Мажбурий ва ихтиёрий «дангасалик»

Қайси шаклда бўлмасин 2009 йилда ишсизлик ҳақиқий глобал муаммога айланди.

Молиявий инқироз туфайли ишидан айрилган одамларга дубайлик бизнесмен ўзи раҳбарлик қилаётган меҳмонхонада бепул тушлик ташкил этмоқда. Январь ойининг охирига қадар давом этадиган акцияда барча миллат вакиллари тушлик қилиши мумкин. Аммо қўлдан берганга қачонгача қуш тўяркин?!

Иш топиб ишлаш – бозор иқтисодиётининг асосий талабларидан бири. Зеро, тирикчилик, рўзғорнинг бутунлиги ҳам иш билан боғлиқ. Аммо ҳозирги кунда ишга ҳар қанча жиддий қараган тақдирда ҳам дунёда кузатилаётган молиявий инқироз ишсизлар сонини ошишига олиб келмоқда. Бу асосан металлургия тармоғи, автомобильсозлик саноати, машинасозлик, қурилиш соҳасига кўпроқ таъсир кўрсатди. Бутунжаҳон меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, сайёрамизда 2005 йилда ишсизлар сони 191 миллионга етган бўлса, 2006 йилда бу кўрсаткич қарийб 4 миллионга ошган. Жорий йилда ишдан айрилганлар сони 210 миллиондан ошиши кутилмоқда. Бундай юқори кўрсаткич яқин 10 йил ичида юз бермаган эди.

Ишсизликнинг мажбурий ва ихтиёрий кўринишлари мавжуд. Биринчисида, ишчи белгиланган иш ҳақи эвазига ишлашни хоҳлайдию, аммо иш тополмайди. Иккинчи ҳолат эса, дейлик, кам ойлик эвазига ишлашни истамайдиган кишилар билан боғлиқ.

Мутахассислар фикрича, 2009 йилда глобал молиявий инқироз туфайли қарийб 20 миллион одам ишсиз қолиши мумкин. Шу орқали сайёрамизда ишсизлар сони 210 миллионга етади. Келгуси йилда эса ишдан мосуво бўлганлар сони яна 25 миллионга кўпайишини башорат қилинган.

Ишсизликдан энг кўп азият чекаётган давлат – бу АҚШ. Расмий Вашингтоннинг хавотирга тушишига асослар етарли: мамлакатда қишлоқ хўжалиги секторини ҳисобга олмаганда 2008 йилнинг ноябрьида 533 минг одам ишсиз қолган. Бу ўтган 34 йил ичидаги энг юқори кўрсаткич. Мамлакатдаги энг йирик ташкилотлар Генерал Моторс, Миcрософт ва бошқа йирик компаниялар харажатларни камайтириш учун барча имкониятларни ишга солишмоқда. Ишчилардан воз кечиш эса энг оммабоп вариант саналади.

Халқаро шарҳловчиларнинг фикрларига кўра, сайёрамизда ишчилар сонининг қисқартирилиши ўтган йилнинг ноябрь, декабрь ойларида анча кучайган бўлсада, жорий йилнинг 1-чорагини ҳам дунё аҳли учун қувончли келади, дейиш қийин. Бу борада кеча қасамёд қилган АҚШнинг янги президенти Барак Обама иқтисодиётни кўтариш ва кейинги икки йилда мамлакатда қарийб 3 миллионга яқин янги иш ўринлари яратишни ваъда берган. Ўз халқига мурожаат билан чиққан Барак Обама электр энергиядан имкон борича тежаб фойдаланишни, бунинг эвазига ҳукумат юқори тезликдаги Интернетни яратиш ва мактабларни модернизация қилишни маълум қилган. Обама жанобларининг энергетика борасида ташвишига асослар бор. Негаки, энергия ишлаб чиқариш ва истеъмоли бўйича дунёда 1-ўринда турувчи Америка ўтган 2-3 йилда энергия қувватидан мисли кўрилмаган миқдорда фойдалангани маълум бўлган. Боз устига узоқни кўра биладиган америкалик мутахассислар келгуси тараққиётда энергетика етакчи ўринни эгаллашини яхши билишади.

