Мирпўлат Мирзо (1949-2018)

Мирпўлат Мирзо 1949 йил 20 августда Чимкент вилоятининг Сайрам қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1999). ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1971). «Тонг жилваси», (1976), «Ишқ фасли» (1978), «Яхши кунлар» (1981), «Сунбула» (1985), «Мовий дарё» (1988), «Атиргул ва юлдузлар» (1990), «Онажон», (1995), «Сайланма» (2005) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. «Сомон йўли чечаклари», (2004), «Сайра, дўмбирам» (қозоқ шеърияти антологияси, 2005), Г. Э. Лессингнинг «Донишманд Натан» шеърий драмасини, В. Шекспирнинг «Ёз куни ғаройиботлари» пьесасини ўзбек тилига таржима қилган. Борис Пастернак (1999) ва «Алаш» (2001) номидаги халқаро мукофотлар соҳиби. 2018 йил 21 февраль куни Тошкент шаҳрида вафот этган.

* * *

Борлиқда чечаклар урдилар жавлон,
Кўзга — нур, қалбларга ишқ этиб ато.
Ҳар ким севгани-ла масрур бу айём,
Қара, жуфтин излар мусича ҳатто.

Кимки ёлғиз бу он кўзлари намдир,
Айт, ҳижрон рангларинг қилмасин сомон.
Баҳор — бир-бировга гул тутар дамдир,
Бу дамлар ёлғизлик баридан ёмон.

* * *

Йиллар ўтар экан, кексаяр тоғлар,
Уфққа ястаниб, боқар хокисор.
Қарийди бир пайтлар яшнаган боғлар,
Навқирон бўлолмас келса ҳам баҳор.

Бу дунёда жами хилқат эрта-кеч —
Кексалик фаслини бир кун туйгуси.
Фақат икки нарса қаримайди ҳеч:
Жилға овози-ю, чечак кулгуси.

* * *

Бир умрга — шунча орзу, шунча ғам,
Айт, қайлардан топиб беролгунг, ҳаёт?
Тағин ҳеч эринмай, барин қилиб жам,
Кичкина юракка жойлайсан, ҳайҳот!

Орзу завқин сурдим, тотдим аламни,
Қисмат, бир бошимга нелар солмадинг!
Керагидан ортиқ чекдим мен ғамни,
Бироқ кўп орзумга етишолмадим…

* * *

Буюк матонатга ўқийман олқиш,
Ҳар гал адирларга баҳор сеп ёйса, —
Буткул йўқотмоққа қасд қилганди қиш,
Бироқ яна униб чиқмоқда майса.

* * *

Сени баҳор эсга солди-ку яна,
Яна қўмсадим мен олис васлингни.
Уфқлар ифорга тўлди-ку яна,
Тонгларда кўрдим мен сенинг расмингни.

То мудом иккимиз икки қирғоқда,
Оқар орамиздан йиллар дарёси.
Баҳор дунёларни энтиктирмоқда,
Нечун энтикмасин кўнгил дунёси!

Ботган ишқ қуёши қайтмайди зотан,
Бироқ зулматларга умид урар тиғ.
Мен умрим пойингга сочаман — ҳотам
Сўнгги тиллоларин сочгани янглиғ.

Армон залворидан қад букади дил,
Не тонг, ушбу сирни гар айласам фош:
Сен яшнаб-ёшаргунг қайтадан ҳар йил,
Мен эса қарийман ҳар баҳор бир ёш.

БАҲОР БАЁТИ

Мен ҳам шу баҳорнинг ошиқ шоири,
Уни телбаларча суюб, алқаган.
Севаман — мен унда тириклик сирин,
Шомларин — бағрида чақин чақнаган!

Севаман — чит кўйлак ўрикзорларин,
Севаман — оқбилак олмазорин ҳам.
Гўзалдир боғдаги ёлғиз настарин
Мовий рўмолини ҳилпиратган дам!

