардан бири дўқ қилиб, мактаб биқинидаги тор кўчага чиқишни буюрганида, у: “Агар сен кучли бўлсанг, сендан ҳам кучли Аллоҳ бор”, – дея жавоб беришдан у ёғига ўтмаган экан. Ўша барзанги ўқувчи айтган кўча Абу Риғол тор кўчаси бўлиб, одатда, ҳар куни мактабдан жўнаб кетишда ўша ерда уруш-жанжал бўларди. Ўқувчилар ўзаро бир-бирлари билан ана шу ерда “ҳисоб-китоб” қилардилар. Ҳеч ким ва ҳатто мен ҳам машҳур Абу Риғолнинг бу тор кўчага қандай алоқаси бор эканини билмас эдим. Маккадаги тор кўча-ю маҳаллалар унутилганидек, у ҳам таг-туги билан йўқолиб кетди.
Мактаб ўқитувчиларимиз ҳам ўзларининг талабалари каби бир хил кийинмадилар, баъзиларининг кўриниши виқорли бўлиб, жубба кийиб, салла ўрашар, ёки худди шу нарсаларни кийиб салла устидан рўмолга ўхшаш нарса ташлаб олишарди. Бошқалари кўйлак устидан нимча, бошига эса ўралган салла кияр, яна учинчи турлари узунчоқ ва оҳорланган дўппи кийишни хуш кўрарди. Ёшлари ҳам ўзларининг ўқувчилари билан деярли тенг, айримлари эса 60-70 ёшлар атрофида бўларди. Ҳаммаларининг ўзига хос мавқеи ва обрўси бор бўлиб, бир-бирлариникидан ажралиб турарди. Лаҳжалари ҳам бир-бирларидан фарқли эди. Баъзилари шайх аш-Шанқатийга ўхшаб адабий тилда сўзлашарди. Масалан, ҳар бир айтган гапини оҳангга солиб, охирги ҳаракатларини қўйиб сўзлар эди. Араб тили грамматикаси бўйича унга тенг келадигани йўқ эди. Кўпинча дарснинг кўп қисми талабаларнинг гапларини ва ифода этиш йўлларини тузатиш билан ўтиб кетарди. Аҳмад нодон ва шайх ўртасида кескин мунозаралар бўлар, Аҳмад шайх хоҳлаган грамматик йўл билан эмас, ўзига ёқадиган йўл билан гапиришини сўраб сўзида туриб олар, кўпинча: “Ҳеч нарса тушунмаяпмиз, арабча гапиринг,” – дея бақириб қоларди. Арабча деганда “омма” тилини назарда тутарди. Ўша пайтдаги фанлар ва ўқитиш усули ҳақида нималар дейишмасин, ҳаммаси ҳам ўқувчи хотирасини яхшилаш учун қаратилганлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Чунки у даврда кўп фанларни шеърий тарзда ёдлашимиз керак бўлган. Ибн Моликнинг грамматикага оид “Алфия” шеъри ва Раҳбиянинг “Фарзлар” фани ва ҳатто жўғрофиянинг бир қисми ҳам назмий сатрларда бўлган. Масалан,

Билмоқ эрсанг сен “Тунис” маконин
Африка шимолига боқ, эй олим.

Дарҳақиқат, устозларимизнинг ўша кунларда дунёқараши кенг эди (кулманглар). Бунинг биринчи далили шуки, фиқҳ илмини бир неча мазҳабларга бўлиб ўқитиларди ва ҳар бир гуруҳ отасининг мазҳабига қараб бўлинарди. Масалан, “Ҳанафий фиқҳи”, “Шофиий фиқҳи”, “Моликий фиқҳи” ва ҳ.к. қилиб жадвалга ёзилар ва сен хоҳлаган мазҳаб бўйича дарсга киришинг мумкин эди. Шунингдек, мазкур китоблар келажакда рўй бериши мумкин бўлган барча масалаларни ечишда қимматли фикрлар хазинаси эди. Ўша кунлари агар дарё Маккадан оқиб ўтса, дарёнинг балиғини ейиш мумкинлиги ёки мумкин эмаслиги ҳақида мунозаралар борарди. Ҳар бир жамоа ўз фикрини тасдиқларди. Аксарият мударрислар балиқ ейиш ҳаром деб уқтирсалар, аксинча, талабаларнинг ҳаммаси Маккадан оқиб ўтган дарё балиғини ейиш ҳалол деб ҳисоблардилар. Бу фикрларининг исботи сифатида, “Макка аҳли ўз юртини икир-чикирларигача билгани каби балиқларини ҳам яхши билади”, дея асл маккалик бўлмаган, четдан келган ўқитувчиларга пичинг қилишарди.
Мавзу “Таҳоратнинг синиши” бобида эди. “Моликий фиқҳи” бўйича мударрис-устозимизнинг кенг шарҳлари ўрин олган кунларнинг бирида бирортамизнинг хаёлимизга келмаган ва биз талабаларнинг фикр доирамиз торлигини кўрсатадиган бир саволни ўртага ташлади: “Икки йўл орқали чиқадиган нарсалар таҳоратни бузар экан, хўш, буларни кўтариб олган кишининг ҳукми қандай бўлади? Яъни бир идишда нажас, бир меш тўла ел кўтарган бўлса, унинг таҳорати кетадими?” Ўшанда Аҳмад: “Э, бўлди! Кўнгиллар айниб кетди-ю, устоз!” деганда, устозимиз “Шариатда шарм йўқ,” – деб жавоб берган эди.

13

Одатда, одамлар “Фалон воқеа ёки бирор шахс билан учрашув фалончининг ҳаётида инқилоб ясади” дейишади, бу билан ўша инсоннинг ҳаёти, балки дунёқараши ва фикрини бутунлай ўзгарганлигини назарда тутишади. Агар инқилобдан-да кучлироғи бўладиган бўлса, худди ана шундайи мазкур мактабдаги олти йиллик умрим давомида рўй берди. Ўқув даргоҳини битирар эканман, бир инсонга бутун мамлакат бўйича берилиши мумкин бўлган шаҳодатноманинг каттасига эга бўлдим. Ҳар қандай инқилоб секин-асталик билан бошланиб, бора-бора ривожланиш босқичига ўтиб, энг юқори чўққисига кўтарилгач, портлаш юз бергани ва секинлик билан сокинликка юз тутгани каби шундай сатрларни ёзган Муҳайсин ал-Биллийнинг ҳаётида ҳам худди шу ўзгаришлар рўй берди. Бир неча ҳафтадан сўнг янги мактаб ва янги шароитга мослашгач, одамлар ва нарсалар борасидаги у-бу ишлар бирмунча ойдинлаша бошлади. Фалончи бадфеъл, яна бошқаси очиқ кўнгил, соддалигини кўрсатадиган ўша очиқлиги баъзи ишларда бироз ошиб тушса ҳам бунинг зарари йўқ, яна бири (худо ундан рози бўлсин) ҳадис илмининг ровийси бўлса-да, унинг айтганларига ишонқирамай, эсарроқ эди, дейишарди. Ўқийдиган синфимизнинг мана бу ерида, тарих ўқитувчиси бўлса яхши бўларди, мана бунисида араб тили ўқитувчиси бўлса зўр бўларди. Мен эса биринчисини нима сабабдандир ёмон кўрардим, иккинчисини эса яхши кўрардим, бунинг ҳам сабабини билмайман. Мактабдан сўнг уйга қайтишда Аҳмад нодон билан кетиш бошқаси билан ёки ёлғиз кетишдан яхшироқ эди. Келишда эса майсазор тор кўчалардан кўра “Ҳомидия” кўчаси яхшироқ эди, чунки ўша кўчада фалончини учратардим. Унинг чўнтаги доим “набақ” мевалари ва тариқ унидан тайёрланган қурутлар билан тўла бўлар ва одамгарчилик юзасидан бирга баҳам кўрарди. “Боб ул-Умра”да қилинадиган тушлик тўлиқ бир кунлик ҳаражатга кетадиган “қирш”1 нинг бир қисмини тежаб қолишга имкон берар эди. Шундай қилиб, бир куннинг ҳар бир вақтида, дарс соатларининг ҳар бирида қилишим керак бўлган ишлар миямда тўлиқ низомга тушиб қолди. Табиийки, буларнинг барчаси ҳафталар давомида биринчи ўқув йилининг дастлабки қисмида секин-аста амалга ошди.
Ўқишнинг иккинчи йилида ибн Моликнинг “Алфия” деб номланган китобини ўқий бошладик. Бирортангиз бу китобни биласизми? Шубҳам бор. Билмасангиз керак. Бу жуда қимматли китоб бўлиб (бундан ажабланманг), ундаги бор нарсаларнинг кўпини охиригача тушуниб ўқий олсангиз, билингки, тўғри ёзиш ва ҳеч қандай куйга солмай тўғри ўқишга қодир бўласиз. Демоқчиманки, ўқитувчимиз шайх аш-Шанқатий (қабри нурга тўлсин) даражасига етиб қоласиз, лекин у каби айтганингизни куйга солишингизга ҳожат йўқ.
Биринчи кунданоқ шеърнинг биринчи мисрасини ўқиганимизда:

“Тур деган сўз гап эрур,
Гарчи бир сўз бўлса ҳам.”

Аён бўлдики, синфда ўтирганларнинг ҳар бирига “тур” деган сўз (бир сўздан иборат бўлган гап) тушунарли эмасди ва биз шайхимизнинг ҳар бир сатр ва ҳар бир сўзини бир неча бор тушунтириб беришини сўрардик. Токи худо баъзиларни ёрлақаб, ўқитувчи эллигинчи бор “тушундингларми?” деб сўраганида “ҳа” деб жавоб бермагунларигача тушунтираверар эди. Агар баъзиларимиз “ҳа” деб жавоб берсак, вазифамни бажардим, деб ҳисоблаб, “Алфия”нинг иккинчи байтига ўтарди. “Тушундиларингми” деган саволга “ҳа” жавобини бермаганларга қараб “Туя тушунмаса менга нима”2 , дер эди. Эҳтимол, ўшанда “туя” ўрнига “мол” сўзини ишлатгандир. “Туя”ларнинг кўпи, яъни синфдошларимни назарда тутяпман, ўқув йили ниҳоясида нафақат имтиҳонлардан, балки мактабдан бутунлай ҳайдалдилар. Уларнинг бошида Ҳасан эшакбоқар бўлиб, қуруқ гапдан фойда йўқ дея тирикчилик учун ҳунарнинг бошидан тутди. Лекин мен у билмаган сабабни топдим. У ҳам бўлса Ибн Молик “Алфия”сининг тилсимини ечиш мендан қунт ва қатъиятликни талаб этгани бўлди ва бу секин-асталик билан ўқишнинг учинчи босқичида мевасини бера бошлади ҳамда айнан ўша йил мен учун “жанозалар йили” бўлиб қолди. Учинчи босқичда бир куни устоз Дуҳо кириб, қуйидаги байтни ўқий бошлади:

“Зу” ўша сўзлар туркумидан, бирикмада маъно билдирур,
“Оғиз”дан бир ҳарф тушса ҳам тушунарлидур…*

ва одатдагидай “ким шарҳлаб бера олади”, деб сўради. Доимгидай ўзига-ўзи “албатта, ҳеч ким” дея шарҳламоқчи бўлиб турган эди ҳамки ўқувчиларнинг бири, яъни мен кутилмаганда қўлимни кўтариб, ўша байтни шарҳлаб беришимни айтсам, у фавқулодда ҳолатдан анграйиб қолди. Айниқса, бир қарашда осон бўлмаган мисраларни шарҳлашга ўзидан бошқа қодир ўқувчи борлигига ишонқирамай, ҳайратланганча жим бўлиб қолди. Мен эса ҳаммани ҳайратга солган ҳолда байтни муваффақиятли шарҳладим. Мен бунга пухта ўйлаб, яхши тайёргарлик кўрган бўлсам-да, жавоб бериб бўлганимда терга пишиб кетган эдим. Менинг бу муваффақиятим синф талабаларини жонлантириб юборди. Устоз Дуҳо ҳам “Аллоҳ сиру асрорлар соҳиби, ҳатто чумолини ҳам бежиз яратмаган,” дея мени олқишлаб қўйди. Бу гап ўшанда қандай маънода айтилгани менга қоронғу бўлиб, мақтов ўрнида қабул қилдим. Бир неча йилдан сўнг айтишганидек, камситиш маъносидаги мақтов эканлигини билдим. Айтилган гап мақтов ёки камситиш бўладими, барибир, одоб юзасидан кундалик қоида дарсларига киришда давом этдим. Кейинчалик ўқитувчи тушунтириб бермасдан олдин байтлар мазмунини шарҳлайдиган бўлдим. Бундан фойдаланиб, ўқитувчимиз шарҳнинг биринчи масалаларини тушунтираётганимда ёки дарсга кириш қисми ҳақида гапираётганимда синфнинг бир четида дам олиб турар ёки бироз бўлса ҳам кўзи илинарди. Шунингдек, ана шу кундалик фаолиятимга “ўқитувчи ёрдамчиси” деган ном қўйдим. Ҳаётда ҳар бир инсон бошқа нарсага ўрганганидек, “Алфия” байтларининг ҳам услуби ва йўналишига анчагина ўрганиб олдим. Ҳатто баъзи байтларини керагидан ортиқ маъноларини ўқиб тушунадиган бўлдим. Устозимдан байтни шарҳлаб беришини сўрардим. Табиийки, устоз икки шарҳдан бирини берар, мен эса устознинг айтмай кетган жойини кўрсатиб, бошқа жиҳатдан шарҳлашга шошилардим. Грамматикага бўлган шу қадар қизиқишимни кўрган устоз бироз иккиланиб тургач, Масжид ул-ҳарамдаги дарс пайтида “Умм Ҳониъ” эшиги яқинидаги дарсларига қатнашишимни зўр-базўр айтди. Мен ҳам у ердаги талабаларнинг ёши катталиги, шунингдек, Ибн Моликнинг “Алфия” асарига шарҳ ёзган Ибн Ақил ва унга ҳошия ёзган ал-Ашмунийнинг асари қийинчилик туғдиришидан қўрқиб иккиланганча рози бўлдим. Лекин қолиш туйғуси, дарсларда қатнашишни назарда тутяпман, менга янги куч-ғайрат бағишлади ва дарсларда қатнашишимга сабаб бўлди. Бу эса ўзимни ҳам ҳайрон қолдирди.

14

Ўша йил, юқорида айтиб ўтганимдек, мен учун “Жанозалар йили” бўлди. Ўгай отам вафот этган кун масжидга келтирилган маййитларга жаноза ўқилгандан сўнг то Каъбадаги дарсларга келгунимга қадар ўликлар билан алоқам қатъиян узилган эди. Байтуллоҳда эса бирор кун йўқ эдики, бир ёки бир неча маййитларга жаноза ўқилмаса. Маййитларнинг ҳаммаси келтириларди. Лекин бир марта ўзи йўқ маййитга жаноза ўқидик. Ҳалигача унинг кимлигини билмайман, нега энди ўша куни йўқ бўлган? Биринчи навбатда ҳар қандай киши тушуниб етадиган фарқни англадим, у ҳам бўлса эркак ва аёл ўртасидаги жанозани ўзаро фарқлаш учун аёлнинг кўкрак томонига қўйиладиган ўша қафас эди. Шунингдек, маййитларнинг устига ёпиладиган яшил чойшабидан ҳожалар ва бойлар тоифасига тегишли эканлигини ва баъзи жанозалар ортидан одамларнинг дарёдай оқимини, баъзилари ортидан бораётган одамлар сони эса бир қўлнинг бармоқларидан ҳам кам бўлган ҳолатларни кўрдим.
Жаноза намози ўқилгандан сўнг маййитни “Боб ус-Салом”дан чиқиб “Муддаий”гача, охири қабристонгача олиб бориларди. Ўликларга муносабатим шу даражага етдики, бирор мусулмоннинг бошқа мусулмон олдидаги “Агар бирортаси қазо этса, жанозасида қатнашинг” деган бурчни адо этган ҳолда ҳар бир маййитни охирги маконигача олиб борадиган бўлдим. Шунингдек, ўша кунларда итларнинг атрофи ўралмаган қабрларни пайҳон қилишларини, яна бадавлатлар учун хос “нурли жой” маконлари борлигини, омма учун алоҳида жойлар, ва учинчи хили – аниқ бир қабр ва жой сўрамайдиганларни – қабристоннинг кираверишида дафн этилишини билдим. Энг бефаҳм махлуқотларни ҳам такрор ва тажриба орқали ўргатилганидек, мен ҳам бир жанозани бошқасидан келганларнинг сони ва либосларига қараб ажрата бошладим. Жаноза соҳибининг аслзодалигини кўриб, олдиндан “нурли жой”га ва аксинча, фақат тўрт одам кўтариб келаётган маййитни кўрсам, “эшик олди қабрларига” дер эдим. Ажиб руҳий амалиёт давомида тирикларнинг юзидан ҳам секин-асталик билан охир-оқибатларини билишга интилиб ажрата бошладим. Яхши кийинганларнинг узоқ умр кўрганларидан сўнг ўзлари каби аслзодалардек, олдиндан тайёрланган жойларга дафн этилишларини билиб, “нурли жой соҳиблари” деб атардим.
Жанозалар жараёни мени бутунлай ўзига тортган эди. Қайси маййитга жаноза ўқилмасин, уни охирги манзилигача кузатиб қўярдим. Худо мени кечирсин-у, баъзи мурдалар яқинларингдек ёқимли, баъзилари ундай эмас. Қандай бўлмасин, бирор маййитни устига тупроқ тортмагунча ва қабр оғзига ўтириб охирги бор қабрига туширилишини кўрмагунча кетмас эдим. Табиийки, қабр атрофида кўп ўқилаверганидан “Ёсин” сураси ёд бўлиб кетган эди. “Барча нарсанинг эгалиги Аллоҳнинг Ўз қўлидадир, ва ёлғиз Унгагина қайтарилурсиз!”
Тирикларда бўлгани каби, ўликларда ҳам турли воқеалар бўлиб турарди. Масалан, маййит қўйилиши керак бўлган жой у ёки бу сабабларга кўра дафн учун яроқсиз бўлиши ёки ундан олдинги кўмилган маййитнинг суяклари батамом чиримаган бўлиши каби. Бу эса гўрковнинг суякларни бир жойга йиғиб, қабрни ёпиб, бошқасини ковлашига сабаб бўларди. Маййитнинг бу жойда насибаси йўқ экан. “Ҳеч бир жон қаерда ўлишини билмайди”. Шу каби ҳаётдан узилган юзларни кўплаб кўришим, ўша суяк, ўша ҳис ва қолдиқларга кўп бора дуч келишим ва деворлари чўкиб қолган баъзи қабрлардан чиқаётган ҳид мени ҳаётдан жуда четлаштириб юборди. Мактаб ҳаётидаги учинчи йили ва ҳаёт билан бўлган ҳар қандай алоқамнинг узилиши бир неча ой ўликлар олдидаги вазифамни бажарганимдан сўнг кўпчилик тириклар билан ўзаро биргалашиб қилинадиган вазифани адо этишдаги амалиёт ҳисобланган тобутларни кўтаришдан ёки дафн маросими тугагач, баъзиларнинг кўнглини олишдан ҳам безидим. “Тўхтовсиз кўнгил айниш ҳолати” деб аташ мумкин бўлган умумий руҳий ҳолатга тушиб қолган эдим. Бу кўнгил айниш фақатгина мажозий маънода эмас, балки ҳақиқатда ҳам бўлиб ўтди. Бунинг сабабини билмадим-у, онам “Сенга азият етказиш мақсадида берилган бирон нарса еб-ичиб қўйибсан”, деб гумон қилдилар. Бошқача қилиб айтганда, тасаввур қилинг, мени кўролмайдиган “баъзи ҳасадгўйлар тарафидан сеҳрландинг” деб ўйладилар. Гумонларининг далили сифатида ҳаётимнинг ўша даврида ғалати тушларни кўрардим. Ҳаммасида у ёки бу ҳайвон менга ташланмоқчи бўларди. Тушимда бақирганча қалтираб, уйғониб кетардим, қуюқ тер босарди. Қизиғи шу эдики, бу ҳайвонлар шаклан гўнг қўнғизларига ўхшар, лекин тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада баҳайбат эди.
Дардимдан фориғ бўлишим учун бир неча солиҳ бандалар ҳузурига боришимга тўғри келди. Шу билан биргаликда соф сувнинг ўзини эмас, балки доимо “шин” сиёҳли “маҳв этувчи сув”дан1 кўп миқдорда ичишга тўғри келди. Агарда руҳий касалликлар табиби бўлганимда ва мен каби бемор ҳузуримга шикоят қилиб келганда, унинг асли-насли, турмуш шароити билан танишиб чиққач, қуйидагича маслаҳат берган бўлардим: “Сенинг бу аҳволга тушишингга бир неча ҳолатлар сабаб бўлган: биринчиси бу йил балоғатга етиб катта йигит бўлибсан, авом халқ айтганидек, оёқларинг орасидан анча сувлар оқиб ўтиб, кўп жисмоний ва руҳий ўзгаришларга олиб келибди. Шу билан биргаликда бўйингнинг баландлиги, овқатланишнинг ёмонлиги, ўликлар ва уларнинг қолдиқларини кўраверишинг, буларнинг барчаси сени шу аҳволга солибди. Тушингда кўрган гўнгқўнғиз, чаёнлар қабрда кўрганларингдан бошқаси эмас. Буларнинг ҳаммаси миянгда сақланиб қолиб, тунда минг баравар катта бўлиб кўринган, холос.”
Ҳа, руҳий касалликлар табиби бўлганимда, менинг олдимга бирортаси келганида шундай деган бўлардим. Ҳамма гап шундаки, мен руҳий табиб эмас, балки Муҳайсин ал-Биллийман ва ҳеч ким менинг олдимга маслаҳат сўраб келмаган шу соатгача. Менга ўшанда нима бўлганини билмайман. Лекин шуниси аниқки, ўшанда мен “шол” дардига мубтало бўлган эдим. Бу касаллик оёқ ёки қўлнинг шоллиги эмас, мия шоллиги эди. Ҳаётда бир вақтнинг ўзида ҳам бор, ҳам йўқдек юрадиган бўлиб қолдим. Йўлимдаги қанчадан-қанча одамларга, шунингдек, Байтуллоҳ равоқларида юрганимда, унинг устунларига ўзимни кўрлардек уриб олардим.
Ҳаётдан четлашган бўлсам-да, миямнинг шол бўлмаган ярим қисмидаги ҳамма катакларини мажбурлаб бўлса ҳам ал-Ашмунийнинг “Ҳошия”сини ўқиб-ўрганишга аввалгидан ҳам зўр бериб ҳаракат қилдим ва “Умм Ҳониъ”даги дарсларга қатнашдим. Бу китоб машҳур грамматикашунос олимларнинг у ёки бу фикрларини ўз ичига олган, кўп миқдордаги ажойиб ва ғаройиб ҳамда қоидалардан истисно бўлган байтлардан ташкил топган эди. Уларни ёд олдим. Ўшанда куфаликларга қарши ўлароқ басраликларнинг фикри менга кўпроқ ёқарди ва шундан келиб чиқиб, инсонда ўзи кўрмаган жойга нисбатан ҳам муҳаббат ёки унинг акси бўлиши мумкинлигини билдим. Ҳозиргача, иккала шаҳарни кўрмаган бўлсам ҳам, Басрани Куфадан кўра кўпроқ яхши кўраман. Ҳозирги кунларда Куфа Басрадан кўра бир неча марта чиройли шаҳарга айланган бўлиши мумкин бўлса ҳам, Басра шаҳри менга ёқади.
Йил охирида бир томондан жанозалар билан алоқам узилган бўлса, бошқа томондан ҳарамдаги дарслар кўпайганидан кўпайди. Балки мен ўша машҳур воқеани кўрган саноқли одамлардан бири бўлсам керак. Ўшанда уларнинг бири “Юлдузли йўлларга эга бўлган осмон билан қасам” оятини тафсир қилар экан, қуйидагича деди: “Осмон – бу ўша осмон” – дея қўлини ишора қилди, – “Юлдуз йўли – бу сиз ва биз билмайдиган нарса…” Бу воқеани бир-бирларига айтиб берардилар, узуқ-юлуқ қилиб айтардилар. Ўзини шу илмга бахш қилган ўша фақиҳ билимсиз бўлмаган, у шунга қўшимча қилиб, “Лекин уламолар юлдузли йўллар ҳақида бундай-бундай дейдилар,” деб қўшиб, ҳар томонлама шарҳлай кетди. Ўша куни ўтирганларнинг барчаси “Юлдузли йўллар” дейиш билан нима назарда тутилганлигини тушуниб етдилар. Энг қизиқарлиси, ўша пайтларда араб тили грамматикаси турклар усули бўйича ўқитиларди.
Кўнгил айниш йилидан кейинги йилнинг бошларида бу муаммо ниҳоя топди. Бу руҳий ривожланишни “Баҳорнинг тенг кунлиги” деб атадим. Онам ният қилган назрларига вафо қилиб, бир қўй сотиб олдилар. Унинг гўштини пишириб бир неча бечораҳол одамларни чақириб, ўша пайтларда машҳур бўлган нўхат ва пиширилган гуручнинг ажойиб аралашмасидан тайёрланадиган таом билан меҳмон қилдилар.

15

“Ас-Саллулий” ва “Боб Ажёд” ўртасидаги тор кўчада Суфённи онда-сонда учратиб турардим. Кўчанинг торлигидан икки одам бир-бири билан учрашиб қолса, жилмайиб қўйишдан ёки бир-икки оғиз сўз айтишдан ёки ўзини кўрмаганга олиб кетишдан бошқа иложи йўқ эди. Шунинг учун қаршисидаги одамга очиқ чеҳра билан қарашга мажбур қиладиган, дунёда бор саноқли тор кўчалардан бири, шу йўлак бўлса керак. Болаликдаги дўстим Суфённи эса у билан бўлган алоқаларимдаги аламли тажрибаларим бўлишига қарамай, кўрмасликка олиб ўтолмасдим. Учрашувимиз бир неча дақиқа давом этса-да, шу вақт ичида мен ундан қилган ёки қиладиган ишлари ҳақида сўрардим, у эса у ёки бу эски дўстлари ҳақида суриштирарди, сўнг ҳар биримиз ўз йўлимизда давом этардик.
Бир жума куни эрталаб тўсатдан эшик тақиллаб қолди. Бир неча йил олдинги бир жума куни содир бўлган воқеа ёдимга тушди. Аллоҳдан шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўрадим.
Кўп шеърий қасидаларда “Кишилар бўйинларин узиб” дея мадҳ этилса-да, “Думалаб тушаётган каллаларни кўришга тоқатим йўқ”, – дея, у билан бормасликка қарор қилдим. Лекин у “Бу сафаргиси умуман бошқача”, – деб кўнглимга қизиқиш солиб қўйди. Аллоҳга таваккал қилиб, у билан бирга уйдан чиқдим.
Суфён олдинги сафар олиб борган жойига бошламади, балки, аксинча, уйимизга яқин бўлган “Жабрат” тор кўчаси томон йўл олдик. “Жабрат” деб аталишининг сабаби ўша кўчада шу ном билан аталадиган чорбоғ бор эди, у ҳақда “У такруний бир зинжи, онаси жабратия” деб бошланадиган машҳур қўшиқ ҳам тўқилган.
Ўша тор кўча бўйлаб бир оз юргач, қадимий Етти қиз тоғи томон одимладик, йўлнинг ярмига етганимизда, Маккадаги у ёки бу тоғли жойларнинг бағрига қурилган бинолар қаторидаги бир кичик уй олдида икки полициячи турганини кўрдим. Ўзимдан-ўзим жойимда тўхтаб қолибман ва оёқларим орқамга тисарила бошлади. Лекин Суфённинг (оёқлар тойиладиган кунда Аллоҳ унинг оёғини мустаҳкам қилсин) бир ўткир қараши билан менинг оёқларимга куч кирди. Орқага юришдан тўхтадим ва унинг изидан юра бошладим. У эса полициячиларнинг ўнг томонига йўл олди, сўнг букчайганича, энгашиб айланиб ўтди. Бир қарашда нега ундай қилаётганини тушунмадим. Яна бир бор, лекин уйнинг бошқа томонидан уларга яқин жойга келиб қолдик. Полициячилар жойларида туриб бизни сезмадилар. Бирор гап айтмай, ёки бирор нарса тушунтирмай, уй яқинидаги дарахт шохига чиқди. Сўнг дарахт орқали ҳалиги уйнинг юқори деразасидан ичкарига кирди. Бундай баландликдан йиқилиб тушишдан қўрқиб, оёқларим ўзимга бўйсунмаган ҳолда дағ-дағ титрашига қарамай, унинг қилганларини бажаришдан бошқа иложим йўқ эди. Хайриятки, йиқилиб тушмадим.
Кирган хонамизда эътиборни тортадиган деярли ҳеч нима йўқ эди. Оддий хоналардагидек: тўшалган шероз гиламлари, бир неча оромкурси, ерга тўшалган кўрпачалар ва зина. Суфён ўша зина орқали ўнг томондаги бошқа хонага кирди, мен эса, ҳойнаҳой, воқеа шу ерда содир бўлган бўлса керак, деб ўйлардим. Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлиб чиқди, хонада ҳамма ёқ ағдар-тўнтар, остин-устун бўлиб ётар, кўрпачалар, идишлар, стаканлар, ва тўшакни қоплаган катта доғнинг табиий омиллар асосида қотган қонлиги кўриниб турарди. Одатдагидай, ҳеч нима тушунмай, қўлим билан кўрсатиб, нима гаплигини сўрамоқчи эдим, Суфён, кўрсаткич бармоғини оғзига қўйиб, менга жим бўлгин дегандай ишора қилди. Сўнг аввалги хонага, кейин дераза ва дарахтга ўтиб, тоғ йўли орқали уйимизга яқин бўлган жойгача яна бирга олиб келди ва тилга кириб: “Сен кўрган қон қолдиқлари Бахтиёр амакиники”, – деди. “Боб Сафо” ёнида жойлашган дўконда шароб сотувчи Муҳаммад Али ал-Асхарютий уни ўтган тунда ўлдирибди. Чунки уни ал-Асхарютий ўз синглиси билан бирга “ушлаб” олган экан. Шундан сўнг Бахтиёр амакини ва ўша заҳоти синглисини ҳам ўлдириб, қўлида пичоқ билан полиция маҳкамасига бориб ўзини топширибди. Сен кўрган икки полициячи эса, бу иш бўйича тергов тугагунча ўша уйни қўриқлаб туришар экан. Бомдоддан олдин икки жасад олиб кетилибди”. Сўнг, “Муҳаммад Али ал-Асхарютий келаси жума қасос олиниб ўлдирилар экан” – деб қўшиб қўйди. Бу башорат асрнинг тўртдан уч қисми ҳам ўтибдики, ҳалигача амалга ошгани йўқ.
Ўша куни эрталаб руҳиятим тушгандан тушиб кетди. Нима учун? Балки бу кўнгил кўп нарсаларни хоҳлар, яъни мени кўнглим кўрганларимдан кўра кўпроқ нарсадан хабардор бўлмоқчидир, қайдам. Балки, фақат қон қолдиқларини кўришнинг ўзи шунча овора бўлиб боришга арзимасдир.
Шуниси аниқки, бўлиб ўтган ҳодиса менинг қалбимда эсда қоларли из қолдирмади. Ҳозир эслаб туриб шу нарсалар хаёлимдан ўтади. Агар бирор из қолганида эди, балки мендан кейинги авлодда юз йил ўтиб намоён бўлган бўларди. Менга айтишларича, кўрган-кечирганларинг, эшитганларинг, сенинг фойдангга бўладими ёки зиёнинггами, ихтиёрий ёки ғайриихтиёрий равишда онгингда сақланиб қолади, сўнг ўзингга ёки кейинги авлодга туш шаклида ёки мия катакчаларида ва ирсиятда таъсири кучли бўлган бўлса, уйғоқлик ҳолатида зоҳир бўлади. Шунинг учун эркакми, аёлми, балки минг йил ўтгач, қотган қон кўлида сузишни, ёнида Суфёнга ўхшаш ёнбошидан шох ўсиб чиққан ва машҳур шайтондек қаҳ-қаҳ отиб кулаётган кимсани тушида кўриши бўлиши мумкин бўлган ҳодиса. Шундай бўлиши ҳақиқатдан йироқ эмас, туш кўрган қиз-ўғил набиралар руҳий табиб ҳузурига бориб уни ҳайрон қолдирадилар. Замонамиз руҳий табиблари, ҳозирги авлод болалари, яъни биз кўрган қон қолдиқлари юзасидан маъқул жавоб топа билмаганларидек, уларнинг дардларига ҳам даво тополмайдилар.
Яқинда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг қотиллик жиноятлари ва ўз жонига қасд қилиш ва шунга ўхшаш воқеалар ҳақида ҳисоботини ўқимаганимда, ал-Асхарютий ва бошқалар эсимга тушмаган бўларди. Бу ҳисобот беш юз саҳифадан ортиқ китоб бўлиб, дунёда мавжуд қишлоқ хўжалиги ёки саноатга ихтисослашган жамиятлар – қора кўзлар ёки кўк кўзлар, илиқ шароитда қиши ёмғирли ёки ёзи иссиқ-совуқ бўладиган жамиятларнинг ҳаёти акс эттирилган. Шунингдек, бу ҳисоботда турли хил жиноятлар ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг янгича усуллари, осон ва самарали йўлларини бепул маслаҳат берадиган жамиятлар мавжудлиги ҳақида маълумотлар бор. Юқоридаги воқеалар шимолий давлатларда ҳамда саноатлашган жамиятларда кўп учраётгани ҳақида маълумотлар келтирилган.
Менинг юқоридаги қимматли ҳисоботга заррача эътирозим йўқ, бироқ саноатлашган сўзидан сўнг фақат “саноатлашмаган” сўзини ҳам қўшилишини хоҳлардим. Шунда “саноатлашган ва саноатлашмаган жамиятлар” бўларди. Бунга сабаб, биринчиси ал-Асхарбутий ва ундан сўнг шу давргача мен билган қуйидаги жиноятлар: ал-Малканийнинг қизи қора чироқнинг ёғини сочига қуйиб ўзига ўт ёқиб юборгани, энг камида икки кишининг “Хандама” тоғининг энг пастидаги ҳаммом қудуғига ўзларини ташлагани, яна учинчи жасадни мен билмаган бошқа жарликлардан топилгани ва менга таниш бўлган бир кишининг заҳар ичиб ўлгани ва ҳ.к.
Шуниси маълумки, юқоридагилардан бирортасининг ҳам кўзи кўк эмас, шунингдек, ўша даврда биз шимолда яшаганимизни эслолмайман. Мен таклиф этган оддийгина бир қўшимча билан бу ҳисобот кенг қамровли аниқ ҳисоботга айланади.

