Шодмон Отабек. Орият (ҳикоя)

Зоҳир мажлисхонага кираётиб соатига қараб қўй­ди. Ҳали учрашувига анча вақт бор. Мажлис нари борса икки-уч соат давом этиши мумкин. Бемалол улгуради. Аммо олдиндан аниқ бир нарса дейиш қи­йин. Мабодо мажлис чўзилиб кетса Зулхумор кутиб турармикин? Кўзни шамғалат қилиб залдан чиқиб ке­тиш қийин. Бош­қарманинг яқинда тайинланган ян­ги бошлиғини жуда қаттиққўл, сўконғич дейишади. Ҳозирги одамларни урмасанг, сўкмасанг ишламайди дея тап тортмай, очиқ айтаверар экан. Зоҳир бунақа иш услубини ҳазм қилолмайди. Урсанг бети, сўксанг эти қотади. Бора-бора одамларга оддий гап ҳам таъсир қилмай қўяди. Яхши гап билан ҳам ишлаш, ишлатиш мумкин-ку. Мана, кичкина бир корхонага икки йилдан буён раҳбарлик қиляпти, ҳали биронта одамни сўкиш у ёқда турсин, сенлагани ҳам йўқ. Ҳарқалай, бировдан олдин, бировдан кейин дегандек, иши юришиб турибди.
Залда одамлар йиғила бошлади. Зоҳир одатига кўра орқа қаторга бориб ўтирди. Шуниси қулай, раҳ­барнинг кўзидан пана. Қизиқ, бошқалар ҳам негадир орқа қаторни афзал кўришарди.
Ниҳоят, мажлис бошланадиган вақт ҳам бўлди, аммо янги бошлиқдан ҳамон дарак йўқ. Зоҳир шундай палла раҳбарлар ҳақида айтиладиган гапни эслади: “Раҳбар кеч қолмайди, ушланиб қолиши мумкин”. Тўғри-да, раҳбар бўлиш ҳеч қачон осон бўлмаган, ҳар қадамда минг битта ташвиш-муаммо кўндаланг ту­ради. Кейин, раҳбарнинг ҳам раҳбари бор. Ўзидан кат­тароқ раҳбар мудом тепасида қилич ўйнатиб туради: ундан қўрқади. Қўрқмай кўрсин-чи. Юрса-турса унга ёқишни, лоақал жаҳлини чиқармасликни ўйлайди. Бутун саъй-ҳаракат шунга қаратилади. Уйқусида ҳам ҳаловат бўлмайди. Ажабо, хом сут эмган банда шуларни кўра-била туриб яна нега раҳбарликка қизиқаркин?
Хўш, ўзи-чи? Ўзи ҳам энди кичик бўлса-да раҳбар-ку! У бу лавозимни бошқаларга ўхшаб от солиб, ўзини ўтга-чўққа уриб олгани йўқ. Ҳаётда истисно ҳолатлар ҳам бўларкан-да. Лаёқати, меҳнати маъқул тушгандирки шу ишни топширишди. Йўқ дея олмади. Мабодо бир кунмас бир кун амалдан кетса ҳам алам қилмайди, бошқаларга ўхшаб аччиқ қалампир чайнамайди.
Зоҳирнинг хаёли бўлинди. Йиғилганлар бирин-кетин ўрнидан тура бошлади. Залга катта раҳбар кириб келаётганди. Қўлида семизгина папка. У тўғри бориб ҳайъат столига ўтирди. Ёнидан бошқа мулозимлар жой эгаллашди. Улардан бири, бўйинбоғи қийшайиброқ қолган тепакал одам ўрнидан туриб қисқача нутқ ирод қилгач, марказдан келган ҳурматли раҳбарга сўз берди. Раҳбар маъруза матни солинган папкасини қўлига олиб, шошилмай минбарга чиқди ва қироат билан сўз бошлади. Йиллик иш натижалари ҳақида жуда узоқ гапирди, турли рақамларни тилга олди.
Зоҳир зерикиб, энсаси қотди. Секин ён-атрофига разм солди. Бошқалар ҳам аллақачон мудрай бошлаган эди.
 “Ҳаммага маълум бу гапларни ҳозир, шу ерда айтиш шартмикин? Техника ривожланган, ахборот ал­­машиш осонлашган замонда одамларнинг вақтини беҳуда олмаслик учун маъруза матнини олдиндан тарқатиб, мажлисни музокарадан бошлаш ҳам мумкин эди-ку!”
“Унда раҳбар ўзини, ўз қудрати-устунлигини қан­дай намоён қилади?”
“Тамомила янгича иш усулига ўтиш керак”.
