Жаҳонда ягона қўлёзма (филология фанлари доктори Афтондил Эркинов билан суҳбат) (2012)

Алишер Навоий ихлосмандлари томонидан тузилган янги девони топилди

Филология фанлари доктори Афтондил Эркинов изланувчан навоийшуносларимиздан. У ўзбек мумтоз адабиёти намуналари, хусусан, таркибига Алишер Навоий асарлари ҳам киритилган қўлёзма манбалар устида илмий тадқиқотлар ўтказади. Олим Германия, Франция, Туркия, Япония ва Австрия мамлакатларидаги қўлёзмалар хазиналари билан танишган; шу мамлакатлар илмий марказлари ва университетларида тадқиқотлар олиб борган. У ДААД ва Дидро, Макс ван Бершем номидаги халқаро илмий стипендияларга сазовор бўлган. Айни вақтда, Англиядаги ислом даври қўлёзмалари халқаро илмий ташкилоти аъзоси.

Афтондил Эркинов мустақиллик шарофати билан ҳорижий мамлакатларда ўзбек мумтоз адабиёти, маданияти тарихи ва Навоий ижодига доир инглиз, француз, немис  тилларида йигирмадан зиёд мақолалар эълон қилди. Тадқиқотчининг 2004 йили Берлинда “Чор Россияси даврида Туркистон ва Хива хонлигида хутба ва дуолар” ҳамда 2009 йили Токиода “1898 йил Андижон қўзғолони ва унинг йўлбошчиси Дукчи эшон – давр шоирлари баҳосида” номли китоблари инглиз тилида нашр этилди. 2003 йили Париж миллий кутубхонасидан Қўқон хони Муҳаммадалихон учун кўчирилган баёзни топди ва 2007 йили ўз вақтида Миён Бузрук Солиҳов тилга олган, Қўқон хони Умархон томонидан турк султонига юборилган “Муҳаббатнома” қўлёзмасининг Истанбул университетида мавжудлигини аниқлади. 2009 йили эса, Алишер Навоий ихлосмандлари 1471 йили тузган навоийшуносликка илгари маълум бўлмаган ягона нусхадаги қўлёзмани аниқлади.

Биз адабиётшуноснинг Алишер Навоий шеърларининг номаълум қўлёзмасини топганлигини бир мунча вақт илгари эшитгандик. Навоий кунлари муносабати билан олимдан ўша ягона қўлёзма ҳақда батафсил сўзлаб беришини илтимос қилдик. У бизга қўлёзма мавжудлигидан қачон хабар топгани, унинг фотонусхасини қўлга киритиш учун изланишлари, пировардида девоннинг нусхасини қўлга киритгани ва девонда мавжуд шеърлар ҳақидаги фикрларини сўзлаб берди.

Махмуд Саъдий

Жаҳонда ягона қўлёзма

– Ҳаммаси жуда ғалати бошланди ва йиллар давомидаги изланишлар муваффақиятли самара берди, – деди Афтондил Эркинов, – 2006 йили Берлинда бир чет эллик санъатшунос олим менга иккита миниатюра фотонусхасини кўрсатди. Миниатюралар Алишер Навоий девони қўлёзмасига ишланган эди. У бу миниатюралардаги тасвирларнинг улар билан ёнма-ён берилган Навоий ғазали мазмунига қанчалик мос келишкелмаслигини аниқлаб беришимни сўради. Ўзи эски ўзбек тилидан бехабарлигини таъкидлади. Рости, Алишер Навоийнинг миниатюрали қўлёзмалари оз эмас, улар чет эл кутубхоналарида учраб туради. Шунинг учун қўлёзмага кўп ҳам алоҳида аҳамият бермадим. Бунинг устига ғазалда анъанавий мазмун кучли бўлганлиги учун унга ишланган минитюралар ҳам анъанавий сюжетга эга бўлиши, ҳамма вақт ҳам шеър мазмунига мос келавермаслиги одатий ҳол эди. Мен миниатюраларни кўриб мана шу фикримни айтдим. Шу билан масала тугагандек эди. Лекин диққатимни бир жиҳат жалб қилганди. Миниатюра ёнидаги Навоий ғазали тили биздаги замонавий нашрлардаги Навоий тилидан бироз фарқ қиларди.

