Луқмон Бўрихон: “Адабиёт тирикчилик эмас, тириклик манбаи” (2020)

– Сизда адабиётга ҳавас қачон уйғонгани, матбуотдаги илк чиқишингиз, сўнгра биринчи китобингиз ўқувчилар қўлига етиб борган дамларни бир эслаб ўтсангиз.

– Менимча, ҳар қандай қаламкашда ҳам ижодга ҳавас болаликдан бошланса керак. Ҳавас эса ҳайратдан бошланади. Бошқача таърифлаганда, таъсирчанлик, зийраклик, ҳайрат ва ҳавас истеъдодни намоён этади. Албатта, бола буни билмайди. Ҳаммаси табиий бир тарзда кечади. Атрофида кечаётган воқеаларга бефарқ қарамайди, нелардандир қувонади, нелардандир изтироб чекади. Натижада, унинг онгида, кўнглида турли саволлар, жумбоқлар пайдо бўлади. Худди шу ўзини қийнаган сир-у синоатларга жавоб топиш учун китобларга талпинади. Китоблар, энг аввало, эртак-у достонлар бола кўз олдида янгидан янги дунёларни оча бошлайди. Жажжи ўқувчи кўнглида кезинган ўша савол-у сўроқларнинг айримларига қандайдир жавоб топгандай бўлади ва яна мутолаада давом этади. Китобдан китобга, эртаклардан ҳикояларга, ҳикоялардан қиссаларга ўтади. Ниҳоят, аста-секин у жумбоқларга жавоб изловчи эмас, дунё, жамият олдига савол, сўроқ қўювчига айлана бошлайди. Теварагида кечаётган жараёнларга муносабат билдиришни истайди. Воқеликка ўз нуқтаи назарини айтишга интилади. Оқибатда, қўлига қалам тутади. Илк ғўр, жўн сатрлар қоғозга тўкила бошлайди. Менинг ҳам адабиёт бўсағасида пайдо бўлишимнинг илк палласи худди шундай кечган, десам бўлади. Энг муҳими, мени бадиий ижод сари етаклаган ўша ҳайрат, ўша қувонч-у изтироблар ҳануз қўлимдан тутиб турибди деб ўйлайман.

Шеърга ўхшаш илк ижодий машқларим аввал мактаб деворий газетасида, сўнгра туман газетаси саҳифаларида пайдо бўлди. Кейинчалик, ўрта мактабни битиргач, олий ўқув юртлари тупроғини ялаш учун пойтахтни кўзлаб жўнадик. Имтиҳонлардан йиқилдик. Ҳарбий хизматга кетдик. Қайтгач, яна талабаликка уриниб кўрдик. Ниҳоят, бу гал амал-тақал илашдик. Хуллас, 1986-йили Тошкент давлат университетининг журналистика факультети талабаси бўлдим. Ҳаяжонимизнинг, қувончимизнинг чеки йўқ. Ўша кезлари ижодий муҳит кучли эди, адабий жараён қизғин кечарди. Ҳамсабоғимиз Тўхтамурод Рустамов биздан анча ёш бўлишига қарамай адабиёт оламида тузуккина танилиб қолган ёзувчи эди. Илк ҳикояларимни унга кўрсата бошладим. Тўхтамурод битикларимни эринмай кўриб чиқар, керакли маслаҳатлар берар, эзиб ишлатар эди. Билмадим, ҳамсабоғим яхши устозмиди, ёки ўзим уқувлироқ шогирд чиқиб қолдимми, хуллас, адабий қарашларим, ижодга муносабатим анча ўзгаргандай бўлди. Оз-моз пишиб қолганимдан кўнгли тўлгач, галдаги машқларимдан бир нечасини танлаб олиб, Тўхтамурод Рустамов ажойиб кунларнинг бирида мени “Ёшлик” журнали таҳририятига бошлаб борди. У ердаги жамоа билан таништириб қўйди. 1987-йили “Бегимқул катта” деб номланган илк ҳикоям “Ёшлик” журналида чоп этилиб адабий жамоатчиликда илиқ таассурот уйғотди.

