Ўзбек тили пунктуациясининг асосий қоидалари

Тиниш белгиларининг гап охирида қўлланиши

1. Нуқта

1. Тугалланган дарак гапларнинг охирига нуқта қўйилади:
Қўқон томон кетяпмиз. Ҳозиргина бизни кузатиб қолган бу ажойиб инсон тўғрисида ўйлаяпмиз. Уни биринчи марта кўришимиз. Фақат бир соатгина у билан ҳамсуҳбат бўлдик. (С.Аҳмад)

2. Дарак мазмунидаги гаплар тузилиши жиҳатидан қандай бўлишидан (содда, қўшма, тўлиқсиз, атов, илова ва ш.к.) қатъи назар, уларнинг ҳар қандай типи охирига нуқта қўйилади:
Ҳар йил бир келадиган баҳор севинчи яна кўнгилларни қитиқлай бошлади. (Чўлпон)
Дунёда қандай яхшилик ва хайриятлик бўлса, ҳаммасини шу биргина қизи учун истар ва орзу қиларди. (Чўлпон)
Қўчқор: Болаларинг қани? Қумри: Мактабда. Ундан чиқиб, тўғри шу ёққа келишади. (Ш.Бошбеков)
Шавкатнинг хонаси. Каравотда Бинафша пишиллаб ухлаб ётибди. (Ш.Бошбеков)
Жалил ака дераза тагида ётарди. Тўшакда. Болиши баланд. (Ш.Холмирзаев)

3. Агар алоҳида эмоционалликка эга бўлмаса, буйруқ гаплар охирига нуқта қўйилади:
Фойда чиқадиган томонини кўзлайверинг. (А.Қаҳҳор)
Болаларга бирон нарса олиб бер. (А.Қаҳҳор)
Эркаликни Бегимқулга қилинг. (О.Ёқубов)
Эсон-омон хизматни бажариб кел. (О.Ёқубов)

4. Гаплар сарлавҳа вазифасида қўлланганда, дарак (ва номинатив) мазмунида бўлишига қарамасдан, уларнинг охирига нуқта қўйилмайди:
Мустақиллик ўзликни танимоқдир (Б.Қосимов)
Улар халқнинг юрагида яшайди (Б.Қосимов).

Аммо сарлавҳа икки гап (қисм)дан иборат бўлса, мазмун шуни талаб қилса, биринчи қисмдан кейин нуқта қўйилади:
Ҳукмларнинг сон ва сифат жиҳатидан бирлашган классификацияси. Ҳукмларда терминларнинг бўлиниши («Логика» ўқув қўлланмаси).

5. Муайян тасниф таркибидаги тартибни билдирувчи рақамлардан кейин нуқта қўйилган бўлса, бу рақамлар билан кўрсатилган гаплардан кейин ҳам нуқта қўйилади:
Келишик шаклидаги сўзлар гапда бошқа сўзлар билан қуйидагича муносабатда бўлади:
1. Қаратқич келишиги от билан отни грамматик алоқага киритади: китобнинг варағи, одамнинг гавдаси.
2. Тушум, жўналиш, ўрин, чиқиш келишиклари отни феъл билан алоқага киритади: китобни ўқиди, бозорга бордим, мактабда кўрдим, институтдан келдим («Ҳозирги ўзбек адабий тили» дарслиги).

Аммо мазкур тартибни билдирувчи рақамлар (ёки ҳарфлар) қавс билан ажратилган бўлса, улар билан кўрсатилган гапларнинг сўнгисидан бошқалари охирига нуқта эмас, балки нуқтали вергул (баъзан вергул) қўйилади:
Диалектология фанининг объекти маҳаллий лаҳжа ва шевалар бўлиб, мақсади ва вазифаси қуйидагилардан иборат:
1) айрим шева ва диалектларнинг фонетик, морфологик, синтактик ва лексик хусусиятларини ҳар томонлама тавсиф қилиш;
2) миллий тилнинг пайдо бўлиши ва тараққиётида шеваларнинг тутган ўрнини ва шу миллий тилга асос бўлган шеваларни аниқлаш; < …>
5) умумий ўхшаш лингвистик хусусиятларини белгилаш асосида шеваларнинг маълум ҳудудларда тарқалиш хариталарини тузиш ва шеваларни тасниф қилиш («Ўзбек диалектологияси» дарслиги).

2. Сўроқ белгиси

1. Сўроқ мазмунидаги гаплар охирига сўроқ белгиси қўйилади:
Ҳай, нима бу ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди? Зебинисахон қанилар? Салтанатхон, айланай, ўртоқжонингизни топмайсизми? (Чўлпон)
Одамлар кўнглига Сен ҳам битта ниҳол экдингми? Баҳра ололдими бир зот юраги? Бирор қалб ғуборин юва олдингми? Сен ҳам ўз шеърларинг замиридаги Шўр сувларни қува олдингми? (Э.Воҳидов)

2. Сўроқ мазмунидаги гаплар қандай воситалар ёрдамида шаклланган бўлишидан (сўроқ олмошлари, сўроқ-таажжуб юкламалари, сўроқ интонацияси ва ш.к.) қатъи назар, уларнинг ҳар қандай кўриниши охирига сўроқ белгиси қўйилади:
Сизлар амал талашган чоғда Ким турғизар бурчакка сизни? (Э.Воҳидов)
Жаноб Пакавира, Ҳиндистонга қачон келгансиз? Уч йил? Уч йилдан буён қаерда истиқомат қилмоқдасиз? (П.Қодиров)
Хўп, Бинафша. Фамилияси?
— А?.. Кимни?..
— Ўзингизнинг болангизми, ахир? (Ш.Бошбеков)
Йўқ, фамилиянгиз? Қурбонов? Аҳа, яхши, яхши! Соғлиқ қалай, ўртоқ Қурбонов? Отдай бўлиб юрибсизми? (Т.Мурод)
Ичингда армонларинг бордир, ахир? (С.Аҳмад)

3. Сўроқ мазмуни ифодаланган содда гапларнинг ҳам, қўшма гапларнинг ҳам охирига сўроқ белгиси қўйилади:
Сен… бу ерда нима қилиб юрибсан? (О.Ёқубов)
Эсингиздами, бир марта иккаламиз ялпиз терган эдик? (Ў.Умарбеков)

Аммо гапда кучли эмоционаллик, ҳис-ҳаяжон мавжуд бўлганда, сўроқ белгисидан кейин ундов белгиси ҳам қўйилади:
Қачон жиловлаб қўйилади бу иғвогар, ғаламислар-а?! Қачон бартараф бўлади бу анонимчилар-а?! (Т.Мурод)
Ўтган бозор куни еган анорингни ўйнашинг олиб келганмиди?! (А.Қаҳҳор)
Асқарали тоға, бас энди, шу чойни ичайми-йўқми?! (Т.Малик)
Ўғлингиз от олмоқчи эди бу пулга, сизда инсоф деган нарса борми?! (Т.Малик)

4. Қўшма гаплар (боғловчисиз боғланган, боғловчили боғланган, эргашган) компонентларининг ҳар иккисида ҳам сўроқ мазмуни ифодаланиши мумкин, аммо сўроқ белгиси фақат яхлит қўшма гапнинг охирига қўйилади:
Нега ерда учрашдилар бу икки малак, Нега суҳбат қурмадилар фазолар аро? (Э.Воҳидов)
Ўрнига ким экан — билсак бўладими? (Э.Аъзам)
Биз, раҳбарларга ишонасизми ё мана шунга ўхшаган подачига ишонасизми? (Т.Мурод)
Бу ўзингнинг фикрингми ё бирор кўрсатма борми? (Т.Малик)
Ранг-рўйингга нима бўлди, тузукмисан ўзи? (Э.Аъзам)

5. Қўшма гаплар (боғловчисиз боғланган, боғловчили боғланган, эргашган) компонентларининг фақат биттасида сўроқ мазмуни ифодаланиши мумкин, аммо сўроқ мазмунини ифодалаган компонентнинг олдин ёки кейин туришидан қатъи назар, сўроқ белгиси яхлит қўшма гапнинг охирига қўйилади:
Отаси ҳам ҳайрон: кимга тортган бу қиз? (Ў.Ҳошимов)
Аввал менга айтинг, шу қишлоқ қизидан олим чиқадими? (С.Аҳмад)
Шу аҳволда ўлиб-нетиб кетсанг, шунча бола чирқиллаб қолишини ўйладингми? (С.Аҳмад)
Дарҳақиқат, туянинг устига ғам юкини ортса, нега кофирлар озод бўлади? (С.Аҳмад)
Эсингиздами, бир марта иккаламиз ялпиз терган эдик? (Ў.Умарбеков)
Жалил ота карахт тортиб қолди: қаёқдан пайдо бўлди бу дард? (Ш.Холмирзаев)
Қандай донишманд одамсизки, қалбимни дарҳол билдингиз? (Ш.Холмирзаев)

6. Риторик сўроқ гаплар охирига, асосан, сўроқ белгиси қўйилади:
Бирон орзуси бўлмаган, бирон нарсага интилмаган одамнинг мушукдан нима фарқи бор? (А.Қаҳҳор)

Аммо гапда кучли эмоционаллик, ҳис-ҳаяжон мавжуд бўлганда, сўроқ белгисидан кейин ундов белгиси ҳам қўйилади:
Халқини севган қайси фарзанд Ватанини озод кўришни хоҳламайди?! (Э.Аъзам)

7. Сўроқ мазмунидаги гаплар сарлавҳа вазифасида қўлланганда, улардан кейин сўроқ белгиси қўйилади:
Тошпўлат тажанг нима дейди? (А.Қодирий)
Шамол нимадан пайдо бўладир? (Чўлпон)
Мен нечун севаман Ўзбекистонни? (А.Орипов)
Ватанни нега севадилар? (Б.Қосимов)
Ўзбекистонда ким яхши яшайди? (Ш.Жабборов)

8. Ўзганинг фикр-мулоҳазасига шубҳа ёки эътироз-норозиликни ифодалаш учун баъзан матнда мазкур фикр-мулоҳаза баён қилинган иқтибосдан кейин қавсга олинган сўроқ белгиси қўйилади:
Насрий ифода бўлса: «Бу Зарафшон дарёси тепаликда жойлашгани учун (?) «Кўҳак» деб ном бердилар… Шу тепаликдан пастга қараб қуйилгани учун ҳам (?) Зарафшонни Кўҳак дарёси дейдилар»(104-бет). Самарқанд Африкада ёинки Америка қитъасида эмас, шундайгина икки қадам жойда, кўпчилигимиз кўрганмиз ва Зарафшоннинг қаердан, қандай оқишини биламиз. Ҳеч замонда дарё тепаликдан пастга қараб оққанми? (Н.Комилов. «Таржимами ё талқин?» мақоласи.)

3. Ундов белгиси

1. Ундов гаплар охирига ундов белгиси қўйилади:
Буни қаранг, унаштиришни тўй деб юрса-я! Қўйинг, домласи, ҳозир унаштиришдан ҳам айнидим! Вақт-соати етганда бўлар! Вақт-соати етганда, куёвни ўзингиз топасиз! Тўйга ўзингиз бош бўласиз! (А.Қаҳҳор)

2. Таркибида эмоционалликни кучайтирадиган қандай, қанчалик, қанақа, нақадар, мунча, бунчалик каби сўзлар мавжуд бўлган гаплар охирига ундов белгиси қўйилади:
Яшаш қандай яхши, тағин шундай катта, гўзал шаҳарда! (Ў.Умарбеков)
Қара, у қандай яхши йигит! (Ў.Умарбеков)
Ҳаёт! У нақадар мураккаб ва нақадар улуғ! (Ў.Умарбеков)
Бу йўл нақадар улуғ, сеҳрли ва муқаддасдир! (У.Ҳамдам)
Чанд биби Ҳумоюнга тегмасдан олдин қанчалик шўх ва қувноқ эди! (П.Қодиров)
Мулойим қўлларда ивиб, сувга айлангандан кейин гўзал кўзларнинг супасида ёнбошлашни мунча яхши кўрар экан бу кўкат! (Чўлпон)
Оҳанрабонгиз бунчалик зўр бўлмаса! (Э.Аъзам)

3. Эмоционаллик даражаси кучли бўлган риторик сўроқ гаплар охирига баъзан ундов белгиси қўйилади:
Она ўз боласига ёмонликни раво кўрадими! (А.Қаҳҳор)

4. Буйруқ, талаб, ундаш мазмуни эмоционал шаклда буйруқ майлидаги феъл ёки бошқа воситалар орқали ифодаланган буйруқ гаплар охирига ундов белгиси қўйилади:
Шукур қилинг! Севининг! Мундоқ бир кулинг! Кулимсиранг! Илжайинг! (Чўлпон)
Бахт хусусида уни янглиштирманг! Янглиштирманг қиз бечорани! (А.Қаҳҳор)
Қизингизнинг бахтини бировларнинг остонасидан қидирманг! (А.Қаҳҳор)
Ойижон, қани, бу ёққа! (С.Аҳмад)

