Тўхтамурод Рустам. Пифагор теоремаси (ҳикоя)

Ҳаммаси мана шу шўртумшуқдан чиқди. Ибоддан.

Доғ-дуғи, маза-масаллиғи — барча-барчаси соз, дўсту душманнинг иштаҳасини қитиқлаганча бир чиройли димланиб турган маслаҳатли ошга нуқул биров айтса-айтмаса бурнини тиқиб, итгаям солиб бўлмайдиган қилавергач, шўртумшуқ бўлмай ким бўлсин ахир бу Ибод афандим?!

Мана, бу сафар ҳам худди шундоқ бўлди: жуда унақа беҳиштникидек эмаса-да, ҳар қалай оғизга олишга ярайдиган овқатга ҳали дам емасидан Ибод тумшуғини суқдию…

Йўқса тинчгина ўтиб кетишаётган эди-я. Манави бозоринг сингур қовоқхонани зиёрат қилиш хаёлларида ҳам йўқ, кайфиятлари ҳам кўнгилхушлик тусайдиган даражада эмас — хуфтон; ҳазилми, ахир, нақд давлат имтиҳони турибди-я қучоқ очиб кутиб, порлоқ 2000 йилда ҳам, келгуси беш йилликда ҳам, ҳеч бўлмаса индинга ҳам эмас, эртага; юқоридагига ўхшаш ҳу зулматли 1913 йилни ёдга солувчи тушунчалар («қовоқхона», «зиёрат»…)га сиғиниш эса ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаган, ҳа; тонгдан шомга қадар ҳатто итлар ҳам: «Эртага — имтиҳон», деб акиллаётгандек туюлаётган бундайин кунда-ку асти қўяверасиз, йўлингни мушук кесиб ўтиши бир чеккада турсин, тирикчилик ғамида пирр этган чумчуққа ҳам ширр этаверганидан кейин юрак, бу бошоғриқ кун таърифига бўлак изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак, сўнг ким ҳам буни изоҳларди, кимнинг ҳолию тоқати бор экан бунга, ахир эртага имтиҳон-ку, имтиҳон-а эртага; бу эртанинг эшик қоқишига ҳам ҳм… ҳозир ўн тўққизу эллик тўрт, демак, бир, икки, уч… у-у, ҳеч қанча қолмабди-ку!..

Жимгина, бир яхши кетишаётган эди-я, унинг дилида ҳатто: «Хайрият-э, жилла қурса куннинг ниҳоясини ўзим истагандек ўтказадиган бўлдим-а», деган умид ҳам учқунловди. Шунақа оламшумул, амалга ошиши мушкул нарсани истаган экан-да у: илк марта, яна ўз ихтиёри билан икки соат, атиги икки соатни куни кеча, шунда ҳам дадажонисининг ўша руҳ бағишловчи ваъдасидан сўнг, оила аъзолари кўмагида излаб топилган муқовасини сичқон кемирган дарслик устида ўтказишни…

Мактабдан чиқиб, одатдагидек, илма-тешик тахта девор билан паналанган «оғиркарвон» қурилишни кесиб ўтувчи қисқа йўлдан юришди. Шундоққина қурилишга келиб туташган ташландиқ нон дўконини айланиб ўтиб, одатдагидек суви қайнаган чойнак мисол ғувиллаётган катта, серқатнов кўчага бурилишган эдики, кўзлари кема шаклида қурилган ҳайбатли бино билан «кема» тумшуғидаги тилла ҳалда битилган, йилтираб нигоҳни олаётган «Маликаи Қурбақа» деган таниш ёзувга тушди. «Кема» одатдагидек гавжум, юқоридаги ранго-ранг байроқчалар билан безатилган кенг саҳнга олиб чиқувчи чархпалак зиналарда одам қайнамоқда эди. Мусиқани ҳам бор бўйи варанглатиб қўйишибди, кўчага энди бурилишганида базўр чалинаётган эди қулоқларига, «кема»га яқинлашганлари сайин кучайиб, кўчанинг кар қилувчи «ғув-ғув»ини ҳам ямлаб юборди-ку ҳатто.

Мана, яқинлашиб ҳам қолишди улкан «кема» остонасига улар, атиги бир неча одим ва узоқлаша бошлашади ундан, узоқлашганлари сайин мусиқа садоси ҳам пастлаб боради ўз-ўзидан, пастлаб, пастлаб охири сўнади-да, олам узра ҳокимлик яна ўша бемаъно «ғув-ғув» чангалига ўтади… Ҳозир… ҳозир… мана, у ўтди чархпалак зиналар қошидан гўёки бепарво, ўз хаёллари билан банд; мактабдан чиққанларидан бери ёнида бошини ҳам қилганча чурқ этмай келаётган Севара унинг Севараси ҳам ўтди; аммамнинг бузоғидек ҳаммадан кейинда судралиб келаётган Ибодни имлаб чақирганча уларнинг кетидан тез-тез қадам ташлаётган Шаҳноза ҳам ошди бу кўз илғамас сарҳаддан; битта ўша мазасини татиб кўрилмаган овқат қидирибми, ёки бир-бирига зарпечакдек чирмашиб кетган юқоридаги паст-баланд қораларга суқи келибми, ортда қолган Ибод, ҳа, ўша тумшуғингни ел учиргургина қолди. Ҳозир, ҳозир у ҳам…

— Қаёққа?

Ҳатто мусиқани ҳам бир лаҳза гаранг қилган бу қичқириқдан сакраб тушди у. Ортига ўгирилди: Ибод, бўлак ким ҳам бўларди. Чопибдилар оёқларини қўлларига олиб, тиллари ерга тегай-тегай деб осилиб қолибди.

— Ҳа, қаёққа? — дея такрорлади Ибод ҳарсиллаб.

— Қаёққа экан?! — деди зарда билан у. — Билмадик! Сиз юрагингизни суғуриб, олдинга ўтиб йўлимизни ёритармикансиз, деб кетаётувдик ўзи!

— Э, қўйсанг-чи, Тўлқин! Бўлди-да, етар энди шунча мотам тутганимиз. Ўйлаб кўр ўзинг. Уйга борганимиздан фойда йўқ-ку барибир, нимаям кирарди каллага шу тобда? Яхшиси, бирпас ўтириб, чарчоқни ёзиб…

Вой, қанақа одам ўзи бу, биров ўламан деса, куламан дейди-я! Юракка қил сиғмай турибди-ку, қанақа хурсандчилик тўғрисида гап бўлиши мумкин?!

— Вий, ростданам, нима қиламиз ҳозир уйда? Музқаймоқ еб, музика эшитиб, озгина дам олиб кета қолайлик. Ҳеч бўлмаса анови кинонинг ҳиссаси чиқадику. А? Болалар!..

