Шодиёр Ҳазрат Исмат. Қулмат (ҳикоя)

Бу одам йўғон гавдали, сочларига оқ оралаган, ёши олтмишлар атрофида эди.
Қаттиқ ҳам, паст ҳам гапирмайди. Кулиши ҳам, хафа бўлиши ҳам тез ва осон. Кишининг юзига разм солиб, кайфиятига қараб гап очади. Анча сергак ва қўрқоқ одам.
Қулмат асли қозоқ биродарлдаримизнинг юртида туғилиб ўсган. Отаси – Абду элнинг қўй-эчкиларини боқадиган – чўпон бўлган. Онаси қўли косов, сочи супурги бўлиб, уйда болаларига қараган.
* * *
Абду хотинини ерли халқнинг одатига кўра, опқочиб танмаҳрамликка қабул қилган. Қизнинг сенга тегмайман, ўз қаллиғим бор, деб дод солишига ҳам қарамасдан уни ҳафта-ўн кун уйида сақлаган. Қиз боёқиш йиғлайди, хархаша қилади, додлайди. Абду эса буни одатий, шунчаки кўнгил ҳуши, қиз ўзини эрсираб қолибди, деб ўйламаслик учун қиляпти, деб хаёл қиларди.
Бироқ қиз уввос солиб йиғларди.Дардини айтиб, саннарди:
-Мени қўйиб юбор, сенга барибир тегмайман, ўзимнинг йигитим бор. Агар у сенинг бу ишингдан хабар топса, хонумонингни куйдиради. Мен уни яхши кўраман. Бизнинг орзуларимиз бор. Сени ёмон кўраман. Тушуняпсанми, ахир! Сенга хотин бўлиш учун туғилмаганман. Ўтинаман, қўлларимни бўшат. Сендек жоҳилдан ҳазар қиламан. Менинг ўрнимда опанг ёки синглинг бўлганида нима қилардинг? Эй номард, оёқ-қўлларимни бўшатгин.
Қиз чўкка тушиб Абдуга ялинади. Йиғлаб, сиқтайди.Зорланади. Бироқ йигитнинг юзи қилт этмайди.У қизнинг ёнига секингина келиб, юзларини силамоқчи бўлади. Қиз эса бошини асабий чайқайди. Сочларга узатилган қўлларни банди қиз “ғарч” этиб тишлаб олади. Йигит “дод” солади. Қизи тушмагур ҳам тишлаган жойини маҳкам тутиб туради. Оғриқ жонидан ўтганидан сўнг Абду чидаб туролмасдан қизнинг юзига тарсаки тортади.
-Манжалақи, ифлос… – деб сўкинади.
-Қўлинг синсин, подачи, ҳўкиз, танинг гўрда чиригур, – дея қиз қарғанади.
Подачи йигитнинг қўлидаги тиш изларидан қон сизиб чиқаётганди. У қўлини ушлаганча қизга қараб ҳайрону лол бўлиб турарди. Йигит карахт эди.
Қиз эса Абдуни туғилганига пушаймон қиладиган даражада қарғар эди:
-Омадинг юришмасин. Хотинга зор бўлиб ўтгин. Опангу синглинг ҳам мендан бадтар зулм топсин. Болаларингга оталик қила олмагин. Хотинингнинг хуштори ҳовлингда ҳуштак чалиб сени безовта қилсин. Шунда сен уни томошо қилгин…
Йигит қизга яна тарсаки туширади. Қиз эса ерга юзтубан йиқилади. Яна йиғлайди. Қарғашдан тўхтайди.
Йигит унинг йиғидан тўхташини ҳам кутиб туради. Орадан анча вақт ўтади. Хонани сукунат қоплайди. Подачи банди қизга тикилиб ўтираверади. Қиз эса юзтубан ётганича жойидан қимирламайди.
