Тошпўлат Раҳматуллаев. Узоқнинг донидан яқиннинг сомони яхши… ми? (2005)

Миграция, яъни фуқароларнинг ўз юртидан бошқа мамлакатларга ишлаш ёки доимий яшаш мақсадида кўчиб кетишига муаммо, фожеа сифатида қараш унча ҳам тўғри эмас. Миграция, албатта, бир томондан катта муаммо эканлигини инкор этиб этиб бўлмайди. Лекин шу билан бирга у муаммонинг ечиш йўлларидан бири ҳамдир. Одам савдоси қандай амалга оширилади? Унинг олдини олиш мумкинми?

Халқаро тажриба

Халқаро муҳожирлик ташкилотли (ХМТ) нинг маъмумотларига қараганда, дунё бўйича ўзи фуқаро бўлган мамлакатдан ташқарида истиқомат этувчилар сони 125 миллион кишини ташкил этади. Шу йилнинг ёзида АҚШ Давлат департаментининг матбуотда эълон қилинган маърузасида кўрсатилишича, дунёда 800 минг нафар нолегал муҳожир мавжуд бўлиб, улар амалда қуллик шароитида ишлашга мажбур бўлишмоқда. Улар одам савдоси каби глобаллик касб этиб бораётган муаммонинг қурбонларидир.

Дарҳақиқат, одам савдоси фақат ривожланаётган мамлакатлар учунгина хос бўлиб қолмасдан, балки бутунжаҳон характерига эга. Шу сабабдан ҳам, БМТ Бош Ассамблеяси 2003 йилнинг ноябр ойида Халқаро уюшган жиноятчиликка қарши кураш конвентсиясини тўлдирувчи “Одамлар, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ва унга барҳам бериш ҳамда унинг учун жазо тайинлаш тўғрисида протокол” номли махсус резолютсия қабул қилган эди.

Ўз таркибида жаҳоннинг 181 та мамлакатини бирлаштириб турган Интерпол тизимида ҳам одам савдоси олдини олиш бўлими тузилганлиги муаммонинг нақадар жиддийлигига яна бир далолатдир. Ушбу бўлим терговчиси Клер Мак Кеон ўтган йилнинг ноябр ойида Тошкентда бўлиб ўтган семинарда сўзга чиқиб, одам савдоси чегара билмаслигини, унга қарши курашиш кучларни бирлаштиришни талаб этишини таъкидлади. У 2000 йилда Интерпол таркибида аёллар савдоси масаласи бўйича экспертлар гуруҳи ташкил этилганлигини уқтирди. Клернинг мақсади мавжуд муаммони ечиш борасида турли давлатларнинг ҳуқуқ-тартибот органлари кучларини бирлаштириш, иллатга қарши курашишнинг энг мақбул йўлларини аниқлаш ҳамда тажриба алмашинишдан иборат. Янги тузилма полиция ходимлари учун аёллар савдоси ҳолатларини тергов қилиш ва очиш масалалари ёритилган қўлланма ишлаб чиқиб, Интерпол аъзолари бўлган давлатларга тарқатган.

Клер Мак Кеон сўзларига қараганда, одам савдоси билан шуғулланувчи жиноятчилар гуруҳи одатда 2-3 кишидан иборат бўлади. Жиноятчиларнинг 80 фоизини эркаклар, 20 фоизини эса аёллар ташкил этади. Одам ёллаш ва чет элга юбориш билан бир киши, кўпинча аёллар шуғуллангани ҳотлатлари мавжуд.

Одам савдоси муаммосини ҳал этиш йўлида ҳуқуқ-тартибот органлари давлат ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ва одам савдоси қурбонларига кўмаклашувчи уюшмалар билан ҳамкорликда фаолият кўрсатишларини Интерпол ўта муҳим ҳисоблайди. Ушбу тажриба хорижда қандай йўлга қўйилганлигини айрим давлатлар мисолида кўриб чиқамиз.

Юқорида тилга олиб ўтилган семинарда сўзга чиққан Ҳиндистондаги “Сванчетан” жамиятининг раҳбари доктор Ражат Митра ўз мамлакатининг учдан икки қисми одам савдосига тортилганлигини қайд этди. Кўплаб муҳожирлар яшайдиган катта шаҳарларда дом-дараксиз йўқолаётган аёлларнинг сони бир полиция участкаси ҳисобига бир йилда 60 кишини ташкил этар экан.

Аҳолига руҳий ёрдам кўрсатувчи “Сванчетан” жамияти давлатдан ёки ҳуқуқ-тартибот органларидан моддий ёрдам олмасдан ишларкан. “Шу йўл билан биз ўз мустақиллигимизни сақлаб қоламиз, — деди ўз фикрини шарҳлаб доктор Мита. — Бизга тадбиркорлар ёрдам беришади. Улар жиноятларнинг очилиши кўпайса, ҳуқуқбузарлик камайиши, бу эса аҳволнинг яхшиланишига ва чет эл инвестициясининг кўпайишига олиб келишини яхши англашади”.