Ў-ў, буни у Шаҳнозадан ҳўв Ибод гапга оғиз жуфтлаган чоғдаёқ кутган эди. Бўлмаса-чи, кимсан — Ибод афандим ўртага таклиф киритарканлар-у, Шаҳнозахон оғизларига мум солиб, жим турсинлар эканми? Ҳаммадан бурун бу таклифга у киши овоз бермай, ким овоз берсин тағин?! Хайриятки, Ниагара шаршарасими ё Гхўр ботиғими дуч келмади йўлларида. Акс ҳолда, Ибод афандим сўзсиз: «Келинглар, ташлаймиз ўзимизни пастга», деган таклиф киритган бўлардилар ва шу заҳотиёқ, ўйлаб ҳам ўтирмай: «Вий, ростданам! Қандай яхши-я!», дея сакрардилар бу жаҳаннамга Шаҳнозахон. Чунки, биладилар: қанот боғлаб учиб келади барибир орқаларидан Ибод афандим, ҳавода илиб олади ва улар икковлон парвоз этишади осмону фалакка, булутлар бағрини ситиб жилва қилаётган офтоб томонга; биргалик ҳамда парвоз завқидан масту мустағриқ, қанотлар иссиққа нотоб сақич билан бириктирилганини ҳам, бу тўғрида огоҳлантирувчи машҳур афсонани ҳам унутишади…

— Тўлқин, нега жимиб қолдинг? Гапирсанг-чи, нимага келишдик? Севар, ўзинг айт?

Уч жуфт нигоҳ бошини бир тарафга хиёл солинтирганча жим ер чизиб турган Севарага қадалди. Нечоғлик умид, нечоғлик ишонч билан тикилди унга Тўлқин — тилга ўнғайроқ бирор ибора топиш мушкул бунинг таърифига! Албатта, албатта уни ёқлайди-да Севар, «Ўйлаб гапиряпсанларми шуни? Йўқ, уйга кетамиз, имтиҳонга тайёрланиш керак ҳали», дейди бирор ким ёки бирор нарсадан норози бўлган пайтларидаги каби чиройли чимирилиб; айнан шундай демаса-да, шунга яқинроқ гап қилади, лекин чимирилиши аниқ — фақат унга, унинг тимқора кўзларигагина мос қалин қошларини камон каби тортиб, сутга чайилгандек оппоқ чеҳрасига зеб бўлиб тушган ингичка лабларини хиёл чўччайтириб… Бўлакча бўлиши мумкин ҳам эмас! Ўзидан ҳам яхши билади-ку Тўлқин Севарани — уни сўзсиз тушунувчи дунёдаги ягона одамни! Шундай экан, ҳаммаси Севар айтгандек бўлади, ҳа, ҳа, фақат Севар истагандек!.. Ибод ким бўлибди, Шаҳноза ким бўлиб қолибдики жуда, уларнинг гапларию тумшуқларидек бемаза таклифларига қулоқ солиб?.. Мана, Севар… Севар…

— Менга барибир… Майли, розиман.

— Вий-й, Севар!—деди Шаҳноза чапак чалиб. — Қандай яхшисан-а!

— Ура!—дея ғўлдираб ирғишлади кўкка Ибод ҳам. — Олға, инсон қулочи етмаган соҳиллар сари!..

Хаёллари чалкашиб, Севарага анграйиб қараганча худди бўйнига арқон солиб судрашгандек эргашди уларнинг кетидан Тўлқин. Чархпалак зиналардан юқорига қандай кўтарилишганини ҳам, ўзларининг бахтга қарши бўш турган бурчакдаги ўша доимий жойларига қандай бориб ўтиришганини ҳам билмайди. Фикри равшан тортиб, қулоғи атроф ғала-ғовурини фарқлай бошлаганида Ибод Шаҳнозага рўпарасида ҳадеб бир балоларни чуғурлар, Шаҳноза бундан Ибоднинг пинжига кириб кетгудек энгашиб пиқир-пиқир кулар, шундоқ ёнгинасида эса юқоридаги суҳбатга мийиғида жилмайганча тақсимчадаги музқаймоғини чўқилаб Севара ўтирарди.

— Тўлқин, ўзинг айтсанг-чи бунга, — деб қолди Ибод худди унинг ўзига келишини пойлаб тургандек. — Сира ишонтиролмаяпман буни ҳўв узоқ йили колхозга ёрдамлашгани бориб, битта эшакдек хўтикнинг жиннисини чиқарганимизга. Эсингдами? Эҳ, қизиқ бўлганди-а росаям!..

Уҳ, бу Ибод, Ибод!.. Энди эсига тушди: куннинг ҳаром бўлишига ҳам асл сабабчи шу экан, ҳа, худди мана шу Ибод! Ахир йўлни мактабга буриш фикри айнан ундан чиққан эди-ку? Тўғри, бошда эриш туюлмаган эди унга бу таклиф сира ҳам, аксинча, ёқиб тушувди ҳатто, Ибоднинг топқирлигига таҳсинлар ўқигандек ҳам бўлувди ичида: «Миянгга қойилман!», деб. Аҳмоқ бўлмаса… Демак, асл аҳмоқ унинг ўзи экан-да? Асл аҳмоқ ўзи бўлгач, ҳозир мана бунақанги қовоқ-тумшуғи осилиб ўтиришига ҳам… Йўғ-э, унчалик эмасдир-ов. Мана, ўзингизга ҳавола: шанба эмасми, кичикдан каттагача — ҳамма уйда, якшанбада имтиҳон эканлиги ҳам, имтиҳон арафаси муаллимлар одатдагидек «маслаҳат оши» ўтказишлари ҳам маълум барчасига, барибир қўйишмайди уйда бемалол оёқни узатиб чўзилиб ётишингга, минг: «Ўқийман, тайёрланаман», дея қасам ичган тақдирингда ҳам барибир ҳайдашади: «Мактабни тартиби ўйинчоқ бўлибдими сенга», деб, шу боис келишишган эди ўтган куни «Маликаи Қурбақа»да, айнан мана шу стол атрофида шанба эрталаб тўртовлон бир ерга йиғилишга, тайинки, мактабга бориб бошни оғритиш учун эмас, албатта; лекин пешоналарига шундай қисмат ёзиб қўйилганлигини ким сезибди, дейсиз?! «Бақаҳовуз»да кетаётган янги ҳинд фильмига олиб тушишнинг ваъдасини Ибод қилган эди ўша куни, у ҳам келиб-келиб тушдан кейинги томошага олибди паттани, нима қиларларини билмай гарангсираб қолишди. Соат энди ўн ярим, бир дунё вақт бор ҳали томоша бошланишига. Бирор жойга кириб ўтира турайлик, дейишса аксига олиб ҳаммаёқ ёпиқ, тушга яқин очилади музқаймоқхоналар ҳам. «Балки борганимиз дурустдир-а мактабга? — деб қолди туйқус Ибод. — Вақтниям ўтказардик, кейин анави ибн Хитобнинг кўзига яхши кўринганимиз ҳам қоларди. Мана кўрасанлар, тўртталамиздан бўлак ҳеч ким келмайди, тушдан кейинги томошага олмагандир ҳамма билетни… Яхши бўлади ўзимизга эртага имтиҳонда».

