Аҳмад Шавқий (أحمد شوقي) (1868.16.10, Қоҳира — 1932.14.10) — араб шоири. «Амир аш-шуаро» («шоирлар амири») унвонини олган. Ижодида француз классицизми ва романтик шеърияти таъсири сезилади.
Парижда «Булон ўрмони» ва «Улуғ Алибей ёки Мамлуклар давлати» (1893) асарларини нашр эттирган. Миср халқи ҳаётидан шеърлар («Нил водийсида содир бўлган воқеалар», 1894), шунингдек, тарихий ва фольклор сюжетлари асосида қисса ва ҳикоялар («Ҳинд ҳур қизи», 1897; «Ладияс», 1899; «Мирта барги», 1904), шеърий пьесалар ёзган.
Шавқий ижодида ватанпарварлик туйғулари кучли («Лев Толстой ўлимига», 1911; «Мустафо Комил», 1908 ва б.).
ЭСИМДА…
Эсимда: биз, бир талай ёшлар,
Сенга бордик, кимдир йўл бошлаб.
Илоҳий дер ҳуснингни ҳамма,
Ўз сўзига ишонмас аммо!
Маълум эди, эҳ, феълинг менга:
Ёлғон мадҳлар ёқарди сенга.
Руҳим тушди, қолмай сабрдан,
Сенга меҳрим совуди бирдан.
Эсимда: кел, дегандим илк бор,
Сени кутган эдим интизор.
Бошланганди дийдор гул билан,
Илиқ сўзлар, табассум билан.
Аммо ранж-ла мени ғашладинг,
Ўз ишқингни тия бошладинг.
Сирли кучга тобе кўзларинг
Менга шодлик берарди сарин.
Сўнг енгимдан тутганча алҳол:
“Хафа бўлма, – дединг, – қулоқ сол,
Тийиқсизлик сиз, шоирларга
Бир одатми, шошасиз нега?
Жиддий оиладан чиққан қиз
Бокирaликни асрайди ҳаргиз.
Аммо майга тўла жоммиз биз
Ишққа тўла маъсумлигимиз!”
Ўтиб кетди у жўшқин маҳал,
О, сен сўзга қилмадинг амал!
Гар дучлашсак энди бир ерда
Киприкларинг қадалар ерга.
Индамасдан ўтиб кетасан
Бир бепарво, совуқ, беписанд.
Атрофингда мухлисларки, ғўр,
Бўлиб қопсан, чоғи, мангу кўр.
МАҒРУР ОДИМ ОТСАНГ САФАРДА
Кўчамиздан сен мағрурона
Одим ташлаб ўтсанг – табиат
Ҳавас қилар сенинг кўркингга,
Кун эгнингга қараб рашк қилар,
Чунки тўсар унинг нурини.
Кўчамиздан сен мағрурона
Одим ташлаб ўтсанг – ҳавасдан
Ёнар ҳамма чиройли қизлар,
Кўриб сенинг хушбичим гавданг,
Кулганингда, барроқ тишларинг
Ёнса кунда дурдай ярқираб.
Кўзларингни, юзингни кўриб
Тўлқинланиб ҳар ким дейдики:
“Кўз ўнгимда йилт этди малак…”
Йўқ янглишди! Ол ёноқлари
Жаҳаннам ўтидан юз бора хавфли.
Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси