Сафар Оллоёр (1969)

Сафар Оллоёр 1969 йил 25 апрелда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Оқработ қишлоғида туғилган. 1996 йилда ЎзМУнинг журналистика факультетини битирган. Дастлаб Деҳқонобод туман газетасида адабий ходим, сўнгра Республика Радиосида муҳаррир, катта муҳаррир ва Ўзбекистон телевидениесида муҳаррир, катта муҳаррир, бўлим бошлиғи; кейинчалик “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ва “Адолат” газеталари ҳамда “Тафаккур” журнали таҳририятларида бўлим мудири бўлиб ишлаган. Сўнгра “Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ахборотномаси  – Бюллетень Верховного суда Республики Узбекистан” ҳуқуқий, илмий-амалий журнали ва “Куч  – адолатда” ҳуқуқий газетаси бирлашган таҳририятида бош муҳаррир ўринбосари, бўлим муҳаррири вазифаларида ишлаган. Айни пайтда Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими.

1996 йилдан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг аъзоси. 1998 йил 22 июндан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Йилнинг янг яхши журналисти” танлови совриндори (1997).

“Ишқ йўли” (Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1996), “Умид ўзани” (“Насаф” нашриёти, 1996), “Нафис идрок” (“Янги аср авлоди” нашриёти, 2000), “Омад кўзи” (“А.Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2007), “Одам ва Омад” (“Академнашр” нашриёти, 2018) каби шеърий тўпламлари ва “Кўзгусиз гўзал” – “Танланган асарлар” тўпламининг 1-жилди  (“Тафаккур” нашриёти, 2020)  нашр этилган.

Сафар Оллоёр таржимон сифатида Иоганн Вольфганг Гёте, Франческо Петрарка, Жон Китс сингари жаҳон адабиёти юксак намоёндаларининг, шунингдек,  Сенегал шеъриятидан Сембен Усмон, Давид Диоп, Ламин Диакате, Малик Фаль ҳамда Непал шеъриятидан Лекхнатх Паудьялай, Бхуни Шерчан, Лакшмипрасад Девкота, Бхавани Бхикчу, Мадхавпрасад Гхимире шеърларини она тилимизга ўгирган.

Сафар Оллоёр ижоди намуналари рус, инглиз, ҳинд, қозоқ, туркман, турк ва бошқа чет тилларга таржима қилинган.

НОМА

Асрий булоқларнинг кўзин очгансан,
Муаззам тоғларнинг кўкрагин керган,
Мафтункор боғларга бағрини берган,
Очиқ қалб, бағри кенг, мафтункор, Ватан!

Жўшқин дарёларга йўл очган ўзинг,
Аму, Сир, Зарафшон… — баётинг-сўзинг.
Ўзбек камолига тикилган кўзинг,
Дарёдил, собитсўз, улуғвор, Ватан!

Мағрур бургутларга бахш этиб парвоз,
Некбин турналарга бўлган жўровоз,
Қуёшу ойларга кўзгуваш пардоз,
Сарпарвоз, саровоз, сервиқор Ватан!

Беадоқ уммондай дарёваш диллар,
Меҳрингдан баҳраманд нурли кўнгиллар.
Ай мушфиқ оналар, опа-сингиллар,
Сиз каби меҳрда барқарор, Ватан!

Гарчанд дилдошдирман, келар ҳавасим:
Кўнгилга ҳамоҳанг эсар ҳур насим,
Етти ёт ҳадикдан оллоҳ асрасин,
Барча дилбандингнинг бахти бор, Ватан!!!

ҲИКМАТ ДАРЧАСИ

Вазият ўзгача: руҳми уйғонган,
Туйғулар жилваси нурчан, теранроқ.
Ажиб куй таралмиш муаззам тонгдан,
Заминга чўт эмас бир зайл тебранмоқ.

Тасанно ибтидо шамойилига,
То абад асрагай синоатини!
Илло не дард инган инсон дилига,
Ўзи ўқий олмас ўз дастхатини.

