Абдулкарим Баҳриддин (Карим Баҳриев) 1962 йилда Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилган.
Самарқанд Давлат университетида ва Москва Давлат университетида олий таҳсил олган. «Ўзбекистон адабиёти ва санати» газетасида катта мухбир, «Марифат» газетасида бош муҳаррир ўринбосари, «Хўжалик ва ҳуқуқ» журнали ҳамда «Ҳуррият» газетасида Бош муҳаррир, “Жаҳон адабиёти” журналида бўлим мудири лавозимларида ишлаган. 1990-1995 йилларда Ўзбекистон халқ депутати сифатида мамлакат парламентида фаолият юритган. Айни пайтда «Мероснюс» ахборот хизмати раҳбаридир.
Карим Баҳриев «Сабр косаси синиқлари», «Тиловат» шеърий китобларининг, «Демократия ва инсон ҳуқуқлари», «Журналистнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масулияти», «Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари» номли ўзбек тилидаги илмий-оммабоп китобларининг, “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” номли ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги китобнинг, қатор танқидий-таҳлилий мақолаларнинг муаллифидир.
Сенека, Платон, Волтер, Монтен, Паскал, Вовенарг, Ларошфуко, Лабрюернинг фалсафий асарлари, Чингиз Айтматов, Дино Бутстсати, Жованни Папини, Коррадо Алваро, Марчелло Вентури ҳикоялари, уйғур шоири Темур Давоматнинг шерий китоби, озар шоири Ромиз Равшаннинг шерлари ва достони, А.Авторхоновнинг «Кремл салтанати» китоби унинг таржимасида чоп этилган.
ТУНГИ ҲУЖУМЛАР
Алпарслон Туркеш хотирасига эҳтиром ила
Сокина кечалар… Кўчалар тингач,
Эшикка тизилгач ҳорғин ковушлар,
Сўзамол эл кириб уйга беркингач,
Эшитила бошлар эзғин товушлар.
У овоз кучаяр.
Тинимсиз.
Учқур.
Қошида ожиза овозим, сўзим.
Бутун халқ уйқуга ботганда чуқур,
Қайдадир бўрилар увиллар узун.
Ерданми,
Кўкданми,
Менинг ичимдан –
Гурсиллаб ташланар оғир қадамлар.
Гўё шаҳарларга шахд қилиб зимдан
Келар саҳролардан отлиғ одамлар.
Уйқу босган элни яна не босар?!
Келарсиз даштлардан, олис тоғлардан –
Урҳолар тинглайман тунлар жонсираб,
Энасой томондан, Дашти Қипчоқдан.
Олис аждодларим, баҳодир хунлар!
Бўзқуртлар! Юраги ўтлуғ, бутунлар!
Оромини топиб уйга беркинган
Соғлар ўлкасига келинг, мажнунлар!
Димоғим ачитар туёқлар чанги,
Мудроқ танга тушсин қайноқ қонингиз,
Эркнинг қулларисиз, ваҳмнинг шоҳи,
Шаробдай аччиқдир сизнинг жонингиз.
Ширин жонларимиз – садақа, билинг,
Шаҳарларни йиқинг, бузинг томларни.
Иссиқ тўшакларни найзага илинг,
Синдиринг хапдори ичган жомларни.
Саройлар қошида ўтовлар тикинг,
Титрасин ороми, ҳароми юртлар.
Роҳат кўшкларини безовта йиқинг,
Келинг, аждодларим – ботир бўзқуртлар!
Авлодни уйғотинг, турсин тирик жон,
Саваланг кўзгуга мафтуналарни.
Ёлғон китоблардан ёндириб гулхан,
Тарқатинг алдамчи мафкураларни.
Тозаланг йўлларни, маҳзун дилларни,
Югурар молини ташлаб савдогар.
Шоирлар ҳансирар, осиб тилларни,
Бол томган тилидан чакиллар заҳар.
Ёқинг, йиқинг, санчиб қиличлар,
Текислаб, омочлаб, ҳайдангиз шудгор.
Қолса уч-тўрт ошиқ, тўрт-беш дарвишлар,
Уларга уй бўлар бирор дашту ғор…
Сокина кечалар… Истайман – ҳужра.
Тўкилар сабриму ҳам нолаларим.
Секин чўка бошлар хотин ҳам мудраб,
Негадир ухламас шўх болаларим.
1993 йил.
ПС. Бундай туйғу кўпларнинг кўнглидан кечгандир – каттароқ муҳаббат, каттароқ шиддат, эҳтирос истаги, миллатни уйғоқ кўриш истаги. Бу шеър – кайфият маҳсули. Нитшега Мексика зилзиласида минглаб одам ўлганини айтишганда, у ҳаяжонланган ва “Яратган қанчалар ҳудратли, инсонлар қанчалар ожиз… ?, бу нақадар гўзал!” – деган. Миллат тинчлик пайтида нафсга берилади, кўпроқ мол-дунё илинжига асир бўлади, фақат жанг пайтида қўрқоқ-ботир ажралади, дерди. 1992 йилнинг июнида “Туркий халқлар конгресси”да Алпарслон Туркеш қабулида бўлгандим. Унга Самарқанд тўнини ёпганимда, у менга бўри сувратли узук туҳфа этган ва насиҳат қилганди.
