Франция президенти Жак Ширакнинг биз билган ва билмаган ҳаёти
Жак Ширак бутун жаҳонга уддабурон раҳбар, ўз нуқтаи назари, ўзгармас ва мустаҳкам позициясига эга сиёсатдон арбоб сифатида танилган. Франция президентининг таржимаи ҳолига назар солганда, бир жиҳат алоҳида кўзга ташланади. Дастлаб 1957 йилда сиёсат майдонига кириб келган Жак Ширак деярли ярим аср давомида қаршиликсиз ва инқирозларсиз мансаб пиллапояларидан кўтарилиб борди. Бирор марта ҳам ишончсизликка учрамади, бирор марта ҳам хизмат вазифасидан қуйига «шўнғимади».
Жак Ширак 1932 йилнинг 29 ноябрьида Франциянинг азалий пойтахти Парижда хусусий компания раҳбари оиласида дунёга келди. Унинг болалиги жуда ҳам таҳликали ва нотинч даврга тўғри келди. Ёш Жак 7 ёшга тўлган вақтда мамлакат «юраги» — Париж Гитлер армияси томонидан босиб олинди. Ҳукуматнинг қўрқоқлиги ва нўноқлиги туфайли Франциянинг тарихий шон-шарафи ер билан яксон бўлди. Мамлакатнинг бир неча асрлик ўтмиши давомида бирорта саркардага Париж кўчаларида бемалол сайр қилиш насиб этмаганди.
Ширак оиласи Гитлер босқинидан қочиб Франция жанубига кетишга мажбур бўлди. Бўлажак президент беғубор болагидан маҳрум қилинди, 7 ёшида ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб кўришга маҳкум этилди. Жак Ширак, эҳтимол, ўша пайтда — она шаҳрини, дўстларини тарк этиб номаълум томонга кетаётганда, қўрқоқ ва худбин юрт оғалари хатосини тўғрилаш ҳамда Франциянинг тарихий шуҳратини тиклаш учун ўз-ўзига сўз бергандир…
1945 йилда — нацистлар қўшини тор-мор бўлиб, Париж истилочилардан халос бўлгани тўғрисидаги хабар яшин тезлигида бутун мамлакатга тарқалди. 5 йиллик муҳожирлик даврини бошдан кечирган Ширак оиласи яна қадрдон пойтахтга қайтди. Фашистлар босқини ва оиланинг бир неча йиллик саргардонлиги ёш Жак кўнглида ўчмас из қолдирди. Мазкур воқеалар таъсирида жуда эрта вояга етган болакай мактабда қунт билан ўқишга интилди. Мактабда қўйилган билим пойдевори унга Франциянинг юқори табақа — элита вакиллари таҳсил оладиган Карно ва Луи-Гран лицейлари талабаси бўлиш имкониятини туҳфа этди. Катта раҳбар бўлишни кўнглига туккан пойтахтлик йигит мамлакатдаги етакчи олийгоҳ — Париж сиёсий фанлар институтида таҳсил олди. Кейинроқ АҚШнинг жаҳонга машҳур Гарвард университетида билимларини чуқурлаштирди.
Ширакнинг болалик дўстлари у ёшлигида жуда ҳам тортинчоқ, уятчан бўлганини эслашади. Мустаҳкам ва букилмас ирода соҳиби бўлган парижлик интилиши ҳамда ҳаракати билан инсон ўз феъл-атворини ҳам ўзгартириши мумкинлигини исботлади.
Шу тариқа Жак Ширак — онасининг эркатой ва уятчан фарзанди, мактабда суратга тушишдан ҳам уялиб юрган болакай катта ҳаёт остонасига етиб келди.
1957 йилда кичик маъмур вазифасида иш бошлаган Ширак беш йил ичида Жорж Помпиду ҳукуматининг етакчи мансабдорлари қаторига ўтди. 1972 йилга келиб қаҳрамонимизга биринчи маротаба вазирлик мақоми насиб этди ва у парламент билан алоқалар бўйича ҳукуматнинг ишончли вакили бўлиб қолди. Орадан кўп ўтмай, Ширак вазирлик портфельини алиштирди: унга мамлакат қишлоқ хўжалигини кўтариш вазифаси ишониб топширилди. Бу орада сиёсатдон арбоб мамлакат ички ишлар вазири лавозимида ҳам хизмат қилди.
Жак Ширак 1974 йилда Франциядаги етакчи сиёсий ҳаракат — республикачилар партиясининг раҳбари этиб сайланди. Айни ўша йили ўтган сайловда партия ғалаба қозонди ва Ширак муваффақиятга эришган сиёсий ҳаракатнинг раҳбари сифатида ҳукумат бошлиғи лавозимига лойиқ кўрилди. У бош вазир вазифасида икки йил ишлади ва кўпчилик кутмаган бир вазиятда Париж мери лавозими учун бўлаётган сайловга ўз номзодини қўйди. Бу пайтда мамлакатдаги етакчи арбоблардан бири бўлиб қолган Ширак осонлик билан ғалабага эришди.