Бошқалар нимани ўйлашди — билмайди-ю, лекин Тўлқиннинг ёдига шу тобда лоп этиб дадажонисининг тунов куни берган ваъдаси тушди: «Агар шу йилги имтиҳонларда ерга қаратмасанг юзимни… Ўша орзуим ушалди, деб ҳисоблайвергин!..»

Шу куни оиладаги каттаю кичик оёққа турғазилди, ваннахона, қазноқ, ошхона, каравоту хонтахталарнинг таги илма-тешик қилиниб, сиртини икки энли чанг қоплаган, саҳифаларига сувараклар «дастхат» қўйиб ташлаган дарсликларнинг барчаси жамланди. Ҳазилми ахир, илк дафъа қўл узатса етгудек жойда турибди Тўлқин ўзининг қитмир орзусидан. Ҳеч бўлмаса шу сафар «таклиф» этишмаса бас муаллимлар дадасини мактабга ва қарабсизки, йилт янги, мойи артилмаган мотоцикл гижинглаб турибди-да унинг тагида! Бунинг учун эса… ҳа, ўша — ўқиш, тайёрланиш… Кошки, бир мартадаёқ миянгга ёпишиб, ўрнашиб қолса экан ўқиганинг. Салкам бир соат ўзини мажбурлади кеча, уч ярим саҳифалик бобни ўқиб туширди, хўш, миясида нима қолди? Қайси китобни ўқигани ҳам ёдида йўқ-ку ҳозир. Лекин Ибоднинг гапида жон бор-ов. Ким билсин, эртага имтиҳон саволига миқ этолмаса-да, «маслаҳат оши»да қатнашганига ҳиммат кўрсатиб, баҳони унга салгина ошириб қўйса ибн Хитоб? А? Таваккал-да!..

Боришди. Ў-ҳў! «Тўртталамиздан бўлак ҳеч ким…» эмиш! Қаёқда. Тумонат одам. Ҳойнаҳой улар ҳам: «Ўзимиздан бўлак ҳеч ким…», дея хаёл қилишган-да, ибн Хитобнинг марҳаматини банд этишни ўйлашган. Ҳа, чилпарчин бўлди сўнгги умиди ҳам. Лекин на илож, ортга йўл йўқ энди, аллақачон тўсган уни жамоат жам бўлгани ҳамон мушти билан оғзини бекитганча «ўҳў‑ўҳў» қилиб, синфга кириб келган ибн Хитоб, тўсиб, бошлаб юборган терговни, ҳа, ҳа, терговни, зеро, бўлак сўз топиш мушкул бу мунофиқлик таърифига! Нима эмиш, соғиниб қолганмишлар уларни шунча кундан бери кўрмай, овозларини эшитмай, қўмсаганмишлар уларнинг бири-биридан бурро жавобларини, яна уларнинг ўйлашича, ўтган бир ҳафта вақт етарли эмиш бутун бошли қомусни ёдаки қилишга ҳам, лекин бугун улар ўнг ёнлари билан турганмишлар уйқудан, шу боис битта, бор-йўғи биттадан савол берармишлар уларнинг ҳар бирига, кимки жавоб берса… Битта имтиҳон бўлса шунчалик бўлар-да, э! Кошки бирор инсон қойиллатиб ташлаган бўлса жавобни шу «бор-йўғи битта» саволга ҳам. Мана, ниҳоят ўтиб-ўтиб Тўлқинга ҳам етиб келди тергов навбати.

— Қани, бир Пифагор теоремасини таърифлаб юборинг-чи, — деди ибн Хитоб икки қўлини қорни узра қовуштирганча курсида ястаниб.

— Ҳм, тушунарли… Ҳануз ўша-ўша, ҳеч бир ўсиш йўқ. «Ишқи йўқ эшак — дарди йўқ…» Жим! Нима кулги! Бошқаларга ҳам тааллуқли бу гап. Ўша Пифагор ҳам сенларга ўхшаган одам бўлгандир ахир. Майли, у ўйлаб топибди-ку, наҳот шу икки қатор нарсани бирбирига уриштириб айтиб бериш ўлимдек қийин бўлса? Ҳозир дарслик опкелиб тарқатаман, кимки ўқиб жавоб берса — йўли очиқ, — дедию эшикни устларидан қулфлаб, чиқди-кетди ибн Хитоб.

Шундан сўнг нималар содир бўлди синфда — буни тасвирлаш учун камида ҳинд киночиларига хос иқтидор лозим. Ушбу бетакрор, ажабтовур томошада энг кўп олқишга лойиқ ролни ўйнаган шу Ибод бўлса кераг-ов. Оҳ, унинг минг машаққат ила топилган, эндиликда куйиши аниқ патталарни тавоф этиб, тўккан кўзёшлари! Мана, эндиликда шу одам худди ҳеч нарса бўлмагандек, оғзи қулоғида илжайиб, ҳиринглатиб ўтирибди қаршисидагиларни. Қойил-э!.. Ҳозиргина оғзини тўлдириб бир балоларни валдираётган эди-я, ногоҳ овозини ўчирди-да, тиккага тикилганча ҳайкалдек қотди. Шаҳноза ҳам сергакланди. Севара ўтирган жойида орқасига ўгирилди. Орқа ўгириб ўтирган эса-да, сезди Тўлқин: оқ кўйлак, капалакнусха бўйинбоғли қўнғизмўйлов йигит пайдо бўлган даврада, ҳозир у: «Ғойиб Шеърхон ҳамда «Така-тум» группаси!», дея эълон қилади тантанавор ва бутун кемани қулоқни кар қилувчи бўғиқ мусиқа садоси қоплайди, зум ўтмай бу мусиқага эшикнинг ғийқиллашига ўхшаш ҳирқироқ овоз ҳам жўр бўлади:

Тун… Тун… Тун… Тун
Оҳиста қўнди бизнинг ҳобгоҳга, ҳе-э-эй!

— Ҳе-э-э-эй!!! — дея оёққа қалқиб қўшилди Ғойиб Шеърхонга бутун «кема», бир-бирининг елкасига қўлини ташлаганча турган ерида тўлқиндек чайқалар экан.

Ибод, Шаҳноз, Севар ҳам бараварига қўзғалишди ўринларидан, тумшуғини столга тираганча бепарво ўтирган Тўлқинга анграйиб қарашди.

— Сенга нима бўлди? — деди Ибод кўзлари ғалати олайиб.

— Нима бўпти? — дея жаҳл билан бошини кўтарди Тўлқин унинг саволидан энсаси қотиб.

— Ўзинг айтувдинг-ку, Ғойибни «буюкларнинг буюги», деб…

— Қачон? Қаерда?

Тўлқиннинг гап оҳангидан ўзини йўқотди Ибод.

— Қ-қачон бўларди… — деди дудуқланиб. — Ў-ўтган куни-чи, х-худди мана шу жойда-да.

