Дарёнинг бошланиш жойини географлар манба дейдилар, қуйилиш жойи эса унинг мансаби. Умуман олганда, ибтидо ва интиҳо деган тушунчамизга тўғри келади бу атамалар. Ҳамма нарсанинг боши ва охири бор. Жумладан, китобларнинг ҳам. Ижод аҳли яратган асарлар ана шу оралиқ ўртасидаги масофада, яъни ибтидо билан интиҳо оралиғида тўғри йўлни танлашимизга кўмак беради. Биз жаҳон адабиётининг дурдоналари ва бадиий тафаккур воситасида ўзимизни топамиз, ўзлигимизни англаймиз. Мухтасар айтганда, завқу шавқ ва ҳайрат манбаи бўлган китобларда дунёни идрок этишимизга ёрдам берадиган беҳад кўп хислат ва хусусият мужассам. Фақат шарт шуки, танлаб ўқиш керак. Ўзингиздан аввал бу йўлдан юрган кишилар маслаҳатига амал қилиш керак. Шу кунларда адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаевнинг “Ёшлик” журналидаги тавсияларини ўқиб, хитой ёзувчиси Мо Янь қаламига мансуб “Мусаллас мамлакати”ни излашга тушдим.
Китоб танлаш бобида улуғ ёзувчиларнинг фикрлари алоҳида аҳамиятга эга. Масалан, мен Кафкани мутолаа қила туриб швейцар ёзувчиси Август Стриндбергни кашф этдим. Ҳерман Ҳессе асарларидан норвег ёзувчиси, Нобель мукофоти совриндори Кнут Ҳамсунни топдим. Айтмоқчиманки, дунё тан олган буюкларнинг асарларини ўқиркансиз, уларнинг тавсияларини эътиборсиз қолдирманг. Немис файласуфи Иммануил Кант асарлари абстракт фикрлаш маҳсули (бу усулни Гегель танқид қилган). Мен бундай фикрлашнинг бадиий адабиётдаги намунасини изладим ва француз ёзувчиси Марсель Прустга дуч келдим. Бу ажойиб ижодкорнинг “Йўқотилган вақтни излаш” деб номланган етти томли романидан айрим жилдларини (топганимча) мутолаа қилдим. Шу ўринда қизиқ бир воқеани эслаб ўтмоқчиман (китоб жиннисининг бошидан нималар кечмайди дейсиз!). Прустни излаб кутубхоналардан ва дўконлардан тополмаганимдан кейин Янгиобод бозорига бордим. Бу ерда жуда катта китоб савдоси бўлади. Бозорни оралаб юриб Прустни изладим. Ҳамма жойда Марсель Прустни эмас, поляк ёзувчиси Болеслав Прустни рўпара қилишди. Фақат битта дўкондор менга ажабланиб ва қизиқиб қараб қолди ва: “Шу ерда ўн етти йилдан бери китоб сотаман, ўн йил аввал бир киши Прустни сўраб келган эди, мана, бугун иккинчисини кўриб турибман”, деди. Топиб беришга ваъда қилди ва учинчи марта боришимда “Йўқотилган вақтни излаш”нинг биринчи томини, яъни “Сван тарафга йўналиш”ни (“По направлению к Свану”) қўлимга тутқазди. Ҳа, яхши китобларни топиш учун изланиш ҳам керак. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб маслаҳат берадиган бўлсам, юқорида тилга олинган ёзувчиларнинг асарларини ва жаҳон адабиёти дурдоналари ҳисобланган бошқа китобларни беҳад завқ ва ҳаяжон билан ўқийман, хусусан, Борхесни қайта-қайта мутолаа қиламан ва ҳар сафар “Лисон ут-тайр”га қайтаман.
Алишер Навоий. “Лисон ут-тайр” достони
Бу асар китоблар оламининг ва олам китобларининг энг улуғ мўъжизаларидан бири бўлиб, илмий, ахлоқий ва фалсафий асосга эга. Достонни мутолаа қилишга киришаркансиз, Ҳудҳуд етакчилигида Ҳақни излаб йўлга тушган қушлар галасига қўшилиб осмонга парвоз этгандек бўласиз. Ҳар бири ўзига хос қийинчиликлар ва манзараларга эга етти водийдан олиб ўтади Ҳудҳуд. Парвоз давомида баъзи бир қушлар йўл азобига дош беролмай пушаймон бўлади ва олдинги тинч ҳамда беташвиш ҳаётига қайтиш истагини айтиб норозилик билдиради. Шунда қушларнинг энг поки ва доноси бўлган Ҳудҳуд ҳар бир қушнинг ҳаёти, хулқу характерига доир ибратли ҳикоятлар сўзлаб, уларни дадил ва иродали бўлишга ундайди. Ана шундай чуқур фалсафий ҳикоятлардан бири “Шайх Санъон” қиссасидир.