Масалан, қўлёзма саҳифасидаги ғазалда шундай мисралар келтирилганди:

Ул гунаштекким, анга мониъ ўлур абри баҳор.

Навоий нашрларида мазкур мисра қуйидагича берилган:

Ул қуёшдекким, анга мониъ бўлур абри баҳор

“Қуёш” сўзи ўрнига унинг ўғуз тилларидаги варианти – “гунаш”нинг қўллаганганлиги ягона мисол эмасди.  Навоий тилида бундай ўғузча элементлар иккала миниатюра ёнидаги ғазаллар бошқа мисраларида ҳам учрарди. Масалан, “ўлмас” ўрнига “ўлмаз” ёзилганди, “бор” сўзи “вор”, “қани” сўзи “хани” деб берилганди. Мен, табиийки, ўша олимдан мазкур минатюраларга эга қўлёзманинг қаерда кўчирилгани ва сақланиш ерини сўрадим. Олим қўлёзманинг ўрта асрларда ҳозирги Кавказ ёки Эрон территориясида кўчирилганлигидан бошқа у ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини, бир танишидан шу фотонусхаларнигина олганлигини  айтди. Буни тушунса бўларди, чунки у миниатюра бўйича мутахассис бўлганлиги боис уни қўлёзмадаги шеърлар эмас, расмлар, уларнинг услубигина қизиқтирарди, холос. Бу олим менга қўлёзманинг сақланиш жойини топишга ёрдам беришга ваъда берди. Аммо аниқ бир натижа бўлмади. Мен турли китоблар, феҳрестлардан бу қўлёзмага оид маълумотларни қидирдим. Аммо йиллар давомида мазкур қўлёзмага олиб борувчи излар ўчиб борар, борган сари қўлёзмани топишдан умидим ҳам узилиб бўлганди.

2010 йили Парижда Оққуюнлилар сулоласи даври миниатюралари бўйича изланиш олиб бораётган француз олими Симон Реттиг билан тасодифан гаплашиб қолдим. Ундан ўзим излаётган қўлёзма ҳақида сўрадим. У Оққуюнлилар (мазкур сулола ўғуз туркларига тегишли бўлиб, ҳозирги Озарбойжон ва ғарбий Эрон территориясида ҳукмронлик қилган (1378–1508) даврида Навоий девонига ишланган икки минатюра ҳақида эшитганлигини, аммо мазкур қўлёзмани ўзи кўрмаганлигини айтди. У бу қўлёзма Қоҳирада сақланишини маълум қилди. Айни қўлёзма мен излаган манба эканлигига ҳали юз фоиз ишонишга асос йўқ эди. Турган гапки, бунинг учун қўлёзманинг асл нусхасини кўришим лозим. Демак, ҳеч бўлмаганда, умид учқунлари пайдо бўлди.

Мен Қоҳирадаги қўлёзмлар фондлари (бу шаҳар кутубхоналарида бир неча юз минг қўлёзма сақланади) билан боғланиш йўлларини излаб турганимда франциялик санъатшунос олимдан хабар келди. У қўлёзманинг Қоҳирадагии қайси кутубхонасида сақланиши ва қўлёзма ҳақидаги мавжуд фикрлар манбасини маълум қилганди. Кўп уринишлардан кейин 2010 йили сўнгида қўлёзманинг фотонусхасини қўлга киритишга муваффақ бўлдим. Унда Навоийнинг жами 229 та шеъри бор экан: 224 ғазал, бир мустазод, уч мухаммас ва битта таржеъбанд. Лекин қўлёзманинг тилидаги ўзгаришлардан кўра қўлёзма билан боғлиқ муҳимроқ янгиликлар пайдо бўлди. Бу қўлёзма Навоий ўз девонларини тузишга бошлашидан аввалроқ – 1471 йилда кўчирилганди. Шу вақтгача фанга Навоий ихлосмандлари томонидан тузилган ягона тўплами – “Илк девон” маълум эди. Янги топилган Навоий девони унинг ихлосмандлари томонидан тузилган ҳозиргача навоийшуносликка номаълум бўлган шеърий мажмуаси бўлиб чиқди.

Нима деб ўйлайсиз, Навоийнинг мазкур қўлёзмадан хабари бўлганмикан?

— Бунга аниқ далилимиз йўқ. Аммо Навоий шеърларининг ёйилишига доир фикрлари билвосита ишора бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ўша замонларда Темурийлар ва уларга қўшни бўлган Оққуюнлилар сулоласи ўртасида яхши муносабатлар мавжуд бўлган. Навоийнинг шеърларини нафақат ўзи яшаган ҳудуддаги туркий халқлар, балки Табриз ва Шероздаги ўқувчилар орасида ҳам тарқалганини қайд қилиб ўтган:

Олибмен таҳти фармонимға осон,
 
Черик чекмай Хитодин то Хуросон.
 
 
 
Хуросон демаким, Шерозу Табрез,
 
Ки, қилмишдур найи килким шакаррез.

Айнан Шероз ва Табриз Оққуюнлилар салтанатининг марказий шаҳарлари бўлган. Бундан ташқари Навоий ўз шеърлари туркий халқлар ичидагина эмас, туркмон – ўғуз туркларининг орасида ҳам эътирофга сазовор бўлганини таъкидлаб ўтадики, булар  Оққуюнлилар девонининг вужудга келиши бежиз эмаслигини кўрсатади:

Кўнгул бермиш сўзумга турк жон ҳам,
 
Не ёлғуз турк, балким туркмон ҳам.

Навоийнинг Оққуюнлилар саройида ёки мазкур сулола салтанатида машҳур бўлганлигига ўша даврда яшаган озар шоири Кишварийнинг Темруийлар саройига ҳавас билан қараганлигини кўрсатувчи қуйидаги байти ҳам исботлай олади:

Кишварий шеъри Навоий шеъриндин аксик эмас,
 
Бахтина душсайди бир Султон Ҳусайн Бойқаро, –

яъни, Кишварийнинг шеърлари Навоий шеърларидан қолишмайди, қанийди унинг ҳам Навоийда бўлгани каби Ҳусайн Бойқародек ҳукмдор ҳомийси бўлсайди…

Оққуюнлилар салтанатидаги ўғуз турклари ҳозирги озарбойжон тилининг қадимги вариантида матн битганлар. Шунинг учун Навоий шеърларини кўчиришда излаганимиз қўлёзмада ўғуз элементлари қўлланган экан. Масалан, Навоийнинг қуйидаги машҳур ғазалининг Оққуюнлилар саройи қўлёзмасида берилишига диққат қилинг:

Меҳр чўх кўрсатдим, аммо меҳрибоне допмадим,
 
Жон басе қилдим фидо, ороми жоне допмадим.
 
 
 
Ғам била жонима етдим, ғамгусоре кўрмадим,
 
Ҳажр ила дилхаста ўлдум, дилситоне допмадим.
 
 
 
Ишқ аро юз минг маломат ўхина ўлдум нишон,
 
Бир камон абрўда дузлукдин нишоне допмадим.
 
 
 
Кўнглум ичра сарв ўхдур, ғунча пайкон, гул тикан,
 
Даҳр боғи ичра бўйла гулситоне допмадим.
 
 
 
Ҳусн мулки ичра сентек шоҳи золим кўрмадим,
 
Ишқ кўйинда ўзумтек нотавоне допмадим.
 
 
 
Чўх ўхидум Вомиқу Фарҳоду Мажнун қиссасин,
 
Ўз ишимдин булъажаброғ достоне допмадим.
 
 
 
Ул амон ичинда ўлсун, эй Навоий, гарчи мен
 
Бир замон ишқинда меҳнатдин амоне допмадим.
 
 
 
Табъ ганжиндан маоний хурдасин, юз қатла ҳайф
 
Ким, нисор айтмоға шоҳи хурдадоне допмадим.

Қўлёзманинг навоийшунослик учун аҳамияти яна бир жиҳатда кўринади: тўпламда Навоийнинг ҳозиргача мавжуд нашрларида учрамайдиган икки ғазал бор. Улардан бири, масалан, қуйидагича бошланган:

Мунчаким ҳардам … жисмума ҳажрингдин ғаме,
 
Рўзе ўлмасун манга сенсиз нишот этмак даме…

Мана шу ғазалларни Навоийнинг турли қўлёзмаларидан излашни давом эттираяпман.

— Одатда, кўпгина қўлёзмалар сўнгида уни кўчирган хаттот ва кўчирилиш даври ҳақида маълумот бўлади. Сиз топган қўлёзмада ҳам шундайми?

— Қўлёзмани Анисий тахаллуси билан шеърлар ёзган шоир ва хаттот Абдураҳим ибн Абдураҳмон Хоразмий 1471 йили кўчириб тугаллаган. Бу хаттотнинг аждодлари Хоразмдан бўлгани боис ҳам шундай нисбани танлаган. Лекин Навоийнинг мазкур девонидаги шеърларда ўғуз элементлари учрашига хаттотнинг келиб чиқиши Хоразмдан эканлиги сабабчи эмас, деб уйлайман. Мақсад Навоий шеърлари тилини Оққуюнлилар муҳитидаги туркий китобхонларга яқинлаштириш бўлган. Демак, 1471 йили, ҳали 30 ёшлардаги шоир Навоий Оққуюнлилар саройида эҳтиром топган ва улар Навоий шеърларини ўзлари сайлаб олиб, девон шаклида тартиб берганлар. Бу кезларда Навоий шоир сифатида танилган, Ҳусайн Бойқаро саройидаги сиёсий фаолиятини эндигина бошлаётган эди.

Навоий ўзи тартиб берган дастлабки девони – “Бадоеъул бидоя” дебочасида халқ ичида ўзининг 1000-2000 байтдан ортиқроқ шеърларини тўплаб кўчирилиб, тарқалганини, яъни ихлосмандлари томонидан тузилган бундай тўпламлар бир нечта бўлганини таъкидлайди: “…халойиқ аросида минг байт – икки минг байт ортуғроқ–ўксукракким ўзлари жамъ қилиб эрдилар, бағоят машҳур бўлуб эрди”.

Шу маънода 1465-1466 йилда Ҳиротда Навоий шеърияти ихлосмандлари томонидан тузилиб, Султонали Машҳадий томонидан кўчирилган “Илк девон”дан беш йиллар кейин, 1471 йили, янги бир тўплам – “Оққуюнлилар саройи қўлёзмаси”нинг тартиб берилиши Навоий фикрларини тасдиқлайди.  Шуниси қизиқки, мана шу янги топилган тўплам Навоий айтган ҳажм атрофида – 1300 дан кўпроқ байт шеърга эга.

Сом Мирзо Сафавий шоирларга бағишланган “Тухфаи Сомий” тазкирасида Навоий девони қўлёзмасининг кўчирувчиси Абдураҳим Хоразмийни Мавлоно Анисий номли шоир сифатида сифатида таништириб, шундай маълумот келтиради: “Мавлоно Анисий асли Хорамзликдир. Султон Ёқуб хизматида бўлган. Настаълиқ хатини юксак маҳорат билан ёзгани учун халқ уни Султонали Машҳадийдек деб биларди”. Қози Аҳмад эса, хаттотлар ва рассомлар тўғрисидаги рисоласида Анисий ўз тахаллусини Оққуюнлилар ҳукмдори Султон Ёқуб уни ўзига яқин тутиб, уни шундай деб номганлиги асосида олганлигини таъкидлайди. У яна кўпгина Шероз шоирлари Анисий шогирдлари бўлиб, унинг услубига эргашиб шеър битишларини айтган. Демак, Анисий –  Абдураҳим Хоразмий яхшигина шоир ҳам бўлган экан. У ўттиз йилддан кўпроқ давр мобайнида Оққуюнлилар саройида хизмат қилиб, сулола ҳукмдорлари учун бир неча қўлёзмаларни кўчирган. Миниатюрашунос Пристилла Сужек шундай деб ёзади: “Навоий девони Абдураҳим Хоразмий кўчирган мана шу қўлёзмалардан бири бўлиб, у 1471 йили Шерозга ҳоким қилиб тайинланган оққуюнли султони Узун Ҳасаннинг (1453–1478) ўғли Ҳалилга ёки бирор мансабдорга атаб кўчирилган бўлиши керак. Чунки мазкур қўлёзмага миниатюра ишлаган рассом Дарвиш Муҳаммад ҳам Ҳалил саройида яшаб ижод этган”.

