Шодиёр Ҳазрат Исмат. Армонга айланган орзу (ҳикоя)

“Ҳаммасига ўзим айбдорман,”деб ўйлади Ўроқ овчи. “Униси бўлмаса, бошқаси бор эди-ку?! Нега унга учдим. Қадди-қоматигами, ҳусн жамолигами ёки бошқа жойигами… Қиз зотига қирғин келмаганди-ку! Нега энди Нуқрага дуч келдим…”
Қизи тушмагур ҳам ноз қилиб ўтирмади, бирданига рози бўла қолди. Аммасининг ўғлига бир пайтлари бешиккерти қилинганлиги анча кейин аниқроғи, тўйдан сўнг маълум бўлди.
Ўроқнинг бошини ҳам бўлди. Хотинига ҳеч нарса демади. Тақдирига тан беришдан бошқа чораси йўқ эди. Бешиккерти қилинган йигит ҳамиятига тегмаган бўлса-да, лекин Ўроқнинг орияти қўзиди. Маълум бўлишича, Нуқрахон ҳам бир пайтлари йигитга рўмолча бериб, уни ўз суҳбатидан баҳраманд қилган экан.
Ўроқнинг дарди ичида. Ҳеч кимга айта олмади-ю лекин ўртанчи ўғлидан шубҳа қила бошлади. Аслида бу шубҳа унинг гумоналик лаҳзалариданоқ пайдо бўлганди. Бола енгил эди. Солиштириб қаралса, унинг ҳеч бир жойи отасига ўхшамасди. Туғишганларининг орасида ҳам ажралиб турарди.
“Кимга тортдийкин,” деб ўйлайди отаси. “Аждодларимиздан бирортасига тортгандир балки. Муштдай тирмизак ҳозирданоқ ғирромлик қилади. Уятдан йироқ…”
Нуқрадан масаланинг ечимини сўрамайди. Охирида ноилож шубҳа-ю гумонларини хотинига очиқ айтади:
-Кампир мана шу – Ўрдаш боламиздан менинг шубҳам бор. Мендан тўраганига ишонмайман. Бола олчоқ. Гап-сўзларига қулоқ солиб турсанг, кишига туҳмат қилишдан ҳам тоймайди.Сен томондан ҳам, мен томондан ҳам кузатсанг бунақа одам йўқ экан… Кампир бошқаларидан кўнглим тўқ, лекин биргина мана шу Ўрдашдан хавотирдаман. Кўрасан, бу бола ҳали кўпларга жабр қилади. Шунда улар энг биринчи бўлиб мени, кейин эса сени сўроқлайди. Падарингга ланъат дейди. Онангни… дейди. Хуллас, бир дунё машмаша…
Ўроқ овчи шу гапларни айтади-ю хотинининг не деярини билгани учун ҳам бошини кўрпага буркаб олди. У гап эшитадиган ва кампири ҳам сўзлайдиган аҳволда эмасди.
Орадаги жимлик узоқ давом этади. Бу жимликни Ўроқ овчи ва унинг кампири қазо қилганларидан кейин ўша бешиккерти қилинган киши ўз ўлими олдидан бузади.
“Ўрдаш – менинг ўғлим, сизларнинг инингиз, бир-бировларингиз билан иноқ бўлинглар, уни аянглар.”
Маъракалар ўтгандан сўнг жигарлари Ўрдашни излашади. Уйига боришса, хотини билан иккита боласини ташлаб азим шаҳарга кетиб қолганига уч-тўрт йил бўлибди.
Азим шаҳарга келдилар. Излаб у ишлайдиган манзилни ҳам топишди. Идоранинг юзи худди арининг уясига ўхшарди. У ерни миршаблар қўриқлашар экан. Исми-расмини қилиб, Ўрдашнинг хонасига киришди. Соҳиби йўқ хонада бироз ўтиришгач, уларни кимдир раҳбарнинг олдига етаклади. Калласи катта, елкаси боқилган наввосникидек кенг раҳбар уларни тавозеъ билан кутиб олди. Салом аликдан сўнг раҳбар ҳам уларга бегона эмаслиги аниқ бўлди.
