Ислом Туркой (1950)

Аҳмадов Ислом Ҳафтик ўғли (Ислом Туркой) 1950 йилда Қазах туманининг Темирчилар қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни тамомлагач, Сумгаит кимё заводида ишлай бошлаган. 1977 йилда Озарбайжон давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. «Ёзувчи» нашриётида кичик муҳаррир, 1983 йилдан муҳаррир вазифасида ишлаб келмоқда.
«Кеча лавҳаси» номли илк шеъри 1979 йилда босилган. Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. «Бир кун келар» (1981), «Ҳаммасини янгитдан бошлашим керак» (1985), «Орқада ҳасрат бор» (1986) каби ўнларча китоби нашр этилган.
Инсон, унинг маънавий дунёси, руҳий сиқилишлари, бу кунга ва келажакка ишончи, юрт, тупроқ, Ватан мавзуси шеърлари ва достонларининг асосий мағзини ташкил этади.

ВАТАН

Кўзимга тўтиё тупроқ Ватаним,
Нон чиққан ҳар жойни Ватан демасман.
Онам айтган алла янгроқ Ватаним,
Мени сиққан жойни Ватан демасман.

Ғурбатда Аллоҳ бўл, кимса йўқламас,
Ғурбатни ўлимдан баттар, деганлар.
Орзулар гуллару аммо шохламас,
Ўт илдизи узра битар деганлар.

Кўрдимки, кўксида ватани борлар
Кўзлари хаёлга тўлган ҳамиша.
Ватанида юриб ватанга зорлар
Кўрдимки, сарғайган, сўлган ҳамиша.

Бир парча ватандир Фузулий қабри,
Чидамай, ёнидан ўтган йиғлайди.
Қўл қисқа, ун етмас, тугаган сабри,
Ғурбатнинг қўлида ватан йиғлайди.

Бу ғам юракларда ёнган шамчироқ,
Доим нур таратиб севинч берар ул.
Мен қандай изоҳлай бу сирни бироқ —
Ватанда ватанга кетмоқҳам мушкул.

Ватандан гап очмоқ бўлганди ёмон,
Ватансиз бўлишдан аммо холиман.
Бул аниқ сел каби оқар вақт, замон,
Илондек тилимни чиқармалиман.

Ўлка бор, яшар у оғага қулдай.
«Бу ер адолатли!» «Мен озодман!» дер.
Миллат бор, уятсиз, уятсиз шундай,
Қон тўкилиб турган ерин ватан дер.

Ватан мол-дунё деб кезганлар қанча,
Чумолидай изғир, тинчимай жони.
Ватандан тўйганлар, безганлар қанча,
Ватан деб билганлар бутун дунёни.

Бировлар олади ҳарёқдан бир оз —
Уларнинг руҳлари ҳам олақуроқ.
Бир элни иккига айирган Ораз,
Қонли садоларга бермаслар қулоқ.

Қадим Савалоннинг эсган шамоли
Ёнган ўчоғининг тутуни Ватан.
Собирнинг, Жалилнинг дарди, саволи,
Булбулнинг, Жабборнинг сас, уни Ватан.

Ватандир қиличдек дардли Сразим
Ватаннинг қалбига санчилиб ётган.
Ватандир куйлаган садафли со зим,
Ҳақ учун ёнаётган — қораяётган.

Кўзимга тўтиё тупроқ Ватаним,
Нон чиққан ҳар жойни Ватан демасман.
Онам айтган алла янгроқ Ватаним,
Мени сиққан жойни Ватан демасман.

СЕНГА НИМА ҚИЛДИМ…

Сенга нима қилдим, кўнглимга тегма,
Мен-ку сендан олдин ўтганман ўтдан.
Ҳамда қалбимни пок сақламоқ yчун
Кечганман унвондан, кечганман отдан.

Сени нурдай билиб учдим елингга,
Ёлғон лофларингга алдандим ёмон.
Инондим тилингга, тушдим қўлингга,
Менингдек кимларни қилмадинг сарсон.

Ҳали умидим бор: ўзимга келаман,
Яхши ниманг бўлса сохтайкан, ёлғон.
Оёқ узра кезган бир тош ҳайкалман,
Яна юрагимдир соғ-омон қолган.

Маним ҳар одимда жоним олгансан,
Ётларнинг кўзида ёшга айландим.
Сен фаришта тусли қора ёлғонсан,
Қаршингда ҳайратдан тошга айландим.

Яшайди юрагим бу тош қафасда,
Ўзим ўз ичимда қамокда ҳали.
Орзу қўли бошим силайди аста,
Хаёллар қўйнида уйғоқман ҳали.

Сенга тош лозимди девор уришга,
Сенга тош лозимди сарҳад қуришга.

Қўлимни тош каби берганман сенга,
Тилимни тош каби берганман сенга.
Тегинма, паноҳим бир юрагим бор,
Тошлашса инонки, қасрингни йиқар.

МЕНМИ ГУНОҲКОР, СЕНМИ ГУНОҲКОР?

Бу не бир савдоки, бу не мўъжиза,
Бир иш қилай дейман, қила олмайман.
Куним ҳам мўъжиза, туним мўъжиза,
Яшай ҳам олмайман, ўла олмайман.

Умримга кечиккан илк баҳормисан,
Тақдир гулимисан, ёққан қормисан?
Йўллар айросида дайдирман ночор,
Менми гуноҳкор, сенми гуноҳкор?!

Тушганман савдонинг терс камандига,
Ўзим ўз ўтимда ёниблар кетдим.
Мослашдим шуҳратнинг феъли-пандига,
Айбимни мен энди тушуниб етдим.

Не ҳам қилолардим, ёнаман ўтда,
Бу аччиқ толега боқ, қайта-қайта —
Сенинг қўлларинг-ла мени қучоқлар,
Менми гуноҳкор, сенми гуноҳкор?!

Сийналар тоғингда сарғайиб кетар,
Куздан гина қилма, кузда нима айб?
Умр боғимизни қор олиб кетар,
Уйлик-болаликмиз, бизда нима айб?

Ғариб кўринади айтган сўзим ҳам,
Аксини кўрурлар икки кўзим ҳам.
Сени йўқотмишам,
Йўқман ўзим ҳам…
Ўзимни ўзимга қайтар, десам зор,
Менми гуноҳкор, сенми гуноҳкор?!

Найлайин, бу умр — бу толе, қисмат…
Сочимга ёққан қор эриган эмас.
Ўртадаги Ораз сойи бир ҳасрат,
Миллион йил оқса ҳам қуриган эмас.

Айтардинг: Қўл етмас тоғсан, дарасан,
Соф сувсан, ҳавосан, овсан… кўрасан…
Бир пайт чақиргандинг миллион карра сан…
Орқада ҳасрат бор, олдинда ғубор, —
Менми гуноҳкор, сенми гуноҳкор?!

* * *

Эй умримнинг саодати, кезма узоқ,
Ҳасратингга, малолингга қурбон бўлай.
Йўлларингда умидларим чироқ-чироқ,
Жамолингга, висолингга қурбон бўлай.

Сен узоқсан, юксакдасан, етмас қўлим,
Ҳасратингдан юрак-бағрим тилим-тилим,
Хаёлинг-ла ўтар куним, ойим, йилим,
Суратингга, хаёлингга қурбон бўлай.

Миразиз Аъзам таржималари