– Қайси устозларнинг таълимини олгансиз? Улар турмуш тарзингизга, ижодий фаолиятингизга таъсир этганми?

– Модомики, сўз устозлар ҳақида бораркан, юқорида айтганимдек, Тўхтамурод Рустамни биринчилар қаторида тилга олиб ўтишим мумкин. Албатта, ўқувчилик давримда Эшболта ака Хўжаев деган (илоё, гўри нурга тўлсин!) бошланғич синф муаллимидан кўп нарса ўрганганман. Бадиий ижод борасидаги илк устозим сифатида ўша инсонни мамнуният билан таъкидлайман. Кейинчалик кеккайиб кетдимми, ё тортинчоқ феълим сабаб бўлдими, ишқилиб, бирор адибнинг этагидан тутолмадим. Китоблар мен учун беминнат устозга айланди. Қўлдан келганича, фаҳмим етганича ўқиб-ўрганган бўлдим. Адабий учрашувлар пайти ёхуд суҳбатлар давомида бирор сабоқ олишга ҳаракат қилардим. Масалан, таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад билан гурунглашиш мен учун жуда мароқли эди. Хуршид аканинг фикрга, мулоҳазаларга бой гап-сўзлари, қарашлари чуқур таассурот қолдирган. У кишидан жуда кўп нарсалар ўрганганман.

– Айтинг-чи, китобга муносабат, китобхонлик маданияти тарғиботи масаласида фикрингиз қандай?

– 1991-йили “Ялангоёқ” деган кичкина ҳикоялар тўпламим “Чўлпон” нашриёти томонидан нашриётнинг ўша пайтдаги раҳбари, атоқли адиб Нурали Қобулнинг алоҳида эътибори остида чоп этилди. Шундан сўнг китобларим, турли ҳажмдаги тўпламларим ёруғлик кўра бошлади. Шу кунгача ўндан ортиқ китобим турли нашриётлар томонидан чоп этилди. Ҳаммаси ҳам ўз даври нуқтаи назари билан қараганда катта ададларда нашр этилди. Бироқ бирор дўкон ёхуд сотув растасида туриб қолганини кўрганим йўқ. Биз китобингизни чиқарайлик, ака, деб турадиган ношир дўстларимиз ҳам кўп. Барчаларига, фурсатдан фойдаланиб, ташаккур билдираман. Умумий тарзда ифодалаганда, бир қаламкаш сифатида шу пайтгача китоб чиқариш бўйича бирор муаммога учрамадим. Аммо муаммо бошқа томонда. Пойтахтда чиққан китоблар, менимча, пойтахт ҳудудида қолиб кетяпти. Жойларга етиб бормаяпти. Бир гал вилоятларнинг бирига хизмат сафари билан бордик. Мақсад китобнинг аҳамиятини, китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш, ёшларни мутолаага чорлаш. Минбарни ҳеч кимга бергимиз келмайди. Доноларча насиҳатгўйлик қиламиз. Шунда сомеълардан бири ўрнидан туриб савол берди: “Ҳамма гапларингизга қўшиламиз. Лекин сизлар айтаётган ўша китоблар қани? Қаердан топиб ўқисак бўлади? Масалан, бизнинг туманда бирорта ҳам китоб дўкони йўқ. Дафтар-пафтар сотадиганлар уч-тўрт дона рисолани ёйиб қўйибди. Уни ҳам ўша қалам-паламга қўшиб берган, эсам, опкемасди”. Албатта, бу ҳақли саволга жўяли жавоб беролмадик. Порлоқ келажак ҳақида ваъдалар бериб қайтдик. Аслида, бу борада ҳолат шундай, ачинарли. Жойларда китоб дўконлари кам, борлари ҳам ғарибгина, ичи деярли бўм-бўш, гўё бу магазинлар сиёсий-ижтимоий талабларга биноан, кимнингдир зуғуми билан, номигагина очилгандай. Бу масалани жиддий ўйлаб кўриш керак. Китоб савдоси тизимини яратиш долзарб масала! Нашр масалаларида имтиёзлар, зарурий ёрдамлар қўлланиши лозим. Акс ҳолда, ҳамма ишларимиз отга қамчи босиб, унинг жиловидан тортиб тургандай гап.

