Габриел Гарсиа Маркес ва Акира Куросава суҳбати (1991)

Улуғ адиб Габриел Гарсиа Маркес бир неча йиллар Боготада кинотанқидчи cифатида фаолият кўрсатган. Япониялик машҳур режиссёр Акира Куросава “Август рапсодияси” фильмини суратга олаётган пайтда Маркес Токиога боради ва улар олти соат давомида ўзаро мулоқот қилишади. 1991 йили “Los Angeles Times” газетасида эълон қилинган мазкур суҳбатнинг биринчи қисмини журналхонлар эътиборига ҳавола этмоқдамиз.

Маркес. Бизнинг бу самимий суҳбатимиз расмий интервьюдек туюлишини истамасдим. Cизнинг ҳаётингиз ва ижодингиз билан боғлиқ маълумотларни янада кўпроқ билиш мен учун қизиқ. Дастлабки саволим шуки, сиз сценарий ёзишга қандай киришасиз? Бунга қизиқаётганимнинг сабаби, менинг ўзим ҳам сценарий ёзиб тураман. Сиз адабиётнинг юксак намуналарини экранга кўчириб, катта муваффақиятларга эришган ижодкорсиз. Мен эса ўз асарларимни экранлаштириш мумкинлигига ҳамиша шубҳа билан қараганман.

Куросава. Менда бирон-бир ғоя пайдо бўлгудек бўлса, қўлимга қоғоз-қалам оламану уни сценарийга айлантириш учун хонамга қамалиб оламан. Бундай пайтда бўлажак сценарийнинг бутун сюжетини умумий бўлса-да, тасаввур қила оламан ва ҳатто ечим қандай бўлишини ҳам тахминан биламан. Ишни қайси саҳнадан бошлашни билмасам, тасаввуримда туғилган ғоя ва образ оқимига эргашиб боравераман.

Маркес. Тасаввурингизда дастлаб ғоя пайдо бўладими ёки образ?

Куросава. Буни аниқ тушунтириб беролмайман, менимча, ҳаммаси бир нечта ўзаро тарқоқ образларнинг туғилишидан бошланади. Бошқа япон сценарийнавислари кўп ҳолларда бошқача йўл тутишади, яъни, улар аввал сценарийнинг умумий шаклини, ҳар бир саҳнаси, сюжет тизимини тузиб олиб, кейин ёзишга киришади.  Ҳеч биримиз Худо эмасмиз, натижа қандай бўлишини аввалдан била олмаймиз, аммо, мен буни унчалик ҳам тўғри деб ҳисобламайман.

Маркес. Сиздаги бундай интуитив услуб, эҳтимол, Шекспир, Дос­тоевский ёки Горкий асарлари асосида сценарийлар ёзганингизда шакллангандир?

Куросава. Режиссёрлар адабий образлар моҳиятини кинематографик воситалар орқали етказиб беришнинг мураккаб томонларини ҳар доим ҳам тушунавермасликлари мумкин. Бу – яшириладиган сир эмас. Масалан, бир детектив романни экранлаштириш чоғида қизиқ воқеа юз берди: ёш режиссёр сценарий бўйича, темир йўл ёнида ётиши керак бўлган жасаднинг жойи фильмда ҳам китобда кўрсатилганидек, бўлиши керак, деб туриб олди. Мен унга сен адашяпсан, чунки  романни ўқиганинг учун ҳам жасадни темир йўл ёнидан излаш кераклигини биласан. Романни ўқимаган томошабин эса бундан умуман бехабар бўлади, дедим. У адабиётнинг ажиб қудратига сеҳрланиб, кино образини бошқача усулда тасвирлаш мумкинлигини тушунмаганди.

Маркес. Реал ҳаётда бор, аммо бадиий фильмда ифодалаб бўлмайдиган бирор образни эслай оласизми?

Куросава. Ҳа, мен иккинчи режиссёр сифатида ишлаб юрган ёшлик пайтларимда шахтёрларнинг Илихада шаҳарчасида шундай ҳолатга дуч келганмиз. Режиссёримиз шаҳарнинг ажабтовур, сирли муҳитини тасвирга олмоқчи бўлди. Бироқ, плёнкага туширилган тасвирлар унинг реал қиёфасига мутлақо ўхшамасди. Биз бевосита гувоҳ бўлган шаҳар шароити ниҳоятда хавфли бўлиб, аёллар ва болаларнинг соғлиғи ташвишли эди. Афсуски, камера буларни аниқ акс эттириш  имконига эга эмас.