Аҳоли сони бўйича дунёда 3-ўринда турувчи АҚШ 2009 йилни нафақат молиявий инқироз, балки глобал муаммога айланиб бўлган ишсизлик муаммоси илан кутиб олишга мажбур бўлди. ¥озир мамлакатда ишсизлар сони 5 миллиондан ошиб кетган. Молиявий инқироз туфайли АҚШдаги компанияларнинг 40 фоизи кадрларни қисқартириш сиёсати олиб борилишини маълум қилган. Бу эса жорий йилда салкам 1 миллион одам ёғлиққина иш жойидан айрилади, деганидир.

Расмий маълумотларга кўра, Россияда сўнгги ҳафтада ишсизлар сони 4 фоизга ўсиб, 1,5 миллионга етган. Кузатувчилар қисқаришлар яқин вақтларда 2,1-2,2 фоизга етиши мумкинлигини айтишган. Россиянинг «Сбербанк»и мамлакатда биринчилардан бўлиб ишдан айрилган ёки ойлик маошлари кескин тушиб кетган одамларга заёмлар орқали ёрдам беришни маълум қилган. Банк раҳбари Герман Грефнинг айтишича, мижоз ҳозирдан бошлаб турли муддатларга мўлжалланган кредитларни олиши мумкин. «Агар ишчи корхонасидаги қисқартиришлар туфайли даромадини йўқотган ёки ойлик маоши камайган бўлса, бизнинг ҳудудий филиалларимиз ярим йилдан бир йилгача, яъни даромад тиклангунга қадар ёрдам беради», дейди банк раҳбари.

Аммо экспертларнинг фикрича, давлат банкларида «ёмон» кредитлар муаммосининг ўсиши ушбу янги қоидага бўлган қизиқишни сусайтиришига олиб келиши мумкин. «Сбербанк» Россияда аҳолига кредитлар бериш борасида пешқадам ташкилотлардан саналади. 2008 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, мазкур банк юридик шахсларга берган кредит миқдори 1,2 триллион рублни ташкил этган.

Россиядаги Меҳнат ва Иқтисодий тараққиёт вазирлиги томонидан ишсиз қолган фуқаролар учун замонавий қулайлик яратиб берилди. Эндиликда ҳар бир россиялик уйидан чиқмасдан Интернет орқали иш топиши мумкин. ¥укумат томонидан жорий этилган «Россияда иш» (www.rostrud.info) номли Интернет-сайтда аҳолига ҳукумат органларидаги 1,3 миллионлик бўш иш ўрилари таклиф этилган. Шунингдек, Россияда қонуний ишдан бўшатилган фуқаролар учун моддий ёрдам ҳажми 1500 рублга оширилиб, умумий ҳисобда 4900 рублни ташкил этди.

Бугунги кунда дунёда кузатилаётган ҳар қандай пасайиш Хитойни ҳам четлаб ўтмай қолмайди. Чин молиявий инқирозга ҳар қанча чап беришга ҳаракат қилмасин мамлакатда ишсизлар сони ўтган 10 ойда 10 миллиондан ошиб кетган. Мутахассислар 2009 йилнинг 2-чорагида мамлакатдаги вазият яхшиланишини маълум қилган.

Хитойда ишсизлик тобора ортиб бораётган бўлсада, мамлакатдаги 10 яқин энг йирик ташкилотлар янги ваканция ўринлари очилганини маълум қилди. Бу эса жаҳон ҳамжамиятини эътиборсиз қолдираётгани йўқ. Бундай қадам орқали Хитой «бир ўқ билан иккита қуённи урмоқчи: биринчидан юқори малакали молиявий мутахассисларни ўз юртига жалб этиш, иккинчидан, дунёга Чин иқтисодиёти ҳали ҳам бели беқувват эканлигини кўрсатиш.

