Бобошер Ҳанифага хат ёзганмиш. Бу — Бобошернинг элчиси Нурмат тўрткўздан чиққан гап. Абдимурод Бобошернинг рақиби. У элчининг бекорга бундай жаврамаётганини сезади. Элчи Абдимурод бу «янгилик»дан сўнг энди қай аҳволга тушаркин, деб кузатади. Абди эса ўзини қўлга олиб, совуққонлик билан чидайди, тишини тишига босади.
Нурматга ўхшаган элчилар ҳар бир синфда бўлади. Масалан, VIII «В»нинг сардори (шефи) Бобошер. Бобошернинг ўзи киму у дарға бўлган синфда элчи ким бўларди, Нурмат-да. Абдимурод VIII «А»нинг шефи. Элчиси — Жума тентак. Нурмат тўрткўз Бобошерни, Жума тентак Абдимуродни ҳозирги VIII синф ақлини танигандан бери бир-бирига гиж-гижлаб келади. Аммо ҳали-ҳануз бу икки «паҳлавон» бирор марта яккама-якка чиқиб уришмаган, «марду майдон ичра» олишмаган. Синфдошлари Абдимуроднинг бўйига қараб фол очишади. Яна нима деб: «Бобошерингни бизнинг Абди қўлтигига бир боғ бедадай қистириб, момосиникига олиб бориб келади». Бобошернинг синфдошлари унинг тошбақаникига ўхшаш калта ва йўғон қўлига қараб бичиб-тўқишади: «Шу қўллар бир чирпаниб Абдимуроднинг белига ёпишса борми, э, Худо кўрсатмасин, қорнига зўр келиб…»
Бир ҳакам келиб, иккала полвонни олиштириб, икки томондан бирининг популдириғини пасайтириб қўймади. Натижада, «Абдимурод ўнинчидаги Тўхлиевни оёғини осмондан келтириб урибди», «Бобошер турникка йигирма беш марта ияк етказиб тортинибди», деган узун-қулоқ хабарлар мактаб болалари ўртасида қуюндай пайдо бўлиб, шамолдай тез тарқаларди. Бу куни қарасанг, нариги ботир узунликка олти метрга сакрайди, униси етти метрга. Саккиз, ўн метрларгаям сакрашади… Кейин синфдошлардан билағонроғи жаҳон рекордидаям бундай юқори натижа қайд этилмаганини уқтиргач, бу баҳс «баландликка сакрашда Бобошер ўтиб кетарди», «Йўғ-э, Абдимурод!» деган бақир-чақирли тортишувларга айланади.
Рақиблар гўё бир-бирларига «агент» қўйиб, шулар орқали зимдан — мафкуравий курашардилар.
— Абдимуроднинг жони йўққа ўхшайди, — дейди бир куни Сайдаз.
— Ҳа, нимага?
— Эрталаб Шер коридорда эшикка суяниб турувди, Абдимурод, яхшимисиз, деб ўзи кўришиб кетди.
Абдимурод дув қизариб, энди оғиз жуфтлаётганда, қаердандир Тўрткўз пайдо бўлади.
— Минг қилсаям шеп шеп-да. Бекорга тарбиялаётганимиз йўқ. «А»дан қўрқсак, нима деган одаммиз.
Абдимурод зўрлаб кулмоқчи бўлади. Бироқ у ўзини босолмай аламзадалик билан сўкиб юборади. Элчиям сўкади ва қочади. Эшикда қора булутдай бўлиб Шер кўринади. Бургут бургутнинг кўзини чўқимайди. Алдамчи қуш, чақимчи қуш, зағчаларнинг овози ҳар тарафни тутиб кетади…
Бошида айтганимиздай, бугун тўрткўз нариги синфдаги Ҳанифа тўғрисида гап топиб келди. Аввал айтиб ўтайлик: тўрткўз учун, агар у билан кеча уришган бўлсангиз унча аҳамияти йўқ; бугун бемалол очилиб-сочилиб гапираверади сизга — худди ҳеч гап бўлмагандай.