Ўтган куни?! Тўнка-ей! Ўтган куни айтган бўлса — айтгандир, балки чиндан ҳам буюк бўлгандир ўша куни Ғойиб. Лекин бугунга келиб ўзгарди-ку вазият, Пифагор эгаллади-ку буюклик меҳробини ўша ўзининг теоремаси билан. Ҳақиқатан ҳам, жуда ғалати-да, ўзлариникидек кўз, қулоқ, бурунли одам бир пешонасини тириштиришда ўйлаб ташлаган нарсани улар шунча ўқиб ҳам ёдаки қила олишмаса. Фақат буюкларнинг буюгигагина хос-ку бу!.. Ким билсин, эртага имтиҳонда битта бўлсаям саволга жавоб бериб, ҳеч бўлмаса «уч»га илинса, шундай буюклик тожини Тўлқиннинг ўзи киярмиди… Ҳа, нима, қўлидан келмас эканми? Тўғри бурчакли учбурчак… ҳалиги,.. ҳа, гипотенузасининг квадрати ҳалиги… ҳаҳ, отинг қурсин, нима эди… Ишқилиб-да. Мана, марҳамат, ярми бўлсаям қолган ёдида. Агар манави жинбазмга кирмай, уйга бориб тайёрланганида… Ўҳ-ў!.. Эҳ-ҳ, ҳаммасига, ҳаммасига мана шу… Ий-э, қани Ибод? Шаҳноза ҳам кўринмайдику? Қай гўрга ғойиб бўлишди улар бир зумда?

Тўлқин хаёли чувалашиб, атрофга аланглади. Шунақасиям бўларкан-да, а, ҳозиргина туришувди-ку иккаласиям қаршиси… Эҳ, ҳа, мана қаерда экан улар! Балли, балли. Тушинглар, тушиб қолинглар-а ўйинга беармон! Ҳа, сакранглар, сакранглар! Кўрамиз, эртага имтиҳонда ҳам шунақа дикирлармикинсизлар ибн Хитоб созини қўлига олганда. Кўрамиз, қанақа…

— Тўлқин… — деган паст овоз бўлди ногоҳ унинг фикрини. Овоз келган тарафга ўгирилди. Севар. Нигоҳи — ерда, қўлидаги қошиқчаси билан ликопидаги эриб сувга айланган музқаймоғини чуқилаяпти ҳануз. — Тўлқин, — дея такрорлади қиз ва кўзларини ердан узиб, унга тикди. — Юр, тушайлик ўйинга.

Эрталабдан бери туз тотмаган эса-да, туйқус бир нарса келиб тиқилди Тўлқиннинг томоғига. Тиқилдию… бирдан эсига тушди: мана, мана ким айбдор шуларнинг ҳаммасига — Тўлқиннинг буюклик тожидан қуруқ қолишига ҳам, томоғига туйқус бир нарса келиб тиқилишига ҳам, эрталабдан бу ёғига туз тотмаганига ҳам! Қўйдек ювош Ибодни айблаб ўтирибди-я, вой, номард!..

— Ўйин? — дея ўқрайиб қаради Тўлқин Севарга. — Қанақа ўйин? Музқаймоғингни есанг-чи. — Шундай деб, кўзини қиздан олиб қочди.

Эҳ, Севар, Севар! Наҳот, бир оғизгина «Йўқ», дейиш шунчалик қийин эди? Ибод, Шаҳнозалар ўз йўлига, лекин сен… Қанақа ишонган эди-я сенга Тўлқин! Не-не орзуларга борган эди-я сен учун. Фақат сени, сени ўйлаб! Ахир, орзуси ушалиб, қўлига мотоцикл тегса кимни учирарди унда, тоққа, қир-адирларга кимни олиб чиқарди? Ахир, сенинг ҳам орзуинг эмасмиди табиат қучоғига сафар этиш, қир-адирлар бағрида яйраб ўйнаб, гул-чечаклар бўйидан баҳра олиш? Ахир…

— Яхши қиз, таклиф қилсак бўладими ўйинга?

Уф-ф, намунча бўлишди бугун Тўлқиннинг фикрини?!

Шундоққина тумшуғи тагида Севарага қўлйни чўзганча тиржайиб турган пўримга норозиланиб тикилди у. Ҳа, ўзи сен етишмай турувдинг шу тобда!

— Хоним тушмайдилар рақсга! — деб қизнинг ўрнига жавоб берди Тўлқин хиёл увишган оёқларини стол тагига узатаркан.

Ялт этиб қаради унга Севар.

— Ростдан-а? — деди қошларини ғалати учириб. Сўнг ўгирилиб, ҳануз қўлини чўзганча тўрсайиб турган пўримга кёфтини тутди: — Марҳамат!

Пўрим йиғламоқдан бери бўлиб, курсига михланиб қолган Тўлқинга ола қараш қилди-да, Севарнинг қўлидан ушлаб, тавозеъ билан даврага бошлади.

Даврага қандай тушишди, рақсни қандай бошлашди улар — орқа ўгириб ўтиргани боис кўролмади буни Тўлқин. Ўзича тасаввур қилмоқчи бўлди. Лекин қанча уринмасин, Севарнинг ўзидан бўлак одам билан рақс қилиши… тасаввурига ҳам сиғмади. Чидаёлмади, минг сир бой бермасликка ҳаракат қилмасин, барибир қизиқиш ҳисси устун келди. Устига устак, ўт олиб, тобора гуриллаб бораётган алам… Шартта ўрнидан турди-да, столнинг нариги тарафидаги курсига ўтиб ўтирди. Ўтирдию.. Нимагаям ўтди ўзи, а? Кўзлари оқиб тушгани беҳтар эмасмиди бу шармандаликни кузатгандан кўра?! Вой, намунча тортмаса ўзига Севарни бу сўтак?! Яна тишининг оқини кўрсатиб, тинмай бир балоларни валдираётганига ўласанми? Севар-чи, Севар, парвосига ҳам келтираётгани йўқ пўримнинг талтайгандан талтайиб бораётган… туф, қучоғини, бошини орқага ташлаб қотиб‑қотиб кулаётгани-чи унинг ҳар оғиз сўзидан сўнг?!

Кўзини олиб қочди даврадан Тўлқин. Йўқ, қарамасликка ҳаракат қилиш керак, хаёлни бўлак нарсага чалғитиш… Нима, шундан бўлак ташвиши йўқ эканми унинг. Эртага имтиҳон бунинг устига… Ҳа, анави теоремани такрорлаш лозим, йўқса ўша зўрға ёдлаган ярмиям чиқиб кетмасин эсидан. Ҳм, шундай бошланарди, шекилли: тўғри бурчакли учбурчак… ги-по-те-ну-засининг… нима эди… Ҳой, ҳой, нима қиляпти анави сўтак! Вой кўппаг-эй! Ҳозиргина қўли… Йў-ўқ, барҳам бериш керак бу беҳаёликка. Зудлик билан!