Мазкур қўлёзманинг Навоий шеърий ижодхонасини ўрганишдаги ўрни катта. Навоий ўзи тузган дастлабки девони “Бадойиъ ул-бидоя” эди. Унгача қўлимизда Навоий шеърларига эга ва унинг ихлосмандлари томонидан тузилган, Султонали Маҳшадий томонидан 1465-1466 йиллар кўчирилган “Илк девон”гина мавжуд эди. 1471 йили, яъни “Илк девон”дан беш йиллар чамаси кейин Оққуюнлилар саройи девони қўлёзмасининг кўчирилиши ҳам “Бадойиъ ул-бидоя”нинг тузилишидан аввалги даврга тўғри келади. Демак, “Илк девон” бизга 25 ёшгача бўлган Навоий шеъриятини кўрсатса, Оққуюнлилар девони 30 ёшлардаги шоир Навоийнинг ижод оламини ўрганишга кўмаклашади. Агар “Илк девон”да 391 та ғазал бор бўлса, уларнинг ўндан биридан ками Оққуюнлилар девонига ўтган. Демак, янги девондаги ғазалларнинг катта қисми 1466–1471 йиллар оралиғида ёзилган бўлиб чиқади. Мана шу даврда яратилган ғазаллар сирасига “Меҳр кўп кўргуздум…” деб бошланувчи ғазални, Оққуюнлилар девонидаги дастлабки

Эй, сафҳаи рухсоринг азал хаттидин иншо,
 
Дебочайи ҳуснунгда абад нуқтаси туғро,

– деб бошланувчи ғазал кабиларни ҳам киртиш мумкин.

Мазкур янги қўлёзма Навоий ижод устахонасини ўрганишда катта аҳамиятга эга деб айтиш мумкин.

Навоийшуносликда ҳозирга қадар Навоий шеърияти тўрт давр – босқичга бўлиб ўрганилиб келинган. Бунда Навоий девонларини вужудга келиш давридан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тариб белгиланганди:

“Илк девон”,

“Бадойиъ ул-бидоя”,

“Наводир ун-ниҳоя”,

“Хазойин ул-маоний”.

Оққуюнлилар саройида кўчирилган девонинг топилиши муносабати билан энди Навоий шеърияти беш давр – босқичда ўрганилишига имкон туғилади. Янгиланган тартиб шундай бўлади:

“Илк девон”,

“Оққуюнлилар девони”

“Бадойиъ ул-бидоя”,

“Наводир ун-ниҳоя”,

“Хазойин ул-маоний”.

Нега Оққуюнлилар девонига кўпроқ “Илк девон”га кирмаган, яъни 1466–1471 йиллар орасидаги шеърлар киритилган? Анисий Навоийнинг кейинги давр шеърларига кўпроқ диққат қаратганми?

— Мени бу масала устида кўп ўйладим. Анисийни ўз даврининг Султонали Машҳадийиси деб аташаяпти. Балки унинг Султонали Машҳадий билан хаттот сифатида ички рақобати бор бўлган. Анисий “Илк девон” билан танишган ва бу девондан узоқлашиш учун Навоийнинг ундан кейинги беш йилда яратилган шеърларини ўз мажмуасига киритган. Ёки уни Навоийнинг янги ғазалларигина қизиқтирган. Балки йилдан йилга маҳорати ошиб бораётган шоир Навоийни энг янги шеърлари билан ўз муҳити ўқувчиларига таништириш Анисий учун муҳим бўлгандир. Шуниси қизиқки, Оққуюнлилар девонидаги ғазалларнинг аксарият қисми етти байтдан таркиб топган. Бу девондан аввал ҳам маълум бўлган ғазаллар ҳам шу ҳажм атрофида. Яъни, Абдураҳим Хоразмий ғазалларни қисқартитиш йўлидан борган кўринади.

Оққуюнлилар девони турли янги хулосаларга олиб келиши мумкин. Бу мажмуадаги 224  ғазалдан 217 таси “Бадойиъ ул-бидоя”га ва фақат биттасигина “Наводир ун-ниҳоя”га ўтган.