16

Бир куни Масжид ул-ҳарамдаги дарслар тугагач, устозимиз (эсласам кўнглим ёришади) менга кутилмаган фикрни айтди. Хуфтон намозидан кейин уйида грамматикадан бошқа янги бир китобни талабаларнинг кичик бир гуруҳига хусусий дарс сифатида ўқитаётганини, илм олишга бўлган иштиёқимни кўриб, мени ҳам уларнинг сафига қўшилишимни айтиб хурсанд қилди. Мисфала маҳалласидаги уйини тушунтиргач, бирор нарсани ўтказиб юбормаслигим учун дарсга кеч қолмаслигимни қаттиқ уқтирди.
Кўпчилик одамлар орасидан танланишинг ва қайсидир иш учун озчилик танлаб олинганлар ичидан бири бўлишинг шаксиз ҳаяжонга солиб, эътибор ва мамнунлик ҳиссини беради. Лекин онам бу фикрни қатъиян ман этдилар. Чунки киришим мумкин бўлган жойлар ҳам ҳатто саноқли бўлиб, улар Асмо холамнинг ва ён атрофдаги айрим қўшниларнинг уйлари эди. Хуфтондан кейинги вақт ҳам мен кабиларнинг ёшига, шунингдек, кундуз тирикчилик учун, кечаси ором учун яратилган деб одатланган авлодимиз учун ҳам тўғри келмасди. Ўша онам хоҳишимни рад этган тун уларга нисбатан “фуқаролик исёни” деб аталадиган ишни ўзим номламаган ҳолда амалга оширдим, кечки овқатни ейишдан бош тортдим, яна ўз вақтида ухламадим, ҳовлини ёритиб турган қорачироқ ўчганидан кейин ҳам қоронғуликка термулганча узоқ вақт уйғоқ ўтиравердим. Тун бўлгач, онам ўз фикрларига кўндириш учун келган эдилар ҳамки, мен ўгирилиб олдим. Боргим ҳам келмай қолди. Ахир қайсарлик қилишимга онам сабабчи эмасми? Тўғри, кишининг нима ўқитишини билмай туриб бунчалар бораман деб туриб олиши яхши эмас. Лекин, эртасига ўзим ва устозимиз олдидаги хижолатчилик, “онам уйингизга бориб талабалар сафига қўшилишимга рухсат бермадилар” деб айтдим. Мана шу икки сабаб туфайли ўша йиғилишда иштирок этишим керак деб туриб олдим. Онамнинг рад этишлари узоққа чўзилмади. Тун ярмига етмай туриб, ахири боришимга рози бўлдилар. Аллоҳга таваккал қилиб, балою офатлардан омонлик сўраб, йиғлаб-сиқтаганча, тор, қоронғу кўчалардан юрмасдан, катта кўчанинг четидан эмас, ўртасидан юришимни, имкон борича кўзимни каттароқ очишимни бот-бот тайинладилар. Ҳамма айтганларини тафсилотлари билан эслаб қолиб, тўлалигича амалга оширдим.
Биринчи кечадаёқ ҳар биримизга – муаллифи номини осонлик билан эслаб қололмайдиган – “Миллатлар ва мазҳаблар” деб номланган китоб тарқатишди. Бу икки сўзнинг маъносини тушунмаганим учун, айниқса иккинчисини, фикримни бир жойга қўйиб китобни зўр бериб кўра бошладим. Шояд, саҳифалардан чигалликларни ечадиган бирор нима топилиб қолса, қани энди, ақлни қаттиқ ишга солиш натижасида олдимда турган нарсани тушунтиришда ёрдам берадиган бирор нима чиқса. Булар қийинчилик туғдиргач, у ёки бу чигалликни ечишда ожизлик қиладиган башар, яъни одамларга доимо ёрдамга келган энг катта фазилат бўлмиш жимликка юз тутдим.
Биз бир неча нафар, аниқроғи, етти нафар эдик. Ўша тунгача уларнинг бирортасини ҳам танимас эдим, кимлигини сўрамадим ҳам. Ўша пайт одамлари ҳозиргидек, танимаган одамга ўзимизни таништирганимиз каби иш тутишмас эди. Ҳозирги даврдагидек ҳеч кимнинг ташриф қоғози ҳам йўқ эди, устозимиз ҳам бизни бир биримизга таништиришга бефарқ қарадилар. Дарс учун тайёрланган жойга кичик доира шаклида ўтирдик. Доира – яъни ҳалқа ҳақидаги сир-асрорлар ҳалигача очилгани йўқ. Овқатланиш столи атрофида, масжиддаги дарсларда ҳам доира бўлиб ўтирардик, Байтуллоҳни ҳам доира бўлиб тавоф қилар эдик, савдо соҳасидагилар: олувчи ва сотувчилар ҳам доира бўлиб оладилар. Ҳозирги кунда шоирларимиз ҳам шеърият осмонида, бор куч-ғайратларини сарфлаб ёки аксинча, муҳими бу эмас, доира бўлиб парвоз қиладилар. Аёлларимизнинг ҳам ўзларига яраша доиралари бўлган.
Ҳеч қанча вақт ўтмай, устозимиз муаллиф, унинг туғилган жойи, ҳаёти ва ижоди, исмининг келиб чиқиши, ўзи туғилиб ўсган қишлоғи ва шу кабилар ҳақида шундай сўзладики, унинг ҳаётига қизиқиб қолдик. Ўзимизни гўё ўша муаллиф билан олдиндан мустаҳкам алоқаси бор таниш одамлардек ҳис эта бошладик.
Биринчи дарс ниҳоясигача китобнинг номи – ҳар қандай китоб номидан бошлаб ўқилади – барчамизга тушунарли бўлди. Китоб сарлавҳасидаги “мазҳаблар” сўзининг маъносини ҳам тушуниб олдик. Барчанинг юзида ризолик аломати зоҳир бўлди. Китоблар йиғилди ва бир тўп қилиб хонанинг бир четига қўйилди.
Кичик ёшдаги, озғингина бола келгунча, ҳаммаси маромида кетаётган эди, балки у хизматкор бўлса керак, у бизга косаларда қизил рангли ичимлик олиб келди. Олдин бунақасини кўрмагандим. Онамнинг гаплари эсимга тушиб, кичик косадагилар нима экан дея кўзларимни катта-катта очиб қарадим. Лекин у биз одатланган чой эмасди. Унинг ранги чойникидан фарқ қиларди. Яна чой меҳмонга иссиғида тортилса, у бироз совуқ эди. Шунинг учун бошқаларнинг ичишини кутиб турдим, уларнинг юзларида таъми ёқмаслик аломати сезилмагач, мен ҳам ича бошладим. Бироқ ёқмади, иккиланганча, мезбон бўлмиш устозим билан кўзимиз кўзимизга тушмаслиги учун шифтга тикилдим. Барибир буни сезган устозим: – Ич, Муҳайсин, бу “ирқсувс”, қон ва асаб учун фойдали, – деди-да, бошқа чурқ этмади. Ичимлик ва унинг номи менга бегона бўлиб, эшитилиши ҳам ёқимсиз эди. Ичимликдан завқланаётганимни кўрсатишга ҳаракат қилиб, ҳеч нима бўлмагандай яна бир-икки ҳўпладим, лекин фойдасиз. Фикру хаёлим хонада коса ичидагини тўкиб юбориш учун холи жой қидиришда бўлди, гўё тасодифан тўкилиб кетгандай кўрсатиб, бироқ шу билан бирга хонадаги ҳеч қайси жиҳозни ифлос қилмаслигим керак эди. Шундай қилмоқчи эдим ҳамки, кузатув остида эканман, шекилли, устозимиз мени бу ҳолатдан қутқариб қолишга ҳаракат қилди. Келиб, қўлимдаги косани олди. Хизматкорга тутар экан: – Муҳайсинга, ичимликнинг таъми ёқмади, – деди. Чуқур-чуқур нафас олдим. Чунки ўша пайт енгил нафас олиш менга одат бўлмаганди.
Менимча, гап ирқсувс деб аталмиш ичимликнинг таъмида эмас, балки ҳар қандай янги ва мен учун бегона бўлган нарсаларга нисбатан шак-шубҳа билан қарашимда бўлса керак. Балки бу онамнинг – эҳтиёт бўл, бегона қўлдан ҳеч нима ичма, одамларнинг уйларида овқатланма, кирма, чиқма ва мана шу каби кундалик ашулаларининг натижаси бўлса керак.
Менинг ўша аҳволим Мисрга борган журналистнинг ҳолатидан деярли фарқ қилмасди. Бу воқеа албатта, мендан кейин содир бўлган – келтирилган ичимликни “ароқ ичмайман” деб рад этади. Мисрлик мезбон бу ароқ эмас, шарқда кенг тарқалган тоза янги “кока-кола” ичимлиги деб изоҳ беради. Шунда меҳмон, номи ўзгаргани билан асли ўзгариб қолмайди, деб жавоб қайтариб, мезбонни ноқулай аҳволга солиб қўяди. Шунда мезбон саҳродан ташриф буюрган араб шайхининг кўнглини хотиржам қилиш учун бир пиёла қаҳва буюрган экан.
Дарслар ўз маромида, агар тўхтовсизлигини назарда тутилса, узлуксиз давом этарди. Ўтилган дарсни тушуниб ҳазм қилиш ва унга бўлган иштиёқ борасида эса, менимча, маромида эмасди. Баъзилар учун бу жуда ҳам секинлик билан силжишни талаб қиларди. Китобнинг бир саҳифасидан бошқасига ўтиш ҳозирда Атлантика океанининг бир соҳилидан бошқа бир соҳилига ўтишдан ҳам қийин эди.
Бир неча дарслардан сўнг бундай турли аҳволни тузатиш керак дея қарор қилдим. Кетишга шошилмасдан, устоз холи қолгандан сўнг, тортинибгина “Миллатлар ва мазҳаблар” ни, яъни ўша китобни дарсга олдиндан тайёрланиб келиш учун ўзим билан олиб кетишим мумкинми, деб сўрадим. Шайхимиз китобни кир қилмаслик, муқовасини ёки бирорта ҳам саҳифасини йиртмаслик шарти билан олиб кетишимга рози бўлдилар. Шундай қилганим шароитни яхшиланишига яхши таъсир кўрсатди. Нафақат дарс жараёнига киришишимнинг осон бўлгани, балки баъзи саволларни ташлаб, у ёки бу жамоа айтган фикрлари устида мунозара қилишгача бордим. Шуларга қарамай, саёҳат охирги нуқтасигача бормади. Қайсидир сомон, яъни миллатни назарда тутяпман, отнинг белини, яъни менинг белимни синдирди. Билолмадим, балки у “Рофида” ёки “Жаҳмия” оқимларидир ёки иккаласи ҳам. Муҳими шуки, мен ҳам дарслардан ўзимни торта бошладим. Унда ишчилар заводларига хоҳлаб-хоҳламай жуда секин кириб борадилар. Бу секин ҳаракат қилиш кун бўйи давом этади, лойиҳа иқтисодиётига таъсир кўрсатадиган даражада ишлаб чиқариш пасаяди. Бу эса уларнинг талабларини кўриб чиқишга мажбур этади. Шундай бўлса-да, қонун тазйиқи остида қолганликлари сабаб, исён эълон қилмайдилар, уларга қилинган тақсимотдан рози бўлмайдилар. Натижада аҳволларини яхшилаш мумкин бўлган фурсат ўтиб кетади.
Бир куни бир неча дақиқага кеч келдим, кутиб туришган экан. Иккинчи марта кечга қолдим, яна кутишди, лекин ташқи эшик ва хона эшиги ўртасидаги йўлакдан келаётганимни эшитган устозимиз баланд овоз билан йўталиб қўйди, гўёки у “сабрнинг ҳам чегараси бўлади-да,” деб огоҳлантираётгандай эди. Учинчи марта эса дарс тугаганда келибман. Уйга қайтар эканман, тор кўчалар оралаб мақсадсиз дайдидим.
Ўша куни биринчи маротаба ғаройиб бир туйғуни ҳис этдим, гуё сен қандайдир бир жойда турибсан-у, бошқалар эса сени бошқа жойда деб ўйлашади ва сен замоннинг буюк сир-асрорларини яшираётгандек, ўзингча кулиб қўясан. Устозимга шахсий сабабларга кўра дарсларга қатнашолмаслигимни айтиб, китобини қайтариб бердим. У эса қандай сабаблигини суриштириб ҳам ўтирмади, сўраб қолганида нима дейишни ҳам аслида билмас эдим. Билганим шу бўлдики, китоб қамраб олган фикрий чалкашликлар тўфони менга ёқмади, яъни мени охиригача давом этишимга йўл қўймади. Бирор-бир мазҳаб ёки оқимни қўллаб-қувватлаш учун айтилган ҳар бир далил-ҳужжат менга мантиқийдек кўринарди.
Шайх эса уларга эътироз билдириб, ҳар доимгидай “Агар сенга бундай дейилса, унинг жавоби қуйидагича” деб давом эттирганча сўнгги қарорни чиқарар, сўнгра яна бошқа далил-ҳужжатни шарҳлаб, шу йўсин танқид этишда давом этарди. Ахири, ҳар бир далил шундай танқид остига олинаверса, бунинг нима фойдаси бор деган фикрга келдим.
Ўша кезларда ўзим учун бирор фойдали нарса олдим дейдиган бўлсам, у ҳам бўлса мени қизиқтирган мавзу устида кескин тортишувлар олиб бориш ва шу билан бирга ўз фикримни ўзгаларга ўтказиш қудратини бир зарра бўлса ҳам ўргандим. Бу иқтидоримни сезган ҳолда, табиийки, бир неча йилдан сўнг, даъвочи, яъни ҳозиргилар айтганидек, адвокат бўлишни ҳам ўйлаб кўрдим. Ҳар қалай, ҳар қандай муаммони ҳал қилиш ва уни ҳимоя қилиш қўлимдан келишини ҳис этардим. Лекин, бу соҳадаги одамларнинг бир-бири устидан туҳмат ва бўҳтон ёғдиришларини билгач, адвокатлар ва шуларга ўхшашлар қаторида бўлмаганимга шукрлар қилдим.

17

Мактабнинг юқори синфлар босқичига ўтганимизда ўқувчилар сони кескин қисқариб, бир неча нафаргина қолдик, уларнинг биттаси мен эдим. Кетганларнинг бирортасига ҳам кичик ва заифларни безорилардан ҳимоя қилишда соясининг ўзи кифоя қиладиган Аҳмадга ачинганчалик куюнмадим. Ўша пайт орамизда “Ҳисом аскар” дегани бўларди. Бошданоқ бир-биримизни ёқтирмасдик, ўзаро салом-алик қилмасак-да, ҳар ким ўз иши билан ўзи машғул бўлиб, ҳеч ҳам шу пайтгача сан-манга бормаган эдик. Балки у аждодларимдан бирининг душмани бўлган-у, унинг сурати менга кўчганидан ёмон кўргандирман. Ёки уни ёқтирмаган яқинларига ўхшашлигим сабабдир. Хуллас, ўзаро ёмонлигимиз бўлмаса-да, бир-биримизни кўргани кўзимиз йўқ эди. Муҳими, Ҳисом шароит туғилгач, менга ташлана бошлади. Талабалар ичида жисмонан кичик бўлганим учун яккама-якка жангга ким чақиргудай бўлса енгилишим аниқ эди. Ҳақиқатан ҳам енгилдим, бу эса уни янада кеккайтириб юборди. “Аскарни бетарафлаш” стратегиясини қўллашни бошладим. Стратегиямнинг биринчи режаси – дарс тугаши биланоқ шиппагимни қўлтиғимга олиб, қоқилмаслик учун этагимни шимариб, имкони борича тез югуриб маҳалламиз ҳудудидаги савдогарлар жойлашган жойгача етиб бориб, уларнинг рўпарасида туриб олиш эди. Шу усул билан бир неча бор омон қолдим. Лекин “аскар” кўп ўтмай қилаётган ишимни сезиб қолди. Мендан олдин кўчага чиқиб, жанжал, унинг кетидан олишув бошлар эди. Ҳатто бу ҳаётимдаги кундалик дастурнинг бир қисмига айланди. Ўзимни ҳимоя қилиш усулларини ривожлантирдим, яъни тишлаш ва баъзи нозик жойларини ушлашни қўллашга қарамай, ҳар гал енгилар эдим. Бу иккала усул ҳам ўша давр жанжалкашлари таъбирича – “ўғил бола”нинг иши эмасди. Бутун хаёлим унинг ёмонликларидан қутулиш бўлиб қолди, лекин бирор тўхтамга келмадим. Кеч тушди.
Хуфтон намозидан сўнг Масжид-ул-ҳарамдан уйга қайтаётгандим, эшигимиз олдига келганимда, ўша ерда одамми ёки арвоҳми – билмадим, нимадир турганини сездим. У орқасида каттакон ё қоп, ёки халта кўтариб олганга ўхшарди, қопи ўзидан кўра каттароқ эди. Юк кўтариб пойлаб турган шарпанинг менга гапириб қолишига фурсат қолдирмаслик учун эшикни тез очиб, ичкарига кирган эдим ҳамки, шунда эшик тақиллаб, у: – “Муҳайсин, Муҳайсин”, деб паст овозда чақира бошлади. Эшикни тақиллатаётган Суфён эди. Ўшалигини билгач, бирор мурданими ёки жуссани орқалаб келганми, деб ўйлаб, қўрқувдан тепа сочим тик бўлиб кетди. Лекин у эшикни қоқишда давом этиб, “Муҳайсин” деб чақираверди. Эшикни қия очишдан бошқа чорам қолмади. У эса, “қопни бир неча кунга уйларингдаги даҳлизга қўйиб турай,” деб сўради.
Шу лаҳзада илҳомга ўхшаш бир нарса келганидан қопнинг ичидаги нарса ва уни уйимизда яшириш оқибатларини ҳам ўйламай, ҳеч иккиланмасдан, “фақат бир шарт – “Аскар” билан олишасан,” – деб юборибман. Фикру хаёлим фақат Аскарни мағлуб қилиш эди. Суфён ҳам дарҳол – “Розиман, лекин уришишим керак бўлган “Аскар” деганинг ким ўзи?” – деди.
– Ҳисом, – дедим.
– Ким у Ҳисом?
– Синфдошим.
– Гап йўқ…
Эшикни очдим. Суфён юки билан даҳлиз охиригача юриб бурилиши керак бўладиган жой “кўмирхона” – одатда, уйларимизда кўмир сақланадиган ергача борди, юкини қўйиб кейин судраганча жанубий бурчакка жойлаштирди. Бу билан юк кирган-чиққанларнинг кўзидан пана бўлди. Сўнг эшик томон йўл олди. Қўлим билан тўхтатиб, “Аскар нима бўлади”, – деб сўрасам, – “Эртага асрдан олдин мактабдан чиқишларингни кутиб тураман. Мени кўрганингда унга ишора қилсанг бас, мана кўрасан”, – деди. Ҳақиқатан ҳам уни кўриб, хурсанд бўлиб кетдим. Лекин унинг чеҳраси очилмади. Аксинча, кўкрагини кериб, важоҳатли тарзда турарди. Секингина “Аскар”га қўлим билан ишора қилишим билан Суфён унинг олдига бориб, э йўқ, бе йўқ бир шапалоқ қўйиб юборди. Зарба Ҳисомни шунақанги силкитдики, ҳаётида ҳали бунақасини кўрмаган бўлса керак. Мувозанатини бутунлай йўқотишидан олдин Суфён Ҳисомни боши устидан кўтариб ерга отиб юборди. Кейин кўкрагига тиззалаб туширди-да, мушт ва тепки мазасини тоттира бошлади. У ҳам камлик қилгандай, бошини ерга бураб, пешонасини тупроққа ишқалай бошлади. Сўнг икки қўли билан кўйлагининг ёқасидан ушлаб тагигача йиртиб ташлади, натижада унинг кўйлаги ўша замонда кийиладиган “жубба”га ўхшаб қолди. Менга қараб “Етадими?” деди. Бошимни ликиллатдим. Аскарни жойида қолдириб, қўлимдан тортганча жўнаб кетди.
Ўша воқеадан сўнг Ҳисом бир неча кун мактабга келмади. Келган куни эса янги кийимда, сочи тоза олинган, унинг руҳида “таслим бўлдим” деган кайфият сезилиб турарди, бу кайфият ўқув йиллари тугагунга қадар давом этди. Биз иккаламиз бир-биримиздан узоқлашиб кетдик.
Ўшанда мен заифлар ўз фойдаси учун кучлиларни қандай жазолаш мумкинлигини, бунинг учун, қўлларидаги бор имкониятдан ёки қоронғу йўлаклардан ҳам фойдаланиш яхши эканлигини билиб олдим.
Ўша тун Суфён кўмирхонада қолдириб кетган қопда нима борлигини кўришим керак эди. Қўрқибгина оғзини очиб қарасам, эски кавуш ва оёқ кийимлардан бошқа ҳеч нарса йўқ экан, ҳайратим ошди. Бир неча кундан кейин бу ишнинг тагига етдим.
“Боб Ажяд”нинг таҳоратхонаси яқинида этикдўз-ямоқчи бор эди. Суфён ўша ерга ўғриликка тушибди. Уста хуфтон намозига кириб кетгач, тагига солиб ўтирадиган қопни олиб бир қулоч бўлиб ётган оёқ кийимлари билан тўлдирибди, орқасига ортиб жўнаб қолибди.
Ўша тун Суфён Шайх Исҳоқ башорат қилганидек, хочга қоқилиб, фожиали ниҳоя топиб, қушлар бошидан чўқиса керак деб ўйладим.
Қопдагиларни нима қилди, дерсиз. Кунда иккита ёки учтасини олиб, у ёки бу этикдўзга бир неча “ҳалала”га ёки иши юришганда бир неча “қирш”га сотиб келарди. Шу зайлда ҳаммасини сотиб тугатди. Айтишига қараганда, “Муддаий” деган жойнинг “Роқуба” торкўчасидаги этикдўз энг яхши мижозларидан экан.

