Тошкентда Халқаро араб тили куни: тараққиёт сири – маърифатда

18 декабрь – Халқаро араб тили куни муносабати билан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида илмий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Саудия Арабистони, Кувайт, Ўмон, Миср, Иордания, БАА, Фаластин, Жазоир каби араб давлатлари элчилари қатнашди. Араб тилини ўқитишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган анжуманда дипломатлар ҳамда ўзбекистонлик илмий доира вакиллари нутқ сўзлади.

Ўзбекистон илм-фани ҳамда тарихида араб тили улкан ўрин тутади. Зеро, кўп асрлик маънавий меросимиз, нодир илмий-бадиий асарлар, диний манбалар айни шу тилда битилган. Бугун ҳам юртимизда арабшунослик соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда, узлуксиз таълимнинг ўрта, ўрта-махсус, олий таълим босқичларида уни ўқитиш йўлга қўйилган. Хусусан, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ва ўрта махсус ислом билим юртларида асосий фан сифатида, ЎзМУ, ЎзДЖТУ, ТДПУ каби олий таълим масканларида эса қўшимча тил сифатида ўқитилмоқда. Шунингдек, араб тилига ихтисослашган мактаблар ҳам мавжуд.

Анжуман давомида араб тили таълимини янада такомиллаштириш йўллари муҳокама этилди. Илмий муҳокамалар якунида эса араб тилида нотиқлик маҳорати, ифодали ўқиш ва саҳна кўринишлари бўйича беллашув ўтказилди. Тадбир доирасида, шунингдек, ҳар бир элчихона ўз тақдимот-кўргазмасини ташкил қилди. Хаттотлик санъатининг жонли намойиши, араб тилидаги китоблар тақдимоти ва араб миллий таомлари дастурхони илмий тадбирга бадиий руҳ бағишлади.

Фурсатдан фойдаланиб, юртимизда фаолият юритаётган икки араб ўлкаси элчисидан таълим, хусусан, араб тилини ўқитишга доир фикрларини сўрадик.

 

Аҳмад Холид ал-Жийрон, Кувайт давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:

Халқаро араб тили куни Ўзбекистонда ҳам нишонланаётгани қувонарли, албатта. Чунки бундай маърифий тадбирлар ўзаро танишув ва алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Бу йил ушбу тадбирдан бироз кечикиб хабар топдик. Ҳамкасбларимиз – бошқа араб мамлакатлари элчилари билан маслаҳатлашиб, келгуси йил араб тилига бағишланган тадбирни бир кун эмас, балки бир неча кун, балки бир ҳафта давом этадиган катта миқёсдаги анжуман ўлароқ ўтказишни режалаштириб турибмиз.

2018 йил 21 февраль куни Ўзбекистон ҳамда Кувайт ўртасида олий таълим ва илмий тадқиқот йўналишида ҳамкорликка оид битим кучга кирди. Ушбу ҳужжатда араб тилини ўқитиш, манбашунослик ва қўлёзмаларини сақлаш борасида самарали ҳамкорлик ҳам кўзда тутилган. Пандемия ушбу битимни тўлақонли амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда. Аммо вазият изга тушиши билан олий таълим муассасалари ўртасида дўстлик ришталарини боғлаб, ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар ва талабалар алмашувини йўлни қўйишни кўзлаганмиз. Зеро, таълим ва илм-фан соҳасида эришилаётган ютуқлар ҳар бир давлатнинг ривожланиш даражасини кўрсатувчи асосий мезонлар сирасига киради. Биз бошқа араб давлатлари элчихоналари билан биргаликда араб тили таълимига ҳам яқиндан кўмак беришга тайёрмиз”.

 

Аҳмад бин Саид ал-Касирий, Ўмон султонлигининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:

“Ўзбекистонда араб тилига бўлган қизиқиш ортмоқда. Араб тили Қуръон тили, ислом тили саналади. Ўзбекистонда эса мусулмонлар сони салмоқли экани сир эмас. Араб тилига бўлган қизиқиш ва эҳтиром аввало шу жиҳат билан изоҳланса ажаб эмас.

Мамлакатингиздаги кўплаб олий таълим муассасаларида араб тили ўқитилмоқда. Қувонарлиси, мамлакатларимиз ўртасида айнан таълим бўйича ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. Хусусан 2020 йил декабрь ойида Тошкент давлат шарқшунослик университети ва  Султон Қобус университети ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Султон Қобус университети Ўмон султонлигининг етакчи олий таълим маскани бўлиб, QS жаҳон рейтинги бўйича дунёнинг энг яхши университетлари рўйхатидан жой олган.

Таълим бўйича янги лойиҳалар амалга татбиқ этилаётганини мамнуният билан маълум қилмоқчиман. Хусусан, келгуси ўқув йилидан 12 нафар ўзбекистонлик талабага Султон Қобус университетида бир йиллик стажировка ўташ учун таълим гранти ажратишни режалаштирганмиз. Бу билан биз таълим сифатини ошириш ва малакали кадрлар тайёрлашга ўз ҳиссамизни қўшишни ният қилганмиз”.

Эслатиб ўтамиз, 18 декабрь – Халқаро араб тили куни БМТ томонидан таъсис этилган бўлиб, 2012 йилдан буён дунё бўйлаб нишонланиб келмоқда. ЮНЕСКО маълумотига кўра, сайёрамиз бўйлаб араб тилида сўзлашувчилар сони 400 миллион кишини ташкил этади.

С.Салим