– Сизнинг қаламингизга мансуб “Жазирамадаги одамлар” романи адабий жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинганди, ўз ўқувчиларини топгани ҳам бор гап. Шу асарнинг ёзилиш тарихидан ўқувчиларни хабардор қилсангиз. Сабаблари, турткилари, дегандай…

– Ғиёсиддин, бунинг ҳаммасига янгангиз сабабчи! Янгангизнинг айби шуки, ҳоли жонимга қўймай бозордан сопол идишлар, унга экиш учун гул уруғи, ҳар хил ўғитлар сотиб олишидан бошланди. Уйга келдик. У ўша гултувакларни қаторлаштириб ихлос-у илҳом билан ўғитлардан аралаштириб тоза тупроқ солди, ниҳолларни қадади. Хийла чиқимдор қилган бу жараённи мен изтироб билан кузатиб турдим. Шу кузатиш асносида сунъий гуллар, сунъий гўзаллик ҳақида ўйлаб қолдим. Очиқроғи, ясама ҳаёт, ясама анъаналар тўғрисида… Хаёл олис-олисларга учди. Ўзлаштирма чўл ҳудудларида яшовчи эл-у халқ кўз олдимда жонланди. Мамлакатимизда бундай жойлар кўп. Масалан, Қашқадарё вилоятидаги қатор туманлар ўзлаштирилган қўриқлар ҳисобидан ташкил этилган. Аҳолиси тирикчилик ташвишида тоғ-у тошлардан, турли шаҳар-у қишлоқлардан кўчиб келган. Улар менга илдизидан қўпорилиб кетган дов-дарахтларни эслатади. Тош-бетондан қурилган уйлар, лоток ариқлар, тағин аллақандай иморатлар, очиғи, менда нохуш ҳислар уйғотади. Қандайдир ҳамма-ҳаммаси сунъий, ясама. Одамлар бу ерларда худди вақтинча яшаб юргандай, эрта-индин яна аллақаерларга кўчиб кетадигандай туюлади. Хуллас, тузум, давр зўрма-зўраки сингдирган анъаналарга, удумларга қоришиб, табиий интилишларига хилоф бир тарзда ҳаёт кечираётган чўллик юртдошларнинг турмуш тарзини тасвирлаш, улар орқали ўзликдан жудо бўлиш фожиаларини кўрсатиш иштиёқи пайдо бўлди. Оқибатда, ўша сиз айтган “Жазирамдаги одамлар” деган романим дунёга келди.

– Адабиётнинг жамиятда тутган ўрнини қандай тасаввур этасиз?

– Сувнинг, ҳавонинг инсон тириклигида нечоғлик зарурати бўлса, адабиётнинг ҳам жамият ҳаётида шунчалик аҳамияти бор. Шу кеча-кундуз қай бир давлатда қандайдир вирус пайдо бўлибди. Эшитганлар, ваҳимага тушганлар оғиз-бурнига бир парча ниқоб тақиб олди. Баданига қандайдир эм, дори-дармон юбораётганларнинг ҳам сони минг. Гўёки шу йўллар билан ўзларини ўша балодан ҳимоя қилмоқчи. Жон ширин-да: ҳамма билганича, ақли етганича қаттол касаллик олдини олиш илинжида чопади. Хўш, одамзоднинг маънавиятига, қалбига ўшандай офатлар хуруж қилса-чи?! Уни қандай ниқоб билан қўриқлай оламиз? Одамнинг онг-шуурига, тафаккурига дариган ўлатнинг бирор эми, муолажа усули борми? Ҳа, бор. Буни оқил-у доналаримиз минг йиллардан бери такрорлаб келади. Илм, назм, фасоҳат, латофат дунёни, одамни қутқаради, дейишади. Бу халоскор омилларнинг барчаси бадиий адабиётда мужассам! Ҳа, адабиёт шундай буюк нажот, аммо кўп ҳолларда унинг ўзи ёрдамга, мададга, эъзоз-эҳтиромга муҳтож. Аввало, адабиётнинг ўзини қутқаришимиз зарур! Шовқин-сурондан, жоҳилликдан, ёлғондан, таъмадан, яланғочликдан асрашимиз лозим. Уни бозорга солмаслигимиз керак! Савдо-сотиқнинг дағал ва совуқ муомала-муносабатлари унга тўғри келмайди. Ахир, адабиёт тирикчилик эмас, тириклик манбаи! У ҳаётнинг ҳам, жамиятнинг ҳам мавжудлигини таъминлайди. Шунинг учун бозор ҳам, гулзор ҳам адабиёт хизматида бўлиши мақсадга мувофиқдир.

