Собиржон Ёқубов. Эгизак қарор қийноқлари (2004)

Зулфия номидаги Давлат мукофоти танловининг вилоят босқичида ғолиб чиққан қашқадарёлик Г. Эгамбердиэванинг ҳужжатлари Республика комиссиясига тақдим… этилмади! Нега?..

Қуйида келтирилажак воқеа асосида бемалол детектив филм ишласа бўлади. Сабаби, ҳикоямиз қаҳрамонлари ижросидаги ҳаракатларни фақат киноларда, кино бўлганда ҳам, фантастик-саргузашт киноларда учратиш мумкин. Ёки бўлмаса, зикр этилажак ҳаётий эпизодлар қиссага тортмаса-да, яхши бир детектив ҳикояга асос бўлгудек. Воқеалар оригинал, ақл бовар қилмас, қизиқарли. Ишонмасангиз… мана, ўқиб кўринг.

Биласиз, 1999-йили ҳукуматимиз томонидан Зулфия номидаги Давлат мукофоти жорий этилган. Ушбу мукофот мамлакатимизнинг адабиёт, санъат, фан-таълим ва жамоатчилик фаолиятида юксак натижаларга эришган хотин-қизларига берилишидан хабарингиз бор. Бу йил ҳам 8-март байрами арафасида юртимизнинг 14 нафар қизига “Зулфияхоним қизи” унвони берилгани-да сизга маълум. Бироқ барча хурсанд, ҳамма шод бўлди-ю, Қашқадарёнинг Косонида яшовчи Гулноза Эгамбердиэванинг толеи кулмади. У ҳам умид билан “Зулфия” мукофоти танловида иштирок этаётганди, ҳатто вилоят босқичи ғолибаси ҳам бўлганди. Бироқ… вилоят танловида ғолиблик нашидасини сурган қиз ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан “мусобақанинг финал қисмида” — Республика босқичида қатнаша олмади…

Қашқадарёда “Зулфия” мукофотига номзодлар ўртасидаги баҳс бу йил а-анча жонли, курашларга бой ва муросасиз ўтди (Ҳарқалай, Давлат мукофотига тавсия этиш вилоят комиссияси маълумотлари шундан далолат бериб турибди). Шаҳар ва туман босқичларида 184 нафар номзод кўриб чиқилди ва улардан 52 даъвогар вилоят босқичига йўл олди. Вилоятнинг 17 нафар маданият ва фан арбоблари — комиссия аъзолари номзодларнинг “ишлари”ни сер солиб кўриб чиқишди, жиддий ўрганишди. Буларнинг барига вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилором Холбоева бош-қош бўлди. “Зулфияхоним қизи” бўлишга даъвогарларнинг кўпи ноумид бўлиб қайтди: қанчасининг ҳужжати талабга жавоб бермади, яна қанчасининг ижодий ва ижобий ишлари… Хуллас, номзодларнинг энг билимдон, энг истеъдодли ва энг зукколари танлаб олинди. Охир-оқибат, Давлат мукофоти Низомига асосан, 5 йўналиш бўйича 5 номзод вилоят босқичи ғолибъи деб топилди. Л. Турсунова — адабиёт, Н. Мақсудова — санъат, Г. Ҳамроэва — фан, Ҳ. Жўраэва — маданият ва рамзий маънода бош қаҳрамонимиз Г. Эгамбердиэва таълим йўналишида биринчи ўринни эгаллаб, Республика босқичига йўлланма олишди.

Можаро айни шу нуқтадан бошланди. Юқорида зикр этилган номзодларнинг ҳужжат ва ижодий ишлари ҳозирланиб, таомил бўйича Тошкентга — Республика комиссиясига жўнатилиши зарур эди. Лекин пойтахтга 5 нафар номзоднинг фақат тўрттасигина тавсия этилди. Вилоятнинг нуфузли комиссияси ғолиб деб тан олган Г. Эгамбердиэва ҳужжатлари негадир Тошкентга юборилганлар рўйхатидан тушиб қолди?! Савол: нима учун вилоятда ғолиб чиққан Г. Эгамбердиэва номзоди пойтахтга юборилмади? Бунга қандай табиий (ёки сунъий) тўсиқлар ғов бўлди?

