Қуёш қачон ўчиб қолади?

Бундай савол беришнинг ўзиёқ шубҳа уйғотади. Ахир, Қуёш абадий нур сочмайдими? Афсуски, бундай эмас. Биз Қуёш ҳам оддий юлдуз эканини, эртами-кечми, у ҳам сўнишини яхши биламиз.

Олимлар бир вақтлар, Қуёш аста-секин совиб ёки «куйиб кул бўлиб» боради, деб тахмин қилишган эди. Энди биламизки, агар ҳақиқатан ҳам шундай бўлганида унинг қуввати, бор-йўғи, бир неча минг йилга етарди, холос. Энди бу тахминга ҳеч кимни ишонтириб бўлмайди.

Қуёш «куйиб кул бўлмаётган» бўлса, унда нима бўляпти ўзи? Ҳозирги илм-фан Қуёш ўз қаърида рўй бераётган реакциялар натижасида энергия чиқараётгани тўғрисидаги назарияни исботлаб берган. Бунинг маъноси шуки, водород бениҳоя юқори иссиқлик температураси таъсирида бирлашиб, гелий атомлари ядросини ташкил қилади. Термоядро қуроли — водород бомбаси портлаганда ҳам худди шундай реакция рўй беради. Унинг натижасида жуда катта миқдордаги энергия ажралиб чиқади.

Шундай қилиб, Қуёшдаги водород захираси қанча муддатга етади, деган савол туғилади. Агар водороднинг ёниш жараёни ҳозиргидай суръат билан давом этаверса, Қуёш яна 150 миллиард йил нур сочиб туриши мумкин. Бу жараён натижасида Қуёшнинг массаси, бор-йўғи, 1 фоиз камаяди. Шунинг учун ҳам Қуёш узоқ келгусида ўчиб қолиши мумкин, деган хавотирга бормаса ҳам бўлади.