“Биз ҳали бунга тайёр эмасмиз. Ўзимизга хос, ўзимизга мос йўлимиз бор”
“Э дарвоқе…”
Раҳбар залда мудрай бошлаганларнинг кўзини очиб қўйишга чоғланди шекилли, умумий гапларни йиғиштириб, танқидга ўтди. Мудраётганлар ногоҳ сергак тортишди. Раҳбар шунчаки танқид, танбеҳ билан чекланмасди. Номи тилга олинган раҳбарчаларни “Фалончиев, тур ўрнингдан!” дея, жеркиб-силтаб ўрнидан турғизар, аёвсиз сўкар эди. Бечора раҳбарчанинг эса боши хам, ер сузганча миқ этмай тураверарди. Катта раҳбар ёши ўзидан анча каттароқ раҳбарларни ҳам аяб ўтирмасди.
Зоҳир янги раҳбар иштирокидаги мажлисда биринчи бор қатнашиши эди.У ҳақда эшитган гаплар яна бирма бир хаёлидан ўтди.
“Ё тавба! Нега бу одамлар шунча ҳақорат, сў­кишларни эшитса ҳам чурқ этиб оғиз очмайди? Бақани ҳам босиб олсанг “вақ” дейди-ку! Наҳотки ҳаммасининг тили қисиқ бўлса? Амал шунчалик ширинми? Ажабо, раҳбар урса, сўкса “хайрият” дейдиганлари ҳам бў­ларкан. Жайдари мантиққа кўра, раҳбар уриб, сўкиб турса ишдан бўшатмас экан, индамай қўйса ёмон эмиш…”
Зоҳир беихтиёр мактабда адабиёт муаллими билан бўлган савол-жавобини эслади.
“Нега Пушкин, Лермонтов каби шоирлар бевақт ўлиб кетишган? Улар нима учун дуэлга чиқишган?”
“Улар орият учун, ор-номус учун курашишган. Ҳа, орият учун курашадиган замонлар, одамлар ҳам бўлган. Биз суйиб ўқиган”Алпомиш” ҳам аслида орият ҳақидаги достондир.”
Шундан сўнг “орият” деган сўз онгу шуурининг бир четига ўрнашиб қолди. Пойтахтга келиб, институтга ўқишга кираётганда отаси қишлоқдан “Орият учун курашгин, ўғлим!” дея хат ёзарди. Ўз кучи билан ўқишга кирганида отасининг ана ўша далдаси-даъвати ҳам ёрдам берганига ишончи комил эди. Ўша йиллар ўқишга киролмай қолиш уят ҳисобланган, ўқишдан йиқилиб келганлар ойлаб кўчага чиқолмай қоларди.
– Маматов, тур ўрнингдан!
Хаёли бўлинган Зоҳир чўчиб ўрнидан турди. Раҳ­бар кўзига тик қараб, зуғум қилишга шайланиб турарди. У Зоҳирнинг ҳам бошқалар каби мулзам тортиб, ерга қарашини кутди чоғи, шайланиб-хезланиб, бир лаҳза жимиб қолди. Аммо бу йигит негадир кўзини олиб қочмади. “Хўш, нима дейсиз? Тилим қисиқ жойи борми?” дегандек кўзини лўқ қилиб тураверди. Қўл остидагилардан фақат “хўп” дейишни кутиб ўрганган раҳбар кутилмаган журъатдан андак тараддудланиб қолди.
– Маматов! Сен…
– Шошманг! – Зоҳир раҳбарга тик қараб, шартта гапини бўлди.
– Нима дединг?
– Шошманг деяпман! – Зоҳир босиқ, аммо қатъий оҳангда гапирди. – Агар сўкадиган бўлсангиз, мен ҳам жавоб қайтараман! Билиб қўйинг!
Раҳбар ҳанг-манг бўлиб қолди.
Залда жонланиш, пичир-пичир бошланди. Бундай ҳолатнинг узоқ давом этиши мумкин эмасди. Раҳбар синалмаган отнинг сиртидан ўтиб, обрўсини туширгиси келмади, шекилли, шайтонга ҳай бериб, аламини ичига ютди.
– Сен…ғалати экансан-ку, – деди раҳбар шашти пасайиб. – Майли, ўтир, ўтир, сен билан кейин… гап­лашамиз…
Зоҳир енгил тин олиб, жойига қайта чўкди, “қил­кўприк”дан ўтиб олганига ишониб-ишонқирамади. Рў­молчасини олиб, пешонасидаги терларни артаркан, беихтиёр атрофга боқди. Шивир-шивирлар ҳамон давом этарди. Назарида, ҳамма унга худди қанотли туя кўргандек таажжубланиб, энди бу ёғи нима бўларкин дея қизиқсиниб қараётгандек туюлди.