Айтиш жоизки, О. Бобомуродова (Г. Эгамбердиэванинг онаси) таҳририятимизга шикоят билан мурожаат қилгунга қадар, Республика Хотин-қизлар қўмитаси эшигига бир неча бор бош уриб борган, айни саволларни раҳбарият олдига ҳам қўйган экан. Қўмита мутасаддилари можародан умуман хабарсиз эканликларини маълум қилишган ва тез орада вазиятга ойдинлик киритишни сўраб вилоят ҳокимлигига мактуб юборилган. Вилоят ҳокими Н. Зайниев имзоси билан мартнинг 26-санасида йўлланган жавоб хатида ҳақиқатан ҳам, 2003-йилнинг 19-ноябрида “Зулфия” мукофоти танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтгани, унда беш йўналиш бўйича ғолиблар аниқлангани ва… улардан тўрттасининг ҳужжати Республика комиссиясига юборилгани айтилади. Жавоб хатида “бешинчи”нинг тақдири шундай изоҳданади:

“Ушбу танловда таълим йўналиши бўйича ғолиб деб топилган Косон туманидаги Улуғбек номли ихтисослашган мактабнинг 11-синф ўқувчиси Эгамбердиэванинг ҳужжатлари вилоят ҳокимлиги оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари бўйича котибият ходимларининг масъулиятсизлиги сабабли тақдим этилмай қолди. Йўл қўйган масъулиятсизлиги учун вилоят ҳокимининг оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўринбосари котибияти мудири М. Раҳимова эгаллаб турган вазифасидан озод этилди, вилоят ҳокими ўринбосари Д. Холбоева қаттиқ огоҳлантирилди”.

Жавоб мактубидаги уч жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Аввало, ҳокимлик хатидаги “… масъулиятсизлиги сабабли” деган баҳона унчалик ҳам ёпишмаётгандай. Гап бу ўринда фақатгина рўйхатдан англашилмовчилик туфайли тушиб қолган бирор фамилия ҳақида бормаётир. Сўз бир инсоннинг тақдири, борингки, ҳаёт-мамоти устида кетаётир. Айтиш керакки, “Зулфия” мукофотига тавсия этиш вилоят комиссияси Тошкентга номзодларнинг фақат рўйхатини бериш билан чекланмайди. Республика комиссиясига даъвогарларнинг жамики “номаи аъмоли” — жилд-жилд ҳужжатлари, “бўй баравар” ижодий ишлари юборилади. Хўш, вилоят комиссияси номзодлар “ишлари”ни пойтахтга жўнатаётган вақтда Г. Эгамбердиэванинг ҳужжатлари қаерда эди:ерга кирганмиди ё осмонга чиққанмиди?! Умуман, анчайин залворли юк бўлган ҳужжатларни беихтиёр кўрмай қолиш ё унутиб қолдириш мумкинми? Бу ҳолатни биргина масъулиятсизлиги сабабли” деб изоҳлаш қанчалик мантиқ кучига эга?

Иккинчидан, ушбу “арзимас” хатонинг бор залворини оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш котибияти ходимлари зиммасига юклаш нечоғли тўғри? Котибият бор-йўғи буйруқни бажаради, ҳужжатларни расмийлаштиради, соддароқ айтганда, “қозонда борини чўмичга чиқаради”. Шундай экан, бевосита Д. Холбоева назоратида фаолият юритадиган котибият қандай қилиб “ҳе” йўқ-“бе” йўқ бешинчи номзод ҳужжатларини олиб қолиши мумкин?

Учинчидан, агар котибият хато қилган тақдирда ҳам, вилоят комиссияси қарорига имзо чекаётган пайтда Д. Холбоева “Ҳой, барака топгур қизлар, биз беш кишини тавсия этяпмиз-ку, нега қарорда фақат тўрт номзод номини ёздинглар?” дейиши керакмасмиди?! ёки қўмитага юборилаёган қарор ўқилмай, кўз юмиб тасдиқлаб юборилганмиди? Котибият мудирининг ишдан олиниб, комиссия раисанинг “қаттиқ огоҳлантириш” билан қутулиши эса одамни ўйга толдиради: қовуннинг каттасини ҳоким ўринбосари туширса-ю, унинг жабрини котибият кўрса!..

Шикоятчи О. Бобомуродова ўз аризасида қизиқ бир фикрни ёзади. Унинг билдиришича, вилоят комиссиясининг танлов якунлари бўйича қабул қилган қарорлари икки хил: уларнинг бирига (Республика қўмитасига юборилганига) Г. Эгамбердиэва исми-шарифи киритилмаган; иккинчисида — Д. Холбоева унга тақдим этган ҳужжатда эса ғолиба қизининг фамилияси мавжуд. Аризачи айтган ана шу икки хил ҳужжатларни кўриш, уларни бир-бирига қиёслаш насиб этди, денг. Ё Қодири Худо! Ажаб маҳорат, ажаб жасорат! Ҳақиқатан ҳам, шикоятчининг иддаосида жон бор! Мана, қўлимизда вилоят комиссиясининг “Зулфия” мукофотига номзодларни тавсия этиш тўғрисидаги қарори, аниқроғи, қарорларидан бири. Юқори қисмига 2003 йилнинг 19 ноябр санаси рақам этилган ҳужжатда беш нафар номзод борасида 3-ўринда Эгамбердиэва Гулноза Худоёровна кўрсатилган.

