Ислом Ҳамро

ШОИР БЎЛДИК СEНДАН АЙРИЛИБ

1

Ў, телба юрагим, тентак юрагим,
Синфдош гўзалга эрмак юрагим.
Сен истаб, мен мажбур кирган бу боғдан,
Насиб этмади гул термак, юрагим.

Гул деб тутганимиз тиконлар бўлди,
Шеър деб айтганимиз фиғонлар бўлди.
Биров далли деди, биров девона,
Ақли бутлигимиз гумонлар бўлди.

Тилим етган жойга қўлим етмади,
Дунё етди менга, гулим етмади.
Ў, телбам, тентагим, ошиқ юрагим,
Кутдик, ҳатто бизга ўлим етмади.

2

Мен ҳам йигит дедим, мен ҳам мард дедим,
Юрагим, кўзингни дарров арт, дедим.
Бизнинг қадримизга етмади бу қиз,
Шаҳарга кетамиз, энди ҳайт, дедим.

Ҳали излаб борар ортимиздан у,
Шаҳарда тентираб овора бўлсин.
Ким кўзга иларди, қишлоқи қизни,
Ундан-да гўзаллар борлигин билсин.

Қирқ ёнда қирқ пари икковимизни,
Қўлтиқлаб юрганин йиғлаб кузатсин.
Жаҳлдор отаси уни бизгамас,
Ўзидек тўпори эрга узатсин.

Ў, ҳали кўрасан икковимизни,
Изимизни кўзга суртади бу қиз.
Қозондаги оши, човгумда чойи,
Егани, ичгани бўлади афсус…

3

Ўн йил ўтди, ҳали унутмадингми?
Бунча ҳам йиғлоқи бўлдинг, юрагим!
Унинг кў-ў-ўп фарзанди, менинг ўғлим бор,
Барибир ҳар саҳар уни сўрадинг.

Тўғри, айтганчалик машур бўлмадик,
Қизлар қарамади, ҳатто қайрилиб.
Топган-тутганимиз ўзимизники,
Фақат шоир бўлдик, ундан айрилиб…

4

Бугун у бизларга пешвоз чиқади,
Ў, бечора юрак, бардам бўл энди.
Кўзига ўзингни бахтлидек кўрсат,
Бир кун йиғламагин, бир кун кул энди.

Ўзингни шундайин бепарво тутки,
“Сиз кимсиз, биз сизни танимадик”, де.
“Ҳамма синфдошлар ёдимизда бор,
Биз сизни синфдош санамадик”, де.

Ёзган шеърларимиз сизга эмас, йўқ,
Бошқа гўзалларга аталган, деб айт.
Хотирдан чиқибсиз, унинг йўлига,
Улкан муз тоғлари қадалган, деб айт.

Биз ўн йил йиғладик, у ҳам бир марта,
Йиғласа йиғлабди, девона бўлиб.
Фақат бир кун чида. Кейин… майлига –
Иккимиз йиғлаймиз шаҳарга келиб.

СEНИ СEВМАЙ ҚЎЙДИМ

Сени севмай қўйдим, рости гап,
Эсламай ҳам қўйдим, кўп бўлди.
Гарчи қувончлардан маҳрумдир дилим,
Гарчи ҳижрон уни бошпана қилди.

Гарчи эсламадим сени бир лаҳза,
Гарчи жиловладим туйғуларимни.
Фақат юрагимда менинг исмимсиз,
Яшайвердинг боқиб қайғуларимни.

Гарчи мен ҳаммадан сени яширдим,
Енгиб яшаёлдим ўзимни-ўзим.
Фақат… Мен барини инкор этаман.
Фақат… Фош этади севгимни кўзим.

Гарчи такрорлайман, “Севмайман сени,
Ёдламай ҳам қўйдим, гапнинг рости шу.”
Фақат… Кулгуларим сен билан кетди.
Фақат… Қолди менда музлаган туйғу.