-Сизлар Оқтовдан бўлсангизлар, мен Қоратовданман. Носир мулланинг ўғли бўламан. Ўроқ овчи ҳақида ҳам кўп эшитганман. Шу одамнинг ҳурматига Ўрдаш акани ишга олиб эдик, – дейди раҳбар салмоқлаб.
-Бегона эмас эканмиз, – дейди меҳмонлардан ёши каттароғи. –Сиз мендан кичкина чиқарсиз, отангизни ҳам яхши биламиз. Акамизнинг отини – Мардон дейишарди. У кишини сиртдан кўпчилик билишмайди. Яқинда қазо қилдилар. Шу десангиз бизлар Ўрдашни топишимиз керак. Акамизнинг бир нозик гапларини у кишининг ўзларига айтишимиз керак.
-Ҳа, тушундим, васиятга ўхшаган бир нарса бўлса керак-да, а? – дея раҳбар каловланди.
-Ҳа, тўғри тушундингиз, ука. Васият қилинган, – деди меҳмон.
-Ўрдаш ака, ишга кам келади. Асосан ижод билан машғул бўлади. Шундай имконият яратиб берганмиз. Уйда фақат ёзув-чизув ва мутолаа билан машғул, – дейди раҳбар.
-Яхши шароит яратиб берибсиз, юртдош. Отангизга раҳмат, бўладиган юртнинг болалари бир-бирини полвоним, деркан, ука. Сизга раҳмат. Бахтли бўлинг. Хонангизни худди ўзимизникидай қилиб олдик. Агар … вақт ҳам бўлди, чиқиб турсак ҳам ёмон бўлмасди, – дейди меҳмонлар.
-Йўқ, баҳузур, – дейди раҳбар.
-Нима десам экан… Сиз ҳам бегона эмас экансиз, – дея меҳмонлар каловланади.
-Ака, нимагадир сиз безовта кўринасиз. Мен ҳам сизга ёрдам бергим келяпти. Ҳарҳолда, бегона юртда қўллаб юборсам, савоб бўларди. Лекин сизлар мендан яширяпсизлар, – деди раҳбар калласини силкитиб. – Ахир тоғнинг одамларимиз-ку! Келинг, очиқчасига айтаверинг. Ҳозир Ўрдаш акани топтириб келамиз.
-Сиз мулла Носирнинг ўғлиман, дедингиз. Дунёни билган одам экансиз, ука. Очиқчасига айтсак, Ўрдаш бизнинг инимиз бўларкан, – деди меҳмон. – Буни раҳматли Мардон акам ўлимидан олдин айтди. Бор гап шу.
-Эй-е, буёғи қизиқ бўлди-ку! – дея каловланди раҳбар. – Ўроқ овчи нима қилган экан. Мен билмаган эканман. Демак, Ўрдаш ака Мардон бобонинг ғунчаси экан-да? Ҳозир, мана телефони, қани бир териб кўрайлик-чи. Йўқ, уйида эмас.
-Ука, сиз билан гаплашиб ҳам Ўрдашни кўргандек бўламиз. Тақдир экан. Мана биз қайда эдигу сиз қайда эдингиз. Азим шаҳарда ризқини териб юрган Ўрдаш инимизнинг аҳволидан гапириб гапириб берсангиз, – деди меҳмон.
-Хафа бўлмасангиз айтаман, – деди раҳбар. -Энди ҳаммаси аён бўлди. Мен унга аввалига юрт шаъни, сўнг Ўроқ овчининг ҳурмати билан ёрдам бердим.
Майли, келинг айтсам, бир бошидан айта қолай.
“Ўрдаш ака қишлоғида иккита боласи билан хотинини ташлаб, катта шаҳарга отланади.
Қайсидир бир идорада ҳам ишлайди. Қитмирлигидан у ердан ҳайдаб юборишади. Менинг олдимга келади. Шеърларимни, тоғларимизни, қариндошларимни айтиб мақтайди. Кейинчалик мен ва асарларим ҳақида кичикроқ мақола ёзади. Менга унинг бу қилиқлари ёқмайди. Лаганбардорлигидан ҳайрон бўлдим. Кўзимни юмдиму нима бўлса бўлар дегандай ишга олдим. Энди ҳар кеч менинг олдимда ўтириб олиб, ўзимни ўзимга мақтайди. Безор қилди. Уялмайди, денг бу одам. Ҳамкасбларига мен билан бир жойдан эканлигини айтиб, мақтанармиш. Ҳаттоки, мен Шаҳаншоҳ билан хонасида коньяк, вино ичдим. Унинг шеърларини таҳрир қилиб бердим. Яна ўқиши керак бўлган китобларни тавсия қилдим, дея ишхонадагиларни оғзига қаратиб ўтираркан.