Маркес. Очиғи, мен билган камдан-кам ёзувчиларга асарларининг экран талқини маъқул бўлган. Сиз экранлаштириш борасида қандай жараёнларни  бошдан кечиргансиз?

Куросава. Жавоб беришдан аввал ўзингизга савол берсам  – сиз менинг “Қизил соқол” фильмимни кўрганмисиз?

Маркес. Бундан йигирма йил илгари олти маротаба кўрганман. Болаларимга деярли ҳар куни шу фильм ҳақида гапирардим. Мен ва оилам сизнинг бу фильмингизни бошқаларидан кўра кўпроқ яхши кўрамиз. Қолаверса, у менинг учун кино тарихидаги  энг севимли фильмлардан бири.

Куросава. “Қизил соқол” ижодимдаги юксалишнинг асосий нуқтаси. Фильмларимнинг ҳар бири аввалгисидан фарқ қилади. Бу картинам ижодимдаги бир босқич тугаб, кейингиси бошланганини билдиради.

Маркес. Тўғри. Бундан ташқари, унда сизнинг бутун ижодингизга фавқулодда дахлдор иккита саҳна бор. Биринчиси бу – илтижо қилиш саҳнаси, иккинчиси эса каратечиларнинг шифохонадаги жанги.

Куросава. Ҳа, лекин мен сиздан бу ҳақда сўраганимнинг сабаби бошқа: асар муаллифи Ясугуро Ямамото романларининг экранлаштирилишига доимо қарши бўлган. Мен қатъий туриб олганим учун “Қизил соқол”ни истисно қилишга мажбур бўлган. У ушбу асарни кўрар экан, “Фильм менинг романимга нисбатан қизиқарлироқ чиқибди”, деганди.

Маркес. Фильм нима сабабдан унга маъқул бўлган, деб ўйлайсиз?

Куросава. Чунки унда одатий кинога хос кўплаб хусусиятлар ҳақида аниқ тасаввур бор эди. Фақат у мендан протогонистлар, аёлларнинг бахтсиз тақдирига у романда қандай муносабатда бўлган бўлса, шундай эҳтиёткорлик билан ёндошишимни сўраган. Қизиғи, фильмдаги аёлларнинг бахтсиз тақдири ғояси  романда тасвирланганидек эмас, улар орасида анча фарқ бор.

Маркес. Эҳтимол, у бошқача фикрда бўлгандир. Ёзувчиларда шундай ҳолатлар кўплаб учрайди.

Куросава. Худди шундай. Ҳақиқатан ҳам, аксарият ёзувчилар асарларининг фильм талқинини кўргач, “бу мен ёзган романнинг яхшироқ кўрсатилган бир қисми, холос”, дейишади. Бироқ, бу билан улар аслида режиссёр фильмга нималар киритганини билдириб қўйишади. Нега бундай бўлишини яхши тушунаман. Улар ўзлари ёзишни истаган-у, лекин ёзолмаган, режиссёр эса соф интуиция билан ўша ёзилмай қолган нарсаларни аниқ тасвирлаб беролганларини кўришса керак.

Маркес.   Бир машҳур ибора бор: “Poets are mixers of poisons”[1]. Келинг, сизнинг фильмингиз ҳақидаги суҳбатимизга қайтсак. Тўфон эпизодини кўрсатиш  ҳаммасидан қийин бўлгандир?

Куросава. Йўқ. Биласизми, экран санъатида энг қийин иш жонзотлар билан боғлиқ лавҳаларни тасвирга олиш. Сув илони, чумолилар, атиргуллар… Қўлга ўргатилган илонлар одамларга ниҳоятда кўниккан бўладики, ҳеч қачон табиий ҳаракат қилмайди. Улар ўзларини худди жонсиздек тутади. Шунинг учун биз ҳақиқий қўрқинчли, табиий равишда ўзини яширишга ҳаракат қиладиган катта ёввойи илонни тутишга қарор қилдик. Негаки, улар ўз “рол”ларини қойилмақом қилиб ўйнашади. Чумолилардан биз талаб қиладиган нарса – улар атиргул ғунчасига тирмашиб, поясида бол изларини  қолдириб, сўнгра яна тепага ўрмалаши керак эди. Очиғи, буни қилиш осон бўлмаган, аммо қилинган меҳнат уларнинг ҳаёт тарзини анчагина ўрганганимга арзийди.

