Кальмар қандай ҳайвон?

Колумб денгиз кенгликларини кезиб юрган пайтларда сувдан отилиб чиқиб, кемани чўктирадиган ёки денгизчини океан тубига тортиб кетадиган қўли узун баҳайбат махлуқлар ҳақидаги тарихни эшитиш мумкин эди. Бундай ҳикоялар муболағага асосланган. Бундай баҳайбат махлуқлар ҳеч қачон учрамаган, денгизчилар бизнингча, ўшанда улкан саккизоёқ ёки кальмарларни кўрган бўлса ажаб эмас.

Бу икки махлуқ ҳам моллюскаларнинг бошоёқлилар гуруҳига киради, чунки уларнинг оёғи пайпаслагич қўлларига ўхшаш бўлиб, боши атрофидан ўсиб чиққан ва чўзинчоқдир.

Ҳақиқий кальмарнинг қотма танаси атрофида учбурчак чўзиқ сузгичлари, тўртбурчак кичкина бошида ўткир кўзи ва ўнта пайпаслагичи бор. Пайпаслагичларининг тагида мустаҳкам, қаттиқ доирачали бир нечта сўрғичлари жойлашган. Мўйловсимон қўлларининг иккитаси бошқаларига нисбатан узун ва эгилувчандир. «Қўлга» ўхшаш сўрғичлари пайпаслагичлари учида жойлашган.

Кальмар иккита узун пайпаслагичидан ўз ўлжасини ушлаш учун фойдаланади. Қолган саккизтаси овқатни оғзига олиб бориш, шунингдек, пайпаслагичлардан таркиб топган доира марказидаги оғиз атрофида жойлашган қаттиқ жағлари билан кавшаётганда уни ушлаб туриш вазифасини ўтайди.

Мантияси ич-ичида кемирчаксимон лаппак жойлашган, бу чиғаноқ қолдиғидир. Кальмар, эҳтимол, унга қачонлардир эга бўлган. Кальмарларнинг тури кўп, улардан бири баҳайбат кальмар бўлиб, умуртқасизларнинг Ер юзидаги энг йирик вакилидир. Шимолий Атлантикадан тутилган кальмарларнинг айрим турлари (чўзилган пайпаслагичлари билан) 16 метрга етади. Баҳайбат кальмарларнинг бошқа гуруҳининг узунлиги икки метргача бўлади.

Кальмар саккизоёқ ва сепиялар сингари атрофидаги сувни лойқалатиш учун сиёҳсимон суюқлик чиқаради. Бир гуруҳ кальмарлар фосфоресценциялаш, яъни нур тарқатиш хусусиятига эга. Нур тарқатувчи аъзолари мантиясида, пайпаслагичларида, мантиянинг ички қисмида ва кўз атрофида ўрнашган. Улар кечаси жуда чиройли кўринади. «Учувчи» деб аталадиган кальмар сув сатҳида учиш қобилиятига эга.