Намоз ўқийман, дейди-ю, лекин қилаётган ва бажараётган амалларини кофир ҳам қилмайди. Ўрдаш акани бир укамизнинг бўш турган уйига ижара қўйсак, денг. Шарманда қилди. Бир сатанг шоира хотин билан “шивирлашиб” турганида укамиз хотин бола-чақаси билан устидан келиб қолади. Укамиз ҳеч нарса демайди-ю лекин келин Ўрдаш акани уйдан чиқариб юборади.
Уйлантириб қўяйлик, десам унамайди. Катта асар устида ўтирибман, шуни тугатай, сўнг оёғимни узатиб дунёвий ишлар ҳақида ўйлайман, деди.
Мен унга ишонмай қўйдим. Ўрдаш акани сизу биз яхши биладиган олисқўрғонлик Масъуд Ҳалил деган шоир уйига опкелади. Иккаласи бирга ишларди ҳам. Шоир ҳасталаниб беморхонада ётади. Ўрдаш ака унинг ҳолидан хабар олиш ўрнига, шоирнинг энг сара, қимматбаҳо китобларини қайгадир опкетади. Шу билан бирга у шоирнинг уйидан ҳам кетади. Шоир худонинг зори қиладиямки, Ўрдаш ака китобларни қайтариб бермайди. Масъуд Ҳалил ака бу гапни менга айтади. Мен эса тақводор одамнинг бировни китобларини олиб қайтариб бермаслиги яхши амал эмаслигини уқтирдимки, барибир фойдаси бўлмади. Бу орада шоир ҳам оламдан ўтди. Энди қарз қиёматга қолди. Лекин унга бунақанги туйғулар бегона экан.
У кишига кўп ёрдам қилдим. Лекин у билмади. Билмасам ҳам гўрга эди. Охири туҳмат қилишга ўтди. Устимдан ёзди. Нима эмишки, мен гўёки унга азоб бераётган, ижодидан тўхтатиб, шахсий юмушларимни қилдираётган манфур кимса эканман. Ва бошқа нарсаларни ёзганки, ўқиб ёқа ушлайсиз. Номанинг тагига эса бир талай касбларни санаб тагига Ўрдаш Оқтов деб ёзганини айтмайсизми? Бундан Оқтов ҳам, мен ҳам, Ўроқ овчи ҳам уятга қолдик. Садқаи одам кет. Чақириб, “нима гап, отамизнинг молини бўла олмаяпмизми, гуноҳим не, қўйинг шу ишларни, уят бўлади,” десам ҳам яна ўша иғвогарлигига ўтиб олган. Атрофида тўртта-бешта сатанг шоира яна бир-иккита аламзада қарияни йиғиб, бўлган-бўлмаган гапларни тепага ёзиш билан овора.
Одам бу кишининг қилаётган ишларидан уяласан. Бир ишни топширсанг охиригача еткизмайди. Юриш-туриши ҳам пала-партиш. Ёлғон гапиради. “Зўр шоҳ асар яратаман. Менга бир-икки йил индаманг,” деди. Хўп, дедим.
Икки йиллар бўлди. Фақат ойлик маошини ишламасдан еб ётибди. Бундан Ўрдаш ака уялмасаям, мен ходимларимларнинг орасида уяляпман. Ҳали асардан дарак йўқ. Мана шу баҳорда юқоридан келиб, ишхона ходимларини бирма бир саралаб, қайтадан ишга қабул қилдик. Ҳамманинг олдида Ўрдаш аканинг ўзига ўзи ёзган характеристкасини ўқиб бердим. Ҳар томондан унга саволлар ёғила бошлади.”Нега ишда кўринмайсиз?”, “Нега кейинги пайтларда ижодингизда сусткашлик пайдо бўлди?” “Нима учун Ўрдаш Оқтов пассив ҳаракатда?”
