Собир Ўнар: “Яхши асарлар ёзишга интилиш керак” (2020)

– Собир ака, асарларингизни ўқиган китобхон танти ва содда қишлоқ одамлари орасида юргандек бўлади, худдики, улар яқин одамларинг, жигарларингдек туюлади. Айтинг-чи, бу қаҳрамонларингизнинг ҳаётда прототипи борми ёки тўқима образларми?

– Ёзувчи одам прототипни қанчалик ўйлаб топдим дегани билан барибир воқеанинг ёки характернинг қайси бир жиҳати билан ўша асардан ҳаётдаги бир прототип бўй кўрсатиб тураверади. Менимча, аслида ўйлаб топган яхшироқ. Ўйлаб топилган образ ўзи учун ёқимлироқ бўлади, лекин ҳаётда яшаганингдан кейин замондош ёки тақдирдош бўлган одамларнинг ҳаёти ҳақида ўзгача ёки ўзга одамникини ёзишинг қийин. Чунки, ёзувчи хоҳлайдими-хоҳламайдими, у барибир қалб одами. Атрофини, ўзининг қалбига яқин одамларни, қаҳрамонларни, шунингдек, ўзига яқин бўлган инсонлар тақдирини назардан ўтказишга мажбур. Адиб сўзи қандайдир ўқувчидан йироқ, қанақадир бир кўпчиликдан устун ёзувчилик қобилиятига эга деган тушунча эмас. Ёзувчи ҳам бир одам, унинг, эҳтимол, ожизлиги ҳам, ўқувчига яқинлиги ҳам шундан бўлса керак.

– Асарларингизда миллий ўйинларимиздан бири кўпкари кўп учрайди. Масалан, “Бир ўларман чавандоз”, “Ака-укалар”, “Ғов” ҳикояларингизда бу бўртиб кўринади…

– Кўпкари халқ ўйини, жаҳонда бошқа халқ ўйинларига нисбатан кўпроқ томошабоп. Томошабинни завқлантиришга қодир чавандоз ва унинг отига ҳам бўлган ихлосингни чандон оширадиган бир ўйин. Шу маънода, мен энди айнан устоз ёзувчи Тоғай Мурод ва бошқалар сингари кўпкари ва чавандоз мавзусини алоҳида қаламга оламан деб ўйламаганман, маълум бир ўзимнинг юрагимга таъсир қилган вазиятларда шуларни қоралаб қўйганман. Сиз тилга олгандан ташқари бошқачароқ, йирикроқ ҳажмдаги яна бир нарса ёзилди. Масалан, кўпкари нимаси билан одамни мафтун қилади ёки нимаси билан жозибали? Ўйлайманки, кўпкарида полвонликдан ташқари мардлик, кескирлик, маълум бир манфаатлардан кеча олиш жасорати ҳам бўлади. Мана шундай қаҳрамонларимдан бири кейинги ҳикояларимда бўртиброқ кўринди. Яқин кунларда матбуот юзини кўрса керак.
Лекин, менимча, ёзувчининг ҳаётида мавзу чекланмайди. Айнан кўпкари деган мавзуга интилмаган бўлсам ҳам, ўша чавандозларнинг ичида, эҳтимол, қариндошларим бўлганлиги сабабли, уларнинг турмуш тарзи ме­нинг ҳаётимга маълум маънода сингиб кет­ган. Уларни бегона деб ҳисобламайман. Шунинг учун ўзимга яқин мавзу, кўнгилга яқин, агар керак бўлса, ўқувчигаям маълум маънода яқинлик касб этса, шундан хурсандман.

