Маҳмуд Ражаб (1963)

Маҳмуд Ражаб 1963 йилда туғилган. Бухоро Давлат педагогика олийгоҳининг мусиқа факультетини битирган. “Дард мавсуми”, “Кўзлардаги кўзгу”, “Ойкокил”, “Застенчивый месяц” шеърий китоблари чоп этилган.

ОЙГА ҚАСИДА

1

Ҳей, ой! Қуёшдан аразлаб
Кетма кўп булутлар ортига.
Эртамас, индин
Юз юзга тушади, барибир.

Ҳей, ой!
Тунда кўринасан юзингни боғлаб,
Хизматингда етти қароқчи.
Бунча ярашади юзингга
Ҳалол
Қуёшдан ўғирлаб олган табассум?!

2

Ҳей, ой!
Мангу ҳаводасан,
Мангу гўзалсан.
Сенинг меросхўринг – Ҳаво энамиз,
Сенга ўхшамаган аёл йўқ, қиз йўқ.

Сени кўрган йигит кимнидир севар,
Кўкларга кўтарар, сенинг ёнингга,
Сенинг номинг билан атайди уни.

Сени кўрган йигит, шубҳасиз,
Индамасдан олар қизингни.

* * *

Вақт измига солинган юрак,
Соатингга занжирланган вақт.
Вақт – ҳижрон, ўтишинг керак,
Соатингга қамалгандир бахт.

Ўз-ўзидан айланади маст,
Ўз-ўзидан айланар узоқ.
“Қоч-чиқ” шивирлайди паст,
Соат – бахтга қўйилган тузоқ.

* * *

Кемага чиққанда юзларча сайёҳ
Бўлишар битта жон, ягона тилак.
Тўфонга дуч келиб тўзғиса ногоҳ,
Ажал яқинлашса жонлари бўлак.

Тўлқинлар чиқарган сандиқда маржон
Қолиб кетар, ўтмас танга ҳолида.
Мулкининг қироли юзлаб Робинзон
Оч-юпун яшайди ўз оролида.

НЕВАРАМГА

Қишнинг бунча совуқ нафаси
Эшик очсанг уйга пуркайди.
Неварамнинг келиб ҳаваси
Жажжи қўлин қорга буркайди.

Совуқ – найза, баданни тешиб,
Изғиринлар қилади дўқлар.
Бола ўйнар пальтосин ечиб,
Кўзларидан сачратиб чўғлар.

Ҳамма кийимига чекинар,
Чоллар уйда қолишар ёлғиз.
Неварам-чи, ечиниб олиб
Аёз билан олишар ёлғиз.

ҚЎРҚОҚ

Қайноқ сутни эшитган у
Ичиб оғзи куймаган.
Пешонасин тириштириб
Қовоғини уймаган.

Хом сут тутсанг қошиқ билан
Оғзини ҳеч очмайди.
Қатиқ берсанг пуфлар чўчиб
Лекин сира ичмайди.

* * *

Икки кўзим – иккита ўғри,
Текин молинг – хушчиройлигинг.
Мен ўғирлаб олганим сайин,
Ортаверар ҳусн – чиройинг.

ВАҚТ – УРВОҚ

Дастурхонга тўкилган нон урвоғи каби
Йиғиштириб олиб вақтим олдиқларини
Ташлайман ариққа, вақт – оқар сув, деб.
Менинг парча вақтим қўшилсин деб,
умумвақтга.
Сувга ташлаганим балиқ билар деб,
Балиқ билмаса гар Холиқ билар деб,
Аллоҳ менга берган умрнинг
Фойдаланмай қолган парча-урвоғин
Атамоқчи бўлдим Ҳақнинг ўзига,
Аммо, ҳеч нарсага муҳтожмас
Тангрим.
Шунда, дастурхонни силкидим
Оёқ босмайдиган ерга,
Ўзи мени кечирсин, дея.

* * *

Вақт қайчиси киндигин кесар
Ҳар куним – эртанинг дояси.
Келажагим юзини тўсар,
Ўтмишимнинг узун сояси.

Ҳосилин ўн беш кун ўрди-ю, қочди,
Зулматга бекинди ойнинг ўроғи.
Юзимни ёритиб турибди ҳануз
Отамнинг токчада қолган чироғи.