18

Мактабнинг юқори босқичида ўқиётган давримизда мактаб кутубхонасидан бир ёки бир неча китобни вақтинчалик олиб ўқишимиз керак эди. Мактабнинг анъаналарига кўра бир эмас, бир неча ўқитувчиларнинг қистовига қарамай, ҳеч бир ўқувчи бу ишни ўз–ўзидан қилмас эди. Кунларнинг бирида мактаб мудирининг хонасига китоб олиш учун кирдим. У оромкурсига ўтириб олган, олдида бир пиёла чой, қамишдан ясалган пашша ўлдирадиган бўлиб, пашшаларни қўриб ўтирарди. Тўпланган пашшалар тарқалар, сўнг чой қуйилган пиёла ёнига яна қайтар, у эса ора-орада чойдан ҳўплаб-ҳўплаб турарди, сўнг яна пашша қўришда давом этарди. Мени кўриши биланоқ киришимнинг сабабини, менинг кимлигимни суриштирмай, қўли билан “Чиқ!” деган ишора қилди. Лекин мен, аксинча, у томонга боравердим. Сўнг яқинлашдим-да, “Мен Муҳайсинман”, – дедим. У эса одат бўлмаган ҳолни бошқалар ҳам кўришини хоҳлаб, у ёқ-бу ёққа қаради-да: “Муҳайсин? Қайси Муҳайсин?” – деди.
–Муҳайсин ал-Биллий, юқори босқич ўқувчиси бўламан.
–Ҳа-а-а, китоб олмоқчимисан?
–Ҳа.
У қўлини эски қоп устида бир уюм бўлиб ётган китобларга узатиб, ичидан биттасини олиб берди ва менга қараб:
– Варақларини йиртма, устига овқат қўйма, кир бўлади, – деб, яна пашша ва чойи билан овора бўлди. Мен эса ўз синфхонамга қайтдим. Билишимча, ўша мудир мактабимиз ҳомийси бўлмиш осиёликлар ҳайъати томонидан тайинланган бўлиб, бу муҳим вазифани бажариш учун ўша ердан жўнатилган экан. Кўриб турганингиздек, мудир ўша вазифасини ва мактаб ишларини ўша тонгда менинг ишимни қандай бажарган бўлса шундай бажаряпти.
Ўша китоб кам саҳифали, шеърий китоб бўлиб, аслини олганда бир дона қасида экан. Қайсидир “ал–Андалусий”нинг “Давр устидан ҳажвия” қасидаси эди. Шеър мен учун янги нарса бўлиб, фақат ёдлаш дарсларида ёд олганимдан бошқасини билмас эдим. Эътиборлиси ас–Самуалнинг “Бизнинг тоғимиз бор” қасидаси бўлиб, ўзимиз шундай номлаган эдик, чунки қасида ичида “Бизнинг тоғимиз бор, кимни ҳимоя қилсак, уни ўша эгаллайди”, – деган сатрлари бор эди. Ҳажвий қасиданинг маъносини ва йўналишини ўқиб тушунишда бироз қийинчиликлар туғилди. “Давр устидан ҳажвия” қасидасини назарда тутяпман. У ёки бу сўзнинг маъноси, ёки бутун бошли жумла ҳақида бир неча мактаб ўқитувчиларидан маслаҳат сўрар эканман, китобни якунлагач, ўша даврга нисбатан ачиниш ҳиссини туйдим, чунки ўша замон мумкин бўлган энг қабиҳ суратда ҳажв қилинган эди. Узоқ вақтгача бир неча байтларини ёд олиб юрдим. Сўнг иккинчи китоб, учинчиси, ҳаммаси ҳажвиялар. Кейинроқ мактаб мудирининг нима сабабдан китоб олиш учун келганларга бир тартибда шундай китобларни мажбурлаб бераётганини сездим. Балки у “ёвуз ният соҳиби”, балки ҳақиқатан ҳам воқеий инсондир ва келажак кишиларининг ҳаётнинг фақат қоронғу томонларини кўришларини хоҳлар, чунки уларга бошқа жиҳати кўринса, уларнинг хурсандчиликлари икки баравар бўлиб кетар эди.
Менингдек ўша уч китобчани ўқиганлар албатта ал–Мутанаббийнинг “Ибн ат–Туртубба” ҳажвиясини ҳам ўқиган бўлишлари керак. Шоирнинг айнан мана шу шеъри ҳаётига зомин бўлди. Ўйлашимча, Хуросон йўлида ўша Ибн ат–Туртубба бир неча ҳамтовоқлари билан шоир йўлини тўсиб қиличлари билан бошини танасидан жудо қилганлар. Шундай бўлишига қарамай, инсонлар қалбида ўша гўзал қасида қолдирган таассуротни ҳеч бир нарса ўчира олмайди.
Мактабимизда ҳажвияга оид шу уч китобдан бошқа китоб йўқлигига худога шукрлар қиламан! Агар акси бўлганда, қолган ўқув йилини одамларнинг мавқелари устидан кулиш-у, қонун тазйиқи остида бўлган нарса ва шахсларни қоралаш билан ўтказар эдим. Сўнгги икки йил мобайнида мактабда мавзу жиҳатдан турли ривоятлар, таржима қилинган қиссалар, шеърий девонлар ва ҳар хил бошқа китобларни ўқидим. Масалан, бири Арасту деган шахс ҳақида, уни ўқиб ҳеч нима тушунмаганман, иккинчиси фалакиёт, учинчиси минераллар кимёси ҳақида. Бир-бирига боғлиқ бўлмаган китоблар. Уларнинг бирортасини ҳам ўзим танламаганман. Китоб танлаш ўз ихтиёримизда бўлмай, ўқиш учун китобни мудир танлаб берар эди. Китобхонлар сони ҳам уч нафар бўлиб, улардан бири мен эдим.
Китобни, кўпинча, чироқлари кўплиги туфайли Масжид–ул–ҳарамда ёки уйимизга яқин бўлган кўча чироғининг нури тушиб турадиган торкўча бурилишида ўқир эдим. Ўқиш жараёни тик турган ҳолда давом этиб, оёқлар толиб увишгудай бўлса, у ёқ–бу ёққа бориб ҳаракат қилиб олар эдим. Шаксиз, кўринишим ўтган–кетганларнинг эътиборини қаратмасдан қўймасди. Қанчадан–қанча йўловчилар тўхтаб, кўча муюлишида ҳар тун михланиб турган бу телбага қизиқмади, дейсиз. Ўқийверади, ўқийверади. Эси борлар мазза қилиб уйида ўтирибди. Фойдаси нима экан? Лекин уйдаги “шамчироқ” ўқиш учун етарлича ёруғлик бермайди. Эътибор қаратганлар ичида, юқорида айтиб ўтилган торкўча ниҳоясида яшовчи “Умар амаки” ҳам бор эди. Ёнимдан ўтар экан, бир неча бор тўхтаган ва биринчи маротабасида эса сен “Фалон” хонимнинг ўғлисан-а?” – деб сўраганда, мен – “ҳа”, жавобни берсам, қандай китоб ўқиётганимни сўраган эди. Китоб номини айтсам, бошини қимирлатиб, яна йўлида давом этганди. Ҳар сафар китобнинг ўзгарганини кўрса, саволини қайтарарди, калласини ликиллатиб яна кетаверарди.
Умар амаки ажойиб тенги йўқ шахс эди. У бутун маҳалладаги хусусий ва бошланғич мактаб китобларидан ташқари, бошқа китобларни ҳам мутолаа қилган ягона шахс эди. Балки у ҳукумат идорасида ишлаётган ягона одамдир. Балки олдин ҳамма қатори жубба кийиб, сўнг саудийлар даврида масъул ходим вазифасида ишлаётганда, ҳозирги плашсифат расмий “мишлах” кийганларнинг биринчисидир. Шунингдек, янги чиққан нарсалар бўйича ҳам маҳалланинг биринчиси эди – радио ихтиро қилингач, биринчи бўлиб радио олган, биринчи бўлиб тиббий кўзойнак таққан. Машиналар чиқа бошлагач, яқин кунларда биринчи бўлиб сотиб олган, шунингдек, ҳижозликлардан эмас, бошқа жойдан бўлган хизматкор ишлатган одам, яна…яна… Шу каби беҳисоб янгиликларни у билан бўлган алоқамиз чуқурлашган сари вақт ўтиши билан билиб боравердим.
Бир неча ой ўтгач, ўқиш макони бўлиб қолган ўша торкўча бурчагида турганимда, шайх Умар тўхтаб, унда бир қанча китоб борлигини, хоҳлаганимни олиб ўқиб турсам, хурсанд бўлишини, мен фақат бирор кун аср пайтида унинг уйига бориб, китобларини кўришим ва хоҳлаганимни олишим мумкинлигини айтди. Мен унга ташаккур билдирдим, у эса йўлида давом этди.
Эртаси куни кечаги гап ҳақида сўз очмай, узоқдан салом–алик қилиб ўтди. Ва у бир неча кун мана шундай қилди. Яна бир куни кечаси:
– Ҳалиги айтган таклифим ёдингдан чиқдими? – деди ва турган жойида – агар хоҳласанг, баъзи китобларимни шу ерга олиб келишим мумкин, – деди.
Ўшанда ўзимдан хижолат бўлиб кетдим ва:
– Йўқ, бунга ҳожат йўқ… Бормаётганимнинг сабаби ҳозир қўлимда ўқиётган китобим бор – тугатиб мактабга топширай, сўнг сизникига бораман, – дедим.
Ўша кеча унинг таклифини айтиб, онамдан маслаҳат сўрадим. Онам бир неча дақиқа сукут сақлаб қолдилар. Балки, хусусий дарсларга боришимни ман этган тунни ўйлагандирлар. Шунинг учун жавоб бермай, узоқ жим турдилар, мен яна такрор сўраганимда:
– Сенинг йўлингни тўсишни хоҳламайман, лекин ишнинг оқибати нима билан тугашини ўйламай туриб, сенга розилик беролмайман. Ўша шайх Умар “масончи”, буни ҳамма маҳалладагилар билади. Насронийлар юртига боради, мусулмонларнинг тилидан бошқа тилда гаплаша олди ва ҳеч ким билмайдиган катта китобларни ўқийди, – дедилар, сўнг: – Агар бораман деб туриб олсанг, на илож, биринчи маротаба сен билан бирга бораман. Унинг онасини танийман. Ёши бир жойга борган бўлса ҳам, яхши аёл. Одам танимай қолган бўлса ҳам, уни кўриб келаман, сен китобингни оласан ва бирга қайтамиз, – деб қўшиб қўйдилар.
Балки, ўша пайт шайх Умар “масончи” бўлгандир. Балки ундан ҳам баттарроқдир. Лекин, уйига кирганимда, биринчи бор кўзим тушган нарса бир соқолли чолнинг – отасидир ёки буваси – каттакон сурати эди. Ўша даврда сурат чизиш катта гуноҳлар қаторида ҳисобланарди. Нафақат маҳаллада, балки бутун Маккада бирон-бир суратхона, сурат босиладиган босмахона, на катталаштирадиган жой бор эди. Ҳеч ким деворга сурат осиш у ёқда турсин, бундай катта ҳажмдаги суратни уйига олиб киришга журъат этишни хаёлига ҳам келтира олмасди. Ё тавба, қаердан олиб келган экан–а?!
Суратга анграйганимча, остона ҳатламай жойимда туриб қолдим. Нима ҳам қила олардим – сурат осилган жойдан фаришталар чиқиб, шайтону жинлар кириб олмайдими?! Иккиланаётганимни сезиб, шайх мен томонга келиб қўлини узатди. Биринчи маротаба қўл бериб кўришишим. Узатилган қўлнинг шубҳаланарли жойи йўқ эди. Мен ҳам икки қўллаб кўришдим. У кулиб: – Бу отамнинг сурати. Бир неча йил аввал Лондонга сафар қилганимда олдирган эдим!.. Ажаб?! Онам тўғри айтган эканлар, эҳтиёт бўлишим керак.
Ўша куни шайтонлар маскан қилиб олган хонада ўтирмасдан, учта китоб олиб чиқдим. Афтидан, у ҳеч нима сезмагандай эди. Чиқиб кетаётганимда эса – “Китобларни ҳар бирини ўқиб чиққач, битта–битта олиб келасан, фақат куттирмасдан”,– деди. Айтганидай қилдим.
Ўқиб бўлган китобни топширгани борганимда, бирор марта ҳам қолишимни ёки ўтиришимни сўрамади. Салом-аликдан сўнг китобни бериб кетаверардим. Бироқ, учинчи китобни тугатиб олиб борсам, бирпас ўтиришимни сўраб, бошқа китобларини кўрсатди ва хоҳлаганимни танлаб олишимни айтди. Ўша куни у билан бир пиёла чой ичиб, бир неча дақиқа суҳбат қуришга мажбур бўлдим. Мен шундай қилишга олдиндан тайёр эдим. Лекин у жилмайишдан у ёғига ўтмасди. Унинг бу жилмайишига вақт ўтиши билан ўрганиб қолдим. Баъзида ёққан бўлса, баъзан эса ундан нафратланардим, чунки бу жилмайиш кўпинча ўша – “Туя тушунмаса, менга нима” иборасига тенг келарди.
Кунларнинг бирида ўқиб чиқилган китоблар ҳақидаги фикримни ва улардан бирининг қисқача мазмунини айтиб беришимни сўради. Мен бир таржима қилинган романни қисқача гапириб бердим. Хурсанд бўлиб кетганидан юзидаги ўша жилмайиш йўқолиб, кўзлари ёниб кетаёзди.
Ўша суҳбат ниҳоясида у мени ичкаридаги бошқа хонага бошлаб кирди. Ҳа, инсон хаёлига келмайдиган нарса. Юзлаб нафис жилдли китоблар ёғоч токчаларга ажиб тартибда устма-уст терилган. Э, қойил-е, “масончи”!
Қўли билан бир қатор китобларга ишора қилар экан:
– Бу қадимги шеърий девон, мана буниси муҳожирларнинг шеърларидан – муҳожирлар сўзининг маъносини албатта тушунмаганман. – Бу китоблар фалсафага, буниси риёзиётга оид, мана булар таржима қилинган роман ва ҳикоялар. Лекин, негадир китобларнинг каттагина қисмига изоҳ бермасдан ўтди. Мен ҳам индамадим. Шу пайтгача бу қадар кўп сонли китобларнинг бир жойда жамланганига кўзим тушмаган эди. Ҳатто мактаб кутубхонасида бу ерда кўрганимнинг арзимас қисми ҳам йўқ. Уйимизда эса ақалли бирорта ҳам китоб йўқ. Нима қилишимни билмай иккиланиб турган эдим ҳамки, у:
– Шу китоблар ичидан хоҳлаганингни олиб ўқишинг мумкин, тугатгач, жойига қайтариб, яна бошқасини олишинг мумкин, деди. Чурқ этмай жойимда қимирламай турар эдим, у эса қўлини чўзиб, китобларнинг бирини олди–да, менга узатиб:
– Мана буни ўқи,– деди…
Кундан–кунга ўша “масончи”га нисбатан бўлган қизиқишим ортиб борди. Тавба қилдим-у, у билан унинг махсус хонасида бирга ўтира бошладим, бир пиёла чой устида у ёки бу китоб ҳақида гаплашар эдик. Энг қизиғи, девордаги ўша катта сурат мени безовта қилмай қўйди. Шунга қарамай, кунларнинг бирида ундан ҳаром бўлган нарсани қандай қилиб илиб қўйгани ҳақида сўрадим. Тўғридан-тўғри саволимга жавоб бериш ўрнига мендан “шу суратга ибодат қилиш ҳақида бирор марта ўйлаганмисан?” деб сўради. Сўнг сукунатга ботди, Ҳар сафар шундай қиларди. Кўплаб савол берган кезларим тўғридан-тўғри жавоб бериш ўрнига савол билан мурожаат қилар ва ўша ғаройиб жилмайишини қўймасди.
Кунларнинг бирида у менга:
– Мени шайх Умар эмас, устоз Умар деб чақиргин, – деди. Кейинчалик унга фақат устоз деб мурожаат қиладиган бўлдим. Ўша кундан бошлаб, бир неча йиллар давомида мен устоз деб чақирадиган ягона инсон ўша киши эди. Мен уни ҳақиқатан устоз деб билардим.
Ундан қанча китоб олганимни ҳозир эслолмайман, улар жуда кўп эди. Ҳаммасини ҳам ўқимасдим, бошидан бир неча варақ мутолаа қилиб кўрар эдим, мабодо ёқса, давом этардим, акси бўлса, қайтариб, бошқасини олардим.
У бунга қаршилик кўрсатмас, балки нимани хоҳлашимга қараб, китоб танлашиб юборарди. Олди-бердилар давомида кўп суҳбатлашардик. Айниқса, мактабда эшитганларим, ҳаром-ҳалол масалалари, шунингдек, нима жоизу нима ножоизлиги ҳақида фикрини сўрардим. У кўп гапирмасдан лўнда қилиб жавоб берарди. Бир куни синфда бўлиб ўтган тортишувли муаммонинг ечими ҳақидаги фикрини билмоқчи бўлдим. У менга бирор фикр бериш ўрнига қуйидагича жавоб қайтарди:
– Сен билмоқчи бўлган кўп ишлар, инсон ақлининг нақадар чегараланганлигига далолатдир, – деди–да, жим бўлди. Нима демоқчилигини мен ҳам тушунмадим, у ҳам сукут сақлаганча, бошқа лом–мим демади.
Ўша вақтда, яъни ўқишни битираётган йилим, озми–кўпми ижодимни қоғозга бита бошладим. Билмадим, уни шеър деса бўладими, насрми ёки ривоятми? Лекин бирортаси ҳам ўзимга ёқмагач, йиртиб ташладим. Сўнг машҳур мақол–маталлар қолипида ўзим шунга ўхшашларини ёза бошладим. Ҳатто анча–мунчаси қўлимда тўпланиб қолди. Лекин баъзи бир “Карвондан қолган керакли жойга ҳам бора олмайди, юк ортилган елканни ҳам аямайди” каби маъносига тушуниб етмаган мақолларга ўхшашини ёза олмадим.
Қуйидаги ибораларни ёзганимни эслайман. Масалан: “Гарчи тилинг калта бўлса ҳам у сеники” шаклида “Бурнинг кесилган бўлса ҳам у сеники” га ўхшаш, яна “На у ёғлимас, на бу ёғли” га монанд: “На китобда ва на кўчада”, яъни шахсий ҳаётда ва мактабда иши юришмайдиган одамга нисбатан айтилади. Шу даражага етдимки, чўнтагимнинг бири оқ варақлар билан тўла бўлса, иккинчиси мисол–маталлар билан лиқ бўларди. Кези келганда доимий қайтариб юришим учун ёки янги фикр келса дарҳол ёзиб қўйиш учун ҳамиша ёнимда олиб юрардим. Катта–катта ижодкорлар каби, Аллоҳ дилимга солган, тунда ҳам келган фикрни ёзиб қўйиш учун қоғоз билан чироқ ахтариб, кечқурун тунайдиган пашшахонамни ҳам тарк этардим. Ўз ишимга шу даражада киришиб кетган эдимки, мен ёзган ҳар қандай ҳолатда айтилган ва айтилиши мумкин бўлган айнан ўшандай мақол–маталлар тўплами юзтагача етиб борай деди. Лекин буни биров кўрмаганидан мен хурсанд эдим. Ўзим эса ижод асирига айланиб қолгандим; кўнглим ғурурга тўла, чўнтакларим қаппайган, ўзимга–ўзим: “қанийди билсаларинг”– деб қўярдим. Бу ёзганларимни тузатиш – қўшиш, олиб ташлаш, тўғрилаш амалиётлари йўқ деганда кунда бир маротаба бўлса ҳам бажариларди. Ҳатто, кунларнинг бирида ижодий адабий ишим қониқарли даражага етганлигидан қаноат ҳосил қилиб, намуналаримни олганча, у ерга – устозникига йўл олдим. Фахру ғурурдан ичим тўлиб отилиб кетай деяётган бўлса–да, устозга тавозе ва хижолатда ёзганларимни кўрсатдим. Бир лаҳзадаёқ ўқиб, табиийки, мени мақтов уммонига кўмиб ташлашини кутган эдим. Лекин у бир четга қўйиб индамади. Бу ишидан кўнглим у қадар оғримаса–да: “Қандай қилиб инсон бу нафис ижодни четга суриб, кўришни кечиктириши мумкин?”– деган савол мени қийнарди. Лекин у шундай қилди.
Эртаси куни устоз билан кўришиш ҳаётимдаги кундалик дастурнинг бир қисмига айланиб қолган одатим бўйича устозникига бордим. У қоғозларимни лом–мим демай, ҳеч бўлмаганда бирор сўз айтмай қайтариб берди. Бироз кутдим, лекин фойдасиз, жўнаш олдидан барибир фикрини билмоқчи бўлиб:
– Ёзганларим сизга ёқдими? – дедим.
Менга узоқ тикилиб:
– Оригиналлик йўқ. Ҳаммаси машҳур мақоллардан кўчирма. Ўзингдан келиб чиққан ҳолда ёзишга ҳаракат қил.
Бу кутганимнинг охири эди. Шунча куну тунлар саҳифа кетидан саҳифа қоралаб эшитганим – “Ёзганларингда оригиналлик йўқ!” – деган гап бўлди. Нафратим ошганидан – “Қани кўчирма бўлса ҳам ўзингиз ёзганингизнинг бирортасини кўрсатинг–чи!” деб юборай дедим, лекин бундай қилмадим. Энг ёмони шуки, у вазиятни юмшатиш ёки бахтсизликни бартараф этишга ҳаракат ҳам қилмади. Тошдек турган жойда қотиб тураверди. Асабларим таранглашганидан тер босиб, панжаларимни бирин–кетин қарсиллата бошладим. Ортиқ тура олмадим. Қоғозларимни олиб, тезда эшик томон йўл олдим. Шундай бўлса–да, у ҳамон жойида қимирламай турарди. Ўша куни уни қанчалар ёмон кўриб кетдим! Қилган қилмишига яраша жазо сифатида инсонга етиши мумкин бўлган барча азиятларга дучор бўлишини хоҳлардим. Ўзимга ўзим: “Бу фақат “масончи”нинг қўлидан келади! Бошиданоқ у билан онамнинг насиҳатларига қулоқ солиб алоқа қилмаслигим керак эди”, дердим. Ўша куни кечқурун, авзойим бузуқ, дилим яраланган, кимга дардимни айтишимни билмасдим. Онам ўнлаб халқ иборалари ва мақолларини ёддан билсалар–да, ижодкорлик борасида ҳеч нарсани тушунмас эдилар. Ўша тун уйқусиз ўтказган саноқли тунларимнинг бири эди. Аслини олганда ўзим уйқучиман, бошим ёстиққа тегиши биланоқ ўтган кечаси кўрган тушимни кўришни давом эттираман. Лекин бу туннинг катта қисмини ичимда у билан жанжаллашиб ўтказдим. Учратганда айтадиган гапларимни кўнглимга тугдим, лекин лабларидаги ўша ғалати жилмайиши кўз олдимга келиб, тузган режаларим барбод бўлар эди. Яна бошидан бошлар эдим. Бундай адоватли муносабатнинг сабабини қидиришга уринардим. Бироқ бирор гап ёки бирор иш билан кўнглини оғритганимни эслай олмадим.
Табиий ҳолки, ўшанда унинг ҳақлиги хаёлимга ҳам келмаган экан. Бу эса инсон хаёлига келадиган охирги фикрдир. Ўйлаб–ўйлаб, охири “Бу “масончи” қилган ишимга ҳасад қилаяпти, шунинг учун ўзининг кўролмаслигини тенгсиз ижодимни камситиш орқали ифода этишни хоҳлади”, деган фикрга келдим. Бу фикр бир оз бўлса ҳам кўнглимга таскин бергандай бўлди, лекин асаблар таранглигини бутунлай ёзиб юбормади.
Кунлар кетидан кунлар ўтиб мен ҳис қилган қайғу енгиллаша бошлади. Бир неча кун ташлаб қўйган ибораларимни – ўша бойликларимни яна чўнтагимдан олиб, тўғрилаш, яхшилаш, қўшиш, олиш каби ишларни ҳеч нарса бўлмагандай давом эттирдим.
Табиийки, унинг уйига бориб, китоб олмай қўйдим. Охирги олган китобни онамдан бериб юбордим. Алоқани узганим уларга ёқиб тушгандай кўринди. Лекин уларнинг хурсандликлари ўша пайтда нима сабабдандир менинг кўнглимни оғритганини билмайман. Ўқиш учун у ҳар куни ўтадиган ўша тор кўчанинг муюлишидан бошқа жойни топишим керак эди. Кўп ўйлаб, онамдан ўша торкўча ва деворлар оралаб ўқишда давом этмаслигим учун, уйимизда боридан каттароқ шамчироқ ёки қорачироқ олиб беришларини илтимос қилдим. Олиб бердилар ҳам.

19

Маҳалламизда – дунёнинг бор маҳаллаларида бўлгани каби – бир тўда тентаклар борлиги билан у Гамбургнинг “Рибербан” ёки Парижнинг “Мон Парнас” кварталларидан деярли фарқ қилмасди. Фақат номланишларида бироз фарқ бўлиб, Парижда уларни кўпинча “ижодкорлар” деб аташса, бизда “аҳмоқлар” ёки юмшоққина қилиб “касаллар” деб аташарди. Бундан бошқа кўпгина феъл-атворлари ҳам ўхшаб кетади, шунингдек, кийим-кечаклари ҳам кўпи ямоқли. Парижда энг сўнгги замонавий кийимлар модасига мувофиқ равишда улар янги кийимларга турли рангдаги эски кийим бўлакларидан ямоқ солишар эди. Бу эса олдинги – ямоқ бир кун келиб асримиз белгисига айланади деган башоратимни таъкидлади. Ана шу безориларнинг баъзилари, табиийки, бизнинг маҳаллада расм солишни хуш кўрардилар. Жамият уларни рағбатлантириш борасидаги ўз вазифасини бажармагач, улар тижорат мақсадида келтирилган кўмир парчалари билан деворларга расм чиза бошладилар. Талабдан кўра таклиф кўплиги уларнинг ишларини ҳайрон қоларли даражада осон этарди. Расмларига назар солган киши ҳайратдан ёқа ушларди. Чизилган суратларни “янги борлиқ” деб номласа бўлади, чунки кўпинча улар яланғоч одамлар бўлиб, овратлари ҳатто ўша машҳур тут барги билан ҳам беркитилмаган. Ўша тентаклар чизган баъзи суратларни “ифода этиш санъати” деб ҳам аташ мумкин, чунки улар ўзлари чизаётган мавжудотлар жисмининг у ёки бу аъзосини катталаштириб чизардилар. Ижодий жараёнлари тугагач, бирор мактаб ўқувчисига у ёки бу расм остига бошқа безори биродарининг исмини ёзиб қўйишни буюрардилар ва бу ярамаслар ўша исм ўрнига кўпинча бошқасини алмаштириб қўярди. Натижада ўша ижодкор ва расм ёнига исми ёзилган безори ўртасида жанжаллар чиқарди. Бу жанжал аксарият ҳолларда исм соҳиби ижодкордан исмини ўчириб ташлашни талаб қилиши, ижодкор эса – бу сенинг исминг эмас, бошқасининг исми,– дея ўжарлик қилиб туриб олиши билан тугар эди. “Ўқишни билмайсанми? Жинни–пинни эмасмисан?” – деб дўқ ҳам уриб қўярди. Энг катта жанжал энг қувноқ, табиийки, энг тентак ва эътиборни қаратадиган даражадаги энг барзанги безори ўртасида содир бўлди. Гўё у бошқа сайёра махлуқи–ю, бир неча йил аввал бу оламни босиб олишни бошлагандай эди. Мазкур тентак икки одамни беҳаёларча ёнма–ён турганини чизган. Одатдагидай ярамас мактаб ўқувчиларининг бирига бошқа бир безорининг исмини расмнинг остига ёздирган. Ўша ярамас унинг айтганини қилиб, маҳалладаги жанжалкаш ва зўравонларнинг каттасининг исмини ёзади. Исм соҳиби кўрибоқ, чизган безорининг сочидан ушлаб тили билан ялаб ўчирмагунча қўймайман дея қасам ичади. У безори “қилмайман” деб туриб олади ва қаттиқ қаршилик кўрсатади. Одамлар, болалар тўпланади. Баъзилари ўша безорини душманини уришга ундасалар, баъзилари иккинчисига далда бериб туришарди. Маҳалланинг аксар ақллилари – улар кўп эмасдилар – “ла ҳавла ва ла қуввата”ни айтиб, икки безорига: – “Ақлларингни йиғинглар!” – деб насиҳат қилиб ўтиришарди.
Безори қандай қилиб ақлини йиғсин?!
Ва ниҳоят, муаммо безори рассом ўша ёзувни агар исм соҳиби унга икки ҳалала* берсагина, ялаб ўчиришини айтиши билан ҳал бўларди. Ўша даврда икки ҳалалага бир стакан узум шарбати келарди. Газли ичимлик заводлари ихтиро қилинишидан олдин роҳатбахш ичимлик сифатида сотиларди.
Ўша пайтлар бир вақтнинг ўзида икки хислат – ҳам тентаклик, ҳам кўрликни ўзида жам қилган “ракета” лақабли маҳалланинг энг машҳур зўравони бўларди. У даврлар ракета нима эканлигини билишмаса-да, кўр бўлишига қарамай ҳаддан ташқари тез юриши сабабли у шундай ном билан танилган эди. Ҳассасини олдига ўтказиб олиб, йўлида тўғри келганга – одамми, ҳайвонми – барибир урилиб кетаверарди. Айниқса, ат-Тафарон яланглигидаги бир саф бўлиб молларини сотаётган савдогарларга урилар эди. Бирор одам ёки нарсага тўқнашиб кетгач, баланд овозда: “Нима бало, кўрмисан!” – деб бақирарди. Юқоридаги гапи инсонлар, ҳайвонлар ва нарсаларга нисбатан ҳам бир хил қўлланаверар, сўнгра тўқнашув ҳолатига қараб ўнг ёки чап томонга бурилиб, йўлида давом этарди. Юқоридаги ҳодисалар содир бўлгани сабаб қанчадан-қанча жароҳатлар–у зарбалар олганига қарамай, барибир инсонлар ва жониворларга нисбатан муомаласини ўзгартирмади. Балки буларнинг ҳаммасига унинг бошида Аллоҳ яратган инсонлар миясида мавжуд бўлган олдиндан огоҳлантирувчи жиҳознинг етишмаслиги сабабдир. Маҳалламиз катталаридан бирининг эшаги билан бўлиб ўтган тўқнашув унинг кўринмай кетишига сабаб бўлди. Айнан ўша тўқнашув эмас, балки ундан кейинги бўлган воқеа унинг кўринмай кетишига сабаб бўлди. Ўша тўқнашув натижасида эшак тентакка тихирлик қилади. Зўравон ҳам эшакнинг қулоғини чунонам тишлайдики, натижада узилиб тушишига сал қолади. Бўлиб ўтган воқеадан сўнг эшак эгаси полициячига шикоят қилади, у кўрни жиннихонага олиб бориб топширади. Ўша–ўша у ҳақда бирор хабар йўқ.
Борди–ю, ўшанда бизда ҳам ахборот ёки журналистикага оид университет бўлганида эди, бу ҳаётий воқеа эслашга арзийдиган журналистика хабари сифатида ўқитилган бўларди. Инсон эшакни тишлаб олиши ҳақидаги хабар ҳар куни ҳам учрайвермайди. Бу билан четдан кириб келаётган фикрлар акс эттирадиган мисолларга ҳожат қолмасди. Масалан, бир руҳонийнинг итни тишлаб олгани ҳақида, бу ҳам журналистнинг берган хабари, аксинча, ит руҳонийни тишлаб олганда нима бўларди?
Вақти–вақти билан бўлиб ўтадиган бу каби баъзи воқеалар маҳалла кундалик режасининг ажралмас қисмини ташкил этган ва маҳалла аҳли билан анча дўстона алоқада бўлган “худо ярлақаганлар” феъл–атворининг натижасидир, албатта. Баъзилари эса маҳаллага вақтичоғлик онларини тақдим этадилар. Маҳалламизда биринчи бўлиб мусиқий гуруҳ тузганлар ҳам ана ўшалар. Бир нечтаси тўпланиб, мазкур гуруҳни тузишга қарор қиладилар. Бўшаб қолган бочкалар ёки четдан ичимлик олиб келинган тунука банкалар улар учун мусиқа асбоби вазифасини ўтайди. Ҳар куни аср пайтида ўша ялангликда туриб олиб, “бочка”ларни калтаклар билан чалардилар.
Ҳар хиллик киритиш кераклигини сезишгач, учовлари – улар учта эди – “цирк” группасини ташкил қилдилар ва турли–туман ўйинлар – ҳаракатлар намойиш эта бошладилар: бир–бирларини устма–уст кўтарардилар, учинчиси ҳам бўй–бастини ростлагач, “Аллоҳ мадад берсин” – деб бақирарди, бу гапни нима мақсадда айтаётганини ҳеч ким билмасди. Энг кулгилиси шуки, – агар шу кулгили бўлса, – бу кўтариш амалиёти мантиқий кечмас, яъни тўладан келгани қолганларини кўтариши ўрнига акси бўларди. Булар тентаклар эмасми?! Ва ниҳоят, намойиш тугагач, кўтариб тургани елкасига минган “жиннилар”га таҳдид қилиб, баланд овозда бақирарди.
Жамоа намойишидан ташқари алоҳида дастурларда тентакнинг у ёки бу ўртоғини кўтариб юришидан ич–ичидан роҳатлангани кўринарди. Шунинг учун кўпинча, уларни бирма–бир кўтариб ялангликдан қудуққача юз метр чамаси келадиган жойга тескарилаб югуришга ҳаракат қилиб борарди. Шу ҳолатда тўғри, яъни қадди букилмай етиб борса, марра уники, акс ҳолда миниб олганнинг ютуғи бўларди. Бу жинниларнинг ишлари ажойиб-да!
Уларнинг маҳаллага қилган хизматлари мақтовга лойиқ. Маҳалламизда бирор инсоннинг назрига вафо қилмаган ҳолати бўлмаган, чунки улар мана шундай маросимларда доимо ҳозиру нозир бўлардилар. Фитр-садақасини олардилар, тўй ва мотам дастурхонидаги қолган–қутган нарсаларни ҳам паққос туширардилар. Маҳалла кўтариш зарур бўлиб қолган у-бу нарсалар: қопдаги гуруч, бир сандиқ чой ва шунга ўхшаш нарсаларни уларга кўтартирар эди. Биргина қўрқиб ёки улардан хавфсираб кўтаришга рухсат бермаган нарсалари тўй жиҳозлари эди. Шунингдек, савдогарлар ўзаро ахборот алмашишда улардан фойдаланардилар: Мендан кўра фалончининг харидори кўпми, ёки унинг молидан у-бу нарса қолибдими, йўқми? Шунингдек, уларни баъзи бузғунчилик ишларига ҳам жалб этардилар. Бу эса халқаро терроризм ва бузғунчилик баъзи инсонларнинг асл табиатидан эканлигига далолат эди.
Икки бузғунчилик амалиёти бизнинг давримизда бўлиб ўтган. Маҳалламизга бошқа маҳалладан икки янги сотувчи келади ва маҳаллий сотувчиларга рақобат хавфи туғилади. Маҳаллий сотувчилар бу хатарни бартараф этишда икки зўравонни ишга соладилар. Улардан бири қатиқ ва қаймоқ тўла сават кўтариб олган сотувчининг изидан боради, сотувчи ва тентак Сафо айвонининг энг қоронғу ва тор ичкарисига етиб келганларида, тентак сотувчининг биқинига чунонам урадики, мувозанатини йўқотган сотувчи қўлидаги қатиқ ва қаймоқ солинган саватини тушириб юборади. Натижада молидан зарар кўради. Безори эса уч-тўрт қадам нарида туриб олиб “ла ҳавла ва ла қуввата”ни айтар экан, уни бу маҳаллага – жин ва ажиналар маконига – қайтиб келмаслигини уқтиради.
Иккинчиси эса, маккаликлар кечки овқатда севиб истеъмол қиладиган таом – “мақлия”ни пишириш учун тайёрлаб қўйилган, ичида доғланган ёғи бўлган товага бир челак ифлос сувни қуйиб юборади.
Ўшанда биринчи марта ёши бир жойга борган соқолли инсоннинг йиғлаётганини кўришим эди, у, эҳтимол, сармоясининг нафақат бир қисмидан, балки ҳаммасидан айрилганидан куюниб йиғларди.
Табиийки, ўша воқеадан сўнг бу икки сотувчидан бири иккинчисини якка қолдирган ҳолда ўзининг олдинги маҳалласига қайтиб кетади. Натижада маҳалла сотувчилар ўртасидаги рақобатнинг фойдали томонларидан баҳраманд бўлолмайди. “Отлар ўзаро чопишса, отлиқлар хурсанд бўлади” дейдилар-ку.

20

Яқин орада ихтиро қилинган нарсалар қатори, руҳий муаммолар ҳали ихтиро қилинмаган эди. Шунинг учун ўша тентакларни у ёки бу руҳий муаммоларга тааллуқли деб баҳо ҳам беролмаймиз. Лекин, гап улар ҳақида борар экан, ҳар бир нарсанинг сабаби бўлгани каби, уларнинг бундай ҳолатга тушишларининг ҳақиқий сабабларини ахтариб кўрамиз. Шуниси ойдин бўладики, уларнинг бу ҳолатга тушишларига камбағаллик сабаб бўлган.
Ана шундай ҳолатлардан бири “рўшон”* –“балкон” дардига мубтало бўлган шоиртабиат, ашулаю қўшиқ хиргойи қилиб юрувчи тентак бўларди. У қуйидаги қўшиқни кўп куйлар, одамларнинг юрагини эзиб юборарди:

Гар қазо қилсам, аё дўстлар,
Кўмингиз мени ўша бурчаги “Рўшон”га.