– Асарнинг китобхонни сеҳрлаб қўйиши, уни тобора ўзига жалб этишининг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

– Бу, авваламбор, адибнинг маҳоратига кўп жиҳатдан боғлиқ. Масалан, шуни жўнроқ қилиб тушунтириш мумкин. Бир хил мавзуда жуда кўплаб қўшиқлар яратилади ва айрим қўшиқ ижрочиларигина бизга яқинроқ. Биз уларни кўпроқ севиб тинглаймиз. Шу сингари адабиётда ҳам янги мавзунинг ўзи йўқ. Ҳар ким ўзининг, масалан, ижтимоий ҳаёт бўладими, севги-муҳаббат ҳақида бўладими ёки сиёсий мавзуда бўладими, бундан қатъи назар ёзувчи уни ўқувчига оҳанрабодек ёқимли ва жозибали қилиб етказа олиши мумкин – ёзувчининг вазифаси шу. Агар ўқувчига маълум маънода яқинлик билан етказар экан, бу муваффақият – фақат маҳорат билан боғлиқ бўлган сир.

– “Давлатнинг қайтиши” ҳикоянгизда асосий мақсад ҳар бир инсон ўз тақдирини ўзи яратади, бахтли онларни ўз қўлида тутиб қолишга қодир бўлган инсонларгина бахтлиман деб айтишга ҳақли эканлигини уқтирмоқчи бўлгансиз. Ҳикояни ўқиш асносида асар охири яхшилик билан тугаса керак деган фикрни юрагимдан ўтказиб турган эдим. Умуман, ҳикояда Давлатнинг тақдирини фожиали якунлашдан мақсад нима? Унда нима назарда тутилган?

– Ҳикоя жанрига қўл урганимдан бери биринчи марта маълум бир маънода икки йўналишни битта ҳикояга сингдиришга ҳаракат қилганман. Бу ерда мен ўзим аслида ўша Давлатни яхши кўриб, унга ука сифатида ихлос қилиб ёндашганман. Лекин менга, барибир, дунёнинг бевафолиги, ўша ёш бир йигитга насиб қилаётган, айни пайтда исмиям Давлат, унинг қўлига осон кираётган давлат ҳам аслида жудаям омонат эканлиги ва мана шу совуққон дунёнинг одамга меҳрибон эмаслиги, давлат қўлнинг кири сифатида қолиб кетиши, ёш бир йигитнинг эрта умри хазон бўлиши, унинг атрофида дўстлари бўлиши, маълум маънода ўша ёшларга хос бўлган кайф-у сафо қилиб юришлари ҳам фақат омонатнинг ўзгинаси. Айни пайтда ўзиям омонат. Шуни, эҳтимол, таъкидлагим келгандир. Ўйлаганларим шулар. Агар ақл ўргатмоқчи бўлаётган бўлсам ўқувчига шуни уқтирмоқчи бўлганман, холос. Ўша жозибаям, ўша ёшлик ҳам қўлга киритилган мол-у давлат, бу базм-у жамшид фақат омонат. Бу бир лаҳзада ўтиб кетаётган жилвалар, холос. Сароб. Ўшандан кейин қирқ ёшгаям етмасдан шамолдай ўтиб кетди. Бу ҳаётда аслида бор йигит. Буни таниб қолишларидан ҳадик олганман. Қисқаси, бу дунёнинг ўта совуққонлигини дунё бизнинг бино қўйишимизга арзимайди деган гапни айтмоқчи бўлганман.

– Реалистик йўналишда ижод қиласиз, бу сиз учун қулай усулми?