-Мен сен айтганингдек, хотинга зор бўлмайман, – дейди подачи қизни гапга солмоқчи бўлиб.
Қиз эса яна индамасдан ётаверади. Унинг гапларига парво ҳам қилмасди. Йигитнинг алами қўзийди.
-Мен сенга уйланаман, – деди овозини ўктам қилиб.
-Мен эса сенга тегмайман, – дейди қиз ҳам қатъий.
-Барибир оламан, ҳеч қаерга қочиб кетолмайсан, – деди йигит таҳдид билан.
-Сен яхши кўрмайман, – дейди қиз бамайлихотир.
-Фарқи йўқ. Қайтага сени яхши кўраман, – дейди йигит.
-Қаллиғим бор. Аҳду паймон қилганмиз, – дейди қиз.
-Энди уни ҳам унутасан. Сен меники бўласан, – дейди йигит беписандлик билан.
-Сени унутсам унутаманки, уни асло унутмайман. Шуни доимо сен ҳам ёдингда сақлагин, – дейди қиз.
-Уни хаёлингдан чиқариб ташласам-чи? – дея ўсмоқчилайди йигит.
-Уддасидан чиқа олмайсан, кўп чиранаверма. У билан неча-неча бедор тунларни ўтказиб, бир-биримизга сўз берганмиз. Юлдузларга боқиб, онт ичганмиз, – дейди қиз.
-Гапингни кўп англаб олмаяпман. Тушунтириброқ айтсанг-чи? Сўз бериш, онт ичиш… Бу билан нима демоқчисан? – сўроқлади йигит ажибсиниб.
-У билан бирга яшашни, бир этак бола боқишни, келгуси ҳаётимизни келишиб олганмиз, – дейди қиз. – Сенга мен айтмоқчи бўлган гаплар бегона. Буларни барибир тушунмайсан. Бировнинг ҳаётига чанг солиш энг оғир гуноҳ эканлигини ҳали бери англамасанг керак. Сенинг табиатинг ҳам таъбинг ҳам бошқа. Ўзингга мос қайлиқ топарсан ҳам. Лекин мени қийнама. Ўзинг ҳам овора бўлмагин. Ҳали олдинда сениям, мениям кўп нарсалар кутиб турибди.
Абду танига игна санчгандек, сесканиб тушди. Қизни бир қадар тушунгиси келди. У гапирган сўзларининг мағзини чақишга уриниб кўрди. Барибир, тўхтамга кела олмади. Хаёллари тизгиндан чиқиб кетарди. Нимани ўйлаётгани ҳам ёдидан кўтарилиб, боши гувиллар эди. Ўзида недир ноқисликни сезгандек бўлди.
Шу дамда у ўзини мана шу оёқ-қўли боғлиқ қизнинг олдида ночор ва нотовон сеза бошлади. Мана шу нарсани англагани баробарида ўзидан ирганиб ва қасд олишга иштиёқи оша бошлади.
-Оёқ-қўлимни бўшат, – деди қиз йигитга.
-Йўқ, бўшатмайман. Қачонки, сен мени ўзинга эр деб тан олсанггина ипларни ечаман, – дейди подачи.
-Сени икки дунёда ҳам тан олмайман. Бу ишингдан ўзинг ҳам уялгин. Ахир сенга қаллиғим бор, деб айтдим-ку! – дея қиз аччиқланди.
-Ким ўзи ўша йигитинг? – сўроқлайди йигит.
-Нозим баққолнинг ўғли – Карим, – дейди қиз.
-Унинг мендан нима ортиғи бор? Қаерига ишқинг тушди, билмадим. Ёки бошқа.. – дея кесатди йигит.
-Биз бир-биримизга кўнгил қўйганмиз. Сен буни ҳис қилишинг мушкул, – деди қиз.