“Рўшон” эса бойлик ва мансаб рамзи бўлиб, баланд–баланд бинолар қад кўтаргани сари, “рўшон”лар ҳам кўпаяр, бечора тентакларнинг эса ҳасадлари янада ошарди. Маълумки, камбағал ночорлар фақат бир қаватли, бир ёки кўпи билан икки хонали камтар уйларда истиқомат қиладилар. Уй ичида бўлса бир ёки иккита курси, бўлмаса у ҳам йўқ. Шундай руҳий ҳолатнинг юзага келишида “рўшон”нинг орқасидагилар сабабми ёки “рўшон”нинг ўзи – ёғочлари, нақшлари ва ҳамма нарсалар қатори йўқ бўладиган ўткинчи буюклиги сабабми буни ҳеч ким айтиб бера олмайди.
“Фул”2 кўпчиликнинг, балки ҳамманинг, севимли нонуштаси бўлишига қарамай, фул муаммосини ўша маҳаллада учратдим. Ёш, кучга тўла бўлган тентак “фул жинниси” ҳар куни эрталаб маҳалладаги фул сотувчисининг олдига келар, дўкон ташқарисида эса узун хонтахта қўйилган бўлиб, бир неча пастаккина ерга тегай деб турган ўриндиқлар ҳам бор эди. Хўрандалар уларга бирин–кетин ўтирардилар. Улар йиғилиб, ўриндиқлар тўлай деганда ҳалиги тентак ҳам қўлтиғига ҳар доим бирор нонвой эҳсон қилган иссиқ нонни қистириб келиб қоларди. Иштаҳа қитиқлайдиган ўша таомларнинг ҳиди таралаётган дастурхон олдига етар–етмас нонидан бир тишлам узиб, ҳар бир хўранданинг олдидан бир метр ёки ундан кўпроқ баланддан ўтар экан, биринчи хўранда товоғидан, сўнг иккинчи нон бўлаги билан иккинчи товоқдан ҳавода теккиза бошлар эди. Бу каби ҳаводан бўладиган шерикликдан ҳеч ким моддий зарар кўрмаса–да, лекин кўпчилик хўрандалар уни – тентакни назарда тутяпман – сиғдирмасдилар ва бақир–чақир бошланарди. Тентак эса:
– “Худо йўлида, фақат бир луқмагина эҳсон қил”,– дея ўзиникида туриб оларди. Кўринадики, мана шундай ҳаво йўли орқали “ҳид” билан овқатланиш унга ҳузур бахш этар ва тўхтовсиз ҳар куни шу ишини моҳирона бажарарди.
Бизнинг замонамизда ҳам ҳозиргидек жойларда тадқиқот олиб борувчи илмий ходимларнинг ўндан бири бўлганида эди, улар ўтмиш хотирага айланмай, “худо ярлақагурлар”ни бир жойга тўплаб, одамларни улар билан яшаш, шунингдек, улардан фойдаланишдек имкониятдан маҳрум этишларидан олдин ўшанда кенг тарқалган камбағаллик муаммосининг турли кўринишларини қайд эта олган бўлардилар.
Инсоннинг энг олий қувватидаги у ёки бу тартибсизликлар шакл ва рангларда ўзгариш содир бўлганидек, инсоннинг ашёлар ўртасидаги алоқасининг ўзгаришига сабаб бўлган бўлиши керак. Шунинг учун, бу тоифа одамлар нарсалар ва шахслардаги бошқалар кўра олмайдиган жиҳатларни кўришади, шундай экан, уларнинг атрофга бўлган муносабатлари, бизникидан фарқ қилади.
Маҳаллада кекса, сўлиб қолган, тишлари сўйлоқ бир хабаш кампир бўларди. Тентаклар олдидан ўтиб қолгудай бўлса, уларнинг бири:
– “Вой қизил яноқларингдан, мунчаям мулойим, мунчаям чиройли бўлмасанг”,– деб бақириб қоларди.
Ким билади, тентакнинг замонни ҳис этиши бизникидан бошқачадир? Балки, улар замон кенглигидаги биз кўрадиган бир лаҳзадаги муддат ичида биздан кўра кўпроқ ашёларни кўришга қодирдирлар? Балки, ўша кампирга нисбатан айтилган “қизил яноқлар”, “гўзаллик” эллик йил олдинги ёшлигидаги гўзаллигига мос келар? Бизнинг назаримизда ҳамма нарса ўчиб кетган бўлса ҳам, тентаклар учун ҳаммаси ўз ўрнида қолган ва буни фақат уларгина кўра оладилар.
Балки, илгари бундан юз йиллар олдин ва ҳозирда эллик–олтмиш йиллар олдин соғу носоғни, тасаввуф билан жазавага тушишни аралаштириб юборганимизнинг сабаби шудир. Баъзи тентакларга улар “Аллоҳга яқинлар” деб муомала қилдик. Улардан хайр–барака қидирдик, шунингдек, у ёки бу сабаб билан бизни дуо қилишларини сўрадик.
Ўзим сезмаган ҳолда қалбимда ўса бошлаган ва биринчи бор ўша қимматли мақол–маталларни мева қилиб берган ижод уруғи яна ўзим сезмаган ҳолда жимгина ривожлана борган бўлиши керак. Натижада мени қисса ёки баъзилар атагандек роман ёзиш фикрига ундади. Ўзим ўқиган, таржима қилинган романлар қолипида. Лекин нима ҳақида ёзаман? Ўқиган романларимнинг ҳар бирида бир ёки ундан кўпроқ эркак ва аёл қаҳрамонлар бўларди. Аёлларга келсак, ҳаётимда бирор бегона аёлни кўрмаган бўлсам. Онам ва холам мен учун аёл эмас. Шундай экан, аёлларнинг фикрлашлари–ю, юриш–туришларини мен қайдан билай? Аёл сўзини “а” ҳарфи билан бошланишини, бу сўзнинг турланишини яхши билишим уларни яқиндан билишимга далолат эмас. Кўп ўйлагач, қисса мавзуси ва қаҳрамонларидан олдин унинг номини қўйишга қарор қилдим. Ҳаётимдаги аксарият соат ва лаҳзаларни уйнинг томида, сокин тун, порлоқ юлдузлар суҳбатида осуда ва шоирона ўтказишимни эътиборга олиб “Томдаги тунлар” деб назаримда ниҳоятда мос кўринган ном танладим. Бора–бора миямда хамиртуруш – асар қаҳрамони шакллана борди, сўнг уни қоғозга туширдим. Қаҳрамоним ёш, ўта ҳиссиётли ўсмир бўлиб, ҳатто ой нуридан ҳам таъсирланадиган бўлади. У “Ой жиннилари” касаллигига йўлиққанлар асари мисолида бўлиб, ўша кунларда мен улар ҳақида ўқиган эдим. Воқеалар шундай ривожландики, ўзим ҳам ҳайрон қоладиган даражада жуда кўп саҳифалар қораладим. Ўша йигитнинг изтиробу кечинмалари қаердан келди? Унинг ҳаётини ёзишни бошлашимдан олдин хаёлимга ҳам келмаган бу каби тартибли ёзишимга қандай имкон бўлди? Шундай қилиб китобнинг биринчи боби ниҳоясига етди. Шеъриятнинг энг гўзали унинг энг ёлғони деган фикр бошқа жанрларга ҳам мос келиши мумкинлигига имоним комил бўлди.
Биринчи бобдан кейин “Шайхнинг эшаги тоғли йўлга келиб, таққа–тақ тўхтади”. Ёзувчилик ҳаётида иккинчи сабоқни олдим. Китоб бу сен хоҳлаган вақтингда ёзадиган нарса эмас, балки ёзувчилик шайтонлари сенга муваффақиятли йўлдош бўлсагина ёза оласан. Бахтга қарши йиллар ўтибдики, бу иш амалга ошмади.
Ўқиганларим ўзимга ёққач, ижод маҳсулимни устоз билан орани тиклаш мақсадида, менга қандай фикр билдиришидан қатъи назар, унинг олдига олиб боришга қарор қилдим. Ҳар ҳолда бу сафар “оригиналлик йўқ” деб айтмаса керак, айтадиган бошқа гап топар, кўрамиз.
Бир неча кундан сўнг, энг ёмон гап эшитишга ҳам тайёр бўлиб борган эдим, лекин у мени кулиб, илиқ қарши олди. Лабларидаги олдинги ёқимсиз жилмайиш ўрнини илиқ табассум эгаллаган эди. Мени кўрибоқ – илгари ҳеч қилмаган иш – мен томон юра бошлади. Қоғозларимни қайтиб берар экан, мени рағбатлантирувчи гаплар айтиб, кўнглимни олди ва ёнига бир китоб қўшиб берди. Унда “ёш, умидли Муҳайсинга биринчи ижод маҳсули учун муносиб совға” деб ёзилган эди. Ўша кун мен учун кутилмаган ҳол юз берди. Кўпи билан варақларимни танқид остига олиб қайтаришини кутган эдим. Лекин акси бўлиб чиқди – қабул қилди, мақтади, ёнига ўзининг исми ёзилган қимматбаҳо бир китобни ҳам қўшиб берганига нима дейсиз?!
Қиссани у ёки бу йўналишда тугатиш учун биринчи бобга бир неча боблар қўшиш йўлида кўп ҳаракат қилдим, лекин фойдасиз. Хўрознинг тухуми на укаси, на синглиси бор, ягона тухум бўлиб чиқди. Ҳар сафар устозни учратсам:
– Қолгани қани? – деб сўрарди. Мен эса жилмайиб:
– Йўлда, – дердим. Қанчалар узоқ экан ўша йўл!
Бир неча ҳафтадан сўнг “Томдаги тунлар” ҳам эсдан чиқди. Башорат қилинган умидли ёш Муҳайсин адиб бўлолмади.
Устоз билан алоқани узмадим. Ўқишнинг охирги йили эди. У билан бирга ўтадиган бир неча дақиқам кунимнинг энг гўзал онларига айланди.
Мана шундай зиёратларнинг бирида у ўғли Жамилни араб тилига ўқитиб беришимни айтди. Мен ҳам ўзим кутмаган ҳолда: “Сиз эса менга инглиз тилини ўргатасиз”,– дедим.
Бу фикр менга қаердан келди, ҳисоблаш машинасидан ҳам кўра тез суръатда бу каби жавобни қандай бердим, ўзим ҳам билмайман. Айтишларича, инсоннинг ақли иккита бўлса керак – бири бизнинг хоҳиш–истакларимизни тасарруф қилса, бошқаси ўзиникини тасарруф қилади. Халқнинг бир гапи бор “Фалончи икки ақл эгаси”, яъни одатда бошқаларнинг хаёлига келмаган ишларни ва гапларни гапирадиган одамга нисбатан айтилади.
Устознинг ўзи билмаган ҳолда оғзи очилиб қолди. Ичимга севинч кирди. Балки, у мени тавозе билан узр сўрашимни кутгандир, сўнг яна қисташини, яна узр сўрашимни, яна ўқит дея сўрашини, мен эса “розиман–у, лекин натижасига кафолат бермайман, шундай бўлса ҳам ҳаракат қиламан” дейишимни кутгандир. Балки, мени индамаслигимни, у эса ҳар ойда бир мажидий бераман дейишини ўйлагандир.
Турли эҳтимолларни ўйлаб, ўзини турли хил ўнлаб саволларга жавоб беришга тайёрлагандир, нима бўлганда ҳам, мен айтган гапни кутмаганлиги аниқ. Дунёда инглиз тили деб аталадиган тил борлигини биладиганлар сони маҳалламизда нол дона бўлса керак. Чунки ўша нол сонлилар бу тилни ўрганишга интилиш бўлиши мумкин бўлган нарса каби қарамасдилар. Сабаб: биринчидан бу тил насронийларнинг тили, иккинчидан бу тилдан фойда йўқ, агар фойдаси бўлганда эди, турли тилларни ўрганишга иқтидори билан машҳур бўлган Макка аҳли, улар қаторида мен ҳам, ўрганган бўларди. Мен ҳам ҳожиларнинг тилларидан бир неча тилда баъзи сўзларни яхши билардим. Ҳозир ҳам Нигерия халқининг “хауса” тилида “дайа, баю, акку, қўма, шишидда”1 деб санашни биламан. Ўзимни ҳайратга солган қилмишимдан лол қолиб, унга тикилиб турардим. Бир нарса дейишга қарор қилгандек бўлди–ю, лекин тўхталиб қолди. Бу эса менинг унга нисбатан катта ғалабам эди. Ва ниҳоят бир сўз:
– Розиман, – деди. Мен эса:
– Бир кун-бир кундан, яъни ҳафтада уч кун мен ўқитаман, уч кун сиз, жума иккаламиз учун дам олиш куни. У бошини ликиллатди. Шу тарзда ишни бошладик.
Ўғли Жамил билан маҳалла мактабида бирга ўқиганмиз. Айнан ўша Жамил Суфённинг Сафодаги полиция маҳкамасига мажбуран олиб борилишига ва ўша машҳур “туфлаш”га йўлиқишига сабабчи бўлган эди. Ҳа, у менинг синфдошим эди, лекин у дахр қўлларини қулоғига қўйишга мажбур қиладиган шовқин тугул, дунёда пичирлашчалик бирон нарса қолдиришга қодир эмас. Ростини айтганда, дунёнинг ўзи унинг мавжудлигини билмас эди. Агар устоз нариги дунёга кетмаганда эди, бу гапни айтишга журъат этмаган бўлардим. Ҳа, айтиш жоиз бўлса, Жамил “гўлча”, яъни кичкина гўл эди. Лекин устоздек одамдан қандай қилиб Жамилдек фарзанд туғилишини ҳеч ким билмайди. Балки Жамилнинг бирор томири узилиб қолгандир. Сариқ туялардан қора туялар туғилгандек ёки марказга интилиши қоидасига мувофиқ юз бергандир. Руҳшунос олимлар таъкидлашганидек, иккита ақлли инсонлар орасида никоҳ тузилса, туғилажак бола улардан кўра ақллироқ бўлиш ўрнига акси, ақли камроқ бўлиб туғилар экан. Агар шуларни сабаб деб кўрадиган бўлсак, Жамил ҳам марказга орқага интилиш мойиллиги билан қайтган кўринади.
Табиийки, унга Ибн Моликнинг “Алфия”сини ўқитмадим. Ахир қандай қилиб ўқитай, у от билан феълнинг фарқига бормаса. Ниҳоят, дунёда феъл, исм каби сўз туркумлари борлигини билгач, “Бола шошилувчидир” жумласида шошилувчи сўзи феъл, гапнинг эгаси яширинган, деб гапида туриб олди. На мен, на устоз, на шовқинимизни эшитиб, ёпиниб келган Жамилнинг онаси фикрининг нотўғри эканлигини уқтира олмадик. Бу ҳолатдан устознинг қулоқлари қизариб кетди. Жамилнинг онаси ўғлининг фикрини ҳозирча муроса учун қабул қилишимизни ва келаси дарсдан Жамил албатта бизнинг фикримизга қўшилишини таъкидлаб, илтимос қилди. Исмнинг исм, феълнинг феъл эканини, бу борада асло муросасозликка йўл қўймаслик кераклигини тушунтириб олгунимча қулоқларим қизариб кетди. Шунда онаси:
– Ҳаммаси Аллоҳдан,– деди.
Шунча ҳаракат зое кетди. Устоз эса олдиндан ҳам кўра таранг тугунни ечиш учун ёлғиз ўзимни қолдириб, хонасига кириб кетди.
Бир неча ҳафтадан сўнг келишувимиздан ўзаро алданганимизни ҳар биримиз ҳис қилдик. Устоз эса мажбурликдан мени ўқитишни ўзига лозим деб топди. Ёдлаган сўз ва жумлаларим сони у кутгандан ҳам зиёда бўлди. Жамил эса ўша–ўша, бугун ёдлаган нарсасини эртасига эсидан чиқарарди. Онаси унинг қобилиятига яраша ўқитмаётганимни таъкидлаб “ла ҳавла ва ла қуввата”ни айтарди. Жамил бўлса, қайсарлигини кундан-кунга оширарди. Бир кун “да” қўшимчасини юклама деса, бошқа куни “от” деб туриб оларди. Устоз уйидан чиқар эканман, бош айланишга ўхшаган нарсани сезсам ҳам, дарс қолдирмасликка ҳаракат қилдим. Албатта, бунинг сабаби илмни ёйишга бўлган интилиш эмас, балки келажакда маҳаллада устоз ва мендан бошқа ҳеч ким билмайдиган тилни ўрганишга бўлган қизиқиш эди.
Бошқа берилмас фурсатни қўлдан бой беришдан қўрқиб, тез суръатларда одимлардим. Жамил эса, икки йўналишда қадам ташларди: бир қадам олдинга, икки қадам орқага. Бироқ бир неча ой деганда Жамил борасида муваффақият қозондим. Бир неча сўзларни исм, феъл, ҳарф туркумига ажратишда ўзаро келишадиган бўлдик. Лекин баъзи–баъзида ўзиникига қайтиб, гапираётганимни “тўғри эмас”, – дея мен билан тортишарди. Эҳтиёт чораларини кўрганлигим сабаб, ўз қўллари билан ёзиб, сўнгги қарор сифатида белгилаб қўйган ўша сўзларни дафтаридан топиб кўрсатардим. Ўзи қилган қароридан эса қайтиш йўқ.
Тузган шартномамизни устоз бекор қилмоқчи бўлганини сезгач, қарама–қарши стратегик йўл тута бошладим. Турланадиган сўзларни Жамил билан келишган ҳолда бирга қайтариб устоз ҳузурида амалий иш қилишга чақирардим. У ёки бу сўзларни сўрар эканман, ичимда “ишқилиб “масончи” доимо тортишувга сабаб бўлаётган бирорта сўз сўраб қолмасин”,– дея худодан сўрардим. Лекин ҳаммаси ўз маромида ўтди. Жамилга дарсхонамизга қайтишини айтиб, ўзим эса устоздан ўғли ҳақидаги фикрини билиш учун қолдим. Устоз бошини кўтарар экан:
– Ҳеч ким Жамилни ўз фикрига кўндира олади деб ўйламагандим. Мана сен бунинг уддасидан чиқдинг, – деди. Бироздан сўнг яна қўшиб қўйди: – Ўзим бу ишни эплай олмагач, сенга мурожаат қилган эдим. Балки, тенгдошликларинг сабаб шундай бўлгандир.
Устознинг муваффақиятсизлиги ўғли ва ўзининг ўртасидаги ёшга боғлиқ бўладими йўқми, мен яна бир неча ой ўқитиш ва ўқишга қарор қилдим.

22

Ўша йил ниҳоясида талаба Муҳайсиннинг, яъни менинг мактаб билан бўлган алоқам ниҳоясига етди, ёки менга шундай туюлди. Ҳижрий XIV аср бошларида инсонга берилиши мумкин бўлган энг олий шаҳодатнома билан мактабни якунладим. Мактаб тантанаси ўтказилиб, одатдагидай, аълочиларга ҳадялар, битирувчиларга келаси ишларида муваффақиятлар тилаб, шаҳодатномалар топширилди. Йиғилишда кўпгина сўзлар гапирилди, илм ва жаҳолат ўртасидаги мунозараларидан иборат спектакль қўйилди.
Мунозара жаҳолат фазилати сифатида жоҳиллар ўз ақлларига дам бериб, роҳат қилиб, ҳаётдан лаззатланаётганликлари ҳақида кўплаб мисоллар келтирилгани, аксинча, илм аҳли ўз илми билан машаққатли меҳнат қилаётгани ва ҳ.к.ларга қарамай, илмнинг афзаллиги ва жаҳолатнинг устидан ғалабаси билан якунланди. Спектакль “Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?”1 – деган оят билан якунланди. Жаҳолат ўз фикрини исботлайдиган бирорта оят тополмаганлиги сабабли оғзини очолмади.
Ўша кун ҳаётимнинг тўлиқ олти йили ўтган мазкур мактабни сўнгги бор кўряпман деб ўйлагандим. Ҳайҳот, бундай бўлмади. Тантана тугаб, йиғилганлар зални, яъни хонани бўшатар–бўшатмас мактаб мудири қўлини мен томон ишора қилиб, олдимга кела бошлади.
– Эй бола, ҳой бола.
У бошқасини чақираётгандир деб ўйладим. Ахир қандай қилиб йил битирувчиларига шаънига айтилган шунча гаплардан кейин ҳам ўзимни боладай тасаввур қилай? Лекин у ишорасида давом этавергач, олдига боришдан бошқа чорам қолмади. Яқинлашганимда эса:
– Сен билан сенга тегишли бўлган масала ҳақида гаплашмоқчиман, эртага эрталаб идорамга киргин, – деди.
Мудир айтган ўша эртанги кун мен учун озодлик лаззатини ҳис этган ҳолда, муайян вақтда туришга мажбур қилмайдиган ва мактаб қоровули эшикни беркитиб қўйишидан олдин шошилиб боришдан қутулган биринчи тонг эди. Онам мени тантанали табриклаш мақсадида ўзлари “арика”* тайёрлаб ёққа ботирдилар. Шунингдек, тутатқичда чўғ қилиб, ёқимли “бахур”* тутатдилар. Ўша кунни эсласам ҳали ҳам бахур иси димоғимга урилади. Тонг ёришгач, мудир олдига жўнашимдан олдин кичкинагина ўралган тугунни – унинг нималигини билмайман – чўнтагимга солар эканлар:
– Аллоҳ сени ёмон кўзлардан асрасин,– дея дуо қилдилар.
Идорага чақирилган бола, яъни мен кириб келдим ва мудир томон бордим. У қўли билан ўтиришга ишора қилди. Бир пиёла чой узатгач:
– Мактабда ўқитувчилик учун битта бўш ўрин бор, – деб, дарс бера олишимни ҳисобга олиб, мени шу ўринга тайинлашга қарор қилганини айтди ва, – ўқитувчининг иш ҳақи ойига ўн мажидий, – деб қўшиб қўйди. Сўнг сукут сақлади.
Йиллар мобайнида ёпиқ кўзларини биринчи бора очган одамдай унга ва қўлимдаги пиёлага узоқ тикилиб қолдим. Шуниси қизиқки, бу банда, яъни мен ўтган йиллар давомида ўқишни тугатиб бўлиб, нима қиларканман деб бирор марта ўйлаб ҳам, қизиқиб ҳам кўрмаган эканман. Нега ҳам қизиқай? Бунга сабаб онамнинг талабларимнинг кўпини сўзсиз бажаришларидир. Ҳайитда икки янги кўйлак ва бир пойафзал, мактаб учун дафтар ва кундалик харажатлар. Буларнинг барчасини ўз вақтида онам ҳозиру нозир қилардилар. Нонуштам, кечки овқатим доимо тайёр, шундай экан, қайси одам эртаси куни ҳақида бош қотиради?
– Сенга нима бўлди, чурқ этмайсан?
Мен бўлсам бир нуқтага тикилиб туриб, “Аввал онамдан рухсат сўраб кўрай” деб юборишимга сал қолди. Лекин бундай демадим.
Мудир эса:
– Гапир, гапирсанг–чи. Ёки соқовмисан? – деди. Мен эса ўйлаб–нетмай:
– Мен бола эмасман, илтимос, мени бундай чақирманг, – дедим.
У олдинги сафаргидай ўнг ва чап ёнига қараб:
– Мен боғдан келсам, сен тоғдан келасан–а, – деди.
– Илтимос, бошқа ўқитувчиларни “бола” деб чақирмайсиз–ку. “Устоз”, ёки “шайх”, ёки “фалончи”, ё бўлмаса “мавлоно” деб мурожаат қиласиз. Нима, мен Аллоҳнинг яратганларидан эмасманми? Ҳамманинг олдида “бола” деб чақирасиз?
У эса кафтини кафтига уриб:
– Ла ҳавла ва ла қуввата илло–билло, ҳозирги замон болалари, – дея гапида давом этди, – Муҳайсин, ўғлим, сен ахир болаларимдан ҳам кичкинасан.
Шунда мен:
– Ўғлим деб чақирсангиз–ку, майли, аммо бола деб…
– Яхши, ўғлим, кел, мавзуга қайтайлик. Сенга таклиф қилган ишим маъқулми?
Мен:
– Шу кунгача хаёлимга келмаган нарсани айтдингиз, эртадан сўнг бу хонани асло кўрмайман деб ўйлагандим. Мана ўзингиз уни яна менга боғлаб қўйдингиз. Келинг, бу янги вазифада ўзимни тасаввур қилиб кўришга вақт беринг.
У ҳеч нима тушунмагандай:
– Ўзингни тассаввур қилиб кўрасан? Бу нима деганинг? Ўқитувчилар жамоасига қўшил, десам–у, бошимни ўпиб, раҳмат айтиш ўрнига “ўзимни тасаввур қилиб кўрай” деганинг нимаси?
Бу тортишувдан фойда йўқлигини сезиб:
– Розиман, – дедим. У эса яна у ёқ-бу ёғига қараб:
– Розиман? “Раҳмат” дегин. “Худо хайрингизни берсин”, дегин. Розиман деганинг нимаси? Мен сендан розимисан, йўқмисан деб сўрадимми?
Шунда мен:
– Илтифотингиз учун ташаккур, – дедим.
– Ва ниҳоят, тилга кирдинг, – дер экан, пиёлага иккинчи бор чой қуйиб узатди ва:
– Мактаб эшиклари эртадан бошлаб беркилади ва иккинчи тур имтиҳон белгиланган вақтга қадар очилмайди. Сен эса ўзингга салла ва жубба сотиб олишинг ва ҳар куни аср намозидан сўнг “муовиним”, яъни ёрдамчимга учрашишинг керак. У сенга ўқитиш йўллари ва талабалар билан ўзаро муомала масалаларида баъзи кўрсатма ва тавсияларини беради. Мана бу китобни ҳам кўриб чиқишинг керак, – дея қўлидаги китобни менга берди ва гапида давом этиб, – чунки сен грамматика ва ўқиш бўйича дарс берасан, сен учун амалий тайёргарлик бўлади. Имтиҳондан ўтолмаган баъзи талабаларнинг оталари билан сенинг уларга қўшимча дарс беришинг ҳақида ҳам келишиб қўйдим. “Баб ад–Дориба” олдида тўпланишади. У ерда ўша оталардан бирига тегишли қироатхона бор экан. Шомни ўқиб бўлгач, ўша ерга борасан–да, индиндан ишни бошлайсан. Ва … ва… деганча, мен учун ажратилган режа ҳақида узоқ вақт тушунтирди. Сўнг:
– Бир ойда бир мажидий беришади, агар муваффақиятли ўтиб олишса, ҳар бир ота қўшимча равишда яна бир мажидийдан беради. Ўқитишни, худо хоҳласа, рамазондан сўнг бошлайсан. Уйимга келсанг, ўқитадиган фанингдан сени бир имтиҳон қилиб кўраман. Шуни доим ёдда тут, Муҳайсин, талабалар уч турли бўлади, – дея сўзида давом этиб, тўлиқ бир соат мобайнида талабалар ва уларнинг муаммолари, ўқитувчилар ва уларнинг ўзига яраша муаммолари, шунингдек, мактаб идораси муаммолари ҳақида гапира кетди. Мудир билан суҳбатлашар эканман, унга нисбатан бўлган фикрим бирдан ўзгарди. У мен ўйлаганчалик содда ҳам эмас, менга кўринганчалик калтафаҳм, қўпол ҳам эмасди.
Суҳбат сўнггида ўзи истаганидек пешонасидан ўпиб қўйдим. Чеҳраси очилиб:
– Бугун менинг тўртинчи ўғлим туғилди, – деб қўйди.

23

“Ажяд” маҳалласидаги отамдан мерос қолган уйимиз пастаккина бўлиб, эътибор тортадиган нарсаси йўқ эди. Лекин биз учун дунёда “бору йўғимиз” ҳисобланарди. Уйимизда, тўғрироғи, унинг бир қисмидагина яшардик. Кўпроғини эса Ҳаж мавсумида ижарага берардик. Онам ва мен йил бўйи ижарадан тушган маблағ ҳисобига бемалол яшардик. Ўтган йиллар мобайнида бирор марта ҳам бошқа одамга муҳтож бўлмаганмиз. Ортиғига ҳам эҳтиёж сезмаганмиз.
Уйимиз бир неча хонадан иборат бўлиб, жойлашишини тушунтириш бироз қийинчилик туғдиради. Балки бу ернинг шаклига боғлиқ бўлса керак. Бизнинг еримиз ҳам бошқа ерлардан фарқ қилмагани ҳолда тўғри тўртбурчак ҳовлидан иборат эди. Кўчага қараган дарвоза томоннинг эни олти метрдан ошмасди, лекин ичкари томон эса ўттиз ва ундан ҳам ортиқроқ метр бўлиб, уй ичига кирсангиз, биринчи бўлиб узун ва қоронғу даҳлизни кўрасиз. Бир неча метр юргач, чап томондаги эшик меҳмонхонага олиб киради. Меҳмонхона катталиги тўртга тўрт метр узунликда, тўртбурчак шаклида бўлиб, ёнида ҳожатхона, таҳоратхона ва кичик зал, у ерда эса мағрибнинг каттакон сув кўзаси қўйилган. Уйимизнинг энг азиз ва кўпроқ фойдали нарсаси ҳам ана ўша кўза эди. Даҳлиздан яна бир неча метр юришда давом этсангиз, бошқа эшикни кўрасиз. У айтиб ўтилган меҳмонхона ва овқатланиш хонаси, ошхонани, шунингдек, омборхонани ўзаро боғловчи яна битта хонанинг эшиги. Ўша залдан очиқ айвонга чиқсангиз, асосий хона – ухлаш хонасини кўрасиз. Ҳозирги кунга солиштирадиган бўлсак, унинг шакли ажойиб бўлиб, на девори ва на шифти бор. Бор-йўғи учта супадан иборат бўлиб, кундузи усти очиқ, кечаси эса ёпинчиқлар билан тўшалар эди. Тонг ёришиши билан ёпинчиқларни йиғиб, тунука соябонли бурчакка қўяр эдик. Яна шунга қўшимча қилган равишда тўртта бурчакка тўртта мих қоқилганини айтиб ўтиш лозим. Ҳозирги замонда йўқ бўлиб кетган пашшахона ипларини ўша михлар ўзаро боғлаб турарди. Пашшахона эса тун бўйи ғўнғиллаб ёпирилганча келаётан искабтопарлар қўшинидан бизни ҳимоя қиларди.
Деярли йил бўйи уйимизнинг мана шу қисмида яшардик. Ҳожилар келишгач, ўша кенг уйнинг бошқа жойига ўтиб, ижарага берардик. Агар яна даҳлиздан икки метр юрсангиз, қуёш нурини кўрасиз, чунки ўша жойнинг томи йўқ. Яна давом этсангиз, даҳлизнинг қолган жойи, кўмирхона, яна бир кичик зал ва қуён боқиладиган иккинчи жой бор. Уйимиз ижарага берилганда мана шу ерда яшардик. Уйимизнинг учинчи ва энг охирги қисми баланд жой бўлиб, уйнинг сўнгги қисмида жойлашган. Даҳлизнинг охирига етгандагина ўша ерга чиқардик. У ерда ёруғ хона, айвон, ҳожатхона (таҳоратхона деб аташарди) бор. Унинг орқасида кичик яланглик бўлиб, агар ўша ерга чиқсангиз, сочилиб ётган уйларни этагида жойлаштирган баланд “Етти қиз” тоғи сизни ўз қучоғига олади.
Ўша ялангликда товуқ боқар эдик. Тунда қафасга ҳужум қилиш ниятида тоғдан тушиб келган ва панжасининг бири сиғадиган чуқур ковлайдиган “Абул Ҳусайн”, яъни тулки билан кураш олиб борар эдик. У чангалига илинган биринчи товуқни тилка–пора қиларди. Товуқлар орасида бир неча бор товуқ қолдиқларини топиб олганмиз. Келаси тунда ҳам улар қурбонликка номзод бўлишларига қарамай, ўтган тунда бўлган воқеага эътибор қилмаган кўринардилар.
Бу “маккор” устидан ғалаба қозонишимиз бироз вақт олди, ва ниҳоят, унинг ёмонлигига нуқта қўйдик. Босқинчиликлари тамом бўлди. Бу эса онамнинг бир неча режалари барбод бўлгач, умумий, шунингдек, тафсилотлари билан ишлаб чиққан режаларининг натижасидир. Ҳозирги кунда ҳам тулкиларни йўқ қилишда бу усулдан фойдаланишни хоҳловчилар учун режанинг қисқача тафсилоти қуйидагидан иборат – айланаси йигирма сантиметр, чуқурлиги ўттиз сантиметрлар атрофида чуқур кавладилар. Ичини сувга тўлдириб, устини юпқа фанер билан ёпдилар. Тулки умуман сезмаслиги учун фанер устидан юпқа тупроқ ётқиздилар.
Кавланган чуқур тулкининг қафас томон боришга одатланган йўлига жуда яқин бўлиб, мақсад, табиийки, ўша малъунни ўлжаси томон кетаётганда чуқурга тушириш эди. Албатта, шундай бўлди ҳам. Эртаси куни эрталаб уни чуқурдаги сувга ғарқ бўлганини кўрдик ва ёмонликлари тугади. Шундай қилиб, товуқларимиз, шунингдек, “яхши овоз соҳиби” хўрозларининг тадрижий камайиши барҳам топди. Лекин бу камайиш охиргиси бўлмади. Миллий бойлигимизга таҳдид солувчи вабо эпидемиясининг офати одамларни ҳаётдан олиб кетгани каби, товуқларимизнинг ҳам кўпининг ҳаётига зомин бўлди. Лекин бу касалликнинг олдини олиш ёки баъзи жисмонан бақувват қурбонларни даволаш усуллари ҳам бор эди. Бироқ нимжонлари эса “заифларга ўлим” қоидасига асосан биринчи ўринда касаллик туфайли нобуд бўлар эди.
Эпидемия давомида товуқлардан бирининг баланд ва чўзиқ овозда қичқириб, эгасига жонини таслим этаётганини эшитасиз. Дарҳол ўлиги торкўчага олиб чиқиб ташланади, мушук ва итларга ем бўлади. Бу ҳолат кўпинча бир неча ўн кун давом этади ва тугашидан олдин кўплаб жониворларнинг бошига етади.
Ўша кунлар давомида товуқлар сонини асл ҳолатига қайтариш учун қаердан пул топиш ва янги кўпайтириш усулларидан фойдаланишни ўргандик. У икки хил бўлиб, табиий ва сунъий равишда бажарилади. Биринчиси, товуқларнинг бирини “курк” бўлганини, яъни тухум босишга рағбатини кўргач, бир неча тухумни қўйиб, унинг ихтиёрига топширдик. Товуқ уларни иситади, вақти–соати етгач, жўжаларининг тухумни ёриб чиқишига ёрдамлашади. Қарабсизки, кўзни қувонтирувчи жажжи жўжалар дунёга келади. Сунъий кўпайтиришда етишиб келаётган бирон авлод кўрмаган ва эшитмаган йўл – бир неча тухумларни кепакка кўмиш усулидан фойдаланилади. Кепак янги авлод дунёга келиб, биринчи нафасини олгунга қадар курк товуқнинг вазифасини бажаради. Бир неча ҳафтадан сўнг эркагидан урғочисини ажратиш амалиёти бошланади. Янги авлод орасида битта хўрознинг бўлиши кифоя. Қолганларини эса тухум сотиладиган торкўчада сотиб юборилади ёки битта–биттадан пишириш учун онамнинг ихтиёрига қолдирилади. Албатта, онам уларни оёқлари кучга тўлиб “жўжа” ўрнига “жўжахўроз” бўлганида пиширардилар. Бу жўжалар хўрозларнинг ўсмирлик даври бўлиб, ўзбошимчаликлари одамзот болалариникига ўхшайди. Эркакларини урғочиларидан ажратиш бир неча йўл билан амалга оширилади. Бири “хўроз”нинг қичқириши, яъни эркаклари катта хўрозларга ўхшаб қичқиришга ҳаракат қилишади ва улар орасидаги фарқ яққол ажралиб туради. Иккинчиси бошларидаги тожнинг кўринишидан ва учинчиси жўжахўрознинг макиённи босишга ҳаракат қилишидан ёки тумшуғидан ушлаб кўтарганда қаттиқроқ қанот қоқса эркак, акси бўлса урғочи.
Шу кунлардаги фанлар товуқнинг гўшт, тухум ва пат беришидаги фойдаларини ҳисобласа, бизнинг товуқлар эса яна шунга қўшимча равишда қатлама патирлар, килолаб тариқ ҳам берарди.
Иқтисод томонидан эса товуқ биз учун табиий бойлик манбаларидан бири эди. Қандай қилиб бизга юқоридагиларни беради дейсизми? Бунинг йўли жуда осон.
Товуқларимиз сони, хўроздан ташқари, йигирматага етарди. Олдинги ва ҳозирги рақамлар шуни исботлайдики, ҳар бир товуқ бир йилда ўртача икки юз-уч юзтагача тухум беради. Биз эса фақат икки киши эканлигимизни ҳисобга олиб, бир жиҳатдан Балақаф ва бошқа жиҳатдан ал–Асмуний амаки ўртасида доимий маҳсулот айирбошлаш амалиёти олиб борар эдик. Биринчиси билан ҳар йигирма дона тухум эвазига бир килограмм тариқ, иккинчиси билан эса ўн беш дона тухум эвазига иккита сабзавотли ва гўштли патир, бири ширин, бошқаси тузли бўлар эди. Кейинги амалиёт маҳалладагиларнинг ҳар бири учун яхши таниш бўлган ўша патирларга бўлган иштиёқимизнинг кучи ёки тухумларнинг оз–кўплигига қараб, бир ёки икки ҳафтада бир маротаба қилинарди.