5. Ҳис-ҳаяжон интонацияси билан талаффуз қилинган номинатив гаплар охирига ундов белгиси қўйилади:
Фавқулодда манзара! (Китлар осмонда учиб кетаётган турналар каби ўткир учбурчак ҳосил қилиб сузиб боришар эди.) (Ч.Айтматов)
Ана турмуш! Ана куёв-қайлиқ! (Пошшахон билан Султонхон қайлиқ бўлибдими?) (Чўлпон)
Шундай гўзалга мушт кўтариш! (О.Ёқубов)
Аммо бу оғриқ, бу хўрликларга чидамоқ! (Э.Аъзам)

6. Мурожаат объектини кўрсатувчи, яъни вокатив гаплар одатда эмоционалликка эга бўлади ва улар охирига ундов белгиси қўйилади:
Она тилим! Меҳринг бу қадар Ўртагувчи экан жонимга. (Э.Воҳидов)
Дўстлар! Сиз ҳам Матмуса Ҳикматин унутманглар. (Э.Воҳидов)
Энахон! Жоним ўртоғим! Бормисиз? (Чўлпон)

7. Эмфатик урғу олган сўзни эмоционалликни кучайтириш мақсадида такрорлаш ҳолатлари мавжуд бўлган гаплар охирига ундов белгиси қўйилади:
Ҳа, от сурмоқ даркор, от сурмоқ! (О.Ёқубов)
Ёниб яша то танда жон бор, Қуёш бўлгин, азизим, қуёш! (Э.Воҳидов)
Зебихонни қаранг, Зебихонни! (Чўлпон)

8. Эмоционалликни кучайтириш мақсадида бўлаклари инверсив ҳолатда (одатдаги тартибдан фарқли) қўлланган гаплар охирига ундов белгиси қўйилади:
Ўлганим яхши менинг! — деди у. — Кўнгилдагидек бир сийлай олмасам меҳмонларимни! (Чўлпон)
Орзусига энди етди у! (Ў.Умарбеков)

9. Ундовлар алоҳида гап вазифасида келганда, ундан кейин ундов белгиси қўйилади:
Оҳ! У ёқда хўрладилар, бу ёқда калтакладилар (Р.Ҳайдарова)
Ҳой! Овқатларингдан дарак борми? (Ў.Умарбеков)
Оббо! Яна кутарканмиз-да! (Ў.Умарбеков)
Кишт! Кишт-е, қирилибгина кетгур!.. (Ш.Бошбеков)

10. Таркибида ҳис-ҳаяжон ундовлари мавжуд бўлган гапларда эмоционаллик ёрқин ифодаланади ва бундай гаплар охирига ундов белгиси қўйилади:
О аёл қалби! Дунёда мавжуд барча фожиалар сел бўлиб ёпирилса чидар-у, аммо эрининг хиёнатига сира-сира чидай олмас! (Т.Малик)
Эй Одам фарзандлари! У ўлимни ва ҳаётни сизларнинг қайси бирларингиз амалда яхшироқ эканликларингизни синаш учун яратгандир. (Т.Малик)
Эҳ, хўрлик қурсин! (Ойбек)
Ўша лаҳза она билан фарзанд ораси, Оҳ, нақадар яқин эди, нақадар узоқ! (Э.Воҳидов)

11. Саломлашиш-хайрлашиш, табрик, миннатдорлик, ташаккур, узрхоҳлик, маъқуллаш, рағбатлантириш каби муомала одатларини билдирадиган гапларда ҳам кўпинча эмоционаллик ёрқин ифодаланади ва уларнинг охирига ундов белгиси қўйилади:
Мен кетдим! Хайр! (Ў.Ҳошимов)
Хайрият! (Бу кимсасиз оролда биттагина инсофли тирик одам бор экан!) (Т.Малик)
Марҳамат! (Улуғсифат бўлиб кўриниш учун — ўттиз ёшдаман демоқчи эди) (Ч.Айтматов)
Офарин! Ҳақ гапни айтаётир! (Ч.Айтматов)
(Бунга чидаш мумкинми?!) Йўқ! (Т.Малик)
Балли! От айланиб қозиғини топади! (А.Қаҳҳор)
Авваламбор, тўйларинг муборак бўлсин! (Ш.Холмирзаев)

12. Гапда эмоционаллик даражасининг беҳад ортиқ эканлигини кўрсатиш учун баъзан гап охирига бирдан ортиқ (учтагача) ундов белгиси қўйилиши мумкин:
Вой дод! Аяжон!! — қичқирди кимдир. — Мени ташлаб кетманг, аяжон!!! (Ў.Умарбеков)
Ҳа, мен ўғриман!!! Шу йўл билан кун кўраман! Сен туғилгунинггачаям шунақа эди. (Ш.Бошбеков)

13. Ундов гаплар сарлавҳа вазифасида қўлланганда ҳам уларнинг охирига ундов белгиси қўйилади:
Кўклам келадир! (Чўлпон. Шеър сарлавҳаси)
Қовун туширай дебман-ку! (С.Аҳмад. Ҳажвий ҳикоя сарлавҳаси)

14. Ўзганинг фикр-мулоҳазасига муаллифнинг ўта маъқуллаш, алоҳида таъкидлаш, розилик ёки киноя-аччиқланиш, ажабланиш муносабатини ифодалаш учун баъзан матнда мазкур фикр-мулоҳаза баён қилинган иқтибосдан кейин қавсга олинган ундов белгиси қўйилади:
Иқтисодий юксалиш натижасида, турмуш даражаси сезиларли равишда яхшиланган оналар ўлими 2 баробар, болалар ўлими 3 баробар камайган, одамларнинг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 (!) ёшга, жумладан, аёлларнинг ўртача умр кўриши 75 (!) ёшга етган. (А.Иброҳимов. «Умримиз боқийдир, боқий!» мақоласи)
Лекин бу фикрларга келгунча шеърнинг марказий қисмидаги вақтнинг янги туфли кийиб ўтиши-ю лирик қаҳрамоннинг эти (!) эски туфлилардек тешилиб кетиши нимани англатади, ҳарчанд тиришмай, идрок этолмадим. (Б.Назаров. «Йигирма ёшдаги шоирларимиз» мақоласи)

4. Кўпнуқта

1. Мазмунан тугалланмаган дарак гаплар охирига кўпнуқта қўйилади:
Тўйни келаси йил қилсак қилармиз… (А.Қаҳҳор)
Поездга билет олиб қўйган бўлсак, поезд уч соатдан кейин кетса… (А.Қаҳҳор)
Бўлмаса, кунда нима айб, худонинг ҳамишагидек карами кенг бир куни… (А.Аъзам)

2. Гапдаги турли узилишларни кўрсатиш учун кўпнуқта қўйилади:
Ҳай-ҳай, укам, шундоқ баобрў одам сизни кўргани келса-ю, сиз хурсанд бўлиш ўрнига… (А.Аъзам)

3. Гап муаллифининг ўйланиб қолиш, иккиланиш, ҳаяжонланиш каби ҳолатларини кўрсатиш учун кўпнуқта қўйилади:
Ўзинг тенги болалар лагерь палаткаларида маза қилиб ухлаб ётганида, сен сув сепиб, йўлка супуришинг… Нима десам экан… Сал алам қилади кишига. (Ў.Ҳошимов)
Майли, чавгонни… эртага пешиндан сўнг тамошо қилғаймиз. (П.Қодиров)
Ҳазратим, ижозат беринг, — деди. — Мен қизни… кўриб, ризолигини олмагунча… кимлигини айтмай турай. (П.Қодиров)

4. Нутқда кутилмаганда бир фикрдан бошқасига ўтиб кетишни кўрсатиш учун гапда айни ўтиш ўрнига кўпнуқта қўйилади:
Сени сийпаб, эркалатиб, Аста-секин кўкартирган Гўзал кўклам… ўтиб кетди. (Чўлпон)
Ярим кечада уйга қайтсам… ҳаммаёқ жимжит. (Ў.Ҳошимов)

5. Гапда берилган саноқдаги қаторни яна давом эттириш мумкинлигини, унинг тугамаганлигини кўрсатиш учун кўпнуқта қўйилади:
Гулларнинг номини жуда топиб қўйишади-да, — деди, — тугмачагул, гулибеор, қирқоғайни, оққалдирғоч… (Н.Эшонқул)
Болалигимда кўп касал бўлардим: қизамиқ, кўкйўтал, безгак… (Ў.Ҳошимов)

5. Мазмуни аниқ очилмаган гаплардан кейин кўпнуқта қўйилади ва ундан кейин шу мазмунни очадиган гап келтирилади:
1914 йил… Шу йилдан ўзбек шеърияти осмонида «Чўлпон» деган митти юлдуз чарақлай бошлади. (Н.Каримов)

6. Матнда муайян сабаб билан узилиб қолган фикр баёнининг давом эттирилганини кўрсатиш учун гап бошига кўпнуқта қўйилади:
…Болалигимни эсласам, илиқ ёз кечалари кўз олдимга келади. (Ў.Ҳошимов)
…Бу тушнинг охири эмас эди. Бу ибтидоси эди. (Н.Эшонқул)

7. Сарлавҳа вазифасида қўлланган гаплардан кейин мазмун тақозосига мувофиқ кўпнуқта қўйилади:
Бир йигит куйлар экан… (Ойбек. Шеър сарлавҳаси)
Ёшликни эслаб… (Ойбек. Шеър сарлавҳаси)
Изтироб экан-ку муҳаббат!.. (Х.Дўстмуҳаммад. Ҳикоялар туркумининг номи.)

Тиниш белгиларининг гап ичида қўлланиши

1. Вергул

1. Гапда боғловчисиз, тенгланиш интонацияси билан боғланган уюшиқ бўлаклар бир-биридан вергул билан ажратилади:
Китоб, қалам, дафтар бўлсин йўлдошинг. (Ҳабибий)
Бир куни авлиёнинг ҳузурига баланд бўйли, узун сочлари елкасига тушган, ялангоёқ бир одам кириб келади. (И.Султон)
Столга иккита музқаймоқ, бир шиша лимонад, иккита бўш стакан қўйилди. (Ш.Бошбеков)

2. Зидловчи тенг боғловчилар воситасида боғланган уюшиқ бўлаклар иштирок этган гапларда мазкур боғловчилардан олдин вергул қўйилади:
Дадам секин, аммо таҳдидли оҳангда деди. (Ў.Ҳошимов)
Оқтўш Хўжайиннинг раҳми келаётганини, лекин иложсиз эканини тушунди. (Б.Мурод Али)
Мингбоши бу биргина, лекин кутилмаган сўзга бир оз ҳайрон бўлди. (Чўлпон)

3. Такрор қўлланувчи тенг боғловчи ёки боғловчи вазифасидаги бирликлар (бириктирувчи, айирувчи, инкор) воситасида боғланган уюшиқ бўлаклар вергул билан ажратилади:
Одам бир йўла ҳам муҳаббатидан, ҳам дўстидан ажралиб қолса ёмон бўларкан. (Ў.Ҳошимов)
Ё қайғу, ё севинч кўзга берар ёш. (И.Мирзо)
Ўлдирадир бир кун мени ё униси, ё буниси. (А.Обиджон)
Ойим гоҳ менга, гоҳ Ҳожи бувага қарар эди. (Ў.Ҳошимов)
Йўлчи баъзан ёлғиз, баъзан ўз ёнига бировни ҳамроҳ қилиб, сув келтирар эди. (Ойбек)
Бунда бор на офат, на ғурбат, на ғам. (Ғ.Ғулом)
Лекин ҳозир бу ҳақда ўйлашга унинг на имкони, на хоҳиши бор эди. (Ў.Умарбеков)

4. Мурожаат объектини ифодаловчи ундалмалар гапнинг бошида келганда, ундан кейин, гап ўртасида келганда, ҳар икки томонидан, гап охирида келганда эса ундан олдин вергул қўйилади:
Ўғлим, гапимга диққат билан қулоқ сол. (И.Султон)
Худонинг даргоҳи кенг, ўғлим, тавба қил. (И.Султон)
Ўзингиз айта қолинг, Матлубахон. (О.Ёқубов)

5. Ундовлар гапнинг бошида келганда, ундан кейин, гап ўртасида келганда, ҳар икки томонидан, гап охирида келганда эса ундан олдин вергул қўйилади:
Ажабо, сенинг қисматинг бизникидан фарқли эмасмиди? (И.Султон)
Вой, мунча очилиб кетибсан! (О.Ёқубов)
Кузатишда фойдаланиладиган замонавий ускуналарнинг ривожланиб кетгани эса, эҳ-ҳе-е, алоҳида мавзу. (Х.Дўстмуҳаммад)
Шу тобда бир ғарам беданинг устига чиқиб чўзилсанг борми, оҳ, бунинг гаштига нима етсин! (М.Мансур)
Вақт-соати етганга ўхшаяпти, уф-ф. (Х.Дўстмуҳаммад)

