Собир Ўнар: “Маҳорат асосий мeзон бўлиши кeрак” (2019)

Таниқли ёзувчи Собир Ўнар билан мунаққид Жовли Хушбоқ суҳбати

Жовли Хушбоқ: – Бугунги ижодий жараён ху­сусида сўз кетганда, насрда талай муаммолар тўпланиб қолганлигидан сўзлайдилар. Энг муҳими, маҳорат, истеъдод ва истеъдодсизлик ҳақидаги баҳслар ҳамон кун тартибидан тушган эмас.
Шу жиҳатдан олганда кўнгилнинг туб-тубида ётган дардлар, армонлар ва орзулар юзага қалқиб чиқади. Нега ўзбек насрининг бугунги намояндалари жаҳон адабиёти саҳнасига чиқа олмаётир, дея савол бергинг келади.
Эҳтимол, бугунги адабий суҳбат мавзусини танлашда ижодий жараённинг шу нозик жиҳатларига эътибор қаратиш зарурдир.
Юқоридаги каби ўйлар, мулоҳазаларни ҳисобга олиб, сизга айрим саволлар билан мурожаат қилишни лозим топдим. Ўйлайманки, сизни ҳам қийнаётган дардлар ичида шу кунгача очиқ ва ошкора айта олмаётган мулоҳазаларингиз, таклифларингиз етарли.
Айримлар китоб дўконларида маза-матрасиз, бўш асарларнинг кўпайиб кетиши сабабини, биринчи навбатда, адабий танқидчиларнинг фаол эмасликларидан қидиришмоқда. Авваллари «Халқ сўзи», «Ўзбекистон овози», «Қишлоқ ҳаёти» каби нашрларда тақризлар кўп босилар, М.Қўшжонов, Н.Худойберганов, А.Расулов, П.Шермуҳаммедовнинг кескин фикрлари, ижодий жараёндаги муаммоларни кўтариб чиққан адабий-танқидий мақолалари тез-тез кўзга ташланиб турар эди.
Ҳозирчи? Танқид деярли йўқолиб кетди. Адабий танқидчиликни бугунги кун талаби даражасида юксалтириш зарур назаримда…

Собир Ўнар: – Агар буни камчилик эмас, иллат деб қараётган бўлсак, фақатгина адабий жараёнга эмас, бутун бир жамиятга тааллуқли десак ўринли бўлади. Нега? Чунки, мана, сиз билан чорак аср сиркаси сув кўтармайдиган жамиятда яшаб келдик. Боиси – ўша ичингизда билиб турган, ҳозир ҳам сиртимизга чиқаришни хоҳламайдиган биқиқ бир сиёсий муҳитнинг мавжуд бўлгани. Виждон позициясидан туриб бирон кимни танқид қилиб кўринг эди, эртаси кундан бошлаб сизга қарши сиёсий кампания бошла­ниб кетарди.
Муҳаммад Юсуфнинг 60 ёшлик юбилейи мамлакатимизда кенг нишонланди. Ўша тадбирларнинг бирида катта обрўга эга бир киши М.Юсуф ва ижоди ҳақида нутқ ирод этаётир. Нутқининг сўнгроғида у тўсатдан «энг муҳими, Муҳаммад Юсуф баъзи бирларга ўхшаб адабий пайғамбарлик даъво қилмади, камтарона яшаб ўтди», деди. Ялт этиб Абдулла акага қарадим. Ҳа-ҳа, Абдулла ака сапчиб тушди. Ёнида Ҳанифа янга бор эди. Абдулла аканинг қўлидан тутди. «Бардам бўлинг!» деган далда эди бу.
Мен қўрқиб кетдим. Нимага?
Шунинг учун қўрқдимки, Абдулла Орипов уюшма раислигидан кетган, телевизорда А.Орипов қиёфаси кўрсатилмаётганига ўн йилдан ошганди. Нотиқ эса улуғ, даҳо шоирни тепкилаш­да давом этарди. Ана шу ерда Абдулла акага, мабодо, юрак хуружи тутиб, бир кор-ҳол юз берса ажабланмас эдим. Сабаби, азбаройи Каттага ёқиш учун бўлса керак, адабиётга алоқаси йўқ киши­лар Абдулла ака, Рауф Парфи, Ҳалима Худойбердиева, Тоғай Му­род, Эркин Воҳидов ва бошқаларни минбарга йўлатишни хоҳламас эдилар. Ҳалима Худойбердиева билан Абдулла Орипов мана шундай муттасил туҳматларнинг қурбони бўлишди. Юракларини атайин адойи тамом қилишди.
Бизда шоир-ёзувчини қамоққа обориб тиқиш шарт эмас. Очиқдаги маҳбус қилиб қўйишарди, тамом, ўз қобиғига ўзи ўраниб, инфаркт бўлиб дунёдан ўтиб кетарди.
Аҳмад Аъзамни яхши биласиз. Яхши адаби­ётшунос, зўр ёзувчи эди раҳматли. Умрининг сўнгида «Рўё ёхуд Ғулистонга сафар» деган роман ёзди. Нечадир нусхада китоб бўлиб чиқди. Қўлма-қўл ўқилди, деб айтолмайман. Чунки бунақа асар қўлма-қўл бўлмайди. Ўқилмаса ҳам ҳайрон бўлмайман, сабаби, оммага эмас, зиёли қатламга мўлжалланган. Қизиғи, зиёлию ҳатто ёзувчилар ҳам акс садо беришмади. Сабаби оддий: роман Ғулистон, яъни Қулистон фуқароларининг аҳволи хусусида эди. Қуллар, занжирбандлар, буни турмуш тарзига айлантирган, мазкур аҳволидан ажабланмайдиган, кейинги туғилган фарзандлари ҳам занжир билан дунёга келаётган одамлар ва уларнинг устидаги диктатор хусусида. Яқин ўтган тарихимизда. Ахир, ти­рик шоир­нинг ўзига «пайғамбарлик даъво қиляпсан!» деб туҳмат қилишганини айтдимку.
Биласиз, чин адабиёт дард-ҳасратли бўлади, маддоҳлик билан адабиёт барпо қилиб бўлмайди.
Бизнинг адабиётимиз жим турган адабиёт эмас. Замонавий наср Шукур Холмирзаев тирик пайтда «Динозавр» романи билан бошланган. Ҳали у романни кўпчилик ўқимади, баҳо бермади. Айтиш жоизки, наср ундан кейин ҳам янгиланиб боряпти. Жуда кўп асарлар, романлар ёзиляпти. Афсуски, халқ у ёқда турсин, ёзувчиларнинг ўзлари ҳам асарларни ўқигани йўқ. Ўзи адабиётда ҳам ҳеч ким акс-садо бермайдиган турғунлик даври бўлади шекилли.
Баъзи бир тенгқур жўралари­мизнинг романларини ўзларининг юртдошлари, таниқли адабиётшунослар мақташяпти.
Адабиётни дунё саҳнасига олиб чиқиш тўғрисидаги гапга унча тушунмайман. Масалан, «Ўткан кунлар» романи «Танҳоликнинг юз йили»дан паст баҳоланишига асос борми? Ш.Холмирзаев бутун бир ёзувчи сифатида Нобел мукофоти олган бирор ёзув­чидан кам жойи борми? Исажоннинг кейинги романлари Пауло Коэлоникидан паст турмайди. Буни баралла айта оламан. Исажон ўзи тил билгич ошнолар топиб баъзи чет давлатларда китоб чиқарди, бир хил жойларда эътироф этилиб, мукофот ҳам олибди. Ҳалоли бўлсин!
Баъзилар бўлса, зўр бериб обунани тўхтатиш билан овора. Йўқ, дўстлар, обуна йўқолар экан, замонавий китоблар ўқилиши, умуман китобхонликни кенгайтириш ҳақида қандай гап бўлиши мумкин?
Ҳозир энг катта ўқувчилар армияси ким? Албатта, таълим масканлари. Адабий нашрлар ўқувчиларни, керак бўлса ўқитувчиларни ҳам замонавий ўзбек ва жаҳон ада­биёти асарлари, янгиликлари билан таништириб борувчи асосий нашрлар. Президент болалар китоб ўқисин десаю, бу ёқда кимдир йўқ деб оёқ тираб турса. Токи шуна­қа жоҳил кимсалар бор экан, мактабга адабиёт етиб бормайди, то мактаб ўқувчиси, адабиёт ўқитувчиси замонавий адабиётдан бехабар қолар экан, қолган оммадан сира ўпкалаб бўлмайди!..