Даст турди ўрнидан Тўлқин. Ўйин қилаётганлар сафини ёриб, ўтиб борди-да, шартта Севарни қўлидан тутиб ўзига қаратди.

— Бўлди, тугат ўйинингни. Кетамиз!

Севарнинг қошлари чимирилди, киприклари ғалати пирпиради.

— Қаёққа? —деди бир ҳаракат билан Тўлқиннинг қўлини силтаб ташлар экан. — Нима, мени сенга боғлаб қўйишганмиди? Кетавер!

Шундай деди-да, орқасини ўгирди унга.

— Менга қара, Севар! — Бу гал елкасидан ушлаб ўзига қаратди уни Тўлқин.

— Мана, қарадим! — дея даст ўгирилиб, юзини унинг тумшуғига тиради қиз. — Бўлдими? Қани, гапир-чи энди гапингни.

Юзига Севарнинг қайноқ нафаси урилиб, гангиради Тўлқин. Нафақат айтмоқчи бўлган гапи, ҳатто тили ҳам танглайига чиппа ёпишди.

— Ҳўв, одам, менга қара! — дея Севарни четлаб, орага суқилди пўрим. Чеккадаги столда музқаймоқ еб ўтирган иккита аждаҳодек азамат ҳам жойларидан туриб, шу тарафга қараб юришди. — Эзиб ташлайми ҳозир пашшадек?! — дея давом этди пўрим қўлини пахса қилиб Тўлқин томон чўзаркан.

— Керак эмас! —дея жонҳолатда ўзини отиб, илиб олди Севар ҳаводаёқ унинг қўлини ва давра томон судрай бошлади: — Юр, ўйинга тушайлик! Ҳозир музика тугайди бўлмаса. Юр!..

Пўрим Тўлқинга: «Ҳап, саними!», дегандек ўқрайиб қараб, Севарнинг изидан юрди.

Тўлқин нигоҳи билан қизни даврагача кузатдию ўзини эшикка урди. Тик чархпалак зиналардан қандай тушганини ҳам, кўчага қандай чиққанини ҳам, ҳатто анави пўримнинг иккита девдек шотири изидан қандай тушишганини ҳам сезмади. Бирор нарсани сезгудек аҳволда эмас эди-да, ўзи шу тобда. Кимсан — Севар шундай қилишини биров туш кўрибди, дейсизми?! Умуман, кимнинг режасида бор эди куннинг бундай бемаза хотималаниши, Тўлқиннинг шундайин хўрлик чекиши? Эҳ-ҳ!.. Лекин барибир сезди. Кафтдек теп-текис ерда ҳе йўқ-бе йўқ қаршингиздан Асқартоғ ўсиб чиқаркан, орқа тарафдан эса Кўҳиқоф ўзининг метиндек кўкрагини елкангизга ботираркан-у, сезмас экансизми? Хаёлингиздаги кимсанинг ҳам капалаги учиб кетар!..

— Ҳўв, чекишдан борми? — дея дарров мақсадга кўча қолди Асқартоғ ҳам.

Анча ўзига келган, лекин ҳануз хаёли паришон Тўлқин шимининг орқа чўнтагидан сигарет чиқариб тутди унга, сўнг бўш қўли билан тимирскиланиб гугурт излай бошлади.

Асқартоғ ундан бунчалик хотамтойликни кутмаган эди чоғи, ўзини йўқотди.

— И-и, нима бу? — дея олайиб қаради Тўлқиннинг ўзи томон узатилган қўлига. — Нима чўзяпсан менга? Ўзи зўрға ташлагандиму чекишни кеча. Ол-э, нарёққа! — Шундай деб икки қўлини белига тираганча Тўлқиннинг устига юрди.

Шундагина эслади Тўлқин бу икки нусхага қаерда кўзи тушганини.

— Бошида шундай демайсанми, — деди хаёли равшан тортиб, қўлидаги сигаретни нари итқитаркан. — Топган баҳонангни-ю! Нима, битта одамни икки кишилашиб дўппослашга етаркан-да шу?

— Аҳ-а… иҳ-и… — деб талмовсиради Асқартоғ киприклари пирпираб.

— Бақаҳовуздаги қумлоқ эсингдами? — деб суқилди орага Кўҳиқоф. — Ўтган шанба-чи, кунга қорнимни тутиб ётганимда оёғимни босиб ўтиб кетувдинг? Эсингдами?

— Аттанг… аттанг… — деди бош чайқаб Тўлқин. — Бунақалигини билганимда… сал юқори олган бўлардим мўлжални ўшанда, минг калтак есам ҳам алам қилмасди…

— Хо-о, шунақами? Мана ҳозир-да! — дея кафтини муштлаб, ҳавога сермади қўлини Кўҳиқоф.

— Уҳ, кўзим…

— Мана яна, мана!

— Иҳ-ҳ… ҳ-ҳали шунақами?..

— И-и, қаёқдан ушлаяпсан?! Ҳой, галварс, қарашсанг-чи, мундоқ!

— Ҳо-ози-ир…

— М-мана! Мана, мўлжалга олиш!..

— Иҳ-ҳ… аҳ-ҳ… у-уҳ-ҳ…

— Бўлди. Тайёр!

— Қочдик!..

Им-м… Туф… Т-тай… Тай… тайёр-а, тайёр… Қовоғи кўкарди, бурни қон йиғлади — демак, тавбасига таянди, экан-да. Эҳ, нодонлар-а, нодонлар! Билишмайдики, ҳолва бу дўппослаганлари ярим соат аввал у бир қиз боладан еган тарсаки олдида. Тарсакилаш гапми, пичоқсиз сўйди-ку уни Севар! Шишган қовоқ, пачоқланган тумшуқ — битиб кетадиган яралари-ку бу одамнинг. Лекин сўйилса-чи у, шу дамгача унга манави ҳилват нимқоронғи кўча, юлдузлари мастона милтиллаётган бадқовоқ осмон, бир амаллаб ўрнидан туриб, чўлоқланганча белини ушлаб истаб кетаётгани — ҳўв ўша муюлишдаги бозорча, — барча-барча нарсани англатиб келган жони-жаҳонидан жудо этилса-чи?..

Бозорча кимсасиз эди. Аллақачон йиғиштиришибди бозорни, майда-чуйда пўчоқ, данак, қоғоз парчаларига тўла атроф. Фақат газсув дўкончаси ёнидаги пештахта ортидагина куймаланяпти бошига дўппи қўндирган, соқол-мўйлови оппоқ аллақандай чол. Пештахтадаги олмаларни эринмай битта-битталаб артиб, орқасидаги чоғроққина қоғоз қутига жойлаяпти. Пештахтанинг олд томонида, шундоққина чолнинг оёғи тагида жунлари ўсиқ бир ит ғужанак бўлиб ётибди.