Япония ҳукумати тарихдаги энг йирик давлат бюджетини тасдиқлаган – 970 миллиард доллар. Жорий йилги харажатларнинг оширилишига сабаб – бу иқтисодиётни оёққа турғизиш, нафақа таъминотини яхшилаш ва энг муҳими, ишсизликни бартараф этишдан иборат. Кунчиқар юртда ўтган йилда қарийб 500 минг одам ишсиз қолган. 2009 йилнинг мартига қадар бу кўрсаткич қарийб 85 минг нафарни ташкил этиши кутилмоқда.

Буюк Британияда эса ҳозир ишсизлар сони 2,5 миллиондан ошган. Расмийлар мамлакатда 2009 йилда яна 600 минг киши ўз иш ўринларини йўқотиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришган. Бунинг устига мамлакатда ижтимоий тўловлар тизимини ислоҳ этиш лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Унинг муаллифлари бўлмиш Британия Меҳнат вазирлиги ходимлари ёрдам пули эвазига яшаб фаол иш қидирмаётганларга қарши санкция қўллаш фикрини илгари сурмоқда. Экспертлар эса бундай ҳаракат жамиятдаги босимни кучайтириб юборишидан хавотирда. Негаки, бу каби қарорларнинг биринчи зарбаси иммигрантлар ҳамжамияти вакилларига тегади ва оқибатда Британия шаҳарларида тартибсизликлар бошланиб кетиши мумкин.

Меҳнат вазири Жеймс Пернелланинг айтишича, ижтимоий тўловлар тизимини ислоҳ этиш «давлатни алдашга уринаётганлар» ҳисобидан бюджет харажатларини иқтисод қилиш имконини яратади. Агар лойиҳа парламент томонидан маъқулланса, у ҳолда 2010 йилдаёқ бўш иш ўринларига таклифларни рад этаётган ёки ишга кириш учун суҳбатга боришдан бош тортаётган шахслар ишсизларга бериладиган ёрдам пулининг катта қисмидан маҳрум қилина бошлайди. Санкция фақатгина оғир беморлар, ногиронлар ва боласи бир ёшга тўлмаган ота-оналарга нисбатан қўлланмайди. Қолган барчага эса Британия иқтисодини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиш таклиф этилади. Аммо парламент Вазирлар маҳкамасининг ушбу ташаббусини қўллаб-қувватлаши даргумон. Негаки, ўтган йили мухолифат ҳам шунга ўхшаш таклиф билан чиққан эди.

Агар Британиянинг айрим шаҳарларида муҳожирлар сони аҳолининг 45-50 фоизини ташкил этаётганини инобатга олсак, бунда ижтимоий тўловлар тизимида ислоҳот ўтказиш мазкур шаҳарларда жиддий оқибатларга сабаб бўлишини тахмин қилиш мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам олдиндан бир нарса деб бўлмайди. Дангасаларга қарши ҳаракат қай даражада ўринли бўлишини билиш мушкул.

Ишсизлик бутун дунёни кезмоқда. Ривожланган давлатларнинг минглаб фуқаролари янги иш ўринлари қидириш билан банд. Бундан эса Интернет сайтлари ёки айрим ташкилотлар қошида очилаётган ишсизларни руҳий даволаш марказларининг ошиғи олча бўлмоқда. «Бекорчидан Худо безор», деганлари рост экан. Ёшу қари интернетдан иш излашмоқда, улар таклиф этилган ҳар қандай ишни синаб кўрмоқда, бошқалар эса беминнат маслаҳатларни эшитиш учун, бир илинж истаб турли марказларда турнақатор бўлиб ўтирмоқда. Психологларнинг фикрича, ишсиз қолганлар энг аввало уч кунгача «тайм-аут» олиш, иш пайтларида имконият бўлмаган ишлар – яқинлари, дўстлари холидан хабар олиш, уй ишлари билан жиддийроқ шуғулланиш, янги иш излашда аниқликка асосланишни маслаҳат беришмоқда. Молиявий инқироз содир бўмасдан олдин мутахассислар иш топишда деярли муаммога дуч келмас эди, аммо бугун вазият ўзгарган. Нима бўлганда ҳам иш қидиришда темир қоидага асосланинг: иш изловчи ваканция эмас, имконият қидириши керак.

Беҳбуд Ботиров