Қор музлаган сувдан бошқа нарса эмас. Унда нега у музга ўхшамайди?
Ҳамма гап шундаки, қор доналари музнинг кичик кристаллчаларидан таркиб топган ва ёруғлик унинг беҳисоб қирраларидан қайтгани учун ҳам қор доналари шаффоф эмас, оқ бўлиб кўринади.
Қор атмосферадаги сув буғларининг музлашидан ҳосил бўлади. Дастлаб майда тоза ва шаффоф кристаллчалар пайдо бўлади. Ҳаво оқимлари гирдобига тушиб қолган бундай кристаллчалар ҳавода турли томонга кўчиб юради.
Бундай кристаллчалар аста-секин бир-бирига «ёпишади», шу тариқа юзлаб кристаллчалар ўзаро бирикади. Бир-бирига ёпишган музчалар ҳажми катталашиб, маълум бир нуқтага етгач, ерга туша бошлайди. Музчаларнинг бундай бирикуви қор доналари деб аталади.
Айрим муз кристаллчалари игнасимон шаклга эга, бошқалари ясси кўринишда, аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам уларнинг ҳар бири 6 қирралидир. Қизиғи шундаки, қор доналари тузилиши ҳамиша бир хил бўлади. Шу билан биргаликда, иккита айнан бир хил қор донасини топиш қийин.
Қор ҳамиша ҳам оқ рангда бўлавермаслигини ҳеч эшитганмисиз? Дунёнинг кўпгина минтақаларида қизил, яшил, зангори ва ҳатто қора қор ёққан вақтлар ҳам бўлган. Қорнинг бундай турфа рангда бўлиши сабаби шундаки, қор доналари ерга тушаётганда, ҳавода мавжуд майда бактериялар, замбуруғлар ва чангни ютади.
Қор ўз доналари орасида кўплаб ҳаво бўшлиғи бўлгани учун ҳам иссиқликни ёмон ўтказади. Қор кўрпасининг ўсимликлар томирини совуқ уришидан асраши сабаби ҳам шунда. Қорнинг бу хусусиятидан эскимослар ҳам усталик билан фойдаланишади. Улар қордан ўзларига бошпана — иглу қуриб олишади.