Бек Али (1992)

Бек Али 1992 йили туғилган. Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари иштирокчиси. “Воҳ” номли китоби чоп этилган.

* * *

Йўқотганим недир?
Топганим недир?
Осмон деб бошимга ёпганим недир?
Ҳамма қуёш бўлиб чарақлаганда,
Мен эса узлатга ботганим недир?
Совиганим недир?
Ёнганим недир?
Душманни ташвишга солганим недир?
Хайёмга тақлиддан бошланган қуср,
Мен эса балога қолганим недир?
Сени кўп севардим, парвойи фалак,
Энди мен ҳалакман, муҳаббат ҳалак.
Бошкийимни олиб ўйлаб қарасак,
Энди сени ёдга олганим недир?..
Тонгда жойнамозга бошимни қўйиб,
Тунда иймонимни сотганим недир?
Енгиллашиш учун шароб симириб,
Оғир хаёлларга ботганим недир?
Онажон, мен сизни ташлаб кетганман,
Отажон, мен сиздан ўгирганман юз…
Сизларни ўлдирса меҳнат ўлдирар,
Мени эса гўрга тиқади афсус!
Бўшанг бола эдим, катта шаҳарда
Туртила-туртила қотганим недир?
Чол-кампир мункиллаб тиниб-тинчимас,
Мен оёқ узатиб ётганим недир?
Художон, мен сенга кўнглимни бердим,
Қисматинг бол дейсан, тотганим недир?
Дунёни Кузатмиш ягона дердим,
Дунёни кузатиб ётганим недир?!

ЭЙ!

Эй онамни йиғлатган ҳаёт,
Эй отамга панд берган дунё,
Эй қушларни ўлдирган сайёд,
Эй ичимни булғаган кимё,
Эй укамга етволган ажал,
Эй боламни бўзлатган фироқ,
Эй дарслигим қатида менга
Ватанимни англатган Широқ!
Ёмонлигим билдирган Яхши,
Кимлигимни кўрсатган Ёмон,
Эй энг гўзал сўзга қоришиб
чорлаб турган тўрттала томон.
Ичим денгиз аталса агар,
рангу рўйи номаълум Ғаввос.
Хиром айлаб тўй-томошада
томиримни жўштирган раққос.
Эй самовар қошида туриб
юзта-юзта отган амаки…
Кундан-кунга ўпкамни бўғиб,
хаёлга эрк берган тамаки.
Эй тунлари уйқусин бузиб
боласига кўкрак тутган ёр,
Эй бу дамда оёғин чўзиб
ухлаётган худбину айбдор!
Эй масжидга йўл олган иймон,
Майхонага бошлаб борган ғар.
Айни кузда, чўпкари уйдан
баракамни обкетган қушлар.
«Олиб кетгин!» дея, ёлвориб
муҳаббатдан сўз очган лаблар,
Падарига минг лаънат бўлсин –
Инсоният қўйган талаблар!
Эй хулоса, эй ечим топиб
якунига етган фикрлар.
Додлай десам, оғзимни ёпиб
келаётган икир-чикирлар.
Умрим ўтиб кетарми дейман,
«Эй»ни санаб битиргунча то.
Кейин, кейин мен нима дейман?
Наҳот ўлган бўлсам,
Эй Худо!
СОҒИНМАДИНГМИ?