Каъбада шайхларнинг шайхи мақомида турган бу улуғ инсон (Шайх Санъон тарихий шахс) кексайган чоғида бир тарсо қизни севиб қолиб, муҳаббатнинг барча қийноқларини бошдан кечиради. Тарсо қиз шундай гўзал бир шаклда, худди қуёш айвонидаги Исо қизи каби қаср устида турарди. Бундан Шайх кўнглига чақмоқ чақилгандек бўлиб, унинг жони шуъла денгизида ғарқ бўлди. Хуллас, Шайх қизнинг остонасида тупроқларга беланиб ётади, унинг чўчқаларини боқишга ҳам кўнади, майхонага кириб мақом тутади. Ошиққа кўп жабру жафолар кўргузган тарсо қиз охир-оқибат гап нимадалигини тушунади, шайхнинг ортидан йўлга тушади ва бепоён саҳрода шайх Санъоннинг қўлида жон беради.
“Шайх Санъон”ни бир марта мутолаа қилган киши уни қайта-қайта қўлга олиши ва дунёдаги энг гўзал севги қиссаси сифатида бошқаларга ҳам тавсия этишига ишонаман.
Эркин Воҳидов. “Сайланма” шеърлар
Ўзбек шеъриятига қайси нуқтадан қарамайлик, Эркин Воҳидовни кўрамиз, айтамиз, санаймиз. Шунинг ўзи Эркин Воҳидов феноменини белгилаб беради. Шоир ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида мудраб ётган тафаккурни уйғотишни бошлади. Қарийб олтмиш йилдирки, ана шу йўлда собит қадам бўлди. Ўз сўзини айтди, ёзди. Халқимизнинг меҳр-муҳаббатини қозонди. Сўзлари эл-юрт кўнглига сингиб, ўзидан кейинги адабий авлодни баланд бир чўққига бошлаб кетди. Бу чўққини, ҳеч шубҳасиз, Эркин Воҳидов чўққиси деб аташ мумкин.
Шоир шеърларини ўқиганимда ўз-ўзимга бир-икки саволни такрор-такрор бераман. Хўш, “Эркин Воҳидов нима ҳақида ёзмаган? Эркин Воҳидов ижодида қайси шеърий санъат йўқ?”. Ҳамма-ҳаммаси шоир асарларида мужассам. Шунинг учун ҳам Воҳидов шеърлари китобхонлар, ижодкорлар учун қутлуғ адабий таълим маскани, шеърият қўрғони бўлиб турибди. Унинг шеърлари ўқувчига кўксини кериб ғоз юришни, мағрур туришни ўргатади.
Шуларни ёзаяпман-у, яна “Нега шундай экан-а?” деган савол қаршисида қолдим. Жавоб изламасликнинг, уни айтмасликнинг ҳеч имкони йўқ. Чунки Эркин Воҳидов кўрган-кечирганларини ўзидан ўтказиб намоён қила олди. У Навоийдан, Фузулийдан, Машрабдан, Гёте ва Есениндан сув ичди ва ўзи ҳам улкан шоирлар сафида турадиган ижодкорга айланди.
“Япон мумтоз прозаси”. ХI–XIV асрлар
Сизга тавсия қилинаётган бу китобда Сей-Сёнагон, Камо но Тёмей ҳамда Кенко Хосе асарлари жамланган. Японлар табиатга меҳр-муҳаббат ва ишонч билан қарайдилар. Бу ҳолат уларнинг асарларида бевосита намоён бўлади. Минг йил аввал яшаб ўтган Сей-Сёнагон “Хаёлга келган битиклар” асарида шундай ёзади: “Бу китобни хонамнинг тинч оғушида кўз олдимдан ўтган, қалбимни тўлқинлантирган барча нарсалар тўғрисида ёздим”. Муаллиф айтган “барча нарсалар” асосан табиатга бўлган ошуфталик билан қамраб олинган. Сиз бу китобда адабиёт оламида жуда камёб саналган дзуйхицу жанри билан танишасиз. Сўзма-сўз таржима қилинганда, “қалам ортидан” ёки “мўйқаламга эргашиб” деган маънони беради (японлар қадимда иероглифларни мўйқалам билан ёзганини назардан қочирмаслик керак). Ўзини мажбурламасдан, чиранмасдан нима хаёлга келса, шуни енгил бир кайфият билан ёзиш бу жанрнинг асосий хусусиятидир.