“Мумкин экан-ку! Энди нима бўлса бўлар, осмон қўлида бўлса ташлаб юборсин. Олса ишини олар, жонимни олмайди-ку!..”
Раҳбарнинг кейинги гаплари қулоғига кирмади. Кейинги гапларнинг қизиғи-салмоғи ҳам қолмади. Мувозанатини йўқотган раҳбар энди ҳеч кимни сўкмади, сўколмади. Энди Зоҳирнинг ўша бир оғиз гапи оғиздан-оғизга ўтиб, турли миш-миш, шов-шувларга сабаб бў­лади. Зоҳирнинг ўзи салкам қаҳрамонга айланади. Айни чоғда ҳамкасблар унинг неча кундан кейин ишдан кетишини ўзаро қизғин муҳокама қилишади.
“Э қойил! Боплади! Ориятли, ғурурли экан”.
“Ҳозир ғурур билан бола-чақа боқиб бўлмайди. Ўзига ташвиш орттириб олди”.
“Энди ишдан кетади. Ўйнашмагин арбоб билан…”
“Ишдан кетса нима бўпти? Ўлиб қолмас. Қайтангга ҳаммага сабоқ бўлди.”
Мажлисда танаффус эълон қилинди. Одамлар диққинафас залдан ташқарига ошиқишди. Зоҳир чекувчилар бурчагига бориб, сигарета тутата бошлади. Ёнига келган кашандалар негадир унга қарашмас, худди уни кўрмагандек секин ўгирилиб олишарди. Яна бошқа кашандалар ҳам келиб қўшила бошлагач, улар саф тортиб, алоҳида давра қуришди. Зоҳир бир четда қолиб кетди, уни сафдан чиқариб қўйишди, унга ҳеч ким эътибор қилмади. У энди бир зумда ола қарғага айланиб қолди.
Зоҳир соатига қаради. Учрашувга ярим соат қол­ган эди. Агар мажлиснинг давомига кирса улгуролмайди. Устига-устак кўксини эзғилаётган ғашлик тобора кучаяр, тезроқ бу ердан кетгиси келар эди. Уни бояги тўқнашув оқибатида миясига болғадек урилаётган “Энди бу ёғи нима бўларкин” деган ташвишгина безовта қилмаётганди. Ҳамкасбларнинг дарров тўнини тес­кари кийиб олганини ҳам бир амаллаб ҳазм қилиши мумкин эди. Уни хом сут эмган банда табиатидаги ўша кўҳна ноқислик ғуссали ўйга толдирганди. Нохушликни бир лаҳза бўлса-да хаёлдан четлатгиси келди, ҳозир бўладиган учрашувни, сўнг Зулхуморнинг кулиб турган ёқимли чеҳрасини кўз олдига келтирди. Юраги бир орзиқиб кетди. Адоғи йўқ кундалик ишлар билан андармон бўлиб, қизни анчадан буён кўролмаганини эслаб, афсусланди. Назарида, бугунги учрашув кўп нарсани ҳал қиладигандек эди. Зулхумор билан анчадан буён учрашиб юрса-да, негадир кўнглини очиб, ҳали муҳаббат изҳор қилмаган, назарида, бунга ҳожат ҳам йўқдек эди. Сўзсиз англашиладиган муҳаббатнинг қадри баланд бўлади деб ўйларди. Айни чоғда қиз ўша бир оғиз сўзни кутаётгандек туюлар, шуни айтмаса боёқишнинг кўнгли жойига тушмайдигандек эди. Бугун агар мавриди келса, кўзини чирт юмиб айтади. Бунинг учун ботирроқ бўлиши, ботир бўлиш учун эса озроқ ичиб олиши керак. Демак, қизни ресторанга таклиф этади. Бир марта шоҳона зиёфат қилса нима бўпти? Чўнтаги кўтаради – кеча маош олган.
Ҳамма мажлисга кириб кетган, узун, кенг йўлакда бир ўзи қолган эди. Залга бир қараб қўйгач, кескин қўл силтаб, ташқарига чиқди.
Баҳорнинг илк кунлари. Ҳаво салқин. Булутлар орасидан гоҳ кўриниб, гоҳ ғойиб бўлиб, хирагина шуъла таратаётган қуёшнинг тафти деярли сезилмайди. Дарахтларнинг кўкка бўй чўзган яланғоч новдалари ҳали куртаклардан маржон тақиб улгурмаган. Кузда узилиб тушмаган яккам-дуккам, қорайиб бужмайган япроқлар изғиринли шаббодада заифгина тебранади.