НОЛА-А-А

Тупроқ олсам зар бўлмади,
Тишим дуру лаъл бўлмади.
Ҳаром қирқ йил ҳал бўлмади,
Ҳалол нонимга айтинглар!
Майин-майин сабо эссин,
Бўшанг ёшлигимини кезсин.
Маним қийналганим сезсин,
Қаттиқ жонимга айтинглар!
Айтинглар-о, мен ҳам банда,
Келгиндиман бу оламда…
Бут бўлмаган тоғорамдан
сизган иймонга айтинглар!
Андалибман, алданибман,
Аввал севиб, сўнг танибман.
Қучар бўлса силтанибман,
Йироқ кетса тўлғонибман.
Хуллас жуда булғанибман,
Гулистонимга айтинглар!
Деразадан боқсанг агар,
Ғира-шира қорам кетар..
Ҳар кетганда, менинг умрим
билан истиҳолам кетар.
Мен кетганман, бир кун келиб
бу йўллардан болам кетар.
Шеърим билан таскин бериб
онажонимга айтинглар!
Мен дарёни ичиб қўйдим,
Ойбалиқдан кечиб қўйдим.
Зунноримни ечиб қўйдим,
Суюқ қонимга айтинглар.
Эй, оламон, эй, мазлумлар,
Саноқлари маълум қумлар.
Эй, ватанни севгучилар,
Эй, дунёга маълум қуллар!
На аёлга берди бахт, деб,
Ўтиб кетди энди вақт, деб.
Ишқинг шунча оғирмиди?
Сени севган сағирмиди?
ё ўзи бўлмағурмиди?
Дея дилдан нола қилиб,
Художонимга айтинглар!

ИҚРОР

Бу гирёна эллара
Гирён боқаман доим,
Бу ҳайрона эллара
Ҳайрон боқаман доим.
Сувоқ кўрмаган уйга
Қалдирғочлар ин қўйган,
Мен ҳам тушиб шу куйга
Вайрон боқаман доим.
Сиз даҳосиз дейишар,
Бебаҳосиз дейишар.
Шоирсизку – гуноҳсиз,
Оппоқ қорсиз дейишар.
Мен эса улар айтган
Фариштани қидириб
Ҳар ён боқаман доим.
Боқишлари ўт қўйди,
Ичим тўла аланга.
Сўнг ёмғирга эландим:
Раҳминг келсин танамга.
Очиқ айтгим келади
Ўн саккиз минг оламга:
У осмонни севару
Тупроқдан бош олмайди.
Чегарадан чиқару
Худоосиз яшолмайди.
Елкам узра сочлари
Ўзини ташлолмайди.
Беқарор кўзларига
Сарсон боқаман доим.
Кибр шамоли эсди,
Ютмаган зот қолмади.
«Манфаат» сўзини эсда
Тутмаган зот қолмади.
Тупроқ эдим, бошимга
Чиқмаган зот қолмади.
Ҳатто бош кўтариб ҳам
Арзон боқаман доим.
Эй, ялпизни эркалаб,
Болам деган она ер.
Кенжа қизин эркалаб,
Онам деган она ер.
Олисларга тикилиб
Елкаларим мунғаюр.
Ботаётган қуёшга
Алвон боқаман доим.
Кечир менга дард бериб
Дарвишга дўндирган зот.
Даштдай қайсар руҳимда
Нилуфар ундирган зот.
Баъзан ўзим чақирган
Қисматнинг дастидан дод!
Деб сенинг кўзларингга
Ёлғон боқаман доим.

АЙЛАНАР

Ёмғир қорга айланар,
Қиш баҳорга айланар.
Кийикдай ўйноқи қиз
Мунис ёрга айланар,
Мен эрга айланаман.

Сув булутга айланар,
Меҳр сутга айланар,
Кўксингда йиғилган ғам
Жим, сукутга айланар,
Мен сирга айланаман.

Чумолича жоним бор,
Болам, деб йиққоним бор.
Бир пиёла май берсанг
Темурийдан қоним бор,
Деб шерга айланаман.

Ўв-в адашган руҳимда
Ғалат азоб туради.
Мен қишлоқда йўғимда
Отам кетмон уради,
Мен терга айланаман.

Тахтни қўриганлару,
Бахтни қурганлар билан.
Жаннатталаб сўфию
Ва дўзаҳи ғар билан
Ер шарига чиқволиб,
Қуёшнинг атрофида
Мен бирга айланаман.

