Ҳалима Худойбердиева: “Мен Туроннинг қадим қўнғироғи…” (1997)

Мен касбим юзасидан устоз, Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиеванинг Моҳи ва Камола исмли жондан азиз фарзандлари билан ўзбек тили ва адабиёти юзасидан йил давомида машғулотлар олиб борганман. Дарс машғулотларимиз гоҳида шоиранинг уйида, кўз ўнгида бўлиб ўтар эди. Дарсдан сўнг гоҳида опа билан адабиёт, шеърият, ижод, улуғлар руҳи, мероси, давр, эврилишлар хусусида ҳам соатлаб суҳбатлашар эдик. Бу ҳақда устоз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маҳмуд Саъдийга  айтганимда, устоз менга “Ҳалима билан суҳбат уюштир” деган таклифни берди. Устознинг бу таклифларини Ҳалима опага айтганимда, опа ниҳоятда хурсанд бўлган эдилар. Хуллас, бу суҳбатимиз шу асосда дунёга келган. Устоз Маҳмуд Саъдий суҳбатни 1997 йил “Гулистон” журналининг  5-сонида нашр қилдирган. Ҳозир орамизда бу икки улуғ ижодкорларимиз, сўз усталаримиз йўқ. Оллоҳ раҳматига олсин! Аммо улардан сўз мулки, кўнгил мулки бизга мерос бўлиб қолди.

— Ҳалима опа, халқимиз боғнинг кўкаламзорлиги биринчи ёмғирнинг таъсири билан чиройли бўлади, дейишади. Шоирнинг илк ижод намунасини ҳам маълум маънода биринчи ёмғир тароватига қиёсласак муболаға бўлмас. Биринчи шеърингиз нима ҳақида эди ва нима деб атагансиз?

— Биринчи шеърим отга бағишланган. Еттинчи синфда адабиёт ўқитувчимиз биттадан шеър ёзиб келишни вазифа қилиб топширганлар. Мен ўшанда “Олақашқа” деган шеър ёзанман, олдин ҳам ёзиб юрардим. Отамнинг Олақашқа номли арабий отлари бўлиб, ранги қорамтир кўк, пешонасида оқи бор эди, ўзиям отмисан от эди-да! Хуллас, бу шеър учун ўқитувчимдан илиқ, самимий мақтовлар эшитганман. Ўқитувчим шеъримни районимизнинг “Ленин йўли” газетасига жўнатганлар. Матбуотда кўринишим ўшандан бошланган.

— Илк тўпламингизни, адашмасам, йигирма ёшингизда китобхонларга ҳадя этгансиз. Китобга номни ҳукм ва хулосангиз гўзал ташбеҳга омухта бўлган “Илк муҳаббат” номли тўртлигингиз асосида қўйганмисиз?

— О, илк муҳаббатим, илиқ муҳаббат,
Тотли туйғуларга тўлиқ муҳаббат.
Баҳор қуёшидай иссиқ бўлгину
Баҳор ҳавосидай ўзгарма фақат.

Тўпламга мана шу тўртлик асосида нашриётдагилар ном қўйишган. Лекин ўзимга ҳам бу ном маъқул келган. Тўпламдаги шеърларимни Расул Ҳамзатов, Межелайтес таъсирида ёзганман. Расул Хамзатовнинг тўртликларини, Межелайтеснинг “Инсон” китобини ўқувчилик давримда ёддан билардим. Ёниб ўқирдим. Отамнинг исмлари Умматқул эди. Абдураҳмон ака деган улфатлари бор эдилар, уйимизга келсалар отам: “Абдураҳмон, менинг қизим бутун китобни ёддан билади, ишонмасанг сўраб кўр, ўзимнинг қизим-да!” – деб мақтардилар.

— Ҳалима опа. Шеърни қайси вақтда ёзасиз? Тундами ёки саҳардами?

—Фақат тунда ишлаганман. Умр бўйи. Мен тундаги ишдан қониқаман, фикрим тунда қуйилаб келадигандай туюлади. Ўқувчилик давримда ҳам тунлари ўтириб ишлардим, бу ҳолатимдан онам ташвишга тушардилар. Эсимда, баъзан ярим тунлари койиб, чироқни ўчириб кетардилар. “Увуз этида куйиб кетади” деб безовта бўлар эканлар. Ҳаммаси уйқу, ором эвазига, ўрнига бўлган-да, лекин уларни азоб деб ўйламайман.