ТИЛОВАТ
Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм.
1.
Тун бўйи руҳимни чақирди қушлар,
Вужудимга инди илоҳий мажол.
Қулоғимга оқди тоза товушлар,
Этимни силади абадий шамол.
Кирди димоғимга тупроқнинг ҳиди…
Кўзларимни очдим. Айладим дуо.
Танимда айланган хуш нафас чиқди,
Тилимда “оҳ” бўлиб тирилди: “Аллоҳ!”
Илоҳим, субҳидам шавқидан қондим,
Тилим сўзга кириб бўлдим сасли ҳам –
Ташаккур, бу тонг ҳам яна уйғондим!
Ахир, мумкин эди уйғонмаслик ҳам…
2.
Аллоҳим, ташаккур дардларинг учун,
Бошимга тизгинсиз ғамлар ташладинг –
Бошим кўкка этди, азобларингга
Бандалар ичидан мени танладинг.
Ташаккур, тишимни тишимга босдим,
Жонимда товушсиз, нурли куласан…
ғамлар юборибсан, демак, дунёда
Менинг борлигимни биласан…
3.
Бу озор – сендандир, меники – мозор,
Бўғзимда турибди инжа жон, титроқ.
Бугун мен ўлимдан қўрқмайман зинҳор,
Гар ўлим келтирса сенга яқинроқ.
Жоним сеникидир олмоғинг мумкин,
Кузги япроқ каби омонат нафас.
Муқаррар бир ажал – бу менинг мулким,
Ҳаётим оларсан, ўлимни эмас.
Ва каттакон гуноҳ меники, Аллоҳ,
Дарё дил сеники, сабру тоқатсен.
Шу қадар улкандир мен қилган гуноҳ –
Кечира олгайсан уни фақат сен…
4.
Тонгдан дилга тушди бир маъюс ҳасрат…
Дўст сари отландим, йўлдан қайтмадим.
Лекин дўстим эди жуда ҳам хурсанд,
Мен ҳам кулиб турдим.
Дардим айтмадим.
Бориб сўзлай, дедим отам, онамга –
Йўқ-йўқ, кўп озорлар этказдим ростдан.
Озроқ ақлим кирди.
“Бахтиёрман” деб
Ота уйдан қайтдим дардим айтмасдан.
Кимга борсам, айтар ўз қувонч-ғамин,
Мен фақат тингладим,
Сўзлай олмадим.
Бахтлиларнинг базмин келмади бузгим,
Бахтсизларга бадтар қайғу солмадим.
Айтсам бўлар эди ёрим, боламга,
Кўнглимни ҳасратим ялар бетиним.
Болам жилмаярди ёруғ оламга,
Тинмай кулар эди бахтли хотиним…
Билдим,
ғамгин одам ёқмас ҳеч кимга,
Ҳеч қайси маконда ёқмас кўз ёши.
Аллоҳим,
Дардимни айтдим ўзингга,
Йўқдир сендан бошқа менинг дарддошим…
5.
Кечир, Қодир Аллоҳ, бандаларингни,
Офтоб – тафтинг эрур, қаҳрингдур – музлар.
Сен яратган гуллар – бизга мўъжиза,
Мўъжиза – ойдинлар, тунлар, юлдузлар…
Кечир, Қодир Аллоҳ, мендай бандангни,
Шамол – нафасингдир, пойингни ўпдим.
Сен яратган эрда узоқ кездиму,
Кечир, мен ўзингни жуда кеч топдим.
Ишва қилиб келди ойдай парилар,
Соядай эргашиб ўтди ойларим.
Кечир, Каъба эмас, қизнинг этаги
Бўлди топинажак қадамжойларим.
Товонимга тинмай осилди майса,
Гулларга термулдим: “Ана, бахтим!” – деб.
Кечир, бу оламдан ҳайратга тушдим,
Лекин сўрамабман: “Ким яратди?!” – деб.
Жилва қилиб келди маккор салтанат,
Ўзни санамликка чоғлаюр кимлар…
Кечир, гоҳи сени унутиб кўкда,
Ерда юрганларга сажда қилдилар.
Бугун сени топдим, Аллоҳ, севинчим,
Сиғмайин бордур бағрим, ичимга…
Энди фақат сенга топинурман жим,
Энди сиғинмасман эрда ҳеч кимга.
6.
Олис манзилларга термуламан зор,
Гоҳо ёруғ олам фикримга тордир.
Ўйлайман: “Юлдузлар ортида не бор?
Қуёшдан нарида нималар бордир?!”