Зоҳир соатига қаради. Учрашувга ўн дақиқа вақт қолган эди. Шошилмаса бўлмайди. Катта йўл четига ўтиб, такси тутиш учун қўл кўтарди. Биринчи тўхтаган машинага шошилинч ўтирди.
Фаввора ёнида тушиб қолди. У ерда ҳеч ким йўқ­лигини кўриб, енгил тортди. Мабодо қиз ундан олдин келганда хижолат бўлишини ўйлади. Қора мармартош билан ўралган фаввора атрофида айланиб, кута бошлади. Ёзда бу ер дам олувчилар, айниқса, болакайлар билан гавжум бўлиши хаёлидан ўтди.
– Кўп ўйлайверманг, сочингиз оқариб кетади.
Зоҳир таниш овозни эшитиб, беихтиёр ортига ўгирилди. Қаршисида қора сумкачасини билагига ташлаган, бинафшаранг рўмоли четидан пешонасига ма­йин сочлари тушиб турган Зулхумор кулимсираб қараб турарди.Қизнинг очиқ чеҳраси янада кўркам-чиройли кўринди. Зоҳирнинг юраги бир ҳаприқди. Шошиб қиз­нинг истиқболига ошиқди.
– Эркакларнинг сочини аёллар оқартиради, – Зо­ҳир қизнинг гапига ҳазиломуз жавоб қилган бўлди. – Дарвоқе, охирги имтиҳонни топширволдингизми?
– Ҳа, топширдим, – деди қиз оғир сўлиш олиб.
– Жуда яхши! – Зоҳир қўлларини бир-бирига иш­қалади. – Унда ювиш керак.
– Бунақа одатингиз йўқ эди, шекилли.
– Бугун мен ҳам бир имтиҳондан ўтдим. Иккала воқеани қўшиб ювамиз. Одамларга ўхшаб биз ҳам бир мириқайлик.
– Тушунмадим, қанақа имтиҳон? Нима, каттароқ ишга кўтарилдингизми?
– Йўқ, бу ёғи…аксинча бўлишиям мумкин.
– Қизиқ, – деди қиз ҳайрон бўлиб, – гапларингиз сир­ли-жумбоқли. Ишқилиб, яна қовун тушириб қўй­мадингизми?
– Бу энди…қандай тушунишга боғлиқ, – Зоҳир қиз­га ўйчан тикилиб қолди. – Дунёда ҳеч нима яхши ёки ёмон бўлиши мумкин эмас, ҳаммаси биз бунга қандай қарашимизга боғлиқ. Машойихлар шундай деган.
– Кўп ўқиган, кўп билади. – Қиз йигитга меҳри ийиб қаради. – Сиз кўп ўқигансиз, кўп биласиз. Сизга ҳа­­васим келади.
– Афсуски, билим ҳамиша саодатга элтавермайди. Ақллилик балоси деган гаплар ҳам бор.
– Бунисини тушунмадим, – деди қиз нозик елкасини қисиб. – Қайтанга ақлли бўлиш яхши эмасми?
– Ақлли, доно одамларга ҳеч қачон осон бўлмаган.
– Сизга ҳам…осон бўлмаса керак.
– Мен ўзимни донолар қаторига қўшмоқчи эмасман. Аммо… – Зоҳир ортиқ бу мавзуда гапиргиси келмади. Ҳозир жиддий гапларнинг мавриди эмас. Энди фалсафа сўқишни бас қилиб, суҳбатни ресторанда давом эттирсак. Кўнглимда ҳали сизга айтадиган, айтиб қўйишим лозим бўлган анча-мунча гаплар бор.Айрим гапларим сизга ёқмаслиги ҳам мумкин.
– Мени чўчитяпсиз. – Қиз йигитга ҳадиксираб қа­ради.
– Қўрқманг, Зулхумор, мен ҳеч қачон сизни хафа қилмайман, ҳафа қилдириб ҳам қўймайман! Шоир айтганидек, “Мен сени инжитмайман ва лекин тинчитмайман”.
Зоҳир қизнинг тирсагидан авайлаб ушлади.
Улар серқатнов йўл четидаги кенг йўлакдан секин юриб кетдилар.
Шаҳар оқшомги ҳаёт оғушига чўка бошлади. Бирин-кетин ёнган сутранг чироқлар шуъласи теварак-атрофни хирагина ёритди. Қувлашмачоқ ўйнаётгандек тўхтовсиз, ғиз-ғиз ўтаётган машиналар қаёққадир шошаётганга ўхшарди.
Зоҳир кейинги чорраҳадан ўнг томонга эллик қа­дамча юрилгач, ихчам ва файзли ресторан борлигини биларди. Қизни тўғри шу ерга бошлади.