Тўлқин стаканга газсув олди-да, энгашиб юз-қўлини чайишга тутинди. Бу афт-ангор билан қайтиб боради-а, энди уйга? Аксига олиб, имтиҳон эртага… омад бир кетса, қўшқўллаб кетаверар экан-да! Ишонмас эди аввал одамлар шундай дейишса. Мана, энди бошидан ўтказдию мулла бўлди…

— Ҳой, бола, менга қара! — деган овоз қулоғига чалинди шу дам ортидан, Тўлқин ўгирилиб, мулойимгина табассум билан унга олма чўзиб турган чолни кўрди.

— Ма, ушла!

Тўлқин оҳиста бориб, чолнинг қўлидан олмани олди.

— Раҳмат…

— Ош бўлсин! — Шундай деб, чол яна ўз ишига тутинди.

Бошда унча назарига илинмаган чол Тўлқиннинг кўзига бошқача кўриниб кетди. Соқол-мўйлови, бошидаги дўпписи, нигоҳи — ҳамма-ҳаммасида гўё бир сир бордек. Етти ёт бегона, устига устак, омадсиз бир йўловчини чақириб, қўлига олма тутқазиши… Қизиқ, жудаям қизиқ… Ногоҳ нигоҳи олмадаги тангадек заҳани илғадию фикри ёришиб кетди. Тўхта-тўхта, анави… Ньютонмиди… ҳа, ўшанинг бошига тушган олма бўлмасин бу тағин? Ҳа. Ўша олма худди, аниқ бу! Мана, бошига тегиб, лат еган ери!.. Бу Ньютоннинг бошига тушган олма бўлса, демак, анави чол… Анави чол… Бувиси айтарди-я доим. Агар… у чиндан ҳам ўша бўлса, аллақачон йўқолган кўздан кучук-пучуги билан. Ҳм, текшириб кўриш керак буни…

Тўлқин кўзларини чирт юмиб, бошини чол турган тарафга ўгирди. Эҳ, ишқилиб шундай бўлсин-да! Секин-аста айирди киприкларини бир-биридан… Қаёқда! Қандай турган бўлса — шундай турибди, бир туки ҳам ғойиб бўлгани йўқ. Ит ҳам ўша-ўша, ғужанак бўлиб уряпти уйқуни. Лекин барибир ишонгиси келмади. Ким билсин, балки ғойиб бўлишга улгурмагандир ҳали? Балки унақа кўздан йўқоладиган ҳизр эмасдир? Муҳими, берди-ку олмани, кўздан йўқоладими энди, йўқолмайдими — унинг иши нима? Олмасини егин, боғи билан неча пуллик ишинг бор?

Тўлқин чол берган олмага очкўзлик билан тикилди. Мана, ниҳоят амалга ошади энди унинг орзуси!.. Ҳатто акс этгандек ҳам бўлди олманинг ёқут сиртида қип-қизил, гижинглаган «Хонда», аниқ сезди у. Мана, Тўлқин унга сакраб минди-да, газни босди. Кетди-ку учиб осмонўпар иморатлар, майдону кўчалар оша! Ҳасад ва ҳавасдан диллари кабоб бўлиб, қолиб кетаверишди Ибоду Шаҳнозалар. Бармоғини тишлаганча маъюс тикилиб қолган анави қиз — Севар…

— Вой-до-од, ёрдам берингла-ар!

Ногаҳоний бу қичқириқдан капалаги учиб, атрофга аланглади Тўлқин. Ҳеч зоғ йўқ. Қайси тарафдан келди ўзи овоз? Тўлқин чолга қаради. Парвосига ҳам келтирмай, ҳануз олмасига алағда эди у. Ҳойнаҳой, эшитмаган, қулоғи оғирроқ, шекилли. Роса нуроний ҳизрлардан экан-да ўзиям. Ити ёшроқ эканми ундан, ҳартугул эшитибди. Қулоғини динг қилиб, япалоқ тумшуғини олдинга чўзиб турибди. Аксига олиб, овоз ҳам бўлак ёрдамга чорламади. Ит яна бирпас шу тахлит тумшуғини чўзиб, атрофга аланглаб турди-да, бошини оёқлари орасига суқди тағин.

Тўлқиннинг баданида чумоли ўрмалагандек бўлди. Ўзича овоз келган ёқни тусмоллаб, бозорчадан узоқлашди.

Овоз бундан қанчайин бурунги бир қичқириққа, бу қичқириққа сабабчи ҳодиса эса Тўлқиннинг айни дамдаги аҳволига ҳамоҳанг эди. Айни баҳор чоғи эди ўшанда, кўчаларидаги ўртабўй одамни белигача зўрға кўмадиган ариқ тўлиб оқаётган эди. Шундай кунларнинг бирида дадаси сафардан келтирган янги денгизчилар кўйлагини кийиб, ясаниб кўчага чиқди Тўлқин. Маҳалладош чурвақалар жимжилоқдек қўнғиртоб бир мушукболани думидан тутиб, сувга бўктиришмоқда, қизлар эса одатдагидек ҳовлидаги қум тўшалган майдончада ўзларининг ҳеч тугамас «рўзғор» ташвишлари билан банд. Тайинки, Тўлқин биттасига ҳам қўшилмади уларнинг. Қўшилса, ўйин билан бўлиб ҳеч ким тузукли эътибор бермайди унинг янги, чиройли либосига. Ҳеч ким эътибор бермагач, янгилигию чиройлилиги нима бўларди бу либоснинг? Шу боис ариқ ёқалаб чўзилган йўлдан у ёққа, бу ёққа бориб кела бошлади. Оҳиста, гўё атрофидаги ҳамма-ҳаммага бефарқ. Ҳануз ўша мушукболага ҳалак маҳалладош чурвақалар ёнидан ўтаётиб, жўрттага «ўҳў-ўҳў»лаб қўяди. Шу тахлит неча марта ўтди — эсида йўқ, бир маҳал ортига қайтаётиб, кўчанинг у бошидан ўзи томон шошилмай юриб келаётган тўрхалта кўтарган таниш кампирга кўзи тушди. Кўзи тушдию қувониб кетди: ҳозир ёнидан ўтаётиб, ҳар галгидек: «Ассалому алайкум!», дейди; кампир, албатта, севиниб кетади, тўхтатиб, пешонасини силайди, «Вуй, намунча чиройлисан-а, бугун!», дейди. Мана, ҳозир… Ҳо-озир…

Кутилмаганда қўлидан тўрхалтасини тушириб юборди кампир, кўзлари косасидан чиққудек бўлиб: «Войдо-од, ёрдам берингла-ар! Оқиб кетади бировнинг боласи!», деб дод солди. Тўлқин чўчиб ортига ўгирилди. Не кўз билан кўрсинки, ариқда… анави мушукболани боши узра кўтарганча… бўғзигача сувга кўмилиб, бир қиз турибди!.. Биров бормикин, деган илинжда атрофга аланглади. Юз одимча жойда тирақайлаб қочиб бораётган маҳалладош чурвақалару турган ерларида оламни бузиб: «Вой, Сева-ар!», деб бўзлаётган қизлардан ўзга ҳеч ким кўринмади. Нима қиларини билмай қолди: кимга қўшилсин — ҳўнграши еру кўкни титратаётган анави йиғлоқиларгами, ё… Шуниси маъқул-ов. Ким билсин, қилғилиқни бировлар қилиб, айбни унга тиркашса-я ҳали? Йўқ, жуфтакни ростламаса бўлмайди. Қанча тез «қуён» бўлса, шунча…