– Реализм – эскирмайдиган услуб. Рамзийлик, тимсоллар, метафораларга қарши эмасман. Чунки Шарқ адабиёти – рамзийлик кўпроқ акс этадиган адабиёт. Керак бўлса, халқ оғзаки ижоди, достонларимизда ҳам, биз хоҳласак-хоҳламасак, ичидан тимсоллар чиқиб келаверади. Масалан, “Гўрўғли” образи. У мард давлат бошлиғи, унинг қирқ йигити кўпаймайдиям-камаймайдиям. Қайсидир мамлакатга юриш қиладими, албатта, ғолиб чиқади. Ва айни пайтда бефарзанд. Нима учун фарзанди йўқ? Қудратли подшоҳ бўлса. Унинг туғилиши ҳам ғалати. Онаси вафот этгандан кейин, гўрда туғилади ва ўзи париларга уйланади. Юнус пари билан Мисқол парилар унинг маликалари. Маълумки, ҳаётда ва афсоналарда, диний асарлардаям парилар фарзанд кўрмайди. Чунки улар фаришталар. Гўрўғли фаришталарга уйланган ва бундан кейин ҳам фарзанд туғилмаслиги аниқ. Бу ғалати бир тимсол. Лекин мардлик, полвонлик, жасорат, адолатсизлик устидан доим ғалаба қилишлари, Авазхон бўладими, Ҳасанхон бўладими ва бошқаларга ёр танлашда ҳар доим кўмакдош бўлиб келган. Маълум бир оддийлик бор, оддийликнинг орқасида сирлилик, яъни ўзи фарзанд кўрмай туриб, асранди ўғилларининг ҳаммасини бахтли қилишга ҳаракат қилган подшоҳ. Шу маънода, биз ўйласак-ўйламасак, ўшаларга қайтишга мажбур бўламиз.
Сизга маълумки, “Чамбилбелнинг ойдаласи” номли қиссам бор. Бу қиссада “Гўрўғлининг туғилиши” достонидан фойдаланганман. Менинг замонавий қаҳрамоним ўлади-да, гўрда тирилиб қайтиб келади. Қайтиб келгач, барибир аввалги пайтдаги ғирромликларнинг устидан чиқади. Замондош ва тенгдошларига қўшила олмайди. Яна унга ёндош бир образ бор. Отақул қирғий. У оқсоқол одам, гапи кескир, фақат қишлоғида эмас, бошқа жойларда ҳам таъсири кучли. Уям тақдир тақозоси билан ўғриларнинг қўлига тушади-да, даштда қолиб кетади. Чўлда йилқибоқарлик қилишига тўғри келади. Замонавий бойларнинг қўлига бежиз тушмаган; синчилиги, отбоқарлиги, кўпкаридаги беқиёс тажрибаси минглаб йилқиси бор бойга қўл келади. Бизнинг “Гўрўғли” билан иккови бир-бирини билган ҳолда ёндош яшайди. Уларнинг қариндошлик жиҳатлари ҳам бор. Отақул қирғий охирида ўша даштдан қочиш имконияти туғилганда “сизни олиб кетаман” деб таклиф қилинганида “мен кетмайман” дейди. Унинг ўзига хос сабаби бор. У эл устида юрган оқсоқол одам, элга ақл ўргатиб юрган одам маълум бир муддат қулчилик қилишга мажбур бўлди. Ана шу иснодни кўтара олмади. Иснод шундай, бундан кўра ўлиб кетгани ва дом-дараксиз кетгани афзал эди. Уни бедарак кетган деб қидиришади, топишолмайди. Бу ерда мен урғу бермоқчи бўлган гапим шу – халқнинг оқсоқоли бўлган одам энди бир муддат йўқ бўлиб кетдими, бунақа ғурурли одам элга қўшилмаслиги аниқ. Буни энди эксперимент, маълум жиҳатлари модерн адабиётга тааллуқли деб талқин қилиш ҳам мумкиндир. Баъзи адабиётшунослар гапирган, лекин ўзим моҳиятини яхши англаганим учун ўша рамзлардан фойдаланишга ҳаракат қилганман. Бироқ реализм устувор. Ўша тимсоллар ҳам бор. Ўзимнинг замонавий қаҳрамоним хиёнат қурбони бўлди. Ўзининг дўсти хиёнат қилди. Оқибатда у ўлимга юз тутади-да, аслида ўлмайди, клиник ўлим бу – реализм. Лекин айни пайтда қабристонга қўйиб қайтиб келишгандан кейин, у ўзининг аввалги ҳолатига қайтиб, тирилиб келади. Ўша чўлдаги Отақул қирғий билан учрашади. Менинг ўйлаганларим – дунё тор ва айни пайтда дунё кенг. Дунёнинг торлиги мана шу иккита тақдири бир-бирига жуда ўхшайдиган одамлар шу дунёнинг ўзида ҳам кўришди. Улар вафот этиб, руҳлари нариги дунёга бориб учрашиши шартмас деб учраштирдим. Бу ҳаёт ҳақиқатига тўғри келадими-йўқми, билмайман, бироқ ёзувчи сифатида ишонтиришга ҳаракат қилдим. Шу маънода тимсоллар, рамзийликка ҳам мурожаат қиламан, лекин барибир мени реалистик қаҳрамонлар кўпроқ мафтун этади. Менга масалан, кулгили образлар ҳам ёқади, Булгаковнинг, Гоголнинг асарлари ёқади. Айниқса, Шукшин асарларидаги рус қиёфаси, рус характери жудаям маъқул келади. Шолоховдаги катта эпик кўламдаги жуда реал образлар ҳатто Толстойдан ошиб тушган. Масалан, Толстой нариги асрнинг воқеликларини ифодалаган бўлса, Шолохов бизга яқинроқ, чунки бизга тақдири маълумроқ бўлган одамларни, образларни, фожиаларни кўпроқ эпик кўлам билан тасвирлайди. “Тинч Дон” – тўрт китобдан иборат асар. Шу асарни яхши кўраман. Реалистик адабиёт, реалистик қаҳрамонлар ҳаётда борлиги, уларнинг ростлиги кўпроқ таъсир қилаверади.

