Шафақнинг бетакрор қизиллиги ва товланаётган турфа хил илиқ ранглардан гўзалроқ бир манзарани учратиш қийин. Баъзида бундай манзарага маҳлиё бўлиб, бехосдан: «Қуёшнинг қизарганини қаранг-а», деб юборганимизни ўзимиз ҳам билмай қоламиз.
Аслида Қуёш қизармаганини, унинг ранги мутлақо ўзгармаганини ҳаммамиз яхши биламиз. У фақат куннинг маълум бир вақтларида шундай кўринади. Шу билан биргаликда бизнинг куз ўнгимизда қип-қизариб ботаётган қуёш биздан минглаб чақирим Ғарб томондаги киши учун, умуман, қизармайди.
Шафақ рангига Қуёш нури ўтаётган ҳаво қатлами таъсир кўрсатади. Қуёш уфққа қанчалик оғса, унинг нурлари шунчалик кўп атмосфера қатламларини енгиб ўтиши керак бўлади.
Лекин даставвал Қуёш нури ўзида барча рангларни жамулжам этганини эсга олишимиз лозим. Одатда, биз бундай ранглар гулдастасини оқ ранг сифатида тасаввур қиламиз. Аммо атмосферада чанг зарралари, буғлар ва бошқа аралашмалар ҳам бор. Нур атмосфера орқали ўтаётганда, бу зарралар турли рангларни ёйиб юборади. Атмосферада бинафша, кўк ва яшил ранглар қизил ва сариқ рангларга нисбатан яхшироқ ёйилади. Шунинг учун ҳам, бир шоиримиз айтмоқчи, «Қуёш уфққа бош қўйганда», ранглар ёйилиб кетиши натижасида атмосферада кўпроқ қизил ва сариқ ранглар қолади ҳамда уфқ кўзимизга қизил бўлиб кўринади.
Осмон рангининг мовийлиги ҳам рангларнинг ёйилиб кетиши билан боғлиқ. Бинафша ва кўк ранглар қисқа тўлқинлардан иборат ва улар атмосферада спектрнинг қизил рангдаги тўлқинларига нисбатан ўн баробар тезроқ ёйилади. Бунинг маъноси шуки, қизил нурлар атмосфера орқали ўтади, кўк рангдаги нурлар эса ҳавода сув ва чанг зарралари таъсири билан ёйилиб кетади. Осмонга боққанимизда, айнан ёйилиб кетган ранг унга мовий тус беришини кўрамиз.