«Тўлқин!..», деб чақирди шу дам уни кимдир. Овоз жуда-жуда таниш туюлди. Севар-ку! У билан битта синфда ўқийдиган қиз!.. Куни кеча уй вазифасини кўчиришга берувди-я. Энди… Ўзини ариққа қандай ташлаганини билмай қолди…

Сўнг… сўнг одамлар йиғилишди, зумда «қизим»лаб Севарнинг ойиси ҳам етиб келди, мушукбола билан қизчани иссиққина жункўрпага ўраб-чирмаб, олиб кетишди…

Тўлқин… Тўлқин, янги эгнига илган либоси шалаббо, бу аҳволда ойисининг кўзига кўринишга қўрқиб, то уйдагилар ўзлари қидириб келиб, олиб кетишмагунча…

Уф-ф, бўлди-да, намунча эслади шуни?! Кўзига қараса-чи, ундан кўра! Қаёққа кетяпти ўзи? Атроф қоп-қоронғи бўлса, ой ҳам тиккага келиб қолибди, юлдузларни-ку, бамисоли сарбозорда кўзни ўйнатаётган олмалар дейсиз. Ана, Севарнинг юлдузи. Ундан сал пастроқда — ўзиники… Ҳамма юлдуз танлаган эдида ўшанда ўзига. Тоғнинг ҳаммаёғини илма-тешик қилиб чиқишган, лолами, қизғалдоқми — барини узиб тугатишган. Ўчиб, тутай бошлаган гулхан атрофига турнақатор чўзиле-еб… Севар ўзига ойнинг ёнбошидаги юлдузни танлади. Сабабини сўрашганида, «Ойга энг яқин юлдуз бўлганлиги учун!», деб жавоб берди. Тўлқин эса ойдан хиёл пастроқдаги юлдузни танлади… «Нега?», деб қизиқсинди Севар. Тўлқин ундан нигоҳини олиб қочди: « Негаки, сеникига энг яқин юлдуз — шу…»

Жуда-жуда мафтункор кўриниб кетди ой шу дам Тўлқиннинг кўзига. Юлдузлар-ку, асти қўяверасиз. Лаблари ўша сўлим оқшом унга парипайкар зоти ҳадя этган илк ўпич таъмини туйиб, ширин тамшанди. Қулоғига тун ҳар эслаганида ой ва юлдузлар янада жозибали, янада сеҳрли кўринувчи сўзларни қайта шивирлагандек бўлди: «Тўлқин… Сен… сен… яхши боласан!..»

Худди мана шу сўзлар ҳозир анави… туф, ҳа, ўшанинг қулоғи остида жарангламаётганига ким кафолат бера олади? Ким?.. Севар бунга қодир. Тўлқинга ўша сўзларни айтиб, орадан ҳеч қанча ўтмай юзига туфлагандан ҳам баттар аҳволга солдими, демак, бу ишга ҳам сиғади ҳадди. Айтишувди-я, аёл зоти пиргаям дўст бўлмаган, деб. Бўлди. Тамом ҳаммаси! Унутиш, хотирадан буткул ўчириш қолди фақат. Ҳозир уйга бориб ётади-ю, эртага барини унутиб, бутунлай бўлак одам бўлиб уйғонади. Худди онадан қайта туғилгандек!..

Тўлқин атрофга аланглаб, қаерга келиб қолганини аниқлади-да, йўлни уйлари томон бурди. Йўлак қоп-қоронғи. Ҳм, тушунарли, аллақачон уриб синдиришибди чироқни, шумтакалар! Куни кеча ўрнатишган эди-я, уч киши, ярим соат овора бўлиб, бир‑бировларининг елкасини қадоқлаб… Зина қаёқда, девор қаёқда — ҳеч вақони фарқлаб бўлмайди, қоқилиб бошни ёриш ҳам ҳеч гап эмас. «Ўзи битта шу етмай турувди!», дея чирт этказиб туфлади Тўлқин ва чўнтагини кавлаштириб, гугуртини чиқарди. Гугурт донаси пов этиб ўт олиб, торгина йўлак, зинанинг икки-уч пиллапояси ҳамда… бўёғи кўчган деворга ўйилган «С+Т…» деган ёзув ёришди. Дарҳол тортди Тўлқиннинг эътиборини бу ёзув ўзига. Лекин ўқишга улгурмасидан гугурт донаси ўчиб, йўлакни яна қоронғилик чулғади. Тўлқин жонҳолатда қутидан иккинчи донани суғуриб, чақди. «С+Т=…». Тағин охиригача ўқиб улгурмай, йўлакнинг нимочиқ эшигидан ураётган ел гугуртни ўчирди. Тўлқин эшикни жаҳл билан бир тепиб ёпди-да, учинчи донани суғурди. Аммо чақишга улгурмади — юқоридан келган тарақ-туруқ оёқ товушидан чўчиб, деворга қапишди.

Оёқ товуши иккинчи қаватда тинди. Қайси бир эшикнинг қўнғироқ тугмаси босилди. Зум ўтмай, эшик шарақлаб очилди‑да, аёл кишининг ниҳоятда таниш овози жаранглади:

— Вой, қўшнижон, бормисиз? Келинг, киринг уйга.

— Раҳмат. Узр, бемаҳалда безовта қилганимиз учун. Мабодо, Севара сизларникида эмасми?

— Йўғ-а. Тўлқинингизнинг ўзи қайтгани йўқ ҳали. Хавотир олиб ўтирибмиз биз ҳам, қаёқларда юрибди экан, деб.

— Шу болалар ҳам бало бўлишди улғайиб… Майли, қўшни, борайлик биз. Тўлқин иккови доим бирга дарс тайёрлашарди. Шунга…

Ўзини эшикка урди Тўлқин.

«Тўлқин иккови доим бирга дарс тайёрлашарди»… Йўқ, хоним, узр! Истаган одамингиз билан рақс қилинг, шивирлашинг, ҳиррингланг, лекин қоронғи тушгунча, шунда ҳам ойижон-дадажонингизнинг оқ фотиҳалари билан! Нима бўлгандаям, эътироф этилмаслиги лозим Тўлқин шарифи исмингиз билан бир ёнда. Айни дақиқадан эътиборан! Аниқроғи, ҳозир у ўша ўйин қилаётган жойингиздан оёғингизни ерга тегизмай етказиб келади, зиён-заҳматсиз, худди шилдироқ қоғозга ўрагандек қилиб ойижон-дадажонингизга ином этади. Ана кейин…

Жинбазм ҳануз авжида эди «кема»да. Қулоқни йиртувчи бўғиқ мусиқа ҳукмрон, ҳануз ўша ҳирқироқ овоз ошиқ-мошиғини занг еган эшикдек ғийқилламоқда:

Тун… Тун… Тун… Тун
Тенг шериксан бизнинг гуноҳга!..