24

Ўқитувчи лавозимига тайинланган куним уйга қайтганимда онам худди куёвларни кутгандай, тантана билан кутиб олдилар. Тездан оғзиларига сув ҳўплаб, менга пуркаб юбордилар. Ўша пайтдаги одатга кўра, у ёки бу сабаб туфайли бирор кимсага кўз тегмасин дейилса, шундай қилинар эди. Бироздан сўнг онам шу муносабат билан мен учун кичик зиёфат ҳозирлаб қўйишларини, Асмо холани, гўрковнинг уйида яшайдиган мен учун исми номаълум бўлган бир хонимни тушликка айтиб келишимни, сўнгра дастурхон тузалгунча масжидга бориб, пешин ва икки ракаат шукр намозини ўқишимни тайинладилар.
Ўша куни биз тўртовимиз уйимиздаги асосий хона – меҳмонхонада тушлик қилдик. Мен учун кутилмаган ягона нарса, гўрковнинг уйида яшайдиган ўша аёлнинг овқат пайтида ёпиниб ўтириши эди. Мошоллоҳ, мен ҳам балоғатга етиб қолибман, Асмо холанинг бундан ғаши келиб, бақира кетди:
– Бу нима қилганинг, у ҳали ҳам бола. Болаларингнинг энг кичкинасидан ҳам кичкина,–деди. Лекин у аёлнинг ўз фикрида туриб олгани бироз ўнғайсизликка сабаб бўлди. Ўзимни уч аёл ичида ноқулай ҳис қила бошладим.
Ўқитувчи сифатида ўтказган биринчи кунларим, кутилмаганда, мен учун асабий ва машаққатли кечди. Ҳар тонг мана шу салла ва жуббани кийиб юришим ҳатто ўзим учун ҳам ғалати туюларди. Айни пайтда, ҳар куни ойнага қараганимда қаршимда турган инсон, яъни ўзимнинг кўринишим ўзимга ғалати кўринар, мен ҳар куни саллани бошимнинг у ёки бу ёғига қўндириш учун бир неча дақиқа сарфлар эдим. Онам эса шу янги кийимда отамга ўхшаб қолганимни таъкидлаганлари сари ҳозирги кўринишим ўзимга ўхшамай қолганини ва олдимда менга кўринаётганнинг албатта, мени хурсанд қилмаслигини билардим.
Бунинг устига бир гуруҳ талабалар олдида туриш, агар хоҳласангиз, ўтириш мен учун қулайлик туғдирмас эди, ич-ичимдан ҳали ҳам талаба эдим. Фикрлашим ҳам ўқувчиларникидан ўқитувчиларникига ўхшаб дарров ўзгариб қолгани йўқ. Энг ёмони мактаб мудирининг биринчи кунлариёқ, дарс беришга лаёқатим борлигидан ишонч ҳосил қилиш учун, дарсингни кузатаман деб туриб олгани бўлди. Хонанинг охирида ерга ўтириб олганча, ҳар бир айтаётган гапимни диққат билан эшитар, мен томондан ўтказилган хатоларни, қоидага риоя қилмай бехос айтиб юборган сўзларни тузатиш учун қўли билан бир неча бор ишора қилишга уринарди. Унинг дарсимни кузатишидаги мен учун фойдали бўлган ягона нарса синфдаги жимликнинг сақланиши бўлиб, ҳеч ким овозини кўтармас, ёнидагисига озор бермас ёки синф тартибини буза олмас эди. Дарс соатлари давомида шум Суфённинг сурати кўз олдимда гавдаланар, лаҳзалар ўтар экан, синфнинг “Суфёни” ким экан, менга ва ё бошқа талабаларга қачон “набақ”нинг данаклари учиб келар экан деб кутардим. Бироқ мудирнинг дарсда қатнашиши бу каби ҳодисалар рўй беришининг олдини оларди. Ўқитувчилар хонасида ўтиришим, дарс хонасида ўтиришимга нисбатан хотиржамлигимни англатмас эди. Чунки ҳамма ўқитувчилар мен учун устоз ҳисобланиб, улар билан ўтиришга ва суҳбат қуришга одатланмаган эдим. Шунинг учун узоқ вақт индамай юрдим. Кейинги дарсга нозир қўнғироқ чалиши биланоқ биринчилардан бўлиб синфга шошилардим. Шунинг учун куним синфга шошилиш ё у ердан ўша суратда чиқиш билан ўтар, ёки мен учун ажойиб туюлган мана шу кийимда юрганимни ҳеч ким кўриб қолмаслиги учун, маҳалладаги эски дўстларимнинг шумларидан бири ҳар лаҳзада учраб қолишини эътиборга олиб, кўринишимдан баланд овозда қаҳқаҳа отишини ёки устимдан аёвсиз масхара қилиб кулишидан ҳадиксираган ҳолда тез уйга шошилардим.
Кунларнинг бирида бир ўқувчи секингина кўйлагим чўнтагига ўралган қоғоз солиб қўйди. Уйга етиб олгунимча ичида нима борлигини билмадим. Уйга келгач, унда кутилмаган нарсани топдим. Шеърдан фақатгина бир байт ёзилган эди. У қуйидагича эди:

“Салла кийса айланур маймунга,
Салласин ечса, ўхшар тўнғизга.”

Уйимиздаги ҳожатхонага кириб хўрликдан роса йиғладим. Аввалига ичимда, сўнг баланд овозда тинмай йиғлардим. Ҳатто онам ваҳимага тушиб, нима бўлганини билиш мақсадида мен томон чопиб келдилар. Дарҳақиқат, кўринишим ғалати эди. Одамлар ҳожатини чиқариш учун ўтирадиган бурчакда бор бўй-бастим, кийимларим билан ҳўнграб йиғлаганча турардим. Онам эса мени юпатиш мақсадида елкамга қоқишларининг фойдаси бўлмагач, саллам, сўнг жуббамни ечиб, ўзимни тоза ҳавога олиб чиқар эканлар, оғзиларидан “ла ҳавла ва ла қуввата” ва “аузубиллоҳ” тушмас ва кетма-кет “нима бўлди” дея сўрардилар. Мен эса йиғлашда давом этиб, ахири йиғи-сиғидан тўхтадим ва ўзимдан, шунингдек, онамдан уялиб кетдим. Уларга нима дейман? Онам мендан ва қандай одам бўлганимдан фахрланиб турган бир пайтларида дардларимни қандай айтаман.
Ҳар доимгидай сўнгги паноҳим бўлмиш Масжид–ул–ҳарам томон югуришдан бошқа илож қолмади. Каъба атрофини тинмай тавоф этдим, ҳатто еттитадан неча маротаба тавоф қилганимни билмасдим. Ва ниҳоят зам–зам қудуғининг челагидан илиққина сув ичиш билан амалимни тўхтатдим. Шу қадар кўп ичганимдан қовурғаларим отилиб кетай деди. Шундагина кўнглимда хотиржамлик, тинчлик ҳис эта бошладим. Онамни тинчлантириб, ҳамма нарса ўз жойига қайтганини айтиш учун уйга шошилдим. Айни пайтда бўлиб ўтган ҳодисани ва чўнтагимга ўша варақчани ким солиши мумкинлигини хотиржам фикр-мулоҳаза қилишга ҳаракат қилдим. Охирги дарсдан сўнг чиқаётган пайтимни бир неча бор тасаввур қилдим. Эшик олдидаги тиқилинч, ўқувчилар манзараси ва ниҳоят, кўз олдимда бошқа ўқувчиларни суриб–итариб мен томон ошиқаётган бир ўқувчининг сурати келди. Ҳа, худди ўша. Олдимда унинг турганини сезгандим, кейин бир қўл мен томонга чўзилганини ва ушлаб турган нарсани ташлаб, кейин у қўлнинг тортилганини ҳам сезгандай бўлгандим, ўша бўлиши керак, бошқаси эмас. Лекин нима учун?
Мактабда ўтган олти йиллик даврни ёзиб олинган узун магнит тасмаси сифатида кўз ўнгимдан ўтказдим. Ўша бола билан биринчи йили бирга ўқиганимиз ёдимга тушди. Лекин у синфда қолиб, мен ўқув йилининг иккинчи санасига ўтганимда у яна ўша синфда қайта ўқишни бошлади. Уни ўшандан бери кўрмагандим. Мана энди кўринди, ҳозир нечанчи синфда экан? Мен уни қидириб топишим керак. Лекин саволга жавоб топишдан олдин эртага нима қилишни ўйлаб кўришим керак. Уни яна учратишим аниқ. Мудирга шикоят қилсаммикан? Ёки ўқитувчилар хонасига чақириб, нима иш қилганини сўраб, танбеҳ берсаммикан ва бу иш менинг қўлимдан келармикан? Ундан қўрқиб қалтирашимни кўз олдимга келтиряпман. Бошқа ўқитувчиларга келсак, ҳақиқатни билишгач, ўша байтни ўқиб беришимга тўғри келади. Тўсатдан, бирортаси ўқувчи олдида кулиб юборса, бу мени баттар ўкситади. Йўқ, албатта бундай қилмайман. “Туя суғоришнинг ҳам ўз йўли бор” деган эканлар. Мен ўз ичимда пухта пишган йўл, у ҳам бўлса стратегиялар ва режалар йўлини қўллашим керак. Стратегиянинг биринчи тамойилини ҳаётимдаги узоқ йиллар давомида ўрганганман. У ҳам бўлса, ҳақиқатда амалга оширмоқчи бўлган ишни яшириб, ўзини бошқа нарса қилаётгандай қилиб кўрсатиш. Эртаси куни ўша йигитни танаффус пайтида учратдим ва хоҳламайгина илиқ табассум қилиб, унинг мендан ёши ҳам, жуссаси ҳам катта бўлишига қарамай, тажрибали катталар кичикларни қандай қилсалар, мен ҳам шундай қилиб, унинг елкасига бир-икки қоқиб қўйдим. Оталар шум болаларнинг қулоқларидан тортгани каби, мен ҳам унинг қулоғидан ушлаб:
– Ҳали ҳам ёмонлигингни қўймабсан-да? – дедим, сўнг ундан дўстона оҳангда: Неча йиллардан буён кўринмайсан, ҳозир нечанчи босқичдасан? – деб сўрадим.
У эса:
– Иккинчи олий босқичдаман,– деб жавоб берди.
– Жуда соз. Келаси йил битирганингдан кейин сени муаллим қилиб тайинлашга тавсия қиламан. Ана ўшанда чўнтагингга мана бу қоғозни солиб қўяман, – деб айтдим. У уялганча бошини эгди. Мен эса йўлимда давом этдим.
Ўша лаҳзалар мен бор кучимни ишлатдим. Ўқитувчилар хонасига кирганимда эса, гўё бирор ваҳший ёки баҳайбат одам билан қўлма-қўл олишгандай ўзимни ҳис этардим…
Талабаларга дарс бераётганимда синфга мудир кирмай қўйди. Натижада синфда тартибсизлик, ўқувчиларнинг бақириб-чақиришлари, бир-бирини ҳақоратлашлар бошланди. Ҳар куни янгидан–янги муаммоларга йўлиқар эдим. Шу давр мобайнида ўқитувчиликка тайинланганимда мудирнинг менга берган маслаҳатларига таянишга ҳаракат қилардим ва “Талабалар уч хил бўлади”, – деган тақсимотига кўра уларни тасниф этишга уринар эдим. Энг ёмони эса, ўқитувчилар билан алоқамнинг йўқлиги эди. Ўқитувчилик қилаётган бўлсам-да, уларга қўшила олмадим. Бир неча кундан сўнг вазият менга нисбатан чидаб бўлмас даражага етди. Мудир олдига кириб, ўқитувчиликдан бирорта идора ишига ўтказиб қўйишини илтимос қилдим. У эса:
– Мактабнинг идора ходимлари етарли, бошқасига ҳожат йўқ, – дея рад этди ва: – Нима бўлди? Нима сени қийнаяпти? Айт, қўлимдан келганча ёрдам бераман,– деди. Мен бўлса:
– Ўқитувчилар… Мен ўзимни ўшаларнинг бири деб ҳис этолмаяпман,–дедим.
– Бошланишда бу табиий ҳолат, – деди–да, гапида давом этди: – Вақти-вақти билан ўқитувчиларнинг “ўтириши” бўлиб туради, навбати етган ўқитувчи туш пайтида уйига меҳмонга чақиради. Келаси ҳафта ана шундай ўтиришга мени чақиришади. Мактаб муҳитидан ташқарида сени уларга қўшишга ҳаракат қиламан.
Шундай ҳам бўлди. Унинг катта ҳаёт тажрибасига эга эканлиги яна бир бор исботланди.
Мен ўша куни бир инсоннинг бошига салла ўраган пайти билан бошидаги салласини ечган пайтида фарқ борлигини кашф этдим. Ана шу назария узоқ йиллар ўтиши билан амалий жиҳатдан исботланди ва умумий қоидага айланди. Бошга салла ўраганми ёки тарбуш кийганми, ё “хўжа”ларнинг шляпасидан кийганми, бунинг фарқи йўқ. Ҳа, бу бир неча далиллар билан исботланди. Ана шу бошяланг ва салла ўраган устозлар улардан олдинги ва кейинги бошқа инсонларнинг қалблари кўр бўлиб, на ўзларини эркин тута ололмаганлари ва на жилмая ололмаганлари каби бўлиб қолмаслик учун ўзаро бир-бирлари билан нафақат ҳазил-мутойиба қилиб латифалар айта бошладилар, балки кўнгилларини ёзиш ва қалблари ўтмаслашиб, кўрмас бўлиб қолмаслиги учун бўлиб ўтган турли воқеий ва ўйлаб тўқилган ҳикояларни сўзлаб, ўзаро ҳазиллаша бошладилар.
Таом келтирилгач, гуруч устидаги қўзи гўштининг баъзи жойларидан узиб, бир-бирларига бир неча марта отдилар, сўнг бир–бирларининг олдиларидаги гуруч уюми остига гўшт парчаларини беркитиш бошланди.
Биргина бу ўйинда қатнашмаган одам орамизда фақат “Мавлоно” деб чақириладиган ўқитувчи эди. Мавлоно узун бўйли, савлатли одам бўлиб, ҳақиқатан ҳам виқорли эди. Кўриниши шу даражада жиддий эдики, ҳатто унга қарай ҳам олмасдинг. Юқоридагидай қизиқ ўйинда ҳам иштирок этмади, лекин бошқалар каби салласини ечиб ўтирди ва унинг юзи бу кўринишда юмшоқроқ, инсонийроқ бўлиб кўринди.
Ҳа, ўша куни маккаликларнинг кичик йиғилишидаги хурсандчилигида мен ҳам иштирок эта олдим. У ёки бу кишига мос қизиқ ҳикоя ёки қилмишига ўхшаш бошқа бир воқеани айтиб ҳазиллашишдан тортинмадим, балки ўша зиёфатда қўйнинг тилини кесиб, катта бўлагини мазкур “Мавлоно”нинг олдига қўйдим. У ҳам менга қараб бир жилмайди–да, ҳеч нима бўлмагандай тилни тановул қила бошлади.
Бош кийим ёки умуман кийимлар инсон аъзосини ёпиш билан биргаликда унинг ўзининг кўп жиҳатларини яширадигандай кўринади. Кийимлар тури ва унга солинган крахмал миқдори инсоннинг очиш керак бўлган жиҳатларини очиб, яшириш керак бўлган томонларини беркитишда иштирок этади. Балки қадим хитойликларнинг бундан минг йиллар аввал айтган машҳур ҳикматларининг ҳам сабаби шундадир. “Агар инсоннинг қандайлигини билмоқчи бўлсанг, у билан ётоқхонасида гаплаш”, яъни пижамадалигида, чунки у ўша пайтда тўлиқ кийим–кечагини киймай туриб ўзлигига яқин, шунингдек, кўзбўямачиликдан йироқ бўлади. Кийимда эса у ойнага қарар экан, ўзидан ғурурланиб сўнгра ижтимоий ўрни ва мол–дунёсини ўйлайди. Сўнг ўзини қандай ҳис қилса шундай эмас, балки юқоридаги икки омил асосида иш тутади.
Бу борада европаликлар, айниқса, шимолликлар, пижама қоидаси борасида бир қадам олдинга ёки орқага одим ташладилар. Одамлар нафақат бош кийими, балки ич кийимларидан бошқа ҳамма нарсаларини ечадиган “сауна” хоналарини ихтиро қилиб, алоқа ўрнатиш ва битимга келишишнинг энг яхши йўлини кашф этдилар. Баъзан расмиятчилар сочиқни белларига ўраб олсалар, баъзиларини эса хона билан тўла бўлган сув буғи ўраб туради.
Яна бош ва бош кийими муаммосига қайтадиган бўлсак, халқда бундай гап бор: “Фалончи бошини очибди”, бу билан ўша одам ичидаги бор гапнинг моҳиятини айтишини назарда тутишган. Кўпинча эса, муомала ва ўзини тутишнинг ҳамма жиҳатларини йўқотган кишига нисбатан ҳам қўлланилади. Шунингдек, аёлларнинг кўрсатилиши кутилмаган хоҳиш–истакларини намоён этганларида, масалан, ёпинчиқларини ташлаганларида ҳам шу гап ишлатилади. Албатта, ўша давр хонимлари салла эмас, “бурқуъ”1 кийганлар. Ҳозирги пайтда европаликлар бирор хонимни кўрсалар, унга бўлган эҳтиром ёки ундан ҳам кўпроқ туйғунинг изҳори сифатида шляпаларини кўтарадилар. Шунингдек, бошқа хонадонга зиёрат учун борсалар, киргандан сўнг биринчи бўлиб қиладиган ишлари бошларидаги шляпани ечиш бўлади. Гўё хонадон эгасига: “Мана, ҳеч қандай ёпинчиқсиз, ҳақиқий кўринишим” деяётгандай.
Халқнинг эса “Каллани узсанг ҳам, саллани бузма” деган гапи бўларди, нимага? Чунки салланинг бузилиши салла эгасининг амалидан айрилиши–ю, шунингдек, у ҳам одамзод наслидан эканлиги бутун моҳияти билан намоён бўлиши демакдир. Ўша куни меҳмондорчилик, ҳамкасбларни ялангбош, яъни норасмий ҳолда кўришим натижасида мен ўзим ва ҳамкасб ўқитувчиларим ўртасидаги алоқаларда юз берган бундай ўзгаришдан шу қадар илҳомланиб кетдимки, ҳатто мудир жанобларига ҳамкасбларимни келаси жума куни бизникига чақиришни таклиф қилиб юбордим. У эса: “Шошилма, аввало ҳамманинг уйида меҳмон бўлмагунингча ҳеч кимни чақирмайсан. Ана ундан кейин навбатинг келади”. Табиийки, унинг гапига қулоқ солдим ва айтган гапининг нақадар тўғрилигига амин бўлдим. Қолганлар эса: “Келаси жумами ёки кейингисидами, ўзинг қилақол,”– дейишарди. Мен бўлсам: “Ким шанба куни меҳмонга чақирса, уни якшанба куни чақиришади, кўпчилигингиз ҳали на шанба ва на жума куни меҳмонга чақирганингиз йўқ. Талаб қилишга нима ҳақларинг бор,” – дер эдим.

26

Мактабдан олаётган каттагина маошим мен учун анча–мунча иқтисодий муаммони келтириб чиқарди. Пулнинг кўплиги ёки бошқача қилиб айтганда, бу даражадаги катта маош олиш тўловлар балансининг издан чиқишига, маошни ёки унинг бир қисмини қандай сарф қилиш ҳақида тинимсиз ўйлашимга сабаб бўлди. Ўшанда менга ўхшаб, кутилмаганда бирданига даромади кўпайганларнинг довдираши аниқ. Шундай экан, ўшанда ҳар ой охирида маошни олар эканман, буни нима қиламан деб ўйлар эдим. Қаерга қўяман? Қандай яшираман? Табиийки, онам бундай ишлар бўйича оила мурожаат этиши мумкин бўлган иқтисодий мутахассис эдилар. Ўн риёлни индамай қўлларига тутқазар эканман, тезлик билан кафтларини ёпиб, узоқдаги хонага югурганча, қўйиш керак бўлган жойга бориб жойлаб келардилар. Пулни жойлаш асносида уйимиздаги шароитни яхшилаш йўлларини ўйлардилар. Биринчи бўлиб қилган ишлари кўчада: “Идиш ювамиз, зиналарни супурамиз”, – дея бақириб юрадиган “африка” аёллари хизматидан фойдаланиш бўлди. Эҳтиёжга қараб кунда ёки ҳафтада бир маротаба уларнинг бири билан бу ишларни қилишни келишиб олдилар. Натижада даҳлиз топ-тоза бўлди. Шунингдек, аввалгидан фарқли ўлароқ, уйнинг юқори қисми – “меҳмонхона” ҳожилар келишига доим тайёр бўладиган бўлди. Кейинчалик, ўша тиришқоқ ишчи аёлларга бошқа ишлар: ҳар сешанба кир ювишни юкладилар. Чунки бу кун маккаликлар томонидан кир ювиш учун танланган кун эди. Улар орасида кенг тарқалган ривоятларга кўра, ўша куни тоғлар яратилган экан. “Фақиҳа“ни – ўша даврда ҳар бир африка аёлини “фақиҳа“ деб чақиришар эди – онам қуйидагича ишлатар эдилар: кир тоғорани онам ўзлари тайёрлаб берардилар. Тоғорага кўпгина кул солиб, қолган қисмини сув билан тўлдирардилар, бироз тинар эди. Ўша пайтларида ҳозирги кимёвий кир ювиш воситалари ҳали маълум эмас эди. Ишқор эса доғ ва кир кеткизувчи фаол восита эди. Фақиҳа кир ювишдаги энг қийин иш, яъни кирларни икки бора ювар, онам эса биринчи ва иккинчи мартасидан осонроқ бўлган учинчи марта ювишни, керакли миқдорда крахмал ёки синка қўшиб чайқашни ўзлари қилар эдилар.
Ҳеч ким оилаларнинг ана шу фақиҳалар билан алоқаси фақат ўша пайтда бошланган деб ўйламаса керак. Тўғриси, ҳар бир оиланинг улар билан бўлган алоқаси қадимдан чуқур томир отган, балки юзлаб йиллар олдин бошланган бўлса керак. Илло, агар бундай бўлмаса, рамазон ойида Макка аҳлининг асосий таоми “буғдой шўрва”нинг буғдойини ким туйиб берарди. Ҳа, бу йилда бир маротаба, албатта, шаъбон ойининг иккинчи ярмида бўларди. Улар кўчада узунлиги бир метр бўладиган ёғоч келиларини кўтариб олиб, баланд овозда “буғдой туямиз” дея чақириб юришарди. Буни эшитган маҳалла хонимлари улар томон ким ўзарга шошилишар, қилинажак иш борасида келишиб олишар эди. Бу ишларнинг ҳаммаси ўша кунларда кўп тарқалган бир гап, яъни африка аёлларининг “нам–нам”, яъни одам гўштини ейдиганлар табақасига тегишли эканликларига қарамасдан, бир маромда бўларди. Кейинчалик бу туҳматни бир неча асрлардан сўнг император “Инкаса” амалий йўл билан исботлади, яъни кечки дастурхонда муҳтарам император жаноблари билан бирга бўладиган вазирлардан бирини пишириб тушлик қилган.
Онам юқоридаги хизматлардан фойдаланишлари натижасида анчагина бўш вақтга эга бўлдилар ва уни нима биландир банд қилиш керак эди. Шу сабабли соатлаб чеварчилик билан шуғуллана бошладилар. Ўша даврнинг катталари қилгани каби, ҳижоблари ёки менинг рўмолчаларим, иштонларимизни безардилар. Шу билан биргаликда овқат тайёрлашга ҳам бор кучларини сарф этдилар. Бу ҳаракат нафақат овқатларнинг мазасида, балки турли-туманлигида ва миқдорининг кўпайишида ўз аксини топди. Натижада иккаламиз ҳам тўлишиб, авваллари кенг бўлган кўйлакларимиз ўзимизга лойиқ бўлиб қолди.
Хўжалик ишлари буларнинг ҳаммасидан ўтиб тушди. Уйимиз учун керак бўладиган идиш товоқлар, жиҳоз, уй–анжомларини сотиб ола бошладилар. Чўнтакда борини онамнинг қўллари маълум қилиб “еган” сари ғойибдан келаверарди.
Узоқ йиллар давомида менинг хурсандчилигимга сабаб бўлган нарса хонадон учун мўлжалланган “музқаймоқ” қиладиган асбоб эди. У жуда ҳам фойдали бўлиб, ташқи томонига бир бўлак муз, ички қисмига эса бир ёки икки стакан маҳаллий лимон шарбатидан қуйиб, то қотгунча қўлда айлантириларди. Қарабсизки, музқаймоқ истеъмол қилишга тайёр бўларди.
Онам ҳақида бир нарсани айтсам оилавий сирни очган бўламан деб ўйламайман. Улар қўшиқ шайдоси бўлиб, кун бўйи паст овозда хиргойи қилиб юрардилар. Энг ёқтирган ашулалари Суриянинг

“Силкин, силкин, эй анжир,
Шом олмаси лаззатли, ширин,” –

ашуласи эди. Лекин очишни хоҳламаётган сирим онам кунларнинг бирида қадимдан қўлланиб келаётган куй сандиғи – патефон деб аталадиган сандиқнинг бирини сотиб олганлари эди. Қандай йўл билан, кимдан олганларини ҳеч кимга айтмаганлар. Бу сир. Ўша сандиқни ичкари хоналарнинг бирига қўйиб, унинг овозини қўшнилар эшитиб қолмаслиги ва мумкин бўлмаган нарса уйимизда мавжудлигини билиб қолмасликлари учун атрофини баъзи латта-лутталар билан ўраб қўйдилар. Ўша ҳодиса ота–оналарнинг тасарруфлари шубҳалардан холи эмаслигини мен учун исботлади. Онамнинг ўша сандиқни сотиб олишларидан асосий мақсад уйда кўтаринки кайфиятни ҳосил қилиш эди. Лекин ўша сандиқ, мактабдагилар бу ишдан хабар топиб қолмасликларидан қўрқиб, мени кўпинча тажанг юришимга сабаб бўлди. Биргина устозимнинг насиҳати ғамимни сал енгиллаштиргандай бўлди. “Парво қилма, уйларингда бу каби сандиқнинг борлиги ҳаёнинг йўқолиши ёки феъл–атворнинг бузилиши дегани эмас.” У ҳам ўшанга ўхшаш сандиқдан сақлашини ва бундан ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтди. Энг даҳшатлиси, у ўзида бор баъзи пластинкаларни эшитиш учун олиб туришимизни, бўшагач, қайтариб беришимизни айтгани бўлди. Бу билан ўша “масончи” ва мана бу ҳаёли аёл бир қаторда бўлиб қолди. Ё, ажабо!