– Бир неча йил аввалги матбуотда шоир Шодмонқул Салом билан суҳбатингизда: «Русларда профессионал ёзувчилар кўп: Паустовский, Катаев, Казаков, Пришвин… Бизда кам» дея афсус чеккансиз.
Бироқ… Тошкентдаги китоб дўконларига кирсангиз, Худойберди Тўхтабоев, Муҳаммад Али, Неъмат Арслон, Асад Дилмурод, Эркин Аъзам, Нурали Қобул, Хуршид Дўстмуҳаммад, Шойим Бўтаев, Абдуқаюм Йўлдош, Назар Эшонқул, Луқмон Бўрихон, Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам, Қўчқор Норқобил, Ғафур Шермуҳаммад каби ўнлаб адибларнинг роман, қисса, ҳико­яларидан иборат тўпламлари тахланиб турибдику? Наҳотки, «профессионал ёзувчилар… бизда кам» деган фикрингиз ҳақиқатга мос келса? Юқоридаги ёзувчиларнинг қайси бирини профессионал эмас, деб ҳисоблайсиз?
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида босилган ана шу суҳбатингизда: «Баъзи бир ёзувчиларимиздаги зўракиликни, нотабиий-сунъийликни кўриб, руҳий кучларига ҳавас қилган ҳолда даҳолик табиийликка дахл­дор эканига иқрор бўлавераман», дейсиз. Ва афсус билан айтасизки, «таассуфки, бизнинг мустақил замонимизнинг қаҳрамонлари ада­биётимизда ҳали тўла бўй кўрсатганича йўқ». Ва яна айтасизки, «Назаримда сўзни беҳуда исроф қилмаслик бугун адабиётда тағин кун тартибига чиқаётир. Образла­римиз жуда кўп гапирадиган вайсақиларга айланиб борма­яптими? Тушунарсиз ҳолатни тушунтириб бера­миз деб ўзимиз ҳам обдон уриниб ётганга ўхшаймиз».
Бу фикрлар асосли ва ҳаққоний­лигига шубҳа қилмайман. Аммо кейинги йилларда кўпчилик ёзувчилар кўнгилдаги гапларни тилига чиқа­ришга нега истиҳола қилишаётир?

