Абдумажид Азим: “Ҳамон ҳаваскорман” (2013)

Одатда одамлар қалбига яқин шеърни ўқийди, ёд олади ва такрор-такрор айтиб юради.
Сизга яқин ўтмишимдан бир гап айтсам. Каминага талабалик насиб этмаган йиллари эрта саҳарда даштда қўй ҳайдарди. Бир қўлида чўпон таёғи, бирида эса увадаси чиқиб титилиб кетган, муқовасиз митти китоб. Кенг далада қуёшнинг балқиб чиқиб келишини кузатаман, шудрингдан юз ювган лолақизғалдоқларга бўғзимни зўриқтириб шеър ўқийман…
Юрак — кўксимда ёнаётган тош,
У, борки, дунёда сўнмас овозим.
Ҳаётбахш бир сўзим, ҳаётга ўйқаш,
Юракдан ахтариб топишим лозим.
Вақтнинг ўтиши билан билдимки, бу дард камтарин шоир Абдумажид Азим қалами ортида қолган экан. Шоирнинг «Қалбимнинг ватани», «Ёруғлик одами» тўпламлари сизга таниш. Азизлар ҳукмингизга шоир билан бўлган бир гурунгимни ҳадя этаман.
— Барча замонларда ижодкорлар ўзидан илгари ўтган улуғ зотлардан ва замонасининг забардаст вакилларидан ибрат олиб, уларни ўзларига маънавий устоз билиб юришлари бор гап. Таниқли шоир Абдумажид Азим кимни устоз деб билади?
— Шоир ва адиблар ўзлари учун ибрат олиши мумкин бўлган шахслар билан доимо рўбарў келавермайди. Шу туфайли олис замонларда ўтган улуғ боболаримизни ўзларига маънавий устоз билиши ва ҳар жиҳатдан у зотларга ихлос қўйиши, албатта, эзгуликдан нишона.
Истеъдодларга бой миллий адабиётимизга меҳр қўйиб илк шеърларимни битиб юрган чоғларимдан ҳам, бугун ҳам, устоз мақомига муносиб шахслар билан биргаман. Улар билан замондош эканимизнинг ўзи бахтдир. Мен ана шундай устозлардан бири сифатида Асқад Мухторни биламан. Устоз Асқад Мухтор билан яқин бўлмаганман. У кишининг ижодига ва тийнатига меҳр қўйиб, улгу олиб зимдан кузатиб юрганман, холос. Яна алоҳида таъкидлаш жоиз бўлган, бизга оқ йўл тилаган устоз шоирлар Абдулла Орипов ва раҳматли Рауф Парфидир. Уларнинг олдида шеър ўқиш учун назаримда шеър ёзишнинг ўзи кифоя қилмайди. Устоз шоирлар олдида бир сўз айтмоқ масъулияти каминани ботирликка ундаган дамлар ҳам бўлган. Адабиёт одамлари орасида устоз мақомида кўриладиган ижодкорлар ёшга нисбаттан олинмайди. Истеъдоднинг даражаси, ижодининг серқирралигига боғлиқ. Бундай дейишимнинг боиси, шоир укаларим орасида ҳам устоз мақомидагилари бор.
— Шоирнинг зиммасидаги масъулият нима, уни қандай адо этмоғи керак?
— Чин шоир — дардманд киши. Бу дард, миллат ва халқни мудом ўйга толдириб келган оғриқлар, фахриялар бўласа. Айтиш учун сўз ва йўлни шу юртнинг шоир фарзанди топади. Улуғ бобомиз Алишер Навоийни олайлик, аввалига ўз мени билан ўзлигини ифода этган бўлса, сўнгра дунё аҳлига туркий тилда орзуларини ифода этиб оламни ҳайратга солди. Шоир зиммасидаги масъулият қалбида қанот ёзаётган сўзини рост айтмоқдан иборат деб биламан. Адо этиш эса шоирнинг қувваи ҳофизаси, истеъдодининг улканлиги белгилаб беради.
— Ўзини мажбурлаб зўрма-зўраки «ижод» қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Табиийки, чиранаётган «ижодкор»нинг давоси тилга тушиш ва шуҳратпарастликдан нарига ўтмайди. Демоқчи бўлганим, шоир ва ёзувчи учун тилга тушиш муҳимми?