Бир марта, бешинчи синфдалигидамиди-ей, Абдимурод коридорда кетаётса, элчи қўлини унинг устидан дарвоза қилиб қолган. Кейин: «Ва-а-а, бўйинг ўсмайди энди!» деб калака қилган. Абдимуроднинг қаттиқ жаҳли чиққан. Аслида-ку, бу тентакча қўлини дарвоза қилгани билан бировнинг бўйи калтариб ё ўсмай қолмайди, бу — бўлмаган гап. Лекин Нурматнинг калакаси унинг жинини қўзитдими, шартта ёқасидан олди. Расм муаллими Эшбек ака кўриб қолиб, улар энди жиққа-мушт бўлай деганида икковининг ҳам қулоғидан тортиб ўқитувчилар хонасига олиб кириб кетди. Жанжал сабабини суриштириб билгач, элчини синфига етаклаб кириб, қолоқ Холида билан бирга ўтқазиб қўйди. Мактабда агар бирор номақбул иш қилиб қўйсанг ўқитувчилар қиз бола билан ўтқазиб қўямиз, деб қўрқитишарди. Ҳатто қизлар томондаги партага ўтирсанг ҳам калакаю надоматдан қутулолмайсан: болалар қийқиравериб ёнингдаги қизни нақ сенинг севгилингга айлантириб қўйишади. Агар қиз бола бирор қилиқ қилса унинг ҳам ҳолига вой: қолоқ бир ўғил боланинг партадоши бўлади, то йиғлагунча. Ўшанда расм дарси тугагунга қадар Нурмат Холида билан ўтирган. Кейин доскаларда «Нурмат –Холида – севги!» деган ёзувлар пайдо бўлган. Нурмат танаффусда йиғламсираб, алам қилиб жўраларини сўккан эди. Жўралари эса баттар авжга чиқишганди. Ҳа, қишлоқ ўқувчиси учун бундан иззалироғи йўқ!
Нурмат ўзи шу калакаларга лойиқ эди; қачон қарасанг пешонасидан ғурра аримайди, эҳтимол, у «тўрткўз» деган лақабни шунинг учун кўтариб юрган чиқар. Бекордан бекорга Ҳанифани гапирмайди у. Бир ойлар бурун «Б» синфдаги Ҳанифа Абдимуродга хотира дафтарини берган. Унда одатдагидай бош қисмида табрик учун саҳифа, сўнгра «Орзу», «Она», «Дўстлик» деб сарлавҳа қўйилган саҳифалар бор эди. Айтишларича, Абдимурод шу «қонун»ни ўзича бузган эмиш. Ҳанифага севги изҳор қилган жойлариям бор эмиш. Нурмат уни ўқиб «Ҳанифа, нима учундир доим ўйчан, маъюссиз» деган жойларини ёдлаб олибди. Ўшандан бери Абдимуродни кўриб қолган жойда ўзича минғирлаб: «Ҳанифа, нима учундир доим ўйчан, маъюссиз» деб ўтиб кетади. Олдида ўзининг яқин жўралари бўлса, хохолаб кулишади – Абдимуродга ўша сўзларни ёзгани учун минг пушаймон қилдиради. Агар Абдимурод, нега одамни масхаралайсан, деб унинг ёқасидан олса, у: «Мен сенга нима қилдим, бор, ишингни қил», дейди. Яна қўшимча қилиб: «Нима, кўчада гапирганиям қўймайсанми энди зўрман деб, биламиз, зўрсан, фақат Шердан камкучсан», дейди. Абдимурод эса нимагадир унга сира гап топиб беролмайди. Нега деганда, Нурматимиз шунақа-да – ўзига сув юқтирмайдиган хилидан.