– Энди, Жовли ака, сизам жуда ёқадан олмангда. Сиз тилга олган адибларнинг профессионал эканига шубҳа қилмаган ҳолда мен, масалан, Валентин Катаевнинг «Хаёл чечаклари» асарини мисол келтирай. «Хаёл чечаклари» шунақа нозик кузатишларга бойки, уни ўқиб роҳатланасиз, ғаройиб гўзалликларга ошно бўласиз. У ерда ҳеч қандай жамият муаммоси йўқ, ёзувчи ва ҳаёт бор, холос. Айтиш керак: «Хаёл чечаклари»ни филология ва журналистика факультетлари­да дарслик сифатида қўлласа бўлади. Таниқли шоир ва драматург Машраб Бобоев уни гўзал таржима қилган.
Паустовскийнинг улуғ рус рассоми Саврасов ва шогирди Левитан ҳақида ҳикояси бор. Ижодкор, унинг реал ҳаёти, дунёси, хаёлоти, моҳияти англашилади ҳикояда. Қаҳрамон биров билан курашмайди, душман орттирмайди, ёзувчи ҳам ортиқча ғоялар ортидан ўқувчини судрамайди, моҳият-мазмун, ўзга бир олам билан сизни юзлаштириб, гўё ўзи четда томоша қилади.
Ёзувчининг «Олтин гул» деган поэтик бир асари ҳам бор. Уни ҳам филологлар, ижодкорлар учун ўзига хос муҳим дарслик деган бўлардим.
Яна Катаевнинг Ленин ҳақида бир романи бор, номи «Девордаги кичик эшик» эди чоғи, Озод ака таржима қилган, 1987 йилда «Ёшлик» журналида босилган.
Биласизми, биз Ленинни кера­гидан ортиқ ёмон кўрамиз. Ўша пайтда ҳам зиёли қатлам ёмон кўрган. Ошкоралик йилларида гарчи «доҳий» асарларидан баҳраманд бўлсакда, туйқус унга нафратимизни пеш қилдик. Катаев бу «мода»га эргашмаган. Ленинни инқилобчи эмас, бир ҳаётий ташвишлар, турмуш азобларидан холи бўлмаган Одам сифатида қаламга олган. У китоб бўлиб чиқмади шекилли, агар ҳозир дўконда кўрсам, иккиланмай харид қилиб, тағин ўқиган бўлардим.
Адабиёт муаммошунослик ёки шаклбозлик эмас, санъат. У тарихийми, ижтимоий масалалар ёки инқилобий ёхуд диктатурани фош этадими, агар ёзувчи асарда маҳоратини тўла намоён этмас экан, публицистик даражада бўлиб тураверади. Бу – менинг, аввало, бир ўқувчи ўлароқ қарашларим.
Вафо Файзуллоҳ Франс Кафка­нинг «Отамга мактублар» деган биографик асарини ўзбек тилига таржима қилди. Таржимаям зўр чиққан. Очиғини айтай: «Жара­ён» романини ўқигандан кўра буни мутолаа қилиб кўпроқ завқ олдим, ёзувчи­нинг руҳига йўлдош бўлдим. Сабаби нима? У шундан иборатки, адиб, сўз санъаткори саналган бир инсон бу ерда ўз қалбини таржима қилолган, ўқувчига у юқмай қолмайди.
Жамият муаммоларини очиқ танқид қилиш адибнинг иши эмас, уни журналист ҳам эплайди, лекин уни бадиий асарга айлантириб, қойилмақом тарзда ифода этиб бериш – алоҳида бир иш.
Қодирий агар «Ўтган кунлар» романида Отабек ва Кумуш севгиси билангина чекланиб қолганида, балки биз муҳаббат ҳақида фалон ёзувчи ширин бир қисса ёзиб қолдирган эди, деб, эҳтимол, зўрға эслаган ёки эсламаган бўлардик. Севги фонида тарих, жамият дардини меъёрида (!) бадиий очиб бериш, айни санъат одамининг ёки биров эплолмайдиган сирли юмуши.
Шу маънода, профессионализм деганда камина қалбни ўртаб турган умумбашарий ёки ўзбекка, Ватанга хос дард-ҳасратни айтишни эмас, қай тарзда гўзал, йўлини топиб, моҳирона бадиий приёмлар, яна ўқувчи қалби билан боғланиб, яъни аввал ўзи рост ёзаётганига ишониб яратган асарни тушунади.
Сиз тилга олган адиблар бизга устоз, кўпчилиги дўстларимиз. Ҳамма ёзувчи ўз асарининг эътироф этилишию одамлар севиб мутолаа этишларини хоҳлайди. Аммо ўзи билан ўзи қолганда – қониқмайди. Ҳали ўзи хоҳлаган асари ёзилмаганини, энди ёзиши мумкинли­гини англайди.
Қодирий ҳазратлари ҳам «Амир Умархоннинг канизи» романига материал тўплаётиб, қўрқаманки, буни ўқиганлар аввалги «Ўтган кунлар» ва «Меҳробдан чаён»ни қўлга олмаслар, дея ташвиш чекади. Айни чоғда ушбу яратилажак роман фавқулодда зўр ёзилишига ичидан иқрор бўлади, демак, куч топади.
Профессионализм ўтириб олиб яратиладиган, ёнбошлаб олиб шакллантириладиган бир мўъжиза эмас. У ўз-ўзидан шаклланади, юзага келади, равшанки, икки-уч кунда содир бўлмайди.
Газета муҳаррири ёхуд нашриёт, масалан, 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига ширингина бир мақола ёзиб бермайсизми, деб буюртма беради. Ёзувчининг бу «ширин» мақоласи табиий равишда газетанинг биринчи саҳифасида берилади, қалам ҳақи билан рағбатлантирилар ҳам.
Албатта, муҳаррир сизнинг қўлингиздан бу иш ке­лишини билиб атай буюртма бераётибди, аксинча бўлса, нўноқ ёхуд ҳаваскор қаламкашга «ширин» бир асар ёзиб беринг, деб ўтирмас эди. Фожиаларга тўла бир замонни эслаб «ширин» нарса ёзмоқ – айрим муаллифларнинг қўлидан келади.
Бу борада мен бармоғим билан нуқиб Шукур Холмирзаевни кўрсатган бўлардим. Қўймадингиз, Эркин Аъзам ҳам буюртмалиги билинмайдиган, «ширин», аммо буюртма бўлсада, бировнинг хаёлига келмаган бир асар ёза олади, бошқалар ҳам, алалхусус, ўзимиз ҳам тўдага урамиз, аммо буюртма бўлсада, уни кўнгил ишидай, чин илҳом билан, юрак амри билан битилгандай қилиб эплаш – професионализм.
Ундайлар бизда кўп эмас, деганим, аслида, ўзимизни ёзғирганим, холос, бировга айб юкла­маяпман.
Бояги «бу дунёнинг ташвишларидан қўл силтаб, ижодга шўнғиш» масаласига бирров қайтсам. Хў-ўш, одам нега шундай таваккал қилолмайди? Нега ўзи шундай қилолмаймиз, ахир, Шукур ака бу зоҳидона ҳаётни бошлаб берган ва кам бўлмаган эдику?
Йў-ўқ, биз қўрқоқмиз!
Кези келганда Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев авлоди устидан ҳукм қила оламиз, кибрланиб кула оламиз, лекин кези келганда улар журъат қилган жасоратга қўл уролмаймиз. Жасорат керак.
Шу баробар давлат ишидан, демак, маошдан узилиб, бола-чақа қош-қовоғига қарамай, узлатга чекиниш учун, албатта, биринчи галда ақалли бир-икки йилга етгулик маблағинг, ёстиқни қоринга босиб, кўк чойни хўриллатиб ичиб ижод тафаккурига чўмиб, берилиб кетиш учун инсон ҳаммасидан кўра хотиржам бўла олиши керак. Шуниси муҳим. Хотиржамлик бўлмаса, киши ҳеч бир ишга таваккал қила олмайди.

– Матбуотдаги чиқишларингизнинг бирида ёшлар фаол эмаслигидан нолиган эдингиз: «Ҳозирги ёшлар катта бир оқим бўлиб юзага чиқаётганлари йўқ. Мен уларнинг аксарияти ўқимаслик касалига дучор бўлганидан қўрқаман. Ёзадилар, лекин ўқимайдилар. Бир хиллари эксперимент усулида бир балоларни ёзади, тушунтирчи, ўзи кимга ўхшаб, кимга эргашиб бунақа нарса битдинг десанг, елка қисади. Ҳолбуки, биз буткул бошқа замонга келиб қолгандек. Хабардорлик, огоҳлик керак.
Бадиий адабиётга бевосита тааллуқли бўлган анча-мунча адабиётлар интернетда ҳам мавжуд. Атоқли шоир Хуршид Даврон жуда кўплаб арзирли асарларни интернетга жойлаштирди. Буям жонкуярлик. Аммо ёшлар на интернет, на китоб­га эътиборсиз бўлаётгани чатоқ. Интернетга қизиқишади, лекин асарга, адабиётга эмас.
Йилда бир-икки марта ёшларнинг адабий кўрик-танловларида хизмат тақазосига кўра қатнашишга тўғри келади. Айниқса, шоир бўламан деган ёшлар ўқимаслик бобида ҳайратга солишади мени. Ўсмоқчилаб сўраб келсанг, Муҳаммад Юсуфнинг шеърларини ўқийман дейди, унинг ҳам китоблари номини билмайди. Аслида улар М.Юсуфни ҳам ўқимаган бўлади, радио ёки телевизорда шоир шеърлари билан айтилган қўшиқларни эшитган, холос».
Бу фикрларингизга мен ҳам қўшиламан. Ёшлар билан гурунглашганимда улар бугунги ижодий жараёнда фаол шоир ва ёзувчиларнинг ҳатто исм-фамилиясини билмасликлари мени ажаблантирди.

– Мактабда ўқиб юрганимизда ҳозиргидай адабий анжуманлар деярли бўлмасди. То ўқишга ҳужжат топшириб тўсатдан шоирларни учра­тиб қолмаганимизда, эҳтимол уларга қизиқишларимиз орқаваротдан, сирлигича қолиб кетармиди… Аммо бугун вазият бутунлай бошқача. Хоҳлаган ижодкор билан хоҳлаган кунинг, хоҳлаганингча суҳбатлашсанг бўлади.
Лекин, айтайлик, Хуршид Даврон, Мурод Муҳаммад Дўст, Назар Эшонқул ёхуд бошқа шу тоифа ижодкорларга «Илк қўлингизга қалам олишга ундаган нарса нима?», «Биринчи нима ҳақида ёзгансиз?» ва ҳоказо энсани қотирувчи «дежурний» саволлар билан жонига тегсангиз, яъниким, унинг асарларини ўқимаган бўлсангиз, баҳс юрита олмасангиз, қўлини силтаб жўнаб кетақолади.
9- ёки 10-синфдалигимда Низомий номидаги педагогика университети талабалари билан шоир А.Ориповнинг учрашуви телевизорда кўрсатилган. Ўша давр схемаларига мос уюштирилган бўлсада, барибир машҳур шоирнинг жонли мулоқоти ўта қизиқ эди. Чамаси Абдулла ака ҳали қирқ ёшга тўлмаган ёш йигит эди, бироқ тийран дард, теран фалсафа, кўнгилни жунбушга келтирувчи армонли шеърий мисралари тамоман бизни ошуфта қилиб қўярди.
Ҳозирги ҳаваскорларда ҳам шоир зотига шундай талпиниш, ижодий маҳоратидан ҳайратланиш туйғулари бормикин? (Бормикина?..)
Катта ижодкор бўлиш учун кўп ўқиш кераклиги бор гап. Аммо зинҳор ва зинҳор Навоий, Машраб, Огаҳий, Орипов ёхуд Муҳаммад Юсуф бирор имтиёз туфайли шоир бўлиб қолмаган. Ва ўз навбатида «зулфия»чи қизларимизнинг аксарияти тўтиқушдек сайраб «ватанпарвар» бўлиб қолишлари ортида, агар истеъдод йўқ экан – ҳеч нарса юз бермайди, яъниким йўқ истеъдодни бир мукофот бор қилолмайди, аксинча, бор истеъдод, гарчи у давлат мукофоти даражасида маъқул кўрилмаса ҳам адабиёт, халқ учун ёрқин воқеа бўлиб қолавериши мумкин. Бизнинг мукофотларимиз талантлардан устун туради, тескариси бўлиши зарур…
Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, яъни тилга тушган шоиру ёзувчиларнинг халқ орасига, шу каби олий ўқув юрти талабалари ичида бўлиши, мулоқот қилиши, керак бўлса, дарс ўтишлари фойдадан холи эмас. Айни замонда, виртуал тармоқлар кучайган даврда эҳтимол бунга эҳтиёж ҳам камайгандир.
Мен 8- ёки 10-синфда «Шарқ юлдузи» журналида ёзувчи Нурали Қобулнинг «Тубсиз осмон» қиссасини ўқиб ҳўнг-ҳўнг йиғлаганман. Талабалигимнинг дастлабки ойларида факультетимизда Нурали Қобул билан учрашув бўлган. Ҳаяжонланганимдан ҳушимдан кетаёзганман.
Бошқалар савол берган, мен ёзувчининг сўзла­рини тинглаганман, ҳаракатларини томоша қилиб ўтирганман…
Агар мухлисда, китобхонда чиндан ҳам ихлос бўлса, жонли мулоқот керак, устоз тажрибасидан улги олмоқ кони фойда. Мабодо, китобхон ким бўпти, буям бир одам, биологик мавжудот, нима қипти, гапирадида, деб меҳрсиз, беписанд қабул қилса, билингки, ундай жонли суҳбатдан сира фойда йўқ.
Ўйлайманки, биздаги ўқувчиларда ундай совуққонлик бўлмаса керак. Ижодкорларга ҳурмат, меҳр ва ҳаяжон доим балқиб туради.

– Айрим ҳикояларингизни жаҳон адабиёти класциклари асарлари каби севиб ўқийман. Мисол учун, «Миннат» асарингизни олайлик. А.Чеховнинг баъзи ҳикояларидан нимаси кам?
Асар тили ширали, ғашингизга тегмайди. Энг муҳими, ҳикояда оддийлик, табиийлик мавжуд, сунъийликдан холи: «Акамни, орадан олти йил ўтибди вафотига, энди-энди шундай қўмсайманки, Худо ҳаққи, агар ҳозир ҳаёт бўлганида, бўйнига осилиб тўйиб, бўкириб йиғлар эдим. Одам шундай эканда: тирик ва соғлом юрганида худди мангу шундай қоладигандек, сен ҳам ошингни ошаб, юз йил яшаб юраверадигандек туюлавераркан. Талабалигимда, Абдухолиқ акам ичимизда катта бўлгани учун даставвал бир кило конфет кўтариб уйига ўтардим, ўғил-қизлари­ни эркалаб ўтиришни хуш кўрардим». Ҳеч қийналмайсиз, қоқилмай-суқилмай, мурак­каб, атайин чалкаштирилган жумлаларга дуч келмай ўқиб кетаверасиз.
Ҳикояда характер яратиш – мушкул юмуш. Буни Шукур Холмирзаев каби наср усталари уддалашган. «Миннат»да Абдухолиқ характерига хос жиҳатлар унинг хатти-ҳаракатлари диалоглар воситасида очиб берилгандек. Ҳатто асардаги эпизодик персонажлар ҳам эсда қолади.
Лекин ҳайрон қолдирадиган жиҳат шундаки, бир неча қиссалар яратиб, ижодий маҳоратингизни синаб кўрган бўлсангизда, негадир бирорта романингиз нашр қилинмаган. Ўттиз ёшингизда давлат мукофотига сазовор бўлган эдингиз. Тўғри, ижодкор унвон олиш учун ёзмайди. Аммо… Ҳатто сизнинг ёшингиздан кичикроқлар ҳам илгари халқ ёзувчиси бўлишганлигини назарда тута­диган бўлсак, ижодий камолотигизда бироз кечикиш жара­ёни кузатилма­яптимикин?
Сиздек ёзувчи дунёнинг барча ижтимоий, маиший ташвишу ваҳималаридан қўл силтаб буткул ижодий машғулотга шўнғиб кетолмаётганлигига афсус чекаман. Ўзингиз нима деб ўйлайсиз?

– Мезон қисса ё роман ёзиш бўлмаслиги керак, чамаси. Одам ўзини бағишлаб, кучи, илҳомини аямай ёзиши, юзакиликка берилмаслиги лозим. Нуқтаи назарим, принципим шу. Аммо эпик кўлам билан ижод қилганларга, очиғи, ҳавасим келади. Толстой, Шолохов, Қодирий, Одил Ёқубовларни олинг. Қан­ча чигал тақдир, замон, макондаги мураккабликлар, ёзувчининг айни ўша қисматлардан ҳам устун келиб баён этиши… Бу – кучлилик белгисидир.
Романга ҳавасманд бўлганимга ўн беш йилдан ошди, дейлик, шу йиллар давомида қайсидир маънода унга уннаб ётаман, баъзан ҳафсаласиз­лик, ялқовлик устун келади, гоҳо ўтириб, чинакамига «чечилиб» ёзишга юмуш халақит қилади, умуман, баҳона кўп. Шукур акага ўхшаб «ҳайт!» дея ҳамма нарсадан воз кечиб узлатга кетиш, асли – жасорат. Шу боис маломат қилсам, бировдан эмас, ўзимдан ўпкалашим керак.
Ҳикояларимни эътироф этаётганингиздан хурсандман. Чунки бу гапларни оддий ўқувчи эмас, катта бир ижодкор, мунаққид айтаётибди. Кейинги чоғларда, вақт нуқтаи назаридан, ҳикоя менга қулайроқ туюлиб қолди. Ҳикояга сиғмаганларини йиғиб юраман, қани, кун келиб чоғроқ бир-икки романга жой бўлар.

– Ёзувчининг публицистикага мурожаат қилиши табиий ҳол. Чингиз Айтматов, Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов каби машҳур носирлар оташин публицист ҳам бўлишганини яхши биламиз. Ҳатто сиз ҳам йигирма йиллар аввал «Ўзбекистон овози» газетасида «Гоҳ ҳуқуқни билмаслик, гоҳ ҳийлаи шаръий» каби нордон тилли муаммоли мақола эълон қилган эдингиз. «Аччиқ, аммо очиқ гаплар» рукни остида босилган қарийб бир саҳифани эгаллаган мақолангизда жиноят йўлига кириб қолган кишилар хусусида ҳикоя қилгансиз. Яна кўплаб мақолаларингизга кўзим тушган.
Адиб публицистикаси адибга нима беради? Бой ҳаётий материалми ёки ёзилажак асарлар сюжетини қизиқарли қилиш йўлини очадими?
Балки ёзувчи публицистикага камроқ мурожаат қилгани, газета ва журналда узоқ вақт ўтириб қолмаслиги керакдир? Негаки, нашрлар нонини еб кун кечирадиган ёзувчининг бадиий асарларида публицистик руҳ устуворлик қилиб қолмасмикин?

– Ёзувчи публицистикаси бошқа журналистлар публицистикасидан, табиийки, фарқ қилади. Гап шундаки, адиб ҳаётга, жамиятга кўламдорроқ назар солади, воқеа-ҳодисаларнинг маънавий оқибатларига теранроқ разм солиши мумкин, шу боис у оддий репортаж ёки лавҳа уюштираётган журналистдан айрича фикрлаши муқаррар.
Чингиз Айтматов, Одил Ёқубов, Ўлжас Сулаймон, Андрей Вознесенский публицистикаси, суҳбатининг кўп шов-шувга сабаб бўлган ҳолларини кузатганмиз.
Бу адибга нима беради? Айтиш жоизки, кўп нарса! Аввало, жонли ҳаётга, кишилик жамияти муаммоларига яқин бўлади. Бироқ ёзувчи ҳаётга, модомики, ёзувчи кўзи билан қараркан, албатта, бошқа қарашлар қобиғидан четга чиқишга мажбур ва шунда у… журналистик замин ўзига торлик қилаётганини сезиб қолади. Ўз-ўзидан тушунарлики, айниқса, газетачиликда расмиятчилик мақоми кўпинча устуворлик қиладики, шу нуқтада аксарият адибман дегани журналистика қобиғидан чиқади. Самимийроқ, ҳаётийроқ, «одамгарчилиги» кўпроқ бир даврани қўмсаб қоласизку, шунда беихтиёр расмиятчиликни йиғиштириб қўяқоласиз. Ёки бутунлай хайр-хўш қиласиз.
Жуда жўн мисол айтай: икки дўстдан бири – Анвар Жўрабоев ёзувчи бўлолмади, Нурали Қобул журналист бўлиб қолмади.

– Сиз таниқли адибгина эмас, балки давлат ва жамоат арбоби бўлиб етишишингиз ҳам мумкин эди. Негаки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси аудиторияларида йигирма йиллар аввал сиёсий мавзуларда лекциялар тинглаганингизни яхши эслайман. Бундай нуфузли ўқув юртида таҳсил олиш ҳаммага ҳам насиб қилмаган.
Эҳтимол, демак, сиз Қўшработга ёки Тошкентнинг бирор туманига ҳоким ёки бошқа каттароқ мансабдор бўлиб кетсангиз бадиий ижод билан изчил шуғулланармидингиз?
Мисол учун, Чингиз Айтматов, Ўлжас Сулаймонов каби йирик, адабиётнинг таниқли намояндалари ҳам сиёсатчи, (бир неча давлатларда элчи) ҳам ижодкор сифатида довруқ қозонганлар.
Сизчи? Лавозим ижодий ишга халал беради, деб ўйлайсизми? Бугунги кунда ҳам хоҳ нашриётда, гоҳ сиёсий газетада ишлаб кўп вақтингизни ташкилий, югур-югур ишларга исроф қилиб юрибсиз. Ачинмайсизми?
Балки истеъдодларга ижтимоий ҳаётда фаоллик халал берар? Ёки ишламай ижод қилаётганлар­нинг йигирма-ўттиз нафарига ойига бир неча миллион сўм маош тайинлаш тажрибасини қўллаш керакмикин?

– Президент Академиясида ўқиганим рост. 1996-97-ўқув йилларида ўқидим. Мен билан раҳматли Муҳаммад Юсуф, шоир Ғулом Мирзо ўқишди. Биздан сўнг шоир Абдували Қутбиддин, ундан сўнг Қўчқор Норқобил ўқиди.
Гапнинг очиғи, Абдулла Орипов М. Юсуфга ва каминага академияга ўқиш учун тавсия бераётганида кейин раҳбар бўласизлар деб қизиқтиргани эсимда. Лекин на шоирлар, на бошқалар раҳбарлик орқасидан қувганини кўрмадим. 1997 йили аввалги Президент девонининг «резерв кадри» ҳисобланардик, ҳозир ҳам…
Ичимиздан вилоят ҳокимлари, вазирлар чиқди. Вақти келганда улар «Ёшлик» журналининг обунаси кўпайишига ёрдам беришди, шу боис вазир, ҳоким бўлган биродарларимдан ҳануз хурсандман. Бироқ бугунга келиб деярли барчалари «резерв кадр»га айланиб қолишди.
Ким билсин, замон – ёшларники бўлди чоғи. Бир кун келиб ёзувчилар ҳам ёшлардан бўлсин, катталар йиғиштирсин, дейишмаса бўлгани.
Албатта, буку ҳазил. Ёзувчи, шоир ўлгунича пенсия сўрамайди. Аммо ижодкор дегани бора-бора хашакилашиб кетмасмикин?
Хавотир оласанда одам. Мана, санъаткорман дегани ёши каттароқлари ҳам хашакилашди, айтаётган қўшиғини кўриб, тинглаб қўл силтаб қўя қоласан. Йўқ, бу билан на гаплашиб бўлади, на қўшиғини тоқат қилиб тинглайсан. Мени хавотирга соладигани шу.
Ўзбек ёзувчиларидан арбоб чиқмади. Йўл беришмади чоғи. Айтматов, Сулаймонов, Шохонов элчилик қилган жойда ўзбек ёзувчилари ҳам элчилик қила олишарди. Ёзувчи, шоирни яхши кўриш учун катта раҳбар адолат­ни сева олиши лозим. Ҳу­сайн Бойқаро давлатчилик тизимида Навоийнинг ақлига, адолатига суянганини ўқиганмиз. Шу маънода ўзбек давлат ишида адиблар аралашган. Мирзолик, котиблик, маслаҳатчилик қилишган. Бобурдек инсон шоҳ ва шоирлик мақомига кўтарилди.
Мансаб ва пул ижодкорга ортиқчалик қилмайди. Қайтанга рағбат, илҳом бериши мумкин. Лекин агар ижодкор ҳоким бўлиб қолса, аниқ – у ижодкор сифатида ўлади, тамом бўлади. Мана, ҳокимларимизнинг аҳволини кўринг, тепадан уриш, сўкиш эшитгани-эшитган, бу ёқда эса халқнинг қарғиши, «ичиб қўйди – еб қўйди» деган маломатларичи.
Бугун, – билмадим шунақа ишхона-идора бормикин, – бемалол ишга бориб келсанг, 4-5 миллион сўм маош олсанг, кечқурун уйда, бола-чақанг билан дам олсанг, шанба, якшанба кунлари ижодга вақт топсанг, касал қариндошингни кўриб келишга оғринмай вақт, пул тополсанг, қариндошинг тўйига бориб ёнида туролсанг, фарзанд, невара тўйларига қатнашсанг.
Сени оқсоқол, ёшингни катта деб тўрга ўтқазишса, билмадим, ҳурмат-иззатнинг тағин қандай мезонлари бор…
Хуллас, одам, шуларнинг бир аъзоси – ёзувчи бахтли яшаши учун жуда кўп нарса керак эмас.
Фақат ижодкор ҳам сиёсатнинг қўшиғини айтса, умр бўйи хизмат қилсаю, охирги кезда худди Абдулла Ориповга ўхшаб «кераксиз» ижодкорга айланиб қолиш алам қилади. Икки дунёнгдан ҳам рози бўлмайсан. Сиёсат яхшидир, эҳтимол. Лекин адолатсизлик қилатуриб адолатсизлигини ҳеч вақт бўйнига олмайди, сен ҳам, зинҳор уринма – бўйнига қўёлмайсан…
Тинч, қариндош, фарзандларинг эъзозида ўлим топсанг – бахтли яшаб ўтганинг. Кўп замонларда бундан ортиқчаси ортиқча бўлган…
Ўйлаб-ўйлаб зўрға эсладим, ўша вақтларда шиддат, ғайрат кўп эканда одамнинг бир-бирига эътибор, ҳурмати ҳам кўпроқмикин…
Катта ёшдагилар, оқсоқолларнинг бир-бирини эъзоз­лашгани, матбуотда – буни эътироф этишганиниям кўрганмиз. Оқибатли одамлар даври экан. Ҳа, ўша устозлар минг қилганда ҳам мазмунли ҳаёт кечи­ришди, ўтганларини Аллоҳ раҳматига олсин.
Оқибатлиликда гап кўпда, шундай эмасми?