– Асарларингизда кўплаб шевага хос сўз ва ибораларни ишлатгансиз. Жумладан, “қора товон”, “кичик нашахона”, “чўбир”, “кечин ола”, “чағат жой”, “тосрайиб”, “эрталабга довур”, “тошдевол”, “мурдор бўлди”, “орқаси ер искамас жайдари табилчи”, “бу ўларман”, “бир пасилда”, “шуйтиб”, “чакамик”, “дустаман”, “шўрғалаб” кабиларини учратамиз. Бошқа асарларингизда ҳам бу ҳолатни кузатамиз. Шубҳасиз, у асарнинг ўқишлилигини оширган. Лекин сиз изоҳ бермай кетасиз. Бу ўқувчини синашми ёки барибир тушунади деган ишончми?

– Дастлабки ҳикояларимда нашр масъуллари изоҳ талаб қилишар эди. Кейин маълум бир муддат “Ёшлик” журналида ишлаганимдан кейин “Тил сандиғи” деган рукн пайдо бўлди. Бу ерда шева сўзлари келтириларди-да, адабий тилда изоҳланар эди. Раҳматли Равшан Файз билан бирга шу журналда фаолият кўрсатганимизда Қўшработ шеваларини тўплаганмиз. Кейин ўша сўзларнинг баъзи бирларини “Навоий асарларининг изоҳли луғати”да кўрдим. Биз шева деб ишлатаётган сўзлар қачондир халқ орасида бадиий сўз сифатида ишлатилган. Навоий ўз асарларида айрим шеваларни адабий сўз сифатида ишлатган. Сиз тилга олган сўзларнинг аксарияти адабий тилда муқобили йўқ сўзлар. Масалан, адабий тил доим бир жойда қотиб турмайди, янги сўзлар ҳисобига бойиб боришга мажбур. Дейлик, сувда қулочкашлаб сузиш – “молтиш” деган сўз бор. Адабиётда ҳам йўқ, адабий тилдаям йўқ. Молтимоқ – сувда қўл билан олдинга ҳаракат қилмоқ. Оддий битта феъл. Шу маънода мен энди жуда баъзи бировлар ўйлаганидай шевага ўчмасман, лекин айни пайтда ўша қишлоқда яшаган 18 йиллик ҳаётимда ўзлаштирган, онгимда қолиб кетган сўзларни керакли жойларда қўллаб кетишни яхши кўраман. Адабий тилда йўқ сўзлар шевалар ҳисобига бойиса, ёмон бўлмайди.