Ресторан эшикоғаси уларга енгил таъзим қилгач, тавозе билан ичкарига ишора қилди. Фойе ёнидаги кийимхонада ечинишгач, катта, асосий залга ўтишди. Қандайдир хорижий мусиқа худди олисдан таралаётгандек енгил акс-садо берарди. Махсус кийимдаги хизматчилардан бири уларни четроқдаги бўш столга бошлади. Чўғдай қип-қизил гиламдан юриб кетишди.
Чап томондаги узун столда ўн-ўн беш чоғли йигитлар чақчақлашиб, хурсандчилик қилишарди. Чамаси, зиёфат авж нуқтасига кўтарилган, кайфи ошиброқ қолган улфатлар ёнидаги шеригининг елкасига қўл ташлаганча, “Мен сенга айтсам!..” деган ўша кўҳна дийдиёни бошлаб юборган эди. Дастурхонда бўшатилган оқ, қизил ичимлик шишалари думалаб ётар, кулдонлар сигарет қолдиқлари билан тўлиб кетган эди.
Зоҳир уларга бирров қараб қўйгач, яна йўлида давом этди. Шу маҳал даврадан кимдир маънодор томоқ қирди, сўнг Зулхуморга кўзини лўқ қилиб, гап отди:
– Ў-ҳў! Зўр нарса экан-ку! Бизга ҳам бўлармикин?
– Э-э, яхши гап бўлмади-ку! – Зоҳир бошига тепчиб чиққан ғазабини ичига ютиб, дарҳол жавоб қилди. Жавоби етарли эмаслигини англаб, баттар хит бўлди. У бу гапни шунчаки ўзича айтдими ёки ўша шилқим эшитсин дедими – ўзи ҳам билмас, аммо бу гапни овоз чиқариб, дадил айтди. Кейин кўрсатилган столга бориб ўтиришди. Юраги гурсиллаб урар, титроғи босилмаган эди.
– Юзингиз оқариб кетибди, – деди Зулхумор саросималаниб. – Қўйинг, ҳалиги гапга парво қилманг, ўлиб кетсин.
Зоҳир индамади. Алами ичида эди. Шилқимга муносиброқ зарба беролмаганидан афсусланар эди. Яна нимадир қилиши лозимдек туюларди.
Тўғри, улар кўпчилик, бир ўзи бас келиши қийин. Аммо калтак еса ҳам, ўлиб қолса ҳам, ўша шилқимнинг башарасига яхшилаб бир мушт тушириши керак эди. Бунақа нусхалар билан фақат уларнинг тилида гаплашиш керак. Эгри қозиққа эгри тўқмоқ. Афсуски, бизда дуэлга чиқиш мумкин эмас. Қайтангга илгари яхши бўлган экан…
Овқатланишаётганда ҳам Зоҳирдан садо чиқмади. Зулхумор унга ғалати қараб қўйди.
– Илтимос, энди сал қовоғингизни очинг, – деди қиз илтижо билан термулиб. – Бу ерга нега келдик ўзи?
– Нима учун келганимизни… айтаверайми? – Зоҳир кулимсираб гапирди.
– Айтаверинг! – Зулхумор йигитнинг чеҳраси очилганидан дадилланди.
– Бу гапни айтиш учун сал ботирроқ бўлиб олишим керак, – деди Зоҳир ва олдидаги ичимликка қўл узатди. – Рухсат берсангиз.
– Майли, – Зулхумор ноилож рози бўлди. – Фақат, кўп ичворманг. Маст бўлиб қолсангиз сизни кўтариб кетолмайман.
– Бунисидан кўнглингиз тўқ бўлсин.
– Кўп мақтанаверманг.
– Рост, мана кўрасиз. – Зоҳир қадаҳга тўлатиб ароқ қуйди. Қизнинг ичмаслигини билса ҳам бир оғиз манзират қилиб қўйди. – Сизга ҳам озгина…
– Йўқ-йўқ, сиз…бемалол, – қиз шошиб қадаҳ­нинг устини қўли билан тўсди. – Фақат маст бўлмас­ли­гин­гизни бугун исботлашга уринманг.
– Хўп, хўп, сизнинг соғлигингиз учун! – Зоҳир қа­даҳни бир кўтаришда бўшатди. Овқатдан озгина тотингач, яна ичди. Ичи қизиб, енгил тортди, боягина кўнглини ғаш қилаётган хижиллик ҳам қаёққадир ғойиб бўлди. Ногоҳ Зулхуморга гап отган ўша улфатлар орасидан кимдир унга қаттиқ тикилиб турганини кўриб қолди. Беихтиёр сесканиб, ҳушёр тортди.