Одам савдоси қурбонларига амалий ёрдам кўрсатиш борасида Исроил давлатида ҳам ижобий тажриба тўпланган. Бу йўналишда самарали ишлаётган ва мамлакатимиз ташкилотлари билан ҳамкорлик қилаётган “Аёл аёл учун” ННТни қайд этиш лозим. Ушбу ташкилот биринчилардан бўлиб одам савдоси қурбонларини бошпана билан таъминлашни йўлга қўйган. Унинг ходимлари қурбонлар сақланаётган қамоқхоналарга бориб, уларга ўз мамлакатларининг элчихоналари билан алоқа ўрнатишга, керакли ҳужжатлар тайёрлашга ёрдам кўрсатишмоқда. Кейинги икки йил ичида 200 нафар аёлга ёрдам қилинган. Бундай ёрдам олганлар орасида мамлакатимиз фуқаролари ҳам бор. “Аёл аёл учун” ташкилотининг маслаҳатчиси Клавдия Маркова шу йил Тошкентда бўлган учрашувимиз давомида ана шулар ҳақида гапириб, Исроилдаги яна бир диққатга молик тажрибани тилга олиб ўтди. Унинг гапига қараганда, бу мамлакатда 2000 йилдан бошлаб одам савдоси масаласи билан шуғулланувчи парламент комиссияси ишлаётган экан.

Хорижнинг бошқа бир тажрибаси муҳожирлик қонуний йўлга қўйилса, у ижобий натижалар бериши мумкинлиги яққол кўрсатиб турибди. Бу ҳақда Халқаро муҳожирлик ташкилотининг Алматидаги ваколатхонаси раҳбари Майкл Чантс “Ўзбекистонда одам савдоси олдини олиш” лойиҳасининг бир йиллиги муносабати билан Тошкентда ўтган йилнинг 12 ноябр куни ўтказилган матбуот анжуманида Филиппин мисолида батафсил сўз юритди. Унинг уқтиришича, ҳар йили бу мамлакатдан 900 минг киши чет элга ишга кетаркан. Улар Филиппин иқтисодиётига бир йилда 7 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритаётган экан.

Шуниси характерлики, бу давлатда чет элга ишга юбориш билан хусусий агентликлар шуғулланади. Ҳар куни агентликлар эшигини қоқиб, 2 минггача одам мурожаат этади. Чет элга ишга жўнаётган одамга суғурта пули берилиб, у ижтимоий ҳимояга олинади. Филиппиннинг хориждаги элчихонларида ўша мамлакатларда ишлаётган ватандошларига ёрдам кўрсатиш учун махсус ходим — меҳнат бўйича атташе фаолият юритаётгани ҳам диққатга молик. Мамлакат президенти муҳожирларни юрт қаҳрамонлари деб аташини уқтирди М. Чантс.

Муҳожирликни қонуний йўлга қўйиш нақадар фойдали эканлигини тасдиқловчи яна бир рақам келтирмоқчи эдик. 2002 йилда муҳожирлар ўз мамлакатларига 88 миллиард доллардан кўпроқ миқдорда маблағ киритишган. Тараққий этган давлатларнинг ривожланаётган мамлакатларга ёрдам сифатида ажратаётган маблағи бир йилда 57 миллиард долларни ташкил этаётганлигини инобатга олсак, юқоридаги маблағ қанчалик салмоқли эканлиги яққол намоён бўлади. Маблағ масаланинг бир томони. Бошқа яна бир муҳим жиҳат шундаки, чет элда ишлаганлар замонавий техника ва технологияларни ўзлаштиришади, янги тажриба орттиришади, ўз малакаларини оширишади. Уларнинг аксарияти ёки бир қисми ўз юртларига қайтганда, ўша тажрибадан фойдаланиши ва бу мамлакат ривожи учун хизмат қилиши мумкин.

Ўзимиздаги аҳволга бир назар

Ўзбекистонда кейинги икки йил мобайнида одам савдоси олдини олишга қаратилган қатор амалий тадбирларга қўл урилди. Юқорида тилга олиб ўтилган АҚШ Давлат департаментининг маърузасида ноқонуний муҳожирликка қарши кураш олиб бораётган давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам тилга олинган. Бу борада зарурий чоралар кўрмаётган 10 та мамлакатга қарши санктсия жорий этилиши маълум қилинган.

