Бачелет, Пиночет ва пистолет

Чили тарихидаги биринчи аёл президент 15 ёшида қўлига қурол олган, аммо ҳеч қачон жанг қилмаган

Чили Лотин Америкасидаги иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатлардан бири. Мамлакат мис, олтин, кумушга бой давлат. Аҳолиси 17 миллиондан ортиқ бўлган Чилида қайта ислоҳотлар натижасида минтақадаги энг тараққий топган мамлакатга айланди. Бунда айниқса, социалистлар томонидан олиб борилаётган ишлар нафақат Жанубий ва Шимолий Америка, балки, европаликлар томонидан ҳам катта қизиқиш билан кузатилмоқда.

• Чили Жанубий Американинг жанубий-ғарбида жойлашган давлат.
• Чилида вулқонлар кўп, тез-тез зилзилалар бўлиб туради.
• Қишда ёмғир ёғади. Аҳолисининг 90 фоизи чилилар, расмий тили – испан тили.

Президент сайловлари – ғалвир сувдан кўтариладиган пайт. Бунда амалдаги ҳукумат томонидан амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар муҳокама этилади. 2006 йилги президент сайловларида ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. Унда сўл қанот – социаллар партиясидан Вероника Мишел Бачелет ва «Миллий янгиланиш» мухолиф консерватив блокидан миллиардер Себастян Питер ўз номзодларини илгари суришди.

Ўшанда кўпчилик аёл кишининг президент бўлишига шубҳа билан қараганди. Аммо мамлакатда сўл қанот партиялари томонидан қилинган ишлар кўзгуда шундоққина акс этиб турди; ўтган йиллар мобайнида мамлакатда қашшоқлар сони 40 фоиздан 18 фоизга камайтирилди, иқтисодий ўсиш сурати эса йилига ўртача 6 фоизга оширилди. Аҳоли жон бошига тўғри келувчи ялпи ички маҳсулот икки баробар ортиб, 5 минг долларни ташкил этди ва Лотин Америкадаги энг юқори кўрсаткичга етди. Чили шунингдек, иқтисодий ривожланиш ва инвестицияларни жалб этиш бўйича ҳам минтақада 1-ўринга кўтарилиб олди. Бу ҳар қандай мамлакат орзу қиладиган натижа эди.

Чилиликлар амалдаги ҳукуматнинг яна бир савобли ишини ҳеч қачон унутмайди. Бу уй-жой ислоҳоти бўлиб, Давлат дастури биринчи навбатда кам таъминланган аҳолини уй-жой билан таъминлашга қаратиб, сўнгги 16 йилда мамлакатда 500 мингдан зиёд квартиралар қурилган. Бу эса сайловда қўл келди. Сайловлар кампаниясида кўп масала ва муаммолар кўтарилди, баҳс-мунозаралар ҳам қизиб кетди. Ўз навбатида мухолифат ҳам бор имкониятларини ишга солиб, имкон қадар рақибининг нозик томонларини қидирди. Ҳар бир ишдан муаммо қидиришга ҳаракат қилган Себастян Питернинг бундай уриниши катта ҳисобдаги мағлубият билан интиҳо топди. 2006 йил 15 январьида бўлиб ўтган 2-турги сайловда Социал партиядан номзод Мишел Бачелет сайловчиларнинг 53,5 фоиз овозини тўплаб ғалаба қозонди ва у Чили тарихида давлат раҳбари этиб сайланган биринчи аёл бўлди.

М.Бачелет шунингдек Лотин Америкасидаги давлат раҳбари бўлган тўртинчи аёлга айланди. Унга қадар Аргентинада Мария Эстела, Мартинес Деперон, Никарагуада Веолетта Чаморро, Панамада Мария Москосолар президентлик даражасига кўтарилган. Бу эса мазкур қитъада президент бўлган аёллар сони бошқа минтақаларга нисбатан кўпроқ эканлигини англатади.

57 ёшли давлат раҳбарининг мутахассислиги шифокор жарроҳ ва эпидемолог, ўз вақтида ҳарбий стратегияни ҳам яхши ўзлаштирган. Бачелет Сантягода ҳарбий ҳаво кучлари генерали Алберто Бачелет ва археолог антрополог Анхела Херия оиласида иккинчи фарзанд бўлиб дунёга келган. Бўлғуси президент ёшликнинг шўх ва беғубор дамларини шоду-хуррамликда ўтказа олмади, аксинча сарсон-саргардонлик орзуларга соя сола бошлади. 1973 йилги ҳарбий тўнтариш пайтида ҳокимият тепасига А.Пиночет келди ва бу даврда оммавий репрессиялар авж олдирилди. Мишелнинг отаси қамоққа олинди ва орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ҳам учувчи ҳам генерал бўлган Алберто Бачелет юрак хуружидан вафот этди, кўп ўтмай онаси ҳам оламдан кўз юмди.

1990 йил Чилида демократик тузум қайта тиклангач, М.Бачелет Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотида маслаҳатчи, 1994-1997 йилларда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари маслаҳатчиси лавозимида ишлаган. 2000 йилда Чили президенти Рикардо Лагос Бачелетни мамлакат соғлиқни сақлаш вазири, 2002 йилда Лотин Америкада аёллар орасида биринчи бўлиб Мудофаа вазири (бунга қадар у АҚШдаги ҳарбий коллеж ва Чилидаги ҳарбий академияни тамомлади) этиб тайинланди.

Мамлакатда Пиночет бошчилигидаги ҳарбийлар тўнтаришидан 30 йил ўтиб, М. Бачелет Чилини миллий бирлик ва ярашувга чақирди. Гарчи ҳарбий соҳанинг мири-сиригача биладиган мутахассис (отаси унга 15 ёшга тўлгани муносабати билан махсус пистолет совға қилганди) қўлига қурол ушлашни билсада, у ҳеч қачон жанг қилмаган.

Чилида амалдаги ҳукумат таркибида эркаклар ва аёллар миқдори тенг. «Бунинг боиси», – дейди президент «Мамлакатда истеъдодли аёл ва эркаклар бор. Биз ҳукуматда имкониятлар ва истиқболлар тенглигини топдик».

Ўтган икки йил давомида Бачелет асосий эътиборни иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратди. Натижалар эса ёмон эмас. Айни пайтда «Лотин Америка йўлбарси»да 600 мингдан ортиқ кичик ва ўрта корхоналар фаолият кўрсатиб келмоқда. Мамлакат аҳолисининг ишга лаёқатли 70 фоизи иш билан таъминланган. Шу билан бирга Чили иқтисодиётининг мазкур сектори ҳиссасига ички товар айланмасининг 17 фоизи, ташқи товар айланмасининг 2 фоизи тўғри келади.

«Мазкур кўрсаткичлар ривожланган давлатларникидан бирмунча паст, аммо атрофдаги давлатлар билан солиштирганда ҳавас қилгулик даражада», дейди Мишел Бачелет. – Чили ҳукуматининг асосий вазифаси корхона ва ташкилотларни замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш ва солиқда катта имтиёзлар яратиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашдан иборат».

Мамлакатнинг 34-раҳбари бўлган Мишел хонимнинг олдинда қиладиган ишлари бисёр. «Ислоҳотлар демократияга мувофиқ келиши керак» шиорини илгари сурган президентнинг асосий тамойили ҳақиқатни гапириш, амалга ошира олмайдиган нарсани ваъда қилмаслик ва доимо муроса излашдан иборат бўлган. «Мен одамларнинг менга ишонишларини хоҳлайман ва энг муҳими, халқ муаммолари ичида яшашдир», – дейди президент.

Беҳбуд Ботиров