Аммо гапда ундалмалардан олдин келган ундовлар одатда ундаш, мурожаатни кучли даражада ифодалаш учун хизмат қилади, шунинг учун ундалмалар олдидан келган ундовлардан сўнг одатда вергул қўйилмайди:
Кел, эй Фурқат, суханни мухтасар қил. (Фурқат)
Эй қотил, нега шундай азим теракни нобуд қилдинг? («Эл деса Навоийни» китоби)
Кунлар ғанимат, э оға, бу давру даврон қайтмагай. (А.Обиджон)
Ҳой эгачи, шу ерликмисиз? (Ў.Ҳошимов)
Чуҳ жонивор, чуҳ (Ч.Айтматов)

6. Кириш сўз ва кириш бирикмалар (сўзловчининг баён қилинаётган фикрга муносабатини ифодалайди) гапнинг бошида келганда, ундан кейин, гап ўртасида келганда, ҳар икки томонидан, гап охирида келганда эса ундан олдин вергул қўйилади:
Афсуски, у ҳақиқатнинг юза қатламинигина кўра олди. (И.Султон)
Ниҳоят, мўлжаллаган жойига етиб келди. (Ш.Бошбеков)
Жувоннинг тоқати тоқ бўлди, шекилли, думалаётган ўғлини ердан юлқиб кўтарди. (Ў.Ҳошимов)
Офтобни она дейишлари, эҳтимол, шундандир. (Ў.Ҳошимов)
Ҳали ҳеч ким билмайди, менимча. (А.Намозов)
Уларнинг фикрича, Акбарнинг шуҳрати ва обрўси давлат манфаатларига хизмат қилади. (П.Қодиров)
Маълумотларга кўра, ўсмирлар оламидаги жиноятнинг 70 фоизи айнан шу бадмастлик оқибати экан. (Т.Малик)
Мавлоно Маждиддиннинг айтишига кўра, хазинада атиги икки туман ҳам пул қолмабдур. (И.Султон)
Кўп эмас, бир-икки кун бирга улфатчилик қилиб, ўз таъбири билан айтганда, «жиннилик» қилиб кетади. (О.Ёқубов)

7. Кириш гаплар (сўзловчининг баён қилинаётган фикрга муносабатини ифодалайди) ҳам асосий гапнинг бошида келганда, ундан кейин, ўртасида келганда, ҳар икки томонидан, охирида келганда эса ундан олдин вергул қўйилади:
Ўйлаб қарасам, пасткашликнинг катта-кичиги бўлмас экан. (С.Аҳмад)
Ўзингиз биласиз, нимаики янги гап чиқса, аввал шофёр халқи билади. (С.Аҳмад)
Мен сизга айтсам, ўртоқ Эшқувватов, асримизнинг ўзига хос касалликларидан бири ҳам шу… асаб касаллиги бўляпти. (Ш.Холмирзаев)
Бамисоли қалам эмас, мен сизга айтсам, овозсиз ўқдай гап бу. (А.Мухтор)
Чорва ҳам, ўзингиз биласиз, ҳаминқадар. (С.Аҳмад)
Бир парча қоғозга ёзилган жўнгина хат ҳар қандай одамнинг бошига етарди, мен сизга айтсам. (А.Мухтор)
Сизни доғда қолдирмайди, ишонаверинг! (У.Утеулиев)

8. Гапда қани, нима, хўш каби сўзлар гап бўлаклари билан грамматик алоқага киришмаган ҳолда турли модал маъно нозикликларини ифодалашга хизмат қилиб, асосий гапнинг бошида келганда, ундан кейин, ўртасида келганда, ҳар икки томонидан, охирида келганда эса ундан олдин вергул қўйилади:
Қани, Йўлдошали, ошга қаранг. (О.Жорқинбоев)
Нима, мен гўдакмидим? (Ш.Холмирзаев)
Мен қачон нону туз кўтариб, ёвузларга пешвоз чиққан эканман, қани, айт! (А.Мухтор)
Хўш, нима қилиш керак энди? (Ш.Холмирзаев)
Суви бир хил, ери бир хил, лекин иккита бараварини топиб бер, қани? (А.Аъзам)
Тушундим, хўш? (Т.Мурод)

Баъзан мазкур сўзлар ёнма-ён келса, улар ҳам бир-биридан вергул билан ажратилади:
Хўш, қани, бизга қандай хабарлар келтирдингиз? (Э.Воҳидов)
Қани, хўш, масалан, чойнакнинг қопқоғини русча нима дейди? (А.Қаҳҳор)

9. Саломлашиш-хайрлашиш, табрик, миннатдорлик, ташаккур, узрхоҳлик, маъқуллаш, рағбатлантириш каби муомала одатларини билдирадиган сўз ва қолиплашган бирикмалар гап бошида келса, ундан кейин, ўртасида келса, ҳар икки томонидан, охирида келганда эса ундан олдин вергул қўйилади:
Салом, Амирқул ака, ҳорманг! (Ў.Умарбеков)
Хайр, сиз билан кечқурун кўришамиз. (Т.Малик)
Узр, тажрибасизлик қилибман. (А.Мелибоев)
Оғайни, тегиб кетган бўлса, узр, кечиринг. (А.Обиджон)
Раҳмат, дўстлар, бунинг ҳожати йўқ. (П.Қодиров)
Марҳамат, келинг, ўртоқ Абдураҳмонов! (Ш.Холмирзаев)
Худога шукур, қўшниларим тилло одамлар. (Т.Малик)
Шукур, соғ, баъзи ишлар билан бўлиб келолмади. (А.Қодирий)
Мен эсам, шукур, юздан ўтдим. (А.Абдуллаев)

10.  Гапда тасдиқ (ҳа, хўп, майли) ва инкорни (йўқ) билдирадиган сўзлар алоҳида гап ёки гап бўлаги вазифасида қўлланмаган ва бошқа гап бўлаги билан грамматик алоқага киришмаган ҳолларда улар вергул билан ажратилади:
Ҳа, балли, буни фаҳмлаб етибсан. (Т.Малик)
Хўп, мен шуғулланаман бу билан. (Ў.Умарбеков)
Майли, яхши ўқиш бўлса бора қолсин. (Ў.Умарбеков)
Йўқ, у эртага учрашувга бормайди. (О.Ёқубов)
Сен-ку, майли, ўзимизникисан. (У.Ҳамдам)

Тасдиқни билдирувчи сўзлар ёнма-ён қўлланганда, улар вергул билан ажратилади:
Ҳа, майли, бир пиёла чой ичсак ичибмиз-да. (У.Ҳамдам)
Хўп, майли, агар Отани сизнинг маконингизга олиб борсам, яхши кута оласизми? (О.Ёқубов)

11.  Гапда такрорланган сўзлар орасига вергул қўйилади:
Қани, қани, меҳмонларнинг қўлига сув қуйворинглар. (А.Обиджон)
Келиб, мана, Фарҳоднинг уйқусини бузишибди, узр, узр.
(Э.Аъзам)
Раҳмат, раҳмат, ўзлари кўраверсинлар. (Э.Аъзам)
Ҳозир, ҳозир мўйқаламни оламану… мана бундай қилиб… (О.Жорқинбоев)
Бас, бас! Буёғини эшитинг, опа. (Ш.Холмирзаев)
Йўқ, йўқ, сиз мени жентльменлик ёшидан ўтган деб ўйламанг. (П.Қодиров)

12.  Муайян иккинчи даражали бўлакни мазмун ва мантиқ жиҳатидан одатдагига қараганда кучли, таъсирли, эмоционал қилиб бериш, унинг маъносини изоҳлаш, аниқлаштириш мақсади билан мазкур бўлак гапда ажратилади ва бундай ажратилган бўлакларнинг ҳар икки томонига одатда вергул қўйилади (баъзан ифода мақсадига мувофиқ тире ҳам қўлланади, бу ҳақда қуйироқда айтилади):
Энахоннинг онаси, ўзи пакана ва унинг устига букчайган кампир, ўйин қилган бўлиб, ҳаммани кулдирди. (Чўлпон)
Онам увушган оёқларини уқалаганча орқага, бола йиғлаётган томонга, қараб кетди. (Ў.Ҳошимов)
Қаердадир, яқин жойда, дарё шовуллайди. (Ў.Ҳошимов)
Ҳалиги йигит, қўлида тугуни бор эди-ку, сартарош, эртага таътилга чиқар экан. (А.Ғуломов)
Насиҳатимни, отангнинг сўзини, эсингда тут. (А.Ғуломов)
Кечқурун, ётар пайтда, кампир икковини ёнига чақириб, ўз фикрини айтди. (Чўлпон)

13.  Гапда -(и)б қўшимчаси билан ясалган равишдошлар ўзига тобе бошқа сўзлар билан кенгайиб келганда, улардан кейин вергул қўйилади:
Уни ким қучоқлаб, ким ўпади? (Чўлпон)
Бинафша узоқдан югуриб келиб, дадасининг бўйнига осилиб олди. (Ш.Бошбеков)
Улар сой бўйига чодир тикиб, бир-икки ҳафта туришган эди. (О.Ёқубов)
Қайси бир йил олис бир қишлоқдан ўгай акаси келиб, уч-тўрт кун қўниб кетган эди. (Чўлпон)
Сиз, ахир, мен билан бир шапалоқ ерни талашиб, шу тўғрида нари-бери бўлишиб, шу туфайли шаҳарга келиб қолган эдингиз… (Чўлпон)

Аммо -(и)б қўшимчаси билан ясалган равишдошлар ўзига тобе бошқа сўзлар билан кенгаймаган бўлса, равишдошлар одатдаги равишлар билан бир хил маъновий-грамматик мақомда бўлади ва шунинг учун улардан кейин вергул қўйилмайди:
Қўшни хонада турадиган бир қиз югуриб кирди. (О.Ёқубов)
Диванда ғужанак бўлиб ухлаб ётар эди. (О.Ёқубов)
Котиба кўзларини пирпиратиб чиқиб кетди. (А.Намозов)

Бироқ кенгаймаган равишдош билан феъл кесим орасида тўлдирувчи ёки ҳол вазифасидаги сўзлар келганда, шу бўлимнинг 13-бандидаги каби, равишдошдан сўнг вергул қўйилади:
Матлуба бир-бир босиб, орқага қайтди. (О.Ёқубов)
Кўкламнинг сайроқи қушлари табиат кўринишларини куйламоқдалар, кўм-кўк кўкатлар силкиниб, қушларни олқишламоқдалар. (Ойбек)

Шунингдек, -(и)б қўшимчаси билан ясалган равишдошли қурилмалар тилда идиоматик, фразеологик ибораларга айланиб қолган бўлса, улардан кейин вергул қўйилмайди:
Бугун… енг шимариб ишлаб ўтирсам, қўнғироқ бўлиб қолди. (А.Мелибоев)
Оғзингга қараб гапир, мен Ватан учун жанг қилиб эдим! (Т.Мурод)
Аммо кўзингга қараб ишла. (Ў.Ҳошимов)

14. Гапда -гач қўшимчаси билан ясалган равишдошлар ўзига тобе бошқа сўзлар билан кенгайиб келганда, улардан кейин вергул қўйилади:
Бир марта қайси бир тўй бир ҳафтага чўзилиб кетгач, олтинчи куни бизнинг сўфи эшондан сўрамай қочиб келган! (Чўлпон)
Сўфининг бақиришидан сўнг бир оз шошиб тургач, улар югурганча уйга кирдилар. (Чўлпон)
Ҳеч натижа бўлмагач, уни бўшатишга қарор қилинди. (Т.Содиқова)
Майдонга тўртта назоратчи кириб келгач, газетчилар шақирлатиб суратга тушира бошлашди. (Н.Эшонқул)

15. Гапда -ган қўшимчаси билан ясалган ва ўрин-пайт келишигининг қўшимчасини олган сифатдошлар ўзига тобе сўзлар билан кенгайиб келганда, улардан кейин вергул қўйилади:
Отам чўпонлик қилганда, мен қўзи-улоқ боққанман. (Ш.Холмирзаев)
Улар дабдурустдан ўринларидан туришганда, тағин хижолат ҳисси эзди мени. (Ш.Холмирзаев)
Қосимжон машинада хотинини бир айлантирмоқчи бўлиб турганда, эшик тақиллаб қолди. (С.Аҳмад)
Ўйин тамом бўлиб, палов дастурхони ёзилганда, ой анча баландга кўтарилган эди. (Чўлпон)

Аммо гапда -ган қўшимчаси билан ясалган ва ўрин-пайт келишиги қўшимчасини олган сифатдошлар ўзига тобе сўзлар билан кенгайиб келмаган бўлса, улардан кейин вергул қўйилмайди:
Кутилмаганда яқингинада Эронга отланган Амир Темур Кўрагондан чопар етганини айтдилар. (М.Али)
Кулганда ҳам силкиниб-силкиниб кулади. (С.Аҳмад)
Ўн сўм қарз бериб туринг, хотиним келганда беради. (С.Аҳмад)
Қариганда гина-кудуратни унутиб, борди-келди қилайлик. (Т.Малик)