– Энди айтмайсизми ўша… гапингизни? – деди қиз эркаланиброқ. Чамаси, у йигитнинг нима дейишини фаҳмларди.
– Сизни қанчалик яхши кўришимни биласиз! – де­ди йигит эътирозга ўрин қолдирмай. Кўнгил изҳорини шу тарзда, гап орасида бемалол журъат қилиб айтваганидан ўзи ҳам ҳайратланди.
– Йўқ, билмайман, айтмагансиз. – Қиз ўзига ярашган карашма билан қошларини чимирди.
– Айтганман, минг марта айтганман.
– Кайфчиликда айтганингиз ҳисоб эмас, – қиз нозланиб гапирди. Ёқимли гапни яна эшитгиси бор эди.
– Мастлик – ростлик. Айтсам яна айтавераман. Аммо бу галгиси аввалгиларга ўхшамайди.
– Майли, айтинг, айтаверинг.
– Гапнинг дангалини айтсам – тўйимизни кузда, пи­шиқчиликда қиламиз.
– Вой, ўқишим нима бўлади? Яна бир йил бор-ку. – Қиз ўзи кўпдан орзиқиб кутган гапни эшитганидан қувониб кетди, аммо андиша қилиб, гапни чалғитди.
– Ҳечқиси йўқ. Худо хоҳласа, диплом ишингизни уч киши бўлиб ёқлаймиз, – деди Зоҳир қув табассум билан.
– Э боринг-э! – Зулхумор йигитнинг юзига енгилгина шапатилади.
Зоҳир қизнинг нозик бармоқларини кафтига олди, бошини энгаштираётиб атрофга бир қур қараб қўйди. Беихтиёр яна ўша улфатларга кўзи тушди. Шунда бояги суқ назарнинг ҳали-ҳамон ўзига жиддий тикилиб турганини кўриб қолди. Шошиб қўлини тортди. Ўнғайсизланди. Жаҳли чиқди.
Ундан нима исташади? Мақсади нима ўзи? Бояги сурбетлик каммиди? Наҳотки жанжал чиқаришмоқчи бўлса? Кўринишдан ҳаммаси туппа-тузук, зиёлисифат одамлар. Ҳарқалай, кеча тухумдан чиққан жангари жўжахўрозларга ўхшамайди, ёши ҳам ўттизнинг нари берисида бўлса керак. Ақл ёшда эмас, бошда. Ҳали ақли қуйилмаганга ўхшайди. Ароқнинг кучини кўрсатмаса туролмайдиганлар хилидан шекилли. Важоҳати хунук, жанжалга сабаб қидиряпти. “Яхши гап бўлмади” деган ўша бир оғиз гапини ҳазм қилолмаяпти. Аслида бундан ҳам нордонроқ гап айтиши, вазият тақозо қилса муштлашиши лозим эди.
Зоҳир худди сеҳрлангандек рақибидан кўз узолмай қолди. Ошга пашша тушди – суҳбат энг ширин жойида узилди.
Зулхумор йигитнинг хаёли бўлиниб, кайфияти бузилганини аллақачон пайқаган эди. Юзага келган нохушликни ўзича юмшатмоқчи бўлди.
– Қўйинг, у ёққа қараманг, – қиз йигитнинг кўзларига мўлтираб тикилди. – Яхшигина гаплашиб ўтирувдик. Суҳ­батимизни совутмайлик. Мен гапингизнинг давомини эшитмоқчи эдим.
Зоҳир рақибидан кўзини олиб қочди. Тўй ҳақида гап очганини эслади.
Айтадиган гапи аслида фақат тўй ҳақидамиди? Тўйдан ҳам муҳимроқ бир гапни айтмоқчи эди, шекилли.
– Яна ўйланиб қолдингиз? Нима, менга айтадиган гапингиз тугадими?
– Муҳим бир гапни айтсам ҳафа бўлмайсизми?
– Йўқ, ичингизда қолиб кетгунча айтволганингиз яхши. Биламан, сиз мени ҳафа қиладиган гапни айтмайсиз. Ахир ўзингиз боягина “Мен сени инжитмайман” дедингиз-ку!
– Айтмоқчи бўлган гапим аслида янгилик эмас, – деди Зоҳир қизнинг кўзларига жиддий тикилиб.– Бир-биримизни анчадан буён синаб, билиб юрибмиз. Мен айримларга ўхшаб тўйгача ўзимни фаришта қилиб кўрсатмоқчи эмасман. Ўжарман, инжиқман, чўрткесарман, хуллас, ҳаётга мослашишни билмайман. Булар камчиликми ёки фазилатми – билмадим. Мен билан яшаш, менга хотин бўлиш осон эмас. Ҳаётимиз ҳамиша фаровон, тўкин-сочин бўлади деёлмайман. Биламан, хотин зотининг бунақа туриш-турмушни ҳазм қилиши осон эмас.