Асрий зимистонда юз очмиш кўнгил,
Қия очилганда ҳикмат дарчаси.
Ажаб, шамсдай ёрқин нур сочмиш кўнгил,
Оламга ёйилмиш бу ёғду саси.

Ки аҳвол ўнгланмиш эмди мутлақо,
Китобдай жамланмиш ҳаёт мазмуни.
Инсонга самимий дил ёрмиш бақо,
Валекин тингланмас, англанар уни.

Шу заҳот ўзгармиш хизмат ила иш:
Узлатга чекинмиш ғараз, кин, кадар…
Фақат тўкис умр кечирар эмиш
Ана шу ҳикматни англаётганлар!..

ОҚИШ ШАШТИ

Панд бериб қўймаса танланган ўзан,
Олис манзилларда кутар саф пайғом.
Ҳеч қайси тўсиққа тобе эмассан —
Шуни талаб қилар дарё деган ном.

Сенга етолмаган жилғалар бисёр,
Бири боққа, бири пайкалга сингган.
Оқиш нима билмас кўлмаклар ҳам бор,
Селдан пайдо бўлиб бир жойда тинган.

Бетавфиқ тинишдан наф йўқдир гарчанд,
Димоқни эзғилар қора лой ҳиди.
Кучингни бўлсада ҳар қайси сарбанд,
Беҳад шавққа тўла оқиш мавриди.

Худо сабот берсин, эй дарёжоним,
Курашга лойиқсан собитлик учун!
Сенга боқиб жўшар ор-ҳаяжоним,
Гаштимиз айрою шаштимиз уйғун.

Алҳол, замон улуғ, имкон етарли,
Теграмда дўстлар кўп оркаш, дарёдил.
Кўнглим қирғоғингда бир сўз айтарди:
— Сувингдан ичганга шашт бахш айлагил!

ОҚИШ ГАШТИ

Эй, қалб, дарёлигинг муборак сенга,
Асрий булоқлардан жамлагансан куч.
Бақамти ёр бўлгай бу юрак сенга,
У муқим қирғоқдир, шу ўзанни қуч!

Оқиш нелигини билмаган қанча,
Турғун ҳолатидан бамисли мағрур.
Ажаб, сенда ҳислар сузар чалқанча,
Ғаввосдай шўнғиб ҳам топишар ҳузур.

Кундузи фараҳбахш зилолинг билан
Роҳат улашасан чанқоқ дилларга.
Тунда кўксингдаги ҳилолинг билан
Ғоясан табиат отлиғ асарга!

Шарқироқ оҳанглар, жўшқин қўшиқлар
Мавжларинг авжидир собит ва номдор.
Муҳаббат талаблар йўлингга чиқар,
Барининг кўксида инжа умид бор.

Уларнинг раъйига бўйсунма, асло,
Ўз номус-шаънингга тушурмагил доғ.
Ўзлигингда фақат эзгу ҳислар жо,
Ташрифингга илҳақ барча боғу роғ!

Йўлга кузатаркан, вазмин чўққилар
Сафарингга омад ва бахт тилайди.
Дарёлар истаса чўлни йўқ қилар,
Зотан оркаш шаҳдни тангри қўллайди.
Эй, қалб! Дарёлигинг муборак сенга!..

КЎЗГУСИЗ ГЎЗАЛ

У ҳамманинг кўзи ўнгида
Уйғонар ва кийина бошлар.
Инжа ҳаё бўзлар кўнглида,
Юрагидан ғайрати тошар.
Наки тани, ҳар бир тукига
Гулдор кўйлак кийгизар бирдан.
Ҳеч ким дахл қилмас мулкига,
Чунки Ҳақдан иноят бўлган.
Ҳаяжондан титраб, ийманиб
Таърифига чоғланар сўзлар.
Ишонмайсан — бўлмайди таниб,
Олазарак боқар лол кўзлар.
Кўлмаклар ҳам тиниқмас ахир,
Лойқаланиб оқади анҳор…
Қарай деса, кўзгуси йўқдир —
Гўзаллигин биларми баҳор!