Шунингдек, -ган қўшимчаси билан ясалган ва ўрин-пайт келишиги қўшимчасини олган сифатдошли қурилмалар тилда идиоматик, фразеологик ибораларга айланиб қолган бўлса, улардан кейин вергул қўйилмайди:
Кўпам ҳовлиқаверманглар, келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр. (С.Аҳмад)
У кун бўйи саройдаги дўкондан чиқмас, уйга қош қорайганда қайтарди. (Т.Малик)
Ноинсофнинг кеч кирганда ухлашини қаранг! (Чўлпон) Бир йилгача маросимларни ўтказаман деб, қоққанда қозиғим, осганда хурмачам қолмайди. (С.Аҳмад)

16.  Боғловчисиз боғланган қўшма гап таркибидаги гаплар ўртасида алоҳида мазмуний муносабатлар мавжуд бўлмай, бу гаплар бир пайтда ёки кетма-кет содир бўлган (бўладиган, бўлаётган) воқеа-ҳодисаларни ифодаласа, одатда, улар ўртасига вергул қўйилади:
Кўкламнинг сайроқи қушлари табиат кўринишларини куйламоқдалар, кўм-кўк кўкатлар силкиниб, қушларни олқишламоқдалар. (Ойбек)
Ботирлари канал қазади, шоирлари ғазал ёзади. (Ҳ.Олимжон)
Соҳибқироннинг буғдойранг юзи хиёл қорайди, кўзлари катта-катта очилди. (М.Али)
Аввал улар бизга етиб олишсин, кейин бирга жўнаймиз. (Х.Тўхтабоев)
Сидиқжон тўхтади, орқасидан кимдир келаётган эди. (А.Қаҳҳор)

17.  Боғланган қўшма гап таркибидаги гаплар ўзаро аммо, лекин, бироқ каби зидловчи боғловчилар билан боғланганда, бу боғловчилардан олдин вергул қўйилади:
Кунлар илиб қолган, аммо ердан ҳали қишнинг заҳри кетмаган. (Ў.Ҳошимов)
У худди шу шаҳарга келаётган йўловчидай чаққон тушди, лекин қаерга келганини ҳали билмасди. (А.Мухтор)
Ҳаво айтарли совуқ эмас, бироқ кучсиз изғирин баданни жунжиктиради. (Т.Малик)
Ҳаммасини тинглардим, аммо Ўхшашини топмасдим асло. (Ҳ.Олимжон)

18. Боғланган қўшма гап таркибидаги гаплар ўзаро -у (-ю), -да юкламалари воситасида боғланганда, бу юкламалардан кейин вергул қўйилади:
Мевасини енг-у, боғини суриштирманг, жонидан! (О.Ёқубов)
Термометр ҳамширанинг қўлидан тушиб кетди-ю, бир томчи симоб ялтираб полга думалади. (С.Аҳмад)
Зум ўтмай қўлини ювиб чиқди-да, меҳмонларни кутиб олиш учун шошилди. (Ў.Ҳошимов)
Лўли йигит Ҳикматиллонинг кафтини чап қўлига олиб, ўнг қўли билан шарақлатиб урди-да, поездга қараб югуриб кетди. (О.Ёқубов)
Бу ҳолат мазкур юкламалардан кейин зидловчи боғловчилар қўлланганда ҳам сақланади: Бу ҳолат шув этиб ўтиб кетди-ю, лекин кайфиятимни бузди. (А.Аъзам)
Соқчилар яқинлашаётган қора шарпани кўришди-ю, аммо ухлаб қолганларини ўзлари ҳам сезишмади. (Т.Малик)

19. Боғланган қўшма гап таркибидаги гаплар ўзаро такрорланган айирувчи боғловчилар (ё…, ё…; гоҳ…, гоҳ…; дам…, дам… каби) билан боғланганда, такрорланаётган боғловчидан олдин вергул қўйилади:
Ё меҳмон келганини билмайди, ё ўзини билмаганликка солади. (Н.Жалолиддин)
Дам жаҳлим чиқади, дам кулгим қистайди. (Ойбек)
Нури гоҳ севиниб, ширин хаёлларга боради, гоҳ бутун вужудини қўрқув босади. (Ойбек)
Гоҳ катта шаҳарларга бориб қоламан, гоҳ дарёларда сузаман. (Ў.Ҳошимов)

20.  Боғланган қўшма гап таркибидаги гаплар ўзаро такрорланган инкор боғловчиси (на…, на…) билан боғланганда, такрорланаётган боғловчидан олдин вергул қўйилади:
На биронта одамнинг шарпаси кўринди, на бир шитирлаган товуш эшитилди. (Ў.Умарбеков)
На савдо-сотиқ қилади, на деҳқончиликка уринади, на косиб-ҳунармандлик пешасини тутади. (Чўлпон)

21. Эргашган қўшма гапларда эргаш гап бош гап билан чунки, негаки, шунинг учун, гўё каби боғловчилар ёки боғловчи воситалар билан боғланса, улардан олдин вергул қўйилади:
Улар менинг айтганимни қилишади, чунки мен оиламизнинг кенжатойиман. (Э.Аъзам)
Ҳозирча шундай деймиз, негаки унинг ўзи шу учрашувни узоқ вақтгача бахтим деб юрди. (Ў.Умарбеков)
У Мингбулоққа келганидан хурсанд, шунинг учун хаёллари Мингбулоқдек тиниқ эди. (Ў.Умарбеков)
Тамара саҳнада қушдай учади, гўё гўзал товус ўйнаб учади. (Ғ.Ғулом)

22. Эргаш гап бош гапга -ки ёрдамида боғланса, ундан кейин вергул қўйилади:
Одам боласи борки, барҳаётликни орзу қилади. (И.Султон)
Бу ҳол шу қадар тез содир бўлдики, Шавкат бирон нима тушунишга ҳам улгурмади. (Ш.Бошбеков)
Шуни мамнуният билан таъкидлайманки, менинг касб танлашимга отамнинг дўмбираси сабабчи бўлган. (М.М.Дўст)

23.  Кесими шарт майлидаги феъл (-са қўшимчасини олган) билан ифодаланган эргаш гапли қўшма гапларда мазкур кесимдан кейин вергул қўйилади:
Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади. (Мақол)
Қаерда аҳиллик бўлса, ўша ерда қут-барака бўлади. («Тафаккур гулшани»)
Ким ялқов бўлса, унинг қўлида обод ер ҳам хароб бўлади. (С.Абдулла)
Кўзига нима кўринса, шу уни қизиқтира бошлади. (Ойбек)
Дунёда қандай яхшилик ва хайриятлик бўлса, ҳаммасини шу биргина қизи учун истар ва орзу қиларди. (Чўлпон)

24. Тўсиқсиз эргаш гапларнинг (а ҳам шаклида ифодаланган) кесимидан кейин вергул қўйилади:
Шаҳодат хола кўнглида қарши бўлса ҳам, эрининг раъйини қайтара олмади. (Ў.Умарбеков)
Ярим тунда ётса ҳам, эрталаб тонг отар-отмас уйғонар эди. (П.Қодиров)
У ўғлининг тиришиб ўқиётганини билса ҳам, талабни янада қаттиқроқ қўяверарди. (Т.Малик)

25. Эргаш гап бош гапга деб воситасида боғланса, ундан кейин вергул қўйилади:
Ҳовлидаги супага тўшалган бўйра устига ёйилган туршакларни қуш таламасин деб, қўриқлаб ўтирдим. (Ў.Ҳошимов)
Ватан учун жангга бор деб, қурол бердим қўлингга. (Ҳ.Олимжон)
Юбкага мос тушсин деб, йўғон пошнали қора амиркон туфлисини ҳам берди. (Ў.Умарбеков)

26. Баъзан деб шакли гап таркибида сабабли, туфайли, учун каби ёрдамчи сўзларнинг синоними каби қўлланади, бундай ҳолатларда деб сўзидан кейин ҳам, олдин ҳам вергул қўйилмайди:
Арзимаган ошиқ-маъшуқнинг хати деб бутун почта овора бўлади. (Ў.Умарбеков)
Юр, сени деб мен ҳам кечикяпман. (А.Намозов)
Бу дунё деб у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку. (Чўлпон)
Нега… Нега ўлдирибди?
Сизнинг ишингиз деб.
Менинг ишим?  ҳайрон бўлди Раҳим Саидов.
Ҳа. И-109 С деб. Улар препаратингизни ё ўгирламоқчи, ё йўқ қилмоқчи бўлишган. Хотинингиз… Мунисхон бош тортган. (Ў.Умарбеков)

27.  Баъзан деб шакли гап таркиби сифатида ёрдамчи сўзининг синоними каби қўлланади, бундай ҳолатларда ҳам деб сўзидан кейин ҳам, олдин ҳам вергул қўйилмайди:
Уйга ҳам, хотинига ҳам ўз институтининг, ўз ҳаётининг бир қисми деб қарарди. (Ў.Умарбеков)
Саид буни совғаларнинг дебочаси деб биларди. (У.Ҳамдам)
У сенга одам деб қарайди. (Чўлпон)
Албатта, бу унга Миразим олдида ўзини гуноҳкор деб ҳис этмаслиги учун етарли эмасди. (У.Ҳамдам)

2. Нуқтали вергул

1. Гапда уюшиқ бўлаклар меъёридан ортиқ кўп бўлганда, уларни муайян бир тарзда гуруҳлаб бериш зарурати туғилади ва айни шу гуруҳларнинг ҳар бири нуқтали вергул билан ажратилади:
Демак, бу дарахт рўдапо бояр чопонларинию хипча камзул, ясама сочларни; қора фрак ва цилиндрлару чарм куртка ва будёновкаларни; шалвираган иштонлару торпоча шимларни кўрган. (Р.Ҳамзатов)

2. Муайян тасниф таркибидаги тартибни билдирувчи рақамлар (ёки ҳарфлар) ярим қавс билан ажратилган бўлса, улар билан кўрсатилган сўз, сўз бирикмаси ва гаплар охирига (энг сўнгисидан ташқари) нуқтали вергул (баъзан вергул) қўйилади:
Нутқ ҳам тил ва ёзув каби икки хил шаклга эга: а) оғзаки нутқ; б) ёзма нутқ. («Ҳозирги ўзбек адабий тили» дарслиги)
Тўлиқсиз гаплар бир қанча кўринишда бўлади:
1)
эга айтилмаган бўлади <…>;
2)
кесим айтилмаган бўлади <…>;
3) эга ҳам, кесим ҳам айтилмаган бўлади <…>;
4)
иккинчи даражали бўлаклар айтилмаган бўлади <…>. (А.Ғуломов)

3. Боғловчисиз ёки мураккаб қўшма гап таркибидаги гаплар мазмунан сезиларли мустақил бўлиб, бир-бирига мазмунан бевосита яқин бўлмаганда, одатда, улар орасига нуқтали вергул қўйилади:
Ҳамиданинг боши оғирлашиб кетди; икки марта секин, оғзини очмасдан эснади. (А.Қаҳҳор)
Фақат пашша ғинғиллайди, бемор инқиллайди; ҳар замон яқин-йироқдан гадой товуши эшитилади. (А.Қаҳҳор)
У отаси сингари баланд бўйли, кенг яғринли; отда кўп юргани учун оёғини кериб ташлайди, овда кўп бўлганидан фикрини қўл ҳаракати билан ҳам тушунтириб гапиради. (Ш.Холмирзаев)

4. Боғловчисиз ёки мураккаб қўшма гап таркибидаги гаплар бир нечта бўлса, уларнинг мазмунан бир-бирига яқинлари вергул билан ажратилиб, қолган муайян бир ёки бир нечтаси нуқтали вергул билан ажратилади:
Хотин узоқ йиғлади, эрига қаттиқ гапирганига пушаймон бўлди, ўзини қарғади, ўлим тилади; йиғидан толиб, ташқарига чиқди. (А.Қаҳҳор)
Унсин кўкрагига ниҳоятда оғир бир нарса билан урилгандай кўнгли озиб тентираб кетди-ю, йиқилмади, лекин оёқ узра туриб ҳушидан кетди; орадан қанча вақт ўтганини билмади, кўзини очиб қараса, жонивор елкасидан тушипти, эмаклаб бояги сағананинг орқасига ўтиб кетди. (А.Қаҳҳор)
Йигит почасини шимариб олган, иккиси ҳам офтобда пишиб, юзлари бўғриқиб кетган; булоқни топиб бориб, узала тушганча роса сувга тўйишди, юзларини чайиб, бир-бирларига сув сачратиб ўйнашди, яйраб кетиб, холи жойда эканликларини унутишди, шекилли, худди ўз уйларидагидай қий-чув қилишди. (А.Мухтор)

