Ҳамиджон Ҳомидий. Мақсуд муаллим

Мен давримизнинг буюк адиби Мақсуд Шайхзодадан бевосита таҳсил кўрганман, илмий тад­қиқотим бўйича кўп сабоқ олганман. 1958 йилдан умрларининг охиригача устод Шайхзода билан кўп ҳамроҳ юрганман, уйларида бўлиб, Сокина опа пиширган, «озарча ҳолваю ошларини» еганман. Устод шогирдларига ўта меҳрибон, ғамхўр, ҳомий эдилар. Аксарият пайтлари бизларга тушлик олиб бериб, чойчақа эҳсон қилиб юрардилар. У киши ҳақидаги ширин туйғулар ҳамиша гўшаи хотирамда. Улардан бир нечаси қоғозга тушди.

Амри маъруф

Институт кўпнусхали газетасининг юмуши билан устозимиз Шарифа опани қидириб ўзбек адабиёти кафедрасига кирсам, бир ёш шоир ўтирган экан. Салом-аликдан сўнг:
— Келинг, оғайни, қайси шамол учирди? — дедим.
— Ўзим, шундай. Бир Мақсуд муаллимни кўриб келай девдим, — жавоб берди у.
Ўқишдан, ижоддан суҳбатлашиб ўтирдик. Шу орада Мақсуд муаллим ҳам кириб келдилар (Шоир Шайх­зодани кўпчилик зиёлилар донишманд устод сифатида шундай аташарди). Ҳамма билан самимий кўришгач, озарбайжончасига мутойиба қилдилар:
— Ўзларидан сўрасак, мулла Абдулҳамид, ўқишлари қалай?
— Раҳмат, муаллим, дуруст, — ийманиб жавоб бердим.
— Хайриддин Салоҳни кўриб турибсизми?
— Ҳа, ўқишга келаяпти.
— Айтмоқчи, бугун амри маъруф ўтказмоқчимиз. Мар­ҳамат қилсинлар, — таъкидладилар хонадан чиқиб кетаётиб.
Кечқурун факултетдаги адабиёт ихлосмандлари йиғилдик. Қудрат, Ҳикмат, Хайриддин Салоҳ, Юсуф Шомансур, Пирмат Шермуҳамедов каби ёш ижодкорлар ўз машқ­ларидан ўқиб беришди. Мақсуд муаллим ижодий иш­лардаги ютуқ ва камчиликларни айтиб, қаламкашларга йўл-йўриқ кўрсатдилар, бадиий ижод тўғрисида суҳбат ўтказдилар.

Ўша кезлари Мақсуд Шайх­зода Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтида адабиёт тарихидан дарс берардилар. Филология факултетининг кечки бўлими қошидаги адабиёт тўгарагига раҳбарлик қилардилар. Тўгаракнинг ҳар бир машғулоти чинакам ижод баҳсига, устознинг билим бериш, сабоқ айтиш онларига — амри маъруфга айланарди.

Мен Мақсуд муаллим суҳбатидан, ўгит ва маслаҳатларидан кўп файз топганман. У кишининг нурли қиёфаси ҳамиша кўз ўнгимда. Домланинг Натан Маллаэв, Абдулла Бобохонов, Малик Муродов каби адабиётшунос шогирдлари, Шарифа Абдуллаэва, Теша Салимов, Ҳаким Ҳомидий сингари касбдошлари даврасида бўлганимда уларнинг устоз ҳақидаги хотираларини жон-дилим билан тинглаганман. Мақсуд муаллимнинг аспирантлар билан ўтказган ҳар бир суҳбати ҳам, ёр-дўстлари билан бўлган меҳмондорчилиги ҳам ҳақиқий амри маъруфга айланарди. Атоқли кимёгар, биолог олимларимиз — Ҳамдам Усмонов ва Ёрқин Тўрақулов ҳам муаллимнинг ана шундай гурунгларидан баҳра топган.

Мақсуд муаллим барчага бир хил, дилкаш муомалада бўлардилар. Ҳар қандай касб соҳиби билан ҳам тез тил топишиб, илиқ суҳбатлашиб кетардилар.