– Умумтаълим мактабларида Адабиёт фанини ўқитиш масалалари юзасидан фикрингиз қандай? Бу борада қандай маслаҳатлар, тавсиялар беришингиз мумкин?

– Мактаб, дарсликлар, адабиёт сабоқлари… булар оғир ва оғриқли муаммолар. У ҳақда кўпдан бери гапириб келиняпти, лекин натижаси камроққа ўхшайди. Аввало, таъкидлаш ўринлики, барча дарсликлар каби адабиётга оид дарсликлар, қўлланмалар ҳам ўта ислоҳталаб. Болалар ўрганиши керак бўлган билимлар уларда акс этмаган. Мазмунан саёз, чалкашликлар кўп. Хўп, бунисига кўндик. Адабиёт муаллимларининг савияси қандай? Бу ҳам жиддий муаммо. Аксарият ўқитувчилар бу соҳани тасодифан ёхуд мажбуран танлагандек таассурот уйғотади. Уларнинг катта қисми бугунги адабий жараёндан мутлоқ хабарсиз. Охирги пайтда қандай бадиий китоб ўқидингиз деб сўралса, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини ўқидим, дея жавоб беради. Аслида, шуни ҳам ўқимаган, киносини кўрган. Менимча, замонавий адабиёт ўқитувчиси замонавий адабий жараёндан хабардор бўлиши шарт. Буни қандай амалга ошириш мумкин? Адабий жараён нафаси анқиб турган “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, “Жаҳон адабиёти” каби журналлар, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Китоб дунёси” сингари газеталар ҳар бир мактабга, ҳеч қурса, бир донадан етиб боришини таъминлаш зарур. Мажбурий обуна мумкин эмас, деган гапни байроқ қилиб, кўпгина жойлар авваллари бир дона-икки дона олиб турадиган нашрларига ҳам ёзилмай қўйишди. Менимча, мажбурий таълим бор экан, мажбурий обуна ҳам бўлиши керак. Акс ҳолда, мажбурий таълимдан кўзда тутилган мурод-мақсадга тўлақонли етиша олмаймиз. Шунингдек, барча олий ўқув юртларида, тест синовларидан аввал талабгорлар иншо ёзиш имтиҳонидан ўтишса, айни муддао бўларди. Чунки иншо ёшларнинг нафақат билим савиясини, балки ўз фикрини ёзма тарзда ифодалай олишини ҳам кўрсатади. Менимча, бўлажак олий маълумотли мутахассисга бу жиҳат ўта муҳим.

– Ёш ижодкорларга тилакларингиз.

– Ёшларга, энг аввало, жўровозлик эмас, ҳур овозлик тилайман. Улкан-улкан дардлар, оғриқлар тилайман. Айтмай туриб, айта олиш, кўрмай туриб, кўрсата олиш санъатини тилайман. Ёш ижодкорларимиз доимо илҳомдан энтикиб, изтиробдан лаззатланиб юрсинлар. Оқ қоғозга ҳамиша оппоқ қалб билан юзлансинлар. Соғлик, омонлик уларни асло тарк этмасин!

Суҳбатдош: Ғиёсиддин Ўнаров

«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 1-сон