Нега муз эрийди?

Атроф-муҳитнинг температураси пасайиб, сув музлаши натижасида муз ҳосил бўлади. Музлаган сувнинг ҳажми анча кенгаяди. Ўн литр сувдан, тахминан, ўн бир литр муз ҳосил бўлади.

Ҳар бир жисмнинг сувда сузиши ва чўкиши милоддан аввалги III асрда яшаб ўтган қадимги юнон олими Архимед кашф этган принцип билан аниқланади. У кейинчалик Архимед қонуни деб ном олган қонунни кашф этди. Унга кўра, сувга тушган ҳар қандай жисмни остидан ўзи сиқиб чиқарган сув миқдоридаги куч итаради.

Ёғоч сувдан ўртача икки марта енгил, шунинг учун ғўла ўз ҳажмининг ярмига тенг бўлган сув миқдори билан сузиб юради. Пўкак олинадиган эманнинг пўстлоғи сувдан беш баробар, муз эса, тахминан, 1/10 марта енгилдир. Шунинг учун ҳам айсбергнинг 9/10 қисми сув остида бўлади. Унинг ҳақиқий ўлчамлари сув юзасидагидан ўн баробар каттадир.

Ҳаво температураси сувнинг музлаш нуқтасидан, яъни Цельсий шкаласи бўйича 0 даражадан бир оз паст бўлганда, музни иситмай туриб ҳам, босимни ошириш ҳисобига эритиш мумкин. Қўшимча босим йўқолганда, сув яна музлай бошлайди. Масалан, қўлингизга бир ҳовуч қор олиб, уни юмалоқлаш мақсадида қиса бошласангиз, у аста-секин эриб, сувга айлана бошлайди, аммо кафтингизни ёзишингиз билан у яна музлаб қолади.

Сувнинг музга айланиб кенгайиши маълум миқдорда куч ажралишига олиб келади. Қоядаги бирор ёриққа кириб қолган сув музга айланиб кенгаяди, йиллар ўтиши билан бу ҳол бир неча бор такрорлангач, у катта бир гранит палахсасини иккига ёриб юбориши ҳам мумкин. Бу тоғ жинсларини нуратиб, парчалашда катта аҳамиятга эга. Одамзод қадим замонлардаёқ бу кучдан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишни ўрганиб олган. Финляндиянинг улкан тош конларида тоштарошлар қояларнинг катта бўлакларини ортиқча куч ишлатмасдан синдириб олишади. Улар бунинг учун тошлардаги ёриқларга сув қуйиб, унинг музлашини кутишади. Сув музлаш натижасида кенгайиб, тошни ёриб юборади.