Шаҳар чеккасида қурилаётган намунали уйларда устачилик қилиб, том ёпиб юрган ака-ука ойлик маошларини олгач, қишлоғига бориб келмоқчи бўлиб йўлга отланишди. То ишбошидан рухсат олиб, кийим-кечагини тахлаб йўлга чиққунларича қоронғи тушди.
– Кеч бўлиб қолди. Энди қишлоққа такси бўлиши қийин, – деди катта. – Ундан кўра шаҳарга кириб, Абдулладан бир хабар олиб, эрталаб чиқиб кетсак бўлмайдими?
– Яхши айтдингиз, – деди ука ҳам гарданини қашлаб. – Хотиннинг олдига бир кун кейин борсак, осмон узилиб ерга тушмайди. Ёзи билан ишда бўлиб, Абдулладан хабар ҳам олмадик. Шу кунларда у ҳалиги… ниманидир ҳимоя қилиши керак эди…
– Ҳа, гапни оласанда, – кулди ака. – Докторликни ҳимоя қиляпти. Шунга тайёргарлик кўриб юрибди.
– Ҳа, ишқилибда, – кулиб қўйди ука. – Мен тушунмасам…
Ака-ука такси билан шаҳар марказига келишди. Айни хуфтон вақти бўлса ҳам, ҳали кўчалар тирбанд, одам гавжум.
– Абдулланинг уйига қайси автобус борарди? – сўради ака.
– Ака, калламда мих билан болға бўлса, автобусни қаердан биламан? – кулди ука. – Юринг-э, ҳалигига… таксига ўтирамиз.
Машина тўхтатишди. Айтилган манзилга етиб келишгач, ака укани туртди.
– Юр, дўконга кириб, болаларига ул-бул олайлик.
– Майли, ҳалигидан ҳам битта олайлик, майдалаб ўтирамизда, – кўз қисиб қўйди ука. – Гурунг ҳам қизийди.
– Ишдан чиқдингми, бошлайсанда! – Ака ўзича танбеҳ берган бўлди. – Ол, майли. Қуруқ қўл билан кирмайлик.
Ака-ука иккита елимхалтани тўлдириб, дўкондан чиқишди ва кенжа укасининг уйига қараб кета бошлашди.
– Абдулла ўқиб яхши қилдида, – деди ука ўзига-ўзи гапириб, – бўлмаса бизга ўхшаб мих қолиб, болға билан бармоқларини уриб юрарди.
– Ҳа, Худо зиёда қилсин. Отам раҳматли ҳаммамизнинг ўқимишли бўлишимизни орзу қиларди, аммо тақдир эканда. Сен билан менга насиб қилмади.
– Ака, ўқиш дейсизу, бунинг ҳам ўзи бўлмайдида. Менга ўхшаганлар китобга қараса, боши айланиб, кўзи тиниб кетади. Шуларнинг жонига балли!
Шу пайт уларнинг ёнидан бир аёл иккита мактаб ёшидаги боласи билан маст эрини қарғаб ўтиб кетди.
– Бу ердаям сенга ўхшаганлар бор экан, – кулди ака.
– Э, қўйсангизчи! – Ука хижолат тортди. – Мен, мен… биласизку!
– Биламиз, келинни кўришинг билан «смирно» бўласан.
– Сўлжаймай, ҳалиги… эркак бўлиб, тик турамизда, ака!
– Ҳа, сенга гап йўқ. Лекин манавиндай хотин тушганида кўрардинг, – ака ҳозиргина ўтиб кетган аёлга ишора қилди. – Олдига солиб, зириллатарди!
– Шунинг учун пешонамдан айланай, дейманда, ака!
Ака-ука гангир-гунгур суҳбатлашиб, Абдулланинг уйига келиб қолганини сезишмади. Эшик очган келин – Зарнигор очиқ чеҳра билан уларни кутиб олди ва меҳмонхонага бошлади.
– Йўқ, йўқ, мана шу ерда ўтираверамиз, – деди катта ака ошхонадаги хонтахтага ишора қилиб. – Ишдан келяпмиз. Кийимларимиз ҳам расво.
– Ундай деманг, ака. Киринглар.
– Йўқ. Бўлади шу ер.
Ака-ука Абдулланинг озғингина, худди қаттиқроқ шамол бўлса йиқилиб тушадигандек қилтириқ, аммо ранг-рўйи сутга чайилгандек оппоқ бўлгани учунми, нима кийса ярашиб кетаверадиган қизи ва ўта одамови, уятчан, хўмрайиб турадиган бадқовоқ ўғли билан саломлашиб, уларга олиб келган нарсаларини бергач, аҳволлашиш баробарида келиндан Абдуллани сўрашди.
– Укангиз икки-уч кундан бери домланикида. Докторскийсини якунлаяпти. Келаси ҳафта чоршанба кунига ҳимояси. Шунга, озгина иш қолган, тугатишим керак, деганди.
– Ҳааа… – бош чайқаб қўйди катта ака. – Аммо яхши қилибди. Худога шукр. Бизнинг авлоддан ҳам фан доктори чиқсинда! – У шундай дея чўнтагидан бир боғлам пул олиб, келинга узатди. – Буни олиб қўйгин. Лекин мен берганимни биров билмасин. Абдулла кам-кўстига ишлатади.
– Раҳмат, ака… – келин шундай дедию, пулни олди. – Доим шундай қиласизлар.
– Бу ёғи билан ишинг бўлмасин. Бу отамнинг орзуси эди. Биз ўқий олмадик, энди қўлимиздан келганча Абдуллага ёрдам берамизда.
– Шу, укам ҳалиги бўлса, доим ундан фахрланиб юрамизда! – деди ўртанча ака ҳам. Кейин ўз гапидан ўзи нашъа қилиб, кулиб юборди. – Ака, нимайди?