Домланинг сўзга бойлиги, ҳамиша халқ жонли тилига меҳр билан қараши ҳақида кўп нақллар бор. Кунлардан бир кун Шайх­зода чўпонларга меҳмон бўлади. Ҳамма ўтовда давра қуриб ўтирарди. Мақсуд муаллим пойгакроқда — эшик олдида ўтирган экан, мезбон «Домла, ичкарироққа ўтинг, у ер елвизак», — дебди.

Одатда ўтов эшиги рўпарасида дарча бўлади. Ғувиллаб эсган шамол хона ҳавосини тозалаб туради. Шоир шеърларида қўлланиладиган «элвизак» сўзининг тарихи ана шундай. Мақсуд муаллим бу кашфиёт учун чўпонга кўп ташаккур айтибдилар.

Яшасин табассум!

Кунлардан бир кун институт ҳовлисидаги тамаддихонада чойхўрлик қилиб, чақ-чақлашиб ўтирувдик. Мақсуд муаллим кўп гурунг бердилар, Фузулийдан ғазаллар ўқидилар. Нафис лутф, мутойиба билан ҳаммамизни хушнуд этдилар. «Мини амри маъруф» ўтказдилар.

Сомеълардан форс тили донишманди Латифхон домла:

— Мақсуд муаллим, Сиз билан бир сония ўтирсак ҳам оламжаҳон ҳаловат оламиз. Фузулийнинг Сиз ўқиган ғазалини девонида учратмовдим. Мен учун кашфиёт бўлди, бисёр ташаккур, — деди.

— Мулла Абдуллатиф, маслакдошларнинг дилкаш даврасида фақат хурсандчилик, шодлик ҳақида, маърифат хусусида гапирмоқ зарур. Ўтмиш ғуссаларию ҳасрат-надоматларига бундай жойларда ўрин йўқ. Ҳа айтмоқчи, «Яшасин табассум, йўқолсин қайғу!» демишлар машойихлар, таъкидладилар Устод.

Кейинчалик бу ибора адибнинг шеърларига кўчган, ҳикматга айланиб кетган.

Устозларга иззат кўрсатинг!

Мақсуд муаллим ўзаро суҳбатда, мушоира соатларию илмий маслаҳатларда бизга адабиёт назарияси, маданий меросга муносабат бўйича сабоқ берардилар, ахлоқ-одоб, муомала маданияти, ёши улуғларга, хусусан, устозларга иззат борасида ўгитлар берардилар. Жумладан, «бир бегона киши сиз билан учрашиб, сўрашса, сизни суҳбатга тортса, томдан тараша тушгандек «Мен сизни танимай турибман», деманг. Мусоҳаба жараёнида унинг ким эканлиги ўз-ўзидан маълум бўлиб қолади. Катталарга, айниқса, устозларга гап орасида «Ундай эмас, мана бундай бўлади», деб танбеҳ бергувчи, ақл ўргатувчи бўлманг», — дер эдилар.

Бир куни табииёт-география факултетига академик Юнус ака Тошпўлатовни зиёрат қилгани бордим. Хоналарида бир оз суҳбатлашиб ўтиргач, ҳамроҳ тушлик қилишни таклиф этдилар. Ҳовлига чиқиб, ошхонага қараб кетаётувдик, профессор Мадаминжон рўпара келиб қолди. Салом-аликдан сўнг Юнус ака:

— Хўш, Мадаминжон ака, бола-чақа яхшими, ишларингиз дурустми, соғлиқлар қалай? — деб сўраб қолди.

— Яхши, домлажон. Лекин мен сиздан ўн ёш кичикман-у, «ака» дейсиз. Мени хижолатга қолдириб бундай деманг, — деди қатъий бир оҳангда.

— Шундайку-я, лекин бу ерда ёш эмас, меҳр-эътибор, болам, меҳр-эътибор, — таъкидлади устоз.

