Олимлар Қуёшнинг таркибини қандай аниқлашган?

Биз Қуёш кескин даражада қизиган газларнинг бир неча қатламидан иборат улкан шар эканини яхши биламиз. Лекин бу ҳақда ва Қуёшда рўй бераётган бошқа ҳодисалар тўғрисида қандай қилиб билиб олдик?

Мунажжимлар махсус асбоблар ёрдамида Қуёш тўғрисида кўплаб маълумотлар йиғишган. Бундай асбоблардан айримларини санаб ўтиш мумкин: спектрограф, спектрогелиограф, коронограф, радиотелескоп ва космик зондлар.

Спектрографдан кескин даражада қизиган Қуёш газларини ўрганишда фойдаланилади. Унинг ёрдамида Қуёш таратаётган ранглар қайси кимёвий моддаларга боғлиқ эканини билиб олиш мумкин. Спектрограф олимларга Қуёш нури спектрини доимий суръатда ёзиб бориш имконини беради.

Мунажжимлар спектрогелиоскоп ёрдамида Қуёшдаги турли моддалар қай даражада тақсимланганини аниқлашади. Бу асбобга суратга олувчи мослама ўрнатилгач, у спектрогелиоскоп деб аталади.

Коронограф — телескопнинг махсус тури. Мунажжимлар коронограф ёрдамида Қуёш тутилишини кутиб ўтирмасдан, унинг тожини суратга олишлари мумкин.

Радиотелескоплар эса олимларга Қуёшдан таралаётган радиотўлқинларни ўрганиш имконини беради.

Ер атмосфераси сайёрамизга етиб келадиган Қуёш радиациясининг асосий қисмини ютиши сабабли олимлар асбобларни атмосферадан юқорига ўрнатишади. Бундай космик зондлар Қуёш тўғрисида кўпроқ маълумот йиғишга имконият туғдиради. Гарчи мазкур асбобларнинг техник тавсифлари келтирилмаётган бўлса-да, бу билан сиз Қуёш тўғрисида кўплаб маълумотлар йиғиш имконини берадиган асбоблар мавжудлигига ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.

Сайёралар юлдузлардан кескин фарқ қилади. Юлдузлар иссиқлик ва ёруғлик тарқатадиган, иссиқ газлардан иборат улкан шарлардир. Сайёралар эса нисбатан кичкина осмон жисмлари бўлиб, юлдузлардан чиқаётган нурларни ўзида акс эттиради.

Келинг, гапни Қуёшга энг яқин сайёралардан бошлай қолайлик. Уларнинг дастлабкиси Меркурийдир. Унинг диаметри — 4 878 км. Бу кўрсаткич, тахминан, Атлантика океанининг энига тенг келади, яъни Ер ўлчамининг бир бўлаги, холос.

Кейинги сайёра Венера — Чўлпондир. Унинг ўлчами деярли Ерники билан бир хил. Унинг диаметри — 12 160 км., Ерники эса — 12 660 км. Қизиғи шундаки, Чўлпон тескари, яъни Шарқдан Ғарбга қараб айланади.

Кейинги сайёра — бизнинг Еримиз, ундан кейин Марс — Миррих келади. Марс қизғиш рангда кўринади. Унинг диаметри Ер диаметрининг ярмидан сал ошиқроқ — 6 780 км. Миррих юзасининг айрим қисмлари Ой манзарасини эслатади: унинг юзасида ҳам метеоритлар қулаши натижасида ҳосил бўлган катта-катта кратерларни кўриш мумкин. Шунингдек, бу сайёрада улкан вулқонлар ва водийлар ҳам мавжудлиги унинг геологик жиҳатдан фаоллиги эҳтимолдан холи эмаслигини кўрсатади.

Яна бир сайёра Юпитер — Муштарийдир, у Қуёшдан анча олисда жойлашган. Қуёш атрофида 11,9 йилда бир марта айланиб чиқади. Муштарий — сайёралар ичида энг каттаси. Унинг диаметри 142 800 км.дир, бу Ернинг диаметридан, тахминан, 11 марта катта демакдир.

Сатурн — Зуҳал ҳам — катта сайёра. Диаметри 120 800 км. Ер диаметридан 9 баробар катта. Зуҳалнинг ўзига хос хусусияти шундаки, уни бир гуруҳ ясси ҳалқалар ўраб туради. Бу ҳалқалар миллиардлаб майда зарралардан ташкил топган.

Уран сайёраси ҳам Ердан анча катта. Уран бир четга қиялаган: унинг ўқи ўз орбитасига нисбатан 98 градус бурчак остида қиядир. (Ер ўқи эса 23,5 градус бурчагига қия.) Нептун сайёрасининг диаметри — 50 000 км. Сайёраларнинг сўнггиси Плутондир. Диаметри — 3 000 км. У Қуёшдан шу даражада узоқда жойлашганки, Қуёш ундан туриб қараганда, ёрқин бир юлдуз бўлиб куринади.