Тошлар қумга айланар,
Сув қултумга айланар.
Қабрим бошида билмам
Кимлар кимга айланар,
Мен ерга айланаман.

БИР ТУШ КЎРДИМ,
Самарқанднинг осмонида
Гала-гала қушлар учиб юрар эмиш.
Қиш ортидан гулгун баҳор келганида
Қалдирғочлар айвонга ин қурар эмиш.
Гумбазларда қуёш нури жилваланиб,
Нақшлардан оқар эмиш тилла суви.
Ва боғдаги дарахтларнинг ғуборини
Туни билан кетар эмиш ёмғир ювиб.
О, ёмғирлар, Самарқанднинг ёмғирлари,
Менинг икки яноғимни чаяр эмиш.
О, булутлар, Самарқанднинг булутлари,
Хафа эмиш, қабоғи тумтаяр эмиш.

Бир туш кўрдим,
Самарқанднинг тупроғида
Бўй таратиб жамбил, райҳон унар эмиш.
Дарёларнинг қамиш босган қирғоғига
Тонг саҳарда оқ ўрдаклар қўнар эмиш.
Ҳолдан тойган орзуларим қўнар эмиш,
– Отма, сайёд, шафқат қилгин, бор-йўғим шу –
Шу қирғоқлар, шу қамишлар, шу дарёлар
Қучоғига чорлаб турар мени мангу.
Қўшоғизли милтиғини туширганча
Овчи бобо ҳандон отиб кулар эмиш.
Танир эмиш менинг етти аждодимни,
Болаликдан қўрқоқлигим билар эмиш.
Йўқ, қўрқмайман дунё кўриб дийдам қотди,
Йўлимда дуч келган сайёд руҳим отди.
Ҳаёт менинг танобимни роса тортди,
Мусофирни ҳар оёқ бир тепар эмиш.

Бир туш кўрдим,
Самарқанднинг тонгларида
Фаришталар ҳовлиларга тушар эмиш.
Саҳар туриб кетмон урган одамларнинг
Кучига куч, ризқига ризқ қўшар эмиш.
Кейин офтоб сочиб заррин нурларини,
Болаларнинг юз-қўллари қораярмиш.
Кенгаярмиш ёруғликнинг чегараси
Ва дўзахнинг эшиклари тораярмиш.
Эй, жаннати тупроқдошлар, қароғимсиз,
Қорачиғи равшан кўзлар кўрар эмиш.

Бир туш кўрдим,
Самарқанднинг минорлари
Қиёматга довур тикка турар эмиш.

КЎП НАРСА КУТМАСДИМ ТОЛЕИМДАН ҲАМ,
Ўтмиш сўқмоғига солмасдим назар.
Тоғларининг қўйнида кичкина кулбам,
Китоб жавони ва сен бўлсанг агар.
Тошлар билан суҳбат қурардим майли,
Майли гиёҳ териб кечирардим кун.
“Робинзон” бўлардим сенинг чиройли
Жонни ўртагувчи кўзларинг учун.
Дунё орттиришга эмасдим мойил,
Офтобга кўксимни тоблаб ётардим.
Сени яратганга қолардим қойил,
Сени яратганнинг кўнглин топардим.
Бу энди болалик орзусидай жўн,
Ёстиғим остида қолган асарим.
Боғларни кезаман хотиржам, мамнун,
Ишимга шунғийман қайнаб ғазабим.
Пўрим кийинаман, гарчи ичида
Шалвираган таним, қаппайган қорним
Уқтириб туради, бардам бўл, чида,
Билмасдан дуёни ютиб юбордим!