Узунқулоқ гапларга қараганда шу кунларда Абдимурод: «Энди нима қилайин, Ҳанифа, ахир, сени Бобошер севаркан-ку?» деб шеърлар ёзаётганмиш. Бу овозанинг мубошири ҳам Нурмат. Куни кеча у катта танаффусда, болалар мактаб ҳовлисидаги ҳовуз теварагида қалдирғочлардай тизилишиб ўтирганда: «Ҳанифаси тушмагур Бобошеримизни севиб қоптими-ей, бугун икковимиз қолайлик дарсдан сўнг, деганмишми-ей» деди. Ҳовузнинг нариги қирғоғида ўтирган Абдимурод баралла айтилган бу гапни эшитмай қолмасди. Болалар қиқирлаб кулишарди. «йўғ-э, йўғ-э» дейишди баъзилари. Қисқаси, Нурмат шу гапни айтди. Сўнг, гўё ниятига етгандай Сайдазни етаклаб буфет томон чопиб кетди.
«А» синфдаги Жума тентак Нурматга ўхшаб айёрлик, ҳийла деган нарсаларни билмайди. У ўз синфининг «Б» синф олдида кам кетишини хоҳламайди, холос. Шунинг учун Абдимуродга хайрн хоҳ — Бобошернинг олдида синфдошини мақтаб гапиради. Уни «Б»нинг шефидан устун қўяди. Қайси фандан «беш» олдию муаллим уни нима деб мақтади — барини ёдлаб олиб айтиб юради. Ҳатто Абдимуроднинг жавоб бераётганда ўзини қандай тутганини ҳавас билан сўзлайди. Лекин унинг тентак деган номиям бор: Жума баъзан, кўнглига ўтирмаса ўртоғини ҳам аямай қолади: сўкиб ҳам, жарга итариб ҳам кетаверади. Жини тутмасин унинг. Абдимурод ҳали унинг пишагини пишт дегани йўқ. Шунинг ва ўртоғига бояги ихлосининг эвазига нариги синфдаги «дунё хабарлари»дан оғиз кўпиртириб етказиб келади. Бир куни дарсдан сўнг Абдимуродга ёрилиб, худди унинг ҳолини тушунаётгандай:
— Ҳанифа барибир уни яхши кўрмайди, — деди.
Абдимурод уни жеркиб ташламоқчи бўлди-ю, тағин… «Нима, бу менга лайчами Бобошернинг лайчасига ўхшаб», деб ўйлади. Кўзларига тикилиб туриб, бирдан юмшади — ҳурматининг белгиси бу деган қарорга келди ўзича.
— Абдимурод, сен ёзган йўқдирсан анави хотирадагини?
Абдимурод индамади. Жума дарҳол хулоса қилди: «Севаркан!»
— Яхши кўрсанг, бориб ўзига айтмайсанми, бунча гап бўлгандан кўра…
Жума бу гапни ташида айтдими, ичида айтдими — ўзи ҳам билмай қолди. Йўқ, ичида айтган экан — Абдимуроддан садо чиқмади.
Ўша куни… Ҳа, Абдимуродга севги, Бобошерга ғаразли рашк аралаш тўполон туйғулар ато қилган ўша кунларнинг бирида бу майдонсиз беллашувлару турли шубҳаларга бирдан — биратўласига барҳам бериладиган бўлиб қолди. Тўсатдан, томдан тараша тушган янглиғ келиб қолди бу фурсат. Мактаб спорт майдончасининг чеккасида — Саврон бобонинг чорбоғи ичидаги тиззага урадиган ўт устида икки паҳлавон бел олишадиган бўлди. Энди барча кинояларга, «ким зўр?» деган жавобсиз гумонларга ўрин қолмайди. Кутилмаганда, адабиёт муаллими Қуддус ака эшакдан йиқилиб келмай қолган, жисмоний тарбия ўқитувчиси Саъдулла ака мажбур бўлиб икки синфни бирга қўшиб ўтадиган соатда. Ўша, ёғочлари чириб, тикан симлари осилиб ётган Саврон бобонинг чорбоғида.
