Юлдузларгача бўлган масофа узоқми?

Коинотда шундай юлдузлар борки ва улар биздан шу қадар олисда жойлашганки, уларгача бўлган масофани аниқлашнинг ҳам, уларни санаб саноғига етишнинг ҳам имкони йўқ. Энг яқин юлдуз Ердан қанчалик узоқда жойлашган?

Ердан Қуёшгача бўлган масофа 150 000 000 километрдир. Ёруғлик секундига 300 000 километр тезлик билан ҳаракатланишини ҳисобга олсак, у Қуёш билан Ер ўртасидаги масофани босиб ўтиши учун 8 минут керак бўлади.

Бизга энг яқин юлдузлар Центавр Проксимаси ва Центавр Альфасидир. Улар билан Ер ўртасидаги масофа Ер билан Қуёш ўртасидаги масофадан 270 000 марта узундир, яъни Ердан бу юлдузларгача бўлган масофа 150 000 000 километрлик масофадан 270 000 марта узундир!

Юлдузларгача бўлган масофа ниҳоятда олис бўлгани туфайли уни ўлчаш учун махсус бирлик ишлаб чиқишга тўғри келган. Бу бирлик ёруғлик йили деб аталади. Бу ёруғлик бир йилда босиб ўтадиган масофага тенгдир, яъни тахминан 10 триллион километрни (10 000 000 000 000 км) ташкил этади. Энг яқин юлдузгача бўлган масофа бу кўрсаткичдан 4,5 марта кўпдир.

Осмондаги юлдузлардан 6000 тасини оддий кўз билан, телескоп ёрдамисиз кузатиш мумкин.