Билмасдан дунёни ютиб юбордим,
Энди оғир кечар ҳазми дунйим.
Энди ўқчиб-ўқчиб уйга қайтаман,
Энди ўқчиб-ўқчиб ухлайман доим.
Энди ўқчиб-ўқчиб кўзим очаман,
Энди ўқчиб-ўқчиб ўқийман дуо.
Энди ўқчиб-ўқчиб суҳбатлашаман,
Илми руҳиятдан ўқчийман гўё.
Энди ўқчиб-ўқчиб уйқу йўқолди,
Халоват тарк этди кошонамизни.
Худойим, давомиий, узундан-узоқ
Ўқчоққа тўлдирди пешонамизни.
Энди ўқчиб-ўқчиб ўламан гўё,
Энди ўқчиб-ўқчиб совийди гўрим.
Қабримнинг ичида чирийди дунё,
Тупроқнинг остида қурийди шўрим.
Ва лекин савдойи руҳим сен билан
Тоғлар қўйнидаги кулбасида шод.
Ҳайвонларни овлаб қорин тўйғазар,
Гиёҳларни териб кечирар ҳаёт.
Тошларла сирлашиб ўтказар умр,
Ҳар куни қолдирмай битар кундалик.
Оловни ўчирмай яшаб келади
Ибтидоий қавм одамларидек.
(Билмаслар, олисда, текисликларда
Ўқчиган издиҳом, бахтсиз нақадар…)
Улар кун оғганда покланиш учун
Муқаддас шаршара томон йўл олар
Ибтидоий қавм одамларидек.

БУ КЕЧА

Эшигингга бор анча,
Эшигингда бодомча,
Гуллаб турар бу кеча.

Қўлламайди дўстларим,
Фақат сенинг кўзларинг,
Қўллаб турар бу кеча.

Мени қучар қалтироқ,
Бодом гули ялтироқ,
Нурлаб турар бу кеча.

Бир чиқмадинг ақалли,
Ой нурлари тасалли,
Йўллаб турар бу кеча.

Кўйингда сарсон бўлдим,
Ва севиб яксон бўлдим,
Хўрлаб турар бу кеча.

Гўзал эмишсан анча,
Эшигингда бодомча,
“Гуллаб” турар бу кеча.

ИШ КУНЛАРИНИНГ БИРИДА,
Режадан ташқари, тартибдан холи
Сердарахт, серқатнов йўлнинг бўйида
Сенинг ингичка ва узун қўлларинг
Ҳеч қандай ҳадиксиз бўйнимдан олди.
Агар бахт шу бўлса, жуда бемаврид,
Агар ишқ шу бўлса, жуда телбаҳол.
Хуллас, иш кунларининг бирида
Кунимнинг тартибин буздинг бемалол.

Осмон эсимда йўқ, ер эсимда йўқ,
Муаллақ ҳаво бор… Сочнинг ифори
Ва у нақ кўксимга қилади қуллуқ
Бугунги режадан ташқари дориб.
Гар дийдор шу бўлса, жуда бемаъни,
Гар меҳр шу бўлса, жуда зиёда.
Наҳот, иш кунларининг бирида
Бахтли бўлиш мумкин дунёда?

Гўзалим, қўйсанг-чи, ўз ҳолимга қўй,
Бепайт турган шамол – жинларнинг базми.
Бепайт шароб ичиб, нафақат обрў,
Меҳнатимни елга совурдим, озми?
Мен, ахир, асабим торлари узра
Паганини каби тортиб камонча.
Муҳаббатдан куйган одамлар учун
Ҳайрат ва иштибоҳ улашдим онча.
Мен, ахир, ҳарф тўла клавишларнинг
Бетховени бўлдим, Моцарти бўлдим.
Мен ҳамма бўлолдим, фақат дўстларнинг
Ичидаги энг номарди бўлдим.
Жоним, иш кунларининг бирида,
Ҳеч кимни бу ҳолдан этмайин огоҳ.
Сершовқин, серқатнов кўча бўйида,
Нечун одамлигим эслатасан, оҳ!

