Аслида қуйида саналган ҳар бир китоб ўз йўналишида энг яхши учталикка кирадиган китоблардан. Рўйхатдаги китобларнинг ҳар бири ҳақида икки оғиз гап билан бўлса ҳам изоҳ беришга, фикр-мулоҳазаларим ва хулосаларимни айтишга ҳаракат қилдим.
- Mortimer Adler. How to read a book (Китоб қандай ўқилади?)
Китобхон бўлишни истаган ҳар бир одам бу китобни ўқиши шарт. Китоб просто супер қўлланма. Ундан чиқарган иккита хулосам: 1) яхши китобни камида уч марта ўқиш керак; 2) одам ўзининг интеллектуал даражасидан юқорироқ китобларни ўқиши керак, яъни бу китобга тишим ўтмади деб ташлаб қўймаслик керак, акс ҳолда одамда ўсиш бўлмайди. Бу кўникма эса турникда тортинишни кўпайтириш учун ҳар куни машқ қилинганидек аста-секин машқ билан шакллантирилади.
- Евгений Тарле. Наполеон.
Яхши китоб ҳар ўқиганингизда ўзингиз учун нимадир янги нарса оладиган, кашф этадиган китоб. Бу китобни ҳар ўқиганимда таассуротларим янгиланаверган, ўзим учун янги кашфиётлар қилганман. Китобда Наполеон Бонопарт шахси, характери, ҳаёти, даврнинг ижтимоий-сиёсий вазияти жуда яхши очиб берилган. Муаллиф тарихчи академик бўлгани, китобни ёзишда кўп манбалардан фойдалангани, ёзиш тажрибаси катта бўлгани боис китоб ҳар қандай ўқувчини бошиданоқ ичига тортиб кириб кетади. Албатта ўқишни тавсия қиламан.
- Mohandas Karamchand Gandhi. The Story of My Experience with Truth (Ҳақиқат билан тажрибаларим).
Ажойиб автобиографик асар. Маҳатма Гандининг болалиги, Лондонда ўқиган йиллари, Жанубий Африка Республикасида ва у ердан қайтиб Ҳиндистонда ишлаган йиллари, ҳаётий тажрибалари ажойиб услубда ёзилган. Гандининг шахс сифатида шаклланиш жараёнини кузатиш мумкин китоб орқали. Асар рус ва ўзбек тилларига таржима қилинган. Асар номи ўзбекчага “Менинг ҳаётим” деб таржима қилинган. Ўзбекча таржима яхши чиқмаган. Юмшоқ қилиб айтганда таржимон ва муҳаррир асар тилини силлиқлашга эринишган. Инглизчадаги услуб, сўз ўйинлари, маъно нозикликлари табиийки таржимада сезилмаган. Инглизчасини ўқишни тавсия қиламан.
- Владимир Познер. Прощения с иллюзиями.
Муаллиф шахсига қизиққаним учун ўқиб чиққанман. Асар аввалига инглизча ёзилган экан. Кейинроқ русчага ўгирилган, аниқроғи қайта ёзиб чиқилган. Буни Познер ўзи асарда айтиб ўтган. АҚШ, Германия, Франция ва Россияда яшаш имкониятига эга бўлган муаллиф бу мамлакатлардаги ва ўзи борган бошқа давлатлардаги ижтимоий-сиёсий ҳаётни яхши таҳлил қила олган. Маданиятлардаги фарқлиликлар яққол мисолларда очиб берилган. Муаллифнинг воқеа-ҳодисалар ҳақидаги шахсий тажрибасидан келиб чиқиб ясаган хулосалари мен учун қизиқ туюлган. Асардан ўзим учун кўп нарса олганман.
- Гадамер. Истина и Метод.
Китоб муаллифи XX асрнинг йирик файласуфларидан. Герменевтика – талқин назарияси жуда яхши тушунтирилган. Соф илмий асар, кўпчиликка қизиқ бўлмаслиги мумкин, лекин ижтимоий фанлардаги илмий тушунчаларни қайта идрок қилишда катта ёрдам беради. Тарих, филология, социология йўналишларида илмий тадқиқот қилаётганларга ўқишни тавсия қиламан.
- Steven Pinker. The Language Instinct (Тил инстикти).
Стивен Пинкер бугунги кунда АҚШда асарлари энг кўп ўқиладиган муаллифлардан. Бошқа китоблари ҳам машҳур. MIT профессори. Асосий йўналиши лингвистика. Китобнинг номидан кўриниб турганидек муаллиф тилга табиий инстинкт сифатида қарайди ва бу фикрни исботлашга ҳаракат қилади. Тил ва тафаккур муносабати жуда яхши таҳлил қилинган. Болалар қандай қилиб гапиришни ўрганиши масаласи ёритилган. Пинкернинг асосий ютуқларидан ва ёзиш услубидаги ўзига хос жиҳатлардан бири шуки, фикрларини асослашда жонли тилдан олинган мисоллардан жуда унумли фойдаланади. Матнларни бир тилдан бошқа тилган таржима қилиш масаласини ҳам қизиқарли қилиб таҳлил қилган. Асар кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган. Русчага таржима қилинган.
- Мурод Муҳаммад Дўст. Лолазор.