— Қайси шеърларингизда бирор аниқ воқеа ёки шахс тақдири макон топган?

Деярли ҳар бир шеъримнинг ўз тарихи, замини бор.

“Илинж” достоним онам Шарофат Хонназар қизининг ҳаёти ҳақида. Достонни бошдан-охир йиғлаб ёзганман. Онам ўттиз беш ёшларида оламдан ўтганлар. Пахта даласида ишлаб юрганларида дориланган сув ичиб қўйганлар… Мен у пайтларда икки  ёшда эканман, онаизоримни эслай олмайман,  лоақал бир дона расмлари ҳам қолмаган. Шу ёшдан бошлаб холам билан амакимнинг қўлида катта бўлганман. Онамнинг ўлимолди ҳолатларини холам айтиб берганлар. Достонда онам тимсолини Гулнор образида тасвирлаганман. Онам қазо қилган кундан холам менга ўзини “она” дейишга ўргатган эканлар.

— Биласизми, Ҳалима опа, доно халқимизнинг “Ота-онага суянган фарзанд соядек ерга йиқилмайди” деган ҳикмати бор. Тушунсак, бу ҳикматда ҳам гап катта экан, баъзан мен ҳам отамни соғиниб кетаман, кўргим келади, маслаҳат ва танбеҳларини эшитгим келади. Шундай пайтларда Сизнинг “Қўмсаш”, “Оқ олмалар пишганда” шеърларингизни ўқиб бир таскир топаман. Сўнг хаёлимда отам: “Ўкинма, қизим, кўнглингни ҳеч қачон ярим қилма, бировнинг нонига кўз тикма, дўст-душман олдида кўзёш тўкма, қаерда юрма, қаерда  бўлма доим руҳан ўзим қўллайман, мадад бўламан дегандай бўлаверадилар. Мен ҳам: “Отажон, Сиз учар бўлсак қанот, қўнар бўлсак равом эдингиз. Руҳингиз қўлласин”, деб худди ўнгимда гаплашгандай бўламан.

— Умуман, Робия, одам боласини ўтмиши, кечмиши шоир қилади, ижодга йўллайди. Менимча, болаликда кўрган, эшитган, ҳис қилган тасаввурлар ва гаплар қўллайди. Эсингизда бўлса, жумҳуриятимизда “Абадий қадриятлар ва Аҳмад Яссавий” халқаро илмий анжумани бўлиб ўтганди. Марказий Осиё мамлакатлари, Туркия вав Бошқирдистондан вакиллар, кўплаб меҳмонлар иштирок этишди. Жуда савобли иш бўлганди. Мазкур анжуманда мен ҳам чиқиш қилишим керак эди. Ўшанга тайёрланишда ҳам онамнинг холамга айтган васиятларига таяндим, мақолани жуда енгил ва қисққа муддатда ёздим. Онам бу фоний дунёда умргузаронликларини тугатиб, ҳолдан тойиб бораётганларида шундай деган эканлар: “Қаршигул, сен ҳеч нарсани кўраётганинг йўқ, қошимга бир оппоқ соқолли нуроний одам келяпти. Назаримда. Муҳаммад пайғамбаримиз, қара, ул зоти покнинг чеҳрасидан нур тараляпти. Менга бир билакузук ташлади, қарагин, қандай чиройли-я. Мени олиб кетсалар керак.  Болаларимга ўзинг оналик қил”.