Япон халқининг қалбини, табиатдаги нозикликлар ва ҳар қандай ўзгаришлардан таъсирланиши ҳамда бундан руҳий мадад ола билишини тушунишга ёрдам беради бу китоб.
Шарль Бодлер. “Санъат ҳақида”
Агар китоб расталаридан шу китобни топсангиз, машҳур француз шоири, адабиётга қўрқинчли тушсимон шеъриятни олиб кирган бу ижодкорнинг сувратига эътибор қилинг. Борлиққа бўлган кучли нафратни кўрасиз унинг юзида. Бу ҳолат шоирнинг шеъриятида ҳам ўз аксини топган. Сизга тавсия қилинаётган ушбу китобда Бодлернинг санъат ҳақидаги шеърлари билан бир қаторда ўша давр рассомларининг асарлари муҳокама қилинган. Уларнинг ижоди проза йўналишида қаламга олинган ҳамда одилона баҳо берилган. Хусусан, “Гўзаллик, мода ва бахт”, “Уруш йилномаси”, “Денди”, “Аёл” каби насрий трактатларида айтилган фикр-мулоҳазалар ва хулосалар нафақат билимингизни бойитади, балки тасаввур қилиш, гўзалликка муносабат билан боғлиқ ҳолатларни тўғри идрок этишингизга кўмакчи бўлади. Адибнинг сувратига келсак, отаси ва, хусусан, онасининг яшаш тарзи билан боғлиқ унинг нафрати. Китоб сўзбошисида ва ундаги бошқа битикларда берилган маълумотлар Бодлер ва унинг санъатга муносабати тўғрисидаги билимингизни бойитади. “Инсон умри Бодлернинг бир сатрига арзимайди” деганда япон ёзувчиси Акутагава нималарни назарда тутганлиги беихтиёр хаёлингиздан ўтади.
Владимир Набоков. Танланган асарлар
Гапнинг очиғини айтсам, Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Иван Тургенев каби рус классикларини севиб ўқиганим ҳолда (Горький ҳам бор), кейинги давр рус прозасига нисбатан бефарқ эдим. Ногоҳ бир танишим бундан икки-уч кун аввал “Набоковни ўқиганмисиз?” деб сўраб қолди ва мен ўз фикримни айтдим. Танишим эътироз билдирди-да, эртаси куни тўрт томлик “Танланган асарлар”нинг охирги жилдини олиб келди. Шуни ўқишимни, агар маъқул бўлса, қолган томларини ҳам келтиришини айтди. Мана, ўшандан бери Набоков билан биргаман. Танишим эса худди менинг тоқатимни синаб кўрмоқчидек изини қумга солди.
Бу томда Набоковнинг “Ўлим жазосига таклиф”, “Ўзга соҳиллар” ҳамда “Феальте баҳори” асарлари жамланган. Деҳқонча қилиб айтганда, зўр ёзувчининг асари дастлабки саҳифаларданоқ ўз кучини кўрсатади. Ундан ажралолмай қоласиз. Шу кеча-кундузда “Ўлим жазосига таклиф”ни ўқияпман. Жиддийлик, босиқлик ва фалсафанинг оғир юки остида зиғир донасидеккина юмор ҳам борлиги ва ёзувчи ҳаётнинг аччиқ сабоқлари қатига бундай кулгуни нақадар усталик билан жойлаштира олганидан завқу шавққа тўлиб юрибман.
Кнут Ҳамсун. “Очлик” романи
Норвегиялик сўз сеҳргари Кнут Ҳамсуннинг “Очлик”, “Мистерия”, “Пан” ва “Виктория” романлари бир жилдга жамланиб, “Нобель мукофоти совриндорлари” сериясида нашр этилган. Мазкур романларнинг қаҳрамонлари қайсидир жиҳатлари билан Франц Кафка ва Альбер Камю асарларига хос абсурд ҳолатга тушиб қолган кишиларга ўхшаб кетади. “Очлик” романида ўзини ижодга бағишлаган инсон ҳаёти қаламга олинган. Асар воқеалари биринчи шахс тилидан ҳикоя қилинади. Биз ва замондошларимиз очликнинг нақадар даҳшатли куч эканини тасаввур этолмаймиз, уни бошдан кечирмаганмиз. Асар қаҳрамони (у гоҳида ўзини Танген деб таништиради) мақолалар, фельетонлар ёзади, таҳририятлар эшиги олдида умид ва журъатсизлик билан кутади, аммо қанчалик уринмасин, ўз меҳнати билан лоақал қорин тўйдиришнинг иложини қила олмайди. Охир-оқибат бир кема капитани ҳузурига бориб, оддий юнга бўлиб ишга ёлланади…
Поляк тадқиқотчиси Ян Парандовскийнинг “Сўз кимёси” асарида қадимги дунё шоири Архилохдан тортиб кейинги давр ёзувчиларигача ўз қаламининг кучи билан қандай кун кўргани тўғрисида мухтасар хулоса бор (бу китобни Шуҳрат Ризаев ёшларимизга жуда тўғри тавсия қилган). Кнут Ҳамсуннинг “Очлик” романи ҳам ана шу фикрнинг бадиий инъикоси дейиш мумкин.