– “Интизор” ҳикоянгизда муҳаррир уйланиб бир боланинг отаси бўлса-да, лекин жувонни учратишга жон-дилдан ишониб турибман дейди. Уни нима мажбур қилади, нима учун бу қарорга келади? Сиз муҳаррирнинг жувонга бўлган муҳаббатини кўрсатяпсизми?! Бу ҳолатни қандай изоҳлайсиз?!

– Буям аввалдан бир қисми ёзиб қўйилиб, кейинчалик давом эттирилган ва тугатилган ҳикоя. Ёзувчи одамнинг баъзан ялқовлиги, дангасалиги панд беради. “Тановар”да “Асл ёринг бўлса, хўп тоза бўлса” деган жойи бор. Асл ёрнинг эгаси, бахтли бир инсон ёзаётган бўлиши мумкин. Халқ қўшиғи дейилади, лекин униям бировлар тўқийди барибир. Одам ҳеч қачон ҳаётда ҳам, ўша ўзининг бахтидан ҳам керак бўлса, ўзининг висолига етишган аёлидан қониқиш ҳосил қилмайди. Одамзод шунақа яратилган-да. То кўз тирик экан, бошқа идеал аёллар келаверади. Шу маънода, аввал учрашган, ўша кўз олдида қолган аёлини қачондир учратишга кўзи етиб туради. Ўша идеал аёл қачондир рўпарасидан чиқиб қолишига ёки бирданига ҳаётига кириб келишига одам қанақадир эртакка ишонгандек ишониб юравериши мумкин. Ва ҳаётда шу рўй бериши ҳам мумкин, аслида. Лекин одам ҳаётда кечиккан бўлади. Фақат ўша инсоннинг тимсолини кўра олади. Юзи, кўзи, керак бўлса, меҳрини ҳис қила олади. Лекин унга эриша олмайди. Ҳаёт ўзи шу. Ҳаёт ўзи эришиш учун имкониятлар яратади, лекин эриштирмайди. Ҳаётнинг қизиқ томони ҳам ўзи шу. Идеалларимдан биттаси шу ҳикоя.

– “Отамзамон ҳангомалари” асарингизни ўқиб, ёзувчи кундалигини ўқигандек бўлдим. Бу асарни ёзиш фикри сизда қандай бўлди? Асардаги қаҳрамонлар барчаси сиз туғилиб ўсган қишлоқда яшаган ва яшамоқда. Ўқувчиларингиз бу асарга қандай муносабатда бўлишди?

– “Отамзамон ҳангомалари” нисбатан кейинги йилларда ёзилаётган ҳолат. Одам оғир ўйлардан, оғир ғоялардан чиқиб кетишнинг баъзи бир йўлларини ахтариб юради. Масалан, катта санъаткорга ҳам ҳар доим “Муножот” ёки “Чўли Ироқ”ни қайта-қайта буюртма берганинг билан айтгиси келмай қолади. Шу маънода “ўзим билган одамларнинг ҳаётидан кичик ҳангомалар ёзиб кўрсам-чи” деган фикр бор эди. Буям эксперимент аслида. Ҳаётлигида Абдулла Орипов кўп эътироф этарди. “Собир, ўзинг билган одамлар ҳақида каттароқ бир нима мўлжаллаб қўй”, дерди. Лекин бу одамнинг кайфияти билан боғлиқ, буларнинг деярли кўпчилиги қариндошлар, боболар, момолар. Уларнинг бировга ўхшамайдиган қилиқлари, феъл-атвори, характери, керак бўлса, эсда қоладиган ҳаётидаги қизиқарли воқеалар. Буни ҳикоя деб даъво қилмайман. Ҳангома-да.
Латифа билан ҳикоянинг ўртасида – ҳангома деган жанр бор. Ўтириб-ўтириб ҳангома устида, суҳбатлашиб бўладиган нарса. Унда тугаллик талаб қилинмайди. Бадиий чуқурлик ҳам, эҳтимол, талаб қилинмас ёки тимсоллар билан кўрсатиш ҳам шартмасдир. Бор-борича, йўқ ҳолича. Бояги гапнинг давоми, ўша машҳур ҳофиз орада “Ёр-ёр”ниям айтса, яхши бўлади. Ёзувчиям оғир ғоялар, оғир ишдан ўтиб бўлгандан кейин енгилроқ бирор нима ёзгиси келади. Лекин бу енгил жанр бўлиб кўрингани билан бор одамларнинг характерлари, шу жиҳати билан эътиборли бўлиш керак. Аслида, менга ўқувчиларнинг айтишларича, яхши асар бўлган. Ҳатто, бир ижодкор дўстимиз “бу “Собирнома” бўлибди” деган эди. Бу каби баҳолар менга далда бўлган, хурсанд бўлганман.