Маркес. Ҳа. Бунга аминман. Лекин, бу фильм учун чумолилардан ҳам, тўфондан ҳам кўпроқ муаммо туғдирган  нарса нима эди?

Куросава. Буни бир оғиз гап билан тушунтириш мушкул.

Маркес.  Қотилликми?

Куросава.  Йўқ. Атом бомбаси портлаганда омон қолган нагасакилик аёл ва уни ўтган ёзда йўқлаб келган неваралари воқеаси. Мен драманинг тушунтириб бўлмайдиган, чидаб бўлмас даҳшатини кўрсата оладиган қойилмақом реал саҳналарни ололганим йўқ. Менинг истагим, атом бомбаси одамлар юрагида қолдирган жароҳатлар ва уларнинг қандай битиб боришини кўрсатиш эди. Мен бомба ташланган кунни жуда яхши эслайман ва ҳалигача бу воқеа чиндан ҳам юз берганига ишонолмайман. Бироқ, энг ёмони, японлар бу воқеани деярли унутдилар.

Маркес. Бу тарихий талафот Япониянинг келажагига қандай таъсир кўрсатади?

Куросава. Японлар булар ҳақида кўп ҳам очиқ гапиравермайдилар. Бизнинг сиёсатчиларимиз АҚШдан қўрқадигандек жим. Улар Трумэннинг бомба жаҳон урушини тезроқ тугатиш мақсадида ташланган эди, деган изоҳига ишонган бўлсалар керак. Бироқ, биз учун уруш ҳамон давом этяпти. Хиросима ва Нагасакидаги расмий маълумотларга кўра, 230 минг киши ҳалок бўлган. Аслида қурбонлар сони ярим миллиондан ҳам кўпроқ. Ҳозиргача госпиталларда радиация оқибатида 45 йиллаб жон талвасасида қолган 2700 пациент ўлимини кутиб ётибди. Бошқача айтганда, атом бомбаси ҳали ҳамон японларни қирмоқда.

Маркес. Агар масалага ақл билан ёндошилса, АҚШ СССРнинг Японияни босиб олишидан қўрққани учун ҳам атом бомбасини ташлаганини пайқаш қийин эмас.

Куросава. Ҳа, лекин улар нима учун урушга ҳеч бир алоқаси бўлмаган аҳоли яшовчи тинч шаҳарда қилишди бу хунрезликни? Ҳарбий базалар бор-ку?

Маркес. Улар бомбани Токио юрагининг энг нозик нуқтаси бўлмиш Император саройига ҳам ташлашмади. Менимча, АҚШ тез орада музокаралар бошланиб, “ўлжа” иттифоқчилар билан бўлинмаслиги учун ўз сиёсий ва ҳарбий қудратини ҳаммага кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Инсоният тарихида ҳеч бир юрт бундай воқеани бошидан кечирмаган. Шундай экан, агар Япония атом портлашисиз ҳам енгилган бўлганида, бугун бу мамлакат фожиадан аввалгидай мавқега эга бўларди.

Куросава. Бирор нима дейиш қийин. Нагасаки аҳолиси бу воқеани эслашни истамайди. Чунки уларнинг аксарияти тирик қолиш учун ўз яқинларини, ота-оналари, ака-сингилларини ташлаб кетишган. Улар ўзларини ҳалигача айбдор ҳис этишади. Портлашдан кейинги олти йил давомида Америка ҳарбийлари ҳудудни эгаллаб олди ва турли воситалар билан бу воқеани унутиш жараёнини тезлаштиришга ҳаракат қилдилар. Япон ҳукумати бунга ёрдам берди. Бу ҳаммаси муқаррар фожианинг, туғилажак урушнинг бир қисмидир. Ўйлайманки, бомба ташлаганлар япон халқи олдида кечирим сўраши керак.  Ҳозирча узр сўралмаган экан, бу драма ҳали ҳам тугамайди.

Маркес. Ҳали узоқ давом этади денг? Бироқ, узоқ бахтли давр бу фожианинг бадалини тўлолмайдими?

Куросава.  Атом бомбасининг ташланиши Совуқ уруш ва қуролланиш бўйича кимўзар ўйинининг бошланганидан далолатдир. Шу ўйин билан ядро энергиясини яратиш ва ундан фойдаланиш жараёни ҳам бошланди. Булар билан бахтли ҳаёт қуришнинг иложи йўқ.