Мен, ахир, китоблар тўла хонамнинг
Буюк даҳосиман, якка ҳокими.
Кулдонимда сақлаб келаётгандим
Ҳар бир тамакининг азиз ҳокини
Ҳамда худоларнинг қилмишин жамлаб,
Юнон халқи учун тўкардим кўзёш.
Менинг хаёлим бор барча ўлчамда
Ва сочи тўкилиб бораётган бош.
Шундай муҳим чоғда, шундай қизғин дам,
Сершовқин, серқатнов йўлнинг бўйида
Бу дунёга одам бир бор келишин
Эслатишга, наҳот уялмагайсан?

Чойдан лаззат туйдим, ёзсам қувондим,
Уй олсам севиндим, кейин семирдим.
Бахт деса, ўзимни жиннига солиб
Юриб, энди бир кам ўттизга кирдим.
Қаршингда серрайиб ўтиндай турдим,
Қуч дедим маҳкамроқ, зориққандайман.
Серқатнов кўчада сенсиз қатнашдан
Бугун жуда-жуда толиққандайман.
Сен менинг тасвирим унутмагайсан,
Мен ҳам неларнидир эслайман гоҳ-гоҳ.
Афсус, афсус, уйда сен кутмагайсан,
Уйда кутганларни севолмайман, Воҳ!

МАРСДАН ҚАРАГАНДА
(шеърий эссе)

Бир ой сўзламадим, бир ой ўйламадим,
Бир ой қоғоз билан бўлмадим ҳамдам.
Бир ой одамларни ҳайдаб юбордим,
Бир ой сўналарни қувдим миямдан.
Кейин оқиб кирди бир ширин сабо,
Кўксим деразасин очдим оламга.
Телефонда йиғлаб бердим аввало,
Мендай қулваччани туққан онамга.
Сўнгра видолашдим севганим билан,
Манглайидан ўпдим, аниқ шўр экан.
Мени мақтай кетди: “Сорлочиним!” деб
Шунда сезиб қолдим, кўзи кўр экан.
Ва узун кечалар термулдим кўкка,
– Моҳим, – дедим инграб, – ўлаётирман!
Ойнинг бир жойлари қабрдек чўккан,
Ҳатто жасадларни кўраётирман.
Нега боролмайман, Моҳим, Моҳижон,
Мен ахир фазогир бўлмоқчи эдим.
Бунча тубанлашдим билмайман қачон,
Мени бу дунёга ғашиқтирди ким?..
Хуллас, осмон ҳақда ёзмоқчиман мен,
Чексиз коинотни, сайёраларни,
Энди Марсга кўчиб бормоқчиман мен,
Тарк этиб муғомбир, айёраларни.

Учиб кетдим.
Иш ҳам қолди,
Бола-чақа ҳам,
Ўлда-жўлда қолди бозор-ўчарим.
Қолди пиёлада совиган чойим,
Қолди урфдан қолган хотираларим.
Қолди ваъдаларим, пушаймонларим,
Қолди аёл тузган узун режалар.
Қолди даҳрий каби дам олишларим,
Қолди ибодатда ўтган кечалар.
Мен эса Марсдаман.
Муаллақ-муаллақ ташлайман қадам.
Узоқдан коптокдек кўриниб турар,
Ўттиз йилим сарсон ўтган сайёрам.
Кейин дурбин билан тиклаб қарасам,
Менга ўхшаган бир кимса, бир дайди
Хаёл суришга ҳам, шеър ёзишга ҳам,
Қишлоқдаги онасин сўрашга ҳам,
Қариндош уруғин йўқлашга ҳам,
Одамдек бир тўйиб ухлашга,
Ҳатто бош қашлашга вақт тополмайди.
Мен унга қизиқиб қолдим,
Баъзан кун бўйи ўша шўр пешонанинг
Турмушини томоша қиламан.
Ерликлар вақти билан соат саккизда,
Кеккайиб чиқади ҳужрасидан у.
Қабристон ёнида дуо ўқийди,
Ўликлар шоирнинг қадрдони-ку.
Ва йўл бўйи унинг қулоқчинида
Афсус чекмаслик ҳақида қўшиқ янграйди.