5. Боғловчисиз ёки мураккаб қўшма гап таркибидаги гапларда ифодаланган воқеа-ҳодисаларни солиштириш, қиёслаш мазмуни аниқ ифодаланганда, улар орасига нуқтали вергул қўйилади:
Баъзилар уларнинг жуда-жуда иноқ яшашларини айтишармиш; баъзилар эса аксинча, гап тарқатишарканки, осмондан тушиб, ердан чиққандек кўпайишиб кетган одамларнинг бир-бирларини кўришга кўзлари, отишга ўқлари йўқ. (Ш.Бўтаев)
Ҳовузни ўраган пастак девор ортидаги тош кўчадан қачон ўтсангиз, чангалзордан қушлар чуғурини эшитасиз; ҳовузнинг у тарафидаги супада эса оқ туғи ўнгиб кетган танҳо қабр кўриниб туради. (Ш.Холмирзаев)

6. Бир қанча гаплар уюшгандай бўлиб, яхлит бир боғловчисиз қўшма гапни ташкил этганда, улар орасига нуқтали вергул қўйилади:
Раззоқ сўфининг совуқ юзлари унинг кўзларидан йироқлашган; насиҳат йўли билан мингларча марта айтилган ва таъкидланган сўзлар унутилган; совуқ сўфиларнинг «ҳаром» деган даъволари синиб, парча-парча бўлган; «номаҳрамлик» сафсаталари от оёқлари остида янчилган; тўрт деворнинг бу тутқун қизи ўзига ўхшаган тутқунлардан бошқа ҳеч бир гувоҳ ва тилчи бўлмаган шу кенг даланинг қулоч етмас багрида йиллардан бери тугилиб келган аламларини куйга айлантириб, чексиз бўшлиқларга ёйиб юборган эди. (Чўлпон)

3. Тире

1. От кесим от, сон, олмош, ҳаракат номи, тақлидий сўзлар ёки улар ҳоким бўлган сўз бирикмалари билан ифодаланиб, боғламасиз қўлланганда, эга ва кесим орасига тире қўйилади:
Улуғ устозларим сўзи — қоида. (И.Мирзо)
Ўғилни уйлантириш — отанинг вазифаси. (А.Мамарасулов)
Уйқу — умрнинг таноби! (Чўлпон)
Самарқанд — оламнинг сайқали, кўрки. (И.Мирзо)
Бу — ҳайвонларга хос бўлмаган хислат. (Ҳ.Шайхов)
Дунё гўзали — сен, қадоққўл синглим. (И.Мирзо)
Икки ўн беш — бир ўттиз. (Мақол)
Лекин ҳозир бизни қийнаётган бирдан-бир масала — сиз билан бевосита фикр алмашиш методикасини аниқлаш. (Ҳ.Шайхов)
Оёқ ости — «чилип-чипип», Зирқирайди эски яралар… (А.Мухтор)
Шабнам, бу — тунда ой тўккан аччиқ ёш, Ҳовур, бу — қуёшнинг кўксида алам. (И.Мирзо)

2. Аммо от кесим инкор шаклида (яъни, ундан кейин инкор ифодаловчи эмас сўзи келган) бўлса, эга ва кесим орасига тире қўйилмайди:
Ҳар қалай, эр хотиннинг югурдаги эмас. (А.Мамарасулов)
Салим Каримович ёмон одам эмас. (О.Ёқубов)
Одам боласи қуён эмас-ку! Йилига ўн-ўн бештадан туғса. (С.Аҳмад)

3. Агар эга билан от кесим орасида кириш сўз, ундовлар келса, улар орасига тире қўйилмайди:
Рашк, аввало, кучли муҳаббат белгиси. (Ў.Ҳошимов)
Тантана қаҳрамони, албатта, Баҳром Фаранг. (М.Хўжаев)

4. Эга билан от кесим орасида ҳам, фақат каби юкламалар келган бўлса, от кесимдан олдин тире қўйилмайди:
Раҳмат ҳам ўқитувчи.
Велосипед ҳам транспорт воситаси.
Менинг билганим фақат Суннатуллаев.
(Т.Малик)

5. От кесимли гап тилда идиоматик, фразеологик ибораларга айланиб қолган бўлса, эга ва от кесим орасига тире қўйилмайди:
Инсоннинг қўли гул. (Мақол)

6. Эга кишилик олмошлари билан ифодаланганда, одатда, от кесимдан олдин тире қўйилмайди:
Сен Лутфийнинг сўлим ғазали. (А.Орипов)
Сен уруш қатнашчиси. (Т.Мурод)

Аммо қаршилантириш маъноси воқеланганда, тире қўйилади:
Мен — ўқитувчи, сен — талаба.

7. От кесим (ёки эга) сўроқ олмошлари билан ёки юкламали сўзлар билан ифодаланганда, эга ва от кесим орасига тире қўйилмайди:
Дўстинг ким? Дўстинг нечта? Тўй қачон? Ораларингда чаққон ва билағон Ботирми? Сув сенинг шахсий мулкингми? (Э.Аъзам)

8. От кесим сифат, равиш, тартиб сон ёки эгалик олмоши билан ифодаланганда, эга ва кесим орасига тире қўйилмайди:
Далалар кўм-кўк. Ҳаво тоза, мусаффо, зангор. (Э.Воҳидов)
Иссиғи баланд, алаҳсирайди. (Т.Малик)
Аммо Мирёқуб аканинг юриши кўп! (Чўлпон)
Ўша амал сеники, хижолат тортма.
(А.Намозов)
Мана шу уй-жой туриш-турмиши билан сеники. (Т.Мурод)
Эти сизники, суяги меники, деб уйига ташлаб келаман. (С.Аҳмад)
Менинг ўғлим ҳамиша биринчи… (Т.Мурод)

9. Макон, замон ва миқдор чегараларини («…дан …гача») кўрсатувчи сўзлар орасига тире қўйилади:
Андижон — Ўш йўлини қуюқ туман босган. (С.Аҳмад)
XII — XVI асрларда бу шаҳар Ясси деб юритилган. (Н.Каримов)
Ёш Миртемирнинг эски мактабда ўқиган даври 1914—1915 йилларга тўғри келади. (Н.Каримов)

10. Гапда уюшиқ бўлаклардан кейин келган умумлаштирувчи сўздан олдин тире қўйилади:
Ёзувчининг шахсига, қанақа асарлар ёзаётганига, қандай ёзишига, ҳатто кечаси ё кундузи ёзишигача — ҳамма-ҳаммасига қизиқадилар. (С.Аҳмад)
Овозидаги бояги болаларча ҳайрат, уйқусиз кўзларида порлаган қувонч, батареяларни силагандаги бўлакча меҳр — ҳаммаси бирдан сўниб, овозида, хатти-ҳаракатларида кутилмаган бир ҳорғинлик пайдо бўлди. (О.Ёқубов)

11. Гапда умумлаштирувчи сўздан кейин келган уюшиқ бўлаклар аниқлаштириш, изоҳлаш, илова мазмунига эга бўлса, умумлаштирувчи сўздан кейин икки нуқта эмас, балки тире қўйилиши мумкин:
Оллоҳ таоло бул юлдузларни уч мақсадда — осмонга зийнат, шайтонларга отиладирган тош ҳамда бандаларига йўл кўрсатувчи аломатлар бўлмоғи учун яратди. (Н.Жалолиддин)
Айтиб бераверса барчага барин — Омаду жудолик ва ёнганини, Рашк, умид, алами ва афсусларин, Алдагани, қувонганини. (А.Мухтор)
Зотан, зиёликка бир қараганингиздаёқ унда узоқ асрлар мобайнидаги мураккаб тараққиёт жараёнида юзага келувчи фикрловчи мавжудотга хос ҳамма сифатлар — ақл, фаросат, баҳодирлик, кўтаринки руҳ, олижаноблик, юмор ва ҳоказоларни пайқаб олиш сира қийин эмасди. (Ҳ.Шайхов)

12.  Гапда умумлаштирувчи сўздан кейин келган уюшиқ бўлакларни кучли таъкидлаш зарурати мавжуд бўлган ёки улар ажратилган изоҳловчидай қўлланган ҳолларда уюшиқ бўлаклар икки томонидан тире билан ажратилиши мумкин:
Судда жуда кўп нарсалар — терговчиларнинг жинояткорона хатти-ҳаракатларию дастлабки суднинг юзакилиги, тергов ва суднинг протоколидаги қалбакиликлар — аниқ исботлар билан фош қилинди. (Н.Аминов)
Иккала ёш — юзлари кулган, кўнгиллари ёзилган — қўлтиқлашиб айвонга бордилар. (Чўлпон)

13.  Гапда аниқлаштириш, изоҳлаш мазмунидаги ажратилган бўлаклардан олдин тире қўйилиши мумкин:
Гангренага — қорасонга айланиб кетса нима бўлади? (С.Аҳмад)
Бу масалани ҳал этиш, чамаси, ҳушёр, довюрак, идрокли, ақли расо, истеъдодли ёшларимиз — келажак авлодлар зиммасига тушади. (М.Ҳасаний)
Алибек энг асосийси — мажақланган инни ерга ташлагандан кейин дарҳол тепкилаш кераклигини эсдан чиқарган экан. (А.Мамарасулов)
Халқаро савдо йўли — Буюк ипак йўли Темур ва темурийлар даврида жуда серқатнов бўлган. (Б.Аҳмедов)
Ташқарида — гулзор томонда эса ола қоронғилик ҳукм сурарди. (Чўлпон)

14.  Ажратилган бўлакларни гапда алоҳида таъкидлаш зарурати бўлганда, улар ҳар икки томонидан тире билан ажратилиши мумкин:
Той ҳаммадан узоқдан — Бешқўрғондан — ўзига ўхшаш ювош сигирини олдига солиб келарди. (Ў.Ҳошимов)
Ойим кўп тайинлагани учун биз — болалар — унга тегмасдик. (Ў.Ҳошимов)
Шуҳрат Салимович — менинг собиқ ёрдамчим, медицина фанлари кандидати, доцент — хонамга кириб келди. (Ҳ.Шайхов)
Шу топда унинг жуда эҳтиёт билан — ҳеч бир шарпа чиқармай — босган қадамларининг бўшанг шитирлаши ҳам ўтирганларга малол келган каби эди. (Чўлпон)

15.  Кириш ва киритма бирликлар гапда ҳар икки томонидан тире билан ажратилиши мумкин:
Биттаси — уларнинг каттаси бўлса керак — ёнидаги шеригига «бешикни йўқот» дегандай ишора қилди. (Ш.Бошбеков)
Чақалоқ — тонгги салқинда совуқ қотганми ё қорни очганми — биғиллаб йиғларди. (Ш.Бошбеков)
Гулмиранинг онаси — оғзи тўла тилла тиш, пакана, семиз аёл — бармоқлари билан столни асабий чертиб ўтирибди. (Ш.Бошбеков)
Абдулҳамид Сулаймон ўғли — бояги ўн тўққиз яшар йигит — шундай хатти-ҳаракатга журъат этганди. (Н.Каримов)
Мирёқуб — бир жойда бир нафас ўтиролмайдиган нарса — олти-етти кундан бери мингбоши ёнидан жилмайди. (Чўлпон)

16. Боғловчисиз қўшма гап қисмлари орасида ўхшатиш муносабати ифодаланганда, улар орасига тире қўйилади:
Ҳамал келди — амал келди. (Мақол)
Қор ёғди — дон ёғди. (Мақол)
Юлдуз ўчади — Йўқлик дунёсига кўчади. (А.Мухтор)

17. Боғловчисиз қўшма гап қисмлари орасида савол-жавоб муносабати ифодаланганда, шунингдек, фақат биринчи қисми саволдан иборат бўлганда, улар орасига тире қўйилади:
Атрофда нима кўп — кимё заводлари кўп. (Ҳ.Шайхов)
Етимлик нима — мендан сўрайвер. (Ш.Бошбеков)
Хаёлидан не ўйлар ўтди — ёлғиз худога аён. (Ш.Бошбеков)

18.  Боғловчисиз қўшма гап қисмлари орасида зидлаш, қаршилантириш муносабати ифодаланганда, улар орасига тире қўйилади:
Юлдузларни хаёлида ҳар хил рангга бўяб кўрди — юлдузлар ўз рангида хира милтиллаб тураверди. (А.Мухтор)
Ит ҳуради — карвон ўтади. (Мақол)
Жисмимиз йўқолур — ўчмас номимиз. (Ҳ.Олимжон)

19.  Боғловчисиз қўшма гап қисмлари орасида шарт муносабати ифодаланганда, улар орасига тире қўйилади:
Бировга айта кўрманг — икковимиз ҳам балога қоламиз. (С.Аҳмад)
Тўғри бўлинг — бехавотир бўласиз. (Мақол)
Қўшнинг тинч — сен тинч. (Мақол)
Одамларни бириктир — ҳар бирининг юрагида бўрон қўзғалади. (Ойбек)