Кўзлари олма териб, таниш қоматни қидира кетди рақс тушаётганлар орасидан. Мана, Ибод билан Шаҳноза. Салом берди-ик! Хайрли бўлсин тунингиз! Тўғрироғи, тонгингиз. Аллақачон бўлган-ку сўфининг азонга таҳорат қиладиган вақти. Демак, Севар ҳам… Севар ҳам… Ҳа-а, мана қаерда эканлар! Сочининг турмагидан таниб қолди зўрға. Қаранг-а, қисилиб олишибди ҳилватгина бурчакка бир-бирларига ёпишиб, жисмлари шунақанги жипслашиб кетибдики, қоронғида иккаловини битта одам деб гумон қилиш ҳам ҳеч гап эмас. Кутиб туришган экан-да ўзи унинг кетишини. Йўқ! Авф этасизлар! Буюрмайсизлар айбга ҳаловатингизни бузишга жазм қилган бир густоҳни!..

Борди-ю, шартта қизнинг елкасига чанг солиб, ўзига қаратди. Қиз худди ичи узилгандек сесканиб, ўгирилди-да, унга оғриқдан олайган кўзларини тикди.

— Ҳа-а-а? — дея чийиллади «кема»ни уммонга тўнкаргудек қилиб. — Нега ёпишасан менга?

Ҳамма рақс тушишдан тўхтаб, шу ёққа ўгирилди.

Тўлқин оғзи ланг очилиб, қотиб қолди турган жойида. Севар деб ўйлаган қизи… Сочининг турмаги — Севарникидек, бўйи, қадди-басти — Севарники мисол, фақат… фақат Севар эмас, бутунлай нотаниш, бегона!

— Ҳўв, қанақа одамсан-а ўзи сен? — Кайфи яна бузилган пўримнинг кўзлари қонга тўлди. — Ушланглар мени, йўқса ҳозир эзиб ташлайман пашшадек!..

— Ҳой, ҳой! — деб чопқиллаб етиб келиб орага сўқилди Ибод. — Кераги йўқ сираям жанжаллашишнинг! Юра қол, бу ёққа, Тўлқин. — Шундай деб уни қўлтиғидан олди-да, ташқарига етаклади.

— Севар… Севар… — Тўлқиннинг тилига келган калима шу бўлди.

— Ҳа, Севарми? Аллақачон чиқиб кетувди-ку у. Сенинг изингданоқ. Нима, бирга кетмувдиларингми?

Тўлқин бошини кўтариб, нигоҳини унинг кўзларига тикди. Лекин гумон қилган, балки истаган нарсасини топмади — чап ёноғидаги кулдиргичи бор бўйи ёйилиб, киприклари пирпираб учиб турарди Ибоднинг ҳар доимгидек.

Тўлқин бир силтаниб унинг қўлтиғидан чиқди-да, жадал юриб кетди тиккага қараб.

— Тўлқин! Тўхтасанг-чи, ҳой! — деганча қолди Ибод…

«Тўлқин… Тўлқин…» Йўқ, ҳеч қанақа Тўлқин эмас у! Тўлқин — одамзодга қўйиладиган исм-ку. Одамзодга-я! У-чи? Ҳаттоки росмана тўлқин ҳам эмас, бўтана, кўпик, балчиқ… Ишқилиб, одам эмас-да. Одам…

Ногоҳ нигоҳи кўчанинг нариги юзидаги нимқоронғи троллейбус бекатида ўтирган таниш қорани илғадию хаёли бўлинди. Юраги ҳаприқиб ура кетди. Ўшамикан ёки… Аста кўчани кесиб ўтиб, бекатнинг шундоққина биқинидаги сада панасига яширинди. Унга орқа ўгирган кўйи, бошини хиёл ёнга ташлаб ўтирарди қиз. Сочининг турмаги — Севарникидек, бўйи, қадди-басти… Худди ўзи!

Учта троллейбус ўтди бекатда тўхтаб. Одам ютди, одам итқитди… Биронтасига қайрилиб боқмади қиз. Қўғирчоқ дейсиз худди, қилт этмайди-я ҳатто! Ниҳоят, деразасининг кўзга ташланарли жойига «Сўнгги қатнов» дея муҳр босилган шапалоқдек қоғоз ёпиштирилган троллейбус келиб тўхтадию Севар оҳиста ўрнидан қўзғалди. Қизнинг этаги бир ҳилпираб, троллейбуснинг олдинги эшигида кўздан йўқолгани ҳамон жонҳолатда орқа эшикка урди ўзини Тўлқин.

Троллейбус бўм-бўш эди. Олдиндаги икки кишилик ўринда Севар ўтирибди. Ўртароқда — ўрта ёшлардаги бир аёл билан эркак. Улар ҳам бир бекат юрмай қўзғалиб, ҳозирланишди тушишга.

Секин оёқ учида юриб яқинлашди қизга. Анчагача нима қилишини билмай, қаққайиб турди тепасида. Охири кўзини чирт юмдию оҳиста чўкди ёнига. Ўтиргани ҳамон шимининг чўнтагидаги муштдек бир нарса сонига қаттиқ ботганини ҳис қилди. Уф, шу етмай турувди ўзи! Кишибилмас Севарга нигоҳ ташлаб, унинг бутун диққати айни дам деразага михланганлигига ишонч ҳосил қилдию ўрнидан хиёл қўзғалиб, чўнтагидаги ўша сонига ботаётган нарсани чиқарди. Суф-эй, анави хизр ҳадя этган олма экан-ку, у бўлса секин ишлайдиган бомбами деб ўтирибди-я! Боя талатўпда ейишниям унутиб, солиб қўйган экан-да чўнтагига.

Бир нафас олмани қўлида ўйнаб, ушлаб ўтирди-да, сўнг секин узалиб, Севарнинг тиззасига қўйди. Қўйдию ток ургандек қўлини тортиб, бошини елкалари ичига олди. Учиб келиб пешонасини ғурра қилишини кутди «бомба»нинг. Жуда бўлмаганда троллейбуснинг йўлагида «портлар»…

— Афанди-ей! — деган овоз жаранглади қулоғи остида кутилган портлаш ўрнига. — Ишондинг-а менга сендан бўлак одам ҳам ёқиши мумкинлигига…

Ялт этиб қаради қизга Тўлқин.

Севар, худди ҳайрон бўлишга арзигулик ҳеч нарса демагандек, пешонасини ойнага тираганча лип-лип ўтаётган симёғочларга ўйчан термулиб борарди.

“Ёшлик” журнали, 1990 йил 5сон