— Ўша чиқишингизни эшитгандик, матбуотда ўқигандик. Одам қалбини қалқитадиган чизгиларингиз ёдимга келди: “Эй қадим Туркистоннинг мўмину мусулмонлари, муслим ва муслималари, оёққа қалқинг, бугун қандай улуғ кунлар келганлигининг хушхабари ҳар бирингизнинг кўнглингизга бориб етсин. Худди ҳаётлик вақтларидагидек гуркираб, пок чеҳраларининг илоҳий нури тўрт томонни бирдай ёритиб мақолати олий ва каромати чексиз валийуллоҳ Аҳмад Яссавий келмоқдалар. Атрофларида туркий дунёнинг пиру бузруклари Юсуф Ҳамадоний, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Сулаймон Боқирғоний, Юнус Эмро, Вайсал, улуғ Навоий. Соҳибқирон Темур… Шошилайлик. Азизлар, тавофга шошилайлик. Фақат биз уларнинг ҳузурлариға бошимизни икир-чикир ноқис фикрлардан, қўлимизни бор кераксиз нарсалардан бўшатиб, покланиб ёруғ юз билан чиқайлик. Тариқатимизнинг тақозоси шу”.

— Раҳмат. Арман халқининг ижодини кўзларига суртиб ўқийдиган классик шоири Нарекаци бесабаб бутун бошли бир китобни “Бул китоб оҳу фиғонимдир менинг” деб атамаган. Кулфатда шуҳрат, шуҳратда офат бор, – каби ҳикматлар бежиз дунёга келмаган. Онам, отам ҳақида шеърларим кўп. “Бир ўрим соч тарихи” номли шеърим холам-онам Қаршигул Хонназар қизининг ҳаёт йўли ҳақида.

— Ҳалима опа, мана, халқимизнинг қадимий анъана вав урф-одатлари қайта жонланмоқда. Демоқчиманки, адабиёт ҳам миллий анъаналарга таянадиган сўз санъати. Ундаги руҳият, тасаввур, эътиқод руҳий қарашларнинг ўзига хос кўриниши миллий хусусиятларга йўғрилганлиги билан ажралиб туради. Умр бўйи ҳаётнинг ичида бўлган шоир, халқ турмушини, талаб эҳтиёжларини кўзи билан кўриб, юраги билан англаб туради ва ижодига сингдиришни шоирлик бурчи деб билади, натижада, ижодида халқчиллик, миллийлик чуқурлашади. Бироқ инсоннинг маълум бир маънавий оламини беришда урф-одатларни айнан келтириш, поэтик материалга айлантириш, қиёсга тортиш шоирдан маҳорат талаб қилади. Сизнинг ижодингизда кўпкари ўйини, моможон ва онажонларимизнинг урчуқ, ип йигириш, ўрмак тўқиш одатлари, қайнона ва келин муносабати билан боғлиқ анъаналаримиз асосида, ёрдамида чиройли, жонли халқона образ. Лавҳалар чизгансиз, фикр мулоҳазалар баён этгансизки, бу айниқса, “Кимдир ўрмак тўқир”, “Бекачим, пишиқроқ йигиргин мени”, “Ўзгалар ўрмаги”, “Чеварамга ёзганларим”, “Ё, фалак”, “Сайрам бахшининг айтганлари” каби бахшиёналарингиз, шеърларингизда яққол сезилади. Бу нозик нуқталарга кўпроқ мурожаат қилишингизнинг сабаби нима?

Халқимизнинг қадимий анъаналари, одатлари йўқолиб кетмайди. Бу қадриятлар халқнинг кўнгил кўзини равшан қилади. Мен кўпроқ мурожаат этган нуқталар эса гўдаклигимдан таниш, яъни, кўз ўнгимда ўтган. Мен шундай муҳитда ўсганман. Отам чававндоз бўлган.

Қишлоқда тўйлар кўпкарисиз ўтмасди, ўзимиз ҳам баъзан от минардик. Мен отни яхши кўраман, от деганда менда бир илоҳий куч гавдаланади. Қадимги ривоятларда, афсоналарда отни қуёшга менгзайдилар. От ҳамма ҳайвонларнинг тилини билган Сулаймон пайғамбар давридан бошлаб инсон хизматига, измига тушган экан. Эгасига жуда вафодор жонзот, шу боис бўлса керак халқимиз “От айланиб қозиғини топар”, “От битди – қанот битди”, “От – йигитнинг қаноти”, “От оёғидан топар, одам қўлидан” каби ҳикматлар яратган.