ҚАДРИМГА ЕТМАДИ БИР СУЛУВ

Қадримга етмади бир сулув,
Мен сени қадрингга етмадим.
Кўнглимдан кетмади бир сулув,
Мен сени кўнглингдан кетмадим.

Ёстиғим кўзёшдан безиллар,
Эсласам… Оғрийди қовурғам.
Сен билдинг… Мен билдим… Умримни –
Ҳижрон шамолига совурдим.

Энди тош тинглайди дардимни,
Бағритош эшитмас… Эшитмас!
Сен-у мен… Қўй энди барибир,
Руҳим ярадор қуш, яраси битмас…

САРКАШИМ

Саркашим! Ў, менинг севгилим!
Дунёдан тоқ ўтиб билмадим.
Дардимни на отам, на онам,
На-да, сен… Билмадинг, билмадинг.

Энди мен уйлансам, гуноҳи,
Тутгайдир сени ҳам, мени ҳам.
Муҳаббат ҳаққини сўрайди,
Ҳаттоки, қиёмат куни ҳам.

ОТАМНИНГ ДEГАНЛАРИ

Болам, энди муҳаббатни қўй,
Ёзаверма баҳорни, гулни.
Шоир бўлсанг, аввал ерни суй,
Ёзар бўлсанг, уйғотгин элни.

Денгизинг кўл, тупроғинг оғу,
Сенчи, мақтаяпсан ўлик булбулни.
Агар бўлолмаса халқингга мадад,
Суғуриб ташлагин боғзингдан тилни.

Болам, ёзар бўлсанг, ҳақиқатни ёз,
Қўрқмасдан очавер энди кўнгилни.
Бардош беролмаса, кул бўсин қоғоз,
Элни уйғотмоққа чўз энди қўлни.

Болам, сафсатани бир четга қўйгин,
Етар таъриф қилмоқ сочи сунбулни.
Энди “элим” дегин, “тилим” деб ёзгин,
Бўлмаса оқ қилгум сендек ўғилни!

ҚУТИДАГИ ХАТ

Тун оғди.
Бу ерда барибир.
Сармаст чайқалади давралар.
Ёдимга тушар-у, ҳув олис –
Қишлоғим, бўгзимга тош қалар.

Қадаҳдан олтинранг шаробнинг,
Тошиши завқ бермай қўяди.
Ул олис қишлоқнинг гўзали,
Шаҳарлик шоирни суяди.

Узун тун йиғлайди, қўяди,
Ҳеч кимга айтолмас дардини.
Юрагим… Бунчалар куяди,
Бу ўшал сулувнинг ёдими?

Пинжимга тиқилар билмайман,
Даврадош бу қизнинг отини.
Балки…
Ким билади…
Билмайман –
Бу ҳам бир бебахтнинг хотини…

Эрталаб қутидан оламан,
Қишлоқлик сулувнинг хатини –
“Қишлоқ ҳам унутди, уни унутган,
Шаҳарлик шоирнинг отини!..”

МEНИНГ ЎЖАР БОШИМ

Менинг ўжар бошим,
Мағрур бошимда,
Ҳар куни юз қилич синади, ота!
Эгилай дейман-у, бу бош бўйсунмас,
Яна узилиб ҳам тушмас жойидан.

Баъзида дўстларим, баъзан “катта”миз,
Хусусан дарғазаб мухолифларим.
Баъзида пичирлаб, баъзан баралла –
“Бу ўжар болани,
Мағрур болани
Болталамоқ керак, -дерлар, пойидан!”

На бошим кесилар,
Узилмас пойим.
Бу қандай синоат, айтгин, отажон?
“Болам, унутмагил, сенинг зуваланг,
Олингандир ЎЖАР
ЎЗБEК ЛОЙИДАН!”

“СЎЗ” ДОСТОНИДАН

Мен ҳам бир боламан, ўзбаки, содда,
Ҳув олис қишлоқда номим кўп улуғ.
Унда шотутлар ҳам, шотераклар ҳам,
Ҳар битта шеъримни қилади қутлуғ.