-Кўнгил… – дея йигит ўйланиб қолди. –Кўнглингга қўтир жомашов. Нозим баққолнинг Карими берган ваъдаларни мен ҳам берсам ва тағин сўзимнинг устидан чиқсам, нима дейсан? Одам қилган ишни одам қилади-ку! Кўнглим сени тусаса нима қилай? Айт, овулда сендан бошқа қизлар ҳам тўлиб-тошиб ётибди-ку! Шуни сен ҳам тушунсан-чи?
-Тушундим. Лекин кўнглим сени тусамаса мен ҳам нима қилай? Одам ўз юрагига буюра олмаслигини сен ҳам тушунгин, – дея қиз бепарво қарайди.
-Нима қил, дейсан. Олиб кетайми? – дейди подачи жўшиб.
– Оёқ-қўлларимни ечиб, менга жавоб бер. Уйимга кетай. Сенга ҳам аталгани бордир. Худо хайрингни берсин. Менга раҳм қил, – дея қиз ўтиниб сўрайди.
-Йўқ, – дейди Абду қатъий тарзда. – Сен меникисан. Эрта-индин тўй қиламиз. Ўтган кунларингни унутасан. Ҳаммасини янгидан бошлайсан.
Подачи йигит хонадан чиқади. Қиз эса украб-украб йиғлаб қолади.
Бу орада овулда “Маҳфират йўқолибди,” деган гап тарқалди. Уни излашга тушдилар.
Қизни йўқловчилар Абдуларнинг дарвозасига келиб тўхташди. Қизни кўради. Соғу саломат. Маҳфиратнинг йиғлаганидан кўзлари шишиб кетган. Ҳеч кимга бирор сўз айтмайди. Қиз беҳол эди. Кайфияти ва аҳволи забун эдики, гапу сўз айтарга ҳуши йўқ эди.
Қизни яна қайтариб ўз уйига опкелишади.Овулнинг одатларига биноан Маҳфиратникига одам боради. Ва шу орада қизнинг ўзи Нозим баққолнинг ўғли – Каримни излаб уларникига боради. Карим эса “сенга ит теккан, энди ҳаммаси бекор,” деб қизни изига қайтаради. Қиз бечора бўлган воқеани айтиб беради. Йигит эса пинагини ҳам бузмасдан, қўлини силтайди. Қиз бечора ўпкаси тўлиб йиғлаганича, уйига келади.
Сўнг Абду подачидан келган совчиларга қўшилиб кетади. Маҳфират тақдири таваккал дея у билан яшайверади.
Эр-хотин ўтмишни эсламасдан кун кечирарди… Энди улар келажак ҳақида хаёл суришарди.
Улар тирноққа зориқишарди. Подачи уйдан безиб, таёғини судраганича қўй-эчкиларини бепоён биёбонда боқиб юрарди.
Ана шундай зим-зиё тунда Маҳфиратнинг осмонини ёритиб, уйига
Карим кириб келади. Иккаласи бутун оламни унутиб, кўзёшларига беланиб тотли дамларини, аҳду паймонларини эслашади. Энтикишди. Бир-бирларини юпатишди…
Маҳфиратнинг ойи куни яқинлашганида доя кампир уларникида яшаб турди. Абду хурсанд бўлди. Бир қўчқорни сўйиб, қозон осди. Кўнгилетар дўстларини чақирди.
Чақалоққа Қулмат дея исм беришди.
Абду подачи ўзида йўқ хурсанд. Маҳфират ҳам кўнгли тўқ. Ўғил туққанидан мақтанмайдиган, оғзи пишиқ хотин экан.
Маҳфират кампир ўғли – Қулматнинг орзу ҳавасини кўрди. Эри – Абдунинг дунёбехабарлигидан, бир пайтлари унга берган азоблари учун олган қасосидан бахтиёр эди.
У Каримни ҳам хаёлининг бир чеккасида сақлар эди.
Буларнинг бари кампирга нашъа қиларди…
Қулмат эса тақдиридан бехабар яшаб юрарди…