Мен ёшлигимдан бошлаб холам-онажонимнинг ёнларида ўтириб ироқи дўппи тикардим, гилам, пат турларини чалардим, етти-саккиз, ўн икки, ўн тўққиз жуфт, қоқма, ғажари каби олача, гиламлар турларини тўқирдик. Ҳозир ҳам ўзим нусхалар чиқариб, тўқий оламан. Булар халқимизнинг ўзига хос томонлари. Қишлоқларимизда бу одатларимиз ҳамон сақланиб қолган, давом этиб келаяпти.

— Шеърни шеър қилган, унга қудрат бахш этган воситалардан бири образдир. У шоирнинг ғоявий эстетик ниятини ифодалашда муҳим роль ўйнайди. Шеърларингизда олма (оқ олма), олча гули (оқиш, қизғиш) кабиларни поэтик образга тез-тез тортиб турасиз. Олма фольклорнинг турли жанрларида муҳим бадиий детал бўлиб келади. Олма билан боғлиқ олма фарзанд, олма отиб ёр танлаш, олма ейиш – висол, олма – муҳаббат каби мотивлар мавжуд. Сизда эса юқорида келтирилган мотивлардан ташқари йўқотиш, соғинч, хотира каби оҳанглар ҳам борлигини кўрамиз. “Йиллар оша укаларим такрорлаб юрар мендек: “Биз отамдан айрилганмиз оқ олмаган пишганда”. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин, кенг қўллашингизнинг сабаби нима?

Сирдарёнинг  Боёвут туманида бизнинг жуда катта боғимиз бўлар эди, ҳозир ҳам бор, сийраклашиб қолган. Боғимиз олмазор ва олчазор эди, катта-катта оқ олмаган бўларди. Отам доимо боғда ишлар, пайванд қилишга уста эдилар. Отамнинг куртакларга пуфлаб пайванд қилишлари ҳозир ҳам кўз ўнгимда турибди. Отам боғда ишлаганда бизга кўп нарсалар айтиб берар ва “Айлансин қулинг” оҳангида ажойиб қўшиқлар куйлардилар. Ҳамон қулоқларим остида овозлари жаранглаб туради. Отам айни олма пишиғида ўтдилар… Умуман, болаликдаги ҳайрат, тўлқин, табиатга яқинлик туфайлидир.

— Ҳазрат Али: “Ақл юракда жойланган”, деган эканлар. Бадиий каломга, Сизнингча, ақл, идрок, юрак қандай мадад беради?

Мен бу нарсаларни ўзаро боғлиқ деб ўйлайман. Ақл, идрок ва юракда катта жасорат бўлмаса, ижод узоққа бормайди, ярим-ёрти йўлда қолиб кетади. Менинг мақсадим: “Яшашми – ёниб, енгиб яшаш. Бошқаси ортиқча гап”.

— Биласизми, Ҳалима опа, суғбатимиздан Сизнинг истеъдод ва ижодингизнинг яна бир хусусиятини сездим. Деярли барча шеърларингизни ёддан билар экансиз, Юсуф Хос Ҳожиб бобомиз шуаро аҳлини сўз терувчилар дейди. Шундай экан, сўз теришдаги бадиий маҳорат дегани нима?

Ажойиб баҳо. Маҳоратни меҳнат деб биламан. Эринмай қилинадиган қора меҳнат юксак маҳоратни келтириб чиқарса ажабмас. Бу ҳақда рус шоири Роберт Рождественский: “Энг қора иш, энг тоза иш – бизнинг ишимиз”, – деб тўғри эътироф этган. Узоқ ишламасам, ижод маъносида, саводсиз одамга ўхшаб қоламан. Маҳоратни меҳнат яратадию, албатта, кўрадиган кўз, ҳис қиладиган қалб бўлиши керак. Ҳар кимга Худо берсин. Худонинг марҳаматими, заҳматими, ҳар ҳолда бергани яхши-ку! Халқимизда “Суяк суради” деган гап бор, отамнинг оналари Олтин энам эл устида юрадиган бахши бўлган. Онамнинг онаси Тилло энам сўзга чечан бўлган. Баъзида қариндошлар “олтин билан тиллонинг қоришмаси” деб ҳазиллашишади. Маматқул амаким бўлса, дўмбира чалиб, достон куйлаб давраларга, тўй-маъракаларга файз бериб юрганлар. Бахшиёналаримдан “Бахшининг тўйдаги курашда айтганлари”, “Кўзи борлар тўғри йўлда юрмаса” каби асарлар шу Бахши Маматқул амаким ҳақидадир…

Ҳазрат Навоийни олинг, баъзан шундай зотнинг яшаб ўтганига ҳайратланаман. Чингиз Айтматов, Абдулла Ориповдаги самимият  тортади, улар ердаги одамлар эмас. Назаримда улар ердан баланддаги сирли салоҳият.