Унда пахтазорлар, бедазорлар ҳам,
Ҳатто юлғун босган бийдай далалар.
“Биздан шоир чиққан, Тошканда”, дейди,
Эшакка тескари минган болалар.

Унда ариқчада жилдираган сув,
Ҳатто чақиртикан, янтоқлар дўстим.
Мен-чи? Бу шаҳарда улғайдим… Фақат –
Сўзни айтиб эмас, Сўзни еб ўсдим.

Унда кетмонига айтса-да дардин,
Отам ғоз юради, йўлимни пойлаб.
Онам ўз-ўзига сўзланиб қўяр –
“Иши жуда кўп-да, келмайди ойлаб”.

Унда тупроқкўча, мени соғинган –
Синглимнинг пойига бош урар ҳар кун.
“Ҳеч бўлмаса мени эсламайдими?”
Тўқсон ёшли момом, пичирлар ҳорғин…

Бунда мен қишлоқи, ўзбаки шоир,
Бир Сўзни айтолмай, ютолмай ҳалак.
Кундуз бўйинбоғлик мағрур қиёфа,
Тунлар то тонггача йиғлаб чиқаман –
“Нега шоир қилиб яратдинг фалак?..”

***
Сизга ҳам гал келар, ҳали кўп шошманг,
Бу чарҳ тегирмони кўпларни ютган.
Ярим ерни олиб, дунёни олиб,
Неча номдор шоҳ-у, амирлар ўтган.

Асли биз талашган дунё нимадир?
Сиз Сўзни сотасиз, мен Сўз ютаман.
Қўрқманг, шоир деган ёрлиқ сизники,
Шу шаҳар ҳам сизга мендан эсдалик.
Мен ҳужжатсиз шоир бўлиб бир куни –
Барибир қишлоққа қайтиб кетаман.

***
Энди ҳайқирмоқнинг пайти ҳам ўтди,
Даври ўтди ялтур-юлтур шеърларнинг.
Байтларини кўзга суртмоқлик керак,
Аҳмад Яссавийдек пирларнинг.

Энди пахта ўқлар отмоқлик нечун,
Шундоқ ҳам Азроил бир-бир отадир.
Тўрт оёқлик ҳамма минган чўбир от,
Гали билан менга, сизга етадир.

Энди Навоийни бир йиғлаб ўқинг,
Беш юз йил нариси бўзлар “Муножот”.
Сиз мени кечиринг, мен эса сизни,
Ахир ҳаммамизга етар чўбир от.

Хўп, дейсиз. Барибир юрагингизни –
Бир қурт кемиради, ухлаёлмайсиз.
Чунки сиз шеър ўқиб, ҳали-ку биров –
Ҳаттоки ўзингиз йиғлаёлмайсиз…

ХУДОЁР АКАГА

Рақиб билганларим қўрқоқ, деб айтса,
Дўстим душман ундан беҳроқ, деб айтса,
Ғурури осмонмас, тупроқ, деб айтса,
Кўзим, ёшларингни юракка яшир.

Бевафо атаса ортимдан санам,
Бебош деб қарғаса, туққаним онам,
Айбсиз айбловлардан титрама, танам,
Танам, титроғингни юракка яшир.

Лекин виждон мени инкор этган кун,
Иймон, эътиқодни инкор этган кун,
Руҳим, соқий бўлиб ажал майин сун,
Азасиз, кўзёшсиз тупроққа топшир.

ДАВРАЛАРНИНГ ТЎРИ СEНИКИ

Давраларнинг тўри сеники,
Сенга интиқ парқу болишлар.
Сеникидир шуҳрат, шон, бойлик,
Фақат юрагингда қарғалар қишлар.

Меникидир сўкишу, тўқмоқ,
Сенга теккан барча олқишлар.
Фақат менга насиб этгандир,
Дунёдаги энг ширин тушлар.