У Тошкентнинг бетартиб кўчаларида,
Французча қўшиқ тинглайди.
Мудом ишга кечикиб боради,
Бино эшиги ёнида
Тўхтаб чуқур-чуқур нафас олади.
Лоқайд бир издиҳом ўтар ёнидан,
Лоқайд бўйдоқларга ҳавас қилади,
Бўйқизларга боқар (воҳай, жонидан!).
Сўнг юзига жиддий пардани тортиб,
Кечгача айланар дониш одамга.
У менинг аёлим орзусин қилади бажо,
У қурбон бўлади менинг боламга.

Мен эса Марсдаман.
Тўйиб-тўйиб хаёл сураман,
Ҳеч қаерга шошмайман ҳеч қачон.
Хаёлимга не келса ёзавераман,
Хоҳ ишонма, дўстим, хоҳ ишон.
Ерликлар вақти билан соат ўн саккиз,
Менга ўхшаган одам ишхонасидан чиқади.
Ва унга озод қушларнинг,
Эркин шамолларнинг
Ҳаёт тарзи ёқади,
Бироқ шамол ҳам бўлолмайди,
Қуш ҳам…
Яшаётгандай бўлади у,
Аммо яшамайди.
Кулаётгандай бўлади у,
Аммо кулмайди,
Ўлаётгандай бўлади у,
Аммо ўлмайди.

Атрофда сочилиб ётади тасвир,
Атрофида очилиб ётади гуллар.
У шуларни ёзолмай қондир муттасил.
Мени ҳам шаробга қул қилган шулар.
Уйига боргиси келмайди
менга ўхшаган одамнинг
У билади одамлар икки тоифа,
Бири хотин қули, бири кўча қули.
Ана, қаергадир отасин камонин қидириб кетди
Менга ўхшаган Алпомиш ўғли…
Ярим кеча, мен Марсдаман,
У ахлат қутисидек бетартиб ернинг
Илониз кўчаларида
Ахлатлар орасидан муҳаббат қидирар.
Меҳр қидиради у тошлар қўйнидан,
Худо қидиради санам тошлардан.
Сигирга сажда қилади, бўлмайди,
Лойдан илоҳ ясайди, ёмғирда эриб кетади,
Шундай ерликлар бор,
Ибодат хонада бир умр яшаб,
Худони тополмай ўлиб кетади.

Мен эса ўўўтирибман, қўлимда дурбин,
Мизғигим келганда мизғийман,
Чекким келганида чекаман,
Гапиргим келса гапираман,
Жим ўтирсам жииим ўтиравераман.
Гоҳ шамол ерликлар гапларин учириб келар,
Жуда расво гаплар, жуда уятсиз.
(Тегманг, дейди хотин, йўқ, дейди хотин,
Болалар уйғоқ-ку, нима қиляпсиз…)
Нимадир қилади ерликлар,
Билмайман, билгим ҳам келмайди.
Менга ўхшаган одам
Ижодхонасида узоқ ўтиради.
“Ўлаяпман!” дея бақиролмай,
Ҳеч кимни ёрдамга чақиролмай,
Нафратдан қизариб бўзаради.

Марсдан қараганда Ер шари
Қишлоқдаги уйни солади ёдга.
Борсанг, қолгинг келмайди,
Кетсанг, бахтинг бўлмайди.
Ерликлар вақти билан соат саккизда
Қадрдонларига дуо ўқийди,
Таксига ўтиради, такси алмаштиради,
Мудом ишга кечикиб боради,
Бино эшиги ёнида.
Тўхтаб чуқур-чуқур нафас олади.
Лоқайд бир издиҳом ўтар ёнидан,
Лоқайд бўйдоқларга ҳавас қилади,
Бўйқизларга боқар (воҳай, жонидан).
Сўнг юзига жиддий пардани тортиб
Кечгача айланар дониш одамга.
У менинг отамни орзусин қилади бажо,
У ёлғон тўқийди менинг онамга.