«Давра кенгроқ бўлси-ин!» деб жўраларини орқа томонга суриб-итариб юрган Исмоил бақалоқ деганимиз кайвониликда отасидан қолишмай, ўқитувчилар билан гўё қирқ яшар одам бўлиб гаплашади. Гапининг сўнггида катталардай «оллога шукур» деб қўйишниям унутмайди. Ҳозир ҳам Саъдулла акасидан тап тортмади. Синфдошлари Исмоил тушмагурнинг нафақат кайвони, ҳам шоир эканлигини бугун билдилар. У чап қўлини белига тираб, ўнг қўлини ҳавога силтаб достон ҳам ўқий кетди. Қурмағурнинг ота-бобоси шоир-да, бир сўзларни қўшиб-чатиб тўқий кетди:
Муниси Алпомиш,
Алпларнинг бири.
Муниси Кўкалдош,
Тўқсоннинг зўри.
Алпомиш деб Абдимуродни, Кўкалдош деб Бобошерни кўрсатди.
Ойбарчинхон бугун талаш бўлади,
Бугун бир зўр олиш — кураш бўлади.
Эй, ҳалойиқ, иккига бўлинайлик. Қаёғинг қалмоқ, қаёғинг ўзбек?
— Бизлар ўзбек, — чувиллади «А».
— Иўқ, бизлар ўзбек, — қичқиришди «Б».
— Келишиб олайлик, бу ёғинг ўзбек. Нега деганда Алпомиш ўзбек. Бу ёғинг қалмоқ — Кўкалдош қалмоқ, — у «Б»ни кўрсатди.
— Бошланади бир зўр кураш… — деб яна бахшилик қилди Исмоил.
— Ҳанифахон бунда талаш, — деди кимдир.
Элчи (тўрткўз) болаларнинг орқасига яшириниб
олган эди…
— Ким у? Бекмирзами? Тилингни кесиб оламан ҳозир.
— Мен эмас, тўрткўз.
— Бўлди, тилларингни тийиб ўтиринглар.
— Кайвонича-ей…
— Кайвони кампир….
— Курашадиган бўлсанглар, бошланглар-да энди, — деди Саъдулла ака.
— Булар бир-бировидан қўрқаяпти.
— Номаъқулни айтибсан, Бобошеринг қўрқаяпти., Шалпайишини қара.
— Бўлди! — деб қичқирди Исмоил. — Бек Алпомиш ҳам, алп Кўкалдош ҳам бир-биридан қўрқмаган. Қани энди, бўлинглар сизларам. Ноз-фироқларинг тугагандир?
Абдимурод костюмини еча бошлади. Кейин ботинкасини ечди. Бобошер ҳам шундай қилди.
Исмоил сайради. Оломон ҳайқирди:
— Э-ҳей!
— Ол-а!
— Бор экансан-ку, бақалоқ!
Бошланди. Икковиям бир-бирига белини бермай энкайиб олишди. Одатда бундай бошланган курашлар узоқ давом этади. Ҳамманинг дами ичига тушган.
Яланг оёқлар ўтда пистоқи ранг олди. Пешоналар тер олди. Абди барзанги, шер — калтабақай. Абди оёғини бермайди. Шер — белини. Энкайишиб, бир-бирига оғирликларини ташлаб юраверишди. Кураш узоқ давом этди…
Абдимурод ўзини ўнглагунга қадар рақиби устидан босиб олди. У йиқилишига ишониб қолган, энди фақат елкасини ерга теккизмасликка ҳаракат қиларди. Бобошер эса уни салмоқ ташлаб босаверди, у ғирромлик қилди — рақибининг юзига тирсагини тираб аямай ўзини ташлаб юборди. Абдимурод «воҳҳ» деб читиниб кўзини юмди. Ўзини қўйиб юборди.
— Оҳ-а, таслиммисан? — пишқирди Бобошер, — таслиммисан, таслиммисан? — У яна бутун гавдаси билан сапчиб тушиб босаверди.
— Бўлди, эй, гўрсўхта, — деб Бобошерни тортиб юборди муаллим. — Аҳмоқмисан, нима бало бўлди сенга?
Жуманинг лаблари титраб кетди.
