Тирик организмларни муҳофаза этадиган ўранчиқ турларининг қанчалигини тасаввур эта оласизми? Ёнғоқ пўчоғи, тухум пўчоғи, тошбақа ва денгиз чиғаноғи зирҳи, шиллиққуртлар чиғаноғи ва ҳоказо.
Чиғаноқ — тирик органни қоплаб турувчи мустаҳкам қатлам. У ё унинг эгаси ёки ота-онаси томонидан қилинади. Чиғаноқ таркиби ҳам ғалати. Ёнғоқ пўчоғи шох-шаббадан, бошқа чиғаноқлар карбонат кальций (оҳак)дан ясалади. Учинчилари эса ўзига хос ойнабоп хом ашё, кварцдан қилинади.
Чиғаноқ унга яширинган тирик вужудни ҳимоя этади. Ёнғоқ ва тухум ҳар доим ҳам қобиқ билан ўралавермайди. Унинг ички тирик аъзоси — уруғ ёки жўжа — етилгач, чиқиш учун пўчоқни ёриши керак.
Краб ва қисқичбақалар ҳар доим ҳам ўз зирҳига ёппасига қопланиб олмайди. У юмшоқ модда билан бириккан алоҳида лаппаклардан иборат. Бу жониворнинг ҳаракатланиши ва букилишига ёрдам беради.
Айрим жониворлар, масалан, қўнғизлар сиғмай қолгунча ўзининг қаттиқ қобиғи ичида яшайди. Сўнг у дарз кетади ва ҳашарот ташқарига чиқади. Унинг тагида юмшоқ ва чўзилувчан териси жойлашган бўлади. Бир қанча вақт ўтгач, у мустаҳкамлашиб, янги зирҳга айланади.
Чиғаноқ тана аъзоси бўлган жониворлар ҳам бор. Тошбақа косаси ўзига хос лаппаклар билан қопланган суяк таассуротини уйғотади. Унинг усти қовурға ва елка хартумидан таркиб топган, таги ҳам суякдан иборат. Инсон қовурға ва умуртқасиз яшай олмагани каби тошбақа ҳам косасиз яшай олмайди.
Чиғаноққа эга тирик вужудларнинг катта гуруҳи моллюскалардир. Шиллиққуртлар ҳам шу гуруҳга киради. Устрицалар, венгеркалар, гребешкалар ва ҳоказолар қўштабақали моллюскалардир. Хавф туғилган чоғда улар чиғаноғи дарвозасини бутунлай ёпиб қўйиши мумкин.
Москва Кремлининг Оружейний палатасига бориб, кўргазмаларга диққат қилсангиз, наутилус чиғаноғидан ясалган жуда чиройли нарсаларга кўзингиз тушади. Хўш, биз бу ғаройиб жонивор ҳақида нима биламиз? Жуда оз нарса. Аксариятимизнинг билимимиз унинг чиганоғи бор, ундан ҳар хил чиройли буюмлар ва қадама нақшлар ясашади, демак, у денгиз ҳайвони, дейиш билан чегараланиб қолади.
Фантастика ишқибозлари Жюль Верннинг ғаройиб «Наутилус» кемасига дарғалик қилган капитан Немосини эслашади. Мана, ҳаммаси шу. Ҳарқалай, бу бошоёқли ғаройиб моллюска оиладошларидан кўра бахтлироқ чиқиб қолди. Жюль Верннинг шарофати билан кўп болалар ва қизлар ҳар тугул унинг номини билиб олишган.
Наутилус ҳақиқатан ҳам кўпроқ нарса билишга арзийдиган ҳайвон. Бу ноёб махлуқ таши катта бурама бўлиб ўралган чиғаноҳли бошоёқ моллюскаларнинг шу кунгача етиб келган яккаю ягона вакилидир.
Наутилус чиғаноғининг тузилиши ақлни тонг қолдиради. Моллюсканинг ўзи унда турадиган камерага эга, агар океан тубига тушмоқчи бўлса, наутилус бошқа, балласт (посанги) камерасини сувга тўлдиради. Чиғаноқдаги яна бир ҳужра турли газлар аралашмасига тўлдирилган. Наутилуснинг сув тагида бўлиш «жонига тегса», чиғаноқ жуда енгил бўлиб қолади ва денгиз сатҳига тезда кўтарилиб чиқади.
Мана шундай устомона ҳаракати ва 600 — 700 метр чуқурликда, бир неча ўн атмосфера босимида бемалол тура олиш қобилияти, сўнг енгилгина сув сатҳига кўтарилишини инобатга олиб, ёзувчи ўз сувости кемасини «Наутилус» деб атаган бўлса ажаб эмас.
Балки унинг номи бошқа, чиғаноғи бурама эмас, тўғри бўлган ва ҳозирги пайтда қирилиб кетган наутилус хотирасига қўйилгандир. Уларнинг узунлиги бир неча метр келган ва чиндан ҳам унча катта бўлмаган сувости кемаларига ўхшаган. Танасининг олд қисмидаги ўзига хос «ракета аппарати» шарофати ўлароқ улар олдинга ҳам, ортига ҳам ҳаракатлана олган, назаримизда, улар жуда йиртқич бўлган.
Наутилуслар ҳозирги кунда Тинч ва Ҳинд океанлари чегарасидаги ороллар атрофида учрайди. Бундан 300 миллион йиллар олдин мавжуд наутилусларнинг аждодлари Россия, ҳозирги Подмосковье ўрнида бўлган иссиқ денгизларда ҳам яшаган.