– “Бибисора” қиссангиз ҳозирги кунда ёшлар ўртасида кўп муҳокамага сабаб бўлиб келмоқда. Ушбу қиссангизнинг ғояси ва мазмуни ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз.

– Бу қиссага севимли шоиримиз Абдулла Орипов сўзбоши ёзган. Ҳатто Чингиз Айтматов асарларининг ҳавоси бор деб эътироф этган. Бундан қатъи назар, “Бибисора” қиссаси мен учун оғриқли асар. Ёзувчи битта нуқтадан таъсирланиб, жуда кўп нарса қилиши мумкин. Бир пайтлар ўқиган эдим. Толстой “Ҳожимурод” деган қиссани ёзишдан олдин бўтакўз ўсимлиги мевасидан таъсирланган экан. Лекин асарда бўтакўз ҳақида ҳеч нарса йўқ. Лекин бўтакўз таъсир қилувчи манба бўлган. Менга таъсир қилган нарса шу бўлганки, қишлоғимда “Қўрғонтепа” деган тепалик бор. Тепаликдан кўтарилаётиб, бирданига болаликка қайтдим.
Учинчи синф боласиман. Бу пайтда ҳар қандай жонзот сингари чиройли қизлар ёқади. Ҳали барига эрта дейиш шартмас. Ўша чиройга мафтун бўлиши мумкинлигини ҳеч ким ўйламайди. Болакай бир қизга хат ёзади ва хат топиб олиниб, ўқувчи жазоланади.
Ўша пайтлар ҳатто севгига ҳам тўсиқ қўйилган давр эди деган фикр келди. Севгининг йўли тўсилди. Хаёл ва реал ҳаётимда рўй берган воқеалар бирдан ёзилди. Тўғри, ҳажм жиҳатдан катта эмас. Жуда катта қониқиш билан нуқта қўйдим. Одамларнинг хиёнатга бепарволиги, қишлоқдаги номуси бор инсонларнинг фарзандларига биров ёмон кўз билан қараса ҳам акссадо бермайдиган бир ғалати тоифа инсонлар эканлиги мени ўйлантирган. Ҳақиқатда у бола сифатида ўзининг қандай зурриёт эканлигини ўйлайди. Бу энди даҳшат. Биз онгли ҳаётимизнинг бир қисмини кечирган бўлсак, шўро мафкурасининг ўта тазйиққа зўр берганини бир ифода қилувчи асар сифатида тақдим эта олдим. Бадиий жиҳатдан ўзимга ҳам маъқул бўлди. Менимча, бу асарнинг муҳокамаси давом этаверади.

– “Бибисора” қиссангиз гўзал услубда, ширали тил билан ёзилган, беихтиёр қаҳрамоннинг изтиробларига шерик бўлиб, қувонч-у қайғуларини бирга баҳам кўрасиз. Асар воқеалари эндигина борлиқнинг сир-асрорини таниётган саккиз-тўққиз яшар бола – Жаҳонгирнинг дунёни англаши ва унга муносабати тарзида бериб борилади. Бола руҳиятидаги ўзгаришлар, содда ва самимий қишлоқ одамининг болаларча беғубор, бировга зиёни тегмайдиган, фақатгина ўзининг кўнгил ройишлари учун айтган мақтанчоқликлари бола тилидан маромига етказиб тасвирланган. “Бибисора” қиссангизнинг яратилиши, унинг ўзига хос услуби бўлган – бола тилидан ҳикоя қилиниши ғояси қандай пайдо бўлди?

