Агар музлаётган ҳовуз, кўл ёки дарёга эътибор берган бўлсангиз, дастлаб сувнинг юзаси музлай бошлаганини кўргансиз, албатта.
Агар ҳовузлар, кўллар, денгизлар тубидан музлай бошласа, ҳаётимизда кўп нарсалар ўзгариб кетиши мумкинлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Унда Ердаги иқлим ўзгарибгина қолмасдан, сувда яшайдиган айрим мавжудотлар бутунлай қирилиб кетиши мумкин эди.
Энди ҳовуздаги сув қандай қилиб музга айланишини кўздан кечирайлик. Сув устидаги ҳаво совигач, у сувнинг юқори қатламини ҳам совитади ва совуқ қуйи илиқ қатламга нисбатан оғирлашиб, пастга туша бошлайди. Бу жараён бутун ҳовуздаги сувнинг температураси Цельсий шкаласи бўйича 4 градусга етгунга қадар давом этади.
Аммо ҳаво температураси пасаяверади. Сувнинг устки қатламлари 4 даражадан пастроқ температурага етгач, пастга тушмайди. Чунки 4 даражадан қуйи температурагача совиган сув енгилроқ бўлиб қолади.
Шундай қилиб, сувнинг юқори қатламлари музлашга тайёр ҳолга келади. Температура музлаш нуқтаси — 0 даражага етгач ёки ундан ҳам қуйи тушгач, ўта майда кристаллчалар пайдо бўла бошлайди.
Бундай ҳар бир кристаллнинг олти нури бўлади. Улар ўзаро бирлашиб, сув юзасида муз пўстлоғини ҳосил қилади. Муз баъзан шаффоф бўлади. Баъзида эса бундай бўлмайди. Нега? Сув музлаётганда, ундан ўта майда пуфакчалар ажралиб чиқа бошлайди. Улар муз кристаллари нурларига ёпишиб олади. Қанча кўп муз кристаллчалари ҳосил бўлса, шунчалик кўп пуфакчалар пайдо бўлади. Бу эса тиниқ бўлмаган муз пайдо қилади.
Агар муз остидаги сув оқар бўлса, ҳаво пуфакчалари бир жойга йиғилади ва шаффоф муз ҳосил бўлади. Сувнинг, бошқа айрим моддалар қатори суюқ ҳолатдан қаттиқ ҳолатга ўтганда, ҳажми тораймайди. У музлаганда, ўз ҳажмининг тўққиздан бир қисми қадар кенгаяди, яъни тўққиз литр сув музлаганда, ундан 10 литр қаттиқ муз ҳосил бўлади. Қишда автомобиллар радиатори ва сув қувурлари сув музлаши оқибатида кенгайиб, ёрилади.