Туроб Тўла (1918-1990)

Туроб Тўла (тахаллуси; фамилияси Тўлахўжаев, 1918.24.12 ҳозирги Жанубий Қозоғистон вилоятининг Турбат қишлоғи — 1990.20.4, Тошкент) — шоир, драматург ва кинодраматург. Ўзбекистон халқ шоири (1988). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1967). Тошкент театр билим юртида (1934—38), Тошкент педагогика институтининг тил ва адабиёт факултетида (1938—41) ўқиган. «Ёш ленинчи» газетасида адабий ходим (1935— 41), Ўзбекистон Давлат радиоэшиттириш қўмитасида муҳаррир ва диктор (1935—48), «Қизил Ўзбекистон» газетаси таҳририятида адабий котиб (1948—49), партия идораларида инструктор (1949—51), Ўзбекистон Давлат нашриётида муҳаррир (1953—57), «Ўзбекфильм» киностудиясида сценарий бўлими бошлиғи (1957—62), Киночилар уюшмасида котиб (1962-67), Маданият вазирлиги қошидаги Санъат ишлари бошкармасида бошлиқ (1967-76), Ҳамза театрида директор (1977-79), Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилоят бўлими ва Адабиётни тарғиб этиш марказида раҳбар (1980—90).
Дастлабки «Шеърлар» тўплами 1939 йилда нашр этилган. Шундан кейин шоирнинг «Шодлигим» (1941), «Табассум» (1944), «Бахт тонготари» (1948), «Муборакбод» (1949), «Болалар достони» (1950), «Қанотлан, қўшиқларим» (1955), «Танланган асарлар» (1958), «Оромижон» (1961), «Гулёр» (1968), «Офтоб найзада» (1974) сингари шеър, қўшиқ ва достонлардан иборат тўпламлари эълон қилинган.
Туроб Тўланинг шеърий ижоди лирик шеър, қўшиқ, баллада ва достонлардан иборат. Асосан, қўшиқ жанрида самарали ижод қилган («Ҳаё билан», «Сумбула», «Кўчалар», «Дўппи тикдим», «Сартарош қўшиғи» ва б.).
Туроб Тўла «Ҳамият» (1948), «Шаҳло», «Замон ҳукми» (1968), «Суюк момо» (1975), «Трамвайда топилган дафтар» (1978) сингари достонларида меҳнатсевар замондошлари ҳаётига мурожаат этиш билан бирга тарихий ўтмиш саҳифаларини ҳам варақлаш ва мозийда рўй берган муҳим воқеаларга ҳозирги давр нигоҳи билан қарашга интилган.
«Қизбулоқ» (1968), «Қувваи қаҳқаҳа» (1969) ва бошқа пьесалар ёзган. 1969—70 йилларда Ф. Шиллернинг «Мария Стюарт» трагедиясини ўзбек тилига таржима қилгач, машҳур ўзбек шоирасининг фожиали ҳаётига бағишланган «Қувваи қаҳқаҳа» драмасини қайта ишлаб, уни «Нодирабегим» номи билан саҳнага олиб чиққан (Ҳамза, Муқимий ва б. театрларда қўйилган). Туроб Тўла айни пайтда ўзбек ва қардош халқлар адабиётидаги сара асарларнинг саҳна вариантини яратиш мақсадида Ч. Айтматовнинг «Момо ер» қиссаси асосида шу номдаги мусиқали драма, Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романи асосида «Зулматдан зиё» опера либреттосини, Ҳамид Олимжоннинг «Ойгул ва Бахтиёр» достони асосида шу номдаги шеърий драма (1979)ни, «Маликаи айёр» ўзбек халқ достони асосида шу номдаги опера либреттоси (1987)ни яратган. Ғ.Зафарийнинг 20-йилларда республика театрлари саҳналарида катта муваффақият билан ўйналган «Ҳалима» мусиқали драмасини қайта тиклаб, Муқимий театрида саҳналаштирган. Булардан ташқари, ўзбек халқ эртаклари асосида яратилган «Самарқанд афсонаси» балети либреттоси ҳам бор.
«Мафтунингман» (1958), «Фурқат» (М. Мелкумов билан ҳамкорликда, 1960) кинофильмлари ва «Шашмақом» видеофильми сценарийси муаллифи. Туроб Тўла ўзига замондош бўлган ўзбек адабиёти ва санъати арбоблари ҳакида қатор адабий портрет, очерк ва хотиралар ёзган («Нафосат», 1967; «Камалак» 1972). У. Шекспирнинг «Қийиқ кизнинг қуюлиши» комедияси, А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, Н.А. Некрасов, Т. Шевченко, А. Тўқай, С. Муқонов асарларини ўзбек тилига таржима қилган.


ЎЗГА

Кўз очиб кўрмади кўз мардуми сандин ўзга,
Сева олмайди менингдек сани мандин ўзга.

Бағри кенг, ишқи мусаффо гули, булбулларига
Борми оламда чаман ҳеч бу чамандин ўзга!

Билинур мард киши мардлик ила бу майдонда,
Саман ўрнини босолмайди самандин ўзга.

Юрагим торида йўқ бошқача куй, бошқача соз,
Сен отиб поралаган зарби камандин ўзга.

Бари меҳримни олиб кимга инъом айлаганинг,
Менга не қолди хаёлингда чамамдин ўзга?

ОҲИСТА-ОҲИСТА

Кўнгил мулкига кирдинг, дилрабо, оҳиста-оҳиста,
Унинг дилдори бўлдинг бебаҳо оҳиста-оҳиста.