Бизда ҳам замонавий қуллик кўринишларидан бири бўлган одам савдоси ҳақида очиқ сўз юритилиб, унга қарши курашда турли ташкилотлар ҳамкорликни йўлга қўйиш ишлари бошланди. Оммавий ахборот воситаларида муаммонинг турли жиҳатлари ёритилган материаллар эълон қилина бошлади. Давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлиги одам савдоси қурбонларидан айримларининг Ватанимизга қайтаришга, хорижда ишлаш илинжида бўлганлар орасида профилактика ишларини кучайтиришга имкон яратди. Бу борадаги муҳим қадамлардан бири БМТнинг Халқаро уюшган жиноятчиликка қарши кураш конвентсиясининг Ўзбекистон томонидан ўтган йилнинг август ойида ратификация этилгани бўлди.

Айни пайтда одам савдоси олдини олиш йўлида Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ОАВ ҳамда қатор халқаро ташкилотлар биргаликда ҳаракат қилмоқда. Бу ҳамкорликка мисол тариқасида юқорида тилга олиб ўтилган вазирликлар, БМТнинг Тараққиёт дастури, ХМТ томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (ЮСАИД) ҳомийлигида жорий йилнинг июн ойида ўтказилган миллий анжуманни кўрсатиш мумкин. Анжуманда давлат, нодавлат ҳамда халқаро ташкилотларнинг одам савдосининг олдини олиш, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш ва одам савдоси қурбонларини ҳимоя этиш борасида ҳаракат дастурини ишлаб чиқишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди.

Яна бир халқаро ташкилот — Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ИИВ, Бош прокуратура, ННТ ва журналистлар иштирокида жорий йил давомида қатор семинар ва тренинглар ўтказди. Уларда турли ташкилотларнинг биргаликдаги ҳаракатлари хусусида, масалани ОАВда ёритиш ҳақида батафсил сўз юритилди. Ушбу учрашувлар давомида марказда амалга оширилаётган ишларни вилоятларда ҳам давом эттиришга келишиб олинди. Натижада жойларда ҳам муассасалараро комиссия ташкил этилди.

Масалан, Самарқандда вилоят прокуратураси, ички ишлар бошқармаси, “Истиқболли авлод” ва “Аёл” нодавлат нотижорат ташкилотлари, Ўзбекистон Миллий матбуот маркази вилоят бўлими вакилларидан иборат ана шундай комиссия тузилди. Унинг ҳар ойда бир марта ўтказилаётган йиғилишида вилоятда одам савдосининг олдини олиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама этилмоқда. Йиғилишга вилоят таълим муассасаларидан, меҳнат, бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармасидан, маҳаллалардан вакиллар таклиф этилмоқда. Ёшлар орасида бўлиб, маҳаллаларга чиқиб, хорижга яширинча ишга бориш ниятида бўлганларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатишга ҳаракат қилинмоқда.

Мамлакатимизда одам савдосига қарши кураш борасида қилинаётган ишлар ҳақида гапириб, “Истиқболли авлод” ёшлар ахборот-маърифий маркази фаолиятига алоҳида тўхталиш лозим. ХМТнинг “Ўзбекистонда одам савдосига қарши ҳаракат” лойиҳаси доирасида 8 та вилоятда ана шундай марказ тузилиб, улар ҳузурида тезкор алоқа телефон тармоғи ишлаб турибди. Лойиҳа раҳбари Нодира Каримованинг уқтиришича, бир йил давомида фуқаролар тармоққа 8383 марта қўнғироқ қилишган. Айримлар хорижда ишлаш тартиби ҳақида сўраган бўлса, бошқалар яқин одамини қидириб топишга ёрдам беришларини, яна биров чет эл мамлакатларидан бирида қамоққа тушган қариндошига ёрдам кўрсатишини сўраб мурожаат этган.

Лойиҳа давом этган бир йил (2003 йилнинг ноябридан 2004 йил ноябригача) мобайнида одам савдосининг 179 “қурбони”ни Ватанимизга қайтаришга ёрдам кўрсатилди. Лойиҳа доирасида қанчалик самарали иш олиб борилаётганлиги ҳақида хулоса чиқариш учун қуйидаги рақамларни қиёслаш мумкин. 2002 йилда фақат 2 нафар, 2003 йилда эса 60 нафар одам савдоси “қурбони” қайтарилган эди. Уларнинг энг кўпини (122 киши) Исроил давлатидан қайтарилганлар ташкил этади.

Муаммонинг ечими хусусида айрим мулоҳазалар

Дастлабки пайтда, яъни ўтган йили ва жорий йилнинг биринчи ярми давомида одам савдосига боғлиқ муаммо билан турли соҳа мутахассислари ва журналистлар таништириб борилди. Масала моҳиятини давлат ҳамда нодавлат ташкилотлари вакиллари чуқур англаб олгандан сўнг муаммони ечиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди. Улар ҳамкорлигида бир қатор ишлар бажарилди ҳам. Лекин бу ишлар одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши самарали кураш олиб бориш учун етарли эмаслигини, мамлакатимиз ҳали бу муаммони ечишнинг дастлабки босқичида турганлигини мутасаддилар яхши англашади.

