Қўшма Штатларда илк бор узунтумшуқларни аниқлашганда, пахтачилар бу малларанг қўнғизчанинг жиддий зарар келтиришига ишонишмаган эди. Бу кашфиёт 1892 йили Техас жанубида содир бўлган эди. Ўттиз йил олдинги ҳисоб-китобларга қараганда, узунтумшуқлар туфайли пахтага келтириладиган зарар йилига 6 000 000 тойни ташкил этар экан!
Узунтумшуқларнинг ватани Марказий Америкадир. У шимолга Мексика ва Техаснинг Браунсвилле чегаралари орқали тарқалган. Бошқа куплаб ҳашаротлар қатори узунтумшуқ ҳам ўткир ҳид билиш қобилиятига эга. Тажрибалар кўрсатишича, узунтумшуқлар пахтазорларни бир неча миля (бир жўғрофий миля 7420 м, бир денгиз миляси 1852 м) наридан туриб сеза олар экан.
Қўнғизлар вояга етганда, бир дюйм (25,5 мм)нинг тўртдан бир қисмича келаркан. Унинг жағи тумшуғи учида жойлашган бўлиб, ғўза кўсакларини тешишга яхши мослашган. Қўнғизча қишни хашак ёки барглар тагида, ер ёриқларида ўтказади. Баҳорда, умуман ғўза кўсаклаши билан у ўзининг емирувчилик фаолиятини бошлаб юборади.
Урғочи узунтумшуқ ғўза кўсаги ичига кириб олиб, шу ерга тухум қўяди. Уч-тўрт кун ўтгач, ўша тухумлардан личинкалар униб чиқади ва кўсак билан озиқланади.
Ғўза шоналари узунтумшуқларнинг яхши кўрган озиқланиш жойидир; бордию шоналар тугаб қолса, қўнғизлар кўсакларга ёки кўсак ичидаги юмшоқ ҳосилга ҳужум уюштирадилар. Личинкалар то қўнғизга айлангунга қадар кўсак ичида яшайди.
Узунтумшуқларнинг бир мавсумда тўрт-беш авлоди дунёга келади. Улар келтирадиган зарар миқёсини мана шундан ҳам билиш мумкин. Узунтумшуқдан зарар кўрган кўсак пишиб етилмайди ва унинг толасидан фойдаланиб бўлмайди.