— Ҳалима опа, ижодингизни синчиклаб кузатар эканман, уларнинг умумий руҳида мен қадимий анъаналаримизга садоққат, ўтмиш салафларимизга меҳру муҳаббат билан бир қаторда меросий гўзал бир даъвогарликка дуч келаман. Хусусан, “Иншооллоҳ” шеърингизда айтганингиздай:

         Иншооллоҳ, бўлса умр вафоси
         Мен халқимнинг суянч тоғи бўлурман.
         Нодиранинг қайта келган садоси,
         Турк Туроннинг қўнғироғи бўлурман.

Шундай ғурурни кўтарадиган, инсонни кўзлаган катта мақсадлар йўлида оёққа қалқитадиган, куч берадиган туйғулар оқими қандай пайдо бўлади? Шу ҳақда бир-икки оғиз гапириб бера олмайсизми?

Робияжон, ўзингиз “туйғулар оқими” деб тўғри қайд  этдингиз. Бу хил  туйғулар оқими ҳақида гапириб бериш қийин. Уни фақат ҳис қилиш мумкин деб ўйлайман. Вужуд-вужудим билан қандай ҳис қилсам, шундай қоғозга тушираман. Бу томони энди қодир Оллоҳнинг инояти деб ўйлайман. Сал олдинроқ худди шу руҳда кичкина бир шеър ёзгандим:

Мен Туроннинг қадим қўнғироғи мен,
         Жаранг берсам қир-даласи уйғонар.
         Аросатда бироз тиндим чоғи мен
         Саҳар кўнглим шалоласи уйғонар.
         Болам кимсан, ким бобонгнинг қотили?
         Билармисан туркнинг тўқсон зотини?
         Томиримда чиққудайин отилиб,
         Найман онанинг ноласи уйғонар.
         Қўймам тўнган кўл, ғамларга чўмгани,
         Ерпарчин ҳам кўтаради ўмганин.
         Тобутда ҳар мангуга кўз юмгани,
         Бешикдаги ҳар боласи уйғонар.
         Мен Туроннинг қадим қўнғироғиман.

— Ҳалима опа, ўтмиш шоирларимиздан ким кўпроқ кўнглингизга яқин?

Уларни санаб адо этиб бўлар эканми? Ҳазрат Яссавийми, ҳазрат Навоийми ё улуғ Бобурми? Айтайлик, ўз кўз ёшларига ўзи тойилиб бораётган Огаҳийми ёки ҳар бир тўртлиги бутун фикрат дунёсини ағдар-тўнтар қиладиган Пурёвалий Паҳлавон Маҳмудми… Мана бу тўртликка эътибор беринг:

         Йўлга қара, йўлни кўрарлар кетди,
         Бошла ўзинг, бошда юрарлар кетди.
         Қавмингга бориб, ҳолини сўр, қил йўқлов,
         Йўқлаб сени, ҳолингни сўрарлар кетди.

Бугун бизга она бўлган бу табаррук тупроқ, Ватан, дунёга мана шундай бетимсол пири комил, пири муршид, валиюллоҳларни берганки, уларга ҳақиқий муридлик ҳам ҳар кимнинг қўлидан келмайди деб ўйлайман. Кейинги вақтларда кўпроқ дилимга Бедил яқин. Қуйидаги янглиғ шеърлар мени ларзага келтиради:

Фоний бўлсам-да бақо шул ердадир,
         Бахту кулфат мутлақо шул ердадир.

         Ўз дилимни тарк этиб кетгум қаён,
         Бор умид, бор муддао шул ердадир.

         Пок дил, хуррам яша борлиқ аро,
         Гарчи ҳусни бевафо шул ердадир.

         Йўқ, бунингдек фазлу нуқсон, изла минг.
         Минг саодат, минг бало шул ердадир.