ТУШЛАРИНГГА КИРИБ БОРАМАН

Бир кун тушларингга кириб бораман,
Бермаган бўлсангда сен бунга изн.
Бири бирисидан ширин ухлайди,
Бир ёнда ўғлинг-у, бир ёнда қизинг.

Ортга қайтмоқликка имкон-илож йўқ,
Муҳаббат дегани… занглаган қилич.
Сенга атаганим, асраганимни,
Икки дилбандингнинг қароғидан ич!

МEНГА ОСОН ТУТМА, СEВГИЛИМ

Менга осон тутма, севгилим,
Ҳижрон сира бўлмади сирдош.
Кунлар мағрур яшадим, бироқ –
Тунлар Армон бўлди ёстиқдош.

“Кел”, демоққа айланмас тилим,
Гарчи дилим хуни бийрондир.
Кўрсам…
Қарамасам…
Қарғама! –
Юрак йўлларингда гирёндир.
Юқорига қайтиш

ЧИРОЙЛИ ЎЛИМ ҲАҚИДА

Руҳлар мозоридан ўтаётгандим,
Қулоғимга бир ингроқ инди.
Соқий юрагимнинг қонкосасига,
Тўлдириб ҳайратнинг майини сунди.

Қайрилдим,
Қарадим,
Жон талаш ётган,
Руҳнинг ўлимини томошо қилдим.
О, қандай чиройли ўларкан улар.

МEН МУҲАББАТ АТАГАН ТУЙҒУ

Мен муҳаббат атаган туйғу,
Бозорларда сотилмайди, ёр.
У сен кутган оний бўсамас,
Шўрлик бошга эрта ёққан қор.

Мен муҳаббат атаган туйғу,
Кўргазмада турмас осилиб.
У кўкдаги илоҳий кучдир,
Юриб бўлмас кўкракка илиб.

Мен муҳаббат атаган туйғу,
Тан олмайди шуҳратни-шонни.
Ҳар лаҳзада кечмоғим мумкин,
Агар инкор этса виждонни.

Мен муҳаббат атаган туйғу,
Янги қорга илк бор тушган из.
Қўй, париваш энди фойдасиз,
Бўлолмадинг мен излаган қиз…

СEН ҲАҚДА

Сен ҳақда ёзмоқчи бўлганимда,
Қоғозга қуюла бошлайди.
Йўқ. Жўшқин шеър эмас.
Нуқталар.
(Нуқталарки, ҳатто юлдузлардан кўп.)

Мен… Нуқталар.
Сени… Яна шу аҳвол.
Кел,
Яхшиси, ўша Сўзни,
Ўзинг ёзақол!
Юқорига қайтиш

КУМУШ БУ – ТУШ

Кумуш – бу туш,
Отабек – ўтрик.
Марғилонда ўтмаган улар.
Қодирий йўқ.
“Дўстлари” тирик,
Ўз халқини “сотмаган” улар.

Улар яқин, улар халққа дўст.
Хиёнатни билмаган улар.
Ўтмиш – бу тун.
Ўтган янги кун –
Йўқлар, дўстни сотмаган улар…

Бир сир аён,
Меҳробдан чаён,
Чиқиб чақди элнинг юрагин.
Бирда марддан,
Бирда номарддан,
Қодирийнинг руҳин сўрадим.

Тарих – ёлғон.
Тарих – риёкор.
Раъно – бу туш.
Анвар бўлмаган.
Бўлса қани?!
Тарих – жим, соқов.
Чаёнлари ҳали ўлмаган…

БИР КУНИ ТАРК ЭТСАМ…

Бир кун мен тарк этсам фанони,
Қон йиғлаб кузатса тоғ-тошлар.
Майли, сен чиқмагин узатиб,
Тилайвер,
… Ўзингга,
… Бардошлар.

Бир кун мен қайтадан тирилсам,
Хуш-хандон кулсалар тоғ-тошлар.
Энди сен қарши ҳам олмасдан,
Тилайвер,
… Ўзингга,
… Бардошлар.