– Фан доктори!
– Ҳа, укам фан дўхтири бўлса, менинг ҳам армоним йўқ! Ўзим чангга ботиб ишласам ҳам у билан ғурурланаман! Келин, мана буни ҳам олиб қўйгин… – У ҳам чўнтагидан бир боғлам пул чиқариб, Зарнигорга узатди. – Абдулла билмасин, кейин янганг ҳам билмасин!
– Раҳмат, ака. Борларингизга шукр. Шу кунларда укангиз харажат устида юрибди. Кеча дадам ҳам келиб озроқ пул бериб кетганди. Насиб бўлса, яхши кунларингизда қайтарайлик.
– Ака-уканики бир-бирида қолиб кетмайди. Мана, Абдулла менинг ўғлимни тайёрлаб ўқишга киритди. Энди бунинг қизи келаман деб юрибди. Шундайда…
– Келин, Абдулла бугун келадими? – сўради ука.
– Аниғини билмайман, ака. Келмаслигиям мумкин. Чунки эрталабгача бўлсаям ишларни тугатишим керак деганди. Қани, дастурхонга қаранглар. Ҳозир овқат сузиб келаман.
– Шошма. – Катта ака келинни тўхтатдида, укасига қаради. – Абдулланинг олдига борамизми? Домласи иккаласини бирор жойга овқатланишга олиб кирамиз.
– Зўр бўларди, – маъқуллади ука. – Телефон қилиб қўяйми?
– Йўқ. Сюрприз қиламиз. – Ака шундай дея Зарнигорга юзланди. – Домланинг уйи ўшами, биз бориб, ваннахонасини ремонт қилиб бергандик.
– Ҳа, ўша уй.
Ака-ука, Абдулланинг устози яшайдиган кўп қаватли уйни топиб боришди. Тўртинчи қаватга чиқиб, эшикни тақиллатишди. Ичкаридан «Домла, сизми? Эшик очиқ», деган жавоб келди. Бу Абдулланинг овози эди. Катта ака секин эшикни очди. Не кўз билан кўрсинки, Абдулла эски, бўёққа ботган кийимда, бошига рўмол боғлаб, устозининг уйини таъмирлаётган, деворларни пардоз қилаётган экан.
– Абдулла? – Укасининг аҳволини кўриб, акалар дами чиққан шардай бўшашиб кетди. – Нима қиляпсан?
Абдулланинг тиззасидан мадор кетди. Бошига боғланган рўмолни ечиб, тоза жойлари билан юз-кўзларини артган бўлди.
– Ассалому алайкум… Келинглар…
Акалар саломга алик олдиларми-йўқми, овозлари чиқмади. Бир қур уйга назар солди. Тўрт хонали уйнинг уч хонаси пардоздан чиққан, ялтираб турибди. Бир хонасида иш қуроллари, бўёқ идишлари, қоплар, чиқиндилар аралашиб ётибди.
– Сени ҳалиги… – кичик ака асабийлашиб, нима дейишни билмай қолди. – Келин сени домласиникида фан дўхтирлиги қиляпти, дедику?!
– Отам раҳматли орзу қилган ишинг шуми, Абдулла? – катта аканинг фиғони фалакка чиқди. – Сени биз катта домла бўляпти, фан доктори бўляпти деб керилиб юрибмизку?!
– Илмий иш ҳам бўляпти… – Абдулла кўзларини олиб қочди.
– Қанақасига? – акаларнинг баттар ҳайрати ошди.
– Домла ёзяптилар…
– Домланг ёзаётган бўлса, сен бу ерда нима қиляпсан? Бу домланинг уйи эмасми?
– Ҳа, домланинг уйлари. Биров билмасин, шундай келишганмиз… – Абдулла яна бошини кўтаролмади. – Мен уйини таъмирлаб бераман, домла илмий ишимни ёзадилар…
– Ўл-э, бу кунингдан!.. – Катта аканинг қўллари мушт бўлиб тугилди. – Яна биров билмасин, дейсан…
– Ака, фан дўхтирликни ҳимоя қилиш шундай бўлса, – кичик ака уларга бир қараб олди, – иккаламиз ҳам бир ҳалиги қилиб кўрсак бўларкан… Бунақа ишларни қийиб юбораманку! Менга бирдан пропессирлик беришса керак…
– Ўчир сен ҳам! Ундан кўра, юр, буларнинг илмий ишларига халал бермайликда, тинчгина уйга кетайлик. Ўзимизнинг ақлимиз етган ишларни қилайлик…
Катта ака шундай дея эшикка қараб юрди. Изидан кичиги эргашди.
– Ака?
Абдулланинг нидоси жавобсиз қолди. Ака-ука зинадан бир-бир қадам босиб тушар экан, гўё жуда пастлашиб, аллақандай тубанлашиб, елкасидан бир юк босиб кетаётгандек туюлди. Ташқарига чиқишгач, қоронғи тунда шаҳар кўчалари чироғининг ёруғида кетиб боришар экан, ака қаттиқ ўксинар, ука эса ҳозир кўрганларидан лолу ҳайрон эди.
– Қаерга борамиз? – сўради акасидан.
– Сен Абдулланинг уйига киргинда, сумкаларни олиб чиқ. Қишлоққа қайтамиз. Лекин ҳозир кўрган нарсангни Зарнигорга асло айта кўрма. Биров билмасин.
– Тушундим… Лекин қишлоққача машина бўлармикин?
– Эй, галварс. Йигирма биринчи асрда яшаяпмиз! Уканг қандай қилиб фан доктори бўлаётганини кўрдингку. Наҳотки, биз ярим кеча битта машина топиб, қишлоққа етиб ололмасак?..
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 4-сон