ЕХҲТ ва АҚШнинг мамлакатимиздаги элчихонаси шу йилнинг ноябр ойида прокуратура, милиция, ҳокимликлар, ННТ, ОАВ вакиллари иштирокида ўтказган семинарда дастлаб бажарилган ишлар сарҳисоб этилиб, шундан сўнг одам савдоси олдини олиш учун нималар қилиниши лозимлиги муҳокама этилди. Шунда турли фикрлар айтилди, таклифлар ўртага ташланди. Жумладан, янги иш ўринлари яратиш ҳамда касбга ўргатиш ва қайта ўргатиш ишларини тубдан такомиллаштириш одам савдоси олдини олишнинг энг муҳим омиллари сифатида қайд этилди.

Хориж тажрибасининг кўрсатишича, чет элга ишга юбориш ҳуқуқини хусусий агентликларга ҳам бериш зарур. Уларнинг кўпайиши, улар орасида рақобатнинг кучайиши ва улар устидан давлат назоратининг бўлиши агентликлар фаолиятининг самарали бўлишини таъминлайди.

Яна бир муҳим вазифа одам савдосига дахлдор жиноятларга тегишли жазо чораларини белгилаш билан боғлиқ. Хорижга аёлларни юбораётганлар, бошқача айтганда, қўшмачилар одатда аёллар эканлиги уларни жазодан сақлаб қолмоқда. Мутахассислар ҳар йили эълон қилинаётган амнистия туфайли қўшмачи аёллар жазодан қутулиб қолишаётганини уқтиришмоқда.

Самарқанддаги “Аёл” маркази адвокати Нигина Рустамова бу хусусда қуйидаги аниқ мисолни келтирди. З. Шарипова ва Г. Ризаэва исмли икки аёл Мунаввар ва Нилуфар деган қизлар номига Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) га бориш ҳуқуқини берувчи қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, уларга Москва шаҳридаги ресторанлардан бирида ишга жойлаштиришга ваъда беришади. Тошкент аэропортидан жўнаётганда уларнинг визаси қалбаки эканлиги маълум бўлади. Шундан кейин икки марта қилинган бошқа ҳаракатлари ҳам зоэ кетгач, корчалонлар қизларни Қирғизистоннинг Ўш шаҳри орқали БААга чиқаришга муваффақ бўлишади.

Дубайга етиб келгач, қизларнинг паспортларини олиб қўйиб, уларни ўз танасини сотишга мажбур қилишади. Олти ой давомида қизлар ишлаган 10 минг доллардан ортиқроқ пулни Г. Ризаэва ўзига қолдиради. Кейинчалик у ўз ҳамтовоғи билан жазога тортилади. Суд Шариповани олти йилга, Ризаэвани тўрт йилга озодликдан маҳрум қилади. Лекин ҳар иккаласига нисбатан амнистия қўлланилиб, улар жазони ўташдан озод этилади.

Мутахассислар, шунингдек, Жиноят кодексига одамлар савдоси ҳақидаги алоҳида модда киритиш, қонунчилигимизни “одам савдоси”, “одам савдоси қурбони”, “одам савдоси ташкилотчиси” каби атамалар билан тўлдиришни таклиф этишмоқда.

Яна ОАВ орқали тарғибот ишларини кучайтириш, айниқса, телевидениэ орқали ижтимоий роликлар намойиш этиш таклифи ўртага ташланди. Бу ишлар шундай йўлга қўйилиши лозимки, ҳам мутасадди ташкилотлар ходимларида, ҳам оддий фуқароларда хорижга бориб алданганларга нисбатан одам савдоси қурбони сифатида қараш шаклланиб бориши зарур. Шундан келиб чиққан ҳолда, уларга ёрдам бериш чоралари ҳам кўрилиши бу иллатга қарши туришнинг омилларидан бири саналади.

Халқимизда камига ёки нақдига қаноат қилиш ҳақида кўплаб мақоллар мавжуд. Одам савдоси “қурбон”лари ҳақида гап кетганда, айримлар шундай мақолларни тилга олишади: “Узоқнинг донидан — яқиннинг сомони яхши”, “Узоқнинг узунидан — яқиннинг калтаси яхши”, “Насия тилладан — нақд чақа яхши”, “Кўкдаги турнадан — қўлдаги чумчуқ яхши”… Албатта, халқ даҳоси буюк. Ҳар бир мақол остида олам-олам маъно бор. Шу билан бирга, одам савдоси “қурбон”ларига уларни такрорлаш билан кўп нарсага эришолмаймиз. Ушбу муаммога сабаб бўлувчи омилларни аниқлаб, уларни тугатиш йўлларини топишимиз зарур.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ
“Ҳуррият” газетасининг 2005-йил, 23-феврал сонидан олинди.