Қарорга комиссия раиси сифатида Д. Холбоева имзо чеккан. Мана, яна бошқа бир расмий қоғоз: вилоят ҳокимининг Хотин-қизлар қўмитаси ва “Зулфия” мукофоти Республика комиссияси раиси Д. Ғуломова номига юборган 07-1/2132-cонли тақдимномаси. Вилоят ҳокими Н. Зайниевнинг имзоси ва ҳокимлик муҳри билан тасдиқланган тақдимномада ҳам Г. Эгамбердиэва исми-шарифи бор! Унда номзоднинг шеърлар ёзиши, китоблар чиқаргани, хориж тилларини қизиқиш билан ўрганаётгани, ўнлаб фахрий ёрлиқлар, яна қанча дипломлар олгани мароқ билан ҳикоя қилинади, қисқаси, номзод кифтига келтириб таъриф-тавсифланади. Қизиқ томони шундаки, қарор ва тақдимнома икки хил вариантда! Иккаласини ҳам вилоят ҳокими ва унинг ўринбосари тасдиқлаган!

О. Бобомуродовага тутқазилган қарор ва тақдимнома билан қўмитага юборилган қарору тақдимнома деярли бир хил: санаси, тартиб рақами, ҳатто имзосию муҳри-да айнан такрор. Ягона фарқ шуки, уларнинг бирида Г. Эгамбердиэва исми-шарифи мавжуд, иккинчисида — йўқ. ғалати ва тушуниксиз ҳолат. Вилоят ҳокими ва унинг ўринбосарини бир мавзуда икки қарор қабул қилишга нима мажбур қилди? Нима учун Республика комиссиясига юборилган рўйхатда мақолада кўп ва хўб тилга олинаётган Эгамбердиэва йўқ эди-ю, кейинги “эгизак” ҳужжатда пайдо бўлиб қолди? Майли, ҳокимлик жавобида айтилганидек, барча айб котибиятда бўлсин, ҳамма ишни котибият бузган бўлсин. Лекин манави эгиз қарор ва тақдимнома-чи? Буларни нима деб изоҳласа бўлади? Умуман, вилоят ҳокимлигидай бообрў расмий идора бир мавзуда
икки хил қарор қабул қилиши мумкинми?..

Дарвоқе, шикоятчи ўз мактубида яна кў-ўп ғаройиб гапларни ёзади. Улар шундай иддаоларки, ёзиш не, ҳатто айтиб ҳам бўлмайди. Шубҳали “олди-бердилар”, “кимошди”ни эслатадиган муносабатлар… Сирли, “энг ичидаги” муомалалар… Майли, ҳозирча учқур хаёлга эрк бермай турайлик… Бу ёғини сўрасангиз, вилоят хотин-қизлар қўмитасидан кўрсатилган, аниқроғи, ҳужжатлари пойтахтгача этиб келган 4 номзоднинг бирортасига ҳам Тошкентдаги “довон”дан ошиб ўтиш насиб этмади: Қашқадарёга аталган мукофотни “Камолот”дан кўрсатилган номзод — Наргиза Раҳимовага насиб этди. Албатта, танловнинг Республика босқичидаги талаб вилоятга қараганда, каттароқ, залворлироқ. Шубҳасизки, якуний босқичда бошқа даъвогарларнинг истеъдодию салоҳияти эътироф этилган ҳолда, ўша каттароқ, залворлироқ талабларга жавоб берувчиларгина ғолиба дея эълон қилинади. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, Г. Эгамбердиева Қашқадарёда ғолиб бўлган бошқа тўрт нафар даъвогарлардан фарқли равишда республикада ғолиб бўлиши мумкин эди. Қанча тунларни ширин хаёллар билан бедор ўтказган қиз ғалаба қозонишга арзигулик натижаларга, республика комиссиясини ҳайратга солгудек имкониятга эга эди, эҳтимол. Бироқ ёрқин келажакдан умидвор номзод гўёки “масъулиятсизлик” оқибатида вилоятда “қолиб кетди”.
Савол: ёш, истеъдодли навниҳол қизчанинг иштиёқи синмаганига кафолат борми? Кўз очиб кўргани масъулиятсизлигу совуққонлик бўлган ёш ватандошимиз истеъдодларни гулдай асраб-авайлаш, уларга рағбат ва шафқат кўрсатиш тўғрисидаги ширин ваъдаларга энди ишонармикан?..

Собиржон ЁҚУБОВ,
“Ҳуррият” мухбири
“ҲУРРИЯТ” газетасининиг 2004-йил 21-сонидан олинди