Ҳалиги профессор «чурқ» этолмай қолди. Ёдимга Мақсуд муаллимнинг насиҳати тушди. «Инсон қалбига озор етадиган бўлса, рост гапни, ҳақ сўзни айтмаслик ҳам савобдир» деганлари ҳақ экан.

«Рустами достон мададкор бўлсин!..»

Аспирантлик йилларим эди. Ўзбек адабиёти кафедрасига кириб борсам, тўрдаги столда Мақсуд муаллим оғизларида папиросу «Казбек»нинг орқасига алланима ёзиб ўтирган эканлар. Стол устида эса газетага ўроғлик бир нарса. Салом-аликдан сўнг:
— Ўзларидан сўрасак, мулло Абдулҳамид? «Шоҳнома» нима бўлаяпти, Натанни кўраяпсизми? — дея сўраб қолдилар.
— Раҳмат, муаллим. «Шоҳнома»нинг дастхати катта экан, ўқияпман. Кеча Натан Маллаэвнинг ҳузурларида бўлувдим.
— Фирдавсий — буюк зот. Яхшилаб уқиб олинг. Бизнинг ҳам яна бир кўргимиз бор. Дарвоқе, Москвадаги «Наука» нашриёти Рудакий асарларининг янги таржимасини асли билан нашр этибди. «Шоирлар Одам Атоси»нинг маҳорати ҳақида Брагинскийнинг дурустгина тад­қиқоти ҳам бор эмиш.
— Ҳа, шундай, муаллим. Мен у китобни харид қилганман. Лозим бўлса, келтираман.
— Албатта, албатта!

Суҳбат орасида устоднинг бетоқатланаётганликлари сезилиб турарди. Аниқланишича, домлалардан бири соат иккида кафедрада учрашишга ваъда берган экан. Вақт эса бешга яқинлашмоқда эди.
— Мақсуд муаллим, қандай юмуш бор эди, биз бажара олмаймизми? — тортиниб сўрадим.
— Мана шу ҳужжатларни (стол устидаги ўроғлик қоғозга ишора қилиб) ВАКка жўнатиш лозим экан.
(Чунки ўша кунлари инс­титут илмий кенгаши устозга «профессор» унвони бериш ҳақида қарор қабул қилганди. Бу оламнинг ишлари қизиқ. Шундай забардаст донишманд­га «марказ» бу унвонни муносиб кўрмади).

Мен тугунни олиб, устоз билан Бешоғоч бозори томон пиёда суҳбатлашиб кетдик. Бозордан қути сотиб олиб, илмий асарларнинг айрим нусхалари бўлмиш ҳалиги ҳужжатларни унга жойлаб, жўнатдик. Устоз алоқа ходимлари билан ўзларига хос ҳазил-мутойиба қилдилар. Почтадан чиқиб кўчалари томон суҳбатлашиб борарканмиз:

— Муаллим, Баҳромжонни боғчадан бугун мен олишим лозим эди, — дедим изн сўрагандек.
— Э, шундаймиди? Рустами достон сизга мададкор бўлсин.
Мақсуд муаллим билан хайр-хўшлашиб, боғчага йўл олдим.

Мен устознинг турмушдаги аччиқ-чучуклардан, айрим мунофиқ кимсалару ҳамкасблардан етган азиятлардан асло шикоят қилмасликларини, умуман, бадхоҳларни ва бадхоҳликни тилга олмасликка интилишлари ҳақида кўп эшитганман. Мана бугун ҳам, фалончи ваъда бериб келмади-я, деган фикрни ҳатто юзларидан ҳам уқолмадим.

Университетда Мақсуд Шайх­зода туғилган кунни ҳар йили нишонлаш анъанага айланган. Иккинчи қаватдаги ўқув музейи талабалар, Шайхзода шогирд­лари билан лиқ тўла. Бир томонда шоир асарларининг турли нашрлари қўйилган кўргазма. Тўрда эса нуроний Мақсуд муаллим кўзойнак остидан ма­йин табассум билан нигоҳ ташлаб «Ўзларидан сўрасак», деб турибдилар.

“Маърифат” газетасидан олинди.