— Ҳе, онангни… Нима қип қўйдинг бунинг бошини? — деб бақириб юборди.
Абдимуроднинг бошидан сизиб қон оқар, кўйлагидан сирғалиб орқасидан тушарди. Боши ўтлар орасидаги қиясига кесилган тол новдасига теккан, қулоғининг ортидан ярим қарич жойни тилиб юборган эди.
Шундаям «Б» синфдаги Наби, Нурмат, Абдивалилар қувонганларидан чапак чалиб ирғишлай бошлашди. Бошқалар маъюс қолдилар. Қизлар «вой ўлдим-эй», дедилар. Бобошер эса жилмайиб ҳаммага қараркан:
— Олдинроқ йиқитишим керак эдику-я, просто… — деб пишқирди-да, сўнг Нурматнинг қўлидан камзулини олиб кийди. Саъдулла ака унга:
— Номард экансан-ку, шунақа курашадими одам? Бор, жўрангга ёрдам бер, — деб пўписа қилди. Бу орада Жума тентак билан Нурмат жанжаллашиб қолдилар. Жума сўкиниб, дабдурустдан Нурматнинг чаккасига шапалоқ қўйиб юборди.
Боя Абдимурод чўккалаб қолганида Нурмат оёғини тутиб қолган, чалиб юборган эмиш, Жума унга ёпишибди, сўкибди. Улар жанжаллашиб ётганларида, Саъдулла ака уларга андармон бўлганида бу аҳвол рўй берибди.
Саъдулла ака кабинетидаги аптечкадан бинт ва дори келтириб Абдимуроднинг бошини боғлади. Сўнг Абдимурод жўраларидан ажралиб сув бўйига бориб йиғлади. Йиғлаётганини билдирмаслик учун сой сувидан бетини ювиб турди. Танаффусга чиққан болалар унга ачиниб қарашди, у эса ожизларча, болаларча йиғларди. Жума унинг йиғлаётганини сезиб турар, гирдида Бобошеру унинг элчисини бўралатиб сўкиб айланишар, қон теккан кўйлагини ювишарди.
— Ҳаммаси Нурматдан бўлди, Нурматдан! Онангни… Ҳали кўрсатамиз уларга.
Абдимуроднинг қалбида алам чўғи баландроқ ўт олди. Энди у ўзини тўхтатиб тура олмасди. Барча аламлари тилига кўчмай иложи йўқ эди:
— Уларни бирма-бир ўлди!..
Ҳа, у шундай деди. Қизишди. Эрта бир кун бу сўзни бутунлай юрагидан чиқариб ташлаши мумкиндир. Лекин ҳозир… Ҳозир у ўзини тўхтата олмасди. Шу ҳолатда синфга киришниям истамасди. Аммо Жума қистайвергач, у синфга борди. Дарсда қизарган кўзларини яшириб охирги партада ўтирди. Шу ҳолатда уч соат ўқиди. Танаффусларда ҳам ўрнидан жилмади. Уйига кетгиси келди. Аммо уйига бориб нима дейди? Бошини партага қўйиб олди. Сўнгги соатда шу алпозда, бошини партага қўйиб ётганида Теша муаллим кириб келди. Абдимурод ҳам туриб салом берди. Муаллимнинг «Нега?», «Нима бўлди?» деган саволларига жавоб бергач, ўтираётиб партасининг устида бир китоб кўрди. Сиртига қоғоздан жилд қопланган китобни олиб ичини очди: «Сўна». Фламастер билан қуйидагилар ёзилганди унга:
«Абдимурод, улар қанчалик майда бўлса, сен шунчалик улкансан! Шу китобни ол.
Қўлдошева Ҳ».
Абдимуроднинг кўз ўнгида ҳар доим эндигина тўйиб-тўйиб йиғлагандай бўлиб кўринувчи қизнинг сиймоси намоён бўлди. У ич-ичидан жўшиб, қувониб, ҳатто «Сўна»ни бағрига босиб куйлагиси келди. Куйласа, куйлайверса. Куйлаб туриб йиғласа…
1988