Кифтидан кетиб қор, музлар ниҳоят,
Кунгайда исинар яшилтоб қирлар.
Гўзал ва ажибдир бу дамлар ғоят,
Оқ ҳовур таратган шудгор адирлар!

Нозик қаддин хиёл эгиб чучмома,
Тонгги шабнамларга юзини чаяр.
Тун бўйи ғунчага битиб ишқнома —
Булбул достонини дунёга ёяр!

Севаман — ирмоқлар чулдираб оқса,
Завқидан энтикиб энди туну кун.
Севаман — қизғалдоқ гулханлар ёқса,
Алвон шафақларга туташиб бутун!

Қаранг — ҳов турналар арғамчи солди
Олис болалигим осмонларига!
Қаранг — бир капалак адашиб қолди,
Дуч келиб гулларнинг уммонларига!..

Нурлар оғушида борлиқ муҳташам,
Бу дамлар гўзалсан нақадар, Ҳаёт!
Шу боис Баҳорга атаб юракдан
Битгум мен қасида, битгумдир баёт!

ҚОРАСОЧ МОМО*

Теран дардингиздан эдим кўп йироқ,
Тушимга кирибсиз – сочларингиз оқ…
Бехос лабларимдан учди шу сўроқ:
«Нега сочларингиз оқарди, момо?»

Ёш Аҳмад отадан қолганда сағир,
Минг жафога дучор қилганда тақдир,
Оқармаган эди сочингиз, ахир,
Нега сочларингиз оқарди, момо?

Эловсиз эдингиз ўткинчи оҳга,
Яшардингиз шукур айлаб Аллоҳга,
Сиз она эдингиз валиуллоҳга,
Нега сочларингиз окарди, момо?

Бетоқат соғинчми, меҳрми, ё раб,
Ётибсиз Сарёмда сиз йўллар қараб.
Кўринар Яссидан улуғ мақбара…
Нега сочларингиз оқарди, момо?

Яратгандан ажиб ҳикматлар бугун,
Элнинг кўксидадир «Ҳикматлар» бугун,
Қадрин топмоқда чин хизматлар бугун,
Нега сочларингиз оқарди, момо?

Сўроғим фалакка етгай деб зора,
Кечалар тўлғандим, ахтардим чора,
Муанбар зулфингиз эди тим қора,
Нега сочларингиз оқарди момо?

Қабрингиз остидан сас келди шу он:
«Тингла сўзларимни, қадим Туркистон!
Сенинг парча-парча қисматинг кўриб,
Сочларим оқарди, юракларим қон!»
__________________
*Ойша хотун – Аҳмад Яссавийнинг оналари. Эл орасида у Корасоч момо номи билан машҳур бўлган.

* * *

Бошга ғам сояси тушиб турган кез
Чорасиз боқурмиз, гангиб дафъатан.
Ҳолбуки урвокча эмас қайғумиз
Сен чеккан ғуссалар олдида, Ватан!

Юракни шодликлар чулғаган зумда
Олам жилва қилар, бирам бокира.
Лекин нур балқмаса, Ватан, юзингда,
Бизга севинчлар ҳам татимас сира.

Истаймиз, о, мангу қолмоқликни биз,
Аслида бу фақат, Ватан, сенга хос.
Сенинг бағрингдаги кечган умримиз
Киприк қоққанчалик лаҳзадир, холос!

* * *

Куз кезади беозор, майин,
Кенгликларга тўшалади шан…
Кечалари ширин тушдайин
Шудгорларни қучади туман.

Боғларни ҳам чулғаб олар у,
Шивирлайди афсунгар сўзин.
Уфқkарда лекин беуйқу
Уқалайди чироқпар кўзин…

* * *

Қорлар кетди, чекинди аёз,
Мудрамагин, юрагим, уйғон.
Қара, майса бермоқда овоз,
Қара, куртак яйратади жон.

Қанот қоқди шимолга қушлар,
Яшил қирлар нафаси сарин.
Ушбу дамлар куйламасанг гар,
Ёлғон бари куйлаганларинг!