20.  Боғловчисиз қўшма гап қисмлари орасида сабаб-оқибат, асос-хулоса муносабати ифодаланганда, улар орасига тире қўйилади:
Сен борсан — мен учун бу ҳаёт гўзал, Сен борсан — мен учун дилбар коинот. (А.Орипов)
Энди нима бўлиб шундоқ бўлганини айтиб ўтиришга фурсатим йўқ — идорада одамлар кутиб ўтирибди. (А.Қаҳҳор)
Уйда қадам босгани жой йўқ — ҳамма ёқ ўйинчоқ. (Ш.Бошбеков)
Кейинги кунларда дарё қирғоғини чумчуқ босиб кетди — канал мироблари суви чекиниб, очилиб қолган оролчаларга шоли экишган. (С.Аҳмад)
Қарасам, ошхона томондан гуп-гуп этган товуш келяпти — ойим ўғирда толқон қиляпти. (Ў.Ҳошимов)
Нариги томонда тарақ-туруқ бошланди — қурувчилар ишга тушдилар. (Н.Жалолиддин)

21.  Боғловчисиз қўшма гап қисмлари орасида пайт муносабати ифодаланганда, улар орасига тире қўйилади:
Арава нотинч бўлди — қўшқулоқдаги сут чайқалади, тўкилади. (А.Қаҳҳор)
Ён тарафдаги салобатли эшик оҳиста очилди — ёрдамчи керакли қоғозларнинг барчасини олиб кирди. (А.Тошматов)
Чала-чулпа у гапирди — мен англадим, чин кўнгилдан мен гапирдим — у англади. (Чўлпон)

22. Боғловчисиз қўшма гапнинг иккинчи қисми изоҳ, илова характерига эга бўлса, улар орасига тире қўйилади:
Эслади — у севгилиси Лайли ҳақида гапирганди. (Н.Жалолиддин)
Унинг саркаш феъли бор эди — бировнинг ўзига бўлган муносабатининг маъносини ойдинлаштирмагунча тинчимасди. (Н.Жалолиддин)

23. Боғловчисиз қўшма гап таркибидаги иккинчи гапнинг кесими тушиб қолган ҳолларда икки гап вергул билан ажратилиб, иккинчи гапдаги эгадан кейин тире қўйилади:
Тўрғай даштда куйлар, булбул — чаманда. (И.Мирзо)
Олтин ўтда билинади, одам — меҳнатда. (Мақол)
Яхшидан от қолади, ёмондан — дод. (Мақол)

24. Кўчирма гапли қўшма гапларда муаллиф гапидан олдин тире қўйилади («Кўчирма гапли қўшма гапларда тиниш белгилари» деб номланган қисмда бу ҳақда батафсил айтилади).

25. Диалогларнинг репликалари кетма-кет бир қаторда эмас, балки уларнинг ҳар бири алоҳида абзац шаклида янги қатордан берилса, репликалар олдидан тире қўйилади:
— Жадидинг нимаси? Нима деган гап ўзи?
— Мактабини ёптирган вақтингизда айтиб берган эдим-ку.
— Эсда қолган дейсанми?
— Жадид дегани «янги» дегани бўлса керак. Юрт орасида янгиликни расм қилармишлар… Янги ўқиш, янги мактаб, янги урф-одат, янги кийим ҳар нарса янги…
— Эскича бўлса, кимга зарари тегар экан?
— Унисини билмадим… Ишқилиб, жадидларнинг қасди шу эмиш… (Чўлпон)

4. Икки нуқта

1. Муайян фикр-мулоҳаза, ҳукм, илмий таъриф, қоида кабиларни ифодаловчи гаплардан кейин айни фикр-мулоҳаза, ҳукм, таъриф, қоидаларнинг тўғрилигини асослаш учун келтирилган бирдан ортиқ далилий фактларни таъкидлаб кўрсатиш мақсадида икки нуқта қўйилади:
У (гап) эга ва кесимдан ёки эга-кесим ва иккинчи даражали бўлаклардан иборат бўлади: Саида кулди. Қаландаровнинг кўзлари олайиб кетди. (А.Қаҳҳор.) Тонг. Ҳаво салқин. Юмшоқ шамол майингина эсиб турибди. (А.Ғуломов)

Баъзан бундай ҳолларда мазкур гаплардан кейин масалан, мисол, далил, чунончи каби сўзлар қўлланиши мумкин, бунда икки нуқта айни сўзлардан кейин қўйилади:
У (гап) эга ва кесимдан ёки эга-кесим ва иккинчи даражали бўлаклардан иборат бўлади. Масалан: Саида кулди. Қаландаровнинг кўзлари олайиб кетди. (А.Қаҳҳор.) Тонг. Ҳаво салқин. Юмшоқ шамол майингина эсиб турибди. (А.Ғуломов)

2. Таснифлаш қолиплари акс этган гапларда тасниф асосини ифодаловчи гапдан кейин таснифланган бирликларни таъкидлаш учун икки нуқта қўйилади:
Боғловчи воситаларсиз бириккан қўшма гап ўз таркибидаги қисмларнинг муносабати жиҳатидан икки хил бўлади: 1) тенг қисмли қўшма гап; 2) тобе қисмли қўшма гап. (М.Асқарова)

3. Уюшиқ бўлакли гапларда умумлаштирувчи сўз бу бўлаклардан олдин келса, умумлаштирувчи сўздан кейин икки нуқта қўйилади:
Бу сирни фақат уч киши: Абдулла, ўзи ва Самад биларди. (Ў.Умарбеков)
Ичкаридагилар: чақалоқнинг ота-онаси, опа-акалари, Шавкатнинг иккита шериги ҳам қулаб тушган том тагида қолиб кетди… (Ш.Бошбеков)
Қиш бўйи аллақайси гўр остларида жунжиб чиқган қуш зотлари: чумчуқлар, читтаклар, тўрғайлар, саъвалар ва бошқа аллақанча қуш туркумлари ўз тўплари билан вижир-вижир, чуғур-чуғур сайраб куладирлар. (А.Қодирий)

4. Баъзан уюшиқ бўлакларни алоҳида таъкидлаш мақсади билан улар гапдан ташқарига чиқарилади, бундай ҳолларда бевосита умумлаштирувчи сўздан кейин эмас, балки асосий гапдан кейин икки нуқта қўйилади:
Лекин ундан қимматли нарсалар ҳам бор: обрў, виждон, ақл, маданият. (Ў.Умарбеков)
Диван олдидаги уч оёқли столчада талай қоқмевалар турибди: чақилган ёнғоқ, бир ҳовуч туршак, бир ҳовуч қора кишмиш. (Ш.Холмирзаев)
Сизларга фақат шулар керак: ейиш, ичиш, кийиниш, пул… (Ш.Холмирзаев)
Абдулла кўприкка етганда, Гулчеҳранинг эшигидан икки кишининг ҳовлиқиб чиққанини кўрди: биттаси Самад, биттаси эса Гулчеҳра эди. (Ў.Умарбеков)
Эркак зотининг бари бир хил: Америкада ҳам, ўша Афғонида ҳам! (Э.Аъзам)

Гапда умумлаштирувчи сўз бўлмаган ҳолларда ҳам асосий гапдан кейин уюшиқ бўлакларни таъкидлаш учун икки нуқта қўйилади:
Мана шу қизил «Жигули»дамиз: хотиним, ўтим, қизим. (Ш.Холмирзаев)
Чиқиб келдилар қатор: Данте, Шиллер ва Байрон, Фирдавсий, Бальзак, Тагор. (Э.Воҳидов)
У таниди: отаси, Ҳафиз, Убайдулла ака… яна қандайдир аёллар. (Ў.Умарбеков)

5. Боғловчисиз қўшма гапда кейинги қисм олдинги қисмдаги олмош (ёки олмошга вазифадош сўз, гап, одат, нарса, томон, фикр каби мазмуни тавсифланиши лозим бўлган сўзлар) билан ифодаланган ёки ифодаланмаган эганинг мазмунини изоҳлаб, аниқлаб келса, олдинги қисмдан кейин икки нуқта қўйилади:
Фақат шу эсида: эртаси куни кўзини очганда, ёнида Собиржон йўқ эди. (А.Қаҳҳор)
Масалан, қадимдан қолган гап бор: овчи кийикдан битта отиши керак… (Ш.Холмирзаев)
Унинг ғалати одати бор эди: биров билан суҳбатлашганда, кўзойнаги бор-йўқлигидан қатъи назар, худди кўзойнак тагидан қарагандай гаплашарди. (Ш.Бошбеков)
Милицияга бир нарса қоронғи эди: у тасодифан тушиб кетганми ё ўзини ташлаганми?! (Ў.Умарбеков)
Пишмаган ёнғоқнинг битта яхши томони бор: оғир бўлади. (Ў.Ҳошимов)
Ўшанда унинг хаёлига ёмон фикр келди: машина хотинини ёки ўзини босиб кетганда нима бўларди? (Ў.Умарбеков)

6. Боғловчисиз қўшма гапда кейинги қисм олдинги қисмдаги олмош (ёки олмошга вазифадош сўз) билан ифодаланган кесимнинг мазмунини изоҳлаб, аниқлаб келса, олдинги қисмдан кейин икки нуқта қўйилади:
Бу докторхона тўғрисида Сотиболдининг билгани шу: салқин, тинч паркда, дарахтлар ичига кўмилган баланд ва чиройли оқ иморат; шиша қабзали кулранг эшигида қўнғироқ тугмаси бор. (А.Қаҳҳор)
Мен олдинга сураётган фикрнинг қисқача мазмуни шу: инсон туғилишидан қобилиятсиз бўлмайди. (Э.Воҳидов)
Энди гап бундай: бугундан бошлаб сиз опкеган ҳаром овқатингизниям емайман. (Ш.Бошбеков)
Равон йўл битта шу: бу ҳам яхмалак. (А.Орипов)
Эркак киши ўзи шунақа: бир кун уйда бўлса, ўн кун кўчада. (Ў.Умарбеков)
Орзум шул: ўчмасин ёнган чироғинг. (А.Орипов)

7. Боғловчисиз қўшма гапда кейинги қисм олдинги қисмдаги олмош (ёки олмошга вазифадош сўз) билан ифодаланган ёки ифодаланмаган тўлдирувчининг мазмунини изоҳлаб, аниқлаб келса, олдинги қисмдан кейин икки нуқта қўйилади:
Сўнгра мен бир нарсани кўрдим, аниқроғи, ишондим: бизнинг ўзбек болалари яхши уришар экан! (Ш.Холмирзаев)
Матлуба ўшанда яна бир нарсани кўнглига қаттиқ тугди: ўқиши керак! (О.Ёқубов)
Муовинимга айтинг: ўрнингизга бошқа бировни тайинласин! (О.Ёқубов)
Сизни ишонтириб айтаман: қаерда бўлмай, доим сизни ўйлайман. (Ў.Умарбеков)

8. Боғловчисиз қўшма гапда кейинги қисм сўроқ шаклидаги гапдан иборат бўлиб, олдинги қисмдаги ифодаланган ёки ифодаланмаган тўлдирувчининг мазмунини очишга хизмат қилганда, олдинги қисмдан кейин икки нуқта қўйилади:
Лекин мен бир нарсани ўйлаб қолдим: болангни нима қиласан? (А.Қаҳҳор)
Энди сиздан шуни ҳам сўрайин: хўжасига содиқ бир қул, сизнинг таъбирингизча, маънавий бир падар ўз ўғлига ёмонлик соғинарми? (А.Қодирий)
Худойимни ўртага қўйиб айтинг: астойдил дўстмисиз? (Чўлпон)
Айтаман-у ўйлайман: онанинг ёш-қариси бўладими? (Ў.Ҳошимов)
Сиз ҳам ётиғи билан гапириб беринг: нимага ташқаридан кирар-кирмас, Зебини сўрадингиз? (Чўлпон)
Энди бир бошдан гапириб бер: ким нима деди, нима қилди? (Ш.Бошбеков)

9. Боғловчисиз қўшма гапда кейинги қисм олдинги қисмда ифодаланган воқеа-ҳодисанинг сабабини билдирса (икки гап орасига чунки боғловчисини қўйиш мумкин бўлса), олдинги қисмдан кейин икки нуқта қўйилади:
Соат 12 да институтда бўлишим керак: дарсим бор. (Ш.Холмирзаев)
Ўзингга қийин бўлади: учта боланг бор, қўлингда ҳунаринг йўқ… (А.Қаҳҳор)
Пакавира қувониб кетди: икки ман олтин ҳазилакам бойлик эмас, бунга янги бир кема сотиб олиш мумкин! (П.Қодиров)
Лекин анча вақт шаҳарда қолиб кетдим: Яккачинорга борадиган биронта ҳам машина йўқ эди. (Ў.Умарбеков)
Янглишасиз: мен кўкларга беркинган Ер қизидан хаёлимни олмаймен. (Чўлпон)

10. Боғловчисиз қўшма гапда олдинги қисм кейинги қисмда ифодаланган воқеа-ҳодисанинг сабабини билдирса (икки гап орасига шунинг учун боғловчи воситасини қўйиш мумкин бўлса), олдинги қисмдан кейин икки нуқта қўйилади:
Омон овчининг ов саргузаштлари кўпларни қизиқтирарди: кўплари ҳикоя эшитиш учун келарди. (Ш.Холмирзаев)
У ҳалиги юксак қаҳқаҳани эшитгач, унинг маънисини англади: югуриб Зебининг ёнига кирди. (Чўлпон)

