Америка эртак ва афсоналари илк бор ўзбек тилида чоп этилди

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ўзбекистонлик ҳамкорлари билан “Америка эртак ва афсоналари” китобини ўзбек тилида чоп эттирди. Бу  ҳақда элчихона матбуот хизмати хабар беради.

Рангли расмлар билан безатилган тўпламга ҳайвонлар, қушлар, арвоҳлар ва кўплаб бошқа қизиқарли персонажлар ҳақидаги 60 дан ортиқ кичик ҳикоя киритилган бўлиб, улар www.americanfolklore.net сайтидан олинган. Китоб Тошкентдаги “Baktria Press” нашриётида босилди.

Ўзбекистонда китоб ўқиш маданиятини, хусусан, ёшлар орасида, оммалаштириш бўйича талай саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Кўплаб китобхонлар Эрнест Ҳемингуэй, Теодор Драйзер, Марк Твен каби америкалик классиклар ва уларнинг асарлари билан таниш бўлса-да, ёшлар Америка адабиётидан унчалик хабардор эмас. АҚШ элчихонаси ушбу китобни бевосита инглиз тилидан таржима қилган ҳолда чоп эттириш орқали ёш ўқувчиларга мўлжалланган китоблар нашрини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

“Америка эртак ва афсоналари” Ўзбекистондаги кутубхоналар ва мактабларга тарқатилади. Уни Тошкентдаги Америка маркази ва Миллий кутубхонада жойлашган “АҚШга дарича” хонасидан ҳам топиш мумкин. Элчи Даниэл Розенблюм ва америкалик инглиз тили ўқитувчилари бу китобни талаба ва ўқувчилар даврасида ўқиб, китоб, адабиёт ва мутолаанинг аҳамияти хусусида суҳбатлашади.

АҚШ элчихонаси аввалроқ ноширлик йўналишида “Америка ҳикоялари”, “Ўзбекистоннинг икки ривояти” ва “Раққоса Айиқхоним” каби китобларни ўзбек тилида чоп эттирган.