Кенг қамровли бадиий асар. Просто шедевр. Ўзбек тили имкониятларига шубҳа билан қарайдиган “ақлли”лар бир ўқиб чиқишини тавсия қилардим. Муаллифнинг ёзиш услуби ва ўта равон тили ҳайратланарли даражада зўр.
- Adeeb Khalid. Making Uzbekistan: Nation, Empire, and Revolution in the Early USSR
Адиб Холид мен ўқиган муаллифлар ичида жуда чуқур таҳлил қобилиятига эга бўлган олимлардан. Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон тарихи, маданияти, тили, сиёсати ҳақида чуқур билимга эга одам деб биламан. Бу асар муаллиф катта ҳаётий ва илмий тадқиқот тажрибасига эга бўлгандан кейин ёзилгани учун ҳам аҳамиятлидир. Асарда илгари сурилган асосий фикрлардан бири шуки, замонавий Ўзбекистон давлати ва ўзбек миллати бу XIX охири ва XX бошларида шу ҳудудда яшаб фаолият юритган интеллегенциянинг ғояси ва меҳнатлари маҳсулидир деган фикрдир. Муаллиф бу фикрни асослай олган. Асар 8 та қисмдан иборат ҳар бирида алоҳида катта бир мавзу ёритилган ва таҳлил қилинган.
- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Хислатли ҳикматлар шарҳи.
Асар бешта жилддан иборат. Араб оламида машҳур Мисрлик тасаввуф шайхи Атоуллоҳ Сакандарийнинг (Искандариядан олинган) ҳикматли фикрларига шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф томонидан ёзилган шарҳлар. Бу асарни ўқиш ўқувчидан маълум тайёргарлик талаб қилади. Яъни унгача диний мавзуда китоблар ўқиган бўлиши керак. Масалан, кам деганда айни муаллифнинг “Ҳадис ва ҳаёт” туркумидаги китоблари ва “Руҳий тарбия” асарини ўқиган бўлса, бу китобни ўқиб тушуниши осонроқ кечади.
Очиғини айтиш керак, шу кунгача ўзбек тилида ёзилган китоблар тилининг мураккаб ёки осонлиги нуқтаи назаридан даражалаб чиқилмаган. Яъни бадиий асарлар ҳам, илмий ва оммабоп китоблар ҳам даражаларга ажратиб таснифланган эмас. Инглиз тилидагидек китобларнинг адаптация қилинган вариантлари ҳам йўқ. Агар тилимизда ёзилган китоблар мураккаблиги бўйича даражаланса, мен “Хислатли ҳикматлар шарҳи” китобини энг юқори даражага қўйган бўлардим.
- Саҳиҳул Бухорий. Имом Бухорий тўплаган саҳиҳ ҳадислар жамланмаси.
Ҳозиргача “Hilol Nashr” нашриётида “Олтин силсила” туркумида “Саҳиҳул Бухорий” тўпламининг 8 та жузи нашрдан чиққан. Ҳар бири 672 ёки ундан кўпроқ бетдан иборат. Бу тўпламнинг иккинчидан бошқа ҳамма жузлари ўқиганман. Биринчи ва олтинчи жузларини алоҳида меҳр билан ўқиганман. Биринчи жузнинг бошида ҳадис илми ҳақида, Имом Бухорийнинг ҳаёти, Ислом оламида, ҳадис илмида тутган ўрни ҳақида кўп фойдали маълумотлар берилган. Ундан кейин у киши тўплаган ҳадисларнинг арабча матни ва ўзбекча таржимаси, зарур ўринларда изоҳлар ҳам берилган. Олтинчи жузда “Тафсир китоби”, яъни Қуръон сура ва оятлари билан боғлиқ ҳадислар берилган. Улар оятлар маъноларини чуқурроқ тушунишга ёрдам беради.
Нима учун бу китобни биринчи ўринга қўйдим? Аввало, китобни ўқиб чиққан одам ўзи буни тушунади. Бухорийнинг ушбу тўплами “Жомеъус саҳиҳ” ҳам дейилади, яъни унда барча мавзулардаги ҳадислар жамланган. Ислом дини таълимотларининг асоси Қуръон ва ундан кейин ҳадис бўлса, бу китоб бутун Ислом оламида ҳадис тўпламларининг энг ишончлиси саналади. Бухородан чиққан олим зот тўплаб, мавзулар бўйича бобларга ажратиб чиққан ушбу ҳадислар тўпламига юзлаб шарҳлар ёзилган экан. Мана шу фактнинг ўзиёқ бу тўплам қанчалар аҳамиятли ва машҳур эканини кўрсатади. Афсуски, бу шарҳларнинг бирортаси ҳали бизнинг она тилимизга ўгирилмаган.
Бутун инсоният ҳаётини янги ўзанга буриб юборган Ислом динини тушунтириб берадиган, ўша давр муҳитини майда деталларигача очиб берадиган манба мана шу ҳадислар тўпламидир. Бу китоб ўзбекчага тўлиқ таржима қилинишининг ўзи ҳам халқимиз учун катта ютуқ. Тилимизда ёзилган, чоп этилган матнлар қанча кўп бўлса, миллатимиз, халқимиз учун шунча фойда.
Ёрқинжон Ҳайдаров, “Hilol Nashr” нашриёти муҳаррири