Банклар қачон пайдо бўлган?

Бугунги кунда банклар бизга шу қадар кўп хизмат турларини кўрсатишадики, баъзан ҳатто уларнинг асосий вазифаси атиги 2 та эканлигини ҳам унутиб қўямиз. Биринчидан, банк кишилардан омонатларини қабул қилади ва уларни ўзида сақлайди, иккинчидан, олган қарзи ҳисобига фоиз тўловига рози бўлган кишиларга пул қарз беради.

Банк ишлари доим пулга алоқадор бўлганлиги учун тарихда одамлар бу муассасани ёқтирмаган пайтлар ҳам бўлган. Пулга ўта қизиқувчанлик хусусияти ахлоқсизлик ҳисобланиб, ҳатто шундай мамлакатлар ҳам бўлганки, улар ўз фуқароларининг банклар билан ҳар қандай муомаласини ҳам тақиқлаган.

Бироқ, шундай бўлсада банк иши худди тарихнинг ўзи каби кўҳна ва қадимийдир. Қадимги Бобилда, Мисрда ва Юнонистонда ҳам банклар бўлган. Одатда ибодатхоналарда ҳам одамлар пулларини олиб бориб сақлаб қўйганлар. Эрамиздан аввалги 210 йилда Римда алоҳида фармон билан пул алмаштириб берувчи — саррофлар учун махсус жой ажратилган.

Банк» сўзининг ўзи эса Италияда пайдо бўлган. Ўрта асрларда саррофлар шаҳар кўчаларидаги дўконларда ўтиришган. Италян тилида «банко» сўзи «ўриндиқ» деган маънони беради, «банк» сўзи ана шундан келиб чиққандир.

Ҳозирги банк тизими илк бор Венецияда 1583 йилда, «Банко ди Риалто» ташкил этилгач пайдо бўлди. Мазкур банк мижозлардан омонатларини олар ва муайян суммага чек олишга рухсат берарди. 1619 йилда «Банко дел Джиро» бу банкни ҳам эгаллаб олди ва мижозлардан омонатларини олтин ва кумушда олганлиги ҳақида тилхат бера бошлади. Бу тилхатлар пул ўрнида ишлатила бошлади. 1609 йилда ташкил топган «Амстердам Банки» кейинчалик «банк пуллари» деб ном олган тилхатларни бера бошлади.

1694 йилга қадар Англияда Англия банки ташкил қилингунча банкирлар ўрнини заргарлар босишган. Англия Банки то 1825 йилгача бу мамлакатдаги ягона банк ҳисобланган. Америкадаги биринчи банк «Шимолий Америка банки» ҳисобланиб, у 1782  йилда Конгресс томонидан ташкил этилган.