         Зорман… дийдорга элтар карвон,
         Қўнғироғидан садо шул ердадир.

“Шул ер” ҳақида бундан хуш нафасроқ, таманнолироқ. Чиройлироқ, замонавийроқ шеърни учратганмисиз? Жаннатмакон классикларимиз, устозларимиз ҳамиша ҳамма замонларнинг энг тиниқ, энг гўзал ва энг замонавий шоирлари бўлиб қолаверадилар.

— Яшолмайман қувониб ё ғам чекиб кам-кам,
Ҳаётим ё жаннат бўлур, ё дуд, жаҳаннам.

Ҳалима опа, бу сатрларингиз менга Лермонтовнинг кескин, аниқ, жозибадор хулосали шеърларини эслатади. Сиз бу хулосага қачон келгансиз? Демоқчиманки, юқоридаги сатрлар билан тугалланган шеърингизни неча ёшингизда ёзгансиз?

Адашмасам,  университетнинг 2-курсида ўқирдим. Бу жуда эски шеър.

— Қозоқ халқининг бугунги жасоратли шоирларидан Хонимой Есенқораева билан танишиб қолдим. Хонимой опанинг эътирофларидан ораларингда катта дўстлик борга ўхшайди. Бу дўстлик қандай бошланган?

Биз Хонимой билан халқимизнинг оғир, қайғули, дардли кунларида танишганмиз. Фарғона. Қўқон фарёдлари унутилмаган, Ўш-Ўзган фожеасининг оловлари чарсиллаб турган вақтлар эди. Биз илдизи бир, бир-бирига ёвуқ икки халқ фарзандлари сифатида яқинлашганмиз, дўстлашганимиздан яйрадик. Бошимиздаги фалокат, қора ғамлардан эзилдик. Биргалашиб йиғладик. Ўшанда менинг “Ўш-Ўзган фожеаси” туркум шеърларим “Адабиёт ва санъат” газетасида бир бет бўлиб босилган эди. Ҳонимой ўша шеърларимнинг ҳаммасини бир ҳафта ичида қозоқчага ўгирди. Талант билан, аслидай ўгирди ва тез орада ўзларининг “Нурли жол” газеталарида эълон қилди. Кўзингиз тушган  бўлса, газетада ўша шеърлар “Унутганнинг куйсин икки дунёси” номли умумий сарлавҳа остида босилганди. Ҳеч  нарса, ҳеч қачон – яхши кун ҳам, ёмон кун ҳам – унутилмаслиги керак. Ўшанда у кунларнинг оғриқлари ҳис этиб турилади.  Ўшанда ўшандай кунларни қайтарилишига йўл қўйилмайди. Мен ҳозир сизга ўша шеърнинг охирини  айтаман:

Ўтган ўтди, бўлмас ортга қайтариб,
         Фақат юрак зирқ-зирқ санчган пайтлари
         Ота Туркдан тарқалганга айтарим:
         Унутганнинг куйсин икки дунёси.

— Ҳалима опа, шерларингизни мутолаа қилар эканман, оқ билан қора, рост билан ёлғон, диёнат билан хиёнат, қабоҳат оралиғидаги можаролар, муносабатлардан ҳайрат, ҳаяжонга тушаман, баъзан кўксимга оғриқ туриб, кўзимга ёш тўлса, баъзан сурурланиб ҳаволанаман. Айниқса, кўтаринки, даъваткор шеърларингизда. Масалан, “Болаларим, қадни кўтаринг!” шеърингиз қачон, қандай турткилар сабаб дунёга келган?

Тўғри айтдингиз, Робиябону, ҳеч нарса бесабаб дунё юзини кўрмайди. Агар бир халқ сифатида, шахс сифатида силлиқ яшаб келганимизда. Йўлимиз текислик ва ўнқир-чўнқирлар, кўтарилиш ва пасайишлардан иборат бўлмаганда ҳақиқатан ҳам, эҳтимол, асарларимиз силлиқ, зиддиятли рангларга қоришмаган бўлармиди… Қаердадир эшитганим бор. Тўп, оддий тўпни ерга қанчалик куч, зарб билан урилса, тўп шунчалик юқорига сапчиши ҳақида…