11. Боғловчисиз қўшма гапда кейинги қисм олдинги қисмда ифодаланган воқеа-ҳодисанинг натижасини, оқибатини билдирса, олдинги қисмдан кейин икки нуқта қўйилади:
Кейин у ёққа чопдим-бу ёққа чопдим: уч-тўрт қоп цемент топдим. (Ш.Холмирзаев)
У чидаёлмади: сўричадан туриб келиб, уй дарпардаларидан бирининг таккинасига ўтирди. (Чўлпон)
Истиқпол йилларида бизда Навоийга муносабат давлат сиёсати даражасига кўтарилди: шоир янгидан қадр топди, шон-шуҳрат шоҳсупасига кўтарилди. (Э.Очилов)

12.  Боғловчисиз қўшма гапда кейинги қисм олдинги қисмдаги олмош (ёки олмошга вазифадош сўз) билан ифодаланган ёки ифодаланмаган аниқловчининг мазмунини изоҳлаб, тўлдириб келса, олдинги қисмдан кейин икки нуқта қўйилади:
Эй Саломхон, бу эшон поччамнинг ўғиллари бир йигит бўлди: ўктамликдаям, суқсурликдаям тенги йўқ. (М.Мансур)
Шоирлардан доимо талаб: Ўқимоғи керак янги шеър Ва айтмоғи керак янги гап. (Э.Воҳидов)
Сиздан бугун биргина ўтинч: Ёлғиз қўйинг мени, дўстларим. (Э.Воҳидов)
Адолатхондан хунук бир хабар келди: у Самарқанддаги мактабни битириб, Тошкентга кетибди. (А.Қаҳҳор)

13.  Қўшма гапнинг олдинги қисмида кўрмоқ, қарамоқ, диққат қилмоқ, эшитмоқ, билмоқ, тушунмоқ, сезмоқ, эсламоқ каби феъллар қўлланиб, кейинги қисмда келадиган муайян факт баёни ёки муайян тавсифга семантик ишора қилиб турса, ҳар икки қисм орасига икки нуқта қўйилади:
Эртасига кўрдим: ишком бошида ёлғиз бир туп шафтоли қийғос гуллаб чиқибди. (М.Мансур)
Аввал ёш хотиннинг кўзларига қаради: ҳорғинлиги, уйқусираганлиги очиқ кўриниб турарди. (Чўлпон)
Диққат қилдим: кўнглида ажиб бир олов ёна бошлаганга ўхшайди. (Чўлпон)
Рангидан сезган эдим: маишатининг мазаси йўқ. (Ш.Холмирзаев)
Ўзим ҳам билган эдим: катта омбурга чап бериб бўлмайди. (А.Қаҳҳор)
Муҳаммад Чуроға додхоҳ эслади: беш йил аввал Самарқандда Боғи Биҳишт меҳмонхонасида ҳам худди шундай воқеа юз берганди. (М.Али)
Булар дарвозадан чиқиб, муюлишга етганда у ёқдан Ўлмасжон кўринди: чарчаган отини ҳорғин-ҳорғин қамчилаб, аста-аста судралмоқда эди. (Чўлпон)

14. Қўшма гапнинг кейинги қисми олдинги қисмдаги мазмунни умуман изоҳлаб келса, икки қисм орасига икки нуқта қўйилади:
Мана, мақсадига етди: машҳур Оташқалбнинг севикли Маъшуқаси номини олди. (Э.Аъзам)
Даранинг аҳолиси ўз иши билан машғул: ўспиринлар подаларни ҳайдаб чиқиб кетади, эркаклар қўш қўшиб шудгор қилмоқда. (С.Айний)
Мусофир мухлис уни дарров таниди: у танимай ким танисин! (Э.Аъзам)
Собиқ мактабдошини таниб-танимай, ноқулайроқ бирор гапни қўзғаб қолишидан юраги така-пука бўлиб ўтирган Оқсоқол шоир, ниҳоят, енгил тортди: шунисига ҳам шукр! (Э.Аъзам)

5. Қавс

1. Гап ичида асосий фикрга қўшимча сифатида бериладиган изоҳ, маълумотни ифодалайдиган киритма сўз ёки бирикма қавсга олинади:
Уни биринчи марта Тўла ака (Т.Хўжаев)нинг репетициясида кўрганман. (А.Мелибоев)
Гуля Лагутина ичкариги хонада ўзига ўхшашиб кетадиган (ё армани, ё озари) бир аёл билан ачомлашиб-чўлпиллашиб, пичир-пичир қила бошлади. (Э.Аъзам)
Бунга каминанинг қулоғида ва теварагида кучайган (ботиний ва зоҳирий) шовқин ҳам сабаб бўлди-ёв. (Э.Аъзам)
Фарҳоднинг тахминича, кинога бевосита дахлдор бир-иккитасини айтмаса, даврадагиларнинг аксарияти (келиб-кетувчиларини ҳам қўшганда) анчайин санъат атрофида ўралашиб юрадиган, аммо ўзини унча-мунчадан кам санамайдиган омадсизроқ бир тоифа эди. (Э.Аъзам)
Борди-ю, ҳушёрлик қилинмаганида, қора бозорга камида 50 минг сўмлик (ўша йилларнинг баҳосида) заҳри қотил маҳсулот чиқиб кетган бўлар эди. (А.Мелибоев)
Жароҳат ўрнига қов (куйдирилган пахта) қўйди. (Ғ.Ғулом)

2. Гап ичида асосий фикрга қўшимча сифатида бериладиган маълумотни ифодалаган киритма гап қавсга олинади:
Ўсар Ҳожарга уйлангач (уйланганигаям йигирма йилдан ошди), ана шу эски уйчага тақаб бир даҳлиз ва бир меҳмонхона-ётоқдан иборат бошпана қуриб олган эди. (Ш.Холмирзаев)
Ота ишонган одамлар (улар орасида Саркор ҳам бор) қувгунга тушмаса ҳали! (О.Ёқубов)
Матлуба индамай парк дарвозасига томон йўналди. Самиғжон паркдан чиқиши биланоқ беш панжасини кўрсатиб (бу унинг «беш сўм бераман» дегани эди), дуч келган биринчи машинани тўхтатди. (О.Ёқубов)
Яна эшитганим (буни менга қишлоғимиздаги бир майхўр шинаванда аста қулоғимга шипшиб қўйган) жин, алвасти ароқ ичган одамдан сал нари юрар экан. (А.Мелибоев)

3. Бошқа тилдаги гапнинг ёки бошқа тилдаги муайян бўлакнинг таржимаси қавсга олинади:
Ok. Continue the fly («Яхши. Учишда давом этинг») (И.Султон)
Yes, sir (Хўп бўлади, сэр) (И.Султон)
Менинг биринчи мақолаларим қирғиз тилида чиқадиган «Эмгек данқи» («Меҳнат шуҳрати») номли туман газетасида босилган. (А.Мелибоев)

4. Гап ичида асосий фикрга муаллифнинг субъектив муносабатини ифодалайдиган кириш сўз ёки бирикма қавсга олинади:
Муқаддас эса (ажабо!) гўё ҳеч нарсани сезмас, у нимагадир севиниб, ҳадеб кулар… эди. (О.Ёқубов)
Биров ўқ бориб унинг қўлига теккан деса, бошқа биров (Астағфуруллоҳ!) нақд оғзига теккан дейди. (Э.Аъзам)
Менга битилган хатни икки кун (икки кун-а!) сақлаб юрибсиз, ўша икки кун мобайнида хаёлан икки юз минг кўчага кириб чиққанимни тасаввур қиласизми? (Х.Дўстмуҳаммад)
Туйқус ён томондан қўпларида чўқмор (ҳа, ҳа, ростакам чўқмор!), коржома кийган икки барзанги саҳнага кириб келди. (Э.Аъзам)

5. Гап ичида асосий фикрга муаллифнинг субъектив муносабатини ифодалайдиган кириш гап қавсга олинади:
Кўнгил қўйганлари бошқа эди, бошқалар эди. Уни биз биламиз (Билмайлар кетайлик, илойим!) (Э.Аъзам)
Сизнинг хаёлларингизни остин-устун қилган ўзимдаги фазилатларни (Ростдан ҳам, борми улар?) топиб, ардоқлаб яшайман. (Х.Дўстмуҳаммад)
Бойлар бўлса на фуқарони бир чақага олади (буниси-ку майли-я), на мингбошини (мана мунисига чидаб бўлмайди!) Очиқдан-очиқ сўкади, ҳақорат қилади… (Чўлпон)

6. Саҳна асарлари матнидаги турли изоҳ, ремаркалар қавс ичида берилади:
СОҲИБҚИРОН. Йўқ! Бари Оллоҳдан. Яратган эгамнинг хоҳиши шул эркан. Ўз жаннатидан жой ато қилгай! (Қалқонбекка) Дафн тараддудини кўринглар! (Юзига фотиҳа тортади. Сарагулни ўрнидан турғизади) Сен қачон келдинг бу масканга? (О.Ёқубов)
ОЛИМЖОН (Аломатга қараб туриб) Ие, бу ўчиб қопти-ку… (Роботнинг елкасидаги блокни кавлаштира бошлайди.) (Ш.Бошбеков)

6. Қўштирноқ

1. Ҳар бири алоҳида абзац кўринишида янги қатордан эмас, балки кетма-кет бир қаторда берилган диалог репликалари шаклидаги кўчирма гап қўштирноққа олинади («Кўчирма гапли қўшма гапларда тиниш белгилари» деб номланган қисмда бу ҳақда батафсил айтилади).

2. Турли манбалардан олинган иқтибослар қўштирноқ ичида берилади:
Навоий умрининг охирларида яратган «Маҳбуб ул-қулуб» асарида ёзади: «Яхши-ямоннинг феълини билибмен ва ямону яхши хислатларин тажриба қилибмен». (Н.Комилов)
«Одами эрсанг, демагил одами Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами». (Алишер Навоий)
Чўлпон шундай деб ҳайқирган эди: «…Кишан кийма, Бўйин эгма Ки, сен ҳам ҳур туғилғонсен!» Юнонларнинг Лукиан деган ёзувчиси ўтган. Эрамиздан аввал. Унинг «Ватан шаънига» деган асари бор. Ундаги биринчи жумла шундай экан: «Ўз она-отасини севмаган фарзанд ўзга ота-оналарни ҳурмат қила билмайди. Ва ўз ватанини севмаган киши ўзгалар ватанини ҳурмат қила олмайди!» (Ш.Холмирзаев)

3. Ички нутқ шаклидаги бирликлар (ўй-хаёл, мулоҳаза, тасаввур каби) қўштирноққа олинади:
Шавкат секин ойнаси дарз кетган суратга термилиб қарар экан, хаёлидан ушбу ўйлар ўтди: «Қийналиб кетдим, Сурайё… Сен бўлганингда, бу кўргиликлар йўқ эди… Ўзинг ҳаммасини эплардинг…» (Ш.Бошбеков)

4. Гапда одатдаги маъносидан бошқа маънода қўлланган, шунингдек, эски, янги ёки чет сўзлар қўштирноққа олиб берилади:
Бориб-бориб йирикроқ «иш»га ўтди одамларнинг уй-жойи, мол-ҳолини ўғирлайдиган бўлди. (Ш.Бошбеков)
Шундагина Шавкат «ўтлаб» кетаётганини англаб қолди. (Ш.Бошбеков)
Бу турқи совуқнинг шўрлик Отага «меҳри» тушган экан, уни тинч қўймади. (О.Ёқубов)
(Маладес, Шайх! Орангутан бўп кет-е!) Бундай «мақтовлар» Шайхни баттар жазавага солади. (Ў.Ҳошимов)
Кўп ўзингдан кетаверма, аданг «шишка» бўлса ўзига! (Ш.Бошбеков)
У келганимиздан бери аллақандай луғатни ёнидан қўймайди, бироқ овқат маҳали бор билими эсидан чиқиб кетадими, нуқул «фиш» (балиқ), «чикен» (қовурма жўжа гўшти), «ти» (чой) ёки «биа» (пиво) дейди. (Э.Аъзам)

5. Турли асарларнинг, шунингдек, китоб, газета, журналларнинг номлари, сарлавҳалар алоҳида олинганда эмас, балки матнда қўлланганда, қўштирноққа олинади:
А.Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини ўқидим; Ў.Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» қиссаси; А.Ориповнинг «Ўзбекистон» шеъри; «Мафтунингман» бадиий фильми; «Ҳозирги ўзбек адабий тили» дарслиги; «Меҳнат кодекси» китоби; «Халқ сўзи» газетаси; «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси; «Шарқ юлдузи» журнали; «Ўзбек тили ва адабиёти» журнали каби.

