Туроб Юсуф (1954)

Туроб Юсуф 1954 йилда туғилган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини (ҳозирги ТДПУ) битирган. Шоирнинг “Ғаройиб орзу”, “Тўқнашув”, “Юксакдаги сеҳрли дунё”, “Муносабат”, “Муҳаббатнинг маъюс қўшиғи” сингари шеърий китоблари нашр этилган.

* * *

Майсалар қувончда, туфроқ қувончда –
Ерга кўзёш бўлиб ёғилганимдан.
Жисму жоним куйиб, сенга хаёлан
Мактублар ёзаман соғинганимдан.

Гарчи, бу мактублар қўлингга тегмас,
Кўнглингда қўзғалмас мен-чун ўкинч, зор,
Ҳақдан дил узмаган банда сингари,
Барибир, меҳрингдан бўлгум умидвор.

Гарчи, бу мактублар кўнглингга тегмас,
Лек, бахтнинг гуногун жоми-аларда.
Онгингга бу ҳақда эслатиб тургай
Қайсидир муродбахш сонияларда.

Ишқ юртида пинҳон йўсинда зор-зор
Йиғласам ҳам йўқдир ҳеч бир гуноҳим.
Куйиб, сўлар бўлсам, гуркираган шу
Сабзалар бўлғуси танҳо гувоҳим.

Гўдак ўтлар хурсанд – абр – самовий
Сийнадан сут бўлиб соғилганимдан.
Тилим йўқ, хаёлан мен сенга тинмай
Мактублар ёзаман соғинганимдан.

УМИДЛИ ФАРАЗ

Дунё нима? Биз яшар макон.
Умр нима? Зиммадаги вақт.
Четга чиқиб кетмас, бегумон,
Вақту макон ўртасидан бахт.

Бир зум тинмай, юрагимизда
Жўш ураркан толега рағбат.
Умр аро қайсидир кезда
У бизники бўлади, албат.

Шод яшашга бўлсин деб имкон,
Идрок кучин сарф айлаган вақт,
Инсондан юз бурмаску осон
Вақту макон орасида бахт.

Зор кутаркан ҳар бир улуғ зот,
Четга чиқса ўзи ҳам хордир.
Вақту макон ораси, ҳайҳот,
Толе учун ҳамиша тордир.

ИШҚ ДОСТОНИ

Умр тугар, ҳар кимни Ҳақ
Мангуликла буркамагайдир.
Лек, одамлар тилида ҳаргиз
Ишқ достони тугамагайдир.

Ҳар қайсиси юксак хотирда,
Қуёш каби танҳо яшайди.
Эл қалбида Лайлию Мажнун,
Тоҳир билан Зуҳро яшайди.

Сиймоларин эслаганингда,
Кўз ўнгингда бўлгуси пайдо.
Баҳор янглиғ ёдинг безайди:
Фарҳод-Ширин, Юсуф-Зулайҳо.

Улар Ҳақнинг мангу нобарбод
Ҳурматини эсида сақлаб,
Қўлимиздан тутганча сўлмас,
Ишқ боғига кетар етаклаб.

* * *

Азизим, дунёда тенгинг йўқ сенинг,
Сен танҳо қуёшим, танҳо ойимсан.
Нозик дил кўксига ўқлари теккан
Мужгонлари пайкон, қоши ёйимсан.

Ҳар қисмат қишида совқотганимда –
Васлинг тафти тинмай бағишлади жон.
Бахт уфқдай йироқ дунда – яқиндан
Сенга бир боқиш ҳам бахтдир, бегумон.

Бир теран ҳикмат бор: ойга, қуёшга
Жим қараб, ўй суриб турмоқларингда.
Бўёқ излаб тағин овора бўлма,
Қонимни хино қил бармоқларингга.

Шунга лойиқ эсам, кўнглингни тўқ тут,
Дарду ноланг учун кўксим очиқдир.
Токи, тирикдирман, меҳрим – юзингдан
Жафо терларини артган сочиқдир.

БОЛАЛИК ХОТИРАЛАРИ

Ўтди даврим. Эслатди тағин
Бу таниш қир-адир… Мен сари
Келаётир нур каби порлоқ
Болалик пок хотиралари.

Гарчи, ортга қайтмайди фурсат,
Ушлаганча вақтнинг қўлидан,
Келаётир улар баҳорнинг
Бизга қадар узоқ йўлидан.

Келар бари ёниб, энтикиб,
Ўлка бўйлаб ёғиб ётар қор.
Хотирамга жойланарлару
Юрагимда бошланар баҳор.