Ерни Қуёш атрофида айланишга нима мажбур қилади?

Келинг, ишни Ер ва бошқа сайёраларни айланишга нима мажбур қилишини аниқлашдан бошлай қолайлик. Қуёш системасининг пайдо бўлиши тўғрисидаги назариялардан бирига кўра, бундан, тахминан, 5 миллиард йил муқаддам улкан чанг булути пайдо бўлиб, айлана бошлаган. Натижада у гардишга айланади ва унинг марказидаги иссиқ массадан Қуёш бино бўлди. Чанг булутининг четки қисмлари айланаётган айрим-айрим массаларга айланади, улардан кейинчалик сайёралар пайдо бўлади.

Ҳозирги пайтда Ер қатори бошқа сайёралар ҳам айланиб турибди. Нима учун Ер ва бошқа сайёралар очиқ космик фазога учиб чиқиб кетмайди? Бунга Қуёш гравитацияси ёки тортиш кучи йўл қўймайди.

Ньютоннинг ҳаракат қонунига асосан, ҳаракатланаётган нарса ўзига ташқи куч таъсир қилмагунча, тўғри чизиқ бўйлаб ҳаракат қилаверади. Шунинг учун ҳам ҳаракатланаётган сайёралар тўғри чизиқ бўйлаб Қуёшдан узоқлашишга интилади, аммо ташқи кучлар бунга тўсқинлик қилади ва сайёраларни ўз орбитасида тутиб қолади. Бундай ташқи куч Қуёш гравитацияси, яъни тортиш кучидир.

Ҳар бир сайёра ўз орбитаси бўйлаб ҳаракат қилади ва унинг тезлиги ўзи билан Қуёш ўртасидаги масофага боғлиқ. Сайёра Қуёшга яқин келганида тезлиги ортади, узоқлашганда эса сусаяди. Ер Қуёшга энг яқин борганида, тезлиги секундига 30,2 километрга етади, энг узоқ ерга етганда эса — 29,6 километрга тушади. Сайёра орбитаси Қуёшга яқин борганида унинг тортиш кучи ортади, узоқлашганида эса камаяди. Катта тортиш кучи сайёра ҳаракатини жадаллаштиради. Масалан, Меркурий секундига ўртача 47,9 километр, Плутон эса 4,6 километр тезлик билан ҳаракат қилади.