Зоҳир назарида энг қийин туюлган гапни айтиб олганидан енгил тортди. Қизга синчков назар солди. Бошини қуйи солганча сукут сақлаб турган севгилисининг авзойидан афсусланиш, иккиланиш аломатларини сезмади. Унга меҳри товланди. Уни қучиб, бағрига босгиси келди. Қизга интилди, шу лаҳза ҳалиги улфатлар ўтирган томондан шўх қийқириқ, қувноқ қаҳ-қаҳа эшитилди-ю шашти қайтиб, шошиб уларга қаради. Ажабо, ўша шилқим негадир даврадаги гурунгга эътибор қилмас, дастурхонга ярим ўгирилганча, худди ўчакишгандек ҳамон Зоҳирдан кўз узмай турарди. Орадаги масофа йигирма беш, ўттиз қадамча эди. Сурбетнинг қийиқ кўзлари, қалин қовоқлари, қиров боғлаган сочлари яққол кўриниб турарди. Қиёфаси алланечук жонсарак ва безовта эди. У зўр бериб Зоҳирнинг ни­гоҳини кўздан қочирмасликка ҳаракат қиларди. Ниҳоят, кўзлар яна тўқнашди.
Нима демоқчи ўзи? Ўша бир оғиз гапини ҳазм қилолмаяптими? Аслида ўзи айбдор-ку. Адолат туйғуси бўлмаган жойда мантиқ ўз аҳамиятини йўқотади. Хўш, нима қилиш керак? Шартта ўрнидан туриб, олдига бориши ва орани очиқ қилиб олиши керак. Бормаса бўлмайди. Қўрқяпти деб ўйлайди. Қўрқоқ деган иснодни кўтаролмайди. Борса калтакланиши мумкин. Улар кўпчилик, бир ўзи бас келолмайди. Айниқса, ичиб, маст бўлган, қутурган тўдага рўбарў бўлиш ҳавфли. Ёлғиз ўзи бўлганда ҳам бошқа гап эди. Оғзинг қон бўлса душманинг олдида тупурма. Қизнинг кўз олдида оёқости бўлиб тахқирланиш жуда-жуда ёмон. Учинчи йўл – индамай сирғалиб чиқиб қочиб қолиш. Ўлса ҳам бундай қилолмайди. Иккинчи йўлни танлашга тўғри келади. Наҳотки бошқа – мақбулроқ чора топилмаса? Ҳар нима бўлганда ҳам шарманда бўлмаслиги, ориятини сақлаб қолиши керак. Дарвоқе, ишхонадаги мажлисда ориятини ҳимоя қилолди-ку! Ҳамма орият деган нарсани унутганда ёлғиз ўзи, ола қарға бўлиб ажралиб қолди. Демак, истаса, жаҳд қилса, инсонлигини унутмаса, чора топилади. Бугун аслида орият учун имтиҳон топширадиган кун экан. Мана бу имтиҳон қийинроқ кечадиган кўринади. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин.
Зоҳир ноилож ўрнидан оғир қўзғалди. Ўртадаги ўша даҳанаки сичқон-мушук ўйинини кузатиб ўтирган Зулхумор жон-жаҳди билан йигитнинг қўлларига ёпишди.
– Йўқ-йўқ, бормайсиз, борманг!
– Бормасам бўлмайди. – Зоҳир аста қўлларини бў­шатишга уринди. Қиз баттар ёпишиб, тавалло қилди.
– Борманг, қўрқаман.
– Қўрқманг, менга ҳеч нима бўлмайди.
– Мен…мен…– қизнинг кўзлари ёшланди.
Зоҳир бир амаллаб қиздан узоқлашди. Секин юриб бориб, улфатларга яқинлашди. Ўзини хотиржам тутишга уринсада, ички титроғи ҳаяжонини ошкор қилиб қўяётганди. Мана, даврага уч-тўрт қадам қолди. У ерда базми жамшид авжида, фақат ўша қисиқкўз шилқимгина ҳамон унга сергак тикилиб турарди. Зоҳир ўзича режа тузди. Мабодо муштлашув қисиқкўз билан юзма-юз бўлгандаёқ бошланса, шериклари қараб турмайди, унга ташланишади, ўртага олиб аёвсиз тепкилашади. Шунда у ҳали йиқилиб улгурмай, калтакларга парво қилмай ўша қисиқкўзнинг томоғидан омбирдай бўғиб, тинчитади, ҳеч бўлмаса биттасидан ўч олади. Ҳойнаҳой, Зулхуморга гап отган ҳам ўша.