— Бу саволингиздан кўриниб турибдики, аллақандай машқлардан “жанр” ясаш ҳоллари учраб турганидан, узундан-узоқ воқеаномаларнинг “роман” деб аталишига дуч келаётганимиздан, учи-кети йўқ, энг асосийси, эстетик идеалдан мосуво алжирашлардан, мусиқанинг жарангдор ва қулоқни қоматга келтирувчи садоларига жўр бўладиган, қилиқларга мос маънисиз қўшиқлардан матн муаллифларидан бироз ранжиган кўринасиз. Айни шу жиҳатлар кишини ўйга толдиради ва ажаблантиради. Бадиий асар ижодкорнинг қалб нидоси сифатида эътироф этилади. Агарда бадиий ижодга даҳли йўқ «ижод» мавжуд экан, у ҳолда қалби қашшоқ, қалами сиёҳсиз мардум қўлига қалам олибди-да, деб тушунмоқ керак.
Масаланинг яна бошқа бир томониям бор. Француз адиби Оноре Де Балзак асарларини ўзини мажбурлаб ёзганлиги ва тунларни бедор ўтказиш учун ҳаддан кўп кофе ичиб уйқуни енгиб ижод қилганлиги ва дунё адабиётига ҳисса қўшганлиги маълум. Бу ўринда ёзувчини ижод қилишига мажбур қилаётган эҳтирос — пафоснинг самимийлиги билан ифодаланади.
Табиатан эътироф этилишни, мақтовни ёқтирадиган, ўзини кўрсатишга, танилишга интиладиган кишилар шоир ёки ёзувчилар орасида эмас, жамиятнинг турли жабҳаларида топилади. Таниқлилик ижодкор асарлари ва шахси учун заррача наф бермайди. Синчков китобхон доимо мағзи тўқ асар мутолаа қилади ва ана шундай асар муаллифини қадрлайди. Алишер Навоий «Мажолис-ул нафоис»да замонасининг беш юзга яқин шоирлари ҳақида сўз юритади. Ҳозир иккимиз уларни санасак, бармоғимизни тўлдира олмаймиз. Демак, шуҳратпарастлик ва тилга тушишга интилган шоир дардига вақтнинг ўзи малҳам бўлади.
— Кейинги пайтда кам кўринасиз…
— Китоб ўз ўқувчиси қўлига етиб бормаётган бир пайтда ижод қилиш чекимизга тушганга ўхшайди. Бундай вақтда бироз сукут мақулдай. Сукут шуки, ёзишдан тийилиш эмас, балки, эълон қилишдан парҳез маъносида. Таниқли бир олимимизнинг таъбирига ёндош айтганда, шоир кўп, шеър кам даврда шоир ҳам ўз ташвишлари билан ўралашиб қоларкан.
— Ёшлар орасида кимнинг ижодини қалбингизга яқин деб биласиз?
— Сўнгги йилларда адабиётда бироз жонланиш кўзга ташланмоқда. Адабиётимизга иқтидорли ука-сингилларимиз қадам ташламоқда. Улар қадамлари қутлуғ бўлишини тилардим. Шоир Беҳзод Фазлиддин ва Гулбаҳор Ортиқхўжаева менда катта таассурот уйғотди. Беҳзод Фазлиддин шеърларини ўқиганда ўзидан кўнгли тўлмаётган ва ўзгалар олдида айбдор ҳамда гуноҳкор сезадиган ўйчан лирик қаҳрамон «мен»ни англайсиз. Гулбаҳор самимий дил изҳори билан дилларни мафтун этадиган сўз айта оляпти. Улар шу юрт одамларининг дарди, қувончини ўзиники каби туйиб шеър битаётган кўриб элимизнинг «қаторда норинг бўлса юкинг ерда қолмас», деган гапи бот-бот ёдимга тушади.
—    Бугун шоир Абдумажид Азим ортига қараса нималарни кўради?
— Катта орзулар, умидлар билан зўр шоир бўламан, деб Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Ҳалима Худойбердиева, Шавкат Раҳмонга ҳавас билан қалам тебратган эдим. Мен ҳавас қилган шоирлар сафи кечагидек, уларнинг қатори кўпам кенгаймади. Умидим, ижодкор ука-сингилларимдан. Ваҳоланки, иккита шеър ёки ҳикоя қоралаган қаламкаш шоир, ёзувчи саналаётган бўлса-да, мен ҳамон ҳаваскорман.

Нурилла ЧОРИЕВ гурунглашди
“Ёш куч” журналида эълон бўлган.