27

Жамилни грамматикага ўқитишда давом этдим, лекин дарсларга баъзи ўзгартиришлар киритишим уларни аввалгидай қуруқ бўлиб қолишини камайтирди. Табиийки бу борада устозимдан рухсат сўрадим:
– Жамилни ўқишга бўлган салоҳиятини яхшилашимиз керак деб ўйлайман. Сўзларни ўз ўрнида қўллашни билмаса, қоида билганнинг нима фойдаси бор?
Устоз таклифимга рози бўлди. Ўқишга бўлган қизиқишини орттириш учун энг яхши йўл – унинг учун содда ҳикоя ва эртакларни ёзиш эди. Бу борада, ҳовлида ва пашшахона деворлари орасида искаптопарларнинг ғўнғиллаши кучайганда, онам айтиб берган ва эсимда қолган баъзи ҳикоя ва эртаклардан фойдаландим. Бу йўл билан гўё авлоддан авлодга ўтиб келаётган халқимизнинг меросини, ҳаммасини бўлмаса–да, бир қисмини Жамилга сўзлаб бераётгандай эдим. Ягона фарқ шуки, бу мерос одат бўйича аёл оғзидан эмас, эркак оғзидан сўзланди. Жамил эса кундан-кунга ҳикоялардаги “воқеа”лардан таъсирланиб, ҳайратини яшира олмас, ҳатто жони чиққан одамдай пастки жағи осилиб қоларди. “Гўллик” даражасидан аста-секин “соддалик” даражасига яқинлашиб борарди. Бу эса олдингисидан кўра яхшироқ.
Кунларнинг бирида онамнинг ҳикоялари тугагач, ўзим унга “қуёнлар ўрмони” номли эртак тўқиб, дафтарига ёзиб бердим. Эртагим унга шунчалик таъсир қилганидан кўзлари хурсандчиликдан яшнаб кетди. Тўқилган эртак соддагина бўлиб, ўрмонда тинч–хотиржам яшайдиган қуёнлар тўдаси ҳақида эди. Нима бўлди-ю, уларнинг тинчи бузилди. Бир кулранг қуён – қизил ҳам бўлиши мумкин – улар ўртасига адоват уруғини сочиб, қуёнларни бир-бири билан уриштириб қўйди. Натижада бир–бирларини ўлдириб, гўштларини ғажиб, ея бошладилар. Охир-оқибат фақат бир қуён тирик қолди. Ўша қуён ўртоқларини егани учун шу даражада катта бўлиб кетдики, асло ўзига, яъни қуёнга ўхшамай қолди. Дунёдаги барча мавжуд ҳўкизлар ана ўша қуённинг зурриёти экан, дея эртакни якунладим. Аждодлари ўтхўр бўлгани сабаб, ҳўкизлар ҳам ўт ейишни яхши кўрадилар.
Жамилга эртак тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада ёқдики, ҳатто ўқийвериб-ўқийвериб, ёдлаб олди, ўша “ҳўкиз-қуёнга” бўлган иштиёқидан фойдаланиб, у ёки бу сўзни турлаб беришини, “ҳўкиз”нинг аниқ ёки ноаниқлигини, қуённинг “муаннас” ёки “музаккар”1 лигини сўрардим. Ўйлайманки, ўша кунларда у грамматик қоидаларни бутун олдинги кунларга нисбатан кўпроқ билиб олди. Эртакдаги қуёнга шу даражада қизиққанидан, ҳар бир жумлани сўзма–сўз таҳлил қилишга уринар эди.
Лекин эртак тўқиётганимда бир нарсага эътибор бермаган эканман. Кунларнинг бирида Жамил кутилмаганда ғалати савол бериб қолди: “Қуёнлар ўша жанг мобайнида қирилиб кетган экан, ҳозирги кунимиздаги қуёнлар қаердан келиб қолди?” Бу савол бироз ўйлашга мажбур этди. Сўнг: “Ҳозирги қуёнлар очарчиликка, қўллар қисқаришига йўлиққан бўлиб, бунинг натижасида жуссалари кичиклашиб кетган ва ҳозир кўриб турганимиздек бўлиб қолишган”, – дедим. Мен айтган “воқеа”ларнинг сўнгги ривожланишини эшитиб, унинг ўша эртакка бўлган ҳайрати янада ошди.
Устоз ўғли Жамилнинг эришаётган муваффақиятларидан ғоят бахтиёр эди ва тинмай миннатдорчилик изҳор этарди. Лекин ўғли қуёнлар ҳақидаги эртакни ўқиб бергач, юзини булут қоплади. Оч қолган хўкизларнинг ўз ҳолига, яъни қуёнга айланганини оғзаки айтиб берганда эса, ҳалиги булут янада қорайиб кетди. Бу билан Жамилнинг ақлан нормал инсон эмаслиги ойдинлашди. Уни ҳар қанча ўқитсам ҳам ёки ҳар қандай ўқитувчи бўлмасин бор саъй-ҳаракатини сарфлаши мумкин бўлса ҳам унинг ҳаракати бу содда инсоннинг ақл савиясини оширмайди ёки Аллоҳнинг қолган бандалари сингари бўлишига ёрдам бермайди. Шунга қарамай, устоз ўқитишни давом эттиришимга ундаб: “Ўқитавер, шояд бир кун келиб кутубхонамдаги баъзи китобларни ўқий олса. Аллоҳнинг бошқа бандалари каби ҳаётда ўз ўрнини топиб олар, ҳеч бўлмаса ярим нормал ҳаёт кечирар”, – деди.
Кунларнинг бирида дарсхонасидан чиқиб, эшик томон кетаётсам, устоз тўхтатиб, у билан бир неча дақиқа ўтириб, бир пиёла чой ичишимни сўради. Рози бўлдим. Ўша куни у кутилмаганда менга “Инглиз тилида кўп қўлланиладиган иборалар” номли китобчани берди. Миннатдорчилик билдириб, кетишга отландим. Остонада турар эканмиз у шундай деди:
– Жамиланинг ўғил бола бўлишини хоҳлар эдим. Уни ўқитишни сенга топширардим. Эҳтимол, самарали бўлар эди. У шу даражада зийракки, ўз насибасини ҳам, акасининг насибасини ҳам ўзига олганмикан, деган хаёлга борасан.
Жамилни ўқитишдаги қийинчиликларимга бўлган эътиборига, шунингдек, самараси оз бўлса-да, кўп саъй-ҳаракат қилишимга бўлган ташаккури учун раҳмат айтиб чиқиб кетдим. Бу айтилган гап ҳақида бошқача ўйламадим. Буни менга бўлган миннатдорчилик белгиси деб тушундим. Кўп ўйлашга ҳожат йўқ эди. Мен Жамилга бераётган дарслардан қандайдир даражада ҳузурланардим.
Жамила ҳикояси шу тариқа ниҳояланмади. Бошқа сафар устоз:
– Бахтга қарши қизлар мактаби ҳам йўқ. Шунинг учун Жамила таълим олишдан маҳрум бўлди, ваҳолангки, у бунга муносиб, – деди-да, сукут сақлади. Мен:
– Нима учун “Ал-Кабарити” қизлар мактабига бермадингиз? Ҳеч бўлмаса “Амма” порасини ўқий оладиган даражада Қуръони каримдан бирон нима билиб, намозида тиловат қила оларди, – дедим.
– Айтганингдек қилдим. Бир порадан ортиқроғини ҳам ёдлади, лекин бу кифоя эмас. Жамила бундан кўра кўпроқ билим олишга қодир,– деди-да, жим бўлди. Мен ҳам нима дейишга ҳайрон бўлиб жим турган эдим, у гапида давом этди:
– Одатларимиз йўл қўйганда эди, Жамилани ҳам ўқитишни сенга топширар эдим, – деб яна жим бўлиб қолди. Сўнг мени ўз ҳолимга қолдирди, мен уйга йўл олдим. Уйларимиз орасидаги бир неча дақиқали фурсат ичида устознинг гапларини бирма–бир ўйладим. Бу “масончи” қизлар мактаби бўлишидан ташқари, янада чуқурроқ нарсани кўзлаётганини ҳис этдим. Ўйлаганимдай бўлиб чиқди. Бир неча кун ўтгач, у яна мавзуга қайтиб:
– “Илм олиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун фарз” дейилган, шундай эмасми?
– Албатта.
– Бу фарзни қандай адо этса бўлади?
Саволга жавоб бермасимдан олдин менда шак–шубҳа қолдирмасдан очиқ–ойдин кўзлаётган мақсадига кўчди:
– Жамилни ўқитганинг каби, қизим Жамилани ҳам ўқитишга розимисан?
– Лекин…
– Қизим билан бирга бувиси ҳам бирга ўтиради, табиийки, Жамил ҳам. Дарс соатини иккига бўлишади.
Кутилмаган фожиадан титрардим. Ичимдаги гапни айтгани ҳам қўймай у:
– Албатта, у ҳижобда бўлади. Биринчи дарсларда ўзи иштирок этмай кузатади. Кейинги сафардан бошлайди. Ҳа, айтгандай, Жамилга ёзиб берган ўша ҳикоя ва қиссаларингдан фойдалансанг бўлади, то ўқиши яхши бўлиб олгунча. Кейин эса тайёрлов мактабида ўқиган “Ўқиш китоби”га ўтсаларинг бўлади, – у гапида давом этиб: – ўқишга қодир эканлигини била туриб, уни билимсиз қолдириб қўйиш унинг ҳаққини адо этмасликдир, – деди.
Жамила мендан ва акаси Жамилдан икки ёки уч ёш кичик эди. Беш–олти яшар қизлигида кўрганимча, мана йиллар ўтибдики, бошқа кўрганим йўқ эди. Сўнг ёпинчиқ ўрай бошлагандан кейин у ҳақда ҳеч нима билмас эдим. Нафақат билмас эдим, балки отаси у ҳақда гап бошлашидан аввал бор–йўқлигини ҳам унутиб юборган эканман.
Бажарилиши керак бўлган “қоида” бўйича биринчи дарсга қари бувиси билан келди. Уларнинг дарсда иштирок этишлари Жамилни ва мени баробар даражада кучли ҳаяжонга солди. “Бизни бу ҳолатда ҳеч ким кўриб қолмасмикан”, – дея у ёқ–бу ёққа қараб қўярдим. Жамилнинг: “Қиз бола, қиз бола? Қандай қилиб? Биз билан бир жойда ўтирадими?” – деб бақириб юбориши қўлимдаги жиловни чиқиб кетишига сабаб бўлди. Бувиси эса эшитарли овозда истиғфор айтар, афтидан, у ҳам бу ишга норозидай, лекин қаттиққўл “масончи”нинг буйруғи остида бу ишни Аллоҳга таваккал қилди.
Жамила ўша даврда кенг тарқалган аёллар кийими “жома” ўраб олгани учун ҳеч қаери кўринмас, гўё қандайдир бир уюмга ўхшарди. Жома соҳибаси дунёни кўриш учун биргина дераза – кўзлари атрофидаги икки тирқишдан қарарди.
Жуссаси Жамил ва меникидан фарқли ўлароқ анча кичкина ва нозик бўлиб, биринчи куни муҳтарама бувиси билан бир бурчакда ўтирди. Дарс тугагунча бирор марта ҳам қимирлаб қўймади. Хонадан чиқиб кетар экан, бувиси ҳам ҳеч нарса демай, хайр–маъзурни насия қилиб орқасидан эргашди.
Жамила дарсда амалий иштирок этиши керак бўлган вақт етиб келгач, устоз ўзи ҳам кирди. Орқасидан уйдаги хизматкор бола бир патнисда чой, бир ликопда тўла асосан ҳаж мавсумида уй бекалари пиширадиган ширинлик олиб келди. Устоз дарс мобайнида бирор сўз айтмаган бўлса ҳам, иштирок этишининг ўзи ўтирганларда хотиржамлик ва ишонч ҳиссини юзага келтирди. Келаси дарс соатларида ҳам иштирок этишини илтимос қилдим. Лекин мунтазам иштирок этмади. Биз билан қолишни истамаса, дарс давомида бир–икки бор ташқарига чиқиб келарди. Бир неча дарслардан сўнг бувиси – олдин ҳеч учрамаган иш – қилаётган ишимиз, айтишича, ҳеч қандай чегарадан ўтмаётганига ишонч ҳосил қилди. Бу ишонч ҳар сафар дарсга келганда менга “ассалому алайкум” дейишида кўринди. Чунки олдин индамай кириб келар эди. Кейинчалик салом бера бошлади. Бир неча ҳафтадан кейин салом охирига “ўғлим” сўзи қўшилди. Кейинги ҳафталарда бир–икки оғиз гапириб, онам ҳақида сўрайдиган бўлди. Жубба ва салладаги кўринишим унга ёққани кўриниб турарди. “Ёмон кўзлардан асрасин” деган дуо олишгача бордим. Дуо борасида яна бир қадам силжиш – “Невараларимга бераётган дарсларингиз учун Аллоҳ ўзи ажру савоб берсин”, – деган тилаклар билдирарди.
Шу даражага етиб бориш бутун оила розилигини қозонганимдан далолат эди. Гапимнинг катта далили сифатида шуни айтишим мумкин, ҳатто устознинг хотини энг камида бир марта дарсда иштирок этиб, Жамилга ёзиб берган ҳикояларимдан бирини қизи ўқиётганини диққат билан эшитди.
Бу вақтда бувида рўй бераётган руҳий ўзгариш билан бир қаторда яна бошқа икки ўзгариш ёнма–ён ёки кетма–кет амалга ошиб борарди. Жамила эса устоз айтгандай ва лекин мен кутмаган даражада зийрак бўлиб чиқди. Ҳикояларни ўқишни бирин–кетин тез ўзлаштирар эди. Мен билан бир ёки икки бора ўқигач, кундузи бир неча соат қайтариб, ёдлаб олар, келаси сафар ҳеч қандай хато ва камчиликсиз, қоидаларни билган ҳолда айтиб берарди.
Иккинчи ўзгариш менинг ўзимда, ичимда кечди. Ўша мулойим, ширали, паст овозга ўргана бошладим. Шу даражада кўникдимки, тонг чоғлари унинг овозини қўмсаб, эслашга ҳаракат қилардим. Ўраниб олганидан эслайдиган шу ёқимли овозидан бошқа эслаш мумкин бўлган ҳеч нарса ҳам йўқ эди. Жамила эса ҳали ҳам тушунарсиз уюм, кимлигини билмайман. Вақтнинг ўтиши ва менга бўлган ишончнинг кучайиши натижасида Жамила ҳам овозини аста–секинлик билан кўтара бошлади.
Ўша кунларгача “Кўрлар севгиси” романини ўқимаган эканман. Бу роман бир кўр билан бошқа бир банда ўртасида аввало овоз, кейин эса пайпаслаш йўли билан ривожланган ўзаро инсоний ва ҳиссий алоқалар ҳақида сўзлайди. Романни олдин ўқимаган бўлсам ҳам ундаги воқеаларни кўрлар каби табиий ва нотабиий ҳолда бошимдан кечириб бўлдим. Овозга кўниккач, у томон интила бошладим. Овоз соҳибасини билмаган ҳолда унга боғланиб қолдим. Кутилмаганда “Лайли ва Мажнун” девонини ўқиётганимни кўрасиз. Агар ўзим холи бўлсам, унинг кўзларини кўрмаган бўлсам ҳам, қуйидаги байтни хиргойи қилиб юрардим:
Сенинг кўзинг унинг кўзи,
Сенинг бўйнинг унинг бўйни.

Фақат бир неча йиллардан кейингина ўша кўзларни кўриш насиб этди. Ўшанда киши қандай қилиб бир нарсага эмас, балки нарсаларга ва одамларга фақат такрор ва одат орқалигина кўникишидан ҳайратда қолдим.
Бу руҳий ўзгариш янада бошқача тус олди. Мен ўша нотаниш “уюм”ни уч кишига – бувиси, устоз, Жамилга – таяниб, хаёлимда тасаввур этиб, суратини чиза бошладим. Унинг бурнини бошқасининг пешонасига, Жамилнинг жуссасини ўзгартириб, кичрайтириб, ҳосил бўлган чеҳрани қўйиб кўрардим. Натижада олдимда “ўтирган”нинг, мендан “беркилган”нинг илк чизгилари намоён бўларди.
Жамилани овози билан бўлган алоқамнинг чуқурлашувида бувиси амалий тарзда ёрдам берарди. Неча бор ўқишини эшитмаётганимдан шикоят қилсам, у:
– Овозингни кўтар, Муҳайсин эшитсин, – яна бошқа сафар: – ўқитувчи эшитсин, у ҳам аканг сингари ва аканг тенги,– дер эди.
Бироқ бир неча ой давомида ҳар қандай гап ўқитувчи ва унинг ўқувчиси орасидаги муносабат доирасида давом этди. Лекин Жамиланинг муваффақияти унга берилажак илм доирасини кенгайтиришни ва бу борада устоз билан маслаҳатлашишни тақозо этди. Натижада математика ва грамматика илмлари қўшилди. Буларнинг барчаси ўзаро гаплашишни, “Салом берсанг, алик оласан” қоидаси бўйича мунозара ва савол–жавоб қилишни тақозо этди, чегарадан чиқмаган ҳолда, албатта.
Жамил қизнинг иштирок этишидан норози бўлмай қўйди. Биринчидан, дарс вақти иккига бўлинганлиги сабаб, унга юклатилган босим ҳам иккига бўлинди, иккинчидан синглиси билан бўлаётган савол–жавоблардан фойдаланар, гоҳида ўзига берилмаган саволга жавоб бериш истагини ҳам билдирарди. Синглисидан ўзишни жуда хоҳлаётган Жамилнинг ҳаракатидан фойдаланиб, сал бўлса ҳам фаоллашиб қолган миясининг катакларини тўлдиришга шошилдим.

28

Ўша салла ва жуббани кийиш билан болалик, ўсмирликдан тортиб то ихтиёрим бўлмагани ҳолда ёшим улғайганлар ва виқорлилар қаторига ўтдим. Гўё Штейнбекнинг “Одамлар ва сичқонлар” ҳикояси қаҳрамонлари ибтидоийликдан инқирозга босиб ўтиши керак бўлган тараққиётни четлаб ўтганларидек. Тараққиёт эса бу иккала босқич ўртасида.
Мазкур кийимларни киймай туриб, мен ҳам ўша давр йигитлари каби ҳар хил ўйинлардан “у ёки бу нарсадан қўрқиб ёки мен тўғримда у–бу дейишмасин… ўйлашмасин…” деган сабаблар билан завқланмаганман. Бироқ мен ҳеч бўлмаганда атрофимда бўлаётган воқеаларни кузатувчи ролини бажарардим. Ҳа, бир неча бор “Садъ” кўчаси ниҳоясида ястаниб ётган “Хандама” тепалигига чиққанман. Маҳалла болаларининг ҳуштак чалиш ўйинларини, аёвсиз бекинмачоқ ўйинларини, баъзан олишувларини ёки кўпинча авжга чиқиб, мажозий маънода эмас, ҳақиқий маънода охири қон билан якунланадиган жанжалларнинг гувоҳи бўлганман. Ўша манзаралар энг камида мен бу ишга ҳақиқатан ҳам аралашмасам–да, ҳеч бўлмаса, атрофимда айланаётган ҳаётнинг бир тарафи эканлигимни ҳис эттирарди. Мен буларнинг барчасидан батамом маҳрум бўлдим. Ахир, толиби илм ўз вақтини зое кетказиб, бу каби ўйинларни томоша қилиб юриши тўғри бўладими? Бироқ ана шу илм толиби руҳан ҳали ҳам бола, ҳали ҳам ўсмир эди, завқлангиси ва ўзи иштирок этгиси келарди.
Яна маҳрум бўлган нарсаларимдан бири маҳалламиз ва қўшни “Мисфала” маҳалласи йигитлари ўртасида келиб чиққан бешафқат уришишларни томоша қилиш эди. Ўша маҳаллада “Мисёл” номли жой бўлиб, ундан кейин руҳий касаллар шифохонаси келар эди. Макка аҳли мазкур шифохона ва унинг мудири Саййид Ҳусайнни танишарди. Маккани, унинг маҳаллалари ва улар ўртасидаги алоқаларни билмайдиганларга шуни айтиш жоиз-ки, Макка маҳаллалари ўртасидаги муносабат доимо дўстона эмас, балки унинг акси эди. “Шомия” маҳалласи “Мисфала”нинг тарафкаши бўлса, “Ажёд” маҳалласи “Шабика” маҳалласига тарафкашлик қиларди ва бу икки маҳалла юқоридаги иккитасига ўзларидан аввалги қабилаларнинг икки минг йилдан буён ичида-ю ташида давом этиб келаётган душманлиги каби ашаддий душман эди. Макканинг қуйи қисмида ёйилган майсазор боғларни томоша қилиш учун йўл олган маҳалламиз аҳли Мисёл ҳудудидан ўтаётиб, қанчадан-қанча қийинчиликларга дуч келишарди. Уларнинг йўлларини кўпинча мисфалаликлар тўсар, ўтаётган одам агар Ажёд маҳалласидан эмаслигини айтса – бу эса уни ғурур ва обрўдан юз ўгиришга олиб келарди – қўйиб юборишарди. Маҳалламиз аҳли ҳам бўш келмай, Мисфаланинг кўп йигитларини ўз маҳаллаларида ишлашга қўймасдилар, бирга икки қилиб қайтаришарди. Айниқса, “Хандама” тоғидан эшак–хачирларга тош ортиб, шаҳарнинг бошқа томонларига олиб ўтадиган тош ташувчиларга кун беришмасди. Бу каби урушишларнинг ҳам ўзига яраша усул ва қоидалари бўлар, авваламбор маҳалладан ўтаётган нотанишдан дўст ёки душманлиги сўралар, душман бўлса келган жойига қайтиб кетиши талаб қилинарди, йўловчи рад этса “энди ўзингдан кўр” деб, бирга-бир жанг бошланарди. Кам ҳолларда бир душманга биттадан кўпроқ бўлиб чиқишарди. Мана шулар маҳалла аҳлининг қоидаси ва жанг усуллари эди. Олишув уришаётганлардан бирининг тупроққа буланиши, кийим-бошининг йиртилиши, балки бошига калтак билан тушириш билан тугарди. Агар шундай жанжаллар ҳозирги катта ёшдаги авлодларимиз ўртасида бўлиб ўтганда эди, балки томонлардан бирининг қорнига пичоқ уриб, ичак–чавоғини чиқариш билан тугаган бўларди. Кўпинча, ишнинг кутилмаган босқинчиликлар шаклида тус олиши, бунда бир неча босқинчилар тўпланиб бошқа маҳалла билан қўрқитиш, яъни чегарасиз гуруҳ–гуруҳ бўлиб жанг олиб боришга қарор қилардилар. Бу турдагиси кўпинча жароҳатлар ёки ўлим, ё бўлмаса ҳар иккаласи билан ниҳоя топарди. Сўнг ишнинг аслини беркитишга ўтардилар, ўлганни жимгина кўмардилар, натижада қотиллик қилган маҳалладан қасос олиш учун режалар тузилади ва қасос олинади. Бир кун ундоқ бўлса, бир кун бундоқ, ваҳоланки, бошлаган киши кўпроқ зулм қилган ҳисобланади.
Бундай қиссанинг энг ғаройиби ҳеч ким эшитмаган “гуллаган давр” деган паллада рўй берган. “Муобида” маҳалласидаги бир тентакдан қасос олиш воқеаси эди бу. Жуссасининг шу қадар катталиги ва бақувватлигидан у “хўкиз” лақабини олган бўлиб, ҳақиқий исмини ҳеч ким билмасди. Ўша “хўкиз“ кўпгина маҳалла болаларини нафақат уриб–сўкиб, балки ўлдиришгача бориб етган экан. Натижада қасос олишни жамоавий тарзда амалга оширишга тўғри келган. “Шаъб Омир” аҳлидан уч киши ўзаро келишиб, жума куни шом пайтида унга ташланмоқчи бўлишади. Аср намозини бирга ўқигач, – “Бирортамиз ҳам орқага чекинмаймиз. Олишув нима билан тугашидан қатъи назар, бир–биримизни сотиб қўйиш ёки ҳақиқатни эътироф этиш йўқ”, – дея ўзаро тил бириктиришади. Кейин душманлари “хўкиз”ни ўликлар қаторида ҳисоблаб, унинг руҳига фотиҳа сурасини тиловат қилишади. Воқеа қуйидагича содир бўлган экан: улар уловларига миниб, Макканинг юқори қисми – Минонинг бошланишидаги “Мажр ал–Кабш”га етгач, ўша ердаги харсангтошларга уловлари арқонини боғлаб, ўзлари “хўкиз”нинг кундалик сайлидан қайтишини қуёш ботгунча яшириниб кутишган. Кутилмаганда қоялар орасидан қўлларида калтаклари билан унга ташланишган. Ҳеч қандай гап-сўзсиз йигитларнинг бири унинг бошига чунонам урганидан у мувозанатини йўқотиб эшаги устидан қулаб тушган экан. Фурсатдан фойдаланиб қолган иккиси устига миниб, худди ҳайвоннинг қорнини чавақлагандай чавақлаб ташлашади. Ўлганига ишонч ҳосил қилгач, пичоқларини кўйлагига артишиб, уловларига миниб, “Ҳеч ким ҳеч нарса кўрмади, ҳеч ким ҳеч нарса эшитмади” зайлида Маккага қайтиб келишади. Шундай қилиб, Макка кеккайиш ва босқинчилик тимсоли бўлган бир зўравондан қутулади. Лекин ҳеч ким уни ким йўқ қилганини билмасди. Шунингдек, ҳеч ким “бу ишни мен қилдим” деб айтмади. Шундай қилиб, “бу иш номаълум шахс томонидан қилинди” деб қайд этилди.
Ҳаётнинг бу каби завқли томонларидан маҳрум бўлсам–да, жамиятдаги табақаларнинг бошқа бир табақасига ўтганимдан ва унинг бошқа жиҳатларидан роҳатлана бошладим. Маҳаллада бўладиган никоҳ тўйларига чақиришарди. Бу эса ҳадя сифатида қопда шакар ёки гуруч жўнатишда иштирок этишимни тақозо қилди. “Ким шанба куни хайр–эҳсон қилса, якшанба куни хайр–эҳсон олади” қоидасига биноан, ўша даврда маҳалла аҳлининг қилган тўёнаси тўй харажатини тўлиқ кўтарар эди. Бундай яхши одат натижасида янги тўйдан чиққанлар узоқ муддат тўёналар ҳисобига тирикчилик қилишарди. Тўёналар аксари бир–икки йилгача бузилмасдан сақланиши мумкин бўлган озиқ–овқат маҳсулотлари бўларди.
Яна тўй эгаси тўёна берган кимсага удум бўйича тўй таомларидан ва ширинликларидан “насиба” жўнатиши одат эди. Ўша кунларда “насиба” ҳадя қилинган уй аҳли учун таом бўларди. Агар “насиба”ни олиб боришда ўша уй аҳлига бирор ярамас аралашиб қолса, уларнинг ҳолига вой: насибани умуман бошқа жойга олиб борар ва ўзи паққос туширарди. Албатта, бундан ёмони йўқ. Тўёна берганлар эса бундан бехабар тўй соҳибини одатга амал қилмагани ва бефаросатлигидан нолишар, қарғашар эди.
Ўзаро келишмовчиликларни ҳал қилиш қўмитаси аъзосига ҳам айландим. Бировнинг уйини сел олган, бошқасиникига ўт тушган, шу каби масалаларни ҳал қилардик. Овқатнинг сероблиги–ю, ҳаракатнинг камлиги натижасида умумий кўринишимда содир бўлган тадрижий катталашиш ана шу ролни бажаришимга ёрдам берарди.
Руҳий илҳомланиш қоидасига биноан (бу борада уста эдим), мен нафақат маҳаллада, балки ҳаётда ҳам керакли инсон эканлигим хаёлимдан ўтди. Бундан онамнинг боши кўкка етди. Кўпинча уйга келганимни кўрибоқ, сув пуркаб юборардилар ва ҳасадгўйларнинг, шунингдек, Муҳаммад пайғамбарга салавот айтмайдиган кимсаларнинг кўзидан Аллоҳ сақласин дея дуо қилишга ўтардилар.