Буёғи Фарғона, Паркент, Бўка, Қўқондаги фожеалар, буёғи пахта ёки “Ўзбек иши”дай халқ бошига тушган қора кунлар тўзонлари… Бу воқеалар руҳни исканжага олмаслиги, ерга урмаслиги ёки кўкка сапчитмаслиги мумкинмиди? “Болаларим, қадни кўтаринг!” ўша тўфонли кунлар тўзонлари орасида ёзилган:

Ўтган қора кунлардан ҳали-ҳануз карахтман
         Ҳар япроғи юракдай титраб турган дарахтман.
         Шу ҳолда ҳам олдинга ташлангувчи тик шахдман,
         Болаларим, қадни кўтаринг.

         Текинхўр аталдингиз, бу хўрлик мени еди,
         Муштумзўр аталдингиз, бу зўрлик мени еди,
         Бу карлик мени еди, бу кўрлик мени еди,
         Бошимдан зулматни кўтаринг!

         Тушларимда Тўмарис юраклари узилиб,
         “Туёқларим тўзди”, деб йиғлайверар эзилиб,
         Сўнг, тонгача уйқу йўқ… чап кўкракни тиғ тилиб,
         Кўксимдан бу додни кўтаринг!

         Бобо Темур уйқуда… Темурларим сиз туриб,
         Қўзғолган етмиш икки томирларим сиз туриб,
         Ишонган ҳоқонларим, амирларим сиз туриб,
         Хокисор миллатни кўтаринг!

         Қалбга энинг,
         Қадим турк чинорлари тиклансин.
         Қон-қардошнинг чин дўсту чин ёрлари тиклансин.
         Ҳар юракда бир Турон минорлари тиклансин.
         Улуғ мамлакатни кўтаринг!

— Ҳалима опа, қадим халқимизнинг ҳамма замонларда ҳам “бир қадам олдинга ўтган”, келаётган тўфонларга қалқон бўлган фидо фарзандлари, ватанпарварлари, миллатпарварлари бўлмаганда, у халқ сифатида ўзини бугунгидай бутун ва тик сақлаб қололармиди? Юки жуда залворли бўлган эрк байроғини ўз қўлларида тутиб туролармиди? Умуман, мана шундай халқнинг ўсиш, ўтиш жараёнларида ижодкор ўрнини қандай белгилайсиз?

Жуда оддий. Халққа тарқатилиши, сингдирилиши керак бўлган маънавиятдай юкнинг асосий қисмини ижод аҳли кўтаришга масъул. Шунинг учун ҳам ижодкорликни, шоирликни – қисмат дейишса керак. У тирик экан (дунёдан ўтиб кетганда ҳам) ҳар қандай шароитда огоҳ қўнғироқдай жаранглаб турмоққа маҳкум. Бу ҳақда оташнафас, исёнкор шоиримиз, раҳматли Шавкат Раҳмон нақадар ўринли айтган:

         Наҳотки шеърлар айтдим бўшлиққа қараб,
         Наҳотки соврилди олов сўзларим.
         Наҳотки ҳақ бўлса элу юрт асли
         Қуруқ сўзлар деган гумроҳ дўстларим?

         Наҳот бекор ўтди
         Гулдай умримнинг
         Минг йилга татирлик олтин чоқлари,
         Наҳот бирор руҳни уйғотолмади
         Шоир юрагимнинг қалдироқлари?..

         Наҳотки бирорта дилга етолмай
         Беҳуда сарфланиб қанча куч, чидам.
         Келиб кетаверар ёруғ дунёга
         Келиб кетаверар мендай куйчилар?

         Менга минбарлармас, Унвонлар эмас,
         Латта чечаклару эҳсонлар эмас,
         Олов бир саҳрони, юртим хаёли
         Нурда гуркираган саҳро беринг, бас

         Эрку муҳаббатнинг мухтор элчиси
         Ётмасман тупроқда дўниб, тинчланиб,
         Жасадим тирикдир ёруғ дунёда
         Ойнинг синиғидай чақнар синчларим.

         Агар етти қават ернинг қаърида
         Ётсам-да ларзага солиб ҳавони,
         Элимнинг юрагин  Топар бари бир
         Жисмимни куйдириб учган овозим.