– Ҳа, боланинг ўрнига ўзимни қўйиш маъқулроқ эди. Боланинг ўша ҳолатига ўзимни қўйиб “мен” деб тасвирлаш ўзимга қулайлик туғдирди. Бу адабий усул десаям бўлади.
Аслида ҳикоя бўладими ё қисса бўладими, бошқа жанрдаги асарлар бўладими, ёзувчининг хаёлида, қалбида, аввал маълум бир қолип юзага келади. Ёзувчи то қоғознинг устига келиб қаламни юргизиб бошлагунча қолипни бундай ёки ундай қиламан деб кўравериш мумкин. Лекин битта қолип бориб тушади. Ўша қолип шундан иборатки, энди уни айтиб бўлишишга одамнинг кўзи қиймайди. Бу синалган усул бола тилидан ҳикоя қилиш, Кортасардаям бор, Айтматовдаям бор. Саккиз-тўққиз яшар боланинг ҳолига ўзим тушганман. Шунинг ичида керак бўлди.

– Илгарилари таржима билан ҳам шуғуллан­гансиз, қорақалпоқ адиби Х.Тожимуродовнинг “Ов ҳангомалари”ни ва турк ёзувчиси Бакир Юлдузнинг “Карбало фожеаси” қиссасини ўзбек тилига таржима қилгансиз. Айниқса, “Карбало фожеаси” асари ўша пайтда барчага манзур бўлган эди. Кейинги йилларда таржима билан шуғулланмадингизми? Ёки бундан биз бехабар қолдикми?

– Йўқ, кейинги пайтларда таржима билан машғул бўлмадим. Баъзи бир чала таржималар бор-у, айнан мунтазам шуғулланишни талаб қиладиган соҳа буям. “Ов ҳангомалари”ни ёзган адибни эшитганман-у кўрмаганман. Маҳорат бобида ҳам жудаям яхшилигини ҳис қилганим йўқ. Нашриётнинг менга юкламаси бўлган.
“Ёшлик” журналига Тоҳир Малик бош муҳаррир вақтида менга “диний илмлардан яхши хабардор экансиз, Бакир Юлдузнинг “Карбало фожеаси” асарининг таржимаси билан сиз шуғулланинг”, деди. Қўлга олдим-у, бошладим. Баъзан бошқа ишларга машғул бўламан. Тоҳир аканинг ўзига хос феъли бор эдики, пешма-пеш эълон қилиб бораверди. Натижада мунтазам таржима қилишга мажбур бўлдим. Кейин китоб ҳолида ҳам босилди.
Қисқаси, таржимачилик мен учун мунтазам ишга айланмади. Кўп ёзувчиларнинг ҳикоя­ларини таржима қилиб кўрганман. Таржиманинг фойдали томони, сиз билан бизга ўхшаб шаҳарда яшамаган, рус тили муҳитидан узоқ бўлганларга барибир бирданига сингишиб кетиш қийин. Шу маънода, одамнинг сўз бойлиги бадиий таржимада қўл келади. Айнан ўзинг гапираётган ўзбек тилини қамровли ва ўзбекча жаранглата билиш муҳим ўрин тутади. Шуни билганман.
Моҳир таржимонлар билан суҳбатлашиб, улардан ўрганишга интилдим. Низом Комилов, Ғайбулла ас-Салом каби олимлардан назарий билимларни олдим. Лекин Қодир Мирмуҳаммедов, Иброҳим Ғафуровларнинг таржима асарларини ўқиганда одам барибир тан беради. Масалан, Маркеснинг “Бузрукнинг кузи” романини И.Ғафуров ниҳоятда ажойиб, катта маҳорат билан таржима қилган. Баъзан сўз етишмай қолган жойларда Қашқадарё шеваларини ишлатиб юборган. Бу аслида таржимоннинг жуда катта маҳорати, жуда катта салоҳияти, қомусий билимини кўрсатади. Достоевскийнинг қатор асарлари, “Ака-ука Карамазовлар” таржималари ҳам жуда ажойиб. Бундай таржимонлар ҳали орамизда бор экани, жуда катта маънавий сарчашмалар билан бизни баҳраманд қилиб турганининг ўзиям жуда катта бойлик. Ёшларга кўпроқ ишонамиз, улар орасида ҳам талантлар, олимлар ва ёзувчилар чиқишига, албатта, ишонамиз. Лекин бундай катта салоҳият билан бугунги кунда бояги айтганим асарларни таржима қилганлар тарихда қолади. Низом Комилов, Иброҳим Ғафуров, Қодир Мирмуҳаммедовлар ва бошқалар. Айниқса, Абдулла Қаҳҳорнинг маҳоратини алоҳида таъкидлаш керак. Таржима дегани ўгириш эмас, ўзбекчалаштириш керак. Гогол унинг таржимасида соф ўзбекча гапириб юборганига гувоҳ бўласиз.