29

Масжид–ул–ҳарамда ёки маккаликлар таъбири бўйича “Ҳарам”да бомдод намози ўқилаётган эди. Жума тонги ўша давр мен ва аксарият маккаликлар учун ўзига хос руҳий гўша эди. Балки у ерда қолган Макка аҳли учун ҳозир ҳам шундай бўлиб қолгандир. Энг зўри, ҳарамга азонгача бир ёки икки соат олдин келиб, жойнамозни биринчи саф, яъни Каъбанинг олдига солгач, азон айтилгунча таҳажжуд намози ўқиш ёки тавоф қилиш, буларнинг барчаси табиий ҳолда кечар, оталардан болаларга мерос қолган одат эди. Чунки оталар болаларини балоғатга етгунга қадар ўзлари билан олиб келадилар, натижада оталарига одат бўлган нарсаларга одатланадилар. Шу тарзда ўзларидан кейинги авлодни шу одатга ўргатадилар.
Мана шундай кунларнинг бирида бомдоддан олдин “Мавлоно”нинг ҳарам равоқлари остида ёлғиз ўзи таҳажжуд намозини узоқ қироат қилиб ўқиётганини кўриб қолдим. Қироати шу даражада эдики, гўё у рукуъ қилмаётгандай туюларди. Узоқдан уни кузатиб турдим. Намозини тугатгач, мен тўсатдан уни кўриб қолган кишидай олдига яқинлашдим. У саломлашишга мажбур бўлди. Табиийки, мен ҳам салом бериб ўтирдим. Сўнг намоз ўқишга одатланган жойимга ўтиб олдим. Бу иш эсимдан чиқди. Лекин у буни унутмаган кўринади. Уни билмаган кишиларга ва қўл остида ўқимаганларга шуни айтиш керакки, у “Усул” илмларидан дарс берарди: тафсир ва фиқҳ усуллари, буларга қўшимча равишда, тил асослари, яъни “тил фиқҳи” илми борасида унга тенг келадигани топилмасди. Ажабланарлиси, у сурёния тилидан ҳам озмунча хабари бўлиб, тақволи ва тўғри инсон эди. Айтишларига қараганда, у сўфий ҳам эди. Нафақат бу, балки тасаввуф тариқатининг соҳиби бўлиб, унга эргашганлар бўлган. Айниқса, Африканинг шимолида. Бундан ташқари у “футувот” аҳлидан ҳам экан, ва ҳ.к., ва ҳ.к… Агар шу кунларгача яшаганда эди, у ҳақидаги ҳақиқатни билиш лозим бўлар эди. Агар у ҳаёт бўлса, юздан ошган бўларди. Тирик бўлиши ҳам мумкин. Лол қоларли даражада бақувват ва жуссаси катта эди.
Муҳими, ўша тонгги учрашувдан сўнг “Мавлоно” одатдаги кўпчилик қатнашадиган “ўтириш”имиздан ташқари ўз уйига кечки овқатга таклиф қилди. Ҳайрон бўлдим. Кечки овқат ғоятда қийин ўтди. Чунки “Мавлоно” билан яккама–якка бўлиш ниҳоятда қийин иш. Чунки у билан гаплашиш керак бўлган мавзуларни топишда қийинчилик юзага келади. Шунинг учун то унинг ўзи гап бошлагунча ёки саволлар ёғдиргунча кутиб ўтиришинг керак бўлади. Мен унинг қабул имтиҳонидан ўтдим, шекилли, у иккинчи ва учинчи бор яна сабабсиз меҳмондорчиликка чақирди. Тўртинчи мартасида: “Еб ўтирган овқатимизни Амина тайёрлади”, – дея гап очди. Секин–секин у қизнинг тақвоси, Қуръонни ёдлаганлиги ва ҳоказолар ҳақида таъсирчан қилиб таърифлади. Мен эса ҳайрат билан қийин вазиятга тушган тентаклар табассум қилганидек жилмайиб туравердим. Бир неча пиёла кўк чой ичиш ниҳоясида Амина унинг қизи эканлиги ва мени ўзига куёв қилмоқчилигини сездим. Гарчанд буни очиқ–ойдин айтмаган бўлса–да, бир неча бор ишора қилишидан билиб олдим. Шу даражадаки, “Қўлингни бер, мана бу қизим, сенга никоҳладим, қабул қилдим дегин”, – дейишидан қўрқиб турардим. Ўша давр одамлари шундай қилишар эди. Лекин у бундай қилмади. Балки, у:
– Келаси сафар Аминани кўрасан, уйланишдан олдин аёл юзига қараш нафақат талаб қилинган, балки буюрилган, – деди.
Бу таклиф мен учун кўра олмайдиган инсон устидан қилинадиган жарроҳлик амалиётига ўхшарди. Ундан сўнг нарса ва одамларни кўриш мумкин бўлгани каби, шу пайтгача мен ҳам эр бўлишим ёки турмуш ўртоғим ким бўлар экан деб ўйлаб кўрмаган эканман. Барча ишларимиз қўмондони онам раҳматли ҳам бу борада гап очмаган ва бунга ҳатто ишора ҳам қилмаган эканлар.
Уйга кетаётиб отаси тасвирлаб бергандай, Аминанинг сурати кўз олдимда гавдалана бошлади. Унинг ёнида эса номаълум сабабга кўра Жамиланинг сурати пайдо бўлди. Биринчиси чиройли, келишган, узун бўйли, айтганидек, тўладан келган, оппоқ қиз бўлиб гавдаланди. Иккинчиси бўйи сал пастроқ, ўша давр кўпчилик Макка қизларидек, қотма, буғдойранг қизнинг сурати чизилди. Уйимизгача бўлган масофани босиб ўтишга кетадиган бир неча дақиқалар ўтгач, кўз ўнгимда шундай манзара ойдинлаша бошлади. Аминанинг шарпаси қоронғу Макка кўчаларида гўё ёнимда кетаётгандай, уни қўлларим билан ушлашга оз қолгандай эди. Лекин у шарпа менга нисбатан юмшоқ ёки ёқимли бўлиб кўринмади. Аксинча, “Мавлоно”дай қаттиққўл, кўпроқ баджаҳл, кеккайган бўлиб кўринди. Уйга етиб олгунимча ўша шарпа ҳақиқатга айланиб, мен билан бир умр яшаши мумкинлиги ҳақидаги ўйлар мени қамраб олди.
Кутилмаган янгиликдан онам ҳайратланмадилар, ўша шарпадан ҳайиққандай ҳам кўринмадилар. Балки:
– Нима бўлибди, оппоқ, бўйлари узун, бўлиққина, ҳар бир эркакнинг орзуси–ку, бу! – дедилар.
– Лекин мен хоҳламайман.
– Ҳали кўрмай туриб, қандай қилиб қарор чиқарасан?
– Кўрдимми–кўрмадимми, фарқи йўқ. Унинг ёнимда турганини ўйлашимнинг ўзи мени чўчитиб юборяпти.
– Аллоҳ сенга берган неъматдан юз ўгирма.
– Сиз қандай неъмат ҳақида гапиряпсиз?
– Бола бўлма. Мавлонодек ҳурматли шайх сенга қизини тақдим этса–ю, хурсанд бўлиш ўрнига қўрқувдан титрайсан.
– Шу кунгача ўзим ва фақат сиз билан яшаб келганман. Қандай қилиб ўша Амина дегани билан яшайман?
– Ҳамма эркаклар бошида шундай дейишади. Асалдан бироз ялагач, иштаҳалари очилиб, янада кўпроқ бўлишини хоҳлаб қоладилар.
– Асалми ё асал эмасми, муҳими бу эмас. Шу пайтгача уйланишни ўйламаганман. Сиз ҳам бу борада бирор нарса демагансиз.
– Индамагимнинг сабаби сени йўқотиб қўйишдан қўрққан эдим. Биласан, дунёда ёлғизман. Лекин насибанг шу экан қочиб қутулишнинг иложи йўқ.
– Агар насибам бўладиган бўлса, фақат Аминадан бошқаси бўлишини хоҳлайман.
Онам ҳайрон бўлиб:
– Бошқаси ҳақида ўйлайсанми? – дедилар.
– Балки…
Онам билан менинг ўртамиздаги тортишув икки “кар”нинг суҳбати каби узоқ давом этгани жонимга тегиб кетди. Бу аснода олдин аён бўлмаган нарса ойдинлашди. “Насиба” бўладиган бўлса, Жамила бўла қолсин – ўша менинг насибам. У кўз ўнгимда гавдаланганда, ёнида баҳайбат шайх турар, юрагим орқага тортиб, ўша мен кўрмаган улкан одам олдида жоним чиқиб кетарди. Ва ниҳоят, онам қуйидаги қарорга келдилар:
– Уйланиш қисмати бошингда бор, болам. Мавлононинг олдига бор, қизини сенга кўрсатсин. Хоҳламасанг, ҳеч ким сени мажбур қилмайди. Боришдан олдин Аллоҳдан бахтингни тилаб, “истихора”1 намозини ўқигин.
– Агар қўлини чўзиб, “Сени бунга уйлантирдим” деб қолса, нима дейман?
– Агар шундай бўлса айт, “шошилишга ҳожат йўқ, Мавлоно, аввал оилам билан маслаҳатлашиб олай”, дейсан.
Мақоми Иброҳим орқасида истихора намозини ўқир эканман, Аминани мен учун танлашини эмас, балки уни мендан узоқлаштиришини сўраб дуо қилдим.
Одатдагидек, кечки овқат “Мавлоно”никида бўлди. Ҳар доимгидай зиёфат уйимиздаги “қуруқ овқат”га қараганда анча “ёғли” бўлди. Суҳбат ҳар доимгидай давом этар, узоқми, яқинданми бўлса ҳам Аминага ёки ўтган галги суҳбатга ишора қилинмас эди. Овқатни тановул қилиб бўлганимиздан сўнг хизматкор бола идишни олиб кетди. Сўнг Амина патнисда чойнак-пиёлаларни олиб кириб келди. Орқасидан ҳалиги хизматкор бола қолган-қутган нарсалар: самовар ва идиш қўйиладиган кичик хонтахтани олиб кирди. Амина баланд овозда урғу билан тортинмасдан, хижолатсиз “Ассалому алайкум”, деди-да, ўтириб нафис пиёлаларга чой қуя бошлади. Қуйиб бўлгач, чойнакни самовар устига қўйди. Иккита пиёлани кумуш суви юритилган патнис устига қўйиб, қаддини ростлаганча биз томон кела бошлади. Отаси олдига келиб, чап қўлини кўксига қўйганча энгашиб, ўнг қўли билан чойни узатди:
– Марҳамат, отажон.
Кейин менинг олдимга яқинлашди. Сўнг хона бурчагидаги жойга бориб ўтирди, бўлаётган нарсага бепарводай ўзи ҳам чойдан ҳўплай бошлади. Кўриб қолмасин деб ўғринча унга назар ташладим. У ҳам мен ҳақимда фикр ҳосил қилиш учун мени кўришга ҳаракат қилаётганини бир-икки бор сездим. Мен тасаввур қилганчалик ёмон эмасди. Узун бўйли, дўмбоққина бўлса-да, ёқимтой, кўзлари ёрқин, нозик ҳаракатли, келишган қиз эди.
Мавлоно овқатланиш олдидан бошлаган гапини давом эттириб, Аллоҳнинг у ёки бу солиҳ бандалари ҳақида қисса кетидан қисса сўзлай бошлади. Қийинчилик пайтида Аллоҳ томонидан солиҳ бандаларга юборилган “мадад” ҳақидаги қиссалардан, у ёқ-бу ёқдан иқтибослар келтирарди. Солиҳ бандалар деганда фақат Муҳаммад умматларини тушунмаслик керак, зеро, унга қадар ҳам Нуҳ, Иброҳим, Мусо каби пайғамбарлар ва уларнинг умматлари ўтишган ва улар ҳақида жуда кўп қиссалар мавжуд. Бир марта қошини кериб, қизига қарата “Фалон ат-Тануҳий”нинг китобини сўради. Бу билан қизининг ўқишни биладиган зиёли эканлигини кўрсатмоқчи бўлдими ёки ҳақиқатан ҳам муаллифнинг номини эсдан чиқариб, қизининг ёш хотирасидан ёрдам сўрадими, буниси менга қоронғу.
Ўша кунги меҳмондорчилик одатдагидан кўра кўпроқ чўзилди. Кетиш учун изн сўраш менга жуда ноқулай эди. Шунинг учун бир сафар чордона қуриб, бошқа сафар оёғим устида ўтириб, ҳар бир ҳолатда менга тушаётган босимни енгиллатиш мақсадида панжаларимни қирсиллатишга ҳаракат қилардим. Ўша кеча хижолатдаги одам Амина эмас, мен бўлдим. Гўё у эмас, мен унинг розилиги учун кўрсатилаётгандай ҳис этдим ўзимни. Жуда қийин аҳволда қолган эдим. У эса ўзига ишонган, тинч, хотиржам эди.
Қиз чойнак-пиёлаларни олиб кетгач, Мавлононинг кўзига қарамай, кетишга изн сўрадим.
Уйга етиб олгунча фикрларимни жамлашга ҳаракат қилдим. Онам тайёрлаб қўйган саволлар тўфонига жавоб қидира бошладим. Бир неча бор униси ёки бунисида тўхташ учун ҳар қандай баҳона қидириб йўлимда тўхтаб ҳам қолдим. Ўзимга-ўзим савол бердим:
– Муҳайсин, нима дейсан, “ҳа” ёки “йўқ”?
Рад жавоби бериш қийинлигини тушунгач, уйга томон шошилдим. Айтганимдай, онам тик турардилар. Балки у ёқдан-бу ёққа бориб келавериб, уйимизни ўлчаб ҳам қўйгандирлар. Нафасимни ростлашимга қўймай, мен томон шошилиб, ҳал қилувчи учрашув натижасини билиб олиш учун сўрашди:
– Нима бўлди, рангларинг оқариб кетибди? Бирор нохуш иш бўлдими?
Саволларига жавоб ололмагач, яна такрор сўрадилар. Шунда мен:
– Тўхтаб туринг, ўзимга келиб олай, – дедим.
– Нима бўлди? Чиройли эканми, ёқдими ишқилиб?
– Билмадим.
– Билмайсан? Қандай қилиб?
– Билмайман дедим-ку, сизга.
– Қизиқ, нега билмайсан? Ахир кўриниши қандай экан? Отаси айтгандай бўйлари узун, оппоққина эканми?
– Ҳа, у оппоқ, бўйлари узун.
– Бўлмаса, ёқибди-да.
– Мен бундай деганим йўқ.
– Нимага энди, новчагина, оппоққина бўлса. Демак, чиройли бўлиши керак.
– Ҳамма новчалар, оппоқлар ҳам чиройли бўлавермайди.
– Демак, хунук экан-да, юзида бирор нуқсон кўрдингми?
– Йўқ, ҳеч қандай нуқсон йўқ.
– Сенинг ишинг қизиқ-ку!
– Онажон, менга ишонинг. Ўша қизга нисбатан нима ҳис этаётганимни ўзим ҳам билолмаяпман. Балки туйғуларимни аниқлаш учун яна бир бор кўрарман. Иш сиз ўйлаганчалик осон эмасдир. Балки мен эмас, у қарор қилиши керакдир, – дедим.
– Ҳаётимда биринчи бор бундай гапни эшитишим. Аёл эмас, эркак киши ҳал қилади бундай масалани. Қарор қилса ҳам нима бўпти? Сенинг ҳам айбли жойинг йўқ. Қайси қиз сенга хотин бўлишни хоҳламайди, дейсан?
– Кўрамиз, – дедим-да, суҳбатни тугатиш мақсадида зина томон йўл олдим.
Мавлоно ҳузуридаги навбатдаги меҳмондорчиликкача бўлган кунлар ҳам ўтиб борарди. Мен бўлсам боши берк кўчага кириб қолгандай эдим. Нима қилишни ҳам билмасдим. Бирор нарсани ифодаларми экан, деб юзидаги ўзгаришдан пайқашга ҳаракат қиламан. Ўзимга–ўзим “Қачон кутилмаган саволни берар экан”, – дея кутаман. Ёки ўзим сўз очсаммикан? Гапирганда ҳам нима дердим? Айтадиган гапимнинг ўзи бўлмаса. Ҳайронман. Уйланиш шунчалар қийинми, а? Шундай экан, нега бундай ташвишларсиз бирор қарор қабул қилгунимча тўхтаб турмайман? Навбатдаги меҳмондорчилик белгиланган вақт етиб келди ва Мавлоно менга унутмаслигимни эслатди. Табиийки, унутмаганман.
У юзимга олдин мен кўрмаган тарзда тикилди. Ўша оқшомдаги гаплари одатдан ташқари тарзда узуқ–юлуқ эди. Балки у қўлини фотиҳа учун очиб, “Аминани хотинликка қабул қилдингми?” дейдиган фурсатни кутаётгандир? “Ҳа” десам бас, дарҳол хотинимга айланади. Хотиним бўлгач, балки ўзим билан уйимга олиб кетишимни сўрар. Ишнинг шу зайлда давом этиб, деярли мажбуран уйланаётганимни тасаввур этар эканман, бақириб юборишимга сал қолди. Лекин нима учун Аминага уйланмайман? Унинг айби нима? Отаси мени қабул қилиб, қизини ҳадя қилиб турса? Бирдан ҳеч қандай “кириш сўзлари”сиз унинг салобатли овозини эшитдим.
– Муҳайсин, ўғлим, китобларда: “Кимники дин ва диёнатининг яхшилигини кўрсаларингиз, ана ўшаларга қиз беринг, куёв қилинг” дейилган. Мен сени диёнатли, тақводор йигит деб биламан, – деб бироз сукут сақлади–да, сўнг: – Уйланиш Аллоҳнинг белгилаган тақдири ва изни билан бўлади. Биз бирор нарсани хоҳлаганимиз билан, Аллоҳ хоҳлаганини қилади. Менга қолса, сени дарҳол куёв қилган бўлардим, бироқ танлаш ёки бўлмаса мен танлаган кимсага турмушга чиқишга рози бўлиш Аминанинг ихтиёрида, у ҳозиргача розилик билдиргани йўқ, – дея яна сукут сақлади. Сўнг менинг унга қараб турганимни сезди. Лекин мен уни кўрмаётган эдим.
– Хафа бўлма, балки Аллоҳ сен учун ундан яхшисини сақлаб қўйгандир, балки Аминанинг пешонасига сендан бошқаси ёзилгандир. Аллоҳнинг иродаси бу, – дея мана шундай қийин, кутилмаган вазиятларни енгиллаштириш учун айтиладиган бир неча байт ўқиб берди. Ҳисларимни бир ерга тўплашга ҳаракат қилиб:
– Менга турмушга чиқишни рад этди демоқчимисиз? – дедим.
– У рози бўлмади, – деб жавоб берди.
Уйга кетаётиб бўлган воқеаларни яна бир бор мулоҳаза қилиш учун қадамимни секинлатдим. Шу дақиқалар мобайнида мен учун инсон зотининг, яъни менинг мисолимдаги инсон зотининг, нақадар ажойиб эканлиги ойдинлашди. Мен Аллоҳга илтижо қилиб, Аминани мендан узоқлаштиришини чин дилдан сўраб дуо қилган эдим. Дуо ижобат бўлиб, айтганим бўлгач, Аллоҳга шукр айтмадим, аксинча, тушкунликка тушиб кетдим. Нега? Нега ахир? Балки рад этилганимда камситиш ва хорлик туйғуларини ҳис этгандирман. Ваҳоланки, ўзим у қизнинг ҳис-туйғуларини ёки камситилганлик ва умидсизлик ҳолатини ҳис этишини ўйламаган ҳолда уни рад этишга тайёр эдим.
Одатдагидай, онам эшик олдида мени кутиб турар эдилар.
– Ҳа, болам, фотиҳа кунини белгиладиларингми, тўй кунини тайин қилдими? Тағин у меникида яшайди деб ўйлаб юрган бўлмасин!!
Мен оддий қилиб:
– Қизини яна бироз вояга етиб олиши учун бу мавзуни кейинга қолдиришга келишдик, – деб жавоб бердим.
Ҳатто ўз онамга ҳам рад этган мен эмас, балки мен рад этилганимни айтишга қодир бўлмадим. Онам бўлса ҳайрон бўлиб:
– Балки шундай бўлгани ҳам яхшидир, – дедилар.
Нега? Нима учун – билмадим.
Бир неча кун ўтгач, бу мавзу бутунлай фикру хаёлимдан бошқа жойга ўтди, яъни унут бўлди. Бироқ Мавлоно ҳақиқий инсон эканлигини исботлади. Ҳеч нима бўлмагандай, алоқани давом эттириб, кечки овқатга таклиф қилди. Илиқ кутиб олишлар, ҳатто онамнинг ҳол-аҳволлари ҳақида сўраши бошимни осмонга етказди. Бир пайтлар унинг уйида энг яқин кишиси томонидан хорланганим ҳам эсимдан чиқиб кетди.

30

Ўша кунлар Макка аҳлидан бирортаси ва Маккадаги бирорта оила йўқ эдики, ҳаж қилмаган бўлса. Йилдан йилга уларнинг ҳаммалари кўпинча ҳаж ва ҳожилар билан йўлбошчилар ёки савдогарлар сифатида алоқадор бўлишар эди. Ё бўлмаса ўзлари ҳаж қилиш мақсадида ҳажда бўлардилар. Ўша замонда бундан осони йўқ эди. Ҳарамда у ёки бу фарзни ўқидингизми, “Муддаий” томонга йўл оласиз. У ерда бақир-чақир қилиб одамларни кутиб турган карвонига чорлаётганларни кўрасиз. Арафотдаги тўққизинчи кунга кеч қолаётган бўлсангиз, ёки агар пайғамбар ҳажини қилаётган бўлсангиз, Минога бориш учун бир неча қирш эвазига бир ўзингиз ёки хоҳласангиз икки киши бўлиб боришингиз мумкин бўлади. Арафотдаги йиғилиш пайтида, яъни зул-ҳижжа ойининг тўққизинчи кунида Маккада эркак зоти деярли қолмайди. Соқчилар ва “Халиф ўғрилари” (ўша даврда уларни шундай деб аташарди) бундан мустасно. Бу ўғрилар “ҳаж ўғрилари”га нисбатан аҳамияти камроқ ва кўпроқ бўйсинувчан кўринади. Ҳаж ўғрилари тарвия1 куни кечаси ҳожилар чодирига тушишга одатланганлар. Арафотда ўтказилган туннинг охирги қисмида барча ҳожилар чодирларига қайтгандан сўнг аҳён–аҳёнда у ер–бу ердан “ўғри-ўғри” деган бақир–чақирни эшитиб қоласиз. Сўнг йўлбошчи хизматчиларининг шарпасини, қўлларида машъала билан ўнгга ёки чапга юрдими дея гумон қилиб, етиб олишга ҳаракат қилаётган, у ёки бу томонга югураётганларини кўрасиз. Лекин ҳеч ким ўғрининг кимлигини ва қайси томонга кетганлигини аниқ билмасди. Тун эса зулматли, ҳурматли “электр–хоним” ҳақида ҳали ҳеч ким эшитмаган эди. Машъала, фонар чироқ эса ўз атрофини зўрға ёритар эди.
У ёки бу сабаблар билан ҳажга бора олмаган эркаклар ёки аёллар ўша тунлари маҳалланинг у ер–бу еридаги кенгликда, хусусан, “Утайбийя” маҳалласида “Қайс кечаси”ни ўтказиш учун тўпланишга одат қилган эдилар. Кеч тунгача фақат бир тўда аёлларнинг бор овозда куйлаётганларини эшитасиз:

“Аё эй Қайс, ташриф этгин хонамизга,
Биз сенга шарбатлар қуяйлик,
Халос этгин бизни офат балолардан…”

Ота-боболаримизнинг кўплаб бидъатлари йўқ бўлгани каби, юқоридаги бидъатдан ҳам Аллоҳ бизни халос этди. Бироқ ўтган аср бошларида аёллар қўшиқ куйлаб, Маккада ўзлари қолганлари сабаб, ёлғизлик ҳиссини кетказишда иштирок этиш учун, “Қайс кечаси”нинг келишини интизорлик билан кутар эдилар. Ёшлигимда мен ҳам табиийки, шундай кечалардан бир нечасининг гувоҳи бўлганман. Шунингдек, олдиларида машъал кўтариб юриш ҳам насиб этган. Улар эса қўлларидаги ёғоч қиличлари билан орқада рақс тушишарди. Аммо онам бу ишларда иштирок этмай, фақат нима бўлаётганини томоша қилардилар. Қўлларида ширинлик тўла халта бўлиб, унинг ичидаги нарсалардан олиб, жағлари тинмай чайнар эдилар. Негадир ўша манзара, охирги “Қайс”ни кўрганимга кўп йиллар бўлишига қарамай, тушунарсиз манзараларнинг бири сифатида ҳали ҳам хотирамдан чиқмаган. Бундай аёллар йиғилиши, одатда, бирор воқеа-ҳодисасиз ёки у ҳақда тўқилган ва тўқиладиган афсоналарсиз ўтмас эди. Буларнинг барчаси аёллар қандай қилиб улар каби кийиниб олган ва қўлида қиличини кўтариб олиб, сирим очилмайди дея ўйлаб, ораларига билдирмай қўшилиб олган эркакларни сезиб қолганликлари ҳақида бўларди. Лекин аксинча, у ва шунга ўхшаш эркакларнинг доимо сирлари очилиб қоларди. Аёллар шапалоқ тортиб, қўлларидаги ёғоч қиличлар билан уларнинг жазоларини беришарди. Ҳайитдан сўнг қилган ишлари очиқ-ойдин ошкора бўлгач, қариндош-уруғ ва яқинлари орасида изза бўлардилар. Кейин маҳалла оқсоқоли ёнига чақириб танбеҳ берар, кулги остига олар, ниҳоят, уйланган бўлса, бу қилиғини қайта қилмаслик учун талоқ билан қасам ичирарди.
Ишим кўпайиб кетганлиги сабабли, балки ундан ҳам бир ёки икки йил олдин бўлса керак, “Қайс”га бўлган қизиқишим сўнди. Бошқа томондан унинг ўрнини ҳаж билан боғлиқ бўлган бошқа қизиқишлар эгаллади. Натижада ишга кўмилиб кетдим. Мен ва мен кабиларга мўлжалланган яхши ишларнинг бири ҳарамда “тавоф” қилдириш бўлиб, бу иш билан менинг ёшимдаги ўнлаб ёшлар ёки йўлбошчиларнинг шогирдлари бўлиб, ёки зиёрат учун келган йўлбошчиси йўқ кўчманчи арабларни “овлаб” мустақил тавоф қилдирувчилар бўлиб ишлар эдилар. Шунингдек, йўлбошчилари томонидан белгиланган вақтдан ташқари кўпроқ тавоф қилишни хоҳловчилар ҳам ана шундайларга таянар эдилар. Бу ҳунар анчагина таниқли бўлиб, мавсумда кўпчилик шу иш билан шуғулланар ва йилнинг “бисора” деб номланувчи қолган ойлари учун яшашга егулик тўплашарди. Ҳатто ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам бу ишда иштирок этишиб бирон-бир йўлбошчининг қўлида ишлашарди. Одамлар ҳарамнинг кўпгина эшиклари остонасида туриб олиб, ҳаж ва умрага келаётганларни “овлайдиган” нафсу ҳавосига берилганлардан кўра, ана ўша йўлбошчиларни кўпроқ ҳурмат қилишарди.
Ишнинг ҳар томонларини ўйлаб, ҳаж мавсумига боғлиқ бўлса-да, бошқача йўл тутишга қарор қилдим. Маҳалламизда кўзга кўринган ҳаж ишларининг “бошқарувчиси” қўлида кирим-чиқимлар котиби лавозимида ишлай бошладим. Дафтарга ҳожиларнинг исмлари, кемалари, қолдирадиган омонатлари, шунингдек, ҳажбадал ҳужжатларининг сони ва ҳажбадал қилиб берадиганларнинг номлари, ажратилган маблағнинг қурбонликка кифоя қилиш-қилмаслиги, яна ижарага олинадиган уйлар, тахтиравонлар, чодирлар, Минодаги жойлардан тортиб, ҳожилар учун Жиддадан етиб келишлари шарафига махсус бериладиган зиёфатлар, шунингдек, ҳаж мавсуми давомида кундузи ва кечқурун бериладиган зиёфатлар, кетиш олдидан ҳар бир жамоанинг видолашув тавофидан кейин бериладиган зиёфатлар қайд қилинар эди. Ҳажбадал маблағлари бошқарувчилар учун қўшимча даромад манбаи бўлиб, унинг кўп ва кам бўлиши бошқарувчи виждонига ҳавола эди. Баъзилари қўлига тушган бу маблағ темир сандиқларга тушгач, қайта нур кўрмасди. Бошқалари эса ҳужжатларнинг баъзиларини танлаб олардилар, айниқса, нархи баландларини, ўзларига, қариндош–уруққа, қўл остидаги ишчиларга, қолганини бўлса шогирдларга, қўшниларга ва маҳалла–кўйга эҳсон қилардилар. Баъзи ҳажбадал ҳужжатлари белгиланган нархдан камроғига битар эди. Бу эса бошқарувчининг фойдасига қоларди. Ҳаж қилишга қодир бўлмаган ҳожининг исми билан ҳаж амаллари бажарилар экан, ҳажбадал қилиш шаръий иш ҳисобланади ва маломат қилишга ўрин йўқ. Ҳаж қилишни орзу қилиб, ниятига етолмай кетганларнинг меросхўрларига унинг ўрнига ҳаж қилиш ёки ўша одамларни ният қилиб амалларни бажарадиган одамни топишлари керак бўлади.
Табиийки, ўша йили бирортаси учун ҳажбадал қилмадим. Чунки фиқҳ китобларида “кимки, ўзи учун ҳаж фарзини адо этмаган бўлса, ҳажбадал, яъни бошқалар учун ҳаж қилмайди” деган ҳукмларни ўқиган эдим. Шундай бўлса–да, бу ҳукм ҳажбадалларнинг бирини карвонда – бошқарувчининг карвонида – боришга қарор қилган онамнинг номига олиб беришимни манъ этмасди. Ўша кунлари соддалигимдан ҳажбадалларнинг бирини устозга яхшилик қилишни хоҳлаб, унинг олдига олиб бордим ва “Агар истасангиз…” – дея кўрсатдим. У менга узоқ тикилиб, сўнг нигоҳини буриб, ёқмагандай:
– Мен бировнинг ўрнига ҳаж қилмайман, бунга эҳтиёжим ҳам йўқ, – деди.
Қаёқдан ҳам менга бу ҳажбадалларни ким олар экан, деган фикр келди. Ахир бу ҳажбадалларни бажариб берувчилар Аллоҳнинг оддий, бечораҳол бандалари бўлсалар. Улар файласуф ҳам эмаслар, ўзларига тўқ ҳам эмаслар…
Минога чиқиш куни ҳақиқатан ҳам одамлар билан гавжум эди. Гўё ҳарбий юриш тайёргарлигида ишлатиладиган тартиблар сингари у ерда ҳам қатъий тартибга риоя қилинарди. Бу тартиблар минг йиллардан кўпроқ вақт ичидаги режа ва тафсилотлари билан ишлаб чиқилган эди. Биз ўзимизни “аҳоли” ёки “бошқарувчи оиласи” деб ҳам атардик ва карвоннинг бошида борар эдик. “Оила” минган туялар сони тўртта бўлиб, улар ичида менинг оилам ҳам бор эди. “Аҳоли”нинг тахтиравонлари қолган ҳожиларнинг тахтиравонларидан ажралиб турар, аввалгиси ёрқин матолар билан ўралиб, атрофлари зийнатланган бўлса, ҳожиларники дағал каноп қоп матоси билан ўралган бўлиб, тахталари кўриниб турар, на чиройи ва на диди бор эди. Ҳатто “аҳоли“ учун танланган туялар ҳам бошқа ҳожиларникидан бақувват ва сервиқор бўлиб кўринарди.
Тахтиравонлар маҳкам ўрнатилгач, ҳожиларнинг туялари узун саф қилиб терилди. Сарбонлар ҳам стратегик равишда жойлашдилар. Сарбонларнинг ёши каттаси, кўпроқ тажрибага эга бўлгани биринчи туянинг нўхтасидан ушлади. Қолганлари карвон ёнида, яъни бир неча туялар оралиғида биттадан бўлиб тарқалдилар. Карвон ортидан эса яна иккитаси юрадиган бўлди. Карвон мисрлик ҳожиларники бўлгани сабабли, туялар юришни бошлаши биланоқ, у ёқ–бу ёқдан севинч ҳайқириқлари эшитилди. Карвон бир маромда йўлида давом этар экан, Маккадаги уйларни тарк этиб, шарқ томон зиёрат қилинадиган жойларга қараб жўнадик.
Қароқчиларнинг қатнови ҳаддан зиёд тирбанд бўлганда, карвоннинг бир қисмини қолганидан ажратиб юборишидан хавфсираган сарбонлар юқоридагидек жойлашган эканлар. Қароқчилар туяларнинг бирини олдингиси билан боғлаб турган арқонни ечиб юборар эканлар. Натижада карвоннинг бир қисми олдингисидан ажралиб қолади. Кейин улар бир неча соатлаб, балки бир неча кунлаб адашиб қоладилар–да, уларга нима бўлганини ҳеч ким билмайди. Бундай ҳоллар кўп бўлган. Бироқ ўша тажрибали сарбон “қароқчи, эй сарбон, қароқчи”, деб бақираётган одамни пайқаса, карвонидан узилиб қолганларни қўшиб олиш учун орқага қайтади.
Бошқарувчи “амаки” қўл остидагилари қатори мен ҳам ўша куни қуролланиб олдим: мен ҳам ҳозирги замон ишбилармонлари олиб юрадиган қулай жомадон ўрнини босадиган бадавийларнинг тўрва халтасини, елкамга осиб, “изор”им* устидан камарни боғлаб олдим. Ҳар эҳтимолга қарши бошқарувчи тарқатган паншахасифат қуролни ҳам ўзим билан олдим.
Мино ва Арафот йўлларининг катта қисмини пиёда юрган бўлсам–да, зўр қизиқиш, узоқ йўл чарчоғини унуттирарди. Ора–орада онамнинг: “Ўғлим, юқорига чиқ, дамингни ол, сен сарбонмидинг, юрасан”, – деб чақиришларига қарамай ўзимникида туриб олардим. Тўғри, мен сарбон эмасман. Лекин сарбонлар ва хизматчилар билан юришимдан завқланардим. Бош сарбондан адо этган ҳажбадалларининг сони, бошдан ўтган воқеалар ҳақида сўрардим. У ҳам хотираси кучли, жуда қув инсон бўлиб, зиёратда бўладими ёки ҳаждами, ўзи ва ҳожилар билан боғлиқ бўлган даҳшатли воқеаларнинг кўпини биларди. Сўзлаганлари ичида энг ажойиби баъзи сарбонлар қароқчилар билан олишиш ўрнига улар билан ўзаро тил бириктирганлари ҳақидагиси эди. Бир сарбон мана шундай йўлтўсарлар ҳамлаларининг бирида ўғлини йўқотгани, Мадина йўлидаги карвонсаройларнинг бирида зиёратчи ҳожилар – “Таслим бўлмаймиз”, – дея қўлларига калтак, тош ва нима тушса ўша билан босқинчиларга қарши курашганлари, ўғрилар енгилиб қочгани, бироқ улардан икки мурда қолгани, бири унинг ўғли бўлгани ҳақида сўзлаб берди. Ўшандан сўнг қаттиқ тавба қилгани, карвони билан очкўз, қаттол бадавийларга таслим бўлиш ўрнига лозим бўлган иш–ҳимоя қилишга киришганини айтиб берди.
Карвонбошининг тўхтамай гапириш хусусияти бўлиб, гўё олдиндан тайёрлаб қўйилган магнит тасмасига ё китоб ўқиётганга ўхшарди. Ҳикоя кетидан ҳикоя узилмасди. Балки умри бўйи мен каби тингловчини энди топгандир. Шунинг учун тинмай, чарчоқ нималигини билмасдан сўзлаётгандир. Вақти–вақти билан туялар ва устидагиларни кўриб чиқиш учун орқада қолар, қолган сарбонларга маслаҳатлар берар, “Бу туя жуда қўрс, буниси касал, мулойим бўлинг”, – дея яна туяларнинг саноғини олар, ҳаммаси жойидалигидан кўнгли тинчиб, карвоннинг бошига келар ва гапини қолган жойидан давом эттирарди. Ҳар сафар гап бошласа, “Бир марта зиёратга кетаётганимизда…” ёки “Бир марта ҳажга кетаётганимизда…” каби ўзгармас жумлалар билан бошлар, сўнг давом этарди. Агар ўша пайт бирор ёзиб олиш воситаси бўлганда эди, ҳамма ҳикояларини ёзиб олиб, тўлалигича нашр қилган бўлардим. Сабаби, ҳикояларида ҳам кулги, ҳам қўрқинч, шу билан бирга туялар борасида тўпланган тажрибалар – уларнинг касали, давоси, ёшлари – йўлдаги суви бор ёки йўқ карвонсаройлар, яна чанқоқдан ҳалок бўлганлар ҳодисалари баён этиларди. Мадина йўлидаги “Сафро” ва “Фурайш”нинг тинимсиз урушлари, карвонларга кўз олайтирадиган таниқли қабилалар, ўз давридаги шижоатли машҳур карвонбошилар ҳақидаги маълумотлар мужассам эди.
Ҳикоялар эшитиш давомида тиламчиларнинг учига суюқликдан бўшаган идиш ўрнатилган ёғочларини у ёки бу туя устидагиларга кўтариб “ҳаж қабул” деган қичқириқлари чалинарди. Ора–орада кўтарилган идишга тушган темир танганинг жиринглаган овози эшитилар, тиламчи эса бир туядан иккинчисига, иккинчисидан учинчисига ўтиб юришда давом этарди.
Онам Қурбон ҳайити куни ёш болаларга қилинадиган ишни сенга қиламан деб туриб олдилар. Чодирлардаги мавжуд бир нечта болаларни тўпладилар. Бир халта тўла ёнғоқ олиб келиб устимдан – “Ҳа, ҳожи-ю… қани-қани”, – дея хурсанд бўлиб соча бошладилар. Болалар эса отилган ёнғоқларни устимдан, атрофимдан шошилганча териб олишар, бошқарувчи ва унинг оиласи бу тенги йўқ ҳолатдан маза қилиб кулишар, бақир-чақир қилишарди. Буларнинг барчаси бўйнимга бир тизим хурмо илиш билан тугади, яъни айнан ҳаж мавсумида сотиш учун тайёрланган ва юқоридаги мақсадда ишлатиладиган қуритилган хурмо тизими эди. Яна Рамазон ҳайитидан олдин ҳам “Дибяза” дегани бўларди. Қандай бўлишини ҳозир шарҳлашга ҳожат йўқ. Маккаликлар ва баъзи жиддалик оилалар ҳозирги авлоднинг қаршиликларига қарамай, ўша эски одатларини ҳалигача маромига етказиб бажариб келмоқдалар.
Минодаги кечалар ҳақиқатан ҳам қувончли кечалар эди. “Араблар бозори”даги сайр, “нафақат савоб учун, балки шунчаки ҳаж қилаётган, ўтган-кетган аёллар”у* – эркакларни кўриш инсон руҳига шу қадар кўтаринкилик бағишлайдики, булар тунги тантаналар нашъасидек эди. Баъзан йўлбошчининг супасида ўтирган қори атрофини ўраб олишар ёки тўйдагидек рақс тушиб, бақир-чақир қилаётган бадавийлар атрофида йиғилишар эди. Буларнинг барчаси Минодаги манзараларнинг асосий қисмини ташкил қиларди.