* * *

Қара, бирам осмон ложувард,
Қара, бирам уфқлар тиниқ…
Доғ туширгай унга зарра дард,
Саргайтирар уни хўрсиниқ.

Қайғу-ғамга эрк берма сира,
Чечакларни кўзга сур бу пайт.
Сенга дунё қилмоқда жилва,
Мен яшашни севаман, деб айт.

Қаҳрин сочар тинмай изғирин,
Умид гули эса сўлмайди.
Лекин дилга шивирлар сирин:
«Ахир, бундоқ яшаб бўлмайди!..»

Аямажуз айқиради оч,
Муз қиличин кўқда тўлғайди.
Ингранади боғлар яланғоч:
«Ахир, бундоқ яшаб бўлмайди!..»

Қаҳратоннинг қасди нимада,
Недан унинг кўнгли тўлмайди?!
Ҳеч ким билмас, лекин дил зада:
«Ахир, бундоқ яшаб бўлмайди!..»

Қайлардадир қулф урар баҳор,
Гоҳ димоғни иси чулғайди.
Нега бунча имиллар қиш, қор:
«Ахир, бундоқ яшаб бўлмайди!..»

Баҳор, келгин, арит дилдан ғам,
Сен борсанки, юрак ўлмайди!
Гулларингни соғиндик бирам,
Ахир, бундоқ яшаб бўлмайди!..

ХАЁЛИМДА СЕВДИМ

Хаёлимда севдим мен сени,
Ёдинг билан юрдим мастона.
Ёлғиз бахтим, дедим мен сени,
Хаёлимда бўлдим парвона.

Сочларингни тараб тунлар жим,
Чўкмадим мен теран кўзингга.
Сен ҳақингда кўп шеърлар битдим,
Ўқимадим аммо ўзингта.

Ҳижронингда дилим чеқди ғам,
Бу ҳижронга ўзим юз тутдим.
Хаёлимда севдим чинакам,
Аммо журъат этолмай ўтдим.

Энг беғубор туйғуларим ҳам
Шаънингга доғ бўлар, деб қўрқдим.

МАНГУЛИК ТУЙҒУСИ

Шамолларнинг атридан дилни
Сармаст этамиз…
Эсаверар шамоллар мангу,
Бизлар кетамиз.

Қирғоқ тўлиб югуради сув,
Кафтни тутамиз…
Оқаверар сувлар ҳам мангу,
Бизлар кетамиз.

Ва бу оний умр шаънига
Қўшиқ битамиз.
Қўшиғимиз қолар мангуга,
Бизлар кетамиз.

ОНА

Ётар эдим билмай ўзимни –
Бир дард ичра алаҳлаб-ёна.
Не мўъжиза – беморлигимни
Тушингизда кўрибсиз, она!

Шундан бери дардга чалинсам
Ё ғам ичра тўлғансам бедор,
Ҳадикдаман – олисда бу дам
Гўё сиз ҳам чекасиз озор…

* * *

Қор тиниб бир замон, ажиб тонг пайти
Ложувард фусунга йўғрилди фалак.
Бамисли, шоирнинг серташбеҳ байти –
Ярқирар тарновда олмос сумалак.

Борлиқ кумуш билан хилланмиш гўё,
Киймишдир юпун боғ биллурдан либос.
Дафъатан кўнглимда берди акс-садо,
Олис болалигим солган жаранггос.

Ойнадек яхмалак, қиш қаҳри чандон,
Онамиз юзида хавотир-ғамлар.
Бизлар-чи, бепарво, фақат хуш-хандон…
Энди, бир эртакдир, қайтмас у дамлар.

Инжа замзамани кузатдим мен, тек,
Аёзли чилланинг ажиб ҳуснида.
Кўнглимдаги олис хотиралардек
Тонг нурлари ўйнар қорлар устида.