ПАРИРЎ

Қизлар бор, бозорга солади ўзин,
Қизлар бор, фарқ қилмас
хонаки гулдан.
Очиб юборасан ҳаётнинг кўзин
Ўн саккизга кирган
шу чеҳранг билан.

ЯШАШ ШАВҚИ

Яшасанг, одамга ўхшаб яшагин —
Кўнгил кошонангни безаб яшагин.
Аждодлар орини cақлаган бўлса,
Ғурурли отангга ўхшаб яшагин.
Устуни мустаҳкам айвонда яша,
Туйнуксиз чодирлар —
бетавфиқ гўша.
Собитлик — энг улуғ зийнат,
Ҳамиша
Мусулмон одамга ўхшаб яшагин.
Ариққа боқсанг-чи, сойин севади,
Ҳатто қаро тунлар ойин севади.
Чин инсон туғилган жойин севади,
Покдомон одамга ўхшаб яшагин.
Бу юртнинг шаънини
шамоллар сийлар,
Мадҳини ҳумою булбуллар куйлар.
Юракдан куйлайди зўр муғаннийлар,
Бегумон одамга ўхшаб яшагин.
Ғамнинг ўлчами кенг,
куйнинг — кўлами,
Дилларга малҳамдир элнинг ўлани.
Ҳолбуки, бу дунё — синов олами,
Беармон одамга ўхшаб яшагин!..

ФУРСАТ

Олис манзилларга чорлайверар йўл,
Чиниққан десантдай
шай турар мадор.
Нечун яқинлашмай узатасан қўл,
Бунда ожизликнинг аломати бор.
Тўғри, мағрурликнинг
ўрни кам жуда,
Саховат хокисор туробдан ибрат.
Ортиқча уриниш, билъакс, беҳуда —
Ўз вақтин кутади
ҳар қайси фурсат.
Умр — машаққатли йўлдир саросар,
Қисматдан умидвор
Инсоннинг майли.
Фурсат ҳам нозиктаъб
меҳмонга ўхшар:
Ҳурматин қилмасанг —
қайтиб келмайди.

ЖУМБОҚ

Кўнглимда бемаслак,
нотавон ғашлик,
Ичимдан нимадир ғажир этимни.
Биз истак боғида бирга адашдик,
Дилим, кўтарсанг-чи
кайфиятимни!
Сизларни англадим Ўзим деганда,
Балки бу алдовдир,
балки рост — билмам.
Жумбоқлар учрар-ку
ҳар қандай фанда,
Тўла англашилмас ҳали бу олам.
Мен кимман…
Менсиз ҳам дунё тинч яшар,
Бешак, янграб турар салом-алиги.
Лекин нега уни бунчалик эзар
Озурда кўнглимнинг безовталиги?!

ЯХШИЛИК ФАЛСАФАСИ

Маҳмуд Саъдийга

1

Дунёнинг бори шу: сиру тилсимот —
Ким бировнинг, ким ўз ғамини ейди.
Маҳмуд Саъдий деган улуғсифат зот
“Яхшилик жазосиз қолмайди” дейди.
Бу гапга унчалик
парво қилмасдим,
Қайсидир китобдан ўқигандир, деб.
Чунки ҳар хил тўплам
чиқар бетиним,
Шаксиз, турфа фикр унга бергай зеб.
Янглишган эканман, яқинда чиндан
Шу гапнинг ўрнини
билиб қолдим, воҳ.
У ҳаётдан юлиб олинган экан,
Сизни ҳам шу сирдан айлагум огоҳ…

2

Лекин иккиланиб ўйландим роса,
Бу — янги ғоями, ё нақл фанга?!
Ҳоланки, юзланди теран хулоса:
Яхшилик қилиш шарт —
Биладиганга!..