– Ҳикояларингизнинг номланишида ҳам рамзий маъно бор. Демоқчиманки, Сиз ҳикоя сарлавҳасида асар моҳиятини очишга ҳаракат қиласиз. “Сариштали одамлар” ҳикоянгизда ҳам шу ҳолат сезилади. Сиз ҳикояда ўзбекнинг тўйини кўрсатиш асносида, охирида “мен сендан камми?!” қабилида тўй қилаётган инсонлар қиёфасини гавдалантиргансиз. Ҳикоя сўнгини “..неча пул бўлганини, уй тўйига қудаси айтганда қанча пул берганини у ва янгам билади. Хабари бизга келгани йўқ. Қандай сариштали одамлар-а!” деб якунлайсиз. Аслида-чи, ҳамма ўзбек хонадонида ҳам ҳақиқий аҳвол шундайми?! Сиз аччиқ киноя асносида бошқа салбий ҳолатларга ҳам урғу бергандайсиз назаримда. Шундай эмасми?!

– Бу ҳикояни эълон қилмаслигим ҳам мумкин эди. Сабаби унинг ичида драматизм йўқ, катта бир келишмовчиликлар йўқ, фожиалар йўқ. Лекин одамларнинг гап-сўзидан ўша мешчанликка ружу қўйиш, осон пул топиш, осон пул топаётганлар билан яқинлашиш, ўшаларнинг атрофида юришдан лаззатланишни – сезганман. Бунинг ортида жаҳолат ётади. Мен айтмоқчи бўлаётган сариштали одамлар аслида сариштали одамлар эмас. Турмушини кўркам қилиб қўйган бойларга яқинлашиб, бойларнинг юзаки маданиятини ўзлаштириб олган одамларнинг жоҳиллиги кўрсатилмоқчи, аслида. Буни мухлислар англаган бўлса, хурсандман.

– Сизнинг тенгдошларингиз аллақачон бир неча романлар ёзишга улгурди. Сиз бу жанрга негадир қўл урмаяпсиз? Сизда маҳорат ва тажриба етарли-ку. Сабаби нимада?

– Олдин ўйлардим, одам роман ёзиш учун элликка кириши керак деб. Энди ўйлаб қарасам, элликка кирмасаям ёзса бўларкан, Қодирий йигирма беш ёшда ёзган бўлса, Ғафур Ғулом умуман роман ёзмаган.
Лекин, менимча, ёзиш керак деб ўйлайман. Ҳаётда кўрганларим ҳақида ёки тарихий мавзуда ёзишни мўлжаллаб юраман. Бу ишга бел боғлаган киши бўлиб, материал тўплаб юраман. Бу энди ҳаётнинг икир-чикирлари ҳақида бўлмайди. Миллатни миллат сифатида пастга тортадиган хунук, ожизона иллатларимиз ҳақида бўлади. Роман ҳақида жиддийроқ ўйлаяпман. Вақти келди, чамамда.

Гурунгни Дўстбек Сулаймонов тайёрлади.

«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 11-12-сон