Юлдузлар қандай пайдо бўлган?

Аввало, юлдузларнинг ўзи нима? Юлдуз чўғ бўлиб қизиган газлардан иборат катта шардир. Юлдузлар таркибида катта миқдордаги водород бор ва у асосий энергия манбаидир. Юлдузлар таркибида, шунингдек, гелий, азот, кислород, темир, никель ва рух каби бошқа кимёвий элементлар ҳам бор. Юлдузларнинг барча элементлари газсимон ҳолатдадир.

Юлдузлар чанг ва газларнинг коинот бўйлаб ҳаракат қилаётган зич булутларидан ҳосил бўлади. Ўша булутнинг ичидаги беҳисоб газсимон зарралар бир ерга тўплана бориши натижасида юлдуз ҳосил бўлади. Айланаётган зарралар ўзига бошқаларини ҳам бирлаштириб олади, у аста-секин катталаша боради ва тортиш кучи ҳам ўсади. Зарралар катта газ шарини ташкил қилади.

Шар катталашгани сайин зичлашади ва унинг ичидаги босим орта боради. Ниҳоят, босим шундай бир даражага етиб, газнинг температураси кўтарилади ва ўзидан ёруғлик чиқара бошлайди. Шарнинг ичидаги босим ва температура жуда юқори даражага етгандан сўнг термоядро реакциялари юз бера бошлайди. Газлар юлдузларга айланади. Бунинг учун қанча вақт керак бўлади? Миллионлаб йиллар керак бўлса ажаб эмас.

Агар юлдуз ҳосил бўлиши учун катта миқдордаги модда бир жойга йиғилса, ўша юлдуз катта, ёрқин ва иссиқ бўлади. Агар у иссиқ юлдуз бўлса, унинг термоядро ёнилғиси 100 000 000 йил ёруғлик чиқаришига етади. Агар юлдуз оз микдордаги моддадан ҳосил бўлса, у кичик, хира ва совуқ бўлади. Унинг ёнилғиси жуда секинлик билан ёна боради ва у миллиардлаб йиллар ёруғлик таратиши мумкин.

Бизнинг Қуёш ўртача катталикдаги юлдуздир. У Ерга нисбатан 1 300 000 марта каттадир.