– Менинг «Шириндир азоби севгининг» (Ада­бий-танқидий ва публицистик мақолалар) деб номланган китобимдан таниқли шоир Салим Ашур билан Сиз ёзган сўзбоши ўрин олган. Буни эслашдан муддао маҳоратли адибгина бўлиб қолмай, ўшанда сизнинг асарлар, улардаги образлар моҳиятини нозик ҳис эта оладиган адабиётшунос сифатидаги қобилиятингиз ҳам намоён бўлган эди.
Яхши эслайсиз, бурунги катта ижодкорлар – Одил Ёқубов, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов, Ўктам Усмонов ва бошқалар ҳамкасб ёзув­чиларнинг роман, қисса ва ҳикояларига муносабат билдириб туришар, адабий нашрлар у ёқда турсин, сиёсий газета ва журналларда ҳам мақолалари босилиб турарди.
Бугунги кунда негадир Исажон Султон, Абдуқаюм Йўлдош, Шодиқул Ҳамро сингари истеъдодли ёзувчилар кейинги йилларда нашр этилган «семиз» ва «ориқ» китоблар хусусида лом-мим демаяптилар. Нима деб ўйлайсиз, фикр билдириш, илмий ва эстетик таҳлил қилиш фақатгина адабий танқид(чи)нинг юмушими?

– Ёзувчига бу борада нима дейсиз, деб турткилаш, албатта, ноқулай бўлар. Лекин, биласизми, агар сиз ушбу адиблар билан бевосита кўришиб қолсангиз, бирор сабаб билан дуч бўлсангиз, ўз-ўзидан адабиёт ва айни пайтда ёзилаётган мавжуд асарлар хусусида сўз кетади. Табиийки, юқорида Сиз тилга олган ва бошқа адиблар ҳамда уларнинг асарлари ҳақида фикрлар айтилади. Ҳеч кутмаган ва бемалол танқид руҳидаги гаплар бўлади. Бироқ буни бирор нашр учун сўзлашни сўрасангиз, у жуда «одобли» одамга айланади. Атайлаб шу ишни орқага суради ёки бутунлай бош тортиб қўя қолади. Ўзаро даврадаги фикр бошқа, матбуотдагиси бошқа. Андиша кўпинча принципиал гапни расман айтишга йўл бермайди. Бу ҳолатни ҳам табиий қабул қи­лиш керак чоғи. Навоий ҳазрат ёзгани каби ҳар рост­ни сўзлаш ҳам дуруст эмас. Сиз яхши биласиз, Лев Толстой Достоевскийдай буюк ёзувчининг, Шекс­пирдек улуғ драматургнинг деярли барча асарларини пўстагини қоқиб ташлаган, аямай танқид қилган. Бироқ Толстой танқид қилдику деб биров на Шекспирдан, на Достоевскийдан воз кечган ёхуд ихлоси сусайган эмас. Бундан Толстой, Достоевкий, Шекспир даҳосига заха етмаган. Бу даҳо ёзувчининг қатъий адабий принципи ёки улар даҳоси қошида ғаши келгани белгисидир – буни ҳар ким ҳар хил тушуниши мумкин. Аммо ўтган асрнинг 80 йилларидаги каби асарларга қизғин муносабат билдирилмаётгани бор гап.
Назар Эшонқул бир мақоласида бизнинг авлодни авлод деб атаб бўлмаслигини ёзғирган. Маълум бир адабий тамойил, аъмолларни биргалашиб ёқламасликла­рини танқид қилган. Сусткашлик бор нарса, аммо бутун бир ўн йилликларни яшаб, ёзиб, керак бўлса, шу орқали ўзларининг жамиятга, ҳаётга, мавжуд тузумга муносабатларини билдириб, маълум маънода бошқа қарашларга, шаклларга интилаётган ўнлаб адибларга бир хилда баҳо бериш, балки тўғри эмасдир, менга шундай туюлди.
Ҳозирги етмиш ёшли ёзувчилар билан суҳбатлашганингизда ҳам тенгқурлари асарларини оғзаки суҳбатда бемалол танқид қила­веради, лекин шу фикрининг расмий тус олишини хоҳламайди, холос. Биз мансуб 50-60 ёш теграсидаги ижодкорларда ҳам худди шу «касаллик» мавжуд. Бу яхшими, ёмонми – бир нарса дейиш қийин. Бироқ бир нарсани аниқ айта оламанки, булар аввало бир-бирларини ҳурмат қилади, асарларини ўқиган ва ўз позицияларига эга. Адиб адибнинг асарини ўқимай туриб уни писанд қилмаслиги – ёмон қусур. Афсуски, ҳаётда бундай ҳодисаларга дуч келганмиз…
Жовли ака, ушбу суҳбат доирасидан чиқиб яна кўп фикрлар баён этиш мумкин экан. Аммо бу алоҳида суҳбат бўлгани тузук. Вақт топиб, ҳафсала қилиб шу гапларни айтишга ундаганингиз учун Сизга ташаккур!

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 6-сон