31

Омма тилида айтганда, “дароз йигит” бўлгунимча, болалик давримда онам менга эртаклар сўзлаб берардилар. Ўша кеча эртакнинг қаҳрамони туғилади. “Чаққон Ҳасан” бўладими ёки бошқасими, биринчи тунда эртак бошланади. Иккинчи кечада орзусидаги қизни учратиб, отининг орқасига ўтқазганча олиб қочар, у ёки бу булут устида ёки сеҳрли қасрда ўша қиз билан бахтли ҳаёт кечирарди. Учинчи кечада лаззатларни вайрон қилувчи бир бузғунчи келиб қаҳрамонларимизни бир-биридан айириб ташларди. Воқеалар ривожи узлуксиз, табиий тарзда давом этар, зеро, усиз эртак эртакдек чиқмасди. Баъзан эса бир кечанинг ўзида бир қаҳрамон туғилиб, уйланар ёки уйланмас, муҳими бу эмас, сўнг дунёдан кўз юмарди. Мен учун энг қизиқарлиси, эртакнинг иккинчи кечаси бўлиб, қаҳрамон орзусидаги қизга эришиш учун жанглар ва ажойиб саргузаштларни бошидан кечирарди. Йигит қизнинг севгиси йўлида, албатта қиз ҳам уни севса, унга талпинса, ҳеч қандай йўлдан қайтмас, сеҳргар ва шум кампирларни ишга солиб бўлса-да, мақсадига етишарди. Туғилиш, уйланиш, сўнг боқий дунёга риҳлат қилиш узоғи билан уч кечадан ошмас, шунингдек, инсон қалбида чуқур жой эгалларди. “Эртак болалари” тез катта бўлиб, тез ўладилар. Ойлар, йиллар ўтар экан, мана шу ҳаёт ҳам ўша тунлар каби тез ўтишини хаёлимга ҳам келтирмаган эканман. Тўсатдан қаҳрамон – худога шукр, ҳаммамиз қаҳрамонмиз – иккинчи кеча кетидан учинчи кеча кўз очиб юмгунча ёки ундан ҳам тез суръатда кириб келишини ҳис қилади. Агар ундай бўлмаса, тўсатдан кашф қилганим – мактаб мудирининг кексайиб пенсияга чиқиши, ҳаммага келгани каби, дунё лаззатларини барбод қилувчи фаришта – Азроилнинг келиши, шунингдек, қабри ёқасида ўтириб, “Агар икки фаришта келиб, сендан раббинг ким деб сўраса…?” кабиларни қандай изоҳлайман? Ёки мана шу йиллар давомида мактаб ҳаётида аввал ўқитувчи, кейин назоратчи, сўнг мудир муовини бўлиб ишлаганимни-чи? Ёки Жамиланинг кўз ўнгимда баркамол, келишган қиз бўлиб катта бўлиши, ҳар сафар узлуксиз, узоқ давом этадиган дарсга келганида ундан балоғатга етган қизлик латофати уфуриб турганидан, ҳатто ўқитадиган илмлар ёки китоблар танлашда ожизлик қилганимни–чи? Жамила мен берган дарсларимни Тоиф бўстонларига қирон келтирган очкўз чигирткалар каби тез ўзлаштирарди.
Шунча воқеа бўлибди-ю, лекин вақтнинг бу қадар ҳайратланарли тезликда ўтиб кетаётганига эътибор бермаган эканман. Балки вақт ярим аср давомида ер юзида бор нарсаларни йўқ қиладиган борлиқнинг сиридир. Ярим аср эса ўша кунлардаги инсонлар умрининг энг юқори кўрсаткичидир. Уларнинг ўрнини бошқалар эгаллайди, ҳаёт ёшлари янгиланади ва у ўзининг ажиб айланишида давом этади.
Мана шуларни кашф этганимда чамамда ўттиздан ошган эдим. Чунки туғилган куним ҳали ҳам сир ёки номаълумлигича бирор китобга қайд қилинмай қолган эди, буни ҳеч ким аниқ эслолмасди ҳам. Юқоридагиларни мен Тоифдалигимизда ҳис этдим. Қурайш саёҳатчилари-ю, Макка Макка бўлишидан аввал унинг аҳолиси доимий равишда ёзни ўша ерда ўтказганлари каби, у ерга чиқиш бизнинг йиллик режамизнинг бир қисмига айланган эди. Ўша туни машҳур “Баб ур-Риъ” тепалигида жойлашган манзилга қайтдим. Кечки овқатни тановул қилиш пайти келгунча ғайриоддий нарса сезмадим. Одатдагидай онам дастурхонга овқатлангани келмагач, нимадир бўлаётганини пайқадим. Онам бу кеча овқат ейишга иштаҳалари йўқлиги сабаб келмаган эканлар. Зўрлаганимдан кейингина дастурхонга ўтирдилар ва иштаҳасиз тановул қила бошладилар. Бироқ ҳар бир луқма орасида бир ҳўплам сув ичардилар. Еб бўлгач, бирон сўз айтмай, овқат қўйилган дастурхоннинг бир четини қайириб туриб кетдилар. Кунлар ўтиши билан иштаҳалари баттар камайиб, камовқат бўлиб қолдилар. Хавотир ола бошладим. Бўлиб ўтган воқеадан сўнг билганим бирор луқмани сувсиз юта олмаганлари бўлди. Шунга қарамай, шикоят қилмасдилар, лекин сўлиб борардилар. Ўша йили ёз тугай деб қолганида, “Вардия”ни кутмасдан Маккага қайтдик. Бу пайт ёзнинг охири, кузнинг бошланишида бўлиб, ёзлик дам оладиган жой мумкин бўлган энг гўзал жойга айланарди. Совуқ ҳавонинг чақиши бошланар ва борлиқни тўлдириб ёзлашга келганларнинг ёноғини қизартирар, баъзи бошқаларнинг тукини тўкар, лаблари ва чаккалари тарам–тарам бўлиб ёрилиб кетар, бу эса ёзлаш жойларини ўзининг совуқ ва қуруқ ҳавосига ўрганган Тоиф аҳлига ташлаб, жўнаш пайти келганидан огоҳ этарди. Ҳа, биз ана ўша “вардия”ни кутмай, шунингдек, Тоифга келишдек бахтга муяссар бўлолмаган дўсту–ёрларга, одатдагидай, қопда анор, узум, беҳи олмай Маккага қайтдик.
Маккада бу нарсага бошқача кўз билан қарай бошладик. “Онам касаллар” – бу мен учун ғалати ҳодиса эди. Илгарилари бу каби оғримаган эдилар. Тўғри, вақти–вақти билан шамоллаб турардилар. Лекин ўнлаб доривор гиёҳлар билан лиқ тўла турадиган кичик қутичадан у ёки бунисини олиб ўзлари ўзларини даволардилар. Баъзан бошлари оғрир эди. Шу сабаб “нашатир” шишаси доимо бўлар, бир икки ҳидлаганларидан сўнг оғриқ ўтиб кетарди. Баъзан бел ва қорин оғриғидан ҳам шикоят қилиб турардилар. “Карбош суртмаси” ёки иссиқ компрессдан сўнг ҳаммаси ўтиб кетарди. Буларнинг ҳаммаси эътиборни жалб қилмай, табиий муолажалардан сўнг тугарди. Бошлари қаттиқ оғриганда, боғлаб олишлари одатий ҳол бўлиб, Макка аёлларининг барчаси бош оғриганда мана шундай қилардилар. Лекин ҳозиргиси умуман бошқача. Олдин оғримаган касаллик билан оғрир эдилар. Бир кун келиб шундай аҳволга тушишимни ҳеч ўйламаган эканман. Нима қилсам бўлади? Биринчи навбатда қўшнилардан маслаҳат сўрашим керак. Улар орасида Умар амакининг хотини ҳам бор. Турли фикрлар айтилди. Улар ичида онам энг тўғри деганларини танланди. Уларнинг бири: “Овқатнинг қийинчилик билан ютаётганингиз, сўнг ошқозонга боргандан кейинги оғриқ, буларнинг барчасига овқат еб турган пайтингизда пайғамбаримизга салавот айтмайдиган ҳасадли бир кўзнинг ҳасад ўқи билан назар ташлаганидир. Натижада луқма кўкрагингизда туриб олиб, овқатнинг ўтишига халал беряпти. Нима қилиш керак? Ягона йўл “Муобида”да яшовчи фалончи моҳир, тиқилиб қолган луқмани олишда шуҳрат қозонган одам бор, ана ўшанга мурожаат қилиш керак”, – деди. “Шундай бўла қолсин”, – дедим. Онам, мен ва қўшни аёл от–аравада аср пайти Муобидага етиб бордик. Онам ва қўшни хотин ёғоч аравада, мен бўлсам аравакаш ёнида ўтирардим. Айтганларидай, ўша моҳир табиб, луқмани чиқариб ташлади ва бизга нохуш ис таратаётган нам пахта бўлагини кўрсатди ва: “Мана ўша ҳасадли очкўз одамнинг назари тушган луқма, егиси келиб қарагани сабаб кўкрагида туриб қолган”. Овқат еяётганларида қараган ва луқмани онамнинг кўкракларида тўхтатиб қўйган ўша ҳасадгўй кўз ким бўлиши мумкин, деб эслашга ҳаракат қилдим. Ахтариб, излаб бўлгач, шуниси аён бўлди: “Балки “Қаззоз” бозорчасидан егулик сотиб олаётганимда, бирортаси ҳасад ёйларини олаётган нарсамга отган бўлса, ўша иштаҳали таомга кўз теккан. Онам еганларида эса касал бўлиб қолган бўлишлари мумкин. Балки… “Ҳасад қилувчининг ёмонлигидан ўзинг асра”.*
Луқманинг чиқарилгани билан онам яхши бўлмадилар. Бир-икки кун ўтгач, овқатни сув ёрдамисиз еб юта оляптилар деб ўйлаган эдик. Сув миқдори аста–секинлик билан камайиб, онам асл ҳолатларига қайтадилар деб умид қилган эдик, лекин ундай бўлмади.
Яна янгидан башоратчи табибалардан маслаҳат сўрай бошладик. Улар ҳам бир неча даво услубларини таклиф этишди: қандай гиёҳларни қайнатишни ёки уларни кукун қилиб туюшни, ё бўлмаса кичик тўпча шаклида улардан хамир қорилишини айтишди. Халқумларининг торлигига нисбатан тўпчалар катта бўлса ҳам уларни ютишлари керак эди. Лекин онам сабр-бардошли эдилар. Кукунни эрталаб, ўша кичик тўпчаларни кечки пайт истеъмол қилардилар. Бироқ бир неча марта бўғилиб қолишларига оз қолди. Шунга қарамай, сабр ва матонатли бўлишда давом этдилар. Уч ҳафтадан сўнг дорилар оз бўлса ҳам фойдасини кўрсатгандай бўлди. Қийинчилик оз бўлса-да ортда қолди. Овқат истеъмол қилишлари қандайдир вақтгача олдингига нисбатан анча енгиллашгандай бўлди. Лекин бу узоққа чўзилмади. “Эски тос, эски ҳаммом” деганларидай, халқумлари яна торайиб, овқатнинг ўтиши деярли мумкин бўлмай қолди. Натижада овқат хилини бутунлай ўзгартирдилар. Озуқалари шўрванинг суви ёки “ҳарира” дейиладиган атала бўлиб қолди. Эрталаб эчкимиз “Умм ул–хайр” сутидан бир неча қултум ичардилар. Бироз вақт ўтгач, яна бошқа даво йўлларини қидира бошладик. Фалончи домланинг “афсун” ёзиши ва ўшанга мурожаат этишимизни тавсия этишди. Афсун сопол идишларга ёзиладиган Қуръон оятлари бўлиб, касал унга сув ёки зам–замдан қуйиши, “шин” сиёҳи билан ёзилган оятларни ўчириши, сўнг ўша аралашмани ичиши керак бўлади. Одатда унинг мазаси ёмон бўлиб, нордон, ёқимсиз эди. Кундан–кунга мана шундай ўнлаб “идиш”ларни ичдилар, бироқ фойда бермади. Шунда ўша фалончи домла “ўраб қўйиш керак”, – дея кўрсатма берди. “Етти кунгача ҳеч ким кўриши мумкин эмас”, деб ётоқлари атрофига оқ парда илиб қўйди. У ҳам фойда бермагач, бўйинларининг ўзига боғич боғлаб қўйишди. Сўнг ўз ишининг тажрибали табибини бир неча кун давомида атрофларида ўз гуруҳидаги одамлари билан бирга “Ёсин” сурасини қайта–қайта ўқиш учун олиб келишди. Яна… яна… Мен ҳамма нарсага кўндим. Бўйин эккан ҳолда ниманики эшитсам, мантиққа тўғри келадими–йўқми, ўшани қилавердим. Худо раҳматига олсин, онамнинг тузалиб кетишлари учун уларга қилинган ёки дори сифатида берилган нарсаларга рози бўлганимни эсласам, ҳозир айтишга уяламан. Лекин тузалиб кетишлари учун кўрларча иш тутдим. Натижада мана шу аҳволда бир неча ойларни ўтказдилар. Ва ниҳоят, Маккадаги “Такия” деб аталувчи ягона шифохонадан доктор олиб келишни ўйладим. Доктор ҳам мени узоқ текшириб, касални кўриб, дори ёзиб бериши учун тўлашим керак бўлган тўлиқ бир риёлим борлигини англагандан кейин мен билан боришга рози бўлди. Тиббий сандиқчасини кўтариб мен олдинда, у эса орқада шаҳдам қадамлар ташлаб келарди. Касални кўриш бир неча дақиқаларгина давом этди. Онамнинг томоқлари, эҳтимол, қизилўнгачлари ҳам рак касалига чалинибди. Ҳаётда биринчи марта “рак” деган касаллик борлигини эшитишим эди, шунинг учун ҳеч нарса тушунмадим. “Доктор, нима қилиш керак?” – дедим. Ҳа, шундай деб сўрадим.
– Касаллари жуда ривожланиб кетибди, умумий аҳволлари жуда ёмон.
Шунга қарамай, бир вараққа дори ёзиб қўлимга берди. Ўша кунларнинг одати бўйича дорини “Такия” дорихонасида тайёрлаб беришгач, олдиларига ўзимни йўқотганимча, олдингидан ҳам кўра кўпроқ умидсиз бўлиб қайтдим. Бир неча кун дори ичдилар. Бироқ ҳеч қандай натижа бермади. Мен яна ўша докторнинг олдига бордим. Лекин у боришдан бош тортиб:
– Пулингни бекорга олишни истамайман, онангнинг аҳволи оғир, ҳаётдаги сўнгги кунларини ўтказяпти. Ҳамманинг бошида ўлим бор, ўзингни қўлга ол. Эркак бўл, – деди.
Мана шундай оғир кунларимда Умар амакининг оиласи менга ҳам оила, ҳам озиқ–овқатим бўлди. Энг камида асосий таом – тушликни хизматкор бола ёки Жамилнинг ўзи бир неча қаватли патнисда уйларидан кўтариб келарди. Умар амакининг хотини эрталаблари ёки ундан кўпроқ вақт бизникида бўлар, пешин яқинлашгунча онам билан суҳбатлашиб, кейин овқат пишириш учун мен мактабдан қайтгунимча ўрнига Жамилани ташлаб кетарди. Мен келгач, Жамила овқатни юбориш учун уйларига кетарди.
Кундан-кунга уларга боғлиқлигим ортиб борар, ҳар куни асрда уйларига борганимда, Умар амаки ўзларининг далдалари, мададлари билан кўнглимга хотиржамлик киритардилар. Ҳар доимгидек камгап ва “ла ҳавла ва ла қуввата”ни кўп айтар эдилар. Онамни даволатиш йўлидаги турли усул ва найрангларни эшитиб, янада камгап бўлиб қолдилар. Лекин мен ўзим нима эканлигини билмайдиган “рак” муаммосини айтганимда, ҳайратлари ошиб, юзлари буришиб кетди. Аммо бир неча кундан сўнг жаҳон уруши даврида (биринчи жаҳон уруши бўлса керак, деб ўйлайман) янги “пенициллин” деган дори кашф этилгани ва у жуда ноёблиги, Жиддадаги консулхоналарнинг биридаги докторда оз миқдорда шу доридан борлиги, лекин у насроний бўлгани учун Маккага кира олмаслигини айтди. Онамни ҳам Жиддага олиб боришнинг имконияти йўқ. Шунинг учун агар мен унинг фикрига қўшилсам, ўзи пенициллинни олиб келиб, “Такия” докторига бериши, у эса онамга бир неча соат оралатиб укол қилишини айтди. Агар мен унинг фикрига қўшилсам… Ўзим англамаган ҳолда хаёлимда бир нарса айланарди. “Насроний табиб, консуллик, жаҳон урушида кашф этилган ўша ажойиб пенициллин…” Нега ҳам йўқ дердим? Ахир ҳамма нарсани синаб кўрдик. Ҳатто икки ёнлари ва кўкракларидан қон кетишига сабаб бўлган “куйдириш”дан ҳам фойдаландик. Майли, шундай бўла қолсин.
Сеҳр ўз кучини кўрсатгани каби пенициллин ҳам ўз кучини кўрсатди. Бир неча кун ўтгач, аҳволлари анча енгиллашди. Каравотларида биринчи маротаба ўтириб, овқатларини ўзлари қалтираган қўллари билан ича бошладилар. Шифо топяптилар деган фикрга бордим. Лекин минг афсуслар бўлсинки, мана шу ўнгланишдан сўнг кутилмаганда олдингидан ҳам ёмонроқ аҳволга тушиб қолдилар. Қаттиқ дард тортаётганлари кўриниб турарди. Шу сабаб тинмай инграб чиқардилар. Бир неча тун давомида саноқли лаҳзаларгина ором олганларини биламан. Ёнларида тиззалаб уйғоқ ўтирар эканман, бедорлигим онамнинг ҳаёт қолишларига ёрдам беради, дея тасаввур қилардим.
Бир кун эрталаб кўзларини юмганча, кўз ўнгимда қайта очмадилар.

32

Қабристонгача бирга келганлар кетишганидан сўнг нам тортган қабр ёқасида ўтирар эканман, гўрков кавлаган қабр устига қўйилган мана шу тошлар остида мен учун азиз бўлган инсон ётганига ишонгим келмасди. Буни ўйламаган ҳам эканман. Атрофимда бирор нарса бўлаяптими ёки бўлмаяптими – англамасдим. Эс–ҳушимни бир жойга тўплагач, “Ёсин” сураси ёдимга тушди. Такрор ва такрор ўқидим. Ҳатто томоғим қуриб, тун ўз зулматини олам узра ёйди. Қабристон қоровули бундай пайтда қабрлар ёнида бировнинг қолиши манъ қилинганлигини огоҳлантирди. Асосий эшик томон ҳушсизлардек юра бошладим. Қабристон мени ташқарига отиб чиқаргач, “ас–Саййид” қаҳвахонаси олдида қаерга боришимни билмай, ҳайрон бўлиб туриб қолдим. Ҳисоблаш машинаси тугмасини босганингизда олдингизда бир неча нуқталар ёришгани каби, миямда ҳам бир қанча боришим мумкин бўлган жойлар ўта бошлади. “Жинлар ҳибсхонаси”даги қаҳвахона, ҳарам, уй, болалигимдан бери қатнаётган мактабим, саноқсиз жойлар. Баъзиларига, табиийки, боришнинг иложи йўқ, баъзилари йўқ бўлиб кетган, баъзиларини йиллаб кўрмаганман. Буларнинг бирортаси ҳам менга ёқмагач, муносиб деб билган қарорни қабул қилиш учун оёқларимга ихтиёр бердим. У эса онамнинг жасадларини олиб келган йўл томон мени бошлади. “Мақрот ул–Фотиҳа”, “Муддаий”, “Масъа”, кейин “Сафо” тепалигига бурилди, сўнг, одатда, тун қоронғулигида одамлар ундан ўзларини олиб қочадиган “Сафо айвони”га етиб келди. Лекин мен на тунни ва на зулматни ҳис қилардим. Айвон остида юриб борар эканман, ажиб бир ҳис мени чулғаб олди. “Қани эди онамнинг қорнида қайта бўлиб қолсам”. Қандай қилиб инсон бу каби туйғуларни ҳис этади? Олдин синаб кўрмаган бўлса. Шунингдек, ундан бошқаси ҳам ҳеч қачон синамаган. Айвон сўнгида кўча чироғидан таралаётган нурнинг ёруғлиги кўрингач, яна ўша ерга қайтиб кетай дедим. Лекин ундай қилмадим.
Нимадир менга эътибор қаратаётгандай кўринди. Қай бир чироқ ёки фонар ёнидан ўтмай, ҳамма менга бир хил – бошимнинг юқори қисмидан тортиб, оёғимгача тикилиб қарарди. Нега? Эҳтимол, оёқ кийимимни ва салламни йўқотган бўлсам керак. Қандай қилиб инсон кийиб юрган нарсасини йўқотиши мумкин? Ҳа, ўша азиз чеҳрани қоронғу қабрга қўяётганимда, шиппагимни ҳам, салламни ҳам тушириб қолдирган бўлсам керак. Ҳа, шундай бўлган бўлиши керак. Балки мен учратган аксарият одамлар менга тасалли бермоқчи бўлиб, қўлимдан маҳкам ушлаб, бағриларига босмоқчи бўлишгандир. Шундай бўлса керак ёки ўша қаро тундан сўнг туш кўргандирман. Менга айтилган баъзи сўзларни эслашда давом этардим-у, лекин инсон қандай қилиб унга айтилмаган сўзларни эслаши мумкин.
Уйга етгач, табиийки, тўғри онамнинг ётоқларига кирдим. Нимага ҳам кирмай? Киши ухлашидан олдин бетоб онасини кўриб хотиржам бўлмайдими? Лекин хона тўғрисидаги бу чироқ ва анави кутиб ўтирганлар ким бўлди? Оҳ! Умар амаки ва унинг оиласидаги ҳаммалари–ку. Уларга қараганимда, Умар амаки мен томон келиб, қучоқлаганча баланд овозда йиғлай бошлади. Нега энди? Хотини эса пешона ва юзларимдан ўпиб қўйди. Бу одамларнинг ишлари ажойиб–да. Шу он бир куни менга “у масончи” деганлари ёдимга тушди, шунингдек, маҳаллада у ҳақда “инглиз жосуси” деган гап ҳам юрарди. Ажиб йўл билан улар гўё атрофимни ўраб олиб, аввал эшикка, кейин кўчага мулойимлик билан итариб чиқаётгандай туюлди менга. Нега энди? Улар бирон сўз демас, мен ҳам индамай уйдан бошқа ёққа қараб сузаётгандай эдим. Сузяпманми ёки биров кўтариб олганми, билмас эдим.
Биринчи бор инсонни ухлаган ҳолда “Рўшон”да қўлида пиёла ушлаб ўтириши мумкинлигини кашф этдим. Мана мен уйғоняпман–у, ўзимни шундай ҳолатда сездим. Ухладимми ўзи ёки кўриш қобилиятимни йўқотдим–у, сўнг у кутилмаган сергаклик билан бирга қайтдими. Ўзимни “Оҳ, онажон” дея баланд овозда бақираётганимни англадим. Ўша қичқириқ даҳшатидан Умар амаки қаттиқ қалтираб кетди. Хотини югурганча келиб, шошиб мени бағрига босди, силаб–сийпалар экан, оғзидан “Бисмиллоҳ” билан “ла ҳавла ва ла қуввата” тушмас эди. Мен эса номаълум сабабга кўра бақиришда давом этардим. Бироздан сўнг:
– Хотираси ўзига кела бошлаяпти, тек қўй, йиғлаб бақириб олсин. Бўлган воқеаларни ақли рад этгандан кейин ҳиссиётлари ўзига қайта бошлайди, яхши бўлиб кетади, – деганини эшитдим.
“Ким яхши бўлиб кетади?” Яна бир пайт ўзимга келганимда кимдир менга “Ёлғон гапиряпти деб ўйлаяпсанми?” – дер эди. “Икки ҳафтадан буён ҳушингни тўлиқ йўқотган эдинг. Мана, худога шукр…”

33

Бошқа уйимга қайтиб бормадим. Ўша “ётоқни” қайта кўрмадим. На хона бурчагидаги чироққа нима бўлгани, на эчкимиз “Умм ул–Хайр”ни ким соғиши ва на қафасдаги қуёнлар ҳам жойидами, йўқми – билмасдим. Лекин шуниси аниқки, Умар амакиникига – ҳозир турган жойимга – кимдир кийимларимни олиб келиб берибди. Олдин кийиб юрган кийимларимни ҳали ҳам кийишим бундан далолат берарди.
Уйимга қайтмасам ҳам, мактабга қайтдим. Бунга Умар амаки кўндирди. У:
– Уйда бунчалар кўп қолиб кетишинг мумкин эмас, мактаб мудири ҳам бир неча бор сўради. Ҳамма ўқитувчилар сени кўришга келмоқчи бўлишди. Лекин ўзингга келиб олгунингга қадар тўхтаб туришларини ва сен ўзинг уларнинг олдига қайтишингни айтдим. Бу тўрт девор орасидан чиқишинг ва одамларга қўшилишинг керак, – деди.
Мана шу қистовлар остида мактабга қайтдим. Мактаб деворлари ва ярим уйқу ўртасида асир каби юрсам–да, ишга қайтишим билан аҳволим анча енгиллашгандай бўлди. Агар ўша кунлари ички кечинмаларим ҳақида ёзиб беришимни сўрашса, варақни оқлигича топширган бўлардим. Шунга қарамай, дарс ўтардим. Талабалар билан мунозара ўтказардим. Дафтарларини текширардим. Буларнинг барчаси тугар–тугамас, яна эски ҳолатимга қайтиб тошдек қотардим. Ичимдаги кечинмаларим туфайли қилаётган қилиқларим учун ҳеч ким мени маломат қилмади. Вазифаларимни бажарардим–да, уйга жўнардим.
Назаримда мен Умар амакиникида узоқ вақт қолгандай эдим. Қабристон мени отиб чиқарган тунда қандай қилиб уларникига бориб қолганимни ҳозиргача эслолмайман. Бироқ кутубхона ёнидаги мен учун ажратилган хонада доимий бўлишим, кунда аср пайтида “рўшон” ортида ўтиришим, бу ерда чой ичишларим – шуларнинг барчаси қандай қилиб бўлса ҳам улар билан бирга яшаш учун келганимни таъкидларди. Лекин “Қачонгача бу ерда қоламан”, – деб ўзимдан ўзим сўрамасдим. Уларга оғирлигим тушмаяптимикан? Қандай қилиб бу уйдан кетаман? Кетган тақдиримда ҳам қаерга бораман? Шу каби саволларнинг бирортасини ҳам ўзимга бермабман. Ҳеч ким бунга ишора ҳам қилмабди. Уларникида бўлишим кўпроқ табиийдек кўринди, менга. Бунга ҳеч ким, билишимча, ҳеч қандай эътироз билдирмади. Балки узоқ вақт иззат–икромда бўлдим. Шунга қарамай, бир ишда ғалатилик бор эди. Мен улар ва Умар амаки билан суҳбатлашганимда “сўзга сўз билан жавоб” қоидаси бўйича гаплашардик. На у кўп гапирмас ва на мен ортиқча сўзламас эдим. Бир куни аср пайтида, орадан бир неча ойлар ўтган бўлиши керак, бирга ўтирган эдик. Умар амаки ғайриоддий ниманидир айтишга шайланаётгандай бироз иккиланиб:
– Муҳайсин, кўнглингдаги бу изтиробни кетказиш учун сенга юпанчиқ бўла оладиган инсон керак, – деди–да, жим бўлди. Бироздан сўнг яна: – Кўнгилдаги ёлғизлик дардини фақат солиҳа аёл – турмуш ўртоғигина даволай олади, инсон унга суяниб яшайди, – дея яна сукут гирдобига ғарқ бўлди. Гўё айтмоқчи бўлган гапини зўр берса ҳам айта олмаётгандай эди… Сўнг тўсатдан суҳбатлашиш йўлини ўзгартириб, савол беришга ўтди:
– Уйланиш ҳақида ўйлаб кўрмаганмисан?
– Бир марта бўлган эди.
– Демак, уйланиш фикрига қарши эмассан.
– Уйланиш фикри билан менинг ўртамда ҳеч қандай адоват йўқ.
– Яхши, мен сенга қизим Жамилани бермоқчиман. Қабул қиласанми?
Елкасидан тоғ ағанагандек биринчи бор чуқур нафас олганди гўё… Менда эса дафн кечасидаги аввалги ҳолат қайтарилди: кўз олдимда жилваланаётган нуқталарнинг баъзилари ёруғ, яна бошқалари хира бўлиб, “ла ҳавла ва ла қуввата”ни айтганча турардим. Миямда эса бир–бирига ўзаро боғлиқ бўлмаган сўзлар, жойлар, исмлар айланарди. Сукунатим чўзилгач, у яна:
– Нима дейсан? – деб сўради.
– Ҳеч нима, – дедим.
– Бирор нима дейишни хоҳламайсанми?
Мен ўйламасдан:
– Доимо иккинчи тун учинчи тундан олдин келади, – деб юбордим.
Умар амаки чуқур денгизга шўнғигандек, гапимдан маъно ахтариб, пешонасини қаттиқ ишқалади. Бир муддатдан сўнг маъно топди, шекилли:
– Ҳаёт ҳеч қандай тафсилотларсиз умумий тарзда давом этаверади. Тириклик ва ўлим доимо ёнма–ён, қай бири олдин, тунми ёки кунми, буни ҳеч ким билмайди, – деди.
Жавоб қайтаролмадим. Лекин кўз олдимдаги бояги лавҳанинг нурлари жилоланишда давом этарди. Ҳар ким ўз ишида кетди…

34

– Исмларнинг яхшиси, мақталгани1 ва узоқ яшайдиган исмдир2 ,– дея ўша кеча гапини бошлади Умар. Юқоридаги матални ўзгартирганлиги, шунингдек, ўғлимга ўзининг исмини қўйиш мақсади борлиги тушунарли эди. Мен:
– Ўғлимнинг исмини “Муҳайсин Муҳайсин” қўймоқчиман, – дедим.
– Муҳайсин қўймоқчисан? Муҳайсин ўғли Муҳайсин бўлади демоқчисан–да? – деб сўради.
– Мен “Муҳайсин Муҳайсин” қўймоқчиман. Эсингиздами кутубхонангизда биринчи романни ўқиганим?
– Ҳа.
– Қаҳрамоннинг исми “Жон III” эди.
– Эсимда.
– Нега ундай эканлигини сўраганимда, “Қаҳрамоннинг исми Жон, отасиники ҳам Жон, бобосиники ҳам Жон. Шунинг учун Жон III, яъни учинчи Жон бўлган”, деб жавоб берган эдингиз.
– Ёдимга тушди.
– Ўғлим Муҳайсин ҳам ўғлининг исмини Муҳайсин қўйишига ишончим комил эмас, шунинг учун унинг исмини Муҳайсин Муҳайсин қўймоқчиман. Шунда Муҳайсин ўғли Муҳайсин Муҳайсин деб ёзишга мажбур бўлади.
Назарини бошқа томонга қаратар экан, мени эшитмаяпти деб ўйлаб, паст овозда пичирлади:
– Тентаклик ҳам санъат!

Араб тилидан Муртазо Сайдумаров таржимаси.

ИЗОҲЛАР

1 Таркибида “ҳамд“ бўлган Муҳаммад, Аҳмад, Маҳмуд каби исмлар. (Таржимон изоҳи.)
2 Бир галлон 4,5 литрга тенг. (Таржимон изоҳи.)
3 “Зу-р-Румма” – Ғайлан ибн Уқба (696-735 й.й.), ўрта аср машҳур араб бадавий шоирларидан, тақлидий шеърий анъаналар асосида қасидалар ёзган, “Зу-р-Румма” – “Ипли”, “Ипи бор” лақабини доимо бўйнида ипга боғланган тумор осиб юрганлиги сабабли олган. (Таржимон изоҳи.)
4 Ал-Аъроф сураси, 176-оят. (Таржимон изоҳи.)
5 Машҳур араб шоири Али ибн ал-Жаҳм (188-249 ҳ.й.) Халифа Ҳорун ар-Рашидга бағишлаб ёзган мадҳия қасидасида ушбу байтларни ёзган эди: “Сен ит кабисан дўстликка садоқатда, Сен такадексан жангда, шижоатда…” (Таржимон изоҳи.)
6 Баъдавийлар бошидаги рўмоли устидан ташлаб оладиган чамбарак. (Таржимон изоҳи.)
7 Қирш – кичик пул бирлиги, бир риёл йигирма қиршдан иборат, бир қирш – беш ҳалала. (Таржимон изоҳи.)
8 Ўрта аср араб шоири Фараздақ (641-732) ўз қасидаларидан бирида “Мол тушунмаса менга нима?” деган байтни ёзган эди. (Таржимон изоҳи.)
9 Араб тилида “Зу” сўзи бошқа сўзлар билан бирикмада келган “эгаси”, “…ли” маъносини англатади. Масалан: “Зулқарнайн” – “икки шоҳли”, “икки шоҳ эгаси”, “Зулхумор” – “ёпинчиғли”. Бу сўз махсус турланишга эга бўлган “бешта сўз” мажмуасига киради. Арабча “оғиз” (“фам”) сўзидан “м” (“мим”) тушиб қолса, у “фу”га айланади ва у ҳам “оғиз” маъносини англатади. (Таржимон изоҳи.)
10 “Агар бирортаси қазо этса, жанозасида қатнашинг” – Ҳадиси шарифдан. (Таржимон изоҳи.)
11 “Ёсин” сураси, 83-оят. (Таржимон изоҳи.)
12 “Луқмон” сураси, 34-оят. (Таржимон изоҳи.)
13 Қоғозга ёзилган афсун, эзиб ички. (Таржимон изоҳи.)
14 “Аз-Зорият” сураси, 7-оят. (Таржимон изоҳи.)
15 Ҳалала – саудия пул бирлиги, бир риёл юз ҳалаладан иборат. (Таржимон изоҳи.)
16 “Рўшон” баланд иморатларнинг балкони, бу балконлар тўсилган бўлиб, унинг кичик-кичик тирқишларидан балкон ортидагилар ташқарини кўриши мумкин, лекин ташқаридагилар уларни кўра олмайди. (Таржимон изоҳи.)
17 “Фул” – ловияга ўхшаш дон маҳсулоти, шу маҳсулотдан тайёрланадиган таом. (Таржимон изоҳи.)
18 “Дайа, баю, акку, қўма, шишидда” – Хауса тилида “бир, икки, уч, тўрт, беш”. (Таржимон изоҳи)
19 “Зумар” сураси , 9-оят. (Таржимон изоҳи.)
20 “Арика” – миллий таом тури. (Таржимон изоҳи.)
21 “Бахур” – тутатиладиган, хушбўй ҳид тарқатувчи ёғоч парчаси, кукун ва аралашма шаклидаги модда. (Таржимон изоҳи.)
22 “бурқуъ” – аёлларнинг фақат кўзларини очиқ қолдирадиган, юзларини тўсадиган ёпинчиғ. (Таржимон изоҳи.)
23 Сўзларнинг грамматик жинси. (Таржимон изоҳи.)
24 “Истихора” намози – бирор яхши, хайрли ният қилсангиз, қилган ниятингизнинг амалга ошишини Аллоҳдан сўраб ўқиладиган намоз. (Таржимон изоҳи.)
25 “Тарвия” куни – Зул-ҳижжа ойининг 8-куни. (Таржимон изоҳи.)
26 Иҳромнинг пастки қисми. (Таржимон изоҳи.)
27 Умар ибн Аби Рабиа (644-712) нинг қасидасидан. (Таржимон изоҳи.)
28 “Фалақ” сураси , 5- оят. (Таржимон изоҳи.)
29 Таркибида “ҳамд” иштирок этган Муҳаммад, Аҳмад, Маҳмуд каби исмлар. (Таржимон изоҳи.)
30 “Умар” деган исм ёки таркибида “умар” иштирок этган исмлар Саидумар, Муҳаммадумар каби.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2004 йил, 8-9-сонлар