Баногоҳ беижозат кирдингу ҳайратда қолдирдинг
Олиб домингга бир оҳанрабо оҳиста-оҳиста.

Дилим боғига ўтқазган бу эзгу дард ниҳолингдин
Вафо унди, вафо унди, вафо, оҳиста-оҳиста.

Ширин дамлар ато қилдинг хаёлим коинотига,
Ўзинг кел энди жоно, марҳабо, оҳиста-оҳиста.

Кўзидин ўзга айби бормидир оламда оҳунинг,
Кўзинг мардуми-ла этгил шифо, оҳиста-оҳиста.

ИШҚ БОРКИ…

Ишқ борки гўзал олам, у кўзлар қароғинда,
У борки кўнгил сўнмас ҳаттоки фироғинда.

У борки баҳор ҳаргиз боғлайди яранг гулдан,
Масъуди, малолинг ҳам қош ила қовоғинда.

Дашт бирлан ўтиб кетди бир оҳу мисол наврўз,
Лолаи гулобингни эзғилаб оёғинда.

Қолмишди яқо йиртиб баргинда тиниқ, шабнам,
Гўёки фиғонидин ёш эрди ёноғинда.

У тобе этар гўё бахтингни қилиб гулхан,
Оламга баён айлаб машъали маёғинда.

Қанча дарди-ҳасрат бор, қанча қулфи тилсимот,
У узган кўнгил торин ҳар битта улоғинда.

Барчасин билар кўнгил, барчасин этар барҳам,
У боис ривоятлар эл-юрти қулоғинда!

ЁР ЭТМА

Агар аҳдимни бузсам, дилнавозим, асти ёр этма,
Муҳаббат боғини тарк эт ва асло гулузор этма.

Агар ёв олдида беҳуда иш бирлан асир ўлсам,
Қасос нафрат билан ўлдир, мени асло хумор этма.

Ҳаром ўлсин муҳаббат гар йўлимдан бир қадам қайтсам
Рақибим бўл, рафиқам бўлмагил, мотам мазор этма.

Зафар бирла жаҳонга кўрсатурман чин муҳаббатни,
Муҳаббат фарз ҳам қарздир, қўзим, номуси ор этма,

Қўлимдан тушмагай асло қасос шамшири жангларда,.
Агар ўлсамки мардона, ўзингни ғамгузор этма.

Ва лекин қумрилар ғам бирла асло нолавор бўлмас,
Кўзингга бу жаҳонни асти, ёрим, танги тор этма.

Гўзал гулшан Туроби пок этилгай тезда ёвлардан,
Агар аҳдимни бузсам, дилнавозим, асти ёр этма.

МУҲАББАТ МАДҲИ

«Жоним», дедим қулоғингга, оҳиста «жон», дединг,
Ортиқ бу жон сенсиз менга, жоним, инон, дединг.

Гул ўрнига дурдек териб келган каломимни
Аъло билиб ҳамиша сен «бу достон», дединг.

Қуёш бўлиб кирдинг менинг қалбимга бир йўла,
Қалбинг менга кенг, беғубор бир осмон, дединг.

Айтгил, дедим борми тағин оламда бахтиёр,
Хумор боқиб «менинг билан сен бегумон», дедннг.

Бу бахтга қилсам арзигай кошона армуғон,
Нозим билан Муҳаббатинг бўлсин омон, дединг,

«Жоним», дедим қулоғингга, оҳиста «жон», дединг,
Ортиқ бу жон сенсиз менга, жоним, инон, дединг.

КУЙЛАТИБ ҚУЙДИНГ МЕНИ

Бир қиё ташлаб кўнгилга, ўйлатиб қўйдинг мени,
Бир муғанний, ошиқона куйлатиб қўйдинг мени.

Чақдингу чақмоқ, қилич солдинг дилим осмонига,
Оҳ, дилим бирла баробар ўйнатиб қўйдинг мени.

Олдингу кетдинг ўйимни, тинчиму сабримгача,
Излатиб кўйингда жон, кўй-кўйлатиб қўйдинг мени.

Шунча ҳам қиммат бўлурми бир қиё бир зорга,
Ҳар чаман, ҳар боққа бир бўй-бўйлатиб қўйдинг мени.

Энди билдим, тоғ экан Мажнун қалби, ёпирай,
Кўча-кўйда ҳар кишига сўйлатиб қўйдинг мени.

ОНАИЗОР
(«Осиё устида бўрон» кинофильмидан)

Яхши сўз чиққай юракнинг қаъридан,
Бормикин баҳр олмаган ёр баҳридан!
Бормикин иссиқ, илиқроқ бир бағир
Олам ичра онаизор бағридан!

Эй, жанубга талпиниб учган хаёл,
Соғинишдан ўртаган бағримни ол,
Онаизоримни этгил бахтиёр,
Интизор у, интизор у, интизор!

Лочининг бор, деб онамни шод қил,
Айрилиқнинг дардидан озод қнл.
Бахт бўлиб, оро бўлиб кир бағрига,
Бағрини гул, кўнглини обод қил.

Айланур тун бағри тўлган ой билан,
Айланур бош ўйнаб оққан сой билан!
Бахт келур, бахтинг келур, кутгил, она,
Ҳар на келгай жанг билан, ҳам жой билан.

Яхши сўз чиққан юракнинг қаъридан,
Бормикин баҳр олмаган ёр баҳридан!
Бормикин иссиқ, илиқроқ бир бағир
Олам ичра онаизор бағридан!