Хулио Кортасар. “Ўзга осмон”, ҳикоялар
Кортасарнинг ўзи ҳам ўзга бир осмон. Бу ёзувчининг “Автобусда”, “Босиб олинган уй”, “Аксолотль” каби асарларини ўзбек тилига таржима қилганман. Сирасини айтганда, Кортасарнинг ҳикоялари воқеаларга унчалик бой эмас. Уларда руҳий ҳолат устунлик қилади. “Ўзга осмон”даги ҳикояларни ўқиркансиз, қандайдир мавҳум куч тинимсиз равишда шуурингизга таъсир қилиб туришини англайсиз, аммо ўша мавҳум кучнинг ўзи қаерда? Ёзувчи уни каерга яшириб қўйганини ва у қайси пучмоқдан туриб таъсир кўрсатаётганини илғаш қийин. Шу боис унинг ҳикояларини қайта-қайта ўқийсиз ва этингизни жунжиктириб юбораётган мубҳам ҳолат сабабини топишга интиласиз, аммо бунинг имконсизлигидан ҳайратга тушасиз. Хусусан, “Автобусда” ҳикояси ана шундай сирли асосда қурилган. Буэнос-Айрес кўчасидан кетиб бораётган оддий автобус ва оддий йўловчи қиз Клара. Камгап чиптачи ва бошқа йўловчилар… Шунга қарамай, ҳеч қандай ғайритабиий воқеа рўй бермагани ҳолда, Кларанинг саёҳати қўрқинчли тушга айланади. Автобус, унинг салони ва бутун борлиқ гуёки улкан хавф-хатар гирдобида.
Лотин Америкаси ёзувчиси Хулио Кортасарнинг ўзига хос бундай усулини тадқиқотчилар турлича шарҳлайдилар ва хилма-хил фикр билдирадилар. Хуллас, унинг ҳикояларини ўқисангиз, янги бир оламни ва “ўзга осмон”ни кашф этасиз.
Абу Аъло ал-Маарий. “Жаннатдан мактублар”, наср
Сиз шам билан ошиққа хос етти хусусиятни тўрт қатор шеърга сиғдира оласизми? “Жаннатдан мактублар”да шоир ал-Қосим ана шу масалада уриниб, буни уддалай олмай турганида шайх ал-Карих келиб қолади ва унинг қўлидан қаламини олиб бир нафасда қуйидаги тўртликни битади:
Мен ошиққа жуда ўхшар шам,
Адо бўлиб борамиз кам-кам.
Шам ёнади, йиғлоқи, ориқ,
Беун, бедор ва ранги сариқ.
Бу тўртликни рус тилидан ўгирдим (араб шоири ва файласуфи Абу Аъло ал-Маарий (979 йили туғилган) асарларини ўзбек тилида кўрмадим, балки таржима қилинмагандир). Шу етти хусусиятни, яъни: ошиқ ҳам шам каби кам-кам адо бўлиб бориши, ҳар иккаласининг ҳам ёниши, йиғлоқилиги, ориқлиги, беунлиги, бедорлиги ва ранги сариқлигини тўрт қаторга сиғдирарканман, ифодаларга бой тилимизнинг гўзаллиги ва таъсирчанлигидан фахрландим. Аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас. “Жаннатдан мактублар”да донишмандлик, аччиқ сатира, нозик қочиримлар насрий сатрларда ҳам, шеърий парчаларда ҳам яққол кўзга ташланади. Шайх ал-Карих асар муаллифи, яъни ал-Маарийнинг ғоявий душмани. Каттагина ҳажмдаги бу асар ана шу икки шахснинг ақли, донишмандлиги, фалсафий ва илмий-бадиий қарашлари, тил ва тафаккур юзасидан бўлган мусоҳабаларига қоришиқ ҳолда кечади.
Асар Шайх ал-Карихнинг шоир ал-Маарийга йўллаган заҳарханда мактубига жавоб шаклида ёзилган. Ўйлайманки, китобда жамланган “Олов учқунлари”, “Лузумият” ва “Жаннатдан мактублар”ни ўқиб беҳад завқ оласиз.
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 12-сон