Шунда, денг Ўрдаш ака уят-шармни йиғиштириб қўйиб, ўртоқлар энди фурсати етди, менга раҳбаримиз йўл бермаяпти, ижодимни сўндирмоқчи, мана икки йилдан бери бир иш буюрмайди, – дея лупа таққан кўзларини лўқ қилиб менга қадади. – Мана шу ерда ўтирган ўртоқлар бошлиғимизнинг танобини тортиб қўйишлари зарур. Акс ҳолда менга ўхшаган сермаҳсул ижодкорларнинг ҳолига маймунлар йиғлайди. Ҳа, мана шундай ижодни тушунмайдиган раҳбарларнинг пайини қирқадиган фурсат етиб келди. Мени мана шундай золим раҳбарнинг дастидан озод қилишларингизни сўрайман. Мухлисларим ҳар куни хат ёзавериб жонимга тегди. Бу киши эса асарларимнинг юзага чиқишини кўра олмайди.”
У киши шундай дея саннай кетди. Мен не қиларимни билмайман. Охири Холмат деган шотирим бор эди ўша жонимга аро кирди. “Уялинг, ўртоқ Ўрдаш Оқтовли. Сизнинг бу гапларингизни Оқтов эшитса уялади. Сиз ўзингиз шоҳ асар яратаман деб, раҳбариятдан рухсат олиб, ишга келмасдан маошни олиб, ваъда қилинган асарни ёзмасдан туриб яна шунча одамнинг олдида иғвогарлик қилаётганингиз уят. Эркак кишига бу ишлар иснод. Бу ерда ўтирганлар ҳам одам. Фақат сизни эмас, бошқаларни ҳам эшитади. Ҳукми хулосани ўзлари чиқариб олади. Андишанинг отини андиша дейлик, ўртоқ Ўрдаш Оқтовли. Одамгарчилик отангизнинг қули эмас. Оқ товуқ бўлиб, ҳамма сирни очяпсиз. Акалар бу одамга ишонманглар. Ҳамма гапи ёлғон. Эй, сенга яхшилик қилганнниям… Юриш-туришингизга қаранг, салгина уялинг. Ёшингиз бир жойга келсаям ёлғондан қўрқмас экансиз. Биз ҳам айбингизни биламиз. Ҳаммасини энди бир қоғоз қалам қилиб қўямиз.Ундан кейин кўрамиз. Эй, садқаи Оқтов деган лақаб кет-э.”
Кейин Ўрдаш ака жимитдеккина калласини елкасига қисиб,кўзнойаги тагидан ҳаммага бир-бир қараб олди. Ҳеч ким унга гапирмади. Орада анча вақт жимлик турди. Гапнинг рости, ундан жиркандим. Ғазабим келди. Ишда опқолдим. Қасдлашмадим. Ўзимни босдим.
Унда бет ҳам йўқ экан. Ишда бўлмаётганлигини оқлаш учун орада олдимга киради-да, “қишлоққа бориб келай, болаларимга ул-бул ташлаб келаман, ўғлимнинг мазаси йўқ экан, қизимнинг туғилган куни, уст-бош олувдим, шуларни ташлаб келишга рухсат берсангиз,” дейди. Мен нимаям дердим, жавоб бердим. Лекин унинг болаларига қараётганига ишонмасдим, гумоним тўғри чиқди. Яқинда хотини келди. Бу нокас болаларига умуман қарамас экан. Ҳаттоқи, алиментни тўлашдан бош тортибди…
Узр, акалар мен Ўрдаш акани мақташ ўрнига сизларга ёмонлаб ўтирибман. Уйга кетдик, меҳмоним бўласизлар. Мардон бувани менга гапириб берасизлар.
Ўроқ овчи ҳам қишлоқнинг олд одами бўлган деб эшитганман.”
Қани, акалар кетдик уйга, – дея ўзи йўл бошлади.
Не ажабки, кўчага чиқишганида йўлнинг нариги томонида Ўрдаш Оқтов тозидек букилиб кетиб борарди.