Скотланд-Ярд нима дeгани?

Детектив китоб ўқиган ёки телевизор кўрадиган ҳар қандай киши ҳам, албатта Скотланд-Ярд тўғрисида эшитган бўлиши шубҳасиз. Бу сўзни айтар экансиз, албатта кўз олдингизга, жиноятчиларга аёвсиз кураш олиб борувчи полициячининг виқорли қиёфаси намоён бўлади.

Скотланд-Ярд бу Метрополия Полициясининг штаби, у Буюк Британиядаги мазкур соҳага алоқадор муассасаларнинг энг каттаси ҳисобланади. Бу бўлимда 27 000 киши хизмат қилади. Улар Лондонда ва унинг теварагида истиқомат қилувчи 6 750 000 кишига эга, умумий майдони 787 кв.км бўлган ҳудудда содир бўладиган воқеа ҳодисалар учун жавобгар шахслардир. Пойтахтни полициячилар ва терговчилар билан таъминлашдан ташқари, Скотланд-Ярд яна бошқа вазифаларни ҳам адо этади. У Лондондаги транспорт ҳаракатини назорат қилади, ҳайдовчилик гувоҳномаларини беради, такси ва автобус паркларини, шунингдек ҳайдовчиларни назорат қилади. Шунингдек, Скотланд-Ярд фуқаролар мудофааси билан, биноларни тасарруф қилиш хизмати билан шуғулланади, йўқолган нарсаларни қидиради, чет элликларни рўйхатга олади. Скотланд-Ярд мамлакат бўйича олиб борилаётган барча тергов ишларини протоколлаштириб боради, бироқ музофот полициясининг махсус рухсатисиз бошқа районлардаги судлов ишларига аралашмайди.

Скотланд-Ярднинг тарихи жуда қизиқ. Тахминан минг йиллар аввал Англия қироли Эдгар Шотландия қироли Кеннетга Лондондаги Вестминстер қасри ёнидан ер ажратиб беради. Ва у Кеннетдан мазкур ерга резиденция, яъни қароргоҳ қуришни ва ҳар йили шу ерга келиб Шотландия номидан Англия қироллигига миннатдорчилик изҳор қилишни талаб қилади.

Қирол Кеннет у ерда ўзи учун қаср бунёд этади ва ҳар гал Англияга келганида шу ерда яшайди. Мазкур қаср Шотландия қиролларининг мулки бўлиб, Шотландия ҳудуди ҳисобланарди.

1603 йилда қиролича Елизавета вафот этгач, Шотландия қироли Жеймс 6 Англия ва Шотландиянинг қироли бўлди ва қаср ўзининг дастлабки моҳиятини йўқотди. Уни икки қисмга ажратдилар: биринчи қисмини «Катта Скотланд-Ярд», иккинчи қисмини эса «Кичик Скотланд-Ярд» деб атай бошладилар. Кейинчалик улардан ҳукумат биноси сифатида фойдалана бошладилар.