Сенинг иноятинг – менинг ёдим ҳам,
Шуурим қаърида нурдай ёридинг.
Шамол ҳам йўқ эди, йўқ эди олам,
Офтоб ҳам йўқ эди… Ўзинг бор эдинг.
Нечун сени излаб кўкка боққайлар,
Ахир, эрда ҳам – сен, сувларда ҳам – сен.
Оловда ҳам борсен – ўзни ёққайлар,
Одамнинг ичинда ҳам мужассамсен.
Кўрдим – тўрт томонда ўзинг муҳайё,
Ёмғирда – шафқатинг, покликда – қорсан.
Биз ўтиб кетармиз дунёдан, илло,
Дунё тургунича сен Ўзинг борсан.
Мунис бандаларинг йиғлаб ўтурлар,
Юракдан сизган ул нури жоласан…
Дунё ҳам тугайди, балким, бир куни,
Дунёдан кейин ҳам Ўзинг қоларсан.
7.
Ё, Аллоҳ, бандангман, дилафгор қилма,
Номард эшигида талабгор қилма,
Олам жамолига айлама ошиқ,
Шоҳларнинг нонига харидор қилма.
Хор қилма, хор қилма, хор қилма, Аллоҳ.
Дунё жуда гўзал, гулдай санамлар,
Райҳоннинг баргида сузар шабнамлар.
Нозикбел майсалар эшилиб ўйнар,
Ўтар ширин кунлар, ойдин оқшомлар –
Ўткинчи дунёга ёр қилма, Аллоҳ.
Зим-зиё коинот ичинда мен ҳам –
Ёниб тугаётган милтироқ бир шам.
Ўзинг мадад бергил! Сен қутқармасанг –
Қутқара олмайди одамни одам,
Инсонни инсонга зор қилма, Аллоҳ.
Халққа сабр бергин ва парча нон бер,
Подшоҳга куч бердинг, энди иймон бер.
Ҳамма ишимизни кўриб турибсан –
Кўнгилларни кенг қил, дарёзабон бер,
Йўллар – тор, дилларни тор қилма, Аллоҳ.
Борарман исмингни дилимда қутлаб,
Бошимда айланар нотинч булутлар.
Оёғимга тинмай осилар ўтлар,
Безовта силкинар тераклар, тутлар.
Дарахтни бешик қил, дор қилма, Аллоҳ.
Ўткинчи дунёга ёр қилма, Аллоҳ.
Инсонни инсонга зор қилма, Аллоҳ.
Йўллар – тор, дилларни тор қилма, Аллоҳ.
Дарахтни бешик қил, дор қилма, Аллоҳ.
Хор қилма, хор қилма, хор қилма, Аллоҳ…
8.
Ноаён,
Бепоён,
Улкан дунёда
Инсон – бир тўзиган гард каби, эвоҳ.
Миллиард одамларга тўлган дунёда
Ҳеч битта одамни унутма, Аллоҳ.
Кишини ғам билан қолдирма якка,
Ҳеч кимни йўқликнинг қаърига отма.
Номардга – дил бергин, қўл бергин – мардга,
Мени ҳам унутма.
Токим қуёш чиқар ҳар тонг саҳарда,
Коинотда ҳорғин эр кезар токим –
Бу кенг самоларда,
Қаро эрларда
Ўзингсан ҳоким,
Аллоҳим.
Беморга – шифо бер, соғларга – умр.
Ёлғизга – йўлдошу, юпунга – тугма.
Очларга – нон бергин, тўқларга – шукур,
Мени ҳам унутма.
Уйсизга – уй қургин, йўлсизга – йўл бер,
Саҳрога – ёмғиру, тоғларга шамол.
Маддоҳ фаҳм топсин, гунгларга тил бер –
Муаттар сўзларни айтсин бемалол.
Борларга – инсоф бер, ғарибга – сабр,
Ботирга – тулпору, олимга – рутба.
Ким ўлса, бер майин тупроқли қабр,
Мени ҳам унутма.
Ёзда нурлар сочгин, қишда қор ёғсин,
Кўкда – бургут, сувда балиқлар оқсин.
Кар қулоқлар ногоҳ очилсин, Аллоҳ,
Кўр кўзлар ярқ этиб оламга боқсин.
Сендан бошқа ҳеч ким бермас беминнат,
Кимдан ҳам тилайлик, воҳ, сендан бошқа –
Шафқатни ҳеч кимдан сен дариғ тутма,
Адашган барчани ҳақ йўлга бошла,
Мени ҳам унутма.
Нафсимни жиловла ва ҳирсни совут,
Руҳимни чархлагин, кўнглимни кенг қил.
Бешикдан тушганнинг тулпори – тобут,
Бизни ҳам азизлар қошида тенг қил.
Биҳишт ариғидан асал сут ичир,
Тириклик гулини асло сўлитма.
ғофилни кечиргин, ҳаммани – кечир,
Мени ҳам унутма…
Кечир.
1984-1995