Ниҳоят, рақиб билан юзма-юз бўлди. Бирдан ташланиб қолгудек бўлса, мувозанатини йўқотмаслик учун икки қадам оралиқда тўхтади.
– Келинг, ўтиринг, – деди қисиқкўз секин ўрнидан туриб, ёнидан жой кўрсатаркан. У мулойим, хижолатомуз оҳангда гапирди. Мутлақо бошқача муомалани кутган Зоҳир ҳайрон бўлди. Ноилож рақибининг ёнига ўтирди.
– Мен сиздан кечирим сўрамоқчийдим, кайфчиликда ўша…ножўя гап бехос оғзимдан чиқиб кетди. Сиз жуда ўринли, бир оғиз танбеҳ билан ҳаммамизга яхши сабоқ бердингиз. Мана бу ўртоқларим ҳам менга яхшигина дакки беришди. Бугун бир дўстимизнинг диссертация ёқлаганини нишонлаётгандик. Хурсандчилик ҳам татимади. Ҳарҳолда, яхши иш бўлмади. Сиздан… узр сўрайман.
Зоҳир тамомила лол қолди. Айни чоғда рўпарасида ўтирган рақибини боягина бўридай ғажишга тайёр тургани эсига тушиб, ҳайрон бўлди. Рақибининг узридан сўнг унга нисбатан кўнглида заррача ғубор қол­маганини, ҳатто унга нисбатан хайрихоҳликка ўхшаш бир туйғу уйғонганини сезди. Меҳр билан қаҳр ораси бунчалар яқинлигидан ҳайратланди.
– Майли, мен…кечирдим, – деди Зоҳир ва ўзи биринчи бўлиб рақибига қўл узатди.
– Раҳмат, энди сал хотиржам бўлдим, – деди ра­қиби мамнун бўлиб. – Бу биркам дунёда аслида та­ла­шиб-тортишадиган нарсанинг ўзи йўқ! Ҳамма ишкал – одамларнинг бир-бирини тушунмаслигида деб ўйлайман.
– Тўғри айтасиз, – деди Зоҳир бош ирғаб. Ра­қи­би­нинг мулоҳазаларидаги оддий мантиқ унга маъқул тушди.
– Дарвоқе, танишиб қўяйлик, биз энди…дўстмиз, шундайми?
– Шундай.
– Менинг исмим – Боқибилло.
– Меники Зоҳир.
– Жуда яхши, шоир айтганидек, “Ўртада бегона йўқ”. Танишганимиз учун биттадан оламизда энди, Зо­ҳиржон!
Боқибилло қадаҳларга тўлатиб ароқ қуйди.
– Хўш, бир нима денг ўзингиз. Индамай ичиш алкашларга хос одат дейишади.
Зоҳир қадаҳни қўлига оларкан, Зулхумор ўтирган томонга қараб қўйди. Қизнинг хавотир билан ўзидан кўз узмай турганини кўрди, секин қўлини кўтариб, ҳам­маси жойида дегандек ишора қилди.
– Боя ўзингиз айтган яхши гап – одамларнинг бир-бирларини тўғри тушунишлари учун ичамиз!
Қадаҳларни уриштириб, ичдилар. Боқибилло қази тўғралган ликопчани Зоҳир томонга суриб, яна ароққа қўл чўзди.
– Менга энди бас, – деди Зоҳир қадаҳнинг устини бақувват қўли билан ёпиб. – Бугунги режани бажариб бўлдим. Кейин, – Зулхумор ўтирган томонга ишора қи­либ, қўшимча қилди, – кузатиб қўйишим керак.
– Майли, майли, тушунаман. – Боқибилло қистаб ўтирмади.
– Яхшилик билан кўришайлик, – деди Зоҳир қад­дини ростлаб.
– Айтганингиз келсин! – Боқибилло ҳам ўрнидан турди.
Улар қўл бериб, самимий хайрлашдилар.
Зоҳир Зулхуморнинг ёнига бориб ўтирди. Қиз уни хавотирланиб, бетоқат кутаётганди.
– Намунча узоқ қолиб кетдингиз? – деб сўради қиз андак ранжиб. – У одам эски танишингизмиди?
– Йўқ, ҳозиргина танишдим.
– Йўғ-э, мени ҳам эсдан чиқарвориб, худди эски танишлардек узоқ қаймоқлашдингиз-ку?
– Шунақа бўпқолди. Мен бугун… икки марта им­тиҳон топширдим.
– Тушунмадим, қанақа имтиҳон? – қизнинг чиройли қошлари чимирилди.
– Кейин, кейинроқ тушунтириб бераман, – деди Зоҳир сирли кулимсираб.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 5-сон.