Бу шайтон ва фаришта мутлақо эртаклар қаҳрамони эмас. Табиатда ҳақиқатан ҳам учрагани учун эмас. Гап шундаки, уларнинг табиати эртаклардагига сира ўхшамайди: фаришта — баджаҳл, шайтон эса беозор ва ҳимоясиз.
Бу ғаройиб икки моллюска — денгиз фариштаси ва денгиз шайтони шимолий денгизларда яшайди. Униси ҳам, буниси ҳам, одатда июнь ойларида, сув қатламларида пайдо бўлиб, сув сатҳига яқинроқ жойда парвоз қилаётгандай бўлиб туради. Уларнинг оёқларида қанотга ўхшаш ўзига хос ўсимтаси бор, шунинг учун ҳам уларни «қанотоёқли моллюскалар» дейишади.
Денгиз фариштаси нақ фариштанинг ўзи. Унинг чўзиқ кичкина жуссаси қизғиш-тўқ сариқ ва деярли ёрқиндир. Кичкина «қанотлари» равон силкинади, сузганда ҳар доим денгиз отидек тик ҳолатда бўлади. Денгиз шайтони эса шайтоннинг қуйиб қўйган нусхаси; тасаввуримиздаги шайтондан сира фарқ қилмайди. У қопқора, кичкина, абжир. Сув сатҳида нимаси биландир супра қулоқларга ўхшаб кетадиган, жуссасига мос майда қанотларини чаққон ҳаракатлантиради.
Умуман олганда, бу моллюскалар зоҳиран номига жуда муносиб, аммо қилиғи мутлақо ўхшамайди. Гап шундаки, денгиз фариштаси ўзининг «фаришталик қиёфаси»га қарамай жудаям очкўз йиртқич бўлиб, асосан денгиз шайтонлари билан кун кечиради. Шайтоннинг нозик шаффоф чиғаноғи бор, бирор хавф сезса, дарҳол унга кириб олади ва секинлик билан сувга чўкади. Булар ҳам уни қутқара олмайди: денгиз фариштаси пайпаслагичларини чўзиб, унга ҳужум қилади, оғзига томон тортади, нафис чиғаноқни ёради — қарабсизки, йиртқичнинг ёрқин танасида ўлжасининг қолдиқлари ётибди.
Денгиз фаришталари шайтонларга фақат пўртана кўтарилган пайтда тегинмайди. Денгизда пўртана кўтарилган пайти бошқа моллюскалар қатори улар ҳам сув тагига шўнғиб кетади, чуқурликда фаришталар оч қолса ҳам ўзларини вазмин тутадилар. Балиқлар ва мўйловдор китларга денгиз фариштаси бўладими, шайтони бўладими — фарқи йўқ. Улар унисини ҳам, бунисини ҳам паққос туширади.