6. Муассаса, ташкилот, корхона ва шу кабиларнинг шартли номлари қўштирноққа олинади:
«Ўқитувчи» нашриёти, «Фан» нашриёти, «Жаҳон» ахборот агентлиги, «Оила» илмий-амалий маркази, «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси, «Олтин мерос» халқаро хайрия жамғармаси каби.

7. Ўзбекистон Республикаси орден ва медалларининг номи қўштирноққа олинади:
«Мустақиллик» ордени, «Буюк хизматлари учун» ордени, «Эл-юрт ҳурмати» ордени, «Соғлом авлод учун» ордени, «Олтин юлдуз» медали, «Жасорат» медали, «Шуҳрат» медали каби.

Аммо буюк шахслар номи билан аталган орден номлари қўштирноққа олинмайди:
Амир Темур ордени, Жалолиддин Мангуберди ордени каби.

8. Турли маҳсулотларнинг шартли номлари қўштирноққа олинади:
«Қорақум» конфети, «Пахта» торти, «Самарқанд» совуткичи, «Нексия» автомашинаси каби.

Кўчирма гапли қўшма гапларда тиниш белгиларининг қўлланиши

1. Кўчирма гаплар алоҳида абзац кўринишида янги қатордан эмас, балки кетма-кет бир қаторда берилган бўлса, қўштирноққа олинади:
Мунинг устига яна таъна ҳам қилиб қўйди: «Ким оларди энди у кампирни?» (Чўлпон)

Аммо агар кўчирма гап алоҳида абзац кўринишида янги қатордан берилган бўлса, қўштирноққа олинмайди ва унинг бошланиши олдидан тире қўйилади:
Шунда кекса олим деди:
— Ўтингизнинг дунёда тенги бўлмайди. (Ў.Умарбеков)
Бирдан у қаддини ростлади ва ўчоқ бошига қараб бақирди:
— Ойи! Отини нима қўямиз? (Ў.Умарбеков)
Эшикка етганда Обид ака:
— Тешавой! деб чақирди. (Ў.Умарбеков)

2. Агар кўчирма гап муаллиф гапидан кейин келса, муаллиф гапидан сўнг икки нуқта қўйилади ва кўчирма гап бош ҳарф билан бошланади; кўчирма гап дарак мазмунида бўлса, нуқта қўштирноқдан ташқарида, сўроқ мазмунида ёки эмоционалликка эга бўлганда эса сўроқ ёки ундов белгиси, шунингдек, кўпнуқта ёпилувчи қўштирноқдан олдин қўйилади:
Барча деди баробар: «Она тилим ўлмайди». (Э.Воҳидов)
Отаси гапини маъқуллади: «Тентираб юрма бегона юртларда! Келавер, очингдан ўлсанг, мен кафил». (Ў.Ҳошимов)
Мансурнинг оғзидан ногоҳ чиқиб кетди: «Жўра, бир ўтириш қилсам, нима дейсиз?» (Ш.Холмирзаев)
Шаҳобиддин гап қотди: «Отаси сотармикан бу ҳурлиқони ё сандиққа қамаб, нархини ошириб ўтираверармикан?» (А.Ибодинов)
Салим унинг қўлидан юлқиниб, уйга чопди, зум ўтмай отасидан қолган қўштиғни кўтариб чиқиб, Полвонга ўқталди: «Кет, бўлмасам, отаман!» Маҳфират милтиққа кўкрагини тутди: «Аввал мени отасан!..» (М.М.Дўст)
Дам ўтмай кўчада онанинг фиғони эшитилди: «Менинг болам ўғри эмас, нега уни қийнайсизлар. Унинг жигари касал…» (Т.Малик)

3. Кўчирма гап муаллиф гапидан олдин келса, муаллиф гапидан олдин тире қўйилади; кўчирма гап дарак мазмунида бўлса, қўштирноқдан кейин вергул қўйилади, сўроқ мазмунида ёки эмоционалликка эга бўлганда эса сўроқ ёки ундов белгиси, шунингдек, кўпнуқта ёпилувчи қўштирноқдан олдин қўйилади, муаллиф гапи эса кичик ҳарф билан бошланади:
«Тушунсангиз-чи, ая, ўз ҳолимга қўйинг, ёш бола эмасман», деди. (Ў.Ҳошимов)
«Сизга бир оғиз гапим бор эди», дедим. (Ш.Холмирзаев)
«Кимсан ўзинг?» дедим жаҳлим чиқиб. (Э.Аъзам)
«Ҳой, шу кунингдан ўлганинг яхшимасми?» деб бақирдим. (Ш.Холмирзаев)
«Ўзинг паноҳингда асра, худо!» дейди Муяссар хаёлан. (Ў.Ҳошимов)

4. Муаллиф гапи кўчирма гапнинг ичида келганда, муаллиф гапи икки томонидан тире билан ажратилади; бўлакланган кўчирма гап қисмларининг ҳар бири эмас, балки яхлит кўчирма гап қўштирноққа олинади, яъни ичида муаллиф гапи мавжуд бўлган кўчирма гапнинг бошида қўштирноқ очилиб, унинг охирида ёпилади; бўлакланган кўчирма гапнинг биринчи қисми

бўлаклангунга қадар вергул, нуқтали вергул, икки нуқта, тире каби тиниш белгиларини тақозо этган ёки ҳеч қандай тиниш белгисини тақозо этмаган бўлса, кўчирма гапнинг айни узилган жойида вергул қўйилади ва муаллиф гапидан кейин ҳам вергул қўйилиб, муаллиф гапи, шунингдек, кўчирма гапнинг иккинчи қисми кичик ҳарф билан бошланади:
«Ким астойдил ҳаракат қилса, — дейди кексалар, — ўша ҳар қандай мақсадига эришади». (Газета)
«Шуни ҳам айтиб қўяй,
— сўзида давом этди Иброҳимов, — ҳозирги замонда хотин бахтини эрдан кутмайди». (А.Қаҳҳор)
«Лекин қобилият кейин ҳам юзага чиқиши мумкин, — деб ўзича тўнғиллади Зокир Ўрин ниҳоят. — Буям талантдай гап». (Ш.Холмирзаев)
«Талабалар, — дейди устозлар, — ўз устларида мунтазам ишламоқлари лозим». (Газета)

5. Агар бўлакланган кўчирма гапнинг биринчи қисми бўлаклангунга қадар нуқтани тақозо этган бўлса, кўчирма гапнинг айни узилган жойида вергул қўйилади ва муаллиф гапи кичик ҳарф билан бошланиб, ундан кейин нуқта қўйилади; кўчирма гапнинг иккинчи қисми бош ҳарф билан бошланади:
«Ма, — деди машинанинг қия очиқ эшигидан узатиб. — Гуландомниям оғзи тегсин». (Ў.Ҳошимов)
«Уч йилдан бери шу гапни кутар эдим сиздан, — деди Омон ийманиб. — Қилинг. Бир ёнини ўзим кўтараман…». «Йўқ, ҳаммаси ўзимдан, — кесиб таъкидлади Мансур. — Армоним шу эди, жўра». (Ш.Холмирзаев)
«Камбағалнинг эккани унмайди, боласи кўпаяди ўзи, — деб ўйлади Шоикром ижирғаниб. — Шу кунимдан кўра урушга бориб, ўлиб кета қолганим яхшийди». (Ў.Ҳошимов)

6. Агар бўлакланган кўчирма гапнинг биринчи қисми бўлаклангунга қадар сўроқ ёки ундов белгисини тақозо этган бўлса, кўчирма гапнинг айни узилган жойида сўроқ ёки ундов белгиси қўйилади ва муаллиф гапи кичик ҳарф билан бошланиб, ундан кейин нуқта қўйилади; кўчирма гапнинг иккинчи қисми бош ҳарф билан бошланади:
«Наҳотки, Султонмурод акам? — дейман. — Ўзи қолиб, шерик бошлаб кептими энди?.. Бўлакдир-э, ўпибдими?!» (М.Мансур)
«Тавба! — дейман. — Бу қанақаси бўлди!» (Ш.Холмирзаев)
«Менга деса, отиб юбормайдими?! — деб ўйлади у айвон лабига чўққайиб ўтирганича усти ёпиқ симни очиқ симга илдам уларкан. — Ҳарна битта ҳаромхўрни ўлдирганим». (Ў.Ҳошимов)

7. Кўчирма гап муаллиф гапининг ичида келганда, у бош ҳарф билан бошланиб, қўштирноққа олинади ва унинг олдидан икки нуқта қўйилади; кўчирма гапдан кейин унинг мазмунига мувофиқ вергул (ёпилувчи қўштирноқдан кейин) ёки сўроқ, ёки ундов, ёки кўпнуқта (ёпилувчи қўштирноқдан олдин) қўйилади, бу белгилардан кейин эса тире қўйилади:
Кампирни уйғотиб: «Тур, кароматингни кўрсат», — дедим. (Ойбек)
Бунга қарши ўжар чўлоқ: «Аввал қуда қилиб, кейинча ўзим ҳам шаҳарга кўчмоқчиман», — деб жавоб берди. (Чўлпон)
Меҳмонларга: «Зерикмадингизларми?» — деб, супанинг бир четига ўтирди. (Ойбек)
Тўн кийиб, белбоғ боғлаган болакайлар кўзидан дув-дув ёш оқиб: «Бувижоним, бувижоним!» — деб чириллашар эди. (Ў.Ҳошимов)
Она эса: «Болам, қишлоғимиз, одамларимиз яна ҳам яхши бўлиб кетди, мана, келсанг кўрарсан…» — дерди. (С.Аҳмад)
Қизалоқ: «Отам сизни йўқлаётувди. Зерикканлар…» — деди. (Ш.Холмирзаев)

8. Кўчирма гап мазмунан муаллифнинг ўй-хаёли, ички кечинмаси, ички фикр-мулоҳазаси кабиларга дахлдор бўлиб, бевосита талаффуз қилинган нутқ мақомида бўлмаса, яъни муаллиф гапининг синтактик асосини …деб ўйлади, …деб хаёл қилди, …деб фикр-мулоҳаза қилди, …дея хавотир олди, …дея қўрқувга тушди каби, шунингдек, …деган фикрдаман, …деган гап, …дегандай бўлди, …дегандай ишора қилди каби сўз шакллари ташкил этган бўлса, кўчирма гап кучсизланган, ундаги воқеани номлаш даражаси эса кучайган бўлади, шунинг учун мазкур «кўчирма гап» қўштирноққа олинади, ундан кейин ёки олдин эса ҳеч қандай тиниш белгиси ишлатилмайди; фақат агар «кўчирма гап» эмоционалликка ёки сўроқ мазмунига эга бўлса, ёпилувчи қўштирноқдан олдин ундов ёки сўроқ белгиси қўйилади;
«Наҳотки, бирга ўқисак, яхши қиз экан» деб ўйларди. (Ў.Умарбеков)
«Яна феъли айнибди чолнинг!» деб ўйлади кампир. (Чўлпон)
Ҳозир, бирпас нафасни ростлаб олай, кейин «Ё пирим!» деб кўтарамиз-у, кетаверамиз. (Ш.Бошбеков)
«Йўқ, гаплашиш қийин бўлса керак» деб ўйлайман. (Ў.Умарбеков)
«Уйда хотиним бор, қизим бор, улар нима ейди?» деб ўйламайди. (Чўлпон)
«Бу жойда ўзга мақсад бўлиши мумкин эмас!» деб ўйларди у. (Чўлпон)
«Бу кетишда, қизим шўрлик, тўйга етармикан, йўқмикан?» деган хаёллар онанинг бағрини тилардилар. (Чўлпон)
«Таши ялтироқ, ичи қалтироқ» деган гап бор. (Чўлпон)
Зуннун «Йўқ, йўқ» деган маънода қўлини чайпиди. (Чўлпон)
Низом қайиқни сокин қўлтиққа буриб келиб тўхтатганда, Ҳамидага маъюс термилиб, «Яна қачон кўришамиз?» дегандек қаради. (П.Қодиров)
«Мен қўйиб юбордим, сиз ҳам қўйиб юборинг» деган ишорани билдирди. (Т.Мурод)
Улуғбек «Жим!» дегандай ўнг қўлини сал кўтариб қўйиб, Абдулваҳобга тикилди. (Т.Малик)
Йигитлар «Ким жавоб беради?» дегандек бир-бирларига қараб олишди. (Т.Малик)
«Сендан ёзувчи чиқади-ёв» деган мақтовдан талтайиб, олдидаги қоғозга баттар ёпишади. (Э.Аъзам)

Филология фанлари доктори, профессор Н.М.Маҳмудов, филология фанлари номзоди, доцент А.П.Мадвалиев, филология фанлари номзоди, доцент Н.Маҳкамовнинг «Ўзбек тили пунктуациясининг асосий қоидалари» рисоласидан («Ўзбекистон» НМИУ, 2005 йил)

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Апишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти илмий кенгашининг 2015 йил 20 майдаги 5-мажлис қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Республика таълим маркази илмий-методик кенгашининг 2015 йил 15 июндаги қарори билан маъқулланган.