Кўпчилик бош вазирнинг бу ҳаракатига тушунолмади. Дўсту душман эндиликда Париж мери унвонига эга бўлган раҳбарнинг хатти-ҳаракатини таажжуб билан қабул қилди. Бироқ ҳаммаси кейинроқ аён-ошкор бўлди.
Бу пайтга келиб, Европанинг энг қадимий ва гўзал шаҳри ифлос ва тартибсиз бир масканга айланганди. Шошмашошарлик билан қурилган бинолар, маиший чиқиндилар билан тўлиб-тошган даҳалар ва атроф-муҳитга тонналаб заҳарли моддалар чиқараётган завод-фабрикалар қадимий Париж ҳуснига доғ бўлиб тушаётганди.
Катта ҳаётий тажрибага эга бўлган Ширак оз фурсат ичида ҳаммасини жой-жойига келтирди. Минглаб замонавий уй-жойлар қурилди, атроф-муҳит тозалиги бўйича оммавий тадбирлар олиб борилди ва орадан кўп ўтмай Париж яна аввалгидай Европанинг энг обод ва гўзал шаҳрига айланди. Пойтахт мери лавозимида у 18 йил ишлади.
1995 йил қаҳрамонимиз ҳаётида жуда катта ўзгариш юз берди. Мамлакатнинг биринчи рақамли раҳбари —президентлик учун сайловда иштирок этган Жак Ширак улкан ғалабага эришди. Ана шунда 20 йилча аввал Ширак томонидан қилинган таваккалчилик моҳиятига кўпчилик тушунди…
Дунё журналистлари Жак Ширакнинг давлат раҳбарига хос бўлмаган бир хислати ҳақида кўп бора ёзишган. Франция раҳбари аксарият сиёсий етакчилардан фарқ қилиб расмиятчилик, расмий қабул ва учрашувларни унчалик ҳам ёқтиравермайди. Кўпроқ самимий очиқ мулоқотлар ўтказишга ҳаракат қилади.
Франция раҳбари дипломатларга, сиёсатдонларга унчалик ҳам мос келавермайдиган қайсар характерга эга. 1992 йилда — ҳали Париж мери лавозимида хизмат қилаётган пайтда Ширак Пекинга расмий ташриф билан келганди. Ўшанда бир қанча Хитой расмийлари билан учрашган Франция вакили негадир ҳамкасби — Пекин ҳокими билан учрашувни бекор қилган ва ватанига жўнаб кетганди. Кейинроқ маълум бўлишича, 1989 йили Пекиннинг Тянанмин майдонида бўлиб ўтган талабаларнинг тинч намойшини қонга ботиргани учун Ширак пойтахт раҳбарига шу тариқа ўз норозилигини билдирган экан.
Кўпчиликнинг ёдида қолган яна бир ҳодиса. 1994 йили бутун дунё Христофор Колумб томонидан Америка қитъаси кашф этилганининг 500 йиллигини тантана қилаётганди. Жак Ширак тантаналарнинг асосий мезбони Испания қиролига кутилмаган мурожаат билан чиқди. Франция раҳбари испан тахти соҳибига уч миллиондан ошиқ бегуноҳ одамнинг қирғин бўлишига сабаб бўлган воқеа муносабати билан қилинаётган тантанада умуман иштирок этмаслигини маълум қилди ва муболағасиз бутун дунёни ҳайрон қолдирди. Ўшандан баъзилар Ширакни сиёсатдан узоқ раҳбар деб ҳам аташди. Лекин, қизиғи, чўрткесарлик ортидан берилган баҳо доим сиёсат ичида бўлган ва, таъбир жоиз бўлса, сиёсат билан нафас оладиган Франция раҳбарининг обрўсига салбий таъсир кўрсатмади.
Жак Ширак санъатга жуда ҳам қизиқади ва, таъкидлаш ўринлики, бу қизиқиш фанатлик даражасида. Президентлик унинг Шарқ санъати намуналарига қизиқиши, қимматбаҳо тарихий ёдгорликлар —ҳайкаллар, сурат ва қўлёзмаларни йиғишига халақит бермайди, билъакс ёрдам беради.
Ёшлигиданоқ Европа классикаси билан ошно бўлган Жак Ширак адабиётга ҳаддан зиёд ихлос қўйган. Рус тилини ҳам мукаммал ўрганган президент ҳатто Пушкиннинг машҳур «Евгений Онегин»ини ҳам франтсузчага таржима қилган.
Жак Ширак Франциянинг тарихий шуҳратини тиклашга катта ҳисса қўшди. Бир муддат халқаро майдондаги етакчилик рольини йўқотган мамлакат яна ўз ўрни, мавқени тиклади. Жаҳон тақдирига дахлдор муҳим воқеаларга ўз муносабатини эркин билдира бошлади. Дунё Франция сўзига яна қулоқ тутишга кўникди.
Собиржон Ёқубов