* * *

Олис ёшлик завқи ёдимдан ўчмас:
Қорларнинг устига ёғар нуқра қор.
Борлиқ оқликларга чўммишдир бесас,
Фусунга йўғрилар оқшом бетакрор.

Ер, само, туйғулар – бир-биридан оқ,
Бизнинг маҳримизда бир дунё – ажиб.
Сендек Лайло қиз-ла бирга сайр қилмоқ
Мен – бир бўз йигитга этганди насиб.

Нуқралар парвона янглиғ олмай тин
Урилар ёноғинг гоҳи лаълингга.
Мен ҳам қор учқуни бўлиб қолсайдим,
Қўнардим бесўроқ киприкларингга.

Фараҳли лаҳзалар заррин тахтида
Мен дориломонлик тилардим фақат.
Сен қордан тўқилган рўйжо остида
Жилвалар қилардинг, кулардинг фақат.

Бу нечук жозиба, нечук нашида,
Тавсифлай олурми шоирнинг байти?
Мен умримнинг турфа пучмоқларида
Сендаги ҳуснни кўрмадим қайтиб.

Кўклам олча гули сарин эпкиндан
Тўзғиганда ҳар ён бамисоли қор,
Кўриб атиргулни – оққа кўмилган,
Сенинг рухсорингни эсладим кўп бор.

Инсон хотираси неники асрар,
Бари унут бўлар бир кун – эрта-кеч.
Лек, менинг ёдимдан ўчмас, бир пайтлар
Сен-ла қор қўйнида кезган оним ҳеч.

* * *

Чўкар ерга оқшом зулмати,
Кенгликларда бўралайди қор.
Элтар дилни унинг шиддати,
Замзамаси ажиб таскинвор.

Юраги қон, гуноҳкор замин
Самоларга топинар бу пайт.
Олиб гўё мангуликка тин,
Оқликларга ёпинар бу пайт.

Юпанч талаб менинг ҳам руҳим
Нимагадир интиқ ва илҳақ.
Ҳеч кимсага: “Хайр!” демай, жим,
Зулмат ичра синггинг келар нақ.

Ичга ютиб ҳасратим, оҳим,
Сукунатнинг қаърига кетсам.
Сассиз маъво ичра улоқиб,
Дунё сирин тагига етсам.

Эшитсам, бас, фақат қорларнинг
Шивирлашин, ажиб ғовурин.
Тўхтамасам, кетаверсам мен,
Шояд боссам юрак ҳовурим.

Хаёлимнинг чексиз ҳудудин
Чулғаб олар бир идрок тиниқ.
Титраганча вужуд-вужудим,
Босиб келар селдек хўрсиниқ.

Қанча андуҳ тортсам, бўлар кам,
Тушмади не ғамлар бошимга?!.
Фаришталар билан сирлашсам,
Боқиб ерда қолган лошимга…

***

Бу тун аёз кучли бўлар, ҳойнаҳой,
Йўлларда шамширдек ялтирар музлар.
Қунишиб, термилар кўкда юпун ой,
Пинжида дилдирар шўрлик юлдузлар…


Қорбўрон

Қиш айёми, лекин, офтоб чарақлар,
Қалин қордан эгилганди дарахтлар.

Ташқаридан эшитилар шўх сурон,
Қий-чув авжда, авжда эди қорбўрон.

Эс-ҳушимни олиб учди хаёллар –
Узоқларда қолиб кетган висоллар.

Ёдга тушди сен-ла кечган пайтларим,
Менга атаб айтган ўтли байтларинг.

Қайдан чорлай энди сени, айт, жоним,
Сенсиз ўтар кундузларим, оқшомим?

Деразадан ташқарига боқдим, мен,
Сени эслаб, муз юрагим ёқдим, мен.

Айт, ҳижронга оташ қалбинг кўндими,
Севгимизни ёки қорлар кўмдими?

Боғ-боғчада янграр бирам шўх сурон,
Ёшлигимни эсга солдинг, қорбўрон…