Тфу, тупигим муаллақ учади ҳавода,
Тфу, шу ҳам ҳаётми, жирканиб кетаман ундан,
У ўляпти, аммо қулдай занжирга ўралиб жон бермоқда,
Бир марта денгизни кўрмай, Алп чўққиларига чиқмай,
Ҳатто Телеминорага ҳам чиқмай,
Ваъдасининг устидан чиқмай,
Ишхонасидан,
Агар Гўрўғли бўлса,
Гўридан чиқмай нобут бўляпти.
Ерликлар вақти билан ҳисоблашиб,
Хотини билан режалар тузиб,
Бахтсиз болаларни,
Ўзига ўхшаган, менга ўхшаган нусхаларни кўпайтириб,
Адо бўляпти.
Тфу, тупугим муаллақ учади.

Марсда шеър ёздим:
Юпитерда бир уй бор,
Ўша уйда бир дилдор,
Мени кутар ҳар баҳор.
Марс, 4022 йил.

Бир ой сўзламадим, сабабин билмайман,
Сабабсиз ишлар кўп чексиз фазода.
Баъзида бир ой ҳеч кимни севмайман,
Баъзида учаман тоза ҳавода.
Кейин Ерни томоша қиламан,
Марсдан қараганда жуда кичкина,
Ундаги одамлар чумоли каби.
Шу бошига тўртта дини бор,
Динларининг майда-чуйда мазҳаблари,
Кичик-кичик давлатлари ва
Ҳар бирининг мансаблари.
Ерда менга ўшаган бир шоир бор,
У субутсиз одам, ўламан деб ўлмади.

Баъзан шамол ҳар хил гапларни олиб келади,
Олиб кетишга эса ҳеч вақо йўқ.
Чунки бир ой сўзламайман.
Менга ўхшаган одам эса
Менга ўхшамаган одамларга қулоқ тутади.
Менга ўхшамаган одамлар
Менга ўхшаган одамдан таскин кутади,
Муҳаббат кутади аёллар,
Ҳақорат кутади густоҳлар,
Менинг отам унинг қишлоққа қайтишини,
Менинг онам ундан инсоф кутади,
Аёлим унинг уйга қайтишини кутади.
Аммо у ҳеч қачон уйига бормаган,
Фақат унинг жисми ҳамма жойда бор,
Мен учун яшайди менга ўхшаган одам,
Унга гапириб овора бўлманглар.
Барибир у сизни эшитмайди.
У мени излаб-излаб,
Бўзлаб-бўзлаб,
Мен ҳақимда ошналаримга сўзлаб-сўзлаб,
Қуввати тугаб, мадори қуриб,
Йиғлаб-йиғлаб, кулиб-кулиб,
Бобо бўлиб, чол бўлиб,
Ҳаммасидан зерикиб,
Бир уйим лош бўлиб,
Менинг қабримда ётади.

Мен Марсдан туриб,
менга ўхшаган одамни дуо қиламан.
Яшавор, қария,
Ваъдангнинг устидан чиқдинг!
Ҳеч кимга ёрдам қўлини чўзмай,
Худди ерликлардек,
Болалигингни қўмсаб-қўмсаб,
Ичикиб-ичикиб,
Туғилишга ҳам,
Мактабга ҳам,
Севишга ҳам,
Ишга ҳам,
Ҳатто қариб-чириб,
Бироз кечикиб жон бердинг!

Мен эса Марсда,
вақт ўлчамларидан ташқарида
Инсониятнинг сўнгги вакилини ҳам дуо қиламан.
Кейин бир ой аза тутиб тилимни чиқариб ўтираман.
(Марсда қоида шунақа).
Қани, эй ерликлар, тезроқ бўлинглар,
Ўлмасдан бурун ўлинглар!