Маркес. Тушунаман, ядро энергияси –  қабиҳ куч. Булар Куросава учун идеал ижодий мавзудир. Мени ташвишга солгани – сиз ядро энергиясининг ўзини эмас, ундан нотўғри фойдаланишни қоралаяпсиз. Электр энергияси, электр стули  борлигига қарамай, фойдали нарса.

Куросава. Менимча, ядро энергияси инсон моҳиятини назорат қилишга қодир ҳодисадир. Агар у билан бирор хатолик юз бергудек бўлса, дарҳол фалокат содир бўлади. Радиация юзлаб авлодга таъсир кўрсатади. Бошқа томондан қаралса, сув қайнаганда уни фақат совутиш керак, акс ҳолда унинг хавфини тўхтатиш қийин бўлади.

Маркес. Айтишим керакки, Куросаванинг фильмлари туфайли мен маълум маънода инсонлик эътиқодимни сақлайман. Шу билан бирга, тинч аҳоли азобини тортган ўша шафқатсиз фожиа ҳақидаги гапларингизни, америкаликлар ва японлар Японияни бу машъум ҳодисани унутишга мажбур қилишга келишиб олишгани хусусидаги мулоҳазаларингизни ҳам тушунаман. Аммо ушбу фожиани рўкач қилиб, ядро энергетикасига тўсиқ қўйиш фикрига қўшилмайман. Чунки у тинч даврда инсониятга жуда катта фойда келтириши мумкин. Эҳтимол, сизнинг бу ҳиссиётингиз японлар бошига тушган ҳалокат учун АҚШ бевосита айбдорлиги, аммо у ҳануз Япониядан узр сўрамагани боисидандир.

Куросава. Одамлар ҳаётда манипуляция қилиб бўлмайдиган муқаррар нарсалар борлигини тушунганларидагина чинакам инсон бўла оладилар. Биз ҳозир Чернобилда саккиз оёқли отлар ёки ануссиз болалар дунёга келаётганига тоқат қилиш ҳуқуқига эга эмасмиз. Суҳбатимиз жиддий тус олиб кетди, менинг бундай ниятим йўқ эди.

Маркес. Ҳаммаси тўғри бўлди. Гап шундай жиддий масала устида бораётганида, биз бирор қарорга келишимиз қийиндир, лекин бу нарсаларни шунчаки енгил-елпи муҳокама қилишга ҳаққимиз йўқ. Сиз ҳозир суратга олаётган фильмингизда (“Август рапсодияси”) бу фикрлардан қайси бирини кўтаришга ҳаракат қиласиз?

Куросава. Тўғридан-тўғри эмас. Бомба ташланган ўша пайтларда мен ёшгина журналист эдим. Содир бўлган фожиа ҳақида ёзгим келарди-ю, аммо оккупация шароитида бу тўғрида ёзиш тақиқланган эди. Эндиликда фильм учун материал қидирар эканман, аввал билганларимдан ҳам кўпроқ маълумотлар йиғдим, уларни ўргандим. Мабодо мен фикрларимни кино орқали очиқ баён қиладиган бўлсам, у Японияда ҳам, бошқа жойларда ҳам ҳеч қачон кўрсатилмайди.

Маркес.  Бу суҳбатни матбуотда эълон қилишга қарши эмасмисиз?

Куросава. Қаршилигим йўқ, аксинча, бу таклифга тўла қўшиламан. Ахир бутун дунё аҳли билиши лозим бўлган мавзуда гаплашдик-ку.

Маркес. Катта раҳмат. Биз ушбу мавзуга ҳар жиҳатдан масъулият билан қараб, холис муҳокама қилдик. Агар мен ҳам япон миллатига мансуб бўлганимда, бу муросасиз  мавзуга ўзимни дахлдор ҳисоблаб, шундай қилган бўлардим. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сизни тушунаман. Уруш ҳеч кимга яхшилик келтирмайди.

Куросава. Тўғри. Даҳшатлиси шундаки, уруш бошланганда ҳатто Исо ва фаришталар ҳам қўмондонга айланади.

Рус тилидан Мафтуна Муҳаммадаминова таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил, 1-сон

[1] Шоирлар заҳарларни қориштирувчилардир.