Қуйида янги топилган девондаги ғазаллардан намуналар келтирдик. Бунда Навоийнинг ҳозирги ўқувчилар орасида кенгроқ ёйилган ғазалларини қиёслаш осон бўлсин дея келтирдик. Қўлёзмадаги ўғуз туркчасининг асл ҳолатини тиклаш иши мураккаблигини ҳисобга олиб, эски ўзбек тили ва ўғуз туркчаси учун ўрта вариантни танладик ва шу асосда матн тилини ифодалашга уриндик. Бундан ташқари келтирилаётган ғазаллар “Илк девон”да учрамайди ва уларни Навоий 1466–1471 йиллар оралиғида ёзган деб ҳисоблаш мумкин бўлади.

* * *

Оразин ёпғач  кўзумдин  сочилур ҳар лаҳза ёш,
Уйлаким пайдо ўлур юлдуз ниҳон ўлғач қуёш.

Қут бир бодому ерим гўшайи меҳроб эди,
Ғорати дин этди ногаҳ бир балолу кўзу қош.

Бўсае қилди мурувват, асру қаттидур лабинг,
Десам оғзи ичра  айдур:  лаъл ҳам вор навъи дош.

Бу дамодам оҳим иншо айлар ул ой ишқини,
Субҳнинг бот-бот дами андохким айлар меҳр фош.

Қоши оллинда Навоий верса жон, айб этмангиз,
Гар будур меҳроб, бир-бир қўясидур барча бош.

* * *

Кўрали ҳуснингни зору мубтало ўлдум санга,
Не балолу кун эдиким, ошно ўлдум санга.

Ҳар неча дедимки, кун-кундин узам сендин кўнгул,
Ваҳки, кун-кундин батаррак мубтало ўлдум санга.

Мен хачон дедим, вафо қилгил манга, зулм айладинг,
Сен хачон дединг, фидо ўлгил манго ўлдум санга.

Қай пари пайкарга дерсен телба ўлдунг бу сифат,
Эй пари пайкар, на қилсанг қил санга ўлдум санга.

Эй кўнгул, тарки насиҳат айладум, овора ўл,
Юз бало етмазки, мен ҳам бир бало ўлдум санга.

Жоми Жам ичра Хизр суйи насибимдур мудом,
Соқиё, то тарки жоҳ айлаб гадо ўлдум санга.

Ғусса чангидин навое допмадим ушшоқ аро,
То Навоийтек асиру бенаво ўлдум санга.

* * *

Кўнглакимдур субҳнинг пироҳаниндин чокрак,
Кирпуким шабнам тўкулан сабзадин намнокрак.

Лайли андин қўйди Мажнун кўнглина рахти ғамин,
Ким йўх эди манзил ул водийда ондин покрак.

Уйла мужгон ханжарина ёпишупдур дурри ашк,
Ким магар ондин ятиме йўхдурур бебокрак.

Жон олурда лабларингдин барча эл қулдур санга,
Жон верурда бир қўлинг йўх бандадин бебокрак.

Неча ўхласанг Навоий кўнгли захминрак ўлур,
Кўрмадук захмеки, текдугингча ўла чокрак.

* * *

Чихди ёрим кеча йўл азмин қилуб ул бағри дош,
Бас ажойибдур қаронғу кеча чихмоғлиғ қуёш.

Гар қуёша эл назар қилса кўзина ёш дўлар,
Ул қуёш ворғач назардин, кўзларима дўлди ёш.

Фурқатингдан йиғлаюб ҳақдин висолинг истасам,
Гаҳ сочармен боша тупроғ, гаҳ урарам ера бош.

Қатра суларким домар кўксума уран дошдин,
Бағрим урандан эрур ё йиғлар аҳволима дош.

Фош эдар меҳрин Навоийнинг сору рухсораси,
Субҳтекким, сороруб рухсори айлар меҳр фош.

Cуҳбатни Маҳмуд Саъдий олиб борди.

Афтондил Эркинов. “Жаҳонда ягона қўлёзма”.
// Ўзбекистон адабиёти ва санъати. 2012 йил, 17 февраль.