Йўқ, бетимсол шоир юрагининг туғёнлари беҳуда сарфланмади! Бугунги Она Ўзбекистон эркининг ҳимоясида турган ботир ўғлонлар сафида ўзбек шеъриятининг ўлмас Шавкат Раҳмондай дарёсидан сув ичган жангари, жисми-жони ўт-олов болалар бор!

Афсуслар бўлсинки, бу мақоми баланд қўнғироқ жарангини тириклигида биз оз эшитдик, оз кўрдик. У жуда камсуқум яшаб ўтди.

— Ҳалима опа, Сиз муқаддас халқ, юрт, Ватан каби мавзуларга қўл урганингизда ўзингизнинг қаердадир ишлатган бир иборангиз билан айтганда, “бир даражада кўтариласиз”. Овозингиз баландлагандай, қулочингиз, қанотингиз кенгайгандай туюлади менинг назаримда. Табиатда фасллар алмашиниб тургандай, инсон қалбида ҳам турфа хил жараёнлар кечади. Бугун-чи, Ҳалима опа, бугун бу хусусдаги фикрларингиз қандай?

— Робияжон, бир-икки кун олдин Оллоҳ менга бир шеър берганди. Охирги шеърим ўша эди, шекилли. Ҳозир ўшани ўқийман. Саволингизга шу шеър жавоб бўлади деб ўйлайман.

ҲАҚҚИМ ЙЎҚ…

Биламан, на сийму, на зар кетса ҳам,
Ёнимдан дўстиму дигар кетса ҳам,
Ғамлардан қон бўлиб жигар кетса ҳам,
Кўзга ёш олмоққа менинг ҳаққим йўқ.

Тунги даштлари-ю дарасидан-да,
Кир-чир ёмғирларин орасидан-да,
Мен овоз бераман кутилмаган дам,
Кўздан йўқолмоққа менинг ҳаққим йўқ.

Ватан, кулсин доим бошингда омад,
Хуш кунинг бўлсам ҳам унутилган хат.
Қўпмасин, бошингда қўнса қиёмат,
Чеккада қолмоққа менинг ҳаққим йўқ.

Босмасин, ёв босса эркнинг роҳини,
Қон билан ёзгайман элнинг оҳини,
Бошим кетганда ҳам жанг кулоҳини,
Бошимдан олмоққа менинг ҳаққим йўқ.

— Ҳалима опа, Сиз куни кеча Туркистон сафари, Аҳмад Яссавий ҳазратлари зиёратидан қайтдингиз, кўнглингиздан қандай туйғулар кечаяпти?

— Қайтиб келган пири-комилларимиз оёқларининг гарди кўзларимизга тўтиё бўлсин. Туйғулар дедингизми… кўнгилдаги туйғулар хусусида Оллоҳ умр берса, хали умр бўйи ўйлаймиз, ёзамиз, чоғи. Ҳозир қисқача шундай дейиш мумкин.

Турк дунёсида қачонки инқирозлар даври бўлган бўлса, бу ўша бизнинг қадимий бебаҳо меросларимиз – сулукларимиз – Яссавия, Нақшбандия ва бошқа тариқу тамойилларимиздан чекиниш даврларига тўғри келган. Жамиятдаги инқирозлар, кўнгилдаги бузилишларнинг илдизларини мен ўша сулукларимиздан йироқлашиб кетганлигимизда деб биламан.

Расули Акрам бир ҳадиси шарифларида “Ўлмасдан бурун ўлинглар” деб марҳамат қилган эканлар. Маъноси будир, сиз бу дунёга келган экансиз, ўзингиз ўлмасдан бурун нафсингизни ўлдиринг, ўз ичидаги нафс балосини ўлдириб кўнгил кўзини тўқлаб олмаган одам устози улуғ Аҳмад Яссавийдек:

Оқил эрсанг ғарибларнинг кўнглин овла,
Дунёпараст ножинслардан бўйин товла,

каби  сатрларни битмоққа ўзида маънавий ҳуқуқ сезармиди?

— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат, Ҳалима опа!

— Омон бўлинг, Робиябону!

Суҳбатдош:   